среда, 14 сентября 2016 г.

Беҳбудий ҳазратларини эслаб...



– Нусрат ака, Беҳбудий ҳақида роман ёзаётган экансиз. Ростми?
– «Роман ёзаяпман» дейишга журъатим етмайди. Ҳарҳолда насрий асар қоралаяпман. Қачон битади, жанри қанақа бўлади – келажак кўрсатади. Асар икки йўналишда – ХХ аср боши ва охиридаги ҳаёт ҳақида.
– Биз эндиликда биламиз: Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда жадидлар ҳаракатининг сардори, ўзбек драматургиясининг асосчиси, журналист, таржимон ва ҳоказо. Булардан ташқари ҳам янги қирраларини очолдингизми?
– Мен ҳазратнинг муфтилик ва фаолиятларини ўрганиб, анча-мунча материаллари қўлга киритдим. Беҳбудий тахминан 1911 йилларда Жомбойда муфтилик қилган. Муфтилик, бу ҳозирги прокурор ёки адлияга ўхшаган вазифаларни бажарган. Жумладан, қози чиқарган ҳукмларни кўздан кечириб, тасдиқлаш ёки рад қилиш, энг муҳими, диний ишларга фатво бериш, вақф ишлари билан шуғулланиш ва ҳоказо.
Биз ҳозир «Эски Жомбой» деб атайдиган жой волост маркази бўлиб, жуда обод, салоҳиятли бўлган. Жумладан, бу ерда немисларнинг жуда катта шоли тозалайдиган фабрикаси, талай шираворпазлик корхоналари, мачитлар, карвонсаройлар, дорихоналар, дўконлар мавжуд бўлган. Волост бошқарувчиси ургутлик Нарзиқул Салимбоев Беҳбудийни жуда ҳурмат қилган.
Беҳбудий иш бошлагунча қози Абдумажид Юнус ўғли фуқароларнинг ишларини ўзининг данғиллама ҳовлисида кўраркан. Беҳбудий қозилик ишларини катта масжидга кўчиртирган.
Шу билан бирга ўша йиллари Жомбойда янги типдаги мактаб ҳам очилган. Мазкур мактабнинг ўқувчиларидан бири Мирзахўжа Ўринхўжаевнинг ўз эсдаликларида ёзишича,  бошқалардан фарқли ўлароқ бу мактаб синфларида парта, доска бўлган, диний дарслар билан бирга адабиёт, география, тарих сингари фанлар ҳам ўқитилган. Эски мактабларда ўқийдиган болалар Беҳбудий мактабига оқиб кетавергандан кейин ҳазратни кофир деб эълон қилишган. Аммо шариат бўйича бу фатвони бирорта муфти тасдиқламагунча амал қилмас экан. Беҳбудийнинг мавқеидан чўчиган бирорта муфти бу фатвони тасдиқламайди.
Тасаввур қилинг, бундан сал илгарироқ Самарқанднинг Регистон майдонида ҳам у кишини кофир деб эълон қилишган. Аслида Аҳмад Яссавий авлодидан бўлган, икки бор ҳаж қилган, ўн уч ёшида Қуръони каримни туширган одамния! Шунда Беҳбудий Абу Али ибн Синонинг тўртлигини келтирган экан.
Куфри чу ман ғазоф ва осон набувад,
Маҳкамтар аз имони ман, имон набувад.
Дар даҳр чу ман яке он ҳам кофир,
Бас, дар ҳама даҳр як мусулмон набувад.
Яъни, мени кофирликда айблаш осон эмас. Чунки дунёда менинг имонимдан маҳкамроқ имон йўқ ва магарам мен ҳам кофир ҳисоблансам, бу дунёда мусулмоннинг ўзи йўқ экан.
Биз бугун бир гапни айтишдан чўчимаслигимиз керак: Беҳбудий бой бўлган. У кишининг Самарқанд ва Жомбой теграларида катта ерлари, боғлари бўлиб, мўл-кўл ҳосил олинган. Аммо бу даромадлар ҳисобига янги мактаблар қурилгани, газета, журнал, китоблар чоп этилганини биламиз.
– Нусрат ака, сўзингизни кесганим учун узр. Иккаламиз ҳам журналистмиз. Марҳамат қилиб, бобомизнинг журналистлик фаолиятлари ҳақида сўз юритсангиз.
– Жадидшунос олим Бегали Қосимов ёзади: «Беҳбудийнинг публицист сифатидаги фаолияти адиб истеъдодининг жуда ёрқин бир қиррасини ташкил этади. У ўз умри давомида юзлаб мақолалар ёзди. Ўзининг миллат ва Ватан жамият ва аҳлоқ ҳақидаги фикрларини кўпроқ мақола ва чиқишларида ифода этди. Баъзилар унинг мақолалари ададини 200, бошқалар 500 деб билгилайдилар… Беҳбудий ғоят сермаҳсул қаламкаш эди».
Мен журналист дўстларимга бир нарсани маслаҳат берган бўлур эдим. Шаҳримиздаги Ўзбекистон халқлари маданияти тарихи музейи, Самарқанд Давлат университети кутубхонаси тасарруфида  Беҳбудий чиқарган «Ойина» журналининг анча-мунча сонлари сақланиб қолган. Вақт топиб,  уларни обдон ўқинг: борлиққа ўзгача бир нигоҳ билан қарайдиган бўласиз. Беҳбудий ёзган мақолалар орасида тил масаласидан бошлаб тамаки чекишнинг зараригача, география мўъжизаларидан тортиб ноҳуш урф-одатларимизгача ёзилган дангал ва ҳозирги кунда ҳам долзарб мақолаларни ўқийсиз.
Майли, ҳамма-ҳаммасини қўйиб туринг: марҳум олим С.Қосимов Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида олтита дарслик ёзганини қайд этади. Булар орасида география, тарих, дин тарихига оид қўлланмалар бор. Шунинг ўзи жасорат эмасми?!
Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан нашр этилгани «Самарқанд» рўзномаси ва «Ойина» журнали Туркия, Озарбайжон, Россия, Эрон мамлакатларига ҳам тарқалган. Демак, улар актуал, қизиқарли бўлганда!
– Тўғри! Ваҳоланки Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳаммаси бўлиб, 44 йил умр кўрган холос.
– Биз барибир, Беҳбудий ҳазратлари ҳақида оз маълумотга эгамиз. 1937 йили Хабарингиз бор: у киши ўлимидан ўн саккиз йил ўтиб, «халқ душмани» деб эълон қилинди. Ҳозир энди, худога шукр, бобомиз меросини ҳеч чўчимай ўқиш, ўрганиш имконига эгамиз. Биз газеталаримизга, турли муаммоларни кўтариб чиқамиз, дин ё миллий маҳдудлик, ярамас одатлари, иқтисодий муаммолар. Буларнинг аксари ҳақида бобомиз асримиз бошида ҳам жонсўзлик билан қалам тебратган.
«Биз тўй ва маърака хаёлидан лаззат олардук, – деб ёзади Беҳбудий бир мақоласида. – Тўю маъракамиз ила фахр қилар эдук. Тўю маъракага сарф қилинатурғон оқчани жамламоқ ва ё қўлга киргузмоқ учун ҳаракат этардук… Тўй ва маърака қилинсун. Аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва ортиқча пул ила болаларни мусулмон ва руси яхши ўқитилсун…»
«Ҳуррият» газетасининг 1918 йил 26 январь сонида Қўқон муҳторияти эълон қилиниши муносабати билан қозоқ биродарларга очиқ хатида ёзади:
«Бовурлар! Билингки, ҳозирда Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас! Инчунин мухториятда олинур, лекин берилмас! Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар! Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халқлар бирлашиб, мухторият йўлига саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни ҳам йўқ қилурлар».
– Ва йўқ қилишди ҳам.
– Йўқ қилишди. Лекин йиллар оша Беҳбудий орзулари саробга айланиб қолмади. У орзу қилган озодликка эришдик. Руҳи поклари шод бўлсин, ашраф боболаримиз – жадидларнинг!
– Айтганингиз келсин!

Комментариев нет:

Отправить комментарий