пятница, 30 сентября 2022 г.


 Ушбу шеъларни ёзганим ва монологни ижро этганимга бир неча йил бўлган. Уни ҳаваскорлар саҳна ва давраларда ижро этишаётганидан хабардорман. Аммо ҳар гал матнни бузиб айтишаётгани ва муаллифни ( каминани) тилга олишмаётганлиги дилимга ўтиришмайди. Шу қусурларни бартараф этиш илинжида қайта эълон қилдим.                                                   


                   
              ШУ  ТИЙРАН КЎЗЛАР

Сизга боқиб  турган  шу тийран  кўзлар,
Меникимас,  дўстлар...
“Кўзи ожиз”  бўлиб туғилгандим  ман,
“Бечора, дейдилар, қисматинг экан”.
Сезмасдим:
Тун нима, ё кундуз нима,
Баҳор латофати ё юлдуз нима?!
Эртадан-кечгача ўтирардим жим,
Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.
Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам,
Доктор олиб келди, қувондим бирам!
Профессор экан,
Кўрди кўзимни.
Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.
-Даволайман,- деди, аммо жуда қийин,
/Дилим туғён этар дақиқа сайин/
Бунинг бир йўли бор: бирорта одам,
Агар рози бўлса,
Даҳшат бўлса ҳам,
Кўз соққасин берса, ўйин оламан,
Кўзларинг ўрнига уни жойлайман!
Тезда дўсларимни тўплабди дадам,
Сўрабди ёрдам...
Аммо ким кўз берсин,
Шу экан тақдир,
Дептилар: кўз бериш- даҳшат-ку, амир!
Қариндошларни ҳам топибди дадам,
Кўз инъом этмабди қариндошлар ҳам.
Сукут ичра бир кун мизғирдим, ҳайҳот,
Ногоҳ эшитилди аччиқ бир фарёд...
Вой,  онам-ку, ахир!
Ирғиб турай десам, қўймайди кимдир.
Кейин...
Кейин билсам, бечора онам,
Мен учун берибди икки кўзин ҳам.
Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,
Дарддан мунисгинам фарёд солибди!
Жарроҳ столига сўнгра мен ётдим,
Билмам у ёғини – ҳушим йўқотдим.
Орадан тақрибан қирқ кунча ўтгач,
Ва профессор ижозат этгач,
Докани кўзимдан ечдим – у шартта,
Мен борлиққа боқдим биринчи марта!
О , ошуфта дунё, осмон, юлдуз, ой!
Одамларни кўрдим илк бор, ҳойнаҳой,
Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,
Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!
Онамнинг иккала кўзи кўр эди,
Инграрди бечора... дарди зўр эди!
У секин пайпаслаб, бошимни тутди,
Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар,
Онажонимники!


ОНА ЮРАГИ

    Она юраги ҳақидаги афсонани эшитган чиқарсиз. Уни талай шоирлар шеърга солишган. Мен ҳам бир вақтлар қаламимни синаб кўргандим.

Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Сен она эмассан.
Жаллодсан – ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Уларга тутқазиб, гоҳ ханжар, гоҳ гул,
Қисматнинг қаърига отасан буткул!
Қаламга олганим жўн бир афсона,
Афсонада зоҳир – сабоқ, фасона
Ўғлон севиб қолди, дарди беҳудуд,
Кўзидан, сўзидан ўт чақнар бедуд.
Одамлар! Чекининг, ана маст келди!
Ишқ шаробин ичган
Ғўр сармаст келди!
Ишқи тушган санам, о дилдор эди,
Чечан-у, шоҳиста ва кибор эди.
Моҳтобни эслатар хушрўй юзлари,
Руҳингни эркалар сузук кўзлари
Пойларига қўйиб бошини такрор?
Йигит зорланарди – ашки шашқатор:
«Дилингни менга бер,
Берақол, жоним,
Зулматга отмагил жону жаҳоним.
Не шартинг бор, сўйла, борлиғим нисор,
Жоним-у, жаҳоним, имоним нисор»
«Чиранма, қоплоним, кўз сузди дилдор,
Агар жўмард бўлсанг,  қалтис шартим бор
Майли,  юраккинам сенга бахшида
(Ошиққа умидбахш ваъда яхши-да)
Унинг эвазига келтиргил лочин,
Онанг юрагини!
Сўзинг бўлса чин!»
Нима бу?
Макрми, сир-у синоат,
Даҳшатли ҳазилми ёки хиёнат?
Ёлғиз ўғил эди, ёлғиз онага.
Саросар қайтди у уйга – хонага
Онанинг кўзлари йўлга зор эди.
Ўғил қўйнида-чи ханжар бор эди
Девонавор эди унинг кўзлари,
Сарбасар, мастона айтган сўзлари.
Она ёйган эди муъжаз дастурхон,
Ҳадемай нон ўзра сачраб кетди қон!
Кафтда серхун юрак урарди ҳамон.
Ўғил манзил сари отилди чпққон.
Ва остона ўзра қоқиниб тушди,
Онанинг юраги нарига учди
Водариғ,
Водариғ, тилга кирди у,
Дарду изтиробли бир ҳол эди бу
Дедики: «Тойчоғим, бу не фалокат?
Етмадими сенга зарбу зарофат?
Турақол, чироғим,  дардингни олай,
Йўл қалтис, огоҳ бўл қурбонинг бўлай
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
 Сен она эмассан,
Жаллодсан ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Кечир, мунгли бўлди Нусратнинг сўзи,
Хулоса яcасин ҳар кимнинг ўзи…
   
Нусрат РАҲМАТ

пятница, 16 сентября 2022 г.

ҚАВМЛАР ЁКИ ВАДИМ ФАЛСАФАСИ

 

Нусрат Раҳмат. Қавмлар ёки Вадим фалсафаси (ҳикоя)

 

    Бу кўнгилсизликларнинг бари Тоғошарнинг бурнидан қон келган ўша нохуш шанбадан бошланди. Дастлаб ўзи ҳам, бошқалар ҳам бунга жиддий эътибор беришмаганди. Аммо, қон тўхтамади. Бурнига пахта тиқди, бошини кўтариб ётди — қон эса ҳалқумига ўтди ва оғзидан келди. Ишбоши «тез ёрдам» чақирди. Доктор ўз ишининг устаси экан — унинг бошини янада баланд қилиб ётқизди, бурнига водород пероксид шимдирилган пахта суқди, қаншарига ҳўл латта босди — қон тўхтади. Кейин шошмай қон босимини ўлчади.

 

— Жойида,- деди енгил тортиб. — Бурнингизни бирор нарсага уриб олганингиз йўқми? Ичмайсизми, чекмайсизми?

У инкор маъносида бош тебратиб турди. — Иссиқда юрманг, бурнингизни қаттиқ қоқманг,- деди доктор кетатуриб. Тағин қон кетса, ётишга тўғри келади. Жигар касалланганда ҳам шундай бўлиши мумкин.

Анчагина қон йўқотганидан бўлса керак, у андак ҳолсизланди ва биринчи бор ўлим ҳақида ўйлаб қолди. Кайфияти андак бузилди.

Ҳафта ўтмай, дилни хуфтон қиладиган ҳол тағин такрорланди: бу гал докторни овора қилишмади — бурнига дориланган пахта тиқиб, пешонасига муздай латта босишганди, қон тўхтади. Бора-бора, жигарида билинар-билинмас, рутубатли оғриқ пайдо бўлди. У: «Ватанга қайтиш керак», деган хулосага келди.

Бу ердаги шифохоналарда даволаниш жуда қимматга тушишини у эшитган эди, шунинг учун ҳам юртга қайтиш, ўша ерда даволаниш фикри тағин кучайди. «Ҳар ҳолда, ўз юртим, қавмлар ҳолимдан хабардор бўлишади. Тузалиб кетсам, тағин қайтиб келарман», деган, унчалик қатъий бўлмаган, мавҳумроқ муддаоси ҳам йўқ эмасди унинг. Бунинг устига қизи Шабнам бўй етиб қолганди: хотини унинг бу мусофир юртда, бегонага турмушга чиқишини тасаввур қилолмасди.

 

* * *

 

Тоғошарнинг тақдир тақозоси билан, аниқроғи, ризқ-у насиба излаб, Сочи шаҳридан бир неча чақирим юқоридаги Мамайка посёлкасига келиб қолганига ўн йилдан ошганди. Тўқсонинчи йилларнинг (ХХ аср) ўрталарида устма-уст келган қурғоқчиликлар бошқа жойлардаги сингари унинг қишлоқдошларини ҳам талай қийинчиликлар, мушкулотларга рўбарў қилди. Дарё суви қуриди, (муйсафидларнинг айтишларича, бундан етмиш йил илгари ҳам шундай ҳол рўй берган экан) юзга яқин хўжалик биргина булоққа кўз тикиб қолди. Ёзнинг охирларига келиб, ундан чиқадиган сув жуда камайиб: пақир кўтарган қиз-жувонлар, фляга ортган мотоцикллар, аравалар навбатда турадиган бўлиб қолишди. Тоғда ўт-ўлан ўсмагани сабаб, молларни арзон-гаровга сотишди. Болалар мактабга келмай қўйишди: муаллимлар мардикорликка жўнаб кетишди. Оммавий-ахборот воситалари тўкинлик, фаровонлик ҳақида шалдироқ гапларни вайсаётганда, одамлар нон топиш ваҳимасига тушгандилар. Табиийки, Тоштемир ҳам бундан мустасно эмасди. Унинг туғилган куни, аниқроғи қирқ ёшга тўлиши ҳам нажот ҳақида бош қотириб юрган кунларга тўғри келиб қолди. Ўша куни почтачи тутқазиб кетган телеграмма ҳаёт йўлини батамом ўзгартириб юборишини эса хаёлига ҳам келтирмаганди.

четверг, 8 сентября 2022 г.

ЗУЛМ

 

ЗУЛМ

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг вилоятлараро мухбири бўлиб ишлаганимда, анча−мунча доно, тадбиркор раисларни билардим. Жомбойлик раис уруш (1941−1945) иштирокчиси бўлиб, фронт таассуротлари, концлагер азобларини сўзлаб беришни ёқдирарди.
Машъум “Ўзбеклар иши” билан кўп раислар, жумладан жомбойлик биродарим ҳам қамоққа олинди. Шундай кунлардан бирида колхозга бориб, идора олдида тўпланган анчайин одамларни кўрдим. Партком уларнинг айримларига жиҳозланган юк машинасига минишга рухсат берарди. Билсам, бу одамлар Каттақўрғон қамоқхонасига, раис бобони кўргани, аниқроғи, унинг овозини эшитгани ва йўл-йўриқ, маслаҳат олгани жўнашаётган экан. 
Раис қамоқхонанинг пастки қавати − ертўласига ташланган бўлиб, у ердан чиққан вентиляция қувурига оғиз қўйган ҳолда, аҳвол сўрашар, маслаҳат олишар экан. Овоз ҳам зўрға эшитиларкан.
Парткомнинг ҳикоя қилишича, раис кеча пахтанинг аҳволи билан қизиқибди. “ Сув йўқ, ғўза қовжираб кетябди, дебди инженер. “Менга қара, лакалов бўлма, дебди раис, чашмани сувини беркитиб, насос қўй! Халқнинг насибаси…” 
Бу гал Жамила хола деган сут соғувчи сут соғувчи аҳвол сўрамоқчи бўлган экан, раис унинг гапини бўлиб: “Жамила, эна, тўйингни қилдингми?” деб сўрабди. Опа бўкириб йиғлаб юборибди.
Аммо қўрқа-писа гаплаширакан Ҳар замон қоровул келиб, сўкиб, ҳайдаб ҳам юбораркан.
Партком, шу билан бирга, айрим кишиларнинг тапшириғини ҳам қоғозга туширарди. “Сутни райондан кўра шаҳарда анча қиммат олаётган экан, раис боводан сўранг қани бу ёққа топшириш мумкинми”. “Мени терговчи қамайман, деябди, раис боводан сўранг, маслаҳат берсин”…
У киши қамоқдан чиққач, кўргани боргандим. Аммо бечора раис батамом бошқа одамга айланганди. Руҳи пажмурда, андак одамови, биров билан гаплашишга тоби йўқ.
“Эй домла деди, концлагерда фашистлар ҳам бунча азоб бермаганди мени.”
Кўп ўтмай жанозага ҳам иштирок этгандим.
Қўшиб ёзиш. Надоматлар бўлғайким, бу одатдан ҳамон холос бўлолмаяпмиз.

АДОЛАТСИЗЛИК

Бу шавқовар пойгани бундан ўттиз йиллар муқаддам ТВда кўргандим.
Краснодар ўлкасида мамлакат отларининг катта пойгаси бўлаётган эди ўшанда. Ҳашамдор ва салобатли ипподромни турфа дулдулларнинг безовта кишнаши, минглаб томошабинларнинг қийқириғи тутиб кетганди.

Anjirzor suhbatlari


 

среда, 7 сентября 2022 г.

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ


- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса   аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум  тин  олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг  енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан  сийлашарди. Айиқ эса турли  илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан  нафсини қондирарди.

Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.
Соҳил бўйлаб одимлашларининг сабаблари кўп. Улар бир нарсани - ватанлари ана шу дарё йўл бошлаган тоғлар орасида эканлигини унутишмаганди ва Зарафшон  она юртларига адаштирмай етказишига умид боғлашганди.