среда, 30 ноября 2022 г.

ФОЖИА

 



Миршариф Хўжаевга бағишланади

1
Сиз айрим аёлларнинг бор заҳри-заққуми, нафрат ва ғазаби мужассамлашган, гоҳида теша тегмаган қарғишларига эътибор берган, аниқроғи,  мағзини чаққан, пича таҳлил қилганмисиз? Тадқиқотчилар аҳоли орасида юриб,  халқ қўшиқ, лапар, удумларини ёзиб олишганидек,  қарғишларни ҳам тўплашса, ёмон бўлмасди, деб ўйлайман гоҳида.
   Бувим (ойимнинг онаси) дадамни бот-бот, ҳар гал янги ибора, ташбеҳлар билан қилган дуойибадларини эшитиб, шундай хулосага келганман. Уларнинг аксари ёдимда михланиб қолган.  
«Ҳа, оғзи-бурнингдан қон келсин, лаҳатга кўндаланг бўлгур - сан таги паст, кўрнамак!»
«Уйингга ўт тушсин-у, тил тортмай ўл: мурдашў ўлигингни ювишдан ҳазар қилсин, тобутингни кўтарадиган одам бўлмасин!»
Баъзан замонга мослаштириб қўядиган одатлари ҳам йўқ эмас: «Апараста пайтида жонинг узилсин! Моргдагилар адашиб, қавмларингга аёлнинг жасадини бериб юборсин!»
 Дадамни, илк бор, мактабга борган йилим таниганман.  Дарсдан чиққанимизда, эшик олдида бир амаки баримизга синчиклаб тикилаётганлиги, аниқроғи, кимнидир излаётганини сезиб қолдик. Унинг  нимадандир ҳадиксираганча, жовдираган, аммо, битмас-туганмас меҳрга тўлган нигоҳлари, бўйчан қомати,  жуда танишдек эди.  Бир маҳал у киши тўғри менинг олдимга келди.
- Сан, Суннатулломисан?- сўради хавотир аралаш табассум қилиб..

понедельник, 21 ноября 2022 г.

ИҚБОЛ

 

Нусрат Раҳмат. Иқбол (ҳикоя)

– Чиқар! – буюрди полвон, одатдаги тўнглик билан тошларни имлаб кўрсатаркан.

Мен зилдай оғир тошлардан иккитасини икки қўлимга олиб, саҳнага чиқдим: залнинг ҳар ер-ҳар еридан тартибсиз қарсак чалинди.

Булар мени полвон деб ўйлашганидан шундай қилишади. Аслида мен полвон эмас, унинг шогирдиман.

Институтга киролмаганимдан кейин, физкультура ўқитувчимиз шаҳар  истироҳат боғининг директори Киромовга илтимос қилиб, шу одамга – Жума полвонга шогирд тушишимга ёрдамлашди.

Мен тошларни саҳнага жойлаштиришим билан, одатдагидек, сурнай чўзиб нола қилди, ноғора ҳаяжон билан авжига кўтарилди. Кенг елкалари, забардаст билакларидан куч ёғилиб турган азимжусса Жума полвон саҳнага чиқиши билан ҳамма қарсак чалиб юборди. Паҳлавон лабининг бир чеккаси билан хиёл табассум қилди. Мен ўзимни чеккароққа олдим: томоша бошланди.

Жума ака энг аввал мен чиқарган икки пудлик тошларни коптокдай юқорига улоқтириб ўйнай бошлади: уларни навбатма-навбат ирғитар, сўнг кўкраги билан уриб юборар, чўян тошлар зарб билан полга урилар, тахталар бир оз майишиб кетар, енгил чанг кўтариларди.