понедельник, 18 декабря 2023 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. ФАҚАТ ХЎРОЗ ҲАҚИДАМАС


"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлаб, завқовар саҳифаларни топишингиз амри маҳол. Грамматиканинг чигал қоидалари, жўн диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»¬ни сизга тақдим этардим.

Мен баҳога унчалик қизиққаним йўқ, аммо вазифа қизиқарли бўлиб туюлди. Зоологиядан фенологик назорат ўтказиб, қалдирғочнинг ин қуриш жараёнини кузатгандим. Нар ва мода қалдирғоч соатига неча бор лой ташиди-ю уни қай тариқа ёпиштириб кетганини қоғозга туширгандим. Аввалига ана шу жараённи жилла кенгайтириб, чуқурлаштириб, домлага тақдим этмоқччи бўлдим. Кейин фикримдан қайтдим – шундай самимий одамга нисбатан алдам-қалдам иш тутгим келмади. Кейин эса ўйлаб-ўйлаб ҳамқишлоғимиз Рофе амакининг даканча лақабли бахтиқаро хўрозининг қаламга оладиган бўлдим.
Мазкур воқеани дафтарга туширишдан олдин уни бор бутунлиги билан ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Аввало шуни ёдовар қилиб қўйишим жоизки, бу саргузашт фақат хўроз ҳақидамас. Шунинг учун гапни унинг соҳиби – Рофе амакидан бошлаганим ўринли.

воскресенье, 3 декабря 2023 г.

 

ЭНГ АШАДДИЙ КАЛЛАКЕСАР




Чикатило!
Бу совуқ фамилия ҳойнаҳой қулоғингизга чалинган чиқар 1991 -1992 йиллар давомида ана шу хунхўр ҳақида ёзмаган газета–журналлар кам
қолди. Туғри, ахборотлаар бир–биридан фарқ қилар: рўзномалардан бири Чикатило йигирмадан
ортик қиз–жувонни зўрлаб, кейин чавақлаб таш- лаганини ёзса, ўзгаси анна шу рақамни ошириш
ёки қуюқроқ ранг бериш пайида бўларди. Жиноят
тафсилотлари ҳам шунақа: хақиқат билан афсона ўртасидаги чизиқни ҳамиша ҳам илғаб бўлмасди.

Боиси: ҳали тергов тугамаган, ҳукм ўқилмаган эди.
Тергов бир йил давом этди. Суд Чикатилони
отиб ўлдириш ҳақида ҳукм чиқарди. Орадан бир
йил ўтгач – 1993 йилда ҳукм ижро этилди.
Нақ 53 ( эллик уч ) қиз ё аёлни зўрлаган ва
сўйган бу аблаҳни отиб ташлашгани тўғри бўлиб-ди дегандим ўзим ҳам аввал. Кейин эса тергов
жараёнларини ўқиб, отилган одамлар тақдирини ўрганиб, фикримдан қайтдим. Ўлим жазоси бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилиши зарур

суббота, 2 декабря 2023 г.

 

ОҚ КАЛАМУШЛАР


Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     

   У эркаклар томон  кетди; кабинанинг орқа эшигини хавотирона очишим билан димоғимга дилкаш атир ҳиди гуп этиб урилди;  обдон дазмолланган, доғ тегмаган оппоқ сурп тўшалган ўриндиққа ийманибгина жойлашдик.
- Бу олифта нима иш буюраркан?- қизиқди Барно.   -Пулини ҳам келишмадик…
- Яхши одамга ўхшайди - хафа қилмас,- дедим зоҳирий умид билан.
Машина рулини  шаҳар томон буриб, хўжайин масалага равшанлик киритабошлади.
- Сизлар билан келишмадик-ку,  неча пулдан олаябсизлар?            
- Ихтиёр ўзингизда,- дедим,  сахий одамга ўхшайсиз.  Фақат соат олтига жавоб берсангиз бўлгани: бола-чақа, дегандай, кечки овқат тайёрлаш керак.

 

ГУЛГИР



 
  
  Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ  бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.

  Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
   “ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат  тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
  Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб  қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
 “Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
  Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани  узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.
“ Уч кун аввал нўхатнинг пўчоғини олдириб кетган эдим, тағин бир гап бўлганга ўхшайди...” Бир бор олса, ўрни из бўлиб қолади, деб эшитгандим”,  жим ўтирмадим. У елка қисди.
   Суҳбатимизга  ўрта ёшлардаги аёл аралашди. “Бу – нотўғри”.  “Сиз қаердан биласиз?” сўрадим  унинг суҳбатга аралашганидан мамнун бўлиб. “Мен ўзим, докторман” қисқа қилди у. “Ундай бўлса нега ўзбек билан тожик боласининг томоғига тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади”,  суҳбатга ҳалиги олимнинг давосини суқдим. “Улар докторга олиб боришади ва тузулгунча уч-тўрт кун вақт ўтади. Бизда бу анъана минг йиллардан бери бор.  Билишимча, боланинг ютиш қуввати суст;  шу сабаб унинг томоғига овқат эмасу, ҳар хил пўчоқлар қолади ва ачиб, микроблар медага ўтади, натижада боланинг ичи кетади”.
   Биз анча олдинладик ва гулгирга  яқинлашдик. У одмигина кийинган, ўрта ёшлардаги аёл эди. Бемор боланинг оғзини очдириб қарар, ташқарисидан ҳам пайпаслаб кўрар ва чапдастлик билан кўрсатгич бармоғини унинг буғзига тиқарди. Тўғри, у ҳар гал қўлини совунлаб ювар, тоза сочиқда артарди, аммо шунга қарамай, бу юмуш менга жўн ва санитария талабларига зид бўлиб туюлди. “Болага олма берганмидингиз, сўради бир аёлдан, ва у маъқуллаб бош силкигач давом этди: мана, пўчоғи қолибди, бундан кейин артиб беринг”.
   Бир маҳал ўрта ёшлардаги аёлнинг ориқлаб кетган, касалванд қизалоғинини ( балки набирасидир) кўздан кечиргач, “Бунинг томоғига ҳеч нарса қолмаган,  духтурга олиб боринг”, деди. “Сизга духтурнинг ўзи юборди, деди мени ҳайратга солиб у, бир ҳафтадан бери ҳеч нарса емайди, кечаси билан йиғлаб чиқади”.  “Каттароқ духтурга кўрсатинг”
   Шу пайт гулгирнинг кўзи менга тушди ва аллақандай шубҳа, гумон аралаш, қайтадан синчиклаб тикилди. Кейин, кутилмаганда, тўпланганларга қараб: “Эртага келинглар, бугун қабул қилолмайман”,  деди.  Бу – нохуш ҳол эди. Аёллар  норози оҳангда илтижо қилишга тушдилар. Гулгир менга тағин бир бор сирли нигоҳларини тикиб,  имо-ишора қилди, шекилли, улар сиру-синоатни тубига етиб,  менга бўлган муносабатларини кескин ўзгартиришди. Ҳамсуҳбатим иддао билан, шоша пиша боласини қўлимдан олди.
  Бу ердан тезрок кетишим кераклигини ўзим ҳам ҳис этдим ва курашда мағлуб бўлган ноумид полвондай орқага қайтдим.
   Аёлларнинг пичирлашлари қулоғимга чалиниб турарди. “Милиса” Не мухбир” Налукчи”
   У гулгирми, пулгирми ҳозиргача аниқ тўхтамга келганим йўқ.
    

вторник, 28 ноября 2023 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР.



                                ҒАРИБХОНА


“Кексалар уйида бир муйсафид ўзини осибди. Салласини шифтга ҳалқа қилибди-ю...”
Бу гапни таниш журналист, шунчаки гап орасида айтган бўлса ҳамки, ўша бахтиқаро муйсафид кўз ўнгимдан кетмай қолди. Не ситам ё зулм ўтди экан, шўрлик отахонга? Нега айнан салласига осган?
   Кунлардан бирида,  беихтиёр, ўша даргоҳга йўл олдим. Директор мени хушфеллик билан қарши олди. Анчайин сарамжон- саришта бўлган маънавият хонаси, ошхонани кўрсатди, гулзорларни томоша қилдик. Аммо ўз жонига қасд қилган отахон ҳақидаги ахбороти жуда дудмал бўлди. Келганига атиги уч кун бўлган экан. Намозхон экан, Биринчи куни санитар аёл билан уришиб қолибди, эртаси ўғли келган экан, уни ҳайдаб солибди. Бошлиқ ҳамма иллатни  чолнинг ўзига ағдаришга мойил эканлиги сезилиб турарди. Аммо қалбим ниманидир инкор этарди:  мен  кексалар уйини шунчалик ташқи сувратини кўриб, унинг сийратидан бехабар қолганимдек,  ҳалиги кексанинг ички нидолари, ҳасратлари, ғуссаларидан бехабар эдим.

Мен учун жумбоқ бўлиб қолган бу асрорларни фақат ҳикояда акс эттириш мумкин, деган хулосага келдим. Чунки бу жанр тахминлар, фантазиялар ва башоратлар учун очиқ.

понедельник, 27 ноября 2023 г.

Turkish


 


Kitob nomi: YENİ HİKÂYELER Saqlab olish
Versiya: lotin alifbosida  
Hajmi:  33 Mb      
Fayl tipi: pdf  

вторник, 14 ноября 2023 г.

 

САНАТОРИЯДА


 Туркистон тизма тоғларига туташ Обигарм қишлоғидан икки чақиримча баландликдаги  оромгоҳга баҳо берадиган бўлсак, унинг мўъжазлиги, оддий, ҳатто жўнлигини тан олишимиз керак бўлади. Бошқа шаҳар, юртлардаги дам олиш уйлари, курорт, санаторияларда бўлганлар бу ерга келиб, бурунларини жийиришлари ҳеч гап эмас.
Одам бўйичалик девор калладай-калладай келадиган тошлардан лойсиз, цементсиз тикланган ва омонатдай, ҳадемай қулаб тушадигандай таассурот қолдиради. Дарвоза хивичдан ясалган, аниқроғи, унинг ички қисми саватдай қилиб тўқилган. Атрофи тут хивичидан доиралар, ўртада қаҳваранг новдадан (эҳтимол, гилос ёки олхўриникидир) юракнинг беўхшов шакли акс эттирилган.  Бу кимлар учундир қадимий ҳунармандчиликни ёдга солса, бошқа бировлар учун бориб турган одмилик ёки ночорлик бўлиб туюлиши табиий.  

суббота, 7 октября 2023 г.


 

НУСРАТ РАҲМАТ – 83

 

Публицист, адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Меҳнат фахрийси Нусрат Раҳматнинг ҳаёти ва ижоди билан қизиқадиганлар, энг аввало, у кишининг ҳаволаси ( блоги га кириши мақсадга мувофиқдир. Устоз ўзини, онлайн ёзувчи, деб ҳисоблашида ҳам жон бор. Муаллифнинг барча мақола, ҳикоя, таржима ва китоблари блогида тартиб билан жойлаштирилган ва у кишининг ўзи, ҳозир ҳам ижтимоий тармоқларда фаолдир.

Ҳаволани очсангиз, шу кунгача муаллифнинг асарлари билан 21 мамлакатдан 41 338 киши танишганлигига; жумладан, Ўзбекистондан - 7200, АҚШдан 6600, Россия Федерациясидан-3670 киши кирганлигига ишонч ҳосил қиласиз.

  “Шеърият” бўлимида,  муаллифнинг ёшлигида ёзган шеърларидан завқ олишингиз мумкин. “Шу тийран кўзлар”, “Она юраги” “Ёғоч оёқ” сингари шеърлар саҳналарда, давраларда ҳозир ҳам монолог қилиб ўқиляпти.

Лекин Нусрат Раҳматга  шуҳрат келтирган жанр публицистика бўлганлигини тан олишимиз керак. Иттифоқ даврида “Литературная газета”, "Журналист” журналларида долзарб муаммоларни кўтариб чиққан эди. Агар ҳаволанинг “Мақолалар”, “Ўзбекча солнома” бўлимларига кирсангиз, турли даврларда ёзилган салмоқли ва ёдда қоладиган чиқишларни ўқишингиз мумкин. Жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари таранглашган пайтлари - 2011 йили “Центр Азия” ва бошқа сайтларда эълон қилинган “Президентам необходимо всретиться” мақоласи ўша  сиёсий тарангликни юмшатишда ўзига хос рол ўйнаганди.

  Нусрат Раҳмат бир неча йиллар “Қишлоқ ҳақиқати”, “Ўзбекистон адибиёти ва санъати” газеталарида хизмат қилди. Газета тахламини варақлаган киши муаллифнинг кўпгина публицистик мақолалари билан танишиб, улар ҳозир ҳам долзарблигига  ишонч  ҳосил қилади. 

“Асқад Мухтор, Одил Ёқубов сингари адиблар раҳбарлигида ишлаганим, менга катта мактаб бўлди”, дейди муаллиф. Асқад ака "Буни ҳаёт дебдилар" романимни қўлёзма ҳолатида ўқиб, "Гулистон"- да парча эълон қилгандилар.

Нусрат Раҳмат қайси юрт, шаҳар ёки қишлоққа бормасин, худди Американи очган Колумбдай завқу-шавқ билан у ердаги одамлар, обидалар, одатлар ҳақида ҳикоя қилади. Ёзувчининг “Мен кашф этган Ҳиндистон”, “Кахетия тупроғи, “Пекинда пиёда юрсанг” сингари мақолалари ҳамда “Қўлда қалам билан” рубрикаси остида  ёзилган мақолалари бунга мисол бўла олади.

         Нусрат Раҳматнинг “Фожиа”, “Айиқ эргаштирган амаки”,  “Номаълум одам ҳикояси”, “Нохуш хаёллар”,” Фақат хўроз ҳақидамас”, “Санаторияда” сингари ўнлаб ҳикоялари инглиз, турк,  тожик тилларига таржима қилинган. Мазкур ҳикояларда  публицистика билан бадиий  тўқималар шунчалик уйғунлашган, синтезлашганки, уларни қайта-қайта қўлга олгингиз келаверади.

 Қаҳрамонимизнинг ўзи ҳам Абу Али ибн Синонинг “Пирўзинома” асарини форсийдан ўзбекчага ағдарган эди.

         Нусрат Раҳмат Маҳмудхўжа Беҳбудий адабий меросини  ўрганиш бўйича салмоқли ишлар қилди. Самарқандда буюк  бобомизга  бюст ўрнатиш (ўз ҳисобидан) ташаббуси билан чиқди;  у кишиниг ҳаётига оид “Жадид” романини нашр эттирди.

   Қуйидаги парол орқали Нусрат Раҳматнинг хазинаси билан танишишингизни тавсия этамиз: nusratrahmat.blogspot.com

   

      Худо сизга меҳрибон бўлсин ва омадингизни берсин, устоз!

     Туғилган кунингиз муборак бўлсин!!!

                                      

          Истода Расулова

 

суббота, 30 сентября 2023 г.

 Ушбу шеъларни ёзганим ва монологни ижро этганимга бир неча йил бўлган. Уни ҳаваскорлар саҳна ва давраларда ижро этишаётганидан хабардорман. Аммо ҳар гал матнни бузиб айтишаётгани ва муаллифни ( каминани) тилга олишмаётганлиги дилимга ўтиришмайди. Шу қусурларни бартараф этиш илинжида қайта эълон қилдим.                                                  


                  
              ШУ  ТИЙРАН КЎЗЛАР

Сизга боқиб  турган  шу тийран  кўзлар,
Меникимас,  дўстлар...
“Кўзи ожиз”  бўлиб туғилгандим  ман,
“Бечора, дейдилар, қисматинг экан”.
Сезмасдим:
Тун нима, ё кундуз нима,
Баҳор латофати ё юлдуз нима?!
Эртадан-кечгача ўтирардим жим,
Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.
Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам,
Доктор олиб келди, қувондим бирам!
Профессор экан,
Кўрди кўзимни.
Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.
-Даволайман,- деди, аммо жуда қийин,
/Дилим туғён этар дақиқа сайин/
Бунинг бир йўли бор: бирорта одам,
Агар рози бўлса,
Даҳшат бўлса ҳам,
Кўз соққасин берса, ўйин оламан,
Кўзларинг ўрнига уни жойлайман!
Тезда дўсларимни тўплабди дадам,
Сўрабди ёрдам...
Аммо ким кўз берсин,
Шу экан тақдир,
Дептилар: кўз бериш- даҳшат-ку, амир!
Қариндошларни ҳам топибди дадам,
Кўз инъом этмабди қариндошлар ҳам.
Сукут ичра бир кун мизғирдим, ҳайҳот,
Ногоҳ эшитилди аччиқ бир фарёд...
Вой,  онам-ку, ахир!
Ирғиб турай десам, қўймайди кимдир.
Кейин...
Кейин билсам, бечора онам,
Мен учун берибди икки кўзин ҳам.
Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,
Дарддан мунисгинам фарёд солибди!
Жарроҳ столига сўнгра мен ётдим,
Билмам у ёғини – ҳушим йўқотдим.
Орадан тақрибан қирқ кунча ўтгач,
Ва профессор ижозат этгач,
Докани кўзимдан ечдим – у шартта,
Мен борлиққа боқдим биринчи марта!
О , ошуфта дунё, осмон, юлдуз, ой!
Одамларни кўрдим илк бор, ҳойнаҳой,
Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,
Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!
Онамнинг иккала кўзи кўр эди,
Инграрди бечора... дарди зўр эди!
У секин пайпаслаб, бошимни тутди,
Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар,
Онажонимники!

ОНА ЮРАГИ

    Она юраги ҳақидаги афсонани эшитган чиқарсиз. Уни талай шоирлар шеърга солишган. Мен ҳам бир вақтлар қаламимни синаб кўргандим.

Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Сен она эмассан.
Жаллодсан – ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Уларга тутқазиб, гоҳ ханжар, гоҳ гул,
Қисматнинг қаърига отасан буткул!
Қаламга олганим жўн бир афсона,
Афсонада зоҳир – сабоқ, фасона
Ўғлон севиб қолди, дарди беҳудуд,
Кўзидан, сўзидан ўт чақнар бедуд.
Одамлар! Чекининг, ана маст келди!
Ишқ шаробин ичган
Ғўр сармаст келди!
Ишқи тушган санам, о дилдор эди,
Чечан-у, шоҳиста ва кибор эди.
Моҳтобни эслатар хушрўй юзлари,
Руҳингни эркалар сузук кўзлари
Пойларига қўйиб бошини такрор?
Йигит зорланарди – ашки шашқатор:
«Дилингни менга бер,
Берақол, жоним,
Зулматга отмагил жону жаҳоним.
Не шартинг бор, сўйла, борлиғим нисор,
Жоним-у, жаҳоним, имоним нисор…»
«Чиранма, қоплоним, кўз сузди дилдор,
Агар жўмард бўлсанг,  қалтис шартим бор…
Майли,  юраккинам сенга бахшида…
(Ошиққа умидбахш ваъда яхши-да)
Унинг эвазига келтиргил лочин,
Онанг юрагини!
Сўзинг бўлса чин!»
Нима бу?
Макрми, сир-у синоат,
Даҳшатли ҳазилми ёки хиёнат?
Ёлғиз ўғил эди, ёлғиз онага.
Саросар қайтди у уйга – хонага
Онанинг кўзлари йўлга зор эди.
Ўғил қўйнида-чи ханжар бор эди…
Девонавор эди унинг кўзлари,
Сарбасар, мастона айтган сўзлари.
Она ёйган эди муъжаз дастурхон,
Ҳадемай нон ўзра сачраб кетди қон!
Кафтда серхун юрак урарди ҳамон.
Ўғил манзил сари отилди чпққон.
Ва остона ўзра қоқиниб тушди,
Онанинг юраги нарига учди…
Водариғ,
Водариғ, тилга кирди у,
Дарду изтиробли бир ҳол эди бу
Дедики: «Тойчоғим, бу не фалокат?
Етмадими сенга зарбу зарофат?
Турақол, чироғим,  дардингни олай,
Йўл қалтис, огоҳ бўл қурбонинг бўлай…
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Ҳайҳот!
Сен она эмассан,
Жаллодсан ҳаёт!
Ошиқи зорларга изтироб нечун?
Маъшуқлар пойида не боис мажнун?
Кечир, мунгли бўлди Нусратнинг сўзи,
Хулоса яcасин ҳар кимнинг ўзи…
  
Нусрат РАҲМАТ

воскресенье, 17 сентября 2023 г.

БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ


  Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.

    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.

пятница, 9 июня 2023 г.

ОМАДСИЗЛИК

 Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.

Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

понедельник, 29 мая 2023 г.

ШАФФОФ ШАБНАМЛАР

 Бу йил қалдирғоч ҳаммомга кирадиган даҳлизчада, лампочка устига ин қурди. Уни ҳуркитиб юбормаслик учун ҳамма эҳтиёт чораларини кўрдик: эшикни ёпилмайдиган, лампочкани ёнмайдиган қилиб қўйдим. Набираларга алланималарни қайта-қайта тайинлаган бўлдим.

  Гап шундаки, икки йил илгари айвондан жой танлаб, иннинг ярмини тиклагач, ғойиб бўлиб кетишган эди. Уларни нимадир ( мушук, илон, хакка) қўрқитганди чамаси. Биз надоматлар чеккандик.

четверг, 25 мая 2023 г.

“ҚОЧИНГЛАР, СЕЛ КЕЛЯБДИ!”...

             

   Мухбирлик йўлидаги мулоқотлар, тасодифий воқеалар тўғрисида 1987 йилда,  катта тиражда (40 минг нусха) чоп этилган “Мен редакцияданман” деган китобчамда сўз юритганман. Бу асар кейинчалик “Мен мухбирман” номи билан ҳам нашр этилди.
   Аммо “Фарзандга ўгитлар” китобимда ҳам журналистик  саргузаштларини четлаб ўтмаган эканман.
      Улардан бирини эътиборингизга ҳавола этгим келди.
                                     *  *  * 
У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут
қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина "Виллис" зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа–сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги ўў чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.

пятница, 12 мая 2023 г.

 

ПОНЕДЕЛЬНИК, 13 ИЮЛЯ 2020 Г



                                Қўлда қалам билан...

                                                 Мунофиқлик
   Вилоят газетасида ишлаганимда руҳий касалликлар шифохонасидан тушган шикоятни текширгани боргандим. Ҳовлидан ўтиб кетаётганимда, юқори қаватдан бир қиз менга мурожаат қилаётганини фаҳмлаб қолдим ва хавотир аралаш унга қарадим. У менга нафрат билан қараб турарди
  –  Болтавой, сан номардлик қилдинг, деди у.– Мени алдадинг! Сочларимни силардинг, қара, ҳаммасини олиб ташлашди.
   Болкондаги қиз-жувонлар бир хил либос  кийган ва ҳаммаларирннг сочлари олинган эди. – Бир кунмас-бир кун мени излаб келишингни билардим...
  Мен ҳижолат тортдим, негадир хавотирим ошди ва қадамимни тезлаштирдим.
  Бош врач ўринбосари билан шикоят хати юзасидан гаплашаётганимда, жиккакроқ бир эркак келиб, менга сўз қотиб қолди.
  – Ака, одамлар бу ерни жиннихона дейишади. Бу – нотўғри. Биз руҳий касалмиз. Хотиним биринчи кечада ўзини осиб қўйди...
  Врач уни жеркиб, ҳайдаб юборди.

вторник, 9 мая 2023 г.

 

ЁШЛИГИМДА ШЕЪРЛАР ҲАМ ЁЗГАНДИМ...


ЁҒОЧ ОЁҚ

Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин-
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
“Мен садақайрағоч эдим бир замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”

ОНА-ЕР

Агар гуноҳ қилса одамлар,
Ларзага кирармиш она-Ер.
Тупроққа қон тўкилган дамлар.
Сесканиб  кетармиш  она-Ер.
Тириклар тинчланинг, бағримда ётган
Марҳумларнинг бузманг ҳаловатин, деб
Безовта бўлармиш она-Ер,
Илтижо қилармиш она-Ер…
             
АФСОНА

Ривоят қилурлар: ўтган бир замон,
 Ўлимга буюрмиш ўз навкарин хон;
 Навкарнинг ҳамқишлоқ дўсти ўша он,
 Хонга таъзим қилиб, дебди: “Эй, султон,
 Уни озод эту мени эт қурбон;       
Унинг онаси бор, қон ютмасин, қон!”


УСТОЗ АСҚАД МУХТОРГА ЎХШАТМА
           
Май тўла пиёлага қўйган эдим лаб,
Чинни сўроғидан огоҳ бўлди қалб:
-Деҳқонларнинг бутми хирмони,
-Одамларнинг инсофи қалай,
-Серобми май?
-Айт, тўкинми эл дастурхони
-Одоблими, кўҳлими қизлар,
-Шодми кексалар...

Ўтмиш аждодларнинг товушидир бу,
Ўшалар руҳининг ташвишидир бу,
Балки катта бобомдир,
Балки Умар Ҳайёмдир...

Х  Х  Х

-Бобожон,, нега йўқ оёқларингиз,
Наҳот бувим сизни туққан ногирон?
Эҳ, ёғоч оёқли бўлмасайдингиз,
Қирлар қучоғида чопардик чунон 
Нега оёғингиз йўқ а , бобожон? 

Уруш йилларида не не қўл оёқ
Госпиталда қолиб кетганин

    

Ва улар ўрнини олганин таёқ

Бу қизчага уқдириш қийин.

***

Ўлимни енгмоқчи бўлар одамлар,
Улар бахш этмоқчи мурдага ҳам жон.
Ажаб, нега яна зид йўлни тутиб,
Инсон ўққа тутар-инсонни ҳамон?!

среда, 26 апреля 2023 г.

 

Т. ДРАЙЗЕР

Теодор Драйзер ўн тўққизинчи асрда "Америка фожиаси" асарини чоп эттириб. ўша давр қисматига диагноз қўйди. Ўйлаб қоламан: бизда ҳозир (21 асрда) "Ўзбекистон фожиаси" деган асарни, ҳатто хусусий нашриётларда ҳам чоп эттириш мумкинми?. Назаримда цензура тугаб, нашриёт ва журнал ходимлари автоматик тарзда цензура миршабига айланиб қолгандай.
Бундан ўн йиллар олдин ёзилган "Фожиа" деган ҳикоямни бирор нашриёт, газета журнал қабул қилмади. "Қалтис" дейишди совуққина қилиб.
Блогимга ўша ҳикояни эълон қилябман. Сақлаб олинг, фурсатингиз бўлса ўқирсиз...
http://nusratrahmat.blogspot.com/2017/01/blog-post.html ёки
 "Беш ҳикоя" рубрикасини очинг

понедельник, 10 апреля 2023 г.

"КАЛВАК МАХСУМ"НИНГ СЎНГГИ БОБИ

 

 

    Умримда биринчи бор шундай кутилмаган, нохуш ҳолатга тушган

эдим. Миям фалажланиб, идрокимга итоат қилмай қўйганди, содир

бўлаётган воқеликнинг фаҳмига етмай қолгандим.

Ҳаво совуқ бўлишига қарамай, ташқарида, ички кийимимда,

тўнтариб қўйилган пақир устига ўтириб олганимнинг боисини билгим

келарди. Қизим – Сухайло фарёд чекиб, дилхун бўлиб йиғлар, мен эса

ўзимча уни уришардим: “Нимага бақирасан, тентак?” Ўғлим мени

бағрига босиб, дил тўла дард билан бақирганини ҳам тушимми,

ўнгимми эканлигини идрок этишга қувваи-ҳофизам ожизлик қиларди.

Бир маҳал ҳовлида маҳалла оқсоқоли - Илҳом милисанинг овози

эшитилди. “Саҳарлаб нима қилиб юрибди бу хумпар, менинг

ҳовлимда” ўйлардим ўзимча, алғов-далғов фикрларимни йиғиб

олишга ҳаракат қилиб. “Бугун чиқаришимиз керак”, деди маҳалла

сардори ғала-ғовурлардан кейин. У нимани назарда тутаётганлигини

фикрлаётганимда, акамнинг кескин жавобини эшитдим: “Эртага

қолдиришимиз керак! Душанбеда опаси бор – келишини кутмасак

бўлмайди!” “Йўқ барибир, чиқариш зарур”, деди оқсоқол. “Нима,

йигирма беш йил сиққан даргоҳга тағин бир кеча сиғмайдими?”

Бу даҳанаки жангнинг моҳиятини чақиш учун хаёлимни жамлаб,

жиловлаб олишим керак эди. Беихтиёр, содир бўлган воқеалар

занжирини кўз олдимга келтиришга уннаб кўрдим.