четверг, 1 ноября 2012 г.

САРҲИСОБ 23

                           


    Июл ойида бирайўла икки набирамизни чиқардик. 1− июл куни кичик қизим Дилафрўзнинг фарзанди Парвинани, 10−июлда эса катта қизим Моҳинбонунинг қизи Ситорани тўй қилдик. Магарам катта тўйларга қарши бўлсам ҳамки,  қудалар тантанага эрк беришди ва унда Рухсора иккаламиз фаол иштирок этдик.
   Парвинанинг кимга унаштирилганини ёзган эдим. (Сарҳисоб 6). Куёв – Ҳусан дилимга ёқди. Тўйдан кейин, таомилга кўра аёллар тағин уларникига бориб, мамнун бўлиб келишди.
   Ситора қўшни Равонак қишлоғида яшаб, ҳокимиятда ишлайдиган Шерзод деган йигитга турмушга чиқди. Бу ҳам хушфеъл, дилкаш йигитчага ўхшайди. Ўзи ҳам зиёлилар оиласида вояга етган.
   Рухсора бутун масъулиятни елкага олиб, бу тўйларга раҳбарлик қилди. Расм−русумлар, урф−одатлар ва жамики таомилларни юксак даражада амалга ошиши учун жонбозлик кўрсатди. Тўйдан кейин эса чарчаб, беҳол бўлиб қолди. Унга зоҳиран ачиндим.

четверг, 30 августа 2012 г.

Писатель Нусрат Рахмат: "Если был бы жив Чингиз Айтматов, он бы просил прощения у узбекского народа"



Н.Рахмат: "Национальный вопрос – это вопрос чести"

Самаркандский писатель и публицист Нусрат Рахмат размышляет о межнациональных отношениях в Центральной Азии.

− Нусрат ака, герои Ваших произведений любят свою нацию и искренне уважают представителей других народов. Вы также в публицистических статьях неоднократно затрагивали моральную сторону межнациональных проблем. Скажите, что Вы можете сказать о межнациональных отношениях в Центральной Азии на сегодняшний день?

среда, 8 августа 2012 г.

САРҲИСОБ 22



          Ҳарҳолда, Самарқанд, нисбатан катта шаҳар эмас. Бу ерда содир бўлган муҳимроқ воқеа оғзаки  тарзда анчайин тез тарқалади ва ҳамшаҳарлар шу тариқа тафсилотлардан бохабар бўлишади.

   Май ойининг охирида маҳаллий ТВ қонуншунослик коллежида ўқийдиган Ардашер Раҳматов деган ўн саккиз ёшли йигит йўқолганини эълон қилиши билан масалага равшанлик киритиш, тўлдириш,  тахминлар тўқиш авж олиб кетди.

САРҲИСОБ 21



        Театрнинг собиқ икки  актёри билан тасодифан учрашиб қолдим ва жилла суҳбатлашдик.

    Улардан бири, шўролар даврида талай бош ролларни маҳорат билан ижро этиб, анчайин шуҳрат қозонган, кейин эса мавқеидан фойдаланиб,  амал курсисини эгаллаган эди.   Ҳокимларга актёрона лаганбардорлик қилишнинг кифтини келтирадиган,  таъмагир, калондимоғ ва мақтанчоқ  чол. Бир неча йил муқаддам эса  давлатнинг етим−есирларга ажратган каттагина маблағни ўзлаштиргани  очилиб қолди. Бош айбдор айнан унинг ўзи бўлишига қарамай, идорадаги бегуноҳ одамлар қамалиб кетди. Гапларга қараганда, ўзи  катта жарима тўлашидан ташқари, кимларгадир кириб, кўз ёши  қилгани боис  қутулиб қолган.  Бунинг устига, унвонлари борлигини ҳам ҳисобга олишди чамаси.

31. НОГОҲ БОЛТА БОТДИ...





Тошкентга кўчиб келганимиздан кейин бизни биринчи бўлиб йўқлаб келган киши – дадамнинг ўртоқлари Садриддин амаки бўлдилар. У киши умр йўлдошлари билан бир талай майда-чуйда (Самарқанднинг пўлоти нони, шўрданак ва ҳоказо) кўтариб келдилар. Бир кеча меҳмон бўлишди, тирикчилигимиз, қўшниларимиз, кайфиятимиз билан қизиқишди. Улардан ке­йин дадамнинг собиқ ҳамкурслари Мўмин амаки Шерқулов келдилар. Сўнг амаким, тоғам, қариндошлар, қўшнилар... хуллас, ёлғизлатиб қўйишмади.
Шу орада ўзимиз ҳам дадамнинг ишхонадагилари ва бошқа ўртоқларини меҳмонга чақирдик. Одил Ёқубов, Машраб Бобоев, Неъмат Аминов сингари казо-казо ёзувчилар меҳмонимиз бўлишди.

воскресенье, 8 июля 2012 г.

САРҲИСОБ 20

                          

   Ногоҳ,  катта ўғлим Улуғбек вилоят ҳокимига киришимни таклиф қилиб қолди.
    Қайси масалада киришим зарур  бўлганлигини кейинроқ айтаман. Аммо аввал шуни аён этишим лозимки,  Мустақиллик эълон қилингандан бери вилоят  ҳокими  етти бор ўзгарди. Ва ҳеч ким мени уларнинг қабулхонасида кўргани йўқ. Бу раҳбарларнинг бирортаси мен билан қизиқмади ва мен ҳам улардан узоқроқ  юришни маъқул деб билдим.
    Ёлғон бўлмасин,  Маҳмуджўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташвиши билан 2005 йилда бу бинога киришга мажбур бўлганман. Боиси, ҳайкал қуриш учун ҳокимликнинг қарори зарур эди. Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим менга мадад кўрсатди.

30. МЕНИНГ ОЙИЖОНИМ


 "Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"

Бундоқ ўйлаб қарасам, мен сизга бувим, ўртоқларим, ҳатто муаллимларим ҳақида анча батафсил ҳикоя қилибман-у, бу ёруғ оламдаги энг яқин кишим – ойим хусусида узуқ-юлуқ гаплар билан чегараланиб қолибман.
Биз Тошкент (аниқроғи, Калинин райони)га кўчиб келгунимизча мен меҳрибон моможонимнинг бағрларида вояга етдим. Шу туфайли бўлса керак, ойимнинг меҳрига зориққанимни эслолмайман. Фақат жонажон Самарқандни тарк этганимиздан кейингина, она меҳри, деган муқаддас туйғуни чуқурроқ, теранроқ туя бошладим. Оила, деб аталадиган мукаммал вужудни ойимсиз тасаввур қилиш мудҳиш эди. Чунки, у киши ана шу соғлом вужуднинг уриб турган юраги эдилар. Лекин надоматлар бўлсинким, бизни дея ўз юракларини анча эрта хасталантириб қўйдилар у киши.

воскресенье, 1 июля 2012 г.

САРҲИСОБ 19


                    

 
  16−май нохуш хабарлар билан бошланди. Бирайўла икки жойга таъзияга хабар қилишди.   Дўстим Маҳмуджон Ўроқов ва қариндошимиз Хадича муаллима бандаликни бажо келтиришибди.
   Қўшни Равонак қишлоғида яшайдиган Маҳмуджон билан агрофакда  бирга ўқигандик. У ўқишни битириб,  ишни бригадирликдан бошлади. Ўзини тезда кўрсатди, шекилли, кейин  колхозга раис бўлди. Орадан кўп ўтмай Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий−тадқиқот институти Самарқанд филиалига  директор қилиб тайинлашди. Ҳамма жойда ҳам олқишларга сазавор меҳнат қилди. Одамлар уни “раис бобо” деб, ҳурмат қилишарди.

29. ТАНИШИНГ: РОМЭН



"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Бугун 1982 йилнинг сўнгги куни.
Янги йилни биринчи бор Тошкентда кутиб оляпмиз. Она юртимиз – Самарқанддан йироқдалигимиз, бу муъжаз тантанада меҳрибон моможонимиз, амаким, янгамулломнинг йўқлиги дилдаги зоҳирий бир кемтик бўлса ҳамки, уни хаспўшлашга,  сир бой бермасликка ҳаракат қилардик. Ўтаётган йил ҳақида сўз кетганда, дадам бот-бот  унинг некқадамлигини такрорлардилар, жумладан, Тошкентдан янги уй олганимиз, укам Феруз дунёга келганлигини эсга солардилар.
– Юринглар, қўшниларни табриклаб чиқамиз, – деб қолдилар бир маҳал дадам.

среда, 20 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 18


                             

  Бугун ( 15−май) пайариқлик аптекачи дўстим − шоир  Зиядуллахон   Нурматов телефон қилиб, тутхўрликка келишаётганлигини хабар қилди. Гап шундаки, ҳовли атрофида бир неча туп балхи,  марвардак тутлар ўстирганман ва дўстлар ҳар йил шу маҳал ташриф буюриб қолишади. Бу гал Зиядулла билан бирга шоирлар Хосият Бобомуродова, Жамол Сирожиддин (Хумий), Ориф Ҳожи, Ойхумор Асадовалар ҳам келишди.

ҲАЗОРАДАН – ЯЛЛАМАГАЧА


Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги

Оиламиз ҳаётида  жиддийгина ўзгариш юз берадиганга ўхшаб қолди. 1982 йилнинг кузида Тошкентга кўчадиган бўлдик.
Киндик қони тўкилган тупроқни ташлаб кетиш, боболар заминидан, уларнинг қабрларидан андак бўлса ҳам узоқлашиш жаъмики кўникмалардан воз кечиш осон эмас, албатта. Бувим, амаким, ёр-қариндошлар, қўни – қўшнилар, қишлоқдошлар бунга рози эмасдилар. Ойим эса дадамга зорланарди.
– Муалим, машшохийлар, дарахт бир жойда кўкаради, дейишган.
Дадамнинг жавоби тайёр эди. Ўша машшохийлар «Кун кўрмасанг, кўчиб кўр» ҳам дейишган.
Лухтак лақабли ёқимтой итимиз, заҳматкаш асалариларимиз, эндигина ҳосилга кирган гилос ва шотутларимиз... Эҳ-ҳе, озмунча эмасди қадрдон бисотларимиз. Аммо начора. Ноиложлик.

воскресенье, 10 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 17


                               


    11− май куни катта қизим Моҳинбонуни туман марказий шифохонасига бўлим мудирлигига, аниқроғи,  лаборатория раҳбарлигига ишга таклиф этишди. Гарчанд, бундай таклифни бир неча ҳафтадан бери кутаётган бўлсак−да,  қувондик.
   Моҳинбону университетнинг биология факултетини битиргандан бери қўшни Оқмачит қишлоғидаги шифохона  лабораториясига раҳбарлик қиларди. Бу ерда ўн етти йил ишлаб қўйибди.

САРҲИСОБ 16


                      

   Самарқанд шаҳридан нақ олти километр шарқ томондаги Кўтарма қишлоғида яшашимни айтган эдим.  Кўтарма деб номланишининг боиси шундаки, биздан қуйироқда Қозиқўрғон деган кадимий деҳа бор. У ерда бир замонлар  қозикалон яшаган,  дейишади.  Ҳар ҳолда,   у одам катта заминдор бўлган ва шаҳарнинг бош каналидан қишлоғигача ариқ қаздирган.   Жўйи қози деб аталадиган бу ариқдан ҳозир ҳам сув оқади ва ўнлаб қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлайди.  Фақат фарқи шундаки, аваллари бу сув бир неча тегирмонларнинг паррагини айлантирган, одамлар ундан балиқ овлашган. Ҳозир...
    Мазкур ариқни қазиш пайтида бизнинг жойлар пастлик қилган  шекилли, тупроқ ташлаб,  кўтарма қилишган.

27. ЗИЁРАТ


                   "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"

Биз Шоҳи зинданинг беш асрдан бери очилиб ёпиладиган боғдоди эшигидан киришимиз ҳамоно, дадам Американи кашф этган Колумбдай ҳаяжонга тўлиб, завқ-шавқ билан монолог ўқишга киришдилар.
– Дунёнинг бирор қитъасида бунақа обида йўқ. Бу ерда еттинчи асрда арабларга қарши куращда қурбон бўлган суғдий билан кечагина, яъни йигирма биринчи аср арафасида овқатдан заҳарланиб ўлган йигитча ёнма-ён ётишади. Уларни асрлар ҳам, мазҳаблар ҳам ажратолмайди. Мана бу зиналарни санаб чиқиб, санаб тушинг – адашиб кетмасангиз, гуноҳлардан ҳолисиз.
Рости гапки, мен бу сафсаталардан зерикабошлайман. Чунки аввал келганимда ҳам шунга ўхшаш таъкидларни тинглашга тўғри келган. Бир-бирига ўхшаш ялтироқ қошинлар, соқов мақбаралар, тору танг йўлаклар, баланд-баланд зиналар ҳам файзли эмас. Булардан кўра шортик кийиб олган чет эллик чолларни кузатиш мароқлироқдай. Уларнинг ёшига ярашмаган чаққонлик билан, ҳовлиққанча фото ва кино аппаратларини ишга солишлари, туршакдай бужмайиб қолган кампирларнинг алланималар деб чулдираши, таржимонга бот-бот мурожаат этиши; ғужанак бўлиб олган афтодаҳол гадо ғалатироқдай.

пятница, 1 июня 2012 г.

САРҲИСОБ 15


                               


   Марҳум адибимиз Аҳад Ҳасаннинг Тошкентда нашр этилган каттагина китобини “Очиқ дарвоза” деб аташибди. Бу номни ким танлаганини билмайман, аммо у дилимга ногаҳоний илиқлик аралаш интиқлик ато этди. Ва кўз ўнгимга энг аввало, Аҳад аканинг Шофирконнинг  Денов қишлоғидаги кенг ҳовлиси,  унинг ҳамиша очиқ, қадимий оғоч дарвозаси келди.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. У  пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати”  газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим.  Шофирконга бораётганимни эшитиб, бухоролик дўстим, шоири замон Тошпўлат Аҳмад  ўша ерда яшайдиган  ёзувчи Аҳад  Ҳасан билан учрашишимни маслаҳат берди.
  Тан олмоғим керак, илк учрашувда бу одам менга андак худбин, калондимоғ бўлиб туюлди. Аммо кўп ўтмай туйғуларим мени алдаганига ишонч ҳосил қилдим. У барваста қоматига яраша мағрур, жўмард ва дилкаш дўст бўлиб чиқди.

26. БУВИМ, БУЗУРГМЕҲР ВА АНУШЕРВОН




"Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Самарқанд. 1986 йилнинг мукаррам ёзи.
Дадамнинг яқин дўстларидан бири, Самарқанд Давлат университетининг доценти Аслиддин Қамаров бу гал ногаҳонда тўрт киши билан кириб келдилар. Таништириш тафсилотларидан шу нарса аён бўлдики, ҳамроҳлари ҳам зукко олимлару камарбаста аспирантлар экан. Улар жилла сипойи бўлиб, бири (ёш бўлиишга қарамай) кўзойнак тақиб олган, новчароғининг бўйнига фотоаппарат осилган эди. Сал ўтмай гапнинг ройишу рафторидан аён бўлдики, ногаҳоний меҳмонлар (ўзлари бот-бот такрорлагандай) дадамни кўргани ёки новча-найнов амаки айтгандай, оилавий суратимизни олганимас, балки бувимнинг нодир китобларидан воқиф бўлиш илинжида қадам ранжида қилишган экан. Улар нозиктаъб меҳмонга хос такаллуфларнинг кифтини келтиргандан сўнг муддаога яқинлашищди.

воскресенье, 20 мая 2012 г.

САРҲИСОБ 14


                             


    Бизни тўйга хабар қилиб кетишди.
    Зеро, тўйлар мавсуми бошланганига бир неча ҳафталар бўлди.
    Самарқандлик  ўзбек, тожик, эрониларнинг тўйлари хусусида гап кетганда, менинг ёдимга нуқул Беҳбудий ҳазратларининг бундан нақ юз йил олдин куюниб ёзган гаплари ёдга тушаверади.
   “Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами, соғ? Тўй, марака қилинсун, аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила балаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю, маракага сарф қилинадурғон оқчани эски мадраса ва мазору масжид ҳамда мактабларни шикаст−рехтларига сарф  қилинсун...
   Эй мусулмонлар! Бу ояту масъалаи шаръиға ким амал қилур?  Ва муни халойиққа ким билдирур?”

25. ЛЎЛИ ҚИЗ




    
       "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Почтачимиз Офарин амаки «Известия», «Литературная газета», «Ўзбекистон маданияти» газеталари, бир талай журналлар билан бирга бот-бот мактублар ҳам олиб келадилар. Турли тоифадаги танишлар турфа мавзуларда расмий ёки норасмий хатлар ёзиб туришади дадамга. Дадам уларни зудлик билан ўқиб чиқадилар ва айримларига эринибгина жавоб йўллайдилар.
Бу мактубни эса Ургут районида яшовчи  Ҳаким ...ев деган киши йўллаганди. У тез қўлдан-қўлга ўтди, ҳатто қўни-қўшнилар ҳам ўқишди ва ҳаяжонга тушишди. Мен учун эса у ўта зерикарли, мавҳум бўлиб туюлди. Аммо у сиз учун қизиқарли ёки ибратли бўлиши ҳам мумкин.
Эринмасангиз, ўқиб чиқинг.

четверг, 10 мая 2012 г.

САРҲИСОБ 13


  
   Қишлоққа Наврўз байрами кунлари кўчиб келдик. Ва баримиз бирайўла рўзғор,  ҳовли юмушларига берилиб кетдик. Мардикор олиб келиб,  ерни ағдартирдим, жўяк олдирдим.
   Ижодий ишлар ҳам анчайин ортга сурилди. Тўғри, “Ассалом Ўзбекистон”да  Республикамизнинг  етти муъжизаси ҳақида чиқиш қилдим, “Самаркандский вестник”, “Леди” газеталарида мақола ва ҳикоям ( аввал ёзилган ) чикди.   Аммо компютер мониторидан анчайин йироқлашиб қолдим. Бу ҳол дилимда ғусса ўйғотди. Қадрдон клавишлардан узоқлашганимнинг тағин бир сабаби бор. Узоқ йил газеталарда ишлаган бир дўстим Интернет−блогимга кириб, хавотиримни чандон оширди. “Шу руҳда ёзадиган бўлсангиз, сайтингизни ёпиб ташлашади”,  деди у.

24. ЯШАШ УЧУН КУРАШ



          "Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"
                                                 туркумидан 


Бугун – 1978 йилнинг 12 ноябри. Бувижонимнинг иборалари билан айтганда, шом қўняпти. Мен телевизор қаршисида узала тушиб ётганимча, иккала муштимни жағимга тираб, экранга термул-и-иб ўтирибман. Кўзойнак таққан бир барваста амаки техникани сақлаш қоидалари хусусида куйиб-пишиб маслаҳат беряпти. Бу эзма насиҳатгўйликнинг каминага заррача кераги йўқ. Лекин сеҳрли қути рўпарасидан жилмай вақт ўтишини кутишим керак. Чунки ҳадемай «В мире животных» деган ғаройиб кўрсатув бошланади.
Талай ноҳушлигу норозиликларга қарамай ана шу кўрсатув билан «Ну, погоди»ни канда қилмай кўраман. Дастурдан бу шавқовар кўрсатувларнинг остини қизил қалам билан чизиб қўяман. Турфа эртаклар, урушлар ҳақидаги фильмлар, спорт мусобақаларига бағишланган кўрсатувларни эса қора қалам билан белгилаб, сўроқ (?) белгисини қўяман. Чунки уларни кўриш каминага ҳамиша ҳам насиб этавермайди. «Муаллим» билан «Муаллима»нинг кайфиятлари жойида бўлганда ёки бирор ёққа кетишганда, томоша қилиш мумкин бўлади. Акс ҳолда сийқаси чиққан буйруқ оҳангидаги таъна калламга бот-бот зарб билан урилаверади: «Тур, дарсингни тайёрла!», «Сенга айтяпмиз!».

четверг, 26 апреля 2012 г.

САРҲИСОБ 12




   Бугун – 2012 йилнинг 15−апрели. Буюк адиб Садриддин Айний туғилган кун.
   Қалам аҳли  эрталабданоқ ва бирин−кетин  унинг уй−музейига  жам бўлишади. Кечагина қўлига қалам олган ҳаваскордан тортиб, бир неча китоблар нашр эттирган кекса ёзувчигача. Булар ўзбек ва тожик тилида ёзадиган ижодкорлар бўлиб, 45 йилдан буён, яъни музей ташкил этилгандан бери ичкари ва ташқари ҳовлилардан иборат  бу даргоҳга жам бўлиб, шеър ўқишади, суҳбат қуришади.  Уй−музей мудири Абдукарим ака дастурхон ёзади, ош тортади. Мен ҳам мазкур анжуманга иштирок этиб тураман.

23. БИР ЧИМДИМ ТУПРОҚ



       Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги

Қўшмачит. Катта Ўзбек тракти деб аталадиган шоҳ кўча бу қишлоқни нақ иккига бўлиб ўтади. Азимжусса машиналар бу ёғи Термизу Афғонистон, уёғи Тошкенту Москвага қараб қатнагани қатнаган. Қишлоқнинг қоқ марказида салобатли мачит бор. Унинг жимжима гулли ўймакор устунлари бағоят ҳашамдор ва ҳайратомуз. Бувимнинг нақл қилишларича, бу қадамжо бир замонлар жуда гавжум, обод жой бўлган экан. Зотан ҳозир (1978) ҳам одамларнинг қадамлари канда бўлгани йўқ. Чунки қишлоқ кутубхонаси билан маданият уйи ана шу собиқ мачитда жойлашган.
Аммо бугун гап Қўшмачит қишлоғи, ундаги мачит ҳақида эмас...

среда, 4 апреля 2012 г.

САРҲИСОБ 11


   

 

 Худога шукур!  Шукри беадад! Наврўз!
Табиат даъфатан юмшади.    Қуёш кўринди, ҳарорат кўтарилди. Бардавом келган қаҳратон қишдан эсон−омон чиққан мардумнинг қувончи беҳад эрди. “Суҳбат айлайлик келинглар,  жўралар, ўртоқлар!” деб беҳудага тўлиб−тошмаган мавлоно  Муқимий. “Бугунги шодли кунда кечаги ғамдир гапурманглар”, дейди шоир. Дарҳақиқат, дунё ҳасратларидан не фойда...
   Тошкентдаги Навоий номли боғда ҳар йили байрам тантаналари юксак завқу−шавқ билан ўтади. Бу йил ҳам ташкилотчилар дилдан ишлаган кўринади. Оиламиз ТВ қаршисидай жилмай томоша қилдик. Дастлаб президент тўпланганларни баҳор айёми билан муборакбод этди. Янги йилга устивор умидлар боғлади. Ҳукумат халқ фаровонлигини ошириш учун барча тадбирларни кўришини гапирди. Айниқса, ёшларга катта умидлар билан қарашини таъкидлади. Кейин олдинги сафга бориб ўтирди. Минглаб томошабинлар президент билан бир томошагоҳда ўтиришганидан зоҳиран фахрланишар,  шериклари, болаларига у кишини кўрсатиб, алланималарни тушунтиришарди.

понедельник, 2 апреля 2012 г.

Нусрат Раҳмат - 70

Нусрат Раҳмат - 70 (Видео 2 кисм)

Нусрат Раҳмат - 70

 Нусрат Раҳмат - 70 (Видео 1 кисм) 

воскресенье, 25 марта 2012 г.

Сарҳисоб 10



                              


     Бугун - 2012 йилнинг 13-марти. Наврўзга, атиги бир ҳафта қолди. Аммо ташқарида ҳамон қор, совуқ. Қишнинг бундай чўзилиб кетишини фақат 1969 йилда кузатган эдим.
  Ўзбек ТВсининг деярли ҳамма каналларида баҳорни мадҳ этиб, яшил ёнбағирлар, сумалак пишираётган аёллар, барг ёзаётган ниҳолларни кўрсатишаябди. Боғда “Баҳор валси” оҳангида рақс қилаётган қизларни намойиш этишдан чарчашмайди. Табиийки, булар бари аввалги йиллар олинган тасвирлар. Начора,  биз табиат ҳодисалари масаласида ҳам қўшиб ёзишга, яъни ёлғон гапиришга кўникиб қолганмиз.
   Рухсора билан тузган талай режаларимиз орқага сурилаётганидан дилтанг бўлиб, кеча машинам (“Лада-Калина” собиқ “Жигули”)га янги аккумлятор ўрнатдим ва эрталаб уни ҳайдаб чиқдим.
   Аввал қишлоққа бордик. Бу ердаги иссиқхонада юмушлар тўпланиб қолган эди.  Надоматлар бўлғайким, лимонларни совуқ урибди. Аммо поясидан янги куртаклар чиқар, деган умидда, уларни кесмадим. Икковлашиб, бу ерга кўкат экдик, бодринг уруғларини қададим.

Сарҳисоб-9


 

                                 


   Дорулбақога бевақт равона бўлган биродарларим ҳақида ҳикоя қилишга сўз берган эдим. Улардан бири Фазлиддин Султонов эканлигини ҳам айтганман.  Раҳматли туманимизнинг Андижони қишлоғида яшарди...Асаларичи эди. Сув қилиб ичган эди бу соҳани.
   Дарвоқе, сайтда эълон қилинган “Омадсизлик” деган ҳикоям шу ашраф инсонга бағишланган, аниқроғи у кишининг образини яратишга ҳаракат қилганман. Ҳикояни ўқиган кишилар  сарҳисобнинг мазкур бобини ўқимаса ҳам бўлади.  Боиси, талай ҳолатлар, кечинмаларни такрорлашга мажбур бўлганман.
    Қишлоқнинг номидан маълумки, бу ердаги мардумлар бир замонлар, тақдир тақозоси билан Андижон музофотидан келиб қолган кишилардир. Балки Бобур аскарларининг қолдиқларидир улар. Ўн еттинчи асрда амир Шоҳмурод томонидан кўчма қилинган, деган гаплар ҳам юради. Аниқ маълумот йўқ. Аммо бу воқеага бир неча асрлар бўлгани аниқ. Боиси, бу ердагилар батамом тожиклашган. Мактабларида  ҳам тожикча ўқитишади. Ҳатто, андак тожикпарастлик ҳам қилишади. Паспортига “ўзбек” деб қайд этган тожикларни мазах қилишдан қайтишмайди.
   Етмишинчи йилларнинг охирларида ( ўтган аср) ишимда бир чалкашлик бўлди ва  “Қишлоқ ҳақиқати” раҳбарлари  ариза ёзишимни талаб этишди. ( Бу хусусда “Мен мухбирман” китобимда батафсил ёзганман).  Иш дараклаб юрган кунларимдан бирида Фазлиддин ака шерикликка таклиф қилиб қолди. “ Сизда тажриба бор, анча мунча қутиларингиз ҳам. Мен ари уяси бераман”, деди.
   Ўша баҳор ариларни Тожикистон томон олиб бордик. Бу ерда Фазлиддин аканинг биродарлари кўп бўлиши устига, ёнбағирларда  гул ҳам сероб эди. Бу ердан баракали асал олдик.
   Ёзга келиб, ариларни Косон туманига қарашли янги совхозга кўчирдик.  Чўлда ҳам  у кишининг биродарлари кўп экан,  шароит яратиб беришди.
    Аммо  мен, мавзудан жилла чекиниб бўлса ҳамки, янги жойда содир бўлган бир воқеа ҳақида ҳикоя қилмоқчиман.

САРҲИСОБ 8



        
   Қишлоқдан шаҳарга энг зарур китобларни олиб келганман. Чунки, эндиликда Интернет, деярли  жаъми  маънавий  эҳтиёжлар ва заруратларни қондира олади.
   Лекин,  мен келтирган китоблар бундан мустасно.  Русча- ўзбекча лўғат, Умар Хайёмнинг форсий ва ўзбекча рубоийлари, Чеховнинг ҳам икки тилдаги ҳикоялари  ва ниҳоят,  Нитшенинг Иброҳим Ғофуров таржимасидаги “Зардўшт таваллоси”  насрий достони шулар жумласидандир....
   Хайём рубоийларини бир оз толиққан, кўнгилхушликка  мойиллик  сезган пайтларда қўлга оламан. Чеховни эса бирор нимарса ёзишдан олдин варақлайман ва алланималарни ўзлаштираман. Нитшени бўлса жилла қаҳрга минган, курашга эҳтиёж сезган лаҳзаларда ўқийман. Аниқроғи, бу буюк  олмон нигилисти билан курашга чиқаман. У оғир вазнли бўлгани боис икки-уч раунддаёқ мени уриб йиқитади. Нитшенинг муштлари чўқморга ўхшайди.У менинг энг нозик жойларим, яъни кўп йиллик ишончларим, кўникмаларим ва эътиқодларимни мўлжаллаб зарба беради.  Зеро,  у ўзини: “Мен, динамитман!” деб ғурурланиши бежиз эмас. Лекин йиқилган курашга тўймайди. Вақт ўтиб,  у билан тағин жангга  киришаман.

четверг, 15 марта 2012 г.

САРҲИСОБ 7




21-феврал куни, кечқурун ТВни қўйсам, “Ёшлар”да суд жараёнини беришаётган экан. Панжара ортида ўнга яқин киши айбдорларча бош эгиб туришибди. Уларни  автомат тутган сержантлар қўриқлашаябди. Бундай пайтда   кишида судланувчиларга нисбатан мавҳум бир нохушлик ёки нафрат пайдо бўлади.  Мадомики,  иш шу даражага етиб  борган экан, булар муқарар гуноҳкор  ёки  жиноятчи деган хаёлга борасан. Аммо,  ҳар қандай шароитда ҳам хулоса  чиқаришга шошилмаслик керакка ўхшайди.
   Прокурор ўқиган айбномадан шу нарса аён бўлдики, бу шўрликлар турк тадбиркорлари бўлиб, бундан беш олти йил илгари  Ўзбекистонда иш бошлашган экан. Тошкентдаги “Чорсу” савдо мажмуаси, Самарқанддаги Марказий универмагларни олиб, ишга солишибди.

САРҲИСОБ 6


    



   8-феврал куни набирамиз Парвинанинг фотиҳа тўйи бўлиб ўтди. У,  иккинчи қизим - Дилафрўзнинг фарзанди. Ёши - 18 да. Коллежни битириб, Ёшлар марказида ишлайди.Ўтган йил олий мактабга киролмади.
   Парвинанинг  эртароқ турмушга чиқишига монелик қилмадик. Баръакс,  ота-онасини шунга даъват этдик. Боиси: илк эвара кўришга бўлган истагимиз устун келди. Бунинг устига, қуда томон дилимизга “жиз” этди.
   Бўлажак қуда авлодини ёшлигимданоқ биламан. Зеро, ургутлик  Набиевлар кўпчиликка таниш. Шўролар даврида улар катта лавозимларда ишлашарди. Бўлажак куёвнинг отаси фалсафа бўйича профессор Фарҳод Набиев билан йиғилишларда учрашиб турамиз.  Унинг эгизак ўғиллари - Ҳасан, Ҳусан Лондонда иқтисодчилик курсида таълим олишаркан. Иккаласини бирайўла тўй қилишмоқчи экан. Ҳусан билан Парвина учрашишди ва бир бирига маъқул бўлди.

22. МУЛМУЛКЕ



                "Буни ҳаёт дебдилар"



Менинг кузатишимча, айрим кишилар табиатан омадли бўлишади. Бундай кишиларни тақдир бот-бот сийлаб туради. Мана шу, Така ҳам омади чопганлардан. Тўғри, ўқиши айтарли эмас, аммо кўп масалаларда ошиғи олчи. Ҳисоблашишади бу хумпар билан. Фақат футболдамас, муштлашишда ҳам қўли баланд. Йўқ, безори экан, деб ўйламанг. Адолатсизлик, нохақлик ўтмаса, ҳеч кимга қўл кўтармайди.
Яқинда уйга кетаётганимизда қўшмачитлик бир довдир жуда калондимоғлик ва нописандлик билан бизни «келгиндилар» деб камситди.

вторник, 6 марта 2012 г.

Коллекция деревянных ложек

 Коллекция деревянных ложек (Видео)

четверг, 1 марта 2012 г.

САРҲИСОБ-5

   Рухсора  иккаламиз ёлғиз қолиб, беихтиёр,  бу ёруғ дунёни ногаҳонда ва  барвақт тарк этган  қадрдонларни хотирлаб қолдик.   Мўмин Шерқулов, Фазлиддин Султонов, Холкарим Расулов ва бошқаларни эҳтиром ила ёдга олдик, уларнинг олийжаноб хислатларини сифатладик.
   Номини тилга олган биродарларимнинг бари мендан тахминан ўн ёшлар катта эди. Ўзимдан ёши анчайин катта  кишилар  билан бунчалик дўстлашиб қолганим сабабларини  эса ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Лекин худди тенгдош  дўстлардек эдик бу жаннати инсонлар билан.
    Бугун шулардан бири - Мўмин Шерқулов  ҳақида ёзгим келди.
   Бу ашраф инсон  билан агрофакда бирга ўқиганмиз. Ўқишнинг дастлабки ҳафталари,  анчайин деҳқонча кийинган, ёши катта бу ҳамкурсимизга жилла мавҳум ва нописандроқ муносабатда бўлганмиз. Бир куни декан ўринбосари уни ўрнидан турғизиб,  саволлар берди.
    Шерқулов қизилтепалик эканлиги,  курсни битириб,   колхозда бош агроном бўлиб ишлагани, билим ва диплом олиш зарурати уни институтга етаклагани;  хотини, тўрт нафар боласи билан  келиб,  ижарада яшаётганлигини гапириб берди.

САРҲИСОБ-4

   Назаримда, етмиш ёшдан кейин табиат ҳам, жамият ҳам сенга  бот- бот чап қўлини чўзишга мойил бўлаверади. Сен эса бунга жавобан,  яшаш учун кураш қонунларига таяниб иш тутишинг: сабот билан, қасдма-қасд умр ўтказишга куч топишинг керак!
   Кечки овқатдан кейин сайрга чиқаман. “Дом”нинг орқа томонидаги бир неча маҳаллаларни бирваракайига эронигузар дейишади. Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида вилоят газетасида ишлаганимда,  бу мавзелар  Энгельс ва Пушкин номидаги колхозларга тобе эди. У замонлардан яккам-дуккам кекса тут дарахтлари сақланиб қолган, холос.  Эронигузар эндиликда шаҳарнинг деярли  марказ қисмига айланган.

21.МАҲАЛЛАЛИКЛАР



                       "Буни ҳаёт дебдилар"

 Дадамдан ғалати ўйинни – ўрта бармоқни яширишни ўргандим. Жўнгина бўлиб туюлган бу ўйинда анчайин ҳийла-найранглар борлигини билмасдим. Мен ўрта бармоғимни яширсам, у киши ҳатто кўзларини юмиб бўлса ҳам топадилар. Мен бўлсам... Кейин синчиклаб тикилдим-у, масаланинг тубига етдим. Дадам беш ўрнига тўрт бармоқни юзага чиқарарканлар, холос. ғирромликларини юзларига солган эдим, тархашлик қилиб турдилар, кейин бешови ҳам кўринадиган бўлди лекин барибир ҳарифга айланиб қолавердим. Моҳин ҳам, ойим, Дили ҳам ўша сирли ўрта бармоқни топишолмади. Бу ҳам найранг экан. У киши ўнг қўл бармоқларини яширганда, ўрта бармоқ ўрнига чап қўлнинг номсиз бармоғини чиқарарканлар. Биз у кишини фокусчиликда айбладик.
Ана шу тадбирни қўллаб, синфдошларимни ҳайратга солмоқчи бўлдим. Дастлаб ажабланишди, қойил ҳам қолишди. Лекин галварс Така сирни англаб қолди-ю, оламга овоза қила бошлади.

среда, 15 февраля 2012 г.

САРҲИСОБ-3


                                      


   Мана, икки ойдирки, шаҳарда Гагарин кўчасидаги 138- уй, иккинчи қават, 48- хонада яшаябман. “Дом”да яшаш мен учун янгилик эмас. Тошкентда ҳам ўн йил тўртинчи қаватда истиқомат қилганман. Аммо асосий умрим Самарқанд шаҳридан олти километр жанубдаги қишлоқда - Кўтармада ўтди. Газ ва электр таъминоти аввалгидай бўлганда, шаҳарга келмасдим, албатта.
   Бу ердаги ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Умуман, етмиш ёшдан ошган, қон босими бот-бот безовта қилиб турадиган кишининг тириклик тарзи, руҳиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятдан андак узоқлашгандайман. Эндиликда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, редакциялар ва ТВга, токи чақиришмаса, бормайдиган бўлганман. Фақат, уларнинг бинолари совуқлигидан эмас, дилкаш суҳбатдош тополмаганим, бугунги ёшларни яхши тушунмаганим боис тезда ўзимни ортиқча сезиб қоламан.
   Аслида, ёшликдаги хатоларни қадамба-қадам тузатиб бориш керак. Чунки кексаликнинг ўзига яраша қусурлари бўладики, улардан холи бўлиш осон эмас.  Менинг ёшимда киши бот-бот ўлим ҳақида ўйлайдиган, соғлигига эътиборни оширадиган, андак иззатталаб, инжиқ; бир вақтлар йўл қўйган хатолари, бой берган имкониятларидан надомат чекадиган бўлади.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ



          УЧИНЧИ ҚИСМ

             Ўнинчи боб

Умримда биринчи бор шундай кутилмаган, нохуш ҳолатга тушган эдим. Миям фалажланиб, идрокимга итоат қилмай  қўйганди, содир бўлаётган воқеликнинг фаҳмига етмай қолгандим.
 Ҳаво совуқ бўлишига қарамай,  ташқарида, ички кийимимда, тўнтариб қўйилган  пақир устига ўтириб олганимнинг боисини билгим келарди. Қизим – Сухайло фарёд чекиб, дилхун бўлиб йиғлар, мен эса ўзимча уни уришардим: “Нимага бақирасан, тентак?” Ўғлим мени бағрига босиб, дил тўла дард билан бақирганини ҳам тушимми, ўнгимми эканлигини идрок этишга  қувваи-ҳофизам ожизлик қиларди.
 Бир маҳал ҳовлида маҳалла оқсоқоли - Илҳом милисанинг овози эшитилди. “Саҳарлаб нима қилиб юрибди бу хумпар, менинг ҳовлимда” ўйлардим ўзимча, алғов-далғов фикрларимни йиғиб олишга  ҳаракат қилиб. “Бугун чиқаришимиз  керак”,  деди  маҳалла сардори ғала-ғовурлардан кейин. У нимани назарда тутаётганлигини фикрлаётганимда, акамнинг кескин жавобини  эшитдим:  “Эртага қолдиришимиз керак!  Душанбеда опаси бор – келишини кутмасак бўлмайди!” “Йўқ барибир, чиқариш зарур”, деди оқсоқол. “Нима, йигирма беш йил сиққан даргоҳга тағин бир кеча сиғмайдими?”

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ



                              УЧИНЧИ ҚИСМ

                               Тўққизинчи боб

                Ҳар ўн икки ойда келар бир таноб,
                Ўзгаларга роҳат-у, менга азоб...
       дейдилар мавлоно Муқимий,
    Ҳозир, яъни 2011 йилнинг декабр ойида мен шу аҳволдаман, Назаримда, ўзгалар ўзига тинч, мен эса азобдаман.
     Йўқ, ҳеч қанақа танобчи ёки солиқчидан озор чекканим ҳам йўқ. Гап шундаки,  тадбиркорлик ва умуман тирикчилик масаласида  қатор муаммолар билан юзма-юз бўлиб турибман.
   Ўтган йиллар давомида табиий газ танқислигига аста-аста кўникаборган эдик. Уч йилдан буён газ фақат ёзда берилар, қишда эса ўтин, кўмир ёқишга мослашган эдик. Бу йилга келиб, ёзда ҳам газ бўлмади.
Бунисига чидаса бўлади. Электр таъминоти масаласи ҳам оқсаб қолди. Худо буни ҳам қисди. Эндиликда электр лампаларимиз эрталаб уч, кечқурун уч соат ёнади. Тирикчилигимиз, яъни  бизнесимиз омили бўлган инкубатор учун эса доимий ток керак. Акс ҳолда, тухумлар палағда бўлиб қолаверади.

20. ТОҒ САЙРИ



        "Буни ҳаёт дебдилар"

Тоққа борамиз! Тамара опамникига!
Бу хушхабар хонадонимизда қанот қоқиб юрганига ўн кундан ошди. Катталар сўз бериб қўйишди-ю, кейин турфа баҳоналарни қалаштирадиган бўлишди. «Дарёда сув кўп», «Ҳали лола очилганмас»...
Моҳинбону иккаламиз бўлсак уларнинг ваъдаларини бот-бот ёдларига солишдан чарчамасдик. Ниҳоят, якшанба куни жўнашимиз аниқроққа ўхшаб қолди. Амаким бир кун аввал анча-мунча ширинликлар харид қилиб келдилар.

среда, 1 февраля 2012 г.

БИБИ МУАЛЛИМА


                             Буни хаёт  дебдилар ёки Уғлим Улуғбекнинг кундалиги туркумидан                                              
Муаллимимиз Эргаш ака Жалолов уйга бериладиган вазифани қалаштирар экан, одатдагидек шаҳодат бармоғи билан пўписа қилганича уқтирди.
Ҳозир рус тили ўқитувчиси киради. Нелла Караханидзе деган. Бирортанг одобсизлик қилсанг, онаизорингни кўрсатаман.                                                                                                                                          
Электр қўнғироғи шиддатли садо бериши билан жой-жойимизга ўтириб, янги муаллимамизни бесабр кута бошладик. Ниҳоят эшик очилиб, остонада тўлқин-тўлқин сочлари ярим яланғоч елкалари оша паришон сочилиб ётган, бағоят хушқомат, бағоят бежирим жувон пайдо бўлди. Енгил ҳаяжондан бўлса керак, юзига билинар-билинмас қирмизи ранг югурди. Рўпарамизга келиб, бир дақиқа тин олди-ю, бизни кузата бошлади. Ўз навбатида биз ҳам унга разм солдик. Нелла муаллиманинг юзи, қўллари сутдай оппоқ, беғубор эди. Либослари соғлом қоматига ёпишиб турарди. Мен жуда муаттар ҳиддан энтикиб кетдим. Осмон ранг қорачиқларида илиқ меҳр ялтираётган, табассуми дилкаш вужудга яқинроқ боргим келди. (Кўча-куйда ана шундай сермалоҳат жувонларни кўрганда, дадамнинг бир лаҳза анграйиб қолишлари негадир кўз ўнгимга келди).

САРҲИСОБ - 2



  

    Ҳаётимдаги муҳим воқеалардан бири Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон давлати, Ҳинд океани соҳиллари бўйлаб ўтказган сайёҳатим бўлди. У ўлкалардан катта таассурот билан қайтдим.
   Дубай шаҳри мени ҳайратга солди. Саҳрода қисқа  муддатда шундай шаҳар барпо этганларга тасаннолар бўлсин!  Эҳтимол, ҳамма гап нефтда ҳам эмасдир. Бу ерда қазиб олинадиган нефт, масалан Туркманистондан анча кам. Аслида  бир ҳовуч тиллоси бўлган довдирдан қўлида ҳунари бўлган уддабурро тадбиркор афзал.

ШАФФОФ ШАБНАМЛАР


* * *
Asfaltni yorib chiqqan maysani ko’rganingizda dilingizda qanaqa tuyg’ular charx uradi? Ehtimol achinish hislaridir. Asfaltgami? Maysagami! Balki shu nozikkina bargga qilichday qudrat ato etgan ona tabiatga tahsinlar o’qirsiz.
Ehtimol, bu narsalarning hammasi siz uchun ahamiyatasizdir?!
Yo’q, men bunga ishonmayman!
* * *

вторник, 10 января 2012 г.

ШАФФОФ ШАБНАМЛАР


Ҳей, она табиат! Сен одамларни сувга ғарқ қил, улар яшайдиган заминни тебрат, касалликлар юбор! Чунки улар тоғларни топташди, жониворларни нобуд қилишди, сени она, дея туриб, бағрингга тупуришди! Ал - қасосу минал ҳақ! Ўч ол улардан!
Йўқ, йўқ она табиат, ундай қилма, ундай қила кўрма! Одамлар ҳам ахир, сенинг фарзандларинг. Сен уларнинг кўнгилларига раҳм шафқат сол, дилларига эзгулик уруғини сеп!
* * *
Одамлар азал-азалдан ўғилларига Арслонжон, Бўривой, Қўчқорбек, Шербек, Қоплонбек; қизларига Лола, Наргис, Райҳон, Сунбула сингари номлар қўйишган. Уларни қўзичоғим, бўталоғим, лочиним деб эркалашган.
Табиатга меҳр қўйсин, уни эъзозласин, қадрига етсин деб шундай йўл тутишган бўлишса ажаб эмас!
* * *
Табиатнинг ғалати қудрати ҳақида гапирмоқчиман. У бадбўй нурини ва турли ифлосликларни ҳам бебаҳо неъмат берадиган тупроққа айлантира олади.
* * *
Шаҳардаги дарахт! Зарурми сенга шу азоблар! Одамларга сен соф ҳаво, салқингина соя ато этасан. Улар танангни бўғзигача асфалт ётқизиб, илдизингни ҳаводан маҳрум этадилар, баргларингга ғубор индирадилар; сен ҳам тирик вужуд эканлигингни, сув, озуқага зор бўлиб яшашингни эътиборга ҳам олмайдилар. Бунинг устига "ҳосилинг"ни кўзлари илғамайди, мевасиз дарахт, деб ка ситишади.м

БАҲРИ БОБО



            "Буни  хаёт дебдилар" туркумидан


Бугун – 1978 йилнинг 1 сентябри! Камина иккинчи синф толиби.
Китоб-дафтарларимни шайлаб қўйишганига ҳам бир неча кун бўлди. «Букварь» билан «Ўқиш китоби»ни қайта-қайта варақлаб чиқдим. Ёз бўйи боғларда дайдиб, мактабни, дўстларимни қумсаб қолгандим ўзим ҳам.

воскресенье, 1 января 2012 г.

КНИГА ПРО САИД РИЗО АЛИ ЗАДЕ


  В этом году исполняется 125 лет со дня рождения   широко известного мыслителя, писателя, переводчика и педагога Саид Ризо Али Заде.
 Саид Ризо Али Заде жил  в начале ХХ века, в довольно сложном и трудном времени. Несмотря это, он успел оставить  заметный след в культурной жизни народа,  он написал и перевел более ста произведений на узбекском и таджикском языках. Его перу принадлежат переводы ряда  произведений  Пушкина,  Войнича,  Чехова, Льва Толстого, Мопассана на узбекский и таджикский языки.

ЦВЕТЫ ДЛЯ МАХМУДХОДЖЫ БЕХБУДИ


Общественность Самарканда ежегодно в  начале января  отмечает день рождения Махмудходжы  Бехбуди и возлогает цветы  к  памятнику великого учителя.
Махмудходжа Бехбуди прожил всего  44 года. За такой короткий срок он успел стать основоположником узбекской драматургии, руководил движением джадидов, был учредителем и редактором газет, выходящих на узбекском,  таджикском и русском языках, таких как  газета “Самарканд” и журнал “Ойна” ( «Зеркало»), основал издательство “Бехбудия” и первую библиотеку в Самарканде.
Махмуджоджа Бехбуди был  казнен в 1919 году палачами бухарского эмира в Карши. А его соратники и ученики были репрессированы большевиками.
В 2006 году  в Самарканде, по иницативе общественности   (и постановлением правительства) был  возведен памятник великому просветителя.  Это место сейчас является  одним из  дорогих мест для самарканцев.
 – Это пока единственный памятник великому учителю в Узбекистане,- говорит писатель Нусрат Рахмат. Надеемся, что в дальнейшем, памятники ему будут установлены и в других городах нашей страны.  Ведь Махмудходжа Бехбуди  достоен   этого.

САРҲИСОБ


2011 йилнинг сўнгги куни.
     
Ўтган йил етмиш ёшга кирдим. Юбилей қилдик. Баракали йил бўлди – бир набирам мединститутга, иккитаси коллежга кирди, Улуғбекнинг бизнесида ривож бор. “Калвак махсум номалари”га нуқта қўйдим. Ўз сайтимда ва “Замондош”да пешма-пеш эълон қилинди. 

АВТОБИОГРАФИЯ


Я родился 3 июля 1941 года в селе Кошмачит Самаркандского района. Начальное образование получил в школе в кишлаке Кузичи Ургутского района. Причина этого географического несоответствия в том, что отец имел ценную и редкую в те времена профессию шофера. Правительство после окончания второй мировой войны раздало колхозам свободные грузовые машины и председатель ургутского колхоза "Кизил шарк" попросил отца принять в пользование старую "полуторку".