воскресенье, 23 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 44


     Етмиш беш йиллик юбилейимни Рухсора иккаламиз  Бўстонлиқдаги “Чотқол” санаториясида кутиб олдик. Бу ерда шароитлар жуда яхши. Аммо Интернет алоқаси йўқ экан. Тошкентдан атиги 50 километр узоқликдаги туман марказида-я...
   Уйга қайтгач, Интернетни очиб, элликдан зиёд кишининг дил изҳорини ўқидим. Кечикиб бўлса ҳамки, уларга қуйидаги умумий жавобни йўлладим.
                                       
   “Каминани туғилган куним билан муборак этганларга бошим ерга теккунча эгилиб таъзим қиламан!
     Шу қадар қадрдонларим борлигини ҳис қилиш бағоят мароқли, албатта.
     Остоналарингга осойишталик берсин!  Мен сизлар билан биргаман! “ 
     Табрикларни кўчириб ҳам олдим.                                  


САРҲИСОБ - 43


      Сарҳисобнинг сўнгги бобини ёзаётганга ўхшайман...
    Уни каминанинг иқрорномаси ўрнида  қабул қилишингиз ҳам мумкин. Агар “Нохуш хаёллар” деган ҳикоямни ўқиган бўлсангиз, айнан менинг ёшим (74) даги бош қаҳрамон  Ваҳоб Кабирович, бир йилга етмай, бу ёруғ оламни тарк этаман, деган нохуш ва муқаррар хулосага келади. Хафақон касаллигининг авж олиши, ота-онасининг айнан шу ёшда вафот этишлари ва бошқа талай сабаблар уни шундай тўхтамга олиб келади.
    Мен ҳам худди шундай ноумид кайфиятда  клавишларни терябман. Чунки, каминанинг тушкунлигига сабаблар бисёр бўлиб қолди.
    Майли, бир бошдан...

САРҲИСОБ - 42


Қишлоқдан шаҳарга келганда, анчайин одобли, ҳамиятли,  эътиқодли бўлган йигитчанинг йиллар оша  мунофиқ, иғвогар, қаллоб, таъмагирга айланиб қолишини кузатганмисиз? Бунинг сабаблари ҳақида фикр юритганмисиз?! 
    Мазкур ўзгаришга фақат шаҳар муҳити сабабми ёки  унинг қонида аввалдан мавжуд бўлган вирусларнинг юз кўрсатишими?
     Қишлоқда яшайдиганлар шаҳарликлардан кўра афзал ёки бизнинг миллат бошқалардан устун, деб  ҳисоблашларига сизнинг муносабатингиз қандай?  
    Керакли пайтда кечирим сўрашнинг моҳияти ёки муъжизаси ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?  
   Айрим воқеалар сабаб бўлиб, шу саволларга жавоб изламоқчи бўлдим.

САРҲИСОБ - 41


    Ушбу сарҳисобни Улуғбекнинг шаҳардаги  янги ҳовлиси (Мингтут маҳалласи)да ёзябман. Рухсора билан бу ерга кўчиб келганимизга уч ҳафтача бўлди. Қишлоқда ҳам шароит яратиб беришган эди. Аммо ўғиллар ёлғиз яшашимизга рози бўлишмади.
   Бу ерда андак зерикябман. Аммо начора...Турфа кишилар билан танишишга, суҳбатлашишга ҳаракат қилябман. Ветаптекада бўлябман.
   Декабр ойини сарҳисоб қилдим.  “Зиё истаган...” сайтидан ҳикояларимни қарийб минг киши сақлаб олибди. Бошқа сайтларда ҳам ўсиш бор.

САРҲИСОБ - 40


Олти ойдан бери ёғоч қошиқлар коллекцияси ёки  музейини яратиш ташвишидаман. Қирқ йил давомида икки юздан ортиқ, бир−бирига ўхшамайдиган қошиқларни тўплаган эканман. Бу орада қайси юртда бўлсам, бозорлар, антиквар ва совғалар дўконларидан ёғоч қошиқ изладим.Кейинчалик қавмлар ҳам олиб келадиган, дўстлар қошиқ совға қиладиган бўлишди. Коллекцияда Хитой императорларининг темир дарахтидан ясалган қошиқлари, дастасида ҳинд худоларидан бири Брахманинг ҳайкалчаси нақш этилган ёки африкаликларнинг кокос ёнғоғи пўчоғидан ясалган қошиқларини кўриш мумкин. Шунингдек, унда Чингиз Айтматов, Машраб Бобоев, Ошиқ Эркин, Миршариф Хўжаев совғаларини томоша қиласиз.

САРҲИСОБ - 39


   Шу йил 28-июндан 11-июлгача Рухсора (янгангиз) билан Зомин санаториясида бўлдим.
   Каминани таваллуд куним билан табриклаганларга жавоб йўлламаганим боисини аён этиш учун ҳам гапни шундан бошлашга тўғри келиб қолди. Мени йўқлаганларни Худо ёрлақаган бўлсин!
   Сиҳатгоҳ мавзусига эса кейинроқ қайтаман.

    Ўзимча бот-бот микротадқиқотлар ўтказиб тураман. Бундан йигирма  беш йиллар муқаддам,  қайси тоифа кўп китоб ўқишини ўргангандим. Танлаганларим орасида  врачлар, ёзувчилар, педагоглар, чўпонлар, асаларичилар, қоровуллар ҳам бор эди. Йил давомида, уларни холисона кузатдим, сўраб-суриштирдим.  Шу жараёнда метро эскалаторидан китоб ўқиб чиқадиганлар эътиборимни тортиб қолди. Уларни ана шу хавотирли, ноўнғай вазиятда  ўқишга даъват этган куч нима? Одатми, китобни ёзган муаллифнинг истеъдодими, вақтдан ютиш истагими...Кейин уларга яқинлашиш ва мазкур асрордан хабардор бўлишга ҳаракат қилдим.  Бу одамлар,  аксар ҳолда, русизабон кишилар бўлиб чиқарди. Ва улар ўқийдиган китоблар, кўпинча, медицинага оид оммабоп, қизиқарли ва андак радикал тарзда, яъни медицина анъаналарини жилла инкор этган кайфиятда ёзилган адабиётлар; шунингдек, детективлар, мифлар бўлиб чиқарди. Соф адабий асар ўқийдиганларни эса учратмадим. Зеро, адабий асарни бундай ноўнғай вазиятда  ўқиш ножоиз ҳам.

САРҲИСОБ - 38


Самарқанднинг Гагарин кўчасидаги марказий авиакассадан жануб томонга қараб, тахминан беш юз метрлар ўтсангиз, чорраҳа чиқади. Ўнг томонда беш қаватли, ғиштли бино бор. Бу иморат Иттифоқ даврида ёш оилалар учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, энсиз, олд қисми айвонли, бир ёки икки хоналидир. Бинонинг биринчи ва иккинчи қаватида “Сапфир” деган хусусий клиника жойлашган. Ҳарҳолда, одамлар бу шифохонани шундай аташади. Унинг пешонасида эса “Som So’zani Plus medical klinic” деган ёзув бор.
Агар эътибор берган бўлсангиз, Тил байрами кунлари мухбирлар ўзга забонда ёзилган вивескалар, шиорларни танқид қилишни хуш кўришади. Газетада “Сапфир” деган русча ибора танқид қилингандан кейин, хўжайин уни инглизчалатиб қўйган. Мухбирлар тағин бир ҳақиқатни тушуниши керакки, реклама ҳақидаги қонунда унинг қай тилда ёзилишини эгаси (рекламадател) белгилаши керак. Аниқроғи, бу инглизча ном айрим мухбирларга нисбатан иддао сифатида битилган.

САРҲИСОБ - 37


Ҳарҳолда, биринчи бўлиш шарафли. Тарих Колумб, Гагарин, Амстронг сингари биринчиларни унутмайди ва шарафлайди.
  Биринчи бўлиш бағоят қалтис ҳам. Бу номаълум сўқмоқларда сени нималар кутайтганини қаердан ҳам биласан, ахир?!
   Мабодо, менинг “Буни ҳаёт дебдилар” деган романимни ўқиган бўлсангиз, асар ўғлим − Улуғбекнинг паррандачилик фабрикасидан кетиб, хусусий ветеринария дорихонаси очиш ҳаракатига тушгани билан хотималангани ёдингизга тушади. У Самарқандда биринчи бўлиб, шундай дорихона очди. Аммо ишини ўнглаб олиши учун ўн йиллар ўтиб кетди.
  Ҳозир бу дорихонани кичик ўғлим Фируз бошқаради. Улуғбек хусусий корхона очди;  у ветеринария дори-дармонлари, товуқлар учун комбикорм ишлаб чиқариш билан банд.
   “Дом”да зериккан пайтларимда Фирўзнинг дўконига чиқиб ўтиришимни, таниш-нотанишлар билан гаплашишимни айтган эдим. Бунинг устига, ҳавонинг кескин совиб кетиши, светнинг бот-бот ўчиши ўта нохуш эди.
    Назаримда бизда энергия кризиси бошланаётганга ўхшайди. Чунки электр таъминоти йилдан-йилга оғирлашаябди.

САРҲИСОБ - 36


·         Январ якунига етди. Деярли, ҳеч нимарса ёзмадим. Экранга қарасам, кўзим ёшланадиган бўлди. Аммо ф.букда кўриниб турдим. Унда шоирлар кўпроқ фаол. Айниқса, тожикистонлик ўзбек шоирлари яхши шеърлар ёзишаябди. Аммо ўзбекистонлик тожик шоирларининг овози эшитилмай қолди. Афсус...
·             Саҳифаларимизда  насрий машқлар: ҳажвиялар, хотиралар, кичик ҳикоялар ҳам кўпайишини истардим, албатта. Шукурларким, ф.бук бизни бирлаштираолди. Камина, масалан Дадахон Ўзбек, Давронбек Тожиалиев, Одил Икром, Ҳасан Ғойиб, Юсуф Расул, Қурбаной Кемал, Марямбону Фарғоний,

CАРҲИСОБ - 35


·         Бугун – биринчи январ. Ўтган йил оилам ва мамлакатда зилзиласиз ўтганидан хурсандман. Менинг ёшимда бунданда муҳимроқ нарса бўлмас экан. Тузукроқ асар ёзганим йўқ. Йил давомида Фаесбукда майда-чуйда чиқишлар   қилиб турдим, холос. Жамоа ишларига ҳам аралашмадим ҳисоб.
·         Анчайин компромисс бўлганман. Сиёсий ва миллий масалалардаги баҳс-мунозараларга аралашмай қўйдим. Бу икки масалада ҳаммабоп ҳақиқат бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдим.            
·                Ўғилларнинг ишида омад бор. Улуғ Супер томондан ер харид қилди. Улар ишлаб чиқараётган комбикормга талаб ошиб борди. Чўпонотада янги қурилишлар қилишди, юк автомашинаси, трактор ва агрегатлар сотиб олишди. Мирзо шаҳардан тўрт хонали уй олди. Кичик келин магистратурани ( бир азобда) битирди. Набирам − Фотима Бокудаги конкурсда учинчи ўринни эгаллади. Икки набирам : Дониёр ва Райхона биринчи синфга боришди ва рус синфи бўлишига қарамай, аъло баҳолар билан ўқиб кетишди. Бунда оналарининг ўқитувчи бўлганлиги катта рол ўйнади.

CАРҲИСОБ - 34

   Октябр охирларида шаҳарга, Гагарин кўчасидаги квартирага кўчиб келдик. Бу ерда ҳам газ йўқ ҳисоби: чой бир соатда қайнайди. Свет ҳам гоҳида туни билан бўлмайди. “Шаҳар билан қишлоқ орасидаги тафовутни йўқотамиз”, деган шиор ёдга тушади.
    ФБга қуйидагиларни эълон қилдим.

БУЮКЛАР БИЗНИНГ КУНЛАРДА
МАХМУР:
Ҳазратим, зулматда ўлдим, заррача ток бер манга,
Одам эрмасман, десамки, лаълу тарёк бер манга
Ё десамки, думба ёғ, бир парча атлас бер манга
Кўдагим ларза қилур, бир чуқум газ бер манга...

САРҲИСОБ - 33

 Ўтган давр мобайнида ф.букка қуйидаги  қатра ҳикояларни эълон қилдим.
    Нусрат Рахмат
    8 октября
    Ҳоким ва ҳокимчаларнинг кичик чиновникларни, гоҳида фермерлар, деҳқон ва чорвадорларни одамлар орасида сўкиши, уриши, йиқитиб олиб, тепкилаши миллатимиз учун ор бўлган, бағоят хунук одатдур. Халойиқ орасида қадру−қиймати тупроққа қориштирилаётган ҳалиги мутенинг бош эгиб, тиржайи−иб туриши ундан ҳам хунукдир. Эҳтимол, ана шу кичик амалга пора бериб илашгандир, ҳалиги катта итдан тил қисиқлиги бордир, балки топшириқни бажармагандир ва ҳакозо. Лекин нима бўлганда ҳам, қаршилик кўрсатмагани, жавобан катта амалдорнинг гарданига туширмагани ҳезалакликдан бошқа нарса эмас. Шўролар даврида бундай ҳолни тасаввур қилиб ҳам бўлмасди. Атрофимиздаги − Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистонда ҳам инсонни бу қадар камситиш, хўрлашга йўл қўйилмас экан. Тасаввур этинг: рус кишисини бошлиғи кўпчилик орасида сўкса ёки урса, индамай, бош эгиб туроаладими? Грузин, озарбайжон, ҳабашчи... Ҳатто (кичик ҳарф билан ёзиладиган) неандартални урсангиз ҳам чўқмори билан башарангизни бузиб қўяди. Биз эса катта ҳарф билан ёзиладиган... Наҳотки, тағин ғорларга қайтаётган бўлсак...

САРҲИСОБ - 30, 31, 32,


Август ойи давомида уйда  (Фирузнинг янги иморатига) уста ишлади. Пол, потолок дегандай. Лекин бемалол бўлди. Аввалгидай уларга  тушлик қилмадик  − пули берилди.
   Ногаҳонда Ашрафнинг ошқозон  яраси очилиб, қон кетди.  Қони  − 3 бўлганлиги боис донор топиш мушкул кечди. Уни муқаррар бир ўлимдан сақлаб қолишди. Инсон умри қил устида эканлигига ишондим.
   Ўғилларнинг иши анчайин ривожда. Чўпонотада янги ангарлар қуришди, Суперфосфат томондан  мулк харид қилишди.
   Соғлиғим яхши:  қон босими безовта қилмаябди. Жамоага қўшилябман. Бир неча таъзиялар ва тўйларда бўлдим. Ёзмаябман. Ҳар куни фаесбукни очиб ўқиябман, айримларига коммент қолдираябман. Умр беҳуда ўтаётганидан баъзан дилим ғаш бўлади.
      Бирайўла икки набирам – Дониёр билан Райҳонани биринчи синфга кузатдик. Ота−оналари уларни негадир рус синфларига беришди. Монелик қилмадик.


САРҲИСОБ - 29


Бугун – 1 июн. Эрталаб Рухсора билан бориб, Улуғни табрикладик. 43га кирди. Ревизия тугаганини айтди. Ҳар гал мен сабаб бўлиб,  ўғлимга зарофат етказишларидан хавотир тортаман.
    Май  сокин ўтди. Садри бобонинг  маракаларига қатнашиб турдим, ерга экин экиб, кўкартириб олдим. Иссиқхонада помидор пишди.
   Ўтган ой Ўткир Ҳошимов билан Фарҳод Мусажонов оламдан ўтишди. Охиратлари обод бўлсин. 
   Элчихона ташаббуси билан Улуғбек мадрасасида америкалик ёзувчилар билан учрашдим. Улардаги  китоб  нашри, тиражлар, гонорарларга ҳавасим келди.  Аммо суҳбатдан кўра мадраса кўпроқ таассурот қолдирди менда.  Батамом дигаргун бўлибди.
   Ўтган ой давомида фаесбукда қатнашиб турдим. Асосан, эски асарларни эълон қилдим. Тасдиқлар ва ижобий шарҳлар дилимга қувват беради. Янги нарса ёзолмаябман.


CАРҲИСОБ - 28


Апрел серёғин, салқин келди. Шунга қарамай, ҳовлига кўчиб келдик, аммо экин эколмадик. Бу ерга келиб, соғлиғимни тикладим. Бир ҳафта физиотерапияга  қатнадим, докторлар билан маслаҳатлашдим. Врач юрагим учун бошқа дориларни ёзиб берди. Аммо босим жойида. Набирам Фотима Бокудаги халқаро фестивалдан учинчи ўринни олиб келди.  9 мамлакатдан 100 киши  қатнашган экан. Деярли ҳамма ёшар бўйича биринчи ва иккинчи ўринларни озарбайжонликлар олишибди. Республикамизда бўладиган турли халқаро мусобақаларда бизникилар ғолиб бўлиши сабабини англагандай бўлдим. Аммо бизники ҳолва экан.
    Ой охирида қудамиз Садри бобо оламдан ўтдилар. Уч йил тўшакда ётгандилар. Бел боғлаб турдик.
   Фаесбукда чиқишлар қилдим. Айримларини ўқишингиз мумкин.

.

САРҲИСОБ - 27


  Бугун – 1 апрел. Ўтган ой давомида худди нашаванддай “Faсebook” билан боғланиб қолдим. Унда анча−мунча нарсаларим эълон қилинди. Айниқса “Мусулмоннинг жуфти ҳалоли” деган қатрам ва Исмат Хушев ҳақидаги фикримга яхши муносабатлар билдиришди. Ўқиб кўринг:
                                                  * * *
                    Россия ТВсидаги бир интервью ёдимдан чиқмайди.
   Чеченга эрга тегиб, муслималикни қабул қилган, ишбилармон рус аёли айтган эди. “Эрим корхонамда ишларди. Менга бўйсинишдан ор қилиб, бошқа ишга ўтди. Иши оғир, алламаҳалда  ҳориб келади. Чарчоқдан ваннага кирмагани учун илиқ сувни ётоққа олиб келаман, пайпоғини ечиб, оёғини ювишга кўмаклашаман. “Жирканмайсизми?” сўради мухбир. “Нима деябсиз, ҳушёр тортди у, агар эрим: “Ана шу сувни ич”, деса,  ҳеч иккиланмай ичаман ҳам...” 

САРҲИСОБ - 26


Бугун 2013 йилнинг 1 март куни.
   Ўйлаб кўрсам,  сарҳисоб ёзишни давом эттиришим керак экан. Ўртада катта танаффус бўлди:  “Жадид”  кўп вақтимни олди. Энди бекорчиликдан зерикабошладим. “Чол ва кампир” деган ҳикоя ҳам бошлаб қўйдим.
   Бир−бирига суяниб эллик йилдан зиёд рўзгурзонлик қилган ва бугунги кунда хотиралар билан яшаётган чол билан кампир ҳақида.

CАРҲИСОБ - 25


Бугун – 19 январь, Беҳбудий ҳазратлари туғилган кун. Уч кун аввал , Ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг янги ректорига киргандим.  Ўзимни таништириб, ҳукуматнинг 2006 йилда  Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ҳақидаги қароридан нусха бергандим.
    Бугун ҳазратнинг набира ва эваралари билан бирга келдик. Залда йиғилиш ўтказишди. Сўзга ҳам чиқдик. Кейин ҳайкал пойига гуллар қўйдик. Дастлаб, янги раҳбарларнинг андак илтифотсизликларини кўриб, хавотир  тортгандим. Йўқ, тузук ташкил этишди. Анча енгил тортдим.

САРҲИСОБ - 24


    Бугун  2012 йилнинг охирги куни. 72 ёшга қадам қўйдим.  Йил сербарака бўлди. Тағин бир набира кўрдим, уни Беҳбуджон деб атадик.  Икки набирам олий мактабга кирди,   иккитаси  турмушга чиқди. Соғликка эътибор бердим.
   “Centr Azia”да жиддий ва андак қалтис чиқишлар қилдим. Энг муҳими, “Жадид”га нуқта  қўйдим. Бу роман устида кўп ишладим. Сайт-блогим ва “Ziyo istagan qalblar uchun” сайтларидаги ўқувчиларим кўпайди ва қуйидаги ҳолатга келди.

САРҲИСОБ - 23


Июл ойида бирайўла икки набирамизни чиқардик. 1− июл куни кичик қизим Дилафрўзнинг фарзанди Парвинани, 10−июлда эса катта қизим Моҳинбонунинг қизи Ситорани тўй қилдик. Магарам катта тўйларга қарши бўлсам ҳамки,  қудалар тантанага эрк беришди ва унда Рухсора иккаламиз фаол иштирок этдик.
   Парвинанинг кимга унаштирилганини ёзган эдим. (Сарҳисоб 6). Куёв – Ҳусан дилимга ёқди. Тўйдан кейин, таомилга кўра аёллар тағин уларникига бориб, мамнун бўлиб келишди.
   Ситора қўшни Равонак қишлоғида яшаб, ҳокимиятда ишлайдиган Шерзод деган йигитга турмушга чиқди. Бу ҳам хушфеъл, дилкаш йигитчага ўхшайди. Ўзи ҳам зиёлилар оиласида вояга етган.
   Рухсора бутун масъулиятни елкага олиб, бу тўйларга раҳбарлик қилди. Расм−русумлар, урф−одатлар ва жамики таомилларни юксак даражада амалга ошиши учун жонбозлик кўрсатди. Тўйдан кейин эса чарчаб, беҳол бўлиб қолди. Унга зоҳиран ачиндим.

САРҲИСОБ - 22


Ҳарҳолда, Самарқанд, нисбатан катта шаҳар эмас. Бу ерда содир бўлган муҳимроқ воқеа оғзаки  тарзда анчайин тез тарқалади ва ҳамшаҳарлар шу тариқа тафсилотлардан бохабар бўлишади.

   Май ойининг охирида маҳаллий ТВ қонуншунослик коллежида ўқийдиган Ардашер Раҳматов деган ўн саккиз ёшли йигит йўқолганини эълон қилиши билан масалага равшанлик киритиш, тўлдириш,  тахминлар тўқиш авж олиб кетди.
   Шахсан ўзим бу йигитчанинг отаси ва ҳатто бобосини ҳам билардим. Отаси Фурқат Раҳматов шаҳардаги йириккина бизнесменлардан бўлиб, Регистон яқинида хусусий  меҳмонхонаси, янги шаҳарда дўконлари борлигидан хабардорман. Дадасидан пул ўндириш илинжида Ардашерни гаровга олишмадимикин,  мабодо шундай бўлса, дараги чиқиб қолади, деб тахминладим ўзимча.

САРҲИСОБ - 21


        Театрнинг собиқ икки  актёри билан тасодифан учрашиб қолдим ва жилла суҳбатлашдик.

    Улардан бири, шўролар даврида талай бош ролларни маҳорат билан ижро этиб, анчайин шуҳрат қозонган, кейин эса мавқеидан фойдаланиб,  амал курсисини эгаллаган эди.   Ҳокимларга актёрона лаганбардорлик қилишнинг кифтини келтирадиган,  таъмагир, калондимоғ ва мақтанчоқ  чол. Бир неча йил муқаддам эса  давлатнинг етим−есирларга ажратган каттагина маблағни ўзлаштиргани  очилиб қолди. Бош айбдор айнан унинг ўзи бўлишига қарамай, идорадаги бегуноҳ одамлар қамалиб кетди. Гапларга қараганда, ўзи  катта жарима тўлашидан ташқари, кимларгадир кириб, кўз ёши  қилгани боис  қутулиб қолган.  Бунинг устига, унвонлари борлигини ҳам ҳисобга олишди чамаси.

суббота, 22 февраля 2020 г.

САРҲИСОБ - 20


Ногоҳ,  катта ўғлим Улуғбек вилоят ҳокимига киришимни таклиф қилиб қолди.
    Қайси масалада киришим зарур  бўлганлигини кейинроқ айтаман. Аммо аввал шуни аён этишим лозимки,  Мустақиллик эълон қилингандан бери вилоят  ҳокими  етти бор ўзгарди. Ва ҳеч ким мени уларнинг қабулхонасида кўргани йўқ. Бу раҳбарларнинг бирортаси мен билан қизиқмади ва мен ҳам улардан узоқроқ  юришни маъқул деб билдим.
    Ёлғон бўлмасин,  Маҳмуджўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташвиши билан 2005 йилда бу бинога киришга мажбур бўлганман. Боиси, ҳайкал қуриш учун ҳокимликнинг қарори зарур эди. Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим менга мадад кўрсатди.

САРҲИСОБ - 19


  16−май нохуш хабарлар билан бошланди. Бирайўла икки жойга таъзияга хабар қилишди.   Дўстим Маҳмуджон Ўроқов ва қариндошимиз Хадича муаллима бандаликни бажо келтиришибди.
   Қўшни Равонак қишлоғида яшайдиган Маҳмуджон билан агрофакда  бирга ўқигандик. У ўқишни битириб,  ишни бригадирликдан бошлади. Ўзини тезда кўрсатди, шекилли, кейин  колхозга раис бўлди. Орадан кўп ўтмай Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий−тадқиқот институти Самарқанд филиалига  директор қилиб тайинлашди. Ҳамма жойда ҳам олқишларга сазавор меҳнат қилди. Одамлар уни “раис бобо” деб, ҳурмат қилишарди.

САРҲИСОБ - 18


Бугун ( 15−май) пайариқлик аптекачи дўстим − шоир  Зиядуллахон   Нурматов телефон қилиб, тутхўрликка келишаётганлигини хабар қилди. Гап шундаки, ҳовли атрофида бир неча туп балхи,  марвардак тутлар ўстирганман ва дўстлар ҳар йил шу маҳал ташриф буюриб қолишади. Бу гал Зиядулла билан бирга шоирлар Хосият Бобомуродова, Жамол Сирожиддин (Хумий), Ориф Ҳожи, Ойхумор Асадовалар ҳам келишди.

  Биз салом−аликдан кейин, негадир  аввало шаҳарга туташ Боғи майдон қишлоғида яшаган, марҳум тожик ёзувчиси Болта Ортиқовни хотирладик. У кишининг катта анжирзори бор эди ва ҳосил пишганда ўзбек, тожик ижодкорларини  уйига чорлашни одат қилганди. Дастурхон атрофидан жой олишдан олдин эса, боғига таклиф этиб, ўз қўлимиз билан анжир узиб ейишимизни сўрарди. Дастурхон атрофида эса икки тилда мушоиралар бўлар, баҳс−мунозаралар алламаҳалгача давом этарди.

САРҲИСОБ - 17


    11− май куни катта қизим Моҳинбонуни туман марказий шифохонасига бўлим мудирлигига, аниқроғи,  лаборатория раҳбарлигига ишга таклиф этишди. Гарчанд, бундай таклифни бир неча ҳафтадан бери кутаётган бўлсак−да,  қувондик.
   Моҳинбону университетнинг биология факултетини битиргандан бери қўшни Оқмачит қишлоғидаги шифохона  лабораториясига раҳбарлик қиларди. Бу ерда ўн етти йил ишлаб қўйибди.

   Магарам қизимиз  мактаб ва университетда русча ўқиган бўлсада, ўзбекча  (ёки тожикча) таомилларга қаттиқ риоя қилиши билан бизни қувонтириб келганлигини таъкидлаш ортиқчалик қилмас. Уни  қўшни Қозиқўрғон қишлоғига муаллимлар оиласида вояга етган Дилшод деган йигитга узатгандик. Ҳозир бир ўғил, икки қизи бор.
   Моҳинбону жиддийгина ватанпарвар бўлса ҳамки,    “Аргументы и факты” газетасидан бошқасини  тан олмайди ва асосан Россия ТВсини томоша қилади. Бу  ҳолни эса русча ўқиганига йўйиб қўяқолади.

САРҲИСОБ - 16


   Самарқанд шаҳридан нақ олти километр шарқ томондаги Кўтарма қишлоғида яшашимни айтган эдим.  Кўтарма деб номланишининг боиси шундаки, биздан қуйироқда Қозиқўрғон деган кадимий деҳа бор. У ерда бир замонлар  қозикалон яшаган,  дейишади.  Ҳар ҳолда,   у одам катта заминдор бўлган ва шаҳарнинг бош каналидан қишлоғигача ариқ қаздирган.   Жўйи қози деб аталадиган бу ариқдан ҳозир ҳам сув оқади ва ўнлаб қишлоқларни оби ҳаёт билан таъминлайди.  Фақат фарқи шундаки, аваллари бу сув бир неча тегирмонларнинг паррагини айлантирган, одамлар ундан балиқ овлашган. Ҳозир...
    Мазкур ариқни қазиш пайтида бизнинг жойлар пастлик қилган  шекилли, тупроқ ташлаб,  кўтарма қилишган.

САРҲИСОБ - 15


Марҳум адибимиз Аҳад Ҳасаннинг Тошкентда нашр этилган каттагина китобини “Очиқ дарвоза” деб аташибди. Бу номни ким танлаганини билмайман, аммо у дилимга ногаҳоний илиқлик аралаш интиқлик ато этди. Ва кўз ўнгимга энг аввало, Аҳад аканинг Шофирконнинг  Денов қишлоғидаги кенг ҳовлиси,  унинг ҳамиша очиқ, қадимий оғоч дарвозаси келди.
   Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. У  пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати”  газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим.  Шофирконга бораётганимни эшитиб, бухоролик дўстим, шоири замон Тошпўлат Аҳмад  ўша ерда яшайдиган  ёзувчи Аҳад  Ҳасан билан учрашишимни маслаҳат берди.
  Тан олмоғим керак, илк учрашувда бу одам менга андак худбин, калондимоғ бўлиб туюлди. Аммо кўп ўтмай туйғуларим мени алдаганига ишонч ҳосил қилдим. У барваста қоматига яраша мағрур, жўмард ва дилкаш дўст бўлиб чиқди.

САРҲИСОБ - 14


Бизни тўйга хабар қилиб кетишди.
    Зеро, тўйлар мавсуми бошланганига бир неча ҳафталар бўлди.
    Самарқандлик  ўзбек, тожик, эрониларнинг тўйлари хусусида гап кетганда, менинг ёдимга нуқул Беҳбудий ҳазратларининг бундан нақ юз йил олдин куюниб ёзган гаплари ёдга тушаверади.
   “Ҳой, ҳой, халойиқ! Бизлар девонами, соғ? Тўй, марака қилинсун, аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадаринча кичик қилинсун. Ва ортуқча пул ила балаларни мусулмон ва руси яхши ўқитулсун. Тўю, маракага сарф қилинадурғон оқчани эски мадраса ва мазору масжид ҳамда мактабларни шикаст−рехтларига сарф  қилинсун...
   Эй мусулмонлар! Бу ояту масъалаи шаръиға ким амал қилур?  Ва муни халойиққа ким билдирур?”

САРҲИСОБ - 12, 13


   Қишлоққа Наврўз байрами кунлари кўчиб келдик. Ва баримиз бирайўла рўзғор,  ҳовли юмушларига берилиб кетдик. Мардикор олиб келиб,  ерни ағдартирдим, жўяк олдирдим.
   Ижодий ишлар ҳам анчайин ортга сурилди. Тўғри, “Ассалом Ўзбекистон”да  Республикамизнинг  етти муъжизаси ҳақида чиқиш қилдим, “Самаркандский вестник”, “Леди” газеталарида мақола ва ҳикоям ( аввал ёзилган ) чикди.   Аммо компютер мониторидан анчайин йироқлашиб қолдим. Бу ҳол дилимда ғусса ўйғотди. Қадрдон клавишлардан узоқлашганимнинг тағин бир сабаби бор. Узоқ йил газеталарда ишлаган бир дўстим Интернет−блогимга кириб, хавотиримни чандон оширди. “Шу руҳда ёзадиган бўлсангиз, сайтингизни ёпиб ташлашади”,  деди у.

САРҲИСОБ - 11


Худога шукур!  Шукри беадад! Наврўз!
Табиат даъфатан юмшади.    Қуёш кўринди, ҳарорат кўтарилди. Бардавом келган қаҳратон қишдан эсон−омон чиққан мардумнинг қувончи беҳад эрди. “Суҳбат айлайлик келинглар,  жўралар, ўртоқлар!” деб беҳудага тўлиб−тошмаган мавлоно  Муқимий. “Бугунги шодли кунда кечаги ғамдир гапурманглар”, дейди шоир. Дарҳақиқат, дунё ҳасратларидан не фойда...
   Тошкентдаги Навоий номли боғда ҳар йили байрам тантаналари юксак завқу−шавқ билан ўтади. Бу йил ҳам ташкилотчилар дилдан ишлаган кўринади. Оиламиз ТВ қаршисидай жилмай томоша қилдик. Дастлаб президент тўпланганларни баҳор айёми билан муборакбод этди. Янги йилга устивор умидлар боғлади. Ҳукумат халқ фаровонлигини ошириш учун барча тадбирларни кўришини гапирди. Айниқса, ёшларга катта умидлар билан қарашини таъкидлади. Кейин олдинги сафга бориб ўтирди. Минглаб томошабинлар президент билан бир томошагоҳда ўтиришганидан зоҳиран фахрланишар,  шериклари, болаларига у кишини кўрсатиб, алланималарни тушунтиришарди.

САРҲИСОБ - 10


     Бугун - 2012 йилнинг 13-марти. Наврўзга, атиги бир ҳафта қолди. Аммо ташқарида ҳамон қор, совуқ. Қишнинг бундай чўзилиб кетишини фақат 1969 йилда кузатган эдим.
  Ўзбек ТВсининг деярли ҳамма каналларида баҳорни мадҳ этиб, яшил ёнбағирлар, сумалак пишираётган аёллар, барг ёзаётган ниҳолларни кўрсатишаябди. Боғда “Баҳор валси” оҳангида рақс қилаётган қизларни намойиш этишдан чарчашмайди. Табиийки, булар бари аввалги йиллар олинган тасвирлар. Начора,  биз табиат ҳодисалари масаласида ҳам қўшиб ёзишга, яъни ёлғон гапиришга кўникиб қолганмиз.
   Рухсора билан тузган талай режаларимиз орқага сурилаётганидан дилтанг бўлиб, кеча машинам (“Лада-Калина” собиқ “Жигули”)га янги аккумлятор ўрнатдим ва эрталаб уни ҳайдаб чиқдим.
   Аввал қишлоққа бордик. Бу ердаги иссиқхонада юмушлар тўпланиб қолган эди.  Надоматлар бўлғайким, лимонларни совуқ урибди. Аммо поясидан янги куртаклар чиқар, деган умидда, уларни кесмадим. Икковлашиб, бу ерга кўкат экдик, бодринг уруғларини қададим.

Сарҳисоб - 9


Дорулбақога бевақт равона бўлган биродарларим ҳақида ҳикоя қилишга сўз берган эдим. Улардан бири Фазлиддин Султонов эканлигини ҳам айтганман.  Раҳматли туманимизнинг Андижони қишлоғида яшарди...Асаларичи эди. Сув қилиб ичган эди бу соҳани.
   Дарвоқе, сайтда эълон қилинган “Омадсизлик” деган ҳикоям шу ашраф инсонга бағишланган, аниқроғи у кишининг образини яратишга ҳаракат қилганман. Ҳикояни ўқиган кишилар  сарҳисобнинг мазкур бобини ўқимаса ҳам бўлади.  Боиси, талай ҳолатлар, кечинмаларни такрорлашга мажбур бўлганман.

САРҲИСОБ - 8


   Қишлоқдан шаҳарга энг зарур китобларни олиб келганман. Чунки, эндиликда Интернет, деярли  жаъми  маънавий  эҳтиёжлар ва заруратларни қондира олади.
   Лекин,  мен келтирган китоблар бундан мустасно.  Русча- ўзбекча лўғат, Умар Хайёмнинг форсий ва ўзбекча рубоийлари, Чеховнинг ҳам икки тилдаги ҳикоялари  ва ниҳоят,  Нитшенинг Иброҳим Ғофуров таржимасидаги “Зардўшт таваллоси”  насрий достони шулар жумласидандир....
   Хайём рубоийларини бир оз толиққан, кўнгилхушликка  мойиллик  сезган пайтларда қўлга оламан. Чеховни эса бирор нимарса ёзишдан олдин варақлайман ва алланималарни ўзлаштираман. Нитшени бўлса жилла қаҳрга минган, курашга эҳтиёж сезган лаҳзаларда ўқийман. Аниқроғи, бу буюк  олмон нигилисти билан курашга чиқаман. У оғир вазнли бўлгани боис икки-уч раунддаёқ мени уриб йиқитади. Нитшенинг муштлари чўқморга ўхшайди.У менинг энг нозик жойларим, яъни кўп йиллик ишончларим, кўникмаларим ва эътиқодларимни мўлжаллаб зарба беради.  Зеро,  у ўзини: “Мен, динамитман!” деб ғурурланиши бежиз эмас. Лекин йиқилган курашга тўймайди. Вақт ўтиб,  у билан тағин жангга  киришаман.

САРҲИСОБ - 7


21-феврал куни, кечқурун ТВни қўйсам, “Ёшлар”да суд жараёнини беришаётган экан. Панжара ортида ўнга яқин киши айбдорларча бош эгиб туришибди. Уларни  автомат тутган сержантлар қўриқлашаябди. Бундай пайтда   кишида судланувчиларга нисбатан мавҳум бир нохушлик ёки нафрат пайдо бўлади.  Мадомики,  иш шу даражага етиб  борган экан, булар муқарар гуноҳкор  ёки  жиноятчи деган хаёлга борасан. Аммо,  ҳар қандай шароитда ҳам хулоса  чиқаришга шошилмаслик керакка ўхшайди.
   Прокурор ўқиган айбномадан шу нарса аён бўлдики, бу шўрликлар турк тадбиркорлари бўлиб, бундан беш олти йил илгари  Ўзбекистонда иш бошлашган экан. Тошкентдаги “Чорсу” савдо мажмуаси, Самарқанддаги Марказий универмагларни олиб, ишга солишибди.

САРҲИСОБ - 6


8-феврал куни набирамиз Парвинанинг фотиҳа тўйи бўлиб ўтди. У,  иккинчи қизим - Дилафрўзнинг фарзанди. Ёши - 18 да. Коллежни битириб, Ёшлар марказида ишлайди.Ўтган йил олий мактабга киролмади.
   Парвинанинг  эртароқ турмушга чиқишига монелик қилмадик. Баръакс,  ота-онасини шунга даъват этдик. Боиси: илк эвара кўришга бўлган истагимиз устун келди. Бунинг устига, қуда томон дилимизга “жиз” этди.
   Бўлажак қуда авлодини ёшлигимданоқ биламан. Зеро, ургутлик  Набиевлар кўпчиликка таниш. Шўролар даврида улар катта лавозимларда ишлашарди. Бўлажак куёвнинг отаси фалсафа бўйича профессор Фарҳод Набиев билан йиғилишларда учрашиб турамиз.  Унинг эгизак ўғиллари - Ҳасан, Ҳусан Лондонда иқтисодчилик курсида таълим олишаркан. Иккаласини бирайўла тўй қилишмоқчи экан. Ҳусан билан Парвина учрашишди ва бир бирига маъқул бўлди.

САРҲИСОБ - 5


Рухсора  иккаламиз ёлғиз қолиб, беихтиёр,  бу ёруғ дунёни ногаҳонда ва  барвақт тарк этган  қадрдонларни хотирлаб қолдик.   Мўмин Шерқулов, Фазлиддин Султонов, Холкарим Расулов ва бошқаларни эҳтиром ила ёдга олдик, уларнинг олийжаноб хислатларини сифатладик.
   Номини тилга олган биродарларимнинг бари мендан тахминан ўн ёшлар катта эди. Ўзимдан ёши анчайин катта  кишилар  билан бунчалик дўстлашиб қолганим сабабларини  эса ҳозир ҳам айтиб беролмайман. Лекин худди тенгдош  дўстлардек эдик бу жаннати инсонлар билан.

САРҲИСОБ - 4


Назаримда, етмиш ёшдан кейин табиат ҳам, жамият ҳам сенга  бот- бот чап қўлини чўзишга мойил бўлаверади. Сен эса бунга жавобан,  яшаш учун кураш қонунларига таяниб иш тутишинг: сабот билан, қасдма-қасд умр ўтказишга куч топишинг керак!
   Кечки овқатдан кейин сайрга чиқаман. “Дом”нинг орқа томонидаги бир неча маҳаллаларни бирваракайига эронигузар дейишади. Ўтган асрнинг олтмишинчи-етмишинчи йилларида вилоят газетасида ишлаганимда,  бу мавзелар  Энгельс ва Пушкин номидаги колхозларга тобе эди. У замонлардан яккам-дуккам кекса тут дарахтлари сақланиб қолган, холос.  Эронигузар эндиликда шаҳарнинг деярли  марказ қисмига айланган.

САРҲИСОБ-3


   Мана, икки ойдирки, шаҳарда – Гагарин кўчасидаги 138- уй, иккинчи қават, 48- хонада яшаябман. “Дом”да яшаш мен учун янгилик эмас. Тошкентда ҳам ўн йил тўртинчи қаватда истиқомат қилганман. Аммо асосий умрим Самарқанд шаҳридан олти километр жанубдаги қишлоқда - Кўтармада ўтди. Газ ва электр таъминоти аввалгидай бўлганда, шаҳарга келмасдим, албатта.
   Бу ердаги ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин? Умуман, етмиш ёшдан ошган, қон босими бот-бот безовта қилиб турадиган кишининг тириклик тарзи, руҳиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Жамиятдан андак узоқлашгандайман. Эндиликда Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, редакциялар ва ТВга, токи чақиришмаса, бормайдиган бўлганман. Фақат, уларнинг бинолари совуқлигидан эмас, дилкаш суҳбатдош тополмаганим, бугунги ёшларни яхши тушунмаганим боис тезда ўзимни ортиқча сезиб қоламан.

САРҲИСОБ - 2


Ҳаётимдаги муҳим воқеалардан бири Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон давлати, Ҳинд океани соҳиллари бўйлаб ўтказган сайёҳатим бўлди. У ўлкалардан катта таассурот билан қайтдим.
   Дубай шаҳри мени ҳайратга солди. Саҳрода қисқа  муддатда шундай шаҳар барпо этганларга тасаннолар бўлсин!  Эҳтимол, ҳамма гап нефтда ҳам эмасдир. Бу ерда қазиб олинадиган нефт, масалан Туркманистондан анча кам. Аслида  бир ҳовуч тиллоси бўлган довдирдан қўлида ҳунари бўлган уддабурро тадбиркор афзал.

САРҲИСОБ - 1


Буган  2011 йилнинг сўнгги куни.
     
Ўтган йил етмиш ёшга кирдим. Юбилей қилдик. Баракали йил бўлди – бир набирам мединститутга, иккитаси коллежга кирди, Улуғбекнинг бизнесида ривож бор. “Калвак махсум номалари”га нуқта қўйдим. Ўз сайтимда ва “Замондош”да пешма-пеш эълон қилинди.    Соғлиғим ҳам тузук. Қон босим фақат бир  бор 200 га чиқди. Уни назорат қилиб бораман. Эрталаб бадантарбияни, кечки сайрни канда    қилмайман, вазнимни нормал тутаман.

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. ОҚ КАЛАМУШЛАР


Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. ГЎРКОВ


Унинг номи ёдда қоладиган, болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида Ашурали, Ашур, Аши  дейдиганлар ҳам анчагина.
Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков  дейишган.
  Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган; жаҳли чиққанда,  зуғум билан бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук  одатини умрининг охиригача ташламаган.

ЎЗБЕКИСТОН ФОЖИАСИ


Миршариф Хўжаевга бағишланади

1
Сиз айрим аёлларнинг бор заҳри-заққуми, нафрат ва ғазаби мужассамлашган, гоҳида теша тегмаган қарғишларига эътибор берган, аниқроғи,  мағзини чаққан, пича таҳлил қилганмисиз? Тадқиқотчилар аҳоли орасида юриб,  халқ қўшиқ, лапар, удумларини ёзиб олишганидек,  қарғишларни ҳам тўплашса, ёмон бўлмасди, деб ўйлайман гоҳида.
   Бувим (ойимнинг онаси) дадамни бот-бот, ҳар гал янги ибора, ташбеҳлар билан қилган дуойибадларини эшитиб, шундай хулосага келганман. Уларнинг аксари ёдимда михланиб қолган.  
«Ҳа, оғзи-бурнингдан қон келсин, лаҳатга кўндаланг бўлгур - сан таги паст, кўрнамак!»