среда, 29 декабря 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 8

Аниқ эсимда турубдур, ўтган чаҳоршанба раста кезиб юрур эрдим, бети ҳабашдек қап-қаро, локинда сочлари аппоқ бир жўги заифа (алар сиган деюрлар) бандага рўбарў бўлиб, дедики: қўлунгни берсанг, кафтингга кўруб, омаду ноомадингни айтиб берур эрдим.
Буларнинг мўлтони фолбинлари ҳам ўзимизники мисол хира пашшадур. Дедимки, манга ором бер ва йўлумдан кет, фолга зинҳор ва зинҳор бовар қилмасдурман. “Ишонмасанг ҳам ихтиёр ба дасти Бахтиёр, деди ул хотунча, аммо суханимга қулоқ тутсанг бас.” “Гапур.” “Сан Ўзбакистондан келган.” “Тўғри,” иқроримни изҳор қилдим. “Бу жойдаги жўра-ю, қавмлардан хабар олмоқни мақсад-муддао қилгансан.” “Иби, топдинг,” дедим андак ҳайронлик ила. “Андоқ ўлса, эмди қўлунгни бер, қолғон қизиқларини гапурурман.” Рози ўлуб қўл узотдим. У кафтимга боқиб фол бошлади. “Вай-бай, деди, санда гап кўп ва қайбирини, қандоқ баён қилмоқ манга жумбоқдур.” “Гапур, гапур”, бир рубл берурман,” дедим хоҳишим ошуб. “Бадаз нақ бир ҳафта ҳаётингда бисёр қизик воқеа бўлур. Боз экки рубл узот, шунда гапирурман,” деди шайтон. Ман айтгонини узотдим. Заифа давом берди. “Ҳафта ўтмай бисёр боақл, нозанин жувон бирла танишурсан ва ани севиб қолурсан..” “Қоч-е, дедим қўлумни тортиб, эмди эликка кириб миям айнийдурми? Ман жинними? О ўттуз йиллик тоат-ибодатим кўюрму, Самарқандда хотун, бала-чақа, дегандак”.
Боз йўлда давом бердим. Аммо фикру-зикрим хуноса жўгининг фоли бирла банд ўлди. Лаппи рост чиқмасун, деб хавотир ҳам олдим. Шу-шу кун санайдурғон, хушёр турадурғон ўлдум. Ҳафта ўтди ва фолбинни хаёлимдан қарийбки фаромуш қилдим. Чаҳоршанба, панжшанба, жума ўтуб, шанба бегоҳи ўтуруб эдим, ногоҳ бир заифа чой кўтариб кирди.
Бу жувонни аввол кўрган эрдим, навбатчилик қилур эрди ва магарам хотирам панд бермаса, ҳафтада бир-экки келур эрди.
Анга таъриф берудурғон ўлсам қирқ ёшларнинг нари-берисида, сочларинин сариқлиги асл уруслигидан далолат, аппоққина, на ариқ ва на семиз, валек бисёр-бисёр хушфеъл, хушсухан эрди. Дилим нимагадур “жиз” қилди ва фолбин заифани эсладим.“ Тақсир, деди, бадаз салом-алек, ман сизга чой келтурдум. Сиз - осиёлик мўминлар кўк чойни бисёр хуш кўрурсизлар.” “Буни қаёндан билурсиз”, савол айладим, андак табассум ва хоҳишмандлик ила. “О, ман ҳам Ўзбакистонлик – Оҳангаронда туғулганман. Тошканда ўқуган эрдим. Бир муддат муаллимлик қилдим, бадазон газитда ишладим. Ўзбекка теккан эрдим, бечорани ўлдуриб кетдилар. Кун кўрмоқ душвор ўлди ва ман кўдагимни кўтариб Масковга келдим.”
Разм солсам, гаплари дилдан. Шу алпоз гапзанон қилдук. Ана ақлу идрок, ана диду фаросот, дейман ўзумча, анинг гапларини тарозуга тортуб. Жувоннинг лаблари андак бўёқ, қошлари салгина сурма кўргани боис хушрў бўлиб кўринур эрди. Бизни аёллар бир умр мол-ҳол, бала-чақа деб пардоз қилмаслар ва бу хатодур, фикр қилдим ўзумча. Исми шарифи Мария эконлиғини, аммо раҳматли эри Марям деб атағонини ҳам ёшурмади.
Бундаги юмушлари, тириклик тарзини савол айладим. Ул шукри худо қилди. Ялғуз қизи бирла рўзгурзонлик қилмоғини, экки жойда ишламоғини гапурди. “Бир кўрушда сизга меҳрим тушди, раҳматли эримга бисёр ва бисёр монанд эркансиз.” Бу сухан каминага ёғдак ёқди. “Ман ҳам ул ҳафта сизни кўруб, фариштасифатлигингизга бовар қилган эрдим, экки бор тушумга ҳам кирдингиз” ўзи кечирган бўлсин-у, жилла ялғонни қўшдум.
Дигар гап бўлмади. Аммо шаби дароз ўйқум келмай, ани фикр қилдим. Бай-бай, либослари қандоқ зебо, бақ-бақалари аппоқ, хушбўй исларини ман гапурмай, сиз эшитманг..Эй Худо, ўзунг кечиргил.
Тун ўтуб, заифа боз келди ва андак ўзумни йуқотмоқдан бери бўлдум. “Ман чойнакни олғони келдим,- деди, ўша ширин такаллуф ила. Эмди бадаз ҳафта келурман. Соғ бўлунг ва кетиб қолманг,”
Анинг ижозати бирла тилифонини ёзиб олдим.
“Бандасининг ўнг елкасига Раҳмон, чап елкасига шайтон турур, деган эрди, ўша - фоҳишанинг бағалида бандаликни бажо келтириб қўйғон имом-хатибимиз, Раҳмон сани тўғри йўлга солур, шайтон аксини қилур.”
Фикр қилдимки, ман андак шайтон вас-васасига тобе бўлдум ва эмди ҳушумни йиғмоғим жойиздур. Боз фикр қилдимки, нечун Қуръони Каримда тўрт хотунга ижозат воқе. Не-не буюк зотлар ўндан зиёд хотун, канизак олғонлар. Зеро Калвак ҳам аларнинг авлоди-ку! Бирор шинос мўмин-мусулмон хабар топмайдурғон, бегона шаҳарда андак кўнгилхушикка йўл берсак, осмон узулуб ерга тушурму?!. Бунинг завқу- шукуҳи баҳад-ку! Бобур ҳазратлари ёзадиларки: “Айб этма, эй рафиқ” Бу зоти бобаракотнинг ҳам хотунчалари якка-ялғуз бўлмагандур.
Ўйга сим қоқиб, хотунга ширинсуханлик қилдим, сиҳатлигимни дедим ва бисёр зарур юмушлар кўпайғони боис боз бир муддат қолмоғимни гапурдим. Соддадил заифам ишонди.
Тушумда бисёр баланд тоғ эрмиш. Марямхон анинг юқорисинда турур, ғарибни чорлар, ман ул парипайкар сари иштиёқ ила интилиб турғон эканман. Марямхон ноз, ишва бирла бесабр даъват этар эркан. Бир маҳал ҳов қуйига назар ташласам, хотуним балани кўтариб, манга ишоралар қилур эрди. “О дадаси, деркан, сиз девона бўлдингизму? Нима бу? Қариликка йўрғаликму?”
Бадазон ўйғониб кетдим.
Раҳмонга қулоқ берурманми, шайтонга ва тоғнинг нақ белида қанча сана турурман, ўзумга ҳам аён йўқ. Буни Яратган билур ва биз пешонада борини кўрурмиз.

Калвак МАХСУМ,

Москов,
Хижрий 1431,
мелодий 2010, Паланг
йили,
Зулҳижжа, бегоҳи шанба

битдим
ва
қўл қўйдум.

воскресенье, 19 декабря 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 7

Кўча кезар эрдим, бир маҳал кўрдумки, аламон якчанд қизил ялавларни бардор-бардор қилиб, саф тортиб юрур ва аларнинг кети кўринмайдур. Ё навзанбиллоҳ, тушумми, ўнгум: сафнинг пеш қаториндағилар доҳий Ленин, Сталин суратларини кўтариб олғон эрдилар. Ёзувларни ўқудум: “ Яшасун коммунизм!” “Дунё пролетарлари бирлашинглар” ва дигар. Лоп қилиб, ёдимға балалигим тушди.
Ийд кунлари Регистондан парад ўтур эрди, аҳли шаҳр худди шундоқ ялавлар ва шиорлар тутур эрдилар. Алар ҳам Ленин, Сталин бирла экки серсақол бобойни суратини олиб ўтур эрдилар. Ва роҳ-бароҳ “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз берур эрдилар.
Ҳайрон қолдимки, Московда ҳозир ҳам шундоқ йўл тутур эрканлар. Ҳайратим ҳамда завқим чандон авж олиб, алар бирла ёнма-ён йўл босдим.
Аламон бир майдонга келиб, тўхтади. Бадазон авози бисёр дағал бир мардак минбар миниб, гап бошлади. Кўп суханини чақмоққа фаҳмим ожизлик қилди, аммо ўтган замон бисёр яхши бўлғонлиғини таъриф қилди. Нон фалон, сариёғ фалон пул эрди, яъни бисёр арзончилик замони эрди, деди.
Юраги отнинг калласидак чоғи, бу ҳукумат борини расво-ю радди қилди, деди баччағар зарра чўчумай. Бад ғала-ғавур қўбди, минбар аҳли эҳтиром кўрсатиб, роҳ бердилар ва минбарга...ё навзанбиллоҳ, ўнгумму, тушум доҳий Сталин чиқдилар.
Дилим фаҳмлаб турубди, сиз бовар қилмаябсиз, бу авсар Калвакнинг кўзига инсу-жинс кўрунган, ё шўрлук девона бўлган, деган хаёлдасиз. Бисёр бад кўрганим қасамхўрлик, аммо ялғон гапурсам, майли шу хобгоҳим чаппа бўлсин-у, ман такка қолай.
Эмди доҳий Сталинни салобатларини билурсиз. Мўйлабларини аста тоб бериб, оғур қадам қўйуб чиқдилар.
Бир замонлар калхозимиз ҳам, мактабимиз ҳам шу зотнинг номларида бўлуб, экки жойда ҳайкаллари муҳайё эрди. Идора рўпарўсидаги ҳайкал, шу шапкалари, шу либослари бирла қўл узотиб турур эрди. Аммо таажжуб этардикки, доҳий не боис қиблага ишора қилмай, Тўлқуни тўқумнинг ўйини кўрсатур. Мактабимиздаги ҳайкалларида белдан пастлари ҳам, қўллари ҳам йўқ эрди ва мардуми нохонда бундан таажжуб этарди.
Қисса кўтоҳ, доҳий Сталин минбар минишлари билан аламон жимиди. Шивир-шивир қилдилар. У киши хатман дона-дона қилиб, зеру-забарни жойига қўйуб гап бошладилар.
“ Иншоллоҳ, биз шўролар давлати ва боз ҳукуматини қайтадан бунёд этурмиз. Сарҳадларимиз бо тағин буяғи Афғонгача, буяғи Оврупо киндигигача борадур! Шундоқ боқудрат мамлакатни барбод этганлар қонун олдида жавоб берурлар! Биз боз мактаблар, духтурхоналарни бепул қилурмиз! Яшасун ишчи-деҳқон фирқаси!”
Одамлар “Яшасун! Яшасун!!!” деб авоз кўтардилар.
Доҳий Сталиндан кузумни узмайманг, денг. У иши ўтурдилар. Башқаси чиқди. Бу юзунг қурғур бетамиз сасиди. “ Ўзи нима гап? Москов Осиёдан келғон японғи ясонғи саҳройилар билан тўлуб кетди. Қандоқ ночор, нобарор ҳукуматки, бу чиркинакларни чиқориб пеш қилмайдур?! Далой, далой”
Во занғар, ифлос. Ҳиқилдоғинг кесилгур! Машойихлар демишларким: эгри мўридан тўғри тутун чиқмайдур! О сан ҳароми ўйлаб кўр – бозорларингни алар фаровон қилсалар, ўй қуриб берсалар, мошин ҳайдасалар...шу бўлдими яхшиликка ямонлик. Ўзунг майнўшлик ила банд ўлсанг. Ҳамшираи зорингни кўрай сани...Фикр қилдимки, бобомиз Сталин шу дам анинг оғзига урурлар. Аммо ул зоти олий ўша вазминликлари бирла ўтурдилар.
Бир маҳал денг, Сталин жойларидан туруб, панага ўтдилар. Тикилиб турдим. Воажаб, у киши уяқ-буяққа ўғрунча қарадилар-у мўйлабларини узиб олдилар. Бадазон сочларини ҳам бир ҳавуч қилиб олдилар, либосларини янгиладилар. Қарасам бинниси қизорган бир урус. Вой, хуноса, вой сани бетингга аёғим, дедим. Шундоқ ҳам алдайдурми одамни. К...фурушни андоқ нафратладимки, ҳадди йўқ
Хонамга кайфияти тирриқ бўлуб қайтдим.

Калвак МАХСУМ

суббота, 11 декабря 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 6

Эшитдимки, шаҳар илкиндаги деҳқон бозорда якчанд бародарлар тижорат бирла банд эрканлар. Рўзи чаҳоршанбе, бисмиллоҳ деб ул тарафга равона ўлдим. Такси тутғон эрдим, соҳиби хўжа аҳрорлик тожик бала чиқди. Гапзанон қилиб бордик. Якчанд сана бул шаҳарда шу юмуш бирла бандлиғини боз анинг шарофатинда рўзғор тебратиб турғонини изҳор қилди ва каминани даме ўтмай бозор эшигига рўпара этди.
Ё, навзанбиллоҳ! Бу Масков бозорими ё Ургутнинг Жумабозори?! Боре одамлар, яъне даллолдан - ҳаммолгача, қаравулдан - фаррошгача ўзимизнинг мусулмонлар бўлуб, алар ўзбеки ёки тожики гапурурлар эрди. Якка-якка қалтироқ урус кампирлар, инчунин кафкозликлар ва диган ғайридинлар ҳам воқе эрдилар.
Раста аралаб борадурғон маҳалим, ногоҳ Ғиёсбойтойни кўруб қолдим ва бисёр сарафроз ўлдум. Ул мусофир ҳам бағр очиб келди.
Бу қиёмати бародаримнинг асли номи Ғиёсбой, аммо қайси кун мўйлаб қўйди, мардум Ғиёсбойтой деб атайдурғон ўлди. Боз бир лақаби , Жўражондур. Ким биланки, гапзанон қилди, каттами кичик Жўражон деб гапирур. Калхоз маҳали амалдор эди. Калхоз барҳам топти ва ул савдо идорасига ўтди. Аммо бу идора ҳам барҳам бўлди. Бадазон Ғиёсбойтой ноилож Москов йўлини олди.
Бадаз гарму-жўшон вохўрлик шу нимарсалар аён ўлдики, бу одам алафчафурўшлик ( уруслар зелен, деюрлар) бирла банд бўлуб, савдогарлар Ўзбакистондан кўкат келтурур ва булар ани боғча қилиб сотур эрканлар. Экки қулоч келадурғон пештахтани бир озорбойжондан қиммат-қирон ижора олғонини гапурди. Ул жойда заифа савдо қилур эрди, жуфти ҳалоли бўлса лозим. Пештахтада кўкпиёздан тортиб шибитгача, райҳондан - отқулоққача ҳар не гиёҳлар воқе бўлуб, савдо ҳам чапдаст эрди. Бу ғайридинлар алафни бамисли эчки хуш кўришларидан гаранг ўлуб, яқонгни тутасан.
– Жўражон, бултур шу ҳисобдан бир “Нексия” олдим. Бизнинг мошин Тошканд-у Самарқанддан Московда экки баравар арзон. Бо ин сабаб Московдан харид қилдим. Аммо сарҳаддан ўтишда бисёр ақча олдилар, жўражон. Икки ўн беш - бир ўттуз бўлди.
Шу фурсат денг, сўхтаси савуқ бир миршаб рўпарамга тўхтаб, на салом ва на алик : “Юз рубл бер”, деди ўзбекилаб. Боз тожикилаб ҳам қўшиб қўйди. “ Сад рубл деҳ”.
Иби, деди ўзумча, онангни ҳаққи бор эрдими манга, хотинталоқ! Аммо Ғиёсбойтой чаққонлик ила киссасидан пул чиқориб, ҳолиги муттаҳамга узотди.
– О, нимага ман учун ақча бердингиз,-сўрадим.
– Эй, жўражон, қалпоқни киссага солиб қўйунг. Бу занғарлар қалпоқ кийгандан мазахўрак бўлиб қолғонлар. Боре милисаси бисёр бадфеълдур ва дағи ҳар балога гирифтор қилурлар. Шу пул садқаи сар,- жавоб берди ул.
Боз шуни фаҳмладимки, бизнинг мардумлар миршаблар бирла кавкозликлардан қўрқуброқ рўзгурзонлик қилур эрканлар. Алар бирла ҳисоб-китоб қилмағонларнинг бошига бисёр кулфатлар ёғилур эрмиш.
- Қавушмоғимиз оқсоқ. Бўлмаса урус мамлакатида бозорчилар, биносозлар, боз мошин ҳайдайдиғонларнинг бори – бизнинг мардумлар. Алар бўлмаса, бу даюсларнинг жами юмушлари тўхтаб қолғон бўлур эрди, жўражон. Боиси: ўзлари майнўшлик бирла бандлар.
Бир маҳал денг, ногоҳ носфурушлар растасига ғавғо қўпди. Экки чапани одам ( лаҳжаси хоразми) сақол қўйган, бисёр хушфеъл кўринадурғон, художўй мусулмон мўйсафедни гирибонидан тутуб, ҳақ талаб қилур эрдилар. “ Ё навзанбиллоҳ, деюрди отахон, ман аппоқ сақолим билан шундоқ қиладурманми? Мусулмонлар, бу қандоқ бедодлик?”
Одамлар арага тушдилар ва экки хоразми надомат тортиб кетди. Таажжуб бирла Ғиёсбойтойга қарадим.
– Бу ҳожини Асрори кафт, деюрлар. Нос савдоси бирла банддур. Ўзбакистону, Тожикистондан носни қопи бирла келтуруб, майдалаб соттирур. Ургут-у, Самарқанд-у, Московда ҳам ўй-жой солдирғон. Хотун ҳам Аълло-ҳу аълам, учтадур, жўражон. Уч бор ҳаж қилди. Аммо бир бедаво касали борки, зинҳор ва зинҳон андак воз кечмас. Яъне носни кўтара харид қилиб, пул санаб берадурғон маҳал кафаки қилур. Мазмуни бундоқдур: пулни харидорға кўрсатиб, ҳаввор санайдур ва узатодурғон маҳал, морбозлик қилиб, минг рублдан ками икки юзини кафтига қисиб қолур. Кўзбайлоғуч ҳам бунинг олдида ожиздур. Магарамки, харидор олғон пулини боз санайдурғон ва камомадни фаҳмлайдурғон ўлса, “ Э, шундоқ бўлибдурми, гумроҳлик каминадан ўтибдур” деб пулни қўлга олур, киссасидан намойиш қилиб икки юз чиқориб қўшур ва узотадурғон маҳал дағи кафаки қилур, харидорни қақшатур.
Жўражон бирла гапзанон қилдук. Етти киши – зану мард кавакдак хонада ётур эрканлар.
– Топишим яхши, жўражон, аммо балалар Самарқандда, аларни кўрганимга йил ўлди,- ҳасрат қилди бояқиш.
Кетар маҳали аравача тортиб борадурғон одамға ишора қилди. Аравасига қавун, каду, тўрба ортилғон эди, ёнидағи урус кампир жеркиб йўл ишора қилурди.
– Бўлмайдурғони экки дунёда ҳам шулдур. Бу хуноса куни бирла пишқириб арава тортур, ақча топур, бад бориға майнўшлик қилур ё фоҳишага борур. Самарқандда бала-чақам бор, деб хаёл қилмас, жўражон.
Пеш аз паноҳи худо қилмоқ Ғиёсбойни тилифонини ёзиб олдим ва биз хайр-хуш қилдик.
Тушимда шўрлик Ғиёсбойтой кучук азобинда аравача тортиб борур эрди. Раҳм қилиб лаб жуфтладим: “Жўражон, юртга қайтмоқ жоиздур. Эмди зинҳор ва зинҳор йигитча эмасдурсиз. Ватанни севмоқ иймондандур.” Дебдики: “Бояд, ватан ҳам биз ғарибларни севсун.” Бадазон урус кампир авоз кўтариб, бизни саҳройи, текинхур, деб ҳақорат қилибдур. Шу фурсат денг, аравача “Нексия”га айланибдур ва Ғиёсбойтой бирла кампир анга миниб, равона бўлибдурлар.
Ҳарчандки зўр бердим, туш таъбирини фикр қилолмадим.

Калвак ибн Махсум.
Битдим: ҳижрий 1431, мелодий 2010, бегоҳи якшанба. Москов, Ғарибхона.

суббота, 4 декабря 2010 г.

ПЕЧАЛЬНАЯ ГОСТИНИЦА

Из цикла «Я из редакции»

Газета - для писателя, самая лучшая школа. Благодаря этой профессии где только человек не побывает, с кем только не встречается…
Например, во время работы в областной газете мне при-
шлось побывать в морге, психиатрической больнице, тюрьме .
Я повторяю- побивать…
Как вспомню морг – по коже мурашки бегут. Старенькое,
ветхое, приземистое помещение с обваливающейся штукатур-
кой и ненадежными кирпичами было расположено на окраине
больницы. Здание отремонтировали, стены облицовали мрамо-
ром .И все равно оно выглядело нездоровым. Одно название-
морг, обитель смерти. [Марг, с таджикского,-''cмерть''].
Покойники лежали на заржавевших никелевых кроватях, прикрытых белыми простынями, похожими на саван. И это об-
стоятельство еще глубже обостряло чувства. Сердце охватыва-
ла скорбь; ''Хранить в прохладном и темном месте ‘’… Может
вспомните, где вам встречалась такая надпись? На этикетке
минеральной воды. Всегда, когда читаю предупреждение не-
вольно вспоминается эта печальная картина.
Разного возраста, национальностей , различного рода
занятий-они здесь нашли последний приют. Здесь были умерший
от инфаркта на бюро председатель колхоза, внезапно
погибший таинственной смертью следователь, отравленная пищей девушка-кореянка, и здесь же рядышком лежали жених с невестой, неуспевшие войти под полог новобрачных. Возвращаясь из ЗАГСа,они попали в автомобильную катастрофу. Оторвалось сюзане, которым был накрыт капот свадебной машины. Плотная материя закрыла лобовое стекло. Шофер на миг растерялся и машина врезалась в тяжелый грузовик…
Слева стояли свободные кровати. Чем, интересно, занима- ются сейчас их будущие владельцы? Возможно, поднимают бокалы. Возможно, целуются. Возможно, страдают. А здесь их ждут ржавые железки…
Но, кажется мы отвлеклись. Сюда я пришел, чтобы разоб-
раться в жалобе рабочего щеточной фабрики Агзамова.
С ним встретился в кабинете редактора. Подслеповатые

глаза, крепкого телосложения. мускулистый, злой-таким-
представился мне этот человек.
- Пока не добьюсь своего- не успокоюсь,- сказал он после того, как редактор нас познакомил. Рабочий, не
стесняясь, нецензурно выразился.
- Вот этот парень пойдет с вами, разберется,- сказал редак- тор, стараясь поскорее избавиться от скандального посетителя.
- Где вы воевали?- спросил чуть позже я у него, узнав,
что он инвалид Великой Отечественной войны.
- Нигде! Не доехал до фронта,эшелон разбомбили… -он
снова выругался. – Что-то сильно ударило по глазам. Долго
лечился в госпитале.
А суть его прихода в редакцию была такова. Этот
человек обвинял санитара морга во взяточничестве и требовал
опубликовать статью в газете. Я сразу понял: с таким челове-
ком нужно быть осторожным. Он внезапно впадал в ярость и
любого обкладывал забористым, многоэтажным матом.
- Однажды огрел председателя горисполкома стулом,-с торжестве ноткой в голосе вдруг объявил он.-Трижды ходил
к нему на прием, требовал квартиру.Но он постоянно находил
какие-го причины. В четвертый раз бросил в него стул. Жаль-
не попал! А когда пришел в очередной раз оказывается,
он выписал ордер и оставил своему помощнику. Хотел поб-
лагодарить. но меня к нему не пустили. Сказали- сами пере
дадим. Получил на первом этаже трехкомнатную квартирую.
Есть у меня друг. У себя на подворье он содержит около де-
сятка овец . На каждый праздник режет одного барана. Позави-
довидовал я ему Купил десять баранов и разместил их на бал-
коне. А она с раннего утра начинали блеять - просили есть
Соседи пожаловались в горисполком. Но меня побоялись тро-
нуть. Летом балкон провонял. появились муки. Соседи написали выше стоящую инстанцию. Пришла комиссия:” На балконе нельзя держать овец!” - категорически предупредили они. Где это написано. Покажи! - возрази я им. Вобщем, дали мне коттедж.И дворовой участок есть. Там я сейчас и проживаю.
Оказывается, Агзамов написал свое заявление не в одном экземпляре. Оно было отправлено в различные учреждения. Одну из таких жалоб поручили проверить и врачу из облздравотдела…
Санитар был тощим, болезненно-бледным, беспомощ -
ным человеком
- Он нас бил посохом, - воскликнул санитар.Предупре –
ждал события, а теперь на нас жалобу написал. Проверяйте - правда все равно всплывает. Но я жаловаться не буду. Хотя у меня есть и свидетели.
Мы с врачом из здравотдела начали выяснять при -
чину скандальной истории. Как стало известно, судьба Агзамо-
ва взяла его в свои тиски: прожил с женой много лет, но не
было детей, после ее смерти того пришлось старику Тогда по
совету сотрудников он взял из дома малютки на воспитание
четырехлетнего мальчика. Мальчуган оказался очень – бойким
и шустрым.
- Я изменил его имя, - рассказывал старик, - назвал Рав-
шаном. Чтобы не был на меня слепого похожим. Равшан –значит светлый. Прекрасным мальчик был. Отводил меня
на работу, самостоятельно покупал хлеб, молоко. Эх – х!
Дорогие люди! В общественных местах и магистраль-
ных дорогах обратите внимание на люминесцентные лампы, установленные на столбах. У основания таких столбов имеются небольшие ящички, где располагаются предохранители и про-
вода. Зачастую, из –за халатности монтеров эти ящички оста-
ются открытыми.
Когда Агзамов стоял с сыном на остановке, мальчик
решил вытащить такого ящика предохранитель. Его тут же
поразило током.
- Равшан умер у меня на руках, - печально сказал ста-
рик, - а вскоре и я потерял сознание. Когда пришел в себя, ребенка, оказывается уже увезли. Поиски привели меня в морг. Хотели забрать мальчика, а этот санитар – негодяй не дает. Надо говорит, - оперировать и смотрит на мои руки. В таком-то месте. Потом я ударил. Разве тут стерпишь?!
Мы внимательно начали знакомиться с регистрацион-
ными документами, которые были в полном порядке.
В последние месяцы здесь не оперировали лишь одного чело-
века - это был погибший сын старика. Ваша жалоба не доказуема, - на следующий день сказал врач, участвовавший в проверке со мной.
А вы докажите, сказал с нескрываемым раздражением
Агзамов. Ведь за это вам платят зарплату!
Врач промолчал. Старик – ко мне.
-Доктора-очень дружный народ, умеют прикрывать друг друга. Но журналисты должны быть правдивыми. Докажи-
те. Я все равно этого не оставлю! Хоть я и слеп, но незрячи-
ми глазами увидел этого взяточника, а вы не видите его! Я налишу! Напишу лично… А когда все подтвердится, зайду поприветстовать вас.
И он добился своего. Доказал. Сотрудники ОБХСС
Взяли санитара с поличным. Мы копошились совсем в другой
стороне ,это выяснилось потом.
Хотя метод вымогательсва у санитара был донельзя
прост. После вскрытия покойника, за его телом приходили родственники, санитар вместо того, чтобы поддержать, успоко-
ить их, обычно говорил:
- Вон ищите сами среди мертвецов! Там есть и сго-
ревшие, и с распоротыми животами…
Естественно, после таких слов и без того расстроен-
ные родственники невольно вздрагивали. Кроме того,, в сло-
вах санитара явственно звучал намек. “ Да гори ты синим ог-
нем “ , - думали родственники и совали санитару деньги.
Агзамов больше в редакцию не приходил. Вспоминая
сейчас тот случай, я задумываюсь, может быть, и сейчас в не-
которых местах есть люди, берущие налоги с покойников? Они
должны ответить перед святыми нашими законами. О том, что
в этой клинике слабо поставлена политико – воспитательная ра-
бота, о злосчастных монтерах, против излишних украшений загсовых машин и других подробнык явлениях статьи появлялисьпостоянно, Это выступления не остались без следа. Они “ работали “ .Я убедился в этом.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 5

Бегоҳи якшанба денг, хобгоҳимда гардуни дуннинг ногаҳоний кўргуликлари хусусинда хаёл суриб ўтириб эрдим, берун тарафда шавқун сурон қўпди. Елкамга яктак ташлаб, андак хавотир ила чиқсам, кулбамдан тўрт-беш эшик ростда авж ғала-ғавур. Бир нимарса фаҳмламай, наздикрок бордим. Қарасам, серсақол бир урус мард бирла заифа Одам Ато бирла Момо Ҳаво кийгизиб юборган либосда, яъне қип луч эрдилар. Эркак экки қўли бирла авротини ёшуруб турур, заифанинг ҳар бири ялтирбош ҳокимимизнинг калласидак келадурғон аппоқ сийналари авезон эрди. Алар ваҳм ва ҳижолатдан дағ-дағ ларзон эрдиларки, ҳеч бир ҳисоби ёинки таққоси йўқдур. Бир заифа раҳм қилиб, аёлнинг устига чойшаб пана қилди, дигари эркакка яктак тутқозди. Локинда шу муддат бир шаддод вайсоқи ва беандеша заифа аларнинг устидан чойшаб бирла яктакни юлиб отди, бир нималарсалар деб авоз кўтарди, жанжол қилди.
Шу фурсат денг, бир эркак шитоб бирла аларнинг хонасига кирди ва даме ўтмай узунлиги, Аллоҳу аълам, экки қулоч, ғафслиги ҳам одам пойидек келадурғон газандани кўтариб чиқди. Мардум ваҳм қилиб чекинди, ғайридинлар чўқунуб олдилар. Бад ул мардак зарра қўрқмай, ваҳшатли йилонни тўрбага тиқди ва бозуд жўнади. Бадазон миршаблар пайдо ўлдилар ва каминаи ғариб хатга тушушдан хавотир олиб, ўзумни кулбамга урдим.
Урус бобойни танидим. Ул художўй ҳар якшанба заифаси бирла шу кулбага келиб ётур эрди. Қайбирам урусмачитнинг ( алар черков деюрлар) имом-хатиби ( алар поп ёки пастор деюрлар) бўлғони сабаб ғайридинлар бисёр иззат кўрсатур эрдилар. Айрим заифалар, домонлари, қўлларини ўпур эрди. Рўзи шанбе “Эртага ҳазрат завжалари бирла келурлар” деб тараддуд кўрур эрдилар, бо ин жумла хоналарини сидқидил тозалар эрдилар.Аммо нечун бундоқ нохушлик, дилсиёҳлик юз курсатди, фаҳми ожизим ноқис эрди.
Якчанд соат ўтуб, хонамга фаррош заифа кирди ва уни аста гапга кирутдим.
- Юзи кўйсун аларнинг: ул мочахар заифа хотунчаси бўлмай ўйноши эркан,- гап бошлади у.
Ғийбат борасинда урус аёллар ғам ўзумизникидан қолишмайдур. Эмдики жавради, бу лаққи ҳисоби йўқ. Ул сержоғнинг баёнидан шу нарса аён ўлдики, ўйнош заифа ҳам тарки дунё қилиб, монастир деб аталадурғон жойда рўзгурзонлик қилур экан. Шундоқ табаррук жойда туруб, серсақол поп бирла дон олишиб қолибдур. Ва алар ҳар якшанбе келиб, бу ерга шаҳват ва зино қилур эрканлар. Ҳолиги, аларни дуои бад қилиб, жанжол қўптурган заифа попнинг никоҳдаги хотуни эрмиш ва аларнинг бу ҳаром-ҳариш қадамларидан воқиф бўлуб, ғазаб отига минибдур. Бадазон таниш морбозни тутуб дебдики: “Алар кўрпага кирган маҳал, сан йилонингни тиризадан киргизиб юборурсан. Ман санга фалон рубл берурман.” Морбоз рози ўлуб, йилонни хонага равона қилибдур ва даме ўтмай, ошиқ-маъшуқлар қўрқуб, ташқари отилмишдурлар.
Во, макри минг туяга юк бўладурғон хотунлар! Магарам ашўлаларда аларни хушфеъл, меҳрубон деб алқасалар ҳамки, баракс бисёр қасоскор, маккор ҳамда бераҳмдурлар алар!
Эй эркак зоти, магарам ўйношга борадурғон ўлсанг, зинҳор ва зинҳор бу намоқулчиликни исини чиқорма. Баракс попдак шармандаи шармисор бўлурсан!
Боре гап шу. Бадазон ўйқум келмади. Начора, уламолар аросинда ҳам чапга кетадурғонлари бўлур эканда. Биз бандаи ожизлар нима ҳам дердук. Одам Ато бирла Момо Ҳаво шу бемаъниликни қилғоч дигарлардан не умед?
Мачитимизнинг ҳам бир имом-хатиби бўлур эрди. Одоб хусусинда ваз айтса, тукингга жон кирурди. Ўзи ҳам пайғамбар ёшидан ошгон бўлуб, мардум бисёр ҳурмат кўрсатур эрдилар. Шундоқ одам иславотхонага бориб, бир фоҳишнинг устида бандачиликни бажо келтурди. Фоҳишага ақчалар бериб дедиларким, тилингни тишла. Аммо гап чиқиб кетди. Ҳай, ҳай, ҳай... Шуноқа гаплар.
Попнинг ҳам айтгонини қил, қилганини қилма,- деса раво бўлур, фикр қилдим ва устимға кўрпа тортдим.

Калвак Махсум.
Москов. Ғарибхона. Ҳижрий
1431, мелодий 2010.

понедельник, 22 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 4

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 4


Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим. Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар, Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар. Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди, ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва таҳлиллар қилди. Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди. Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди. Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди. “Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.” Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам, аслида молдухтурдур. Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши мушкул кечди. Шу боис, чорвоси бор одамларнинг ўйига бориб, қўй-эчки-ю, қаромолларига даво бериб юрди. Иши андак авж олғач, ўйига духтурхона очди. Одамлар сигирлари ва ҳатто кучукларини ҳам етаклаб келадурғон, жониворлариға шифо топадурғон бўлдилар. Бир кун, айни пешин борсам, эшик алдинда бир урус кампир пишагини ачош қилиб шашқатор ёш тўкуб ўлтурур эрди. “ Ҳа, бабушка, дедим нима бўлди?”. “ Пишагимни ичи қотиб қолди” деди. Дўсбекка олиб кирдим, денг у дори ичдирди ва даме ўтмай жанивор тузолди.
Аммо-лекин дилсияҳлар ва таъмагирлар пайдо бўлдилар. Ҳамсояси нобоп эрди, устидан ёзди. Солиқ катта жарима юклади. Сўғун бор-ей, деб Москов равона бўлди.
Ман сўрамаёқ Дўсбек тириклик тарзи, қиладурғон юмуши хусусинда сухан очди.
- Бир бойнинг маймунини боқурман. Ани чўмилтирурман, авқот берурман, либос кийгизурман ва боз дағи янги ҳунарлар ўргатурман. Бой ойиға фалон рубл берур, ани Ўзбакистон пулига чақадурғон ўлсак, миллиондан ошур.
Бундоқ чамалаб кўрсам, яхши пул. Бизнинг қишлоқда муаллимнинг маоши экки юз минг. Анинг ярмини пластикага солурлар, қолғонини обуна пули, газ пули, свет пули, тафтишчига нон пули, балнисага қон пули деб қайтарурлар. Ўттиз нафар балага ҳам дониш, ҳам одоб ўргататурғон муаллимга шимилдириқ ҳам тегмайдур. Духтур бўлса биргина маймунни боқиб шунча ҳақ олур. Бу қандоқ бедодлик?
Бадазон духтур деҳамиздаги қавмларини бирма-бир йўқлади ва ман аларнинг сиҳатлигини гапурдим.
- Эмди, деди бизнинг кулбага борурсиз ва бир пиёла чой нўш қилурсиз. Ва жону ҳолимга қўймай, чорчархасига миндурди. Қибла тамон якчанд чақирим йўл босгач, жамшедона қаср пайдо бўлди. Биз пастакрок ўйга кирдук ва ногаҳон ичкари ўйда турғон маймунни куруб, андак хавотирим ошди. Жаниворга жинсидан калта иштон, боз елкаси тасмали яктак кийгизилган эрди ва либослари зебо эрди.
- Бунинг номи Шаҳаншоҳ,- изоҳлади духтур. Ҳар кун либосини янгилайман. Хўжайин уни бисёр дўст тутур, ҳар бегоҳ ани йўқлайдур, гапга соладур, бағрига босадур.
– Ну, Шаҳаншоҳ,- духтур урусчалаб, маймунга сўз қотди,- меҳмонга таъзим қил.
Жанивор денг экки қат бўлуб, манга таъзим бажо келтурди.
- Эмди,- деди аларнинг кафшларини тозалаб қўй. Давай, давай!
Магарам кафшим тоза бўлса ҳам махлуқ, латта олиб уни артди ва ман андак ҳижолат тортдим. Бадазон денг, духтур маймуннинг олдига хонтахтача қўйуб, устига банан, пишган лўбиё, нон, шарбат ва дағи алланималарни тортди ва: “ Шаҳаншоҳ, дастархонга марҳамат”, деди. Бад ўзимизга ҳам дастархон ёзиб, шуноқа неъматлардан қўйди. Бадаз таом маймун алланима деб ҳиқиллади. “Яхши, яхши, сейчас, деди ҳамроҳим ва изоҳлади - Шаҳаншоҳни пешоблари танг қилди.” Сўнг жаниворни ҳожатхонга олиб кирди. “Шаҳаншоҳ, эмди қўлингизни ювинг, деди, ҳаял ўтуб чиққач. Маймун бўйсўнди. Ҳамма жо-бажо бўлди ва боз жаниворга сухан қилди. “Эмди меҳмонга булбул бўлуб хониш қилинг.” ”Жанивор бўлса бошини сарак-сарак қилиб, инкор ишорасини қилди. “Майли, майли, ундоқ бўлса, от бўлуб кишнанг.” Жанивор денг, отнинг худди ўзи бўлуб кишнади ва ман беҳад сарафроз ўлдум.. Дўсбек каминага қараб давом қилди. “Боз қарға, қарамол, жиблажибон, Жексонга ҳам тақлид қилур. Эмдиликда нарда ўйнамоқни ўргатурман. Бади бир-экки сана хўжайин бирла нарда сурадурғон бўладур.”
Шу тариқа таъриф-у, роса тафсин қилди ул бадбашарани.
-Урус – яхши халқ,-давом берди у,- аммо баччағарлар кўп ичурлар. Аёл-у эркак, бачча-ю, бобой тап тортмай, худодай қўрқмай, майнўшлик бирла бандурлар. Ўтган якшанба денг, Худо бир раҳм қилди. Казо-казолар меҳмон бўлиб келғон эрдилар ва базми Жамшед қилдилар.. Хўжайинни кайфи авж олиб: “Шаҳаншоҳни олиб киринглар,” деб фармойиш қилди. Хавотир ва андеша аралаш жаниворни етаклаб бордим. Хўжайин сарафроз ўлуб: “Шаҳаншоҳ, қани меҳмони мўҳтарамларга бир таъзим бажо қил” деди. Бу рад қилмай, заифу мардга бирма-бир бош хам қилиб чиқди. Меҳмонлар бадмастлик ила шодон ханда қилдилар. “Эмди хонимларнинг қўлини муччи қил” фармойиш берди. Қайсиямки заифа инжиқлик ва ноз-фироқ қилмай қўл узотди, шаҳаншоҳ бўса қилди. Беҳисоб ханда қилдилар, сарафроз ўлдилар. “Эмди, деди хўжайин Жексон бўлурсан, ўйин тушурсан” Ани саҳнага чиқориб, мусиқани валанглатиб қўйдулар. Бу жанивор бўлса, ўзум ўргатгандай, мусиқага ҳамоҳанг вужудини ларзага солар, Жексондак шахдам ва боз ҳайратзеб қилиқлар қилар, авоз кўтарарди. Заифу мард жўр бўлуб, эчкидак дикирлаб, ўйин тушур эрдилар. Шавқун-сурон эрди. Бадазон денг, кўзига айнак олғон, депутат меҳмон авоз кўтарди: “Эмди шаҳаншоҳга арақ ичирурмиз.” “Тақсир, дедим, қўрқуб, бу - маймун, зинҳон ва зинҳор одам эмасдурки, шароб ичса.” “Бас қил, дурак, деди, сан билмайдурсан, маймун - мана бизлармиз. Бу аждодимиз. Ичур! Заставить қилурмиз! Маймун ҳам нўш қилади, сан ҳам, деди ҳамширағар. Бу қандоқ хунук кўргуликки, ҳамма нўш этса-ю, бу бедаво ичмаса. Ё бизни одам ўрнида кўрмайдурми? Нима намоқулчилик?”
Рости гапки, ўттуз йиллик тоат-ибодатим хоку туроб бўлишидан ваҳм қилиб, қўрқуб кетдим. Якчанд занғар бадмастлар шаҳаншоҳни тутиб турдилар, айнак олғон бераҳм унинг оғзига ҳишша суқди. Жанивор бисёр азоб тортди.
Машойихлар демишларким, девона гурез, маст омад, маст гурез, зармаст омад. Бу бандалар зармаст ва ҳар балолиққа мойил эрдилар ва қочмоқлиқ ҳунар ҳисобланур эрди.
“Марҳамат, шаҳаншоҳга газак,” деди меҳмон бир бананни узотиб. Аммо беандеша маймун газакдан юз ўгуруб, депутатнинг бетига бир лахт туф деб юборди. Ул баччағар қаҳрга минди, ғазаб бирла: “таппончамни беринглар, бу махлуқни отурман” деди. Аҳли базм саросима ҳамда хавотир ила сукутга чўмди.
“Қоч,” дедим шаҳаншоҳга, баландни имо қилиб. У бир ҳаллоз ила экинчи қаватга чиқди-ю, кўздан пана ўлди.. Ғала-ғавур бўлуб, бадбахт депутатни алқашга, жаҳлдан тушуришга жазм қилдилар. Заифаси, қайсиким, анинг елкаси ва тахтапушти яланғоч, этаги йиртилғон эрди ва бу нимлучлиги ҳар қандоқ эркакни ҳирсу-хаёлини бузур эрди, ул бадмаст ва жаҳолатманд эрини қучоғига қўчуб, Худонинг зорини қилди.
Ман пишакдак оҳиста чиқиб, надомат ила кулбамга йўл олдим. Қарасам, шаҳаншоҳ каминага мунтазир бўлиб турғон экан. Дедимки: Ҳай-ҳай беодоблик қилдинг.”
Бадазон Дўсбек бойнинг отға ҳам бисёр ишқибозлигини гапурди ва биз ҳазмитаом, боз сайрипо қилиб, якчанд дулдулларини тамошо қилдук. Тасанно айтдим ва бисёр сарафроз ўлдим.
Вақти шом паноҳи худо қилдик ва камина хобгоҳ сари равона ўлдим.

Ҳижрий 1431, мелодий 2010, зулҳижжа, бегоҳи чаҳоршанба санасинда битдим. Мусофирхона. Боз давомини ёзурман, деб қўл қўйдум. Калвак ибн Махсум ва дағи ас Самарқандий.

воскресенье, 14 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 3

Пайшанба бирла жума ўтди. Аввал худога шукроналар ўқуб, бундоқ фароғатдан бенасиб қилмагайсан, ямон ҳамроҳ, ҳамхона офати жондур, андин ўзинг сақла, дедим, аммо билурсизларким, бандаси беқаноатдур, ношукурдир. Уч шаби рўз кечган эрди зиқ бўлдим, дилим косаси ҳасратга тўлди. Тағин тангрига илтижо этдим: «Москов шаҳринда забони узилган гунгга, қулоғи қирқилган карга айлантириб қўйма. Ғариблик бирла мусофирлик азоби устихондан ўтди. Бир сўфитабиат ҳамроҳ юборким, ул мўмин бирла адолат, диёнат ва охират ҳақинда суҳбатлар қурайлик». Иншооллоҳ, оҳу-зорим осмону фалакка етди чоғи, эшик нозиктаъблик бирла тақиллади. Бирор заифа келдиму, номаҳрамлик бўлмасун деб, яктагимни елкамга олдим. Магар заифа бўлса, қандоқ муомила қилурман, деб андишаларга бордим, то ҳаттоки шайтони лаин каминани ножоиз йўлларга бошламоқ пайида ҳам бўлди, лек гуноҳга юз ўгурмасликка қарор айлаб эшик очдим. Остонада денглар, эмди қиличдай хушқомат бир йигит турур эрди. Эҳтиром сақлаб: «Ассалому алайкум, устози муҳтарам», деди. Ўзга осмон тагинда она каломни эшитмоқ – бисёр ҳузурбахш ҳамда серҳаловат эрди; дилим завқ олиб, қарочуғимда ёш айланди. «Ваалайкум ассалом!» дедим фақир ҳам қироат бирла. Ногаҳоний шогирд қучоқ очиб, каминани бағрига босди. Дедики: «Сиз муҳтарам зотни фалон йилдан бери билурман ва эҳтиромим бисёрдур. Зеро, сизни кўрмоқликдан сарбаланд-у сарафроздурман!» Бисёр ва боз бисёр мамнунлик топдим. Ана дейман заковат; боз тағи орифлик бирла маъруфлик! Анинг ўзи бисёр эмин, суханронлиги шоҳис¬та эрди. Мисоли юз йиллик қадрдондек апоқ-чапоқ бўлдик. «Мани Шарқий деюрлар, давом берди шогирдим, заковатпешалик бирла, тўлуғ номим – Шарқий ибн Ота Араб Бухорий». «Бундоқ бўлса, асли Бухорои шарифдандурсиз?», савол айладим. «Бале, деди, зукко ва аълофаҳм устозларнинг садағаси кетсанг арзир».
Гапдан гап чиқиб, шу нарсалар аён бўлдики, (магар деганлари чин бўлса) падари бузруквори араб, модари муҳтарамайин тожик, ўзи бўлса ўзбек экан. Тағи дедики; «Етти тилни билурман, уч забонда шеър битурман». Бир маҳал денглар, Қуръони шарифдан шундоқ сураъ қироат қилдики, тукларимга жон кирди. Ҳай, ҳай, дедим сани тарбия қилгоннинг падарига раҳмат! Бухорои шарифда ҳам, Тошкану Московда ҳам уйи бор эмиш. Ўзи олими бозарба, шоири зукко (гапини шеър қилиб айтади) экан. «Эй шогирди камолрас, дедим, андак андеша тутиб, магарким уй учта бўлса, хотун ҳам...» «Эй устози пурҳавас, деди бош эгиб, бир қошуқ қонимдан кечинг, эмди, вақтида шундоқ гуноҳ қилганмиз». Фатво бердимки, бу шариатда раводур, хижолат тортмоқ чикора?! Гуфтигўйимиз авжига чиқди. Аён бўлдиким, казо-казо зотлар ва пешволар бирла ҳамнишин-у ҳамроз бўлган экан. Жайхун бирла Сайхун аролиғинда ани билмайдурғон киши чиқмоғи амри маҳол эмиш. Шарқий фақат ўзини улуғламай бот-бот каминани ҳам сифатлар, ҳамду сано ўқурди. Бу ҳолдан сарафроз ўлмоқни ҳам, ҳижолат чекмоқни ҳам билмасдим. Ҳа, тиллотабиат эрди бу одам. Чунони бамисли Искандар хуррак тортмас, шаробни оғзига олмас; Дерсу Узаладек сержоғ-у бефаҳм эмасди. Гапини етти ўлчаб гапирар, иззат-одобни жойига қўйиб қўярди.
Устозу шогирд то нисфишаб суҳбат қурдик. Бевафо умрнинг бебақо ташвишлари, пул топмоқ, рўзғор тебратмоқ хусусинда ҳасрату надоматлар бўлди. Шар¬қий– Саъдий, Ҳофиздан байтлар, рубоийлар ўқуб, нопок амалдорларга нафрат ўқирди. Аён бўлдиким, ҳақиқатгўйлиги сабаб, бисёр мусибатлар чеккан экан. Зукколик ила миллат хусусинда жонсўзликлар қилар, ғайридинларга нописандлик кўрсатарди. Нопок эркаклар, қаллоб шогирдлардан андоқ нафратландики, ҳадди йўқ.
Вақти саҳар шаҳарга йўл олдим. Вақти шом кулбамга ихтиёр этсам, шогирд шеър бирла пешвоз чиқди.
Эй устоди меҳрдор,
Шарқий сизга интизор!
Дедимки: «Зукко ҳамда ҳозиржавоб шогирднинг садағаси кетсанг. Бундоқ жаннати одам бирла ҳамхонаю ҳамсуҳбат бўлмоқ...» у суханимни кесиб, давом берди: «... савобларга тўлмоқ». Зуд ўтмай, ул садоқатманд шогирд чой келтурди ва камина ҳаловатдан ийиб кетдим. «Мулло Шарқий, дедим, сизни каминага худонинг ўзи юборди; баръакс дилхуну дилранж бўлур эрдим. Экки банда ҳамхона бўлди – ман қон қақшадим. Деди: «Сизга озор етказган нонкўрга худо жазо берсун! Неки хизматларингиз бордур каминаи камтарин камарбастадур!» Жавоб айладим: «Шу каломнинг ўзи кифоя ва андин сарафрозман.»
Бадазон хушчақчақлик қилдик. Шеърхонлик, латифгўйлик бўлди. Бир маҳал савол айладимки: «Эй шогирди баркамол, хотун учта деган эрдингиз, бала-чақачи?» «Бала -бор-у, чақа йўқ, чақа бор-у ақча йўқ», суханбозлик қилди у. Эй дедим, офарин сандай зуккога. Шарқий бўлса шакаргуфторликда давом этарди:
Устоз отадан улуғ,
Дили шафқатга тўлуғ.
Шарқий шудир ҳақ йўли –
Табаррук устоз пули!
Во баччағар, дедим ичимда, бу нимага шаъмаю ишора қилди? Ё шаҳри мусофирда камхарж бўлиб, пулга зориқиб қолдими?! Боз андак танаффус ўтказиб, савол айладим: «Эй шогирд, пул дегани қўлнинг киридур ва ул бебақо-ю бесамардур. Магарким, бесармоядурсан – ранж тортма!» Деди: «Аълофаҳм устозларнинг қурбони бўлсанг арзир.» Жомадонимни шартта очдим-у, бойламадан фалон сўмни олиб, қўлига тутқаздим. Дили равшан тортиб, кифригига нам олди. Қўлимни ўпмоққа харчанд азм қилди – имкон бермадим. «Устози бузруквор, ушбу саховатингиз ўн бўлиб қайтгай», деди.
Айни шом маҳали фалаки бебақонинг кечмишлари борасинда гуфтигўй қилиб турган эдикки, эшиб очилиб, остонада экки жонона юз кўрсатди. Ушбу жувонларни таъриф этадурғон бўлсам, уларнинг ҳар бири бир парипайкарга баробар эканлигини таърифлаб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Ана ҳақиқ лаблар-у, ана хипча беллар! Яноқларнинг гулгунлиги, чеҳраларнинг беғуборлиги, кўкракларнинг баркамоллигини бирма-бир таъриф этадурғон бўлсам, гуноҳга ботишдан чўчурман. Вой сани... Кўзларнинг хуморлиги, гилосранг лабларнинг ташналигини кўруб, хаёл қилдимки, бу ҳам оллоҳнинг бир инояти ва биз бегуноҳ бандаларга кўрсатган кароматидур.
Алар ўзларини ичкари олиб, Шарқий бирла гарму жўшон кўришдилар, ҳолпурсликлар, шакаргуфторликлар қилдилар. Англадимки, қўҳна ўйношлардур. Бадазон икковлон Шарқийни силаб-сийпашга, ялаб-ясқашга киришдилар. Камина бу ножоиз ҳолдан андак ҳижолат тортиб, каловланиб, бо дағи эсанкираб қолганимни гарданига олмоғим жоиздур. Бир замон алар мандан тариқча ҳам тап тортмай, бир-бирларига андак бешарм-у беҳаё гапларни айтишга киришдиларки, фақир бисёр дилтанглик тортдим. Жувонларнинг серишваси шогирдимга савол айлаб қолди. «Шарқий, бу амаки кимдур?» Илло унинг сўроғидан: «Нечун бу бефаҳм чиқиб кетмайдур», деган сўроқни ўқудим. Ҳамхонам хориж тилинда бепарво жавоб айлади: «This is mai costrate negvо. ( Менинг бичилган малайим) Тушунмаган бўлсам ҳамки ани хотирга олдим. Беҳаё заифалардан бири нимлуч бўлғоч, тоб беролмай, ташқари равона бўлдим. Фикр қилдимки, Искандар бирла Дерсу Узала бу бетавқиф шогирддан чандон устун эрдилар. Қайтиб кулбамга кирмоққа юзим чидамади ва шаби дароз совуқ кўчаларда дарбадар бўлиб юрдим. Эй Карими қудратнок шу ситаминг ҳам бор эрдими, деб зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, илтижо этгоним бутурур.
Не гуноҳлар қилган эрдим, эй тангрим,
Кўча-куйда бани сарсон қилдинг-о.
Устихондан ўтди Москов савуғи
Мусофирни зору гирён қилдинг-о!
Садо бергил умматингга Муҳаммад,
Ман – фақирни мисли хазон этдинг-о,
Зор қақшарман эмди билсанг то саҳар
Қақшатдинг-у, тағи ҳайрон этдинг-о!
Саҳарда ҳам уйимга кирмай, сабоқхона томон йўл олдим. Лекин дилим беҳад ғаш эрди, кўзимни уйқу босарди. Шарқийнинг бундоқ беандишалигидан надоматлар тортдим. Бир маҳал луғат варақлаб, ҳалиги суханни таржима қилсам, шуноқа гап. Жоним халқумимга тиқилди. Вой сен ҳаромининг ҳамширангни... дедим. Санақа бетамиз шогирдни ҳиқилдоғингдан буғиб, тавба-тазарру қилдирмасам, номимини башқа қўюрман!
Жаҳлга миниб, хонамга келсам, бу ноодами нокас хайр-хушни ҳам насия қилиб, думини тугиб қолибди. Вой сен ипирисқининг башарангга аёғим! Лаҳатга кўндаланг бўлгур! Шайтони лаинга берган пулим садқаи саркуя, жомадонимдан ҳам талай заруратларни ўмарибди, падарлаънат! Қайдин ҳам топурман эмди – бу жўгибаччани?!
Ҳа майли, бош ёрилса, қалпоқ тагида дерлар. Тани-жон соғдур-бунинг ўзи давлатдур! Бу ҳол сабоқ бўлур ва бадазон хушёрлик қилурман.
Шу бирла номам охир!
Қўл қўйдум: Калвак ибн Махсум.

среда, 10 ноября 2010 г.

ХУСУСИЙ САЙТИНГИЗ БОРМИ?

Хусусий сайтни компьютер тилида блог ҳам дейишади. Расмий сайтлардан фарқли ўлароқ, уни очиш, ишлатиш осонроқ кечади. Бунинг учун ҳеч кимнинг рухсати ҳам, маблағ ҳам талаб қилинмайди. Лекин малака бўлиши шарт! Бундай пайтда Абдулла Қаҳҳорнинг айрим ижодкорларга қарата: “Дутор чалишни истайман, аммо афсуски буни уддалолмайман”, деган гапи ёдга тушади. Монитор қаршисида маълум муддат ўтириб, “сичқонча”нинг елкасини силашни обдон ўргангандан кейингина, сайт ёки блог очиш ташвишига тушган маъқул.
Бунинг учун уйда ўзингизнинг шахсий компьютерингиз бўлиши зарурдан зарур. Бизнинг кўпчилигимиз у билан боғлиқ юмушларимизни ишхонадаги компьютерчига, хотинимиз, ўғлимиз, шогирдимиз, набирамизга юклашга кўникиб қолганмиз. Аммо, токи дуторни ўз қўлимизга олмас эканмиз, уни ўзлаштиришимиз мушкул бўлиб қолаверади.
Бугун расмий ёки хусусий сайт ҳар бир журналист, шоир, ёзувчи учун зарурдан зарур воситадир. Фараз қилайлик, сиз оилангиздагилар насибасини қайчилаб, нашриётга фалон пул бердингиз ва китоб чиқардингиз. Аввало, нашриётга юзма-юз бўлган ҳар қандай ижодкорнинг таъби тирриқ бўлишини тан олишимиз керак. Улар ишни айнан ошкоралик куртакларини чилпишдан бошлашади. Китоб босилиб чиққандан кейин ҳам Тошкентдаги тўрт-беш дўконда сотилади, холос. У ҳатто вилоятларга ҳам етиб бормайди.
Бу билан мен китобнинг муқаддаслигига зинҳон ва зинҳор шубҳа билдирмоқчи эмасман. Бугунги жаъми тараққиёт, шу жумладан компьютернинг ўзи ҳам китоблар шарофати билан дунёга келганлигини тан оламан. Аммо глобаллашув замонида китоб рақобатда кўпгина позициялар бўйича ортда қолганлигини тан олмаслик якравлик бўлур эди.
Мен кўпгина номдор ёзувчи ва шоирларимизнинг сайтлари йўқлигидан надомат чекаман ва бу ҳолни каттагина йўқотиш деб ҳисоблайман. Бугун қоғозсиз, китобсиз адабиёт юзага келганлигини ва у катта одимлар билан илгарилаб бораётганлигини кўриб турибмиз. Эндиликда миллатнинг интеллектуал тараққиётига баҳо беришда, энг аввало, ҳар минг кишидан қанчаси Интернетдан фойдаланади, деган савол берилади. Надоматлар бўлғайким, бу борада биз анча ортда қолиб кетганмиз.
Компьютерда ёзаётганлар нимани қойил қилди, деган кинояли савол ноўрин, чунки қўлда ёки машинкада ижод қилаётганлар ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборгани йўқ. Фақатгина, электр лампа туриб, чироқда ёзиш чикора, деган савол қўйилаябди, холос.
Фараз қилайлик, сиз янги шеър ёки ҳикоя ёздингиз ва сайтингизда эълон қилдингиз. Унга ҳеч ким қалам тегизмайди ва шу ондаёқ бутун дунёга тарқалади. Бугунга келиб Интернет қўл телефонига ҳам уланадиган бўлди ва сизнинг асарингизни истаган киши, истаган жойда ўқиш имкони юзага келди. Аммо бошболдоқсизликка ўрин йўқ. Умуминсоний қоидалар бор: урушни, миллатчиликни тарғиб қилганлар, инсоннинг шахсига тегадиганлар суд олдида жавоб беришлари керак.
Айтинг, айтинг, бу ижодкор учун жуда катта имконият эмасми?
Аммо, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Сайтингизга одамларни жалб қилиш осон кечмайди. Фараз қилайлик, сайтда янги роман, қисса ёки туркум шеърларингизни чиқардингиз. Интернетда эса китобдан фарқли ўлароқ, кишини чалғитувчи омиллар бир талай. Латифалар, танишувлар, дунё воқеалари ҳатто беҳаёликлар ҳам. Шунинг учун ҳам Интернетдан катта ҳажмдаги асарларни камдан-кам ҳолларда ўқишади. Ишни кичик ҳажмдаги, ранго-ранг нарсалардан бошлаш керак. Бугун иккита шеър, эртага публицистик мақола, ҳажвия ва ҳакозо. Рус тилидаги таржималар ҳам зарур. Ахир, сиз жаҳонга чиқаябсиз-ку! Компьютер айнан русчадан инглиз ва бошқа қатор тилларга таржима қилиб беради. Ўзбек тилидаги матн эса ҳозирча бундан мустасно.
Хусусий сайт ҳам хотиндай гап. У билан доимо мулоқот қилиб туриш, кам-кўстларини тўлдириб бориш шарт. Сайт очиб, ҳеч нимарсага эришмаган ижодкорларни ҳам биламан. Чет элларда ўз сайтларини реклама қилишнинг кифтини келтиришади. Етти ёт бегоналарга ҳам хатлар ёзиб, сайтига бирров киришни таклиф қилишдан чарчашмайди.Унга бошқа муаллифларнинг ҳам энг қизиқ асарларини жойлаштириш, дунё воқеаларини ёритиш, рекламалар эълон қилиш йўли билан сайтнинг мавқеини оширишади.
Энди шунча гапдан кейин сизни сайтимга киришга таклиф этмоқчиман. Бунинг учун Gоogle тармоғига nusratrahmat.blogspot.com деб ёзсангиз кифоя. Шунда бирнеча асарларимнинг сарлавҳаси пайдо бўлади. Истаганингизни боссангиз, сайт очилади. Бош саҳифанинг ўнг томонида Архив бор. Истаган асарингизни шу ердан топасиз. Бу ерда ўзбекча ва русча мақолалардан ташқари, ҳикоялар, ҳажвиялар, шеърлар, фотолар, ёғоч қошиқлар коллекциясининг сурати ва ҳакозолар бор. Унинг пастида эса Vizitors кузгуси жойлашган. Бу ерда йил давомида қайси мамлакатдан қанча ўқувчи сайтга кириб ўқигани акс эттирилган. Ва жорий йилда 22 мамлакатдан 1500 дан кўпроқ ўқувчи кирганлигига гувоҳ бўласиз. Булар орасида Германия, Португалия, Туркия мамлакатларининг байроқларини таниш мумкин. Аммо биринчи ўринни Ўзбекистон., иккинчисини АҚШ эгаллаб турибди. Бир вақтлар америкалик ўқувчилар сони биринчи ўринга ҳам чиққанди. Аммо ҳарқалайки, мен учун бу ноўнғайлик кўп давом этмади.
Мазкур кўрсатгичлар мени қаноатлантирмайди, албатта. Бот-бот турк ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Ўрхан Памук сайтини очиб, сайтимнинг ночорлигидан, компьютер ва Интернет оламини ҳамон яхши билмаслигимдан, бу ҳаракатни лоақал беш-ўн йил илгари бошламаганимдан надоматлар чекаман. Ёзувчининг турк, инглиз, рус ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида сайти бор ва уларга юзга яқин мамлакатдан ҳар ойда минглаб ўқувчилар киришади.
Сайт-блогимга киришнинг тағин бир ўнғай йўли бор. Ўша Google тармоғига “Нусрат Раҳмат” деб ёзсангиз ҳам экранда мен ҳақимда талай маълумотлар пайдо бўлади. Шу жумладан, чет эл сайтларида эълон қилинган мақолалар ҳам кўринди. Бундай пайтда “Автобиография” деган сарлавҳани очишингиз лозим.
Сўнгги пайтларда чет элдаги сайтлар эгалари асарларимни кўпроқ кўчириб босишаябди. Бу – ҳам ташвишли, ҳам қувончли. Аммо улар кўпроқ рус тилидаги асарларни танлашмоқда. АҚШ, Россия, Қозоғистон мамлакатларидаги ўнлаб сайтларда талай асарларим чиқди. Сиз улар билан сайтимда ҳам танишишингиз мумкин. Булар орасида рус тилида “Ўзбекистоннинг етти муъжизаси”,“Туркистон жадидлари ҳамон таъқибдами?” “Миллий масала – ор-номус масаласи”, “Зангори кема”лар қани?” ”Янги вазирдан умидлар”сингари мақолалар, ҳикоялар бор. Ўзбек тилида эса ўнлаб ҳикоя, ҳажвия, мақолаларимни кўчириб босишни. Мазкур асарларнинг аксарини газета, журнал ва нашриёт муҳарирлари, қалтис, баҳонасида қайтариб берган эдилар.Бу борада мен “ЦентрАзия”, “Современник” сингари сайтларнинг ходимларидан миннатдор эканлигимни айтиб ўтишим шарт.
Юқорида хусусий сайтни хотинга таққосладик. Хотинни иккита қилиш талай нохушликларга сабаб бўлади. Аммо сайтни кўпайтириш мумкин. Каминнинг бундан олдин nusratrahmat.ru деб номланган сайтим бор эди. Аммо айрим сабабларга кўра ундан фойдаланмай қўйганман. Мазкур сайт “Зангори кемалар қани?” мақоласи билан якунланган, аммо уни ҳам очиб ўқиш мумкин.

Азиз биродар! Деярли ҳар бир шаҳарда компьютер ўқув курслари, коллежлари, МТС ва бошқа компаниялар офисларининг малакали ходимлари, тажрибали компьютерчилар анчагина. Улар бир зумда сизга расмий ёки хусусий сайт (блог) очиб беришлари мумкин. Сиз дастлаб суратингиз, таржимаи ҳолингиз ва асарларингиздан намуналарни эълон қилсангиз бўлгани. Ҳақиқий изланиш эса ундан кейин бшланади. Агар сиз бу жараёнлардан ўтган бўлсангиз, тажрибаларингиз билан ўртоқлашинг, дўст, танишларга ўргатинг. Биз Интернетдан фойдаланиш масаласида эса ортда қолаётганимизни юқорида таъкидлаган эдим.
Менга савол, мулоҳазалар бўлса ёзиб юборинг. Электрон манзил: nusrat41@mail.ru

Нусрат РАҲМАТ
Самарқанд

вторник, 2 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 2

Бу нохушликдан экки кун дилхун бўлиб, хобгоҳдан чиқмадим. Бад ялғузлик тортиб, навбатда турадурғон хотунга дедимки: «Бир мўмин-мусулмон ҳамро бўлса. гурунг қилиб ётур эрдим». Деди: «Харашо, ман койиш қилурман». Кулбаи танг-у, торимга ўтуруб, бозорни, бедаво Искандарни ёдга олиб турғон маҳалим эрдики, эшик очилиб, бояги хотун бир алвастисуроб, яввойибашара одамни етаклаб келди. Ани кўруб, нафасим ҳиқилдоғимга тиқилди. Анинг соч-сақоли поки кўрмаган, ўзи сарлуч, камзули ҳирснинг пўстидан, чоруғи ҳам, оллуҳу-аълам, бирор махлуқникидур. Ўзи пакана, чўққисақол, абгор бўлиб қолганлардан. Хотираларингда бўлса, бултур саратон маҳал бола-чақа бирла шаҳар тушиб, «Дерсу Узала» деган бир кинони тамоша қилиб эрдик. Бу мўйсафид ўша Дерсу Узала деган чолнинг қўйиб қўйган нусхаси эрди.
«Бу киши сизга ҳамхона бўладилар», деди, навбатчи заифа манга. Бадазон ул алвастисифат мўйсафидга ўқдурдики, интизом бисёр қаттолдур, бу жойни Москов деюрлар, зинҳор ва зинҳор Тайгадаги тўқай эмасдур. Магарким издан чиқса, бисёр нохушликлар бўлғай. Боз каминага ишора айлаб айтдики: «Бу одам ҳамхонадур, жумбоқки бордур, санга айтар ва дағи кафилдурсан». Иллоҳ, кайфим учди. Ул заифага дедимки: «Меҳмон хурракаш йўқдур, боз шаробга мойил эмасдур?» Ул хотун авоз кўтариб, савол айлади, бисёр ишоралар кўрсатиб, саъй-ҳаракатлар қилди. Локинда бадбахт чол забонни тушунмоқдин ожиз эрканми, чулдираб арзу дод изҳор қилди. «Маники Тайга, маники Тайга», деди. Заифа бу яввойидан зудлик билан қутулиш пайида хайру хушни ҳам насия қилди-ю, эшикни ёпди. Ҳамхонаи ногаҳон ҳамон қаққайиб турур, ундан бадбўй ҳид келур эрди. «Сан – Осиё?» алқисса савол айлади у шаҳодат бармоғи бирла қорнимга ниқтаб. Маъқул ишорасида бош тебратдим. Бадазон забонга кириб, тахминимча исму шарифини, авлоду аждодини, пушту камарини гапурди. Хотири ожизимга бир калом ҳам қолмади. «Сан – Дерсу Узала?» дедим ҳазиломуз кулиб. Ул бадбашара мамнун бўлди, кулиб маъқул ишорасини бажо келтирди. Турфа ишоралар ва чалазабонлик ила гуфтигу қилмоққа киришдик. Сўроқ айладимки, не дард бирла Москов сафарин ихтиёр этмишдур. Пайдар-пай калом ҳамда имо-ишора ила сардафтарини очди; дилхунлик, дилтанглик ила сухан юритди. Фаҳми ожизимча, арзу дод бирла подшоҳ ҳазрати олийларига кирмоқ ниятинда экан. Дунёга келгандан то бугунги рўзгача бешазорларда, дарёлар яқосинда умргурзонлик қилғонини, шаҳар деб номланмиш аждаҳо комига илк бор рўбарў бўлганини арз қилди. Подшоликка не арзи бор – ҳарчандки такрор қилди – фаҳмига бормадим. Ғарибу нотавонлигидан надомат тортиб, шанғи овоз бирла гап берар, танаффус қилмасди. Камина андак дилтанг¬лик-у, дилранжлик тортиб: «Эмди сукут сақла, ором олур вақти етди», дедим. Локинда ул вайсоқи жаврашдан даме олмасди. Дарду ҳасратини тўкадурғон ҳамхонага муштоқ эканму, шўрлик боз баланд пардаларда гўфтигу қилар, лекин фаҳмига етмоқ ҳамон мушкул эрди. Фақир бу дарди бедаводан андак халос ўлмоқ илинжида чаппа ёнбош тортган эрдимки, елкамга уруб: «Эй Осий, эшит», деб ғалча забон бирла надоматлар тўкур эрди. Бу бадбахт баччағардан кўзумни олмасам ҳамки, андин халос бўлиш мўлжалини ўйлар эрдим. Локинда осмон – олис, замин бўлса – қаттиқ. «Дерсу Узала оға, дедим юмшоқ оҳангда, эмди ювиниб, ухламоқ фурсати етди». Бад бу калтафаҳмга тартиб-қоидаларни бир-бир гапурдим. Аммо тирикликнинг бу тарзи анинг табиатига ёт эрди. Бир маҳал ҳожатхонага кирди ва ҳаял ўтмай чиқиб, мани чорлади. Фикр қилдимки, бирор жумбоқнинг фаҳмига бормади. «Эй Осиёлик деди, унитаз устиндаги ипга ишора айлаб, сан бу ипни тортиб тур, мен қуйидан су ичурман». «Эй, бадбахти бефаҳм, дедим, қайсиям тўқумтабиат бу жойдан су ичур?! Бу жой ҳаромдур!» Бадазон пиёлага тўлдируб су бердим. Начора, ул дилшикаста шўрликка гуноҳ йўқ. Бедаво сержоғ боз сафсата сотмоққа киришди. Фаҳмимча айтдики: рўзғорга шайтон бирла арвоҳлар аралашдилар: қут-барака учди, ўғил-қизлар ғарибни тарк этдилар. Дарёдан лаққа бирла зоғора тутиб, рўзғор тебратар эрдим, эмди балиқлар ҳам ман бадбахтдан юз ўгурдилар. Ушбу ноомадликларнинг жами, шайтонлар бирла арвоҳларнинг қаро қилмишидур». «Эй гумроҳ, дедим, шайтону арвоҳга бало борму?! Эмди алар йўқдур!» Дедики: «Осиё¬лик – сан соддасан – билмагайсан. Алар бисёрдур, валек бу кунларда одам қиёфасинда юрурлар. Бу унсурларнинг аксари идораларға кириб олганлар ва боз усталшиндурлар». Во эмди гапга кўнсачи. «Дерсу Узала, дедим сабр косам тўлуб, ухламоқ фурсати етди: дам олмоқ жоиздур. Боз саҳармардонда турурмиз. Алқисса рози бўлди. Локинда каравотнинг устига ётмай, анинг тагига кирмоқ ташвишга тушди. «Эй саҳройи, дедим, бунинг устига ётурлар – таомил шундоқдир. Айтдики: «Сан устига ёт, мен такка. Боисики, заминжунбуш бўлса, тирик қолурман. Боз: панага кирсам, арвоҳи лаинлар мани тополмай чекинурлар – балои қазодан ҳоли бўлурман.
Саҳар турсам, ҳамхонамдан ному нишон йўқ, ҳайрону лол бўлдим. Андин қайта дарак бўлмади. Дуо қилдимки, худои карим корига кушоиш берсун!
Насиб ўлса, бақиясини битурман.

среда, 27 октября 2010 г.

МАҲВ БЎЛГАН ШАҲАР

"БЕҲБУДИЙГА БАХШИДА” ҲИКОЯЛАР ТУРКУМИДАН



Душман маҳв этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди.
Лев Толстой

Урушни ҳамиша ёмон одамлар бошлашади, аммо унда асл инсонлар нобуд бўлади.
Эрнест Хемингуэй

1868 йилнинг айни тут пишиғи маҳали кекса Cамарқанд қаттол душман кўланкасидан сесканиб тушди; аниқроғи, титраб кетди. Манфур ёв аллақачон Зарафшон дарёсидан ўтган, Чўпонота ёнбағирларида чодир тиккан эди.Ҳамма қатори сокингина рўзгурзонлик қилиб келаётган аҳли Самарқанд дилига ғулғула солган ҳолда гармон чалишар, қийқириб, рақсга тутшишарди. Илло, кўнгилхушлик билан қон тўкиш истаги бир-бирига батамом зид, ғайри-ғайри тушунча бўлса ҳамки, бундай нохуш арафа, таассуфки рўй бериб бўлган эди.
Қочган ҳам Худо дейди, қувган ҳам. Ўрислар гоҳ-гоҳида чўқиниб, Исо Масиҳ алайҳиссаломдан, яратганнинг ўзидан ҳидоят, мадад сўрашар; минглаб чақирим масофаларни умид билан босиб келган, ўз иборалари билан айтганда: содиқ проваславларни бенасиб қолдирмаслигини илтижо қилиб сўрашар, бу серҳосил замин, илиқ дарёлар, шовуллаган боғлар ўзлариники бўлишини қумсашар; шаҳаншоҳ ва қўмондонлари, ўт очар замбараклари, чапдаст қиличвоз казаклари билан зоҳиран фахрланишарди, албатта. Шу билан бирга ҳар бир жангчида талош қилишга рухсат бериладими, йўқми, барибир, уйга қуруқ қўл билан қайтмаслик, бирор нимарсалик бўлиб боришдек зоҳирий истак ҳам йўқ эмасди. Мусулмонлар олтин тақинчоқларга, қимматбаҳо буюмларга ўч бўлишини кўпроқ тилга олишиб, шу мавзуда эзмалик билан ҳазиллашишларининг боиси ҳам мазкур ҳирснинг намоён бўлишидан ўзга нарса эмасди.
Рус зиёлиларининг катта бир қисми эса, инчунин, бу ердаги командирлар мазкур урушни тарихий зарурат деб билишар, бунга ўзгаларни ҳам ишонтирмоқчи бўлишарди. Боиси: сартлар қолоқ, оми одамлар – уларга кимдир маънавият, маърифат эшигини очиши керак; бу миссияни Худо биз – русларга раво кўрган, деган тушунчада эдилар. Шу билан бирга айрим нописандларда: сатрларнинг ҳозирги тариқа илмсиз бўлгани маъқул, деган мужмал менсимаслик ҳам йўқ эмасди. Самарқанд – денгизга чиқишимиздаги бир бекат бўлиб қолади, деб ўйлашарди бундай тоифадагилар.
Хуллас, сабаб, моҳиятини ўша замон одами ҳам ҳам, ҳозиргилар ҳам тушунавериши қийин бўлган фикрлар, муносабатлар мақсадлар.
Йўқ, фотиҳларнинг шаҳар остонасига келиб қолиши дафъатан рўй берган ёҳуд кутилмаган тасодиф эмасди: Самарқанд бозорларида олтин буюмлар, қурол-аслаҳа, от-арава қимматлашиб, ҳовли-жой, рўзғор ашёлари, кийим-кечак арзонлашганига бир неча ойлар чамаси бўлганди. Буларнинг бари эл-улуснинг анчайин нотинчлигидан далолат берарди.
Руслар йўл-йўлакай шаҳар-қишлоқларни хароб этиб келишаётганлиги, оламни даҳшатга соладиган замбараклари билан қалъалар, қадимий обидаларни ҳоки-туроб қилиб, қаршиларидан чиққан кишини – у болами, аёлми, чолми –авсиз қириб, олға силжишаётганидан шаҳар аҳли бохабар эди, албатта. Чунки бу халқ турли низо-ю урушлардан жуда-жуда зада бўлиб кетган эди.
Ёғий бостириб келаётган шаҳарнинг руҳини тасаввур қилиш қийин эмас. Ўпкаси тўлиб турган қиз болага ўхшайди у. Бундай маҳзун дамларда киндик қонинг томган тупроқ, ватан тушунчаси теранлашади; ёвга, энг аввало, унинг подшоси, қумондонига ўлим тилашади; ор-номуси бўлган эркак қўлига қурол олади; шу билан бирга хотин-халаж, бола-чақа тақдирини хавотирона ўйлашади, уларни қутқариш ташвишида бўлишади.
Хўжаи Абду Дарун масжидининг мударриси, имом хатиби Беҳбудхўжа чандон хавотир тортди: душман Панжакент йўлини тўсиб қўйса, хотин-халажни Бахшитепага – қайнонасиникига қочириш нияти рўёбга чиқмай қоларди.
Анчайин таҳликали пешин намозидан кейин у амри маъруф қилмади, ўрнига Парвардигорга илтижо этди: “Ё Халлоқи Карим! Раҳм-шафқатингни дариғ тутма! Афу эт, биз инсонларни, ҳидоят эт. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсин зулм! Кофирлар дин-у диёнатимизни, азизу авлиёларимизни оёқ ости қилмоқчи. Ишончимизни комил эт, токи ғаёри динларни тупроғимизга оёқ бостирмайлик! Душман оёғимиз остига йиқилсин! Омин!”
Ногаҳонда Беҳбудхўжа намозхонлар ва мулловаччалар нигоҳидаги мўминлик зоҳирий интиқом билан алмашганини ҳис этди, бир неча дақиқалик каловланишдан кейин уларни беихтиёр Чўпонотага даъват этди. Одамлар йўл-йўлакай ўроқ, болта, пичоқ хуллас, қўлга илинганини олдилар.
Самарқанднинг тошфарч кўчалари ҳам, тупроқ йўллари ҳам биз ҳозир “қочоқлар” деб атайдиган муслиму муслималарга тўлиб кетган эди. Қўқон араваларининг тақир-туқури, отларнинг безовта кишнаши, муйсафидларнинг нигоҳларидаги серғусса саросималик, боласини кўтариб олган аёлларнинг мунгли йиғлашлари жуда-жуда нохуш фалокат содир бўлаётганидан далолат берарди.
Булар, беихтиёр тинчлик деб аталадиган маънавий неъмат ҳувайдо бўлган жойларни: кимдир Боғдод ёки Балхни; тағин кимдир Шаҳрисабз ёҳуд Термиздаги қариндошларни ёки шунчаки, инсон инсонга тиғ кўтармайдиган тоғу тошлар қўйнини мўлжаллаб, йўлга отлангандилар. Чумоли инини сув босса, энг аввало, болаларини тишида кўтариб қочганидек, булар ҳам зурриётни сақлаб қолиш инстинкти билан йўл босардилар.
Хайр, алвидо, Ватан!
Сени қайтиб кўроламизми йўқми - Худо билади.
Аммо шу билан бирга бир тоифа одамлар, гўёки шарққа отланганларга қасдма-қасд ўлароқ тескари томон шошилардилар. Булар, асосан, йигит ёшидаги эркаклар, суворийлар, мулловаччалар ... Муштини тугиб олган бу одамларнинг нигоҳларида қасос, интиқом ўти ёнарди. Аслида булар ҳам тинчлик учун қўлга қурол олишганди. Юрт осойишта бўлиши, аёллар, болалар мусофирликдан қайтиб келиши учун душманни йўқ қилиши талаб этиларди.
Чўпонотадаги қирларнинг ёнбағирлари одамга тўлиб кетган эди. Фақат сарбозлар эмас, турли тоифа ва ёшдаги кишилар, ҳатто аёллар ҳам бор эди бу ерда. Кимлардан пилта милтиқ, қилич, найза ҳам кўринарди.
Олдинги қаторда Амир Музаффарнинг қуролланган сарбозлари жангга шай эдилар. Тағин нарироқда эса шаҳар ҳокими ва қозикалонига қарашли жангчилар тизилишганди. Бу азаматларни кўриб, оломоннинг дили жилла таскин топарди.
Беҳбудхўжа бир амаллаб тепаликка чиқди-ю, кўзи қамашиб кетди: дарёнинг икки соҳилидаги душман сон-саноқсиз эди. Суворалар, тўп ортилган аравалар, саф тортган отрядлар тартиб билан турар; фармон кутишарди.
- Даюслар! – дилидагиси тилига чиқди унинг.
- Эй, Оллоҳи азим, - илтижо қиларди бир муйсафид, - муте бандаларингдан лутфу-карамингни аяма! Тараҳҳум айла! Эй, нажоткори олам, эй таборак ва таоло! Бизга музаффарият ато эт! Эй, азизу-авлиёлар, ўзингиз қўлланг!
- Шумо дар кужо, - зорланарди бир аёл, - эй соҳибқирони олам ...
Ҳа, бундан таҳликали лаҳзаларда Амир Темурнинг ҳам ёдга олиниши бежиз эмасд, ахир Жаҳонгир севган шаҳарга, унинг пойтахтига ҳужум қилиш шаккоклик эмасми?! Амир Темур тириклигида шундай бўлармиди?! Ҳеч ҳам!
Ўз раиятининг осойишталигини сақлаган, уларга тинчлик ато этган юрт эгаларига Худодан раҳматлар ёғилсин!

Дурбин билан бу ҳолатни синчков кузатаётган генерал фон Кауфман зоҳирий хавотир аралаш мамнунлигини яширмай, адъютанти – офицер казакка юзланди.
- Форма, қара, сартлар кўпайишаяпти, -деди соф рус тилида.
- Кузатаяпман, Константин Петрович; уюшмаган тарқоқдек, - деди у казак лаҳжасида ва қўшиб қўйди: - замбараклари ҳам кўринмайди.
Гарчанд озроқ ва эскироқ бўлса-да, тўплар бор эди. Адъютант бу гапни душманнинг анчайин ожизлигидан мамнунлигини изҳор этиш учун айтганди. Зеро, хўжасига қанақа гаплар ёқишини биларди у.
Генерал Кауфман бунгача Туркистон генерал губернатори эди ва расмий жиҳатдан Бухоро амирлигига тобе бўлган бу шаҳарни буйсундиришдан олдин талайгина маълумот тўплаганди. Жумладан, шаҳар ҳокими Шерали Иноқ амирга буйсунмай қўйганлиги, ораларида ихтилоф борлиги, қозикалон ҳам шу кайфиятда эканлигини биларди. Булар бари айни муддао эди, чунки душман ҳамиша қалъанинг омонат жойларини излайди.
- Аъло ҳазратари, командирлар дилтанг бўлишяпти, эҳтимол команда берилар, - сўради ўринбосарлардан бири.
Генерал жавоб бермади. Унинг назарида, рақиб томондан оқ байроқ кўтариб, элчи келадигандай, шаҳарни жангсиз топширишга рози бўлишадигандай эди. Бундай тахмин асоссиз эмасди: унинг тасаввурича, рус империясига қарши турадиган куч йўқлигини ҳамда тузукроқ қурол-аслаҳага эга бўлмаган армия, ёхуд чўмич, ўроқ кўтариб чиққан оломон тўпга ем бўлишдан ўзгасига ярамаслигини юрт эгалари идрок этишлари зарур, деб биларди. Ахир, ҳар қандай шароитда ҳам мантиқни мададга чақириш керак-ку!
Шу билан бирга, генерал ўзини яхши тарбия кўрган киши, деб ҳисобларди ва магарам, шаҳар қаршиликсиз таслим бўлса, камроқ қон тўкиларди, деган мужмал ниятда эди. Тағин: Инжилда ёзилган – “Сенга нафрат билан қарайдиганни, ҳатто душманингни ҳам сев”, деган фатводан хабардор эди; бу ҳалқнинг ҳам урф одатлари, диний эътиқодлари, асрий обидаларини эътирофу эҳтиром қилишимиз зарур, деган унчалик қатъий бўлмаган зоҳирий фикрдан узоқ эмасди.
- Аъло Ҳазратлари, талошга рухсат берилар, - сўраб қолди кимдир, - солдатлар анча йўлни босиб келишди ...
- Йўқ, - кескин жавоб берди Кауфман, - шаънимизга доғ туширманглар! Қадларингни ғани тутинглар!
Эртаси ҳам оқ байроқ кўтарган элчидан дарак бўлмади, жангчилар ва оломоннинг сони ва ғазаби ошиб борарди.
“Майли, ўзларидан кўришсин; мадомики, сулҳга унашмас экан, рус замбаракларининг қудратини кўриб қўйишсин”, надомат ила кўнглидан ўтказди у. Надомат чекканинг боиси шундаки, унинг зоҳирий тактикасига кўра, бу шаҳар таслим бўлса, навбатда турган Қўқон хонлиги, Хоразм давлатидагилар ҳам ўйлаб кўришарди – самарқандликлардан ибрат олишарди.
Ҳадемай, бир неча чақиримга чўзилган тўплар олдида ҳаракатлар тезлашди; кўп ўтмай сарҳадлар оша команда янгради:
- Огонь! Огонь! Огонь!
Замбараклар нилидан бирин-кетин, аввал оппоқ тутун чиқар, сўнг қарсиллаган овоз қулоқни қоматга келтирарди; ловуллаб ёнаётган ўқлар дуч келган жойни хоку туробга айлантирарди.
Жавобан, аввал амир жангчилари тўп, милтиқларини ишга солдилар, сўнг шаҳар ҳокимига қарашли кучлар душманни мўлжалга ола бошладилар.
Уруш бошланди!
Уруш! Инсоният бунёд бўлибдики, уни қоралайди. Лекин барибир, одамлар бир-бирларининг қонларини тўкаверадилар. Руслар ўз иборалари билан айтганда: сартлар ёки мусулмонларни ўлдириш учун бир неча минг чақирим масофани отда ёки пиёда босиб келганликлари боисини тушуниш, изоҳлаш мушкул.
Уруш! Нима учун? Очкўзликми, табиий эҳтиёжми, тарихий заруратми? Эҳтимол, моҳиятан, биз баримиз тарих қўлидаги қуролдирмиз ва унинг йўриғидан чиқолмаганимиз учун жанг қилармиз?!
Йўқ,йўқ, менимча, бу энг аввало, маърифат ва жаҳолатнинг тўқнашуви аниқроғи, чап елкадаги юк (жаҳолат) вазнининг нисбатан ошиб кетиши оқибатидир.
Жами динлар одам ўлдиришни қоралашади, аммо черковда чўқиниб олган насроний ҳам, мачитда саждага бош қўйган мусулмон ҳам қон тўкишдан ўзини тиёлмайди. Адолатсизлик устига – адолатсизлик: арзимас жиноятга қўл урган киши қамоққа тушади, аммо урушни бошлаб, минглаб кишиларнинг ўлимига, ногирон, ватангадо бўлишига сабаб бўладиган жиноятчи, кўпинча тарихда қолади.
Ҳа, майли ... Нима бўлса ҳамки, урушни ҳеч қачон яхши одамлар бошлашмаган!
Зум ўтмай қиличларини ўйнатиб, казаклар ҳам етиб келишди. Фронт чизиғидан (таъбир жоиз бўлса) ўтган рус жангчиларининг бир қисми ўнг қанотдаги сарвозлар билан қиличбозликни бошлаб юборди, оломон устига от солганлари эса ночор одамларнинг бошлари, қўлларини худди полиздаги карамни чопиб олаётгандай кесиб ташлай бошлашди. Атрофни отларнинг безовта кишнаши, ўқ ва шамшир овозлари, ярадорларнинг фарёди қоплади; чанг ва тўзон аралашмаси нафасларни буға бошлади. Олмон нима қилишини, қаёққа қочишини ҳам билмай қолди.
Беҳбудхўжа беихтиёр орқага чекина туриб, узала тушиб ётган отни кўрди. Унинги ичак-човоғи чиқиб ётар, илтижоли инграрди. Ахир, Беҳбудхўжа энг аввало, мударрис яъни муаллим эди: у фақат болаларнигина эмас, жониворларни ҳам яхши кўрарди. Урушнинг бу илк қурбони русларга тегишли эканлигини унинг ғайриоддий эгаридан билди. Шу қисматни деб минг чақирим масофа босганлигидан надомат чекди.
Буниси холва экан: сал нарироыда беҳуш ётган кишини таниб қолди у ўз ҳамкасби қўшни мачитда ишлайдиган мударрис бўлиб, бағоят мўмин ҳалол одам эди. Замбарак ўқими, ногаҳоний қиличми бир оёғини тиззасидан батамом узиб ташлаганди. Узилган оёқ нарироқда турар, ҳамон қон сизарди. Беҳбудхўжа ёрдам бериш илинжида ўша томонга интилган эди., аммо қўй подасига ўхшаб, бу даҳшатдан қочаётган оломон уни анча нарига суриб кетди. Бояги чанг, тўзон, тутун ҳидига қон ҳиди ҳам қўшилиб, нафаси қисилди ва ўзини бир чеккага оламан, деб инсон хуни қалқиб турган бир чуқурликда мурдалар айқайиб ётганини кўрди.
Кўп ўтмай бу мудҳишликларнинг бари уни карахт бир ҳолатга туширди: Беҳбудхўжа атрофдаги воқеаларни кўрар, эшитар аммо нима бўлаётганини обдон идрок этолмай қолганди. Зеро қон кечган кишининг девонавор ҳолатини тасаввур қилиб кўриш унча жўн иш эмас. Назарида Азроилнинг нохуш нигоҳи унга бот-бот қадалаётгандай ва бу табиийдай, аҳамиятсиздай эди. Негадир чекингиси ҳам келмас, ҳаётнинг мазмуни пучга айлангандай эди. Кимдир “Тақсир қочинг!” – деди (талабалардан бирортаси бўлса керак). Ҳалиги овоз унинг ёдига ўзи билан келагн талаба намозхонларни солди: нима бўлди экан шўрликларга?
Беҳбудхўжа боши оққан томонга кетавериб, Чўпонотага туташ бўлган Работиғозиён қишлоғига келиб қолди. Бу ерда кўпгина уйлар ёнар, аммо ҳеч ким ўчирай демасди. Одамлар қочардилар – уй-жойдан, мол-мулкдан ҳам зарур бўлган тинчлик томонга – Шарққа шошардилар.
Уруш тақдири кечгача ҳал бўлди. Амир Музаффарнинг ишонган лашкарбошиси Усмонбек чекиниш ҳақида буйруқ беришга мажбур эди. Улар Бухоро йўлини олдилар. Лашкарбоши бир томондан қўлдан кетган Самарқанд учун изтироб чекар, Бухорои шарифда хушхабар кутиб ўтирган амир бу ҳолдан қаҳрга минишини билар ва шу билан бирга ўзини овутарди: “Самарқандликлар яхшиликларимизни билишмади – энди жазоларини тортишсин! Биз она шаҳримиз –Бухорони ҳимоя қиламиз – душманни Зирабулоқдан нарига ўтказмаймиз!”
Казакларнинг содиқ атамани Кауфман кутган ташриф эртаси амалга ошди: шаҳар ҳокими ва қозикалонидан элчи келди. Номада қон тўкишнинг ҳожати йўқлиги баён этилиб, анча нисбий шартлар ҳам қўйилганди. Жумладан, Самарқандда азиз авлиёлар кўплиги шунинг учун шаҳарга киришда отдан тушиб, пиёда юриш кераклиги; шундай қилинганда бу юрт аҳли рус халқининг буюк подшоси Александр ҳазрат олийларига ҳамда уларнинг ботир саркардаси Константин Петрович Кауфман жанобларига садоқатли бўлиб қолиши узундан-узун, анчайин ғализ, кўтара носамимий тарзда ёзилганди.
Генерал мийиғида кулди. Таржимонга истеҳзо билан буюрди.
- Элчига тушунтир ва ёзиб бер – биз сулҳга розимиз! Аммо бизнинг ҳам шартларимиз бор: ҳоким билан қозикалон бизни рус таомилига кўра нон, туз билан пешвоз олиши керак. Чунки бу юртга яхши ният билан келганмиз. Подшоҳ ҳазратлари сартларга маърифат ва тинчлик ато этишга бел боғлаганлар. Мактаблар, касалхоналар очамиз, бу тупроққа бирорта душманни йўлатмаймиз ва ҳакозо.
Шундай кейин ҳам сиёсатнинг ғирром ўйинлигига ишонмасангиз, ихтиёр ўзингизда. Маърифат ва тинчлик каби буюк маънавий неъматлар номидан жиноят қилиш мунофиқлик, жаҳолатдан ўзга нарса эмас! Зеро бу неъматлар замбаракларга ортиб келинмайди!
Хўжаи Хизир масжиди олдида душман нон ва туз билан пешвоз олинганига Беҳбудхўжанинг ўзи гувоҳ бўлди.
- Мусулмонлар, қаранглар, - мурожаат этди қозикалон аввал туркий сўнг форсийда, - Кауфман (у шундай талаффуз қилди) ҳазратларининг бир елкаларида Хўжаи Хизир, иккинчи елкаларида Хусан ибн Аббос руҳи; бу – Худонинг ҳоҳиши!
Биз сиёсатни ғирромлик деймиз. Агар дин ҳам сиёсатлашса, алдам-қалдамга айланиб қолади. Шунинг учун кўпгина мамлакатларнинг конституцияларидан дин сиёсатдан айри эканлиги алоҳида таъкидланади. Инсоният сиёсатлашган дин анархияга олиб келганига бот-бот гувоҳ бўлган.
Аммо Беҳбудхўжа батамом ўзига келолмагани учун бу гапларнинг моҳиятига унча эътибор беролмади, мушоҳада қилолмади. Фақат русларнинг байроғидаги икки бошли бургут ва уларнинг халақиб чиққан беўхшов тилларни кўрди. Тилини ўйнаётган икки бошли илонга ўхшаб кетди улар назарида. Унинг бир боши Хўжаи Хизир, иккинчси эса Қусам ибн Аббос ётган Шоҳизиндага қараб тургандай эди.
Кўп ўтмай Темурбек қурдирган ҳашаматли арк дарвозасига ҳам байроқ ўрнатилди. Бургутнинг бир боши хақиқатан ҳам Бўстонсаройга, иккинчиси Кўксаройга қараб турарди.
Байроқ дегани шунчаки ёғочга илинтирилган латта эмас, у зафар ва тобелик, ғурур ва ўксирлик ва яна алланималардан дарак берадиган рамз ҳам.
Эй, таҳқирланган ватан!
Эй, топталган қадрият!
Қайдасиз: спитаменлар, темурмаликлар, сарбадорлар!!!
Русларнинг мазкур зафту зафари ҳақида ўша давр зиёлилари ҳам, бугунги сиёсатчи-ю тарихчилар ҳам турфа фикр-мулоҳазаларни айтишади ва табиийки, бундай мубоҳасалар келажакда ҳам давом этади. Агар амир Музаффар билан Шерали Иноқ иноқ бўлишганда ёхуд Бухоро амирлиги билан Қўқон, Хива хонлиги кучларни бирлаштирганда ё душманга қарши Сирдарё бўйларида жанг олиб борилганда, бу ҳол рўй бермасди, дейишади. Бир гуруҳ равшанфикрлар (ҳа, айнан улар) қозикалон билан ҳоким ортиқча қон тўкмаслик учун тўғри йўлни тутишди, деган фикрлардан қайтишмайди. Тағин бир гуруҳ зиёлилар: душманга қарши сўнгги дамгача курашиш зарур эканлигини таъкидлашдан чарчашмайди. Ким билсин, Кичик балиқлар ҳамиша катталарига ем бўлганидек, Россия ўз атрофидаги юртларни бирлаштириши тарихий зарурат эди, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
Ўзи шундай бўлади: у ёки бу тарихий жараёнга, ижтимоий воқеликка баҳо беришда, кўп ҳолларда шахсий манфаатлар назарда тутилади. Аммо тарих ва тақдир дейиладиган барҳақ бир қудрат борки, уни инкор этиб бўлмайди!
Яшириб нима қилдик: бир замонлар бизнинг саркардаларимиз ҳам ўзга юртлар, шаҳарларни худди шу тариқа маҳв этишмаганми, бегуноҳ бандаларнинг қонини тўкишмаганми, ўша юрт бойликларини ташиб келишмаганми, фотеҳлик қилишмаганми?! Зеро, жамиики қилмишлар учун ҳатто ногаҳоний шуҳрат, зафар учун ҳам у дунёдагина эмас, шу ернинг ўзидаёқ жавоб беришга тўғри келади. Отаси оламдан ўтса, ўғли унинг қарзини тўлаши шарт қилиб қўйилгани сингари ўтган авлодлар учун фарзандларнинг товон тўлагани шу эмасми?!
Боболаримиз инкор этган салтанатни бешафқат тарих ва тақдир инкор этгани, эҳтимол шудир!
Буни тан олиш учун майда манфаатлардан андак устун бўлишимиз талаб этилади.
Магарам инкорни инкор этиш қонунига таянадиган бўлсак, бу оламда бошланган ҳамма нарса: кун, тун, ой, йил, аср; тузум, салтанат тугашига иқрор бўлсак, қачонлардиррус империяси ҳам барбод бўлишига ишонмоғимиз лозим эди.
Хўш, бунга ҳам ишониб яшадикми?
Йўқ, аслида менинг ҳам хулосаларим нисбий. “Илдизига қара”, - дейди Арасту. Мен буни ўзгача талқин этардим: ҳар қандай ижтимоий воқеликнинг сабабигина эмас, сабабининг сабабига қараш тақозо этилади. Бунга эса менинг ҳам қувваи ҳофизам қосирлик қилади. Чунки бу илдизлар жуда чуқурликда.
Душман маҳв этган шаҳар ор-номуси топталган қизга ўхшайди, деб ёзгандик.
1868 йилнинг сарвида Самарқанд шу куйга тушди.
Бу ибтидо эди!
Унинг интиҳоси қачон келишини ёлғиз Яратувчининг ўзи биларди.
Асаларичиликда: оилани кучайтириш, деган ибора бор. Бирор уяда подшоҳ нобуд бўлса, ношуд чиқса, ёхуд кексайиб, раҳнамолик қуввати сусайса, асаларини уни кучлироқ оила билан бирлаштиради. Аммо бу жараён осон кечмайди. Асаларичи қатор тадбирларни кўришига қарамай, жанжал бошланади: икки томондан ҳам анча-мунча ари нобуд бўлади. Бундай пайтда ожиз оилада тирик қолганлар олдида уч йўл бўлади: ўлиш, оиладан чиқиб кетиш ёки янги подшоҳга хизмат қилиш.
Самарқандликлар ҳам шу ҳолатда қолдилар. Кимдир қурбон бўлди, кимдир келгиндиларга қараб, юзига табассум суртди, талай кишилар эса бошқа юртларга бош олиб кетдилар. Беҳбудхўжа тўртинчи йўлни танлади – узоқроқ қишлоққа, аниқроғи, Бахшитепага бориб яшашни афзал билди. Бобокалони Хўжа Аҳмад Яссавийнинг: “Ватанидан ажралган – ҳамма нарсасидан жудо бўлади”, - деган насиҳатини отасидан бир неча бор эшитганди.
Беҳбудхўжанинг бу қарорини эшимтиб, Ҳайдар девкор ҳам унга эргашадиган бўлди.
- Сиз билан бораман: дастурхонингиздан ушоқ териб, тирикчилик қиламан, - деди у ҳокисорлик билан.
- Майли, - деди Беҳбудхўжа, - ёнимда бўлсанг, елкангга бош қўйиш мумкин.
Ҳайдар девкор деганимиз аслида шаҳарга туташ Бадал қишлоғидан. Унинг отаси мачитнинг намозхонларидан эди.
- Тақсир, - деди у бир куни намоздан олдин, - арзим бор: бизнинг авлоддан ҳам бирорта хат-саводли киши чиқса дегандим ... Дадам болалигимда мударрисга олиб борган эдилар, аммо уруш бошланиб кетди: бесавод бўлиб қолдим. Шунинг учун ўғлимни олиб келдим: гўшти сизники, суяги бизники. Аммо-лекин зеҳни жуда тез.
Миттигина бола келиб, таъзим бажо келтирди.
- Бунинг оти Ҳайдар девкор, - деди отаси.
Аммо у зеҳнли бўлиб чиқмади. Болага ўтин ёриш, ер ағдаришни буюрсангиз, завқ-шавқ билан ишларди-ю, имло ўрганишга келганда ... Ҳар ҳолда у завқли, одобли эди. Аммо тасодифни қаранг-ки, тақдири отасиникига менгзаб кетди: саводи чиқмай, уруш бошланди.
Бахшитепаликлар Дарёвот деб атайдиган бу қияликлар дарёга яқин бўлса ҳамки, сувдан бенасиб эди. Бунинг устига қайроққум мўллигидан кетмон уриб бўлмасди. Беҳбудхўжа Ҳайдар девкор билан ана шу қаровсиз заминда боғ қилишга киришдилар.
Вақт – буюк ҳакамгина эмас, доно ҳаким ҳам. Фурсат ўтиши билан бошқа зиёлилар сингари Беҳбудхўжанинг дилидаги яралар ҳам бирин-кетин бита бошлади. Ўшанда, гарчанд Самарқандга қайтиб келмаслик – кофирлар юзини кўрмасликка аҳд қилган бўлса-да, бундай қилолмади. Ёмини, Тошканди маҳалласидаги қавмлар, дўстлар дийдори тортди уни. Ҳар гал шаҳарга тушганда, рўй бераётган ўзгаришлар билан ҳам қизиқди у. Урушда кўплаб яхши одамларнинг нобуд бўлганлиги ёки ватанни тарк этганлиги, Амир Темур аркининг, аниқроғи Кўксарой билан Бўстонсаройнинг вайрон этилганлиги изтиробли дард эди, албатта. Аммо дилафрўз муждалар ҳам йўқ эмасди. Самарқандда тузем мактаблар очиб, жумладан мусулмон болаларини ҳам ўқитишаётганлиги, уларга жаҳоний фанлардан ҳам сабоқ берилаётганлиги қувончли эди. Шунингдек, шифохоналар, кутубхоналар очишаётганлиги, шаҳарга забардаст олимлар, муаллимлар келишаётганлиги ҳар қандай равшан фикрли кишини мамнун этарди.
Тўғри, уларнинг янги шаҳарда фоҳишахона очишгани ҳақида ҳам гап-сўз юрарди. Аммо начора ...
Беҳбудхўжа боғда қолиб кетмади. Дарёвотдаги юмушларни Ҳайдар девкорга юклаб, Дорами масжидида мударрис бўлди. Болакайларга аввалгидек “Ҳафтияк”, “Чоркитоб”, “Қуръони Карим”дан сабоқ беришга киришди.
Руслар босқинидан нақ етти йил ўтиб, Дарёвотдаги ниҳоллар ҳосилга кирган йили Худо Беҳбудхўжага ўғил берди.
Унга Маҳмудхўжа деб ном бердилар.
Бола ашраф, диловар эди! Тийран кўзларида закийлик нури мунаввар эди унинг. Чақалоқнинг қулоғига азон айтган ота Яратганга шундай илтижо қилди.
“Эй, Тангри таоло! Сен мағфиратингни дариғ тутмайдиган меҳрибонимизсан! Афу эт бизни, ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва силоҳи умуми ато айла! Бу гўдакни бобокалонимиз ҳазрат Аҳмад Яссавий руҳлари бир умр қўлласин! Уни ногаҳоний туҳматлардан асра! Ўғлимиз ўлғайиб, ҳақ сўз билан одамларни маърифат ва нажот йўлига чорлайдиган аллома бўлсин!”
Ёз кунларининг бирида Ҳайдар девкор болани отга миндирди. От қимирламай, жим турдию “Демак, бола қобил-мўмин бўлади”, - деди отаси. Кўп ўтмай, саман бир тепсиниб олди-ю, олдинги оёғи билан бир маромда чизиқ торта бошлади. Бу ҳорл анча давом этгандан кейин Ҳайдар девкор қувончини яширолмади.
- Маҳмудхўжа соҳиби қалам бўладиганга ўхшаяптилар.
Беҳбудхўжа ички бир қониқиш билан, мамнун бош силкиди.

Бу орада талай сувлар оқиб ўтда, анча-мунча гаплар бўлди. Аммо бу гапларнинг воқеалар ривожига, аниқроғи, асаримизга алоқаси бўлмагани сабаб эътибордан соқи қилиб, қаҳрамонимиз Маҳмудхўжа ибн Беҳбудийнинг мўйлови эндигина сабза урган кезларда тоғаси, нуфузли қози Муҳаммад Сиддиқ билан отаси Беҳбудхўжа ораларида бўлиб ўтган гапдан воқиф этамиз сизни.
- Муллопочча, - деди қози истиҳола, эҳтиром ила, - Маҳмудхонни ихтиёримга берсангиз – мирзо қилиб олур эдим. Бир мирзомиз бор эди, саводи тумтоқ бўлгани устига андак таъмагир чиқиб қолди. Биласиз: бунақаси менга тўғри келмайди.
Ота тамкинлик ила сукут сақлади.
- Мирзоликни удда қилурму? Ёш ...
- Ақл ёшдаму? Қуръони Каримни туширди; туркий, форсий, арабийни шаррос билур, ўрисчага ҳам фаҳми етур. Зеҳну заковати қозиликни ҳам олиб кетадурғон. Ахир, ўрнимга жонишин ҳам тайёрламоғим керак-ку!
- Дуруст, аммо орзу этиб эдимки, ўғлим мударрис бўлса, аҳли муслимга илму-урфон ўргатса, маърифат, адолатдан дарс берса ...
- Зарур келганда мударрислик ҳам қилур – имкон яратурман. Зеро қозихона ҳам маърифат, адолат уйидир, -деди тоға иштибоҳ билан.
Шундай қилиб, ёш Маҳмудхўжа ўз фаолиятини қозихонада мирзолик қилишдан бошлаб юборди.
Ота Қуръон тиловат қилиб, дуолар ила ўғлининг ишига кушойишлар тилади.
Илоҳо, дуолар мустажо бўлсин

четверг, 7 октября 2010 г.

Московдан номалар

Нўмир 1


Ушбу номаи безабонни узоқ Москов шаҳринда мусофирчилик ситамин тортиб турғон Абу Найнав ибн Махсум ва дағи Калваки Самарқандийдан деб биладурсизлар. Каминани инчунин Калвак Махсуми Маҳалла деб ҳам атайдурлар.Боиси - Самарқанд илкиндаги деҳамиз Маҳалла аталур ва хусусан шаҳарликлар мардумларимизни андак афанди. анди билиб. латифа тўқумоқни хуш кўрурлар.
Аллоҳу таолога ва боз Муҳаммад ибн Алайҳиссаломга минг қатла шукроналарким, аларнинг муборак паноҳларида сиҳат-саломат рўзгургонлик қилиб юрибдурман. Илло, ҳеч нарсадан зориқиш йўқдур; яккаю ягона муҳтожлик гўдаклар ва қавмларнинг дийдорларидур. Зеро, машойихлар (аларнинг руҳини ўзи боқий қилгай) инчунин демишларким, мусофир бўлмасанг, мусулмон бўлмағайсан!
Қисса кўтоҳ, эмди Москов шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Уруссия шаҳарлари арасинда қўҳандур; урусмачитлар (алар черков деюрлар) кунжак-кунжакдан жой олғон бўлиб, савобталаб бандалар ижобат истаб, зўр бериб чўқинурлар, магарким ғайридиндурлар, бисёр хокисор, мўъмин; мурчага озор етказмаслар.
Локинда ножинс милисалари бундан мустасно. Қалпоқ кийганн мусулмонни кўрган заҳоти, занғарлар ақча талаб қилурлар.
Шаҳарда одам бисёр ва аксар тижорат бирла банд.. Хаёл қилурсанки, замин ёрилган-у, бандалар юзага чиққан. Тупроқ тагинда ҳам равон йўллар бордурки, аларни, метро, деюрлар. Кўрмушнинг кавогидай чор тарафга лахмча қилиб кавлаб кетаверганки, поёни бесарҳаддур. Яқо тутиб, ё навзанбиллоҳ, демоқдин ўзга имкон топмагайсан.
Алқисса, Москов сафаридан муддао хусусинда.
Якчанд хешбаччалар, қавмлар, жиянлар бу шаҳри азимга ақча топмоқ умиди бирла келғон эрдилар ва аларнинг рўзгурзонлигидан хабар олмоқ, каминага иншооллоҳ, ҳам фарз, ҳам кори савоб эрди.
Эмди хобгоҳим хусусинда экки оғиз калом. Ул шаҳар илкиндаги ғарибгина мусофирхона бўлиб, мисли кафтархона, бандаи мўъминлар кириб-чиқиб ётурлар. Каминаи камтаринни еттинчи қаватга чиқориб, катакдек уйчани лозим кўрдилар. «Пажалиста» деди, хизматчи хотун калит тутқозиб. Ман ҳам хушодоблик таомилини бузмай «спасиба» дедим: бисёр сарафроз ўлди. Хобгоҳга экки каравот қўйилган бўлиб, (авахтага ўхшаб) таҳоратхона-ю, ҳожатхона ҳам ушбу катакдадур. Пастга назар солсам, одамлар бамисоли мўрча – зир-зир югурурлар.
Андак нафас ростлаб, катта жиянга сим қоқдим.
Бу балага таъриф берадурғом ўлсам, бисёр хушқомат, хуштакаллуф. Якчанд забонда гуфтигў қилур. Деҳамизда катта ўй қурдурди, бала-чақаси фаровон. Боз, қишлоққа бот-бот туй-ю, зиёфат ҳам берур. Кисса кўтоҳ, дам ўтмай пайдо бўлди ва бадаз салом-алик:
- Тағо, бу ерга ётмоқ сизга ножоиз – ўйга кетурмиз,- деди.
Одоб юзасиндан андак тархашлик қилдим ва бад унга эргашдим. Чорчархамиз шиддат бирла қибла тамон юриб кетди. Юравердик-юравердик, бир маҳал дарахзор арасинда бир қасри Жемшед юз кўрсатди. Экки занги дарбон таъзим бажо айлаб, эшик очдилар. Ҳавли бисёр ораста бўлуб, фаррошу, малайлар бизга таъзим қилурлар эрди. Меҳмонхона-ю, дастархонни мақташга тил ожиз, Дунёда хар неки неъмат бор, бунда муҳайё эрди.
Гапзанондан аён ўлдики, бу мулк жиянга эмас, бир бевазанга тобе экан.
- Хуш жиян,- савол айладим, сан бу даргоҳда нима юмуш қилурсан – қаравул-у боғбонга ўхшамайсан...
- Тағо, бунисини сўраманг,- деди ҳижолат тортиб.
- Гапур,- авоз кўтардим,- буни билмоқ учун келдим.
-Жиянингиз ору асалнинг эркаги,- деди хавотир ила.
Аён ўлдики, бу баланинг ягона юмуши шу бевазан бирла ётмоқ экан. Бу нопокликдан жоним ҳалқумимга келди.
- Иби, иби,- дедим, о бизнинг зоту-зурёддан ҳолигиси билан пул топадурғон ҳанги чиқмаган эрдику!
- Тағо, пул топмоқ уётми,- деди бош эгиб.
-Тағо дема,- зарда қилдим,- сандак фалокат жияндан воз кечдим!
Бад аччиқ қилиб, этак қоқдим ва чиқиб кетдим.
Вақти шом хобгоҳимни ихтиёр этиб, бисмиллоҳ, дея остона ҳатласам, не кўз била кўрайки ҳамсоя каравотда бир муғулбашара, ҳирстабиат, махлуқсуроб одам нимлуч бўлиб ётибдур. Бефаҳмликни кўрунгки, на салом бор-у на алик. Э санга одоб ўргатганнинг зорини... Ҳамширағар! Гирдидан нари ўтдим, бери ўтдим – мисли мурда садо бермайди денг. Бадазон дедимки, кел шу занғарни бир гапга солай – не дарди бордур? «Как дела?» дедим ҳолпурслик ила. У шукрона изҳор қилди, экки кунлик юмуш бирла сафари Москов ихтиёр этганини аён айлади. Исми-шарифи Александр аталмоғини айтгач, Искандар деб атамоққа ижозат сўрадим. Бетавфиқ рози ўлди. Боз Узоқ Шарқдин неча шабу рўз йўл юрғонини, бисёр мушкулларга гирифтор бўлғонини изҳори дил қилди.
Аммо-лекин, бу алвастисуроб шундоқам хурраккаш чиқдики, то саҳар мижжа урган бўлсам, харна бўлай! Во, ҳиқилдоғинг кесилгур! Во овозинг ўчгур! Сизларга ялғон, худога чин – зорағарнинг хуррагидан хона ларзага кирар эрди. Нохуш овози аввал ҳирсга, бад ҳўкизга, палангга менгзар, аларга тақлид қилур эрди. Хурракашликни шу тариқа авж пардага кўтариб, бадазон тўп отқондек, «пақ-пақ» қилур эрди. Ҳаромининг авози бир фурсат сўнар ва дилим таскину фароғат топар эрди. Локинда бу шодлигим кўпга бормас, дақиқа кечмай, ул бетафқиф боз садо берур эрди.
Вақти саҳар ул барзангига дедимки, бу қандоқ ҳамхоналик бўлдики, шаби дароз каминага озор етказдинг?! Хижолат чекди дедики: Фақирни авф эт! Боз дедики, пишакдек жимгина ётур эрдим, валекин бунинг учун бир қултум оби зам-зам. яъни майи ноб зарурдир. «Жавоб айладимки: Айтганингни пайдо қилурман, каминани уйқудан бенасиб қилмасликка онт ич». Ҳаромивачча бу суханни эшитиб, бо мисли қўйган калла кулди, бадазон бисёр қасамхўрлик қилди.
Эртаси қўлтуғимдаги ҳишшани кўруб, ғайридиннинг кўзи ўйнаб кетди. Қўлларимни ўпди, аёғимга йиқилди. Бир пиёла тўлдуриб, айтдимки: «Буни заҳру маҳрингга ичгин-у, ўлукдек бўлиб ёт!» Боз қасамхўрлик қилиб, дедики: «Санга озор етказсам, ичгоним ичимга кетсун!» Мисли ташна туя бир қултум қилди-ю, айтдики; «Сан ҳам андак «попробуй». Жавоб бердимки: «Тоат-ибодатимни бир пул қилма!» «Андоқ бўлса, деди, тағин бир мисқол тўк, ман ётурман». Бажо келтурдим. Бадазон зум кечмай савол бердиким: «Ты меня уважаеш?» Бу ҳирсбашара, нокасни ҳурмат этмоқ фақир учун ҳўкизга илтифот кўрсатмоққа борабардур. Валек муросаи мадора дегонларидек, бош кўтармай: «Иззат қилурман», дедим. «Ундоқ бўлса, бамисли меҳрибон ҳамтабақлар ўпишурмиз», деди. Айтдимки: «Эй Искандари девона, нари кетки, жаҳлим тез, муштумим бозарбадур». «Майли, деди, истасанг ман ғарибни ур, аёқинг тагига ол, локинда бир пиёла гулобингни дариғ тутма». Ҳай, сан баднафснинг жиғилдонинг тешилсун. Боз бир пиёла узотдим. Фурсат кечмай, ўзи ҳам ором олмай ва каминага ҳам ҳаловат бермай, мисли маймун қилиқлар қилиб, тархашлик кўрсатди. «Во сани ҳолангни... дедим жаҳлга миниб, маюс ўтурмасанг, башарангга солурман сан гарданшикастанинг!» Бадазон ул бефаҳм сукут қилди, бечораҳол бўлуб кўзига ёш олди. Бунга ҳам тоқати бардош бермай, дилхун бўлиб йиғламоққа киришди. Ўзум ҳам бисёр ноўнғайлик чекдим. Худои таоло дилимға раҳму шафқат солиб, савол бердимки; «Эй ҳамхонаи ғариб, нечун дилхунсан?» Жавоб бердики: «Дарди дилим беҳаду беҳудуддир!» Дедим: «Изҳори дил қил – енгил тортурсан». «Дедики: «Сардафтаримни кўзламоқ бўлсанг, май узот. Дигар йўл йўқдур». Узоқ мулоҳаза қилдим ва садқаи сар қилиб, бир пиёла май узотдим. «Локинда, дедим, эмди каминани саргардон қиладурғон ўлсанг, онаизорингни Учқўрғондан кўрсатурман!»
Ичди, бетавфиқ! Энди десанглар, бу нокаснинг нохуш қилиқларини бирма-бир тасвир этмоққа қаламим ҳам номус қилур. Девона мисол қаҳ-қаҳ отур, овоз қўйиб ашўла айтур ва зум ўтмай кўз ёши тўкиб қолур эрди. Парво қилмадим, дедимки: «Баттар бўл, баччағар!» Бад дедики: «Эй ҳамхонаи саховатпеша, бир қулоч чилвирму, арқонму топилурму?» Дедим: «Ушбу буюмларга не ҳожат?» Жавоб айладики: «Ўзимни осурман – токи бу дунёи бақаламўннинг беҳад азобларидан фориғ ўлай!» Дедим: «Девона бўлма! Иншооллоҳ, тириклик шукрини қил». «Йўқ, ман, тирик мурдаман, надомат чекди, занғар, бундоқ ночор рўзгурзонлик этмоқдин кўра савуқ гўрда ётмоқ устундир!» Ул десам, бул деди, бул десам, ул. «Ихтиёр ба дасти Бахтиёр, деди бир муддат фурсат кечгандан сўнг, магарким арқонни дариғ тутсанг, ўзимни тиризадан отурман!» Дилимга ўт тушди, фикр айладимки, бу ... фурўш бир кори-хол қилса, маломатга қолмагайманму?! Қавму қариндоши, хешу-ақрабоси, гўдаклари бордур – қақшаб қолмасунлар. «Искандарқул, дедим, ҳишшадаги манабу сабилнинг юқини ютгил-у, хоби ғафлатга кет!»
Мурдор ичди, локинда хомуш бўлмади. То саҳар ҳар на балолар деди, қилиқлар қилди. «Эй карами олам, дейман, дард чекиб ўзумча, бундоқ азобларинг ҳам бор эрдими-у?!»
Саҳар чоғи падарлаънат ҳушёр тортди. Гина қилиб, дедимки: «Мани дилранж айладинг». Бош эгиб, айтдики: «Извини, земляк!» Бадазон паноҳи худо қилдик.

Давомини, иншооллоҳ битурман,деб қўл қўйдим. Илон йили, чилла. Бегохи жума
л

воскресенье, 19 сентября 2010 г.

3. шаффоф шабнамлар

* * *
Москвада мени ҳаяжонга солган бир воқеа ҳақида гапирмоқчиман.
Ботаника боғида юрган эдим. Осмонга бўй чўзган қрим қарағайи (уни Абу Али ибн Сино: "санавбар дарахти" деб атайди) шохчасида бир олмахон пайдо бўлди. Мени кўриб, қочиб қолади, деб ўйлагандим, ундай бўлмади: жонивор менга қараб югуриб кела бошлади. Мен андак саросималаниб қолдим, кейин шошилинч чўнтагимга қўл солдим: ҳар қалай бир нечта писта данаклари қолган экан, ана шу неъматни кафтимга қўйиб, думи бароқ мўжизага узатдим. У андак иккиланиб турди-ю, тумшуғини чўзди. Ҳадемай унинг иссиқ нафаси кафтимга тегди ва дилим беҳудуд ҳаяжонга тўлди.
* * *
Дилингизни ногаҳоний ғусса босганида, асабингиз қақшаган лаҳзаларда мўъжазгина гулхан ёқиб, алангага андак тикилиб кўринг-а. У худди тирик мавжудотдай тўлғанади, ён-теграсига, осмонга қараб талпинади. Гарчанд унинг безовта тўлғаниши бетартибдай бўлиб туюлса-да, бу курашда аллақандай қонуният борлигига ишонч ҳосил қиласиз. Унинг талпинишигинамас, бетакрор ранги, ҳарорати вужудингизга роҳат баҳш этади.
Сиз энгил тортасиз.
Мен бунга аминман!
* * *
Иссиқ вужудингизни лоҳаc қилади, ғайратингизни сўндиради. Лекин совуққа таққослагудай бўлсангиз, барибир унинг бир неча бор афзаллигига ишонч ҳосил қиласиз.
* * *
Мен сени шунчалар яхши кўраманки...
Сенинг қорачуқларинг ҳудди чақалоқ нигоҳларидек тийран ва тиниқ.
Сенинг жажжигина бошинг оппоқ атиргулга ўхшаб кетади.
Сен жуда қобил-мўминсан!
Биз табиат деб аталган бир дарахтнинг икки шохчасидаги икки нозик гулмиз.
Мен сени ғийбатлар қилдим, сени ёмонлаб ривоятлар тўқидим.
Ранжима, мен ғийбатчидан, азизим бойқуш!
* * *
Сукунат. Шаҳарда яшайдиган киши уни ботбот қўмсаб қолади.
Кунлардан бирида яйловда тунаб қолдим-у тунда ташқарига чиқиб, ана шундай сукунатга дуч келдим. Жонимни ҳалқумимга келтирган моторлар, электр карнайлардан холи маскан эди бу ер. Лоақал итлар ҳам ҳуримас, хўрозлар ҳам қичқирмасди. Бу ҳузурбаҳш ҳаловат дилимни неча дақиқа қитиқлаганини билмайман. Сўнг сукунатга қўшилиб, вақт ҳам қотиб қолганга ўхшаб кетди. Дилимдаги ҳаловат ўрнини аллақандай ғашлик эгаллади. Вужудим учун бундай боқий сукунат батамом ёт эканлигини биринчи бор чуқур ҳис этдим. Акс-садога умидвор бўлиб секин йўталиб қўйдим. Шунда зулмат қўйнидан «сақ-сақ» деган овоз янграб кетди. Мен уни танидим ва дафъатан енгил тортдим: бу — сақ-сақ деб аталган қуш эди.
Эмишки, у бир замонлар одам бўлган экан. Ножўя қилмишлари учун дадаси қарғаб паррандага айлантирган эмиш. Ҳар замонда «сақ-сақ» деб ўз жигаргўшалари бўлмиш одамларга сиҳатлигидан хабар бериб турармиш.
Соғ бўлсанг бас, менинг укам — сақ-сақ!
* * *
Бари ҳам навқирон, йигит ёшида эди. Кўзларидан ўт чақнарди-я! Кўкракларининг бақувватлиги, нафислигини; мускулларининг кўркамлигини, белларининг чайирлигини, қорачиқларининг дилкашлигини айтмайсизми?!
Кўпчилик эди улар. Кейин урушга олиб кетишди. Бирортаси лоақал мажруҳ бўлиб ҳам қайтиб келмади-я!
Бари фашист ўқига нишон бўлди.
Бечора дулдуллар, қорабайирлар

ФАРЗАНДГА ЎГИТЛАР

Тўлдирилган бешинчи нашри






* Фарзандга етти насиҳат
* Шу тийран кўзлар
* Буюк Кайковус ёзади
* Миллатчилик – ожизлик аломати
* Инсон пулни кашф этгандан буён унга зориқиб яшайди
* Бу китобни ўқиб, энг яқин кишингизга туҳфа этинг





74,90
Р33


Нусрат Раҳмат
Фарзандга ўгитлар.-Тўлдирилган, 5-нчи нашр.-Т.:

Таниқли публисист Нусрат Раҳматнинг қўлингиздаги «Фарзандга ўгитлар» китоби олдин «Ўгитнома» номи билан нашр этилган. Китоб ўқувчилар томонидан илиқ қаршиланди ва ҳар гал ҳам тез тарқалиб кетди. Муаллиф ўтган вақт оралиғида мухлислар билдирган кўплаб таклиф-мулоҳазаларни ҳисобга олиб, китобнинг тўлдирилган бешинчи нашрини ҳукмингизга ҳавола етмоқда. Ушбу нашр ҳам сиз азиз китобхонларнинг эътиборингизга сазовор бўлади, деган умиддамиз.



ДЕБОЧА

Кунлардан бирида мукка тушиб, насиҳатнома ёзаётганимда, танқидчи дўстим, одатдагидек мийиғида кулиб, заҳарханда қилди.
— Энди ҳамма панду насиҳатларни Кайковус билан Навоий битиб кетган, чамамда...
— Фақат Мир Алишер Навоий билан Кайковус эмас, Рўдакий билан Юсуф Хос Ҳожиб, Ибн Сино билан Махтумқули ҳам ўгитномалар битишган.
— Шундай бузрук алломалардан ҳам қолиб кетган гаплар бор эканми-а,— чимчилаб олмоқчи бўлди у.
— Бор ! — зарда билан жавоб қайтардим,— масалан, бу даҳо- лар қул ёки хизматкор сотиб олиш; подшолик, вазирлик таомиллари хусусида роса йўл-йўриқ кўрсатишган-у, табиатни муҳофаза қилиш, миллатни қадрлашдек заруратлар ҳақида лом-мим дейишмаган.
— Уларнинг замонида ...
— Ҳа, баракалла, энди ўзингга келдинг,— унинг каломини лабларидан юлиб олдим,— модомики, замонлар ўзгариши билан насиҳатларнинг мазмун-моҳияти ҳам дигаргун б¢лар экан, кимдир янги ўгитлар битмоғи керак-ку!
— Бунинг учун ўша донишмандлардай нуроний ва закий бўлмоқ зарурми, деб уйлайман-да...
— Йўқ, улар сен ўйлагандек, жуда мункайиб қолгандан кейин қалам учидаги гапларини коғозга туширишмаган — аксариятлари айнан менинг ёшимда ўта қимтиниш ва камтаринлик билан ўз ўғиллари номига йўриқномалар битишган...
— Ва бу қомусий насиҳатлар инсониятнинг дастурил-амалига айланган!
— Бу — бир, иккинчидан, каминанинг улардай зукко ва ашраф эмаслигимни юзимга солишинг ҳам ножоиз. Модомики, ул сухан пешволари даражасига етмаган эканман, демак, кам насиҳат тинглабман. Зеро, келажак авлод ҳам мендек ношуд бўлиб қолмаслиги учун уларга насиҳатнома битмоғим керак!
Монологимни тутатиб, "бопладимми" деган маънода рақибимга кўз ташладим. У эса кесатиш ва совуққонлик билан давом еттирди.
— Энди насиҳат одамларнинг жонига жуда тегиб кетган! Буни бирор жойда босиб чиқаришларига ҳам кўзим етмай турибди. Ҳомий топиш ҳам жўн иш эмас.
— Одамларнинг бадига пуч ва варсоқи пандлар тегиб кетган. Насиб бўлса, мен унақа бемантиқ, саёз йўриқномалар битмайман! Тағин: бобокалонларимиз ҳам "босиб чиқаришларига кўзлари етмай" ёки ҳомий топишдан хавотир тортиб, қўлларини қўлтиқларига қистириб ўтиришганда, инсоният "Қобуснома", "Зафарнома", "Саодатнома", "Гулистон", "Бўстон" сингари жавоҳир хазиналаридан бебаҳра қолган бўлур эди!
— Шу тариқа ўзимникини тантанавор маъқуллаб, ёзишда давом этдим. Марҳамат, қувваи ҳофизам даражасида битганларим ҳукмингизга ҳавола. У сизга ўтиришадими ёки ёқмайдими — бунинг мен учун аҳамияти камроқ. Лекин фарзандингиз ундан, Мавлоно Саъдий таъкидлаганларидек, бирор вароғини олиб кетса ва ўқиб, ўртоғига берса, шунинг ўзи кифоя!

НАВҚИРОНЛИК ВА НАВЖУВОНЛИК ХУСУСИДА

Эй азамат ўғлим, меҳрибон қизим!
Мана, сизлар ўн саккиз ёшнинг эшигини қоқяпсизлар. Шу дамгача бақамти ўтириб, босиқлик билан сизларга насиҳат берганимни хотирлолмайман. Дашном бердим, койидим, уришдим, чунки бола едиларинг-да у пайтда. Энди насиҳатга ўтсам бўлар. Ўгитнинг қадрига борадиган ёшга этдиларинг. Узоқ йиллар — камида менинг ёшимга етгунча панду насиҳат тинглашларингга тўғри келади.
Илк ўгитим, насиҳатга нисбатан ҳеч қачон беписанд ва бепарво бўлманглар; ёши ва мартабаси ўзларингдан улуғлар, доноларнинг пандларига шарқона бир эҳтиром билан қулоқ тутишга одатланинглар. Ўқиш билан уқиш ўзга бўлгани янглиғ, тинглаш билан англаш ҳам ғайри тушунчалардир. Деҳқон не- не меҳнатлар ила сомон орасидан донни ажратиб олганидек, яхшиларнинг маслаҳатларидан энг зарурларини топиб олиш ва ҳаётга тадбиқ этиш пайида бўлинглар.
Эй ўғлим! Йигитчиликнинг талай таомиллари борки, уларга амал қилмоқ умр йўлини белгилаб олмоқ демакдир. Энг зукко ва маъруф одам ҳам, айниқса, навқиронлик палласида талайгина нуқсонларга, бемаъни майлларга йўл қўяди. Жамият буни ҳис қилади ва баркамол бўғин нуқсонларини авф этади. Лекин камчиликларини, энг аввало, ҳаётга қадам қўйган кимсанинг ўзи чуқуррок ҳис этмас ва сабоқ чиқармас экан, охир-оқибат гумроҳликка йўл қўйиши муқаррар!
Ёшликнинг тағин бир муҳим шарти, унинг ўткинчи эканлигини эътироф этмоқликдир. Навқиронлик йиллари сени тез тарк етиб, доғда қолдиришини унутмаслигинг керак.

ҲИКОЯТ

Муштлашиш бўйича жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Руфъат Рисқиев ҳар гал рингга чиққанида зал қарсак ва ҳайқиришлардан ёрилгудай бўлиб кетарди. Унинг мансур ва мағрур қоматини ҳатто экранда кўриш ҳам дилимизга завқу шавқ ато этарди.
Руфъат бу эҳтирому шарифликка осонликча эришмаганди, албатта.
Ўн йиллар давомида не-не қалтис майдонларга тушиб, довруғи оламга кетган баҳодирларни ҳолдан тойдиргани, ҳар гал мақсад йўлида улкан сабот билан курашгани эвазига шундай эҳтиром эгаси бўлганди у. Ҳа, бу йигитнинг муштлашишини томоша қилиш мароқли, ҳаяжонли эди. Даврага тушганда, ортиқча эҳтиросга берилмас, ҳудудсиз олқишлар, унга тикилган фото ва телекамераларга бепарвогина қарарди. Биринчи раунддаёқ рўпарасидаги рақибнинг ожиз ўринларини илғаб олар, сўнг бирин-кетин сабот ва шиддат билан мушт туширар-ди. Унинг мўлжали аниқ, зарбалари ларзакор бўларди ҳар гал. Бундан ман-ман деган ғаним ҳам гангиб қолар, ўзини қайта тиклашга имкон тополмасди. Ҳар бир раунд бетакрор спектаклни эслатарди. Яна ҳам рамзийроқ қилиб айтсам, биринчи раунд комедияга, иккинчиси драмага, учинчиси фожеага ўхшарди. Дастлабки дақиқаларда Руфъат ринг бўйлаб шундай ҳамоҳанг ҳаракатлар қилардики, йигит рақсига ўҳшаб кетарди у. Орқага, ёнга қараб чекиниши; боши, элкасини кўз илғамас шиддат билан олиб қочиши, рақибига имконлар бериб, тағин уни ҳолдан тойдиришини кузатиш мароқли эди. Иккинчи раундда вазият ўзгача тус оларди: Руфъат босиқлиқ, ишонч билан ҳужумга ўтарди. Кутилмаганда унинг чўқмор муштлари рақибни гандираклатиб ташларди. Одатда ўйин тақдири ана шу раундда ҳал бўларди, лекин Руфъат зоҳирий бир мардлик билан рақибини авайлар ва учинчи учрашувга ҳам ўрин қолдирарди. Оҳирги раунд эса кўп ҳолларда поёнига етмаёқ рақиб қўлини кўтарарди.
Кинорежиссёрларимиз унинг баҳодир қоматини қайта–қайта суратга олишар, шоирларимиз уни миллатнинг фахри деб мадҳ этишарди. Машраб Бобоевнинг Руфъатга бағишланган "Юрак" деган шеърини ёдлаб юборгандик.
Мен асли қ¢лга шеър битишим керак....
Қорачўғимда — олис Гавана.
Кўксимиз — ринг.
Асаб системамиз,—
Юксак волтли электр тармоғи.
Симлар-ку салқиндан таранглашади,
Асабимиз симлари эса!—
Юксак ҳароратдан таранг.
Шу қадар тарангки,
Салгина хатога йўл қўйилса — бас!
Катта ёнғин чиқиб кетади.

Мен асли қўлга шеър битишим керак...

Кўксимиз — ринг,
Рингда жанг борар.
Жанг қуроли — мушт.
Лекин мушт муштдай бўлмаса:
Бош бармоқда новокаин;
Ўрта бармоқда новокаин;
Холис бармоқда...
Чимчалоқда...
Энди бунинг аҳамияти йўқ...
Мушт — мушт эмас,
Поролон қўлпоқ бўлса...
Унда нима билан жанг қилинади?

Мен асли қўлга шеър битишим керак....
Лекин қўлда соғлом мушт бўлмаса,
Нима билан жанг қилади боксчи?
Нима билан енгади рақибини?
Нима билан?

Мен асли қ¢лга шеър битишим керак...

Лекин ана...
Муштдайгина бир нарса жанг қилмоқда
Шу муштдайгина нарса туфайли
Поролондай юмшоқ мушт
Чўқморга айланган.

Мен гарчи қ¢лга шеър битишим керак,

Лекин юракка атадим шеърни
Чунки асосий гап — юракда.
Чунки ҳамма гап — юракда!
Аммо...
Надоматлар бўлсинким...
Бу нохуш ҳол бир неча йил муқаддам Кубада рўй берди. Паҳлавонимиз бу гал ана шу мамлакат чемпиони Стивенсон билан майдонга тушди. Америка қитъаси бор овоз билан ҳайқириб, ўз чемпионини олқишларди, байроқлар ҳавода бетиним селпинар; прожекторлар, обективлар батамом кураш майдонига қаратилганди.
Мен Стивенсонни кўрдим-у, унга зоҳиран ачиндим, чунки у Руфъатга нисбатан ёш ва жуссасиз эди. Жаҳон чемпиони бояқишни бир зарб билан мажруҳ қилиб ташлайдигандай эди назаримда.
"Бокс!" ҳитоб қилди ҳакам.
"Ё, Жамшид!" илтижо қилиб қолдик биз.
Ғалабага ташна рақиблар бир-бирларига ташланишди. Муштлашиш таомилларини сув қилиб ичган ҳамзаминимиз ўзига хос босиқлик билан мушт тушира бошлади. Йўқ, у дастлаб чекинган бўлиб, одатига кўра рақибига имкон берди, душман қалъанинг омонат жойларини излагандек, унинг ожиз томонларини " пайпаслаб" кўрди.
Ҳа, Стивенсон аксарият ёшлардек қизиққон ва тажрибасиз эди. У ўзини аямай жаҳон чемпионига ташланар, лекин бунинг эвазига мушт егани қоларди. Шўрлик шундай шошқалоқлик қилардики, кўп ҳолларда Руфъатни қучоқлаб олар ва улар шу тариқа ҳам бир-бирларини дўппослашар; судя уларни бир азобда ажратиб қўярди.
Биринчи зангдан сўнг Руфъатга таъриф беришди.
"Жаҳон чемпиони, тўрт марта мамлакат чемпиони, олий дара- жадаги фалон ва фалон муштлашишларнинг мутлақ ғолиби".
"Бокс!"
Рақиблар жамики қувват ва ғазабларини темир муштларига тўплаб, ҳамлага ўтдилар. Тағин қий-чув, ҳаяжонлар... Стивенсон дегани эса негадир биз интиқ бўлиб кутгандай чекинмас, узала тушиб йиқилмас, баръакс тағин ҳам шиддатлироқ бўлиб, оҳудай сакрар, чақиндай ялтирарди. Руфъатнинг муштлари падарқусурни ҳолдан тойдириш ўрнига унга куч-қувват ато этаёттанга ўхшаб кетар ва бундан биз дилтанг-у дилғаш бўлардик.
Океан ортидаги қита ҳамовоз ва ҳамдард бўлиб бақиришни авж олдирар, Стивенсонни олқишларди. Йўқ, Руфъат ҳам ёлғиз эмасди: бутун Ўзбекистон, эҳтимолки бутун мусулмон олами тақдирдан унга омадлар тиларди.
Биз Руфъатнинг арқонлар билан чоркунжак қилиб ўралган кафтдек жойдаги ҳудудсиз жасоратини ҳамиша умид ва қониқиш билан томоша қилардик. Ўша куни биринчи бор дилимизга ўт тушди, ҳавотирландик. Чунки ҳамюртимиз муҳофазага ўтиб олгани, мускулларидаги қувватни ҳасисона тежаётганига гувоҳ бўлдик. Начора, энергияни ортиқча сарфлаб ҳам бўлмасди: олдинда учинчи раунд бор эди.
Муштлашиш давом этарди.
Руфъат чарчай бошлади. Тажрибалари ва яшириб қўйган сўнгги ҳийлаларини ишга солиб, Стивенсонга устма-уст мушт туширди. У эса бунга жавобан рақибини бурчакка қисиб олиб, беаёв дўппослашга киришди.
Ҳар қалай шу пайт нажоткор занг янгради. Ҳа, нажоткор эди у. Боксчилар нафасларини, томошабинлар ҳаяжонларини саранжомлаб олишларига имкон берадиган садо эди у. Сўнг Стивенсонни таништиришди. У Руфъатдан анча ёш, кўпчиликка таниш бўлмаган боксчи экан. Лекин баччағар, ногаҳонда қўлга тушган балиқдай типирчилар, курашга ташналигини намоён этарди.
Учинчи раунд кўп давом этмади. Лаънати Стивенсон ногаҳонда чақмоқдек отилиб, Руфъатга мушт туширди. Аммо - лекин ёмон ўрди, бераҳм!
Руфъат Рисқиев йиқилди!
У билан бизнинг умидларимиз ҳам чилпарчин бўлгандай эди. Ҳа, бутун планетанинг кўз ўнгида йиқилиб ётган шунчаки боксчи эмас, гўёки менинг миллатим, ватаним, шон-шуҳратим, номусим эди. Кўзимдан ёш тирқираб кетди!
Бир! Икки! Уч! Тўрт!....ҳакам бармоқларини бирин-кетин букиб санар ва ҳар бир рақам бошимга тўқмоқ бўлиб уриларди. Етти! Саккиз!.... Ниҳоят, Руфъат ўрнидан турди. Йўқ, у энди аввалги девқомат ва шиддаткор Рисқиев эмасди; баракс ноумид ва пажмурдароқ бир вужуд эди. Шу пайт операторлар Стивенсонни ҳам кўрсатишди — у ҳамон курашга талпинарди.
Мен ҳамзаминимиз қаршисида енгилмас ва ҳамиша ғолиб НАВҚИРОНЛИК турганини кўрдим. Буни Руфъат ҳам ҳис этди ва мардларча рақибининг пешонасидан ўпиб, унга омадлар тилади.
Ўғлим! Навқиронлик, ғолиблик демакдир. Диалектик материализмнинг инкорни-инкор деб аталадиган шафқатсиз қонуни рингда яққол намоён бўлади. Бизни доғда қолдирган Стивенсон ҳам эртами-кечми бу майдондан ана шундай ноумид бўлиб, шалвираб чиқиб кетади.Чунки балокаш дунёда омад дегани кўп ҳолларда навқирон одамларнинг эшигини қоқади. Буни ҳамиша ёдда тут ва шунга қараб иш кўр.
Бир чапани одамдан шундай нақл эшитгандим: ўн—қўй, йигирма — бўри, ўттиз — арслон, қирқ — қилич, эллик- пахта, олтмиш — ахта, етмиш — нўхта, саксон — тахта.
Бу мақолни шарҳлаб ўтирмайман—ўзинг хулоса чиқариб ол!
Йигитга ўлим йўқ — ўзини тиққа уради, дейишади, Азиз ўғлим! Сенга етказилган зарофат, энг аввало менга етказилган жароҳат эканлигини унутма. Агар билсанг, амбразурага кўксини қўйган жангчи жасоратидан кўра яшаш учун курашган, дон сепган, ниҳол ўтқазган, китоб ёзган хокисор кишининг жасоратини устун қўярдим!
Ҳа, энг катта жасорат яшаш, зурриёт ва эзгулик қолдиришдир! Ўзга юртларнинг манфаатлари учун жон берган йигитларга жуда ачинаман. Уларни ана шу ўлимга сафарбар этганларга қирон келсин дейман.
Уруш ва жанжалларни ҳамиша ёмон одамлар бошлайди ва унда яхши одамлар нобуд ёки мажруҳ бўлишади! Буни унутма.
Ичкиликка берилма, чекма, аблаҳ одамлар билан ҳамтовоқ бўлма, балодан ҳазар қил, десам мени эзмаликда айблама. Тўғри, бу ўгитларни бобокалонларимиз жуда ибратомуз қилиб ёзганлар, муаллимлар ва яхши одамлар неча бор қулоғингга қуйишган. Лекин гоҳида, мулло бўлсанг, такрор қил, деган нақлни ҳам унутмаслик керак.
МЕҲРИБОН ҚИЗИМ! Алломалар ўз ўгитномаларини нуқул:
"Эй писар!" яъни эй ¢ғил, деб бошлашган. Улар нечундир қизларига мурожаат этишмаган. Эҳтимол ўша замонларда бу таомилга кирмагандир?! Балки уларнинг кўнгиллари қизларидан тўқ бўлгандир — бусиз ҳам одобли бўлишига ишонишгандир.
Мен ҳам сенинг одобли ва шоҳиста бўлишингга ишонаман. Аммо бизнинг ушбу нохуш муҳитимизда эзгуликнинг мунаввар йўлидан андак бўлса ҳам чалғиб кетишингдан хавотир тортаман.
Ҳа, бизнинг замонда аёл бўлиб туғилиш осон эмас. Болаларни вояга етказиш; эр ва бошлиққа бўйсуниб яшаш, фақат фарзандларнигина эмас, уларни (эр ва бошлиқни) ҳам тарбиялаш, билсанг — оғир қисмат! Аммо аёл қалби бу қудратга қодир! Фақат катта, жуда катта мақсадлар керак!
Сенинг баҳорий вужудингни кўриб, ич-ичимдан қувонишим, фахрланишим ва зоҳирий хавотирга тушишимга энди ишонгандирсан. Жоҳиллар ва ярамас одамлар номинга доғ теккизишларидан, руҳан озор етказишларидан; ўзингга боғлик бўлмаган фалокатлар қаддингни букиб қўйишидан чўчиб яшайман! Сенга кўз тиккан балолар, майли менга тега қолсин, дейман! Чунки мен кўпроқ умр кўрганман ва сендан кўра бардошлироқман!
Биламан, сен авлодимизни улуғлаш учун курашасан, оилангни эъзозлайсан, лекин фақат рўзғоринг учун яшамайсан одамларга наф келтиришни, энг зарур дақиқаларда уларга қўл чўзишни одат қиласан.
ҲИКОЯТ

У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина "Виллис" зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа – сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп–қора булутнинг ғайри-табиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.
Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.
Худди шу пайтда кутилмаган ҳол рўй берди: қаршимизда бир отлиқ пайдо бўлди ва қамчисини ўйнатганича қўл силкиб бизни аллақандай нохушликдан воқиф қила бошлади. Иккаламиз ҳам ҳушёр тортиб, дилтанглик билан уни кутдик: масофа яқинлашгач, разм солсам, балоғат ёшидаги қиз (эҳтимол, жувондир) экан. У яшин тезлигида бизга яқинлашди ва бор овоз билан огоҳлантирди: "Қочинглар, сел келаяпти!"
Ҳадемай тўриқ ортида енгилгина чанг қолди, холос. Биз жон талвасасида ўзимизни кабинага урдик; шукурларким, мотор дарҳол ўт олди. Андак илгарилаганимиздан кейин эса ажалнинг комига қараб бораётганимизни эсладик: бу тор дараларда орқага бурилиб олиш ҳам унчалик жўн иш эмасди. Ҳадемай улкан харсангларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўладиган ваҳимали овозлар қулоғимизга чалинди, гувиллаган ёввойи овоз кучая бошлади. Кабинадан шаҳт билан тушиб, иккаламиз (негадир икки томонга қараб) қоча бошладик. Мен қояга рўпара бўлганимдан кейингина шошқалоқлик қилганимни тушундим: соҳил тик ва қалтис эди. Нари томонга қараб, шеригим барра ўтлоқлар бўйлаб юқорига ўрлаб кетаётганини кўрдим. Шу тобда орқага қайтиш ҳам аждаҳо билан юзма-юз бўлишдек ваҳимали бўлиб туюлди. Шунинг учун ҳам чапдастлик билан чақир тошларга тирмашиб юқори чиқа бошладим, харсанглар орасидаги аллақандай бута илдизига, сўнг баданини тикан қоплаган ёввойи бодомчага осилиб, юқори кўтарилдим. Уёғи ясси ёнбағир эди: Тағин анча юқорилагач, бўтана сув энди таъқиб этолмаслигига ишонч ҳосил қилдим-у, тин олиб, пастликка боқдим. Бешикдай-бешикдай тошлар бир-бирига урилиб, пастликка отилар, лойқа сел дуч келган нарсани комига тортиб борарди. Илдизи билан қўпорилган бир терак машинамизга келиб урилди ва уни ағдарди; сўнг ўнгариб олиб, болалар ўйинчоғидай лопиллатиб суриб кетди. Зум ўтмай сув бетон симёғочнинг белига чиқди ва уни ҳам қулатди. Мен табиатнинг бунақа ногаҳоний ва қалтис қилмишини ҳеч кўрмаган эдим. Даҳшатли ҳайқириқ тобора кўтарилиб борар, сел шиддати дунёни босгудай эди. Мен бебош ва бешафқат қудратга узоқ тикилиб, беихтиёр инсоннинг ожизлигини ўйладим ва негадир ўксиб кетдим.
Алламаҳалдан кейин сувнинг кучи кесилди, унинг сатҳи пасая бошлаши билан мен ҳам ортимга қайтдим.
Икки-уч кунгача хаёлим ана шу табиий тўфон билан банд бўлиб юрди: даҳшатли овоз қулоғимга чалиниб тургандай, ҳамлакор тўлқинлар пастга отилаётгадай бўларди. Сўнг эса булар бари иккинчи ўринга чекинди ва мен одамларни огоҳлантириб ўтган ўша ногаҳоний қизни кўпроқ эслайдиган бўлдим: ким бўлди экан у — менинг халоскорим?! Қай бир бахтли отанинг фарзанди экан?! Кейин уни беҳудуд бир дард билан қўмсайдиган бўлдим ва беихтиёр Омонқўтон сари йўл олдим.
Одамлар ногаҳоний фалокат хусусида ҳамон энтикиш билан ҳикоя қилишар, офат кўлами ва қудратидан хабар беришга шошилишарди. Ҳа, анча-мунча нохушликлар бўлибди. Жумладан, мен кўрмоқчи бўлган ўша бинолардан ном-нишон қолмабди. Талай қорамоллар, қўй-эчкилар аспаласопинга равона бўлибди. Булар садқаисар-куя одамлар ҳам қурбон бўлишганини айтишди. Пастки қишлоқда бир аёл нон ёпиш илинжида тандирга уннаётган экан. Сувора қиз хитоб бериб ўтганда боши тандирда бўлгани учун эшитмай қолибди, болакайлари тоққа қараб қочишибди-ю ўзи... Тағин бир киши маст экан.
Жон ваҳимасида ўрмалаб чиқиб кетганим — ўша қоя қаршисида бир зум тўхтаб қолдим. Шу ердан алпинистдай чирмашиб чиққанимни айтган эдим, ҳамроҳлар ишонишмади. Ҳақлигимни исботлаш учун қайтадан чиқмоқчи бўлдим-у аммо уддалолмадим, ғалати.
Хуллас, кўзларидан ўт чақнаган ўша қизни излаб, аввал юқори қишлоқда чиқдим, аммо бу ерда қизнинг кимлигини ҳеч ким айтиб беролмади. Бошқа қишлоқдагилар ҳам уни танишмади. Суриштираверганимдан кейин турфа тахминларни айтишди: юқорида геологлар, биология факултетининг амалиётга келган қизлари, туристлар, йўловчилар дегандай. Қисса кўтоҳ, мен уни тополмадим. Аммо орадан йиллар ўтган сари ҳалоскоримнинг баркамол ва дуркун қомати, бесарамжон нигоҳлари, ногаҳоний шиддати кўз ўнгимда тиниқлашиб, улуғланиб, муқаддаслашиб бораверди.
МЕҲРИБ0Н ҚИЗИМ! Қизлик ва навжувонлик фасли кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Мен ўша отлиқ қизни ички бир энтикиш билан қўмсагандай одамлар сени ҳам эзгу туйғулар билан эслашларини орзу қиламан. Сершавқат ва раҳмдил бўл, болакайларни бағрингга бос, пешонасидан ўп; дилшикаста аёлларнинг кўз ёшларини артиб қўй, жониворларни золимлардан ҳимоя қил!
Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид шарқ тупроғидан узилиб кетмасин! Урф-одатларимиз, анъаналаримиз, диний эътиқодларимизга беписанд бўлиш — ота-онага, боболарга ҳурматсизлик эканлигини унутма!
Худо кўрсатмасин, бошингга оғир кунлар, ногаҳоний мусибатлар тушганда руҳинг тушиб, қаддинг букилиб қолмасин!
Олдингда ҳали шуълакор ва мунаввар кунлар кўплигини ёддан чиқарма!

БИЛИМ ОЛМОҚ, ҲУНАР ЎРГАНМОҚ ВА ЗАКО-
ВАТГА ЭРИШМОҚ ХУСУСИДА

Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор бениҳоя ориф ва камсухан инсон б¢лганликларини таъкидлаб ўтишим керак. "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасига у киши бош муҳаррир бўлганларида мен бўлимда ишлардим; кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.
Муҳтарам зот билан қурган суҳбатларимнинг бири бу турур:
Дедим:
— Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини бирма-бир очадиган калит недур?
Дедилар:
— Илм, ҳунар ва заковат.
Дедим:
— Миллатни камолот сари етаклайдиган кишилар кимлар? Дедилар:
— Билимли, ҳунарли ва ақлли кишилар.
Дедим:
— Бу хислатларга қандай қилиб эришмоқ керак?
Дедилар:
— Катта мақсад ва иштиёқ билан, андак мадад ва раҳнамолик билан.
Дедим:
— Инсон бир бор дунёга келади, уни ҳам билим ва ҳунар йўлидаги машаққатга сарфлаши жоизми?
Дедилар:
— Киши камолот сари интилмас экан, у жаҳолат ботқоғига ботиб қолаверади; жаҳолат эса жаъми иллатларнинг бошидир.
Дедим:
— Фарзандлар ва шогирдларни не илму ҳунарларга даъват этардингиз?
Дедилар:
— Ўғилларни заминга меҳр қўйишга, келажак касби бўлмиш ЭҲМ, компютерлар ва илмий-техника тараққиёти уфқларини эгаллашларига хоҳишманд эдим.
Дедим:
— Ахир, ерга ишлаш билан илмий-техника тараққиёти кутбнинг икки томони-ку!
Дедилар:
— Келажакда уларни бирлаштирган, уйгунлаштирган йигитларнинг қўли баланд б¢лади. Зеро, Беҳбудий ҳазратлари таъкидлайдилар: "Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун ишлайлик!"
Дедим:
— Қиз болаларга истакларингиз?
Дедилар:
— Лоақал умр ва қувватларининг ярмини рўзғорга сарфлашга имкон берадиган соҳага сафарбар этардим.
Дедим:
— Фарзандлар ва шогирдлар ўзга йўлни мақбул топишса-чи?
Дедилар:
— Уларга омад тилардим, кўмак кўрсатардим.
Дедим:
— Айрим фарзандлар, шогирдларнинг андишасизлиги, лоқайдлиги, шуурсизлиги нимадан?
Дедилар:
— Ота-она ва устозларнинг бебурдлиги, беғамлиги, бетутуруқлигидан.
Дедим:
— Фарзандлар ва шогирдларга тағин тилакларингиз?
Дедилар:
— Касбу корига — садоқат, қавмларга — меҳр, табиатга- муҳаббат!
Дедим:
— Бунга қандай эришмоқ керак?
Дедилар:
— Садоқатга — эҳтиром, меҳрга — самимият, муҳаббатга шафқат ҳамда эминлик туфайли.
Дедим:
— Зиддиятларнинг боиси недур?
Дедилар:
— Икки дорвоз бир дорда ўйнолмаслиги, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамаслиги.
Дедим:
— Исённинг сабаби недур?
Дедилар:
— Зулм.
Дедим:
— Зулмнинг боиси-чи?
Дедилар:
— Жаҳолат!
Дедим:
— Хасислик ва шуҳратпарастликдан қочмоқ учун нима қилиш керак?
Дедилар:
— Бот-бот пул ва мукофотдан воз кечмоқ керак.
Дедим:
— Бировнинг ҳақига ҳиёнат қилмаслик учун-чи?
Дедилар:
— Оқибат ва оҳиратни ўйламоқ керак.
Дедим:
— Атрофда таъбингга ўтиришмайдиган биқсиқ ва ипирисқи кимсалар кўпайиб, дилинг ғуссага тўлганда, нима қилиш керак?
Дедилар:
— Мавлоно Муқимийнинг тўртлигини ёдга олмоқ керак:
Шерсиз эмасдур бешалар,
Бордур саховатпешалар.
Қилманг ёмон андешалар,
Яхшилари ҳам бор экан!
Дедим:
— Сиз қайта дунёга келсангиз, тағин шу умр йўлини танлармидингиз?
Дедилар:
— Ҳа, шу йўлдан борардим, аммо ҳатоларимни такрорламаслик пайида бўлардим.
Дедим:
— Хатоларингиз кўпми, сирми?
Дедилар:
— Умрим давомида кам билим олганим, кўпроқ ҳунар ўрганмаганим менинг хатоларимдир.
Дедим:
— Демак, инсон фарзанди учун энг муҳими — билим ва ҳунар экан-да?
Дедилар:
— Энг муҳими — ақл!
Дедим:
— Наҳотки, билим ва ҳунардан, истеъдод ва тажрибадан ҳам ақл бирламчи ва устун бўлса?!
Дедилар:
— Илло, шундай!
Дедим:
— Энди ақлга эришиш йўлларини айтинг.
Дедилар:
— Табиат ва жамият ҳар бир кишига озми кўпми заковат уруғини ато этади. Уни авайлаб ундириш, вояга этказиш бандасининг ўзига вобастадир.
Дедим:
— Ақллиликнинг бош белгилари недур?
Дедилар:
— Киши ақлли бўла борган сари одамлардаги бу хислатни кўпроқ илғайди ва қадрлайди. Ҳамма нарсага ақли етган киши ҳамма нарсани кечиради.
Дедим:
— Тағинчи?
Дедилар:
— Хокисор ва камтарин бўлади.
Дедим:
— Хокисорлик ўз қадрини ерга уриш эмасми?
Дедилар:
— Фақат кибор ва беписандлар наздида шундай.
Дедим:
— Ғурурга ўхшаш жоҳиллик недур?
Дедилар:
— Жаҳл!
Дедим:
— Баландликка ўхшаш пастлик недур?
Дедилар:
— Беписандлик.
Дедим:
— Ожизлик аломати недур?
Дедилар:
— Миллатчилик, маҳаллийчилик.
Дедим:
— Ақллиликнинг тағин қанақа нишоналари бор?
— Дедилар:
— Улар мантиқий оқибатни билиб иш тутадилар.
Дедим:
— Тағинчи?
Дедилар:
— Улар кам гапириб, кўп тинглайдилар!

ОТА-ОНА МЕҲРИ ҲАМДА ФАРЗАНДЛАР
БУРЧИ ХУСУСИДА

Дунёда ота ва онани мадҳ этмаган алломалар топилмаса керак. Шоиру фозиллар, айниқса онанинг беҳудуд меҳри олдида қайта-қайта бош эгишган.
Бир маҳаллар мен ҳам бу мавзуга қўл уриб шеър ёзгандим.

***
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар...
«Кўзи ожиз» бўлиб туғилгандим ман
«Бечора, дердилар, қисматинг экан».
Сезмасдим:
Тун нима ё кундуз нима,
Баҳор латофати ё юлдуз нима.
Эртадан кечгача ўтирардим жим,
Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.
Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам
Доктор олиб келди, қувондим бирам!
Профессор экан,
Кўрди кўзимни
Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.
— Даволайман,— деди, — аммо жуда қийин.
(Дилим туғён этар дақиқа сайин)
Бунинг бир йўли бор:
Бирорта одам
Агар рози бўлса,
Даҳшат бўлса ҳам
Кўз соққасин берса, ўйиб оламан
Кўзлари ўрнига уни жойлайман!
Тезда дўстларимни топибди дадам,
Сўрабди ёрдам....
Аммо ким кўз берсин?!
Шу экан тақдир-
Дебдилар: кўз бериш — даҳшат-ку, ахир!
Қариндошларни ҳам топибди дадам,
Кўз инъом этмабди қавмларим ҳам.
Дадам бир гадойни учратиб бир кун,
Дарду ҳасратларни тўкибди, дилхун.
Дебди: "Бир кўзингни манга сот, жўра..."
Гадой курққанидан қочибди тура!
Сукут ичра ғусса чекардим, ҳайҳот
Ногоҳ, эшитилди аччиқ бир фарёд...
Вой, онам-ку, ахир!
Ирғиб турай десам, қўймади кимдир.
Кейин...
Кейин билсам, бечора онам,
Мен учун берибди икки кўзин ҳам.
Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,
Дарддан мунисгинам фарёд солибди.
Жарроҳ, столига сўнгра мен ётдим,
Уёғини билмам — ҳушим йўқотдим.
Ўтиб фурсат-
Бўлди рухсат!
Докани кўзимдан ечдим-у шартта,
Мен борлиққа боқдим биринчи марта!
О, ошифта дунё, Осмон, юлдуз, ой!
Одамларни кўрдим, илк бор, ҳойнаҳой!
Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,
Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!
Онамнинг иккала кўзи кўр эди,
Инграрди бечора...
Дарди зўр эди!
У секин пайпаслаб бошини тутди,
Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.
Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,
Меникимас, дўстлар,
Онажонимники!...
Эй фарзанд! Бу шеърни шарҳлаб ўтиришим, эҳтимол ортиқчадир. Бизнинг фақат қорачуқларимизгина эмас, бор вужудимиз ота ва она пушти камарининг маҳсулидир. Аммо, тан олмоғимиз ва надомат изҳор этмоғимиз керакки, биз ота ҳамда она меҳр оқибатларини кўп ҳолларда, улар ҳаётдан кўз юмгандан сўнг теранроқ ҳис этамиз, афсуслар чекамиз. Буюк Навоий таъбирлари билан айтганда, кимки ота-она тириклик пайтида уларга "бошни фидо айласа, жисмини садқа қилса" фарзандларидан шундай меҳрибонлик, садоқат кутишига маънавий ҳақли бўлади.
Ота-онаси тириклик пайтида уларни кафтида кўтарган, вафотларидан сўнг ҳам руҳларини шод қилиб турган ¢ғил- қизларга тақдири азалдан забту зафарлар тилайман.
ЖУФТИ ҲАЛОЛ ВА ЗУРРИЁТ
ХУСУСИДА

Азиз ўғлим ва қизим! Қалқиб турган бу серғалва дунёда ҳар кимнинг ўзига муносиб, меҳрибон умр йўлдоши топиши, борлиғини унга бахшида этиши, фарзандлар кўриб, уларни вояга этказиши унча жўн иш эмас ва яна шу некбахтлик ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Оила куришдек бағоят масъулиятли тадбирни амалга ошириш юзасидан, афсуски ҳеч ким аниқ кўрсатма ва тавсиянома беролмайди, чунки жуфти ҳалол танлаш — бағоят назокатли кўнгил иши. Аммо шунга қарамай бор инъом-ихтиёрни ўзларингга ташлаб қўйсам унча тўғри бўлмас. Бир масъул ва жонсўз ота сифатида маслаҳатлар бермоқчиман ҳамда улар асқотади, деб умид қиламан.
Аслида донишманд халқ бу борада энг мумтоз пандларни айтиб қўйган:
Бошинг икки бўлмагунча
Молинг икки бўлмайди.
Тағин:
Хотинсиз рўзғор — чўл,
Хотинли рўзғор — гул.
Тағин:
Тенгини топсанг — текин бер.
Тағин:
Ақлли хотин — уй кўрки.
Ўғлим! Буни умр савдоси дебдилар. Шунинг учун уйланишга унча шошилмаслигингни маслаҳат бераман. Ўсмирнинг андак улғайиб, никоҳ ёшига этишиш, баркамол маънодаги балоғатдан далолат эмас. Турмуш қуриш учун маънавий, иқтисодий жиҳатлардан ҳам тайёр ёки қарийб тайёр бўлмоқ керак. Иложи бўлса, ўқишни битириб, бирор юмушнинг бошини тутгач ва тағин, тўйнинг айрим саруполари, заруратларини харид қилгач, тараддуд бошласанг ўринли бўлур эди. Аммо, сўққа бошлик ҳам чўзилиб кетавергани сари киши инжиқ, ¢та нозиктаъб, ҳатто андай беписанд бўла боришини назардан қочирмаслик керак.
Гап турмушнинг муқаддас қўрғонини тиклаш хусусида кетар экан, ундан олдин севги деб аталган устувор туйғу ҳақида тўхталиб ўтмасам, ошиқлар мени жоҳилликда айблашлари ҳеч гап эмас.
Эрамиздан аввал яшаб ўтган қадимги юнон донишмандидан тортиб кечагина мактабни битирган ёш шоир ҳам бу хусусда тўлиб-тошиб афсона-ю ашъорлар ёзишган. Уларга қўшимча қилиб, бирор тоза фикр айтишим мушкул. Фақат шуни таъкидлаб ва тайинлаб айтишим керакки, бу беҳудуд завқ бетакрор маънавий кудратдан бебаҳра қолиш каттагина йўқотишдир.





ОНА ЮРАГИ ҲАҚИДАГИ АФСОНАНИ ЭШИТГАН ЧИҚАРСИЗ. УНИ ТАЛАЙ ШОИРЛАР ШЕЪРГА СОЛИШГАН. МЕН ҲАМ БИР ВАҚТЛАР ҚАЛАМИМНИ СИНАБ КЎРГАНДИМ.
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
СЕН ОНА ЭМАССАН.
ЖАЛЛОДСАН – ҲАЁТ!
ОШИҚИ ЗОРЛАРГА ИЗТИРОБ НЕЧУН?
МАЪШУҚЛАР ПОЙИДА НЕ БОИС МАЖНУН?
УЛАРГА ТУТҚАЗИБ, ГОҲ ХАНЖАР, ГОҲ ГУЛ,
ҚИСМАТНИНГ ҚАЪРИГА ОТАСАН БУТКУЛ!
ҚАЛАМГА ОЛГАНИМ ЖЎН БИР АФСОНА,
АФСОНАДА ЗОҲИР – САБОҚ, ФАСОНА
ЎҒЛОН СЕВИБ ҚОЛДИ, ДАРДИ БЕҲУДУД,
КЎЗИДАН, СЎЗИДАН ЎТ ЧАҚНАР БЕДУД.
ОДАМЛАР! ЧЕКИНИНГ, АНА МАСТ КЕЛДИ!
ИШҚ ШАРОБИН ИЧГАН
ҒЎР САРМАСТ КЕЛДИ!
ИШҚИ ТУШГАН САНАМ, О ДИЛДОР ЭДИ,
ЧЕЧАН-У, ШОҲИСТА ВА КИБОР ЭДИ.
МОҲТОБНИ ЭСЛАТАР ХУШРЎЙ ЮЗЛАРИ,
РУҲИНГНИ ЭРКАЛАР СУЗУК КЎЗЛАРИ
ПОЙЛАРИГА ҚЎЙИБ БОШИНИ ТАКРОР?
ЙИГИТ ЗОРЛАНАРДИ – АШКИ ШАШҚАТОР:
«ДИЛИНГНИ МЕНГА БЕР,
БЕРАҚОЛ, ЖОНИМ,
ЗУЛМАТГА ОТМАГИЛ ЖОНУ ЖАҲОНИМ.
НЕ ШАРТИНГ БОР, СЎЙЛА, БОРЛИҒИМ НИСОР,
ЖОНИМ-У, ЖАҲОНИМ, ИМОНИМ НИСОР…» «ЧИРАНМА, ҚОПЛОНИМ, КЎЗ СУЗДИ ДИЛДОР,
АГАР ЖЎМАРД БЎЛСАНГ, ҚАЛТИС ШАРТИМ БОР…
МАЙЛИ, ЮРАККИНАМ СЕНГА БАХШИДА…
(ОШИҚҚА УМИДБАХШ ВАЪДА ЯХШИ-ДА)
УНИНГ ЭВАЗИГА КЕЛТИРГИЛ ЛОЧИН,
ОНАНГ ЮРАГИНИ!
СЎЗИНГ БЎЛСА ЧИН!»
НИМА БУ?
МАКРМИ, СИР-У СИНОАТ,
ДАҲШАТЛИ ҲАЗИЛМИ ЁКИ ХИЁНАТ?
ЁЛҒИЗ ЎҒИЛ ЭДИ, ЁЛҒИЗ ОНАГА.
САРОСАР ҚАЙТДИ У УЙГА – ХОНАГА
ОНАНИНГ КЎЗЛАРИ ЙЎЛГА ЗОР ЭДИ.
ЎҒИЛ ҚЎЙНИДА-ЧИ ХАНЖАР БОР ЭДИ…
ДЕВОНАВОР ЭДИ УНИНГ КЎЗЛАРИ,
САРБАСАР, МАСТОНА АЙТГАН СЎЗЛАРИ.
ОНА ЁЙГАН ЭДИ МУЪЖАЗ ДАСТУРХОН,
ҲАДЕМАЙ НОН ЎЗРА САЧРАБ КЕТДИ ҚОН!
КАФТДА СЕРХУН ЮРАК УРАРДИ ҲАМОН.
ЎҒИЛ МАНЗИЛ САРИ ОТИЛДИ ЧПҚҚОН.
ВА ОСТОНА ЎЗРА ҚОҚИНИБ ТУШДИ,
ОНАНИНГ ЮРАГИ НАРИГА УЧДИ…
ВОДАРИҒ,
ВОДАРИҒ, ТИЛГА КИРДИ У,
ДАРДУ ИЗТИРОБЛИ БИР ҲОЛ ЭДИ БУ
ДЕДИКИ: «ТОЙЧОҒИМ, БУ НЕ ФАЛОКАТ?
ЕТМАДИМИ СЕНГА ЗАРБУ ЗАРОФАТ?
ТУРАҚОЛ, ЧИРОҒИМ, ДАРДИНГНИ ОЛАЙ,
ЙЎЛ ҚАЛТИС, ОГОҲ БЎЛ ҚУРБОНИНГ БЎЛАЙ…
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
ҲАЙҲОТ!
СЕН ОНА ЭМАССАН,
ЖАЛЛОДСАН ҲАЁТ!
ОШИҚИ ЗОРЛАРГА ИЗТИРОБ НЕЧУН?
МАЪШУҚЛАР ПОЙИДА НЕ БОИС МАЖНУН?
КЕЧИР, МУНГЛИ БЎЛДИ НУСРАТНИНГ СЎЗИ,
ХУЛОСА ЯCАСИН ҲАР КИМНИНГ ЎЗИ…







Муҳаббат — бир-бирига етишгунча оловланиб сўнг сўниб қоладиган туйғу, деган экан бир файласуф. Дастлаб бу афоризм менга жуда ёқиб тушганди, кейин эса ҳаётда бунинг аксини кўп кўрдим: тўйгача бир-бирини танимаган, кейин эса мажнунона севиб, суяниб қолган, борлиғини бир- бирига бахшида этган талай эр-хотинларни учратдим; уларга ҳавасим келди.
Эй фарзанд! Чироққа лампамой, ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидай, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат талаб қилишини унутма.
Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайдику! Яхши кўрадиган кишингнинг кўнглини топиш воситаларини ўзинг ўйла; балки бир даста гул, эҳтимол, ярашиқ либос ёхуд андак ҳамду сано, табассум...
Зеро, шоир айтганидек:

Инсонга жуда кўп нарса керакмас,
Уйда уни кимдир кутиб турса — бас !

Қизим! Бизнинг гоҳ, турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб турадиган нохуш ҳол, бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси, оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, тирик етим қолдириш — гуноҳи азим.
Қисматнинг бўёқлари оз эмас: биров қайнона-қайнотаси билан келишмайди, бошқа бир келин пулсизлик ва уйсизликка қарши бош кўтаради, яна бир бебахтнинг эри гиёҳвандликка, ичкиликка ёки қиморбозликка берилади. Сен қизим, бундай ногаҳоний зарбаларга ҳамиша тайёр бўл, ҳар қандай иллатнинг ғовлаб кетишига йўл қўймай, унинг олдини олишни ўрган. Қайнона ёки қайнотангдан ҳасрат қилишдан олдин бир ҳақиқатни ақл тарозусига солиб, мушоҳада юритиб кўп: улар ўзга бир даврда яшашди, сен бошқа замон одамисан. Модомики шундай экан, йиллар орасидаги фарқ дунёқарашлардаги, нуқтаи назардаги фарқ демакдир. Рўзғор деган қалъанинг ҳар қандай омонат жойини мустаҳкамлаб бориш; бунинг учун бир-бирини кечиришни билиш, гоҳида хокисорлик таомилларига амал қилиш, миллий удумларни қадрлаш сингари бир талай шартларни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Оила муносабатларидаги кичик зиддиятларга беписанд бўлмагин — катта жиддиятлар ана шу кичик зиддиятлардан бошланади.
Тағин шуни ёдда тутгинки, эркак зоти ҳамиша ўз имкониятларидан каттароқ гапирадиган, ваъда бериб қўядиган бўлади. Начора, эркакчилик. Зеро, шундай экан, бу ҳолдан ортиқча қаҳрга минишга ҳожат йўқ. Конститусия эркак ва аёлга тенг ҳуқуқ берган бўлса-да, мусулмончиликнинг ҳеч қаерда қайд этилмаган қонунлари оилада, қариндошлар, дўстлар даврасида сардор мавқеи андак сарбаланд бўлишини тақозо этади.
Муҳаббат ва садоқат шунчаки китобий гаплар эмас, оила ҳам эркак ёки шаҳвоний зарурат учун қурилмайди.

ҲИКОЯТ

Самарқанд тумани Қозиқўрғон қишлоғида Жўрақул сибир деган отахон яшайдилар. Пиру бадавлат мўйсафид: икки ўғил, икки қиз, невара, чевара дегандай.
Ҳозир (2002 йил) саксондан ошган отахон умрларининг ўн бир йилини Сибирдаги авахтахоналарда ўтказганлар. Машъум қатағон йиллари у кишига "колхоз тузимининг душмани", деб айб қўйилган. Келинлик либосидаги умр йўлдоши чирқиллаб қолаверган.
Эри қамалган, қамалаётган аёллар... Тақдирдан уларга тоқатлар тилагиси келади кишининг. Қисматнинг ушбу ногаҳоний зарбаси бировни қулатади, бировни мажруҳ этади.
Ғуссадан биров устига бензин сепса, бошқаси қаддини мағрур тутиб, қисматга қасдма-қасд кураш бошлайди.
Хуллас, Шарифа опа умр йўлдошини нақд бир йил кутади. Ундан ном-нишон бўлмагач, дараклашга киришади ва Жўрақул Сибир томонларга сургун қилинганини, у ерда дарахт кесаётганлигини, эшитиб қолади.
Сибир! Cарҳадсиз совуқ ўлка! Офтоб деган табаррук мўъжиза қадрини ўша изғирин ялангликларда лоақал бир бор бўлган кишигина дилдан ҳис этмоғи мумкин. Унинг ҳатто баҳори оний бўлиб, олис ҳамда нохуш хотираларга ўхшаб кетади. Бу сарҳадсиз ҳудудга Овруподаги бир неча мамлакатларни жойлаштириш мумкин.
Мазлумлар авахтахонаси бўлиб қолган бу ўрмонзорлардан бир маҳбусни дараклаш чексиз коинотдан учар тарелкаларни излашдек гап. Аммо ноумид — шайтон дейдилар. Инсон эса эса хамиша ишонч билан яшайди. Шарифа ана шу қаҳратон ўлкадан умр йўлдошини топишга азму қарор қилиб йўлга чиқади. Братск шаҳрига тушгач, бошқа мусофирлардек, аввало меҳмонхонани даракламай, қамоқхоналарни суриштиради. Кейин эса ана шу ҳибсхоналар атрофида арвоҳдай кеза бошлайди. Баджаҳл соқчилар маҳбусларни эрталаб ишга олиб чиқаётганда, кечқурун қутурган кўппаклар воситасида тиканли симлар ортига ҳайдаб кираётганда бу пажмурда гавдалар орасидан эрини излайди. Эҳ-эҳ этикдўз Жугашвилининг ўғли томонидан Енисей бўйларида қурилган не-не авахтахоналарда бўлмайди у?!
Эй, садоқатли ҳотинлар! Дунёнинг энг улкан шаҳарларида ҳашамдор ҳайкал ўрнатиш керак сизларга! Токи одамлар муҳаббат ва садоқат олдида бош эгиб пойингизга гуллар қўйишсин!
Шу кўйи бир ярим йил изғийди у. Мусофирчилик ва ҳору зорликнинг беҳад уқубатларини бошидан кечирадики, бу саргардонликларнинг ўзи бир китобга сиққуликдир. Шу сарсонликлар сабаб бўлиб, тил ўрганади, ҳушёрлиги ортади. Алқисса, бир ҳарбий грузин унинг жасоратига тан берадими ёки раҳм қиладими — ҳар ҳолда кўмаклашишга бел боғлайди. Шарифа опа бир неча ойгача умид билан унинг уйида яшаб, касалванд хотинига, болаларига қарашади. Грузин ҳам ўз сўзининг устидан чиқиб, бир куни Шарифа опани дарё бўйидаги ўрмонзорга эргаштириб боради. Худди шу ерда у умр йўлдошини топиб олади!
Бу жараёнлар биз баён қилгандек жўн кечган эмас, албатта. Масалан, сиз киноларда башараси cовуқ ҳарбий соқчиларни бир неча бор кўргансиз, албатта. Улар зарур бўлганда, қўлларидаги автомат тепкисини босиб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас. Ҳа, гарчанд бағритош бўлишса ҳамки Шарифа опанинг садоқати олдида бош эгиб, эр-хотиннинг бир-бирига қараб ҳудудсиз меҳр билан талпинишларига монелик қилишмайди.
Эртаси ҳам, индини ҳам учрашадилар улар...
Шарифа опа аввал шу ердаги мактабда фаррошлик қилади. Унга бир хоначани жиҳозлаб берадилар. Шундай қилиб, ўз ишини ихлос билан бажарган ҳолда ҳар куни овқат пишириб, Жўрақул сибирга олиб боришни канда қилмайди. Шу тариқа мактабдагиларнинг ҳам, маҳбусларнинг ҳам яқин кишисига айланиб қолади. Чунки унинг қалбидаги шафқат ва меҳр одамларни лоқайд қолдиролмасди-да! Фақат умр йўлдошининггина эмас, ўзгаларнинг ҳам кийимларини ямаб беради, беморлар, бечораларга ёрдам қўлини чўзади.
Хуллас, хотини сабаб бўлиб Жўрақул сибирга ҳам анча-мунча озодлик эпкини тегиб қолади: бошлиқлар кечқурунлари оиласи билан бўлишга рухсат беришади унга. Ватандан жуда олис, совуқ бир юртда эр-хотин бир-бирига таяниб, далда бериб умргузаронлик қила бошлайдилар.
1955 йили улар Сибирдан бир машинада кўч-кўлон, икки ўғил, икки қиз билан қайтиб келишади.
Надоматлар бўлсинким, Шарифа опа бундан беш йилча муқаддам ҳаётдан қуз юмдилар.
Эй, фарзанд! Оила жамият бешиги бўлса, фарзанд белнинг қуввати, зурриётнинг давомчиси, чироғимизни ёқиб қолувчи ирсиятимиздир!
Шуни билки, болакайлар шовқини эгалламаган хонадонни аста-секинлик билан зоҳирий ваҳима шарпаси эгаллай боради.
Тағин шуни билгинки, бу дунёда соғлом фарзандини кўтариб турган жувондан гўзал, жозибали санам ҳеч ерда йўқ ва бўлмайди ҳам!
Баски, шундай экан, фарзандлар мўл, соғлом, ақлли, ўқимишли бўлишига эришмоқ керак. Шундай иш тутмоқ зарурки, болаларимиз, фақат умримиз давомчиси бўлиб қолишмасин, балки биздан ҳам устунликларга эришсин. Фан номзодининг ўғли, масалан, камида фан доктори бўлмаса, авлод тараққкиётга эришолмай қолади-ку! Сен фараз қилайлик, уч тилни биладиган бўлсанг, боланг камида беш-олти забонда бурро бўлмоғи лозим.
Афсуски, ҳаётда ноқобил одамлар оз эмас. Қотиллар ва сотқинлар, гиёҳвандлар ва фоҳишалар, безорилар ва қаллоблар...
Эҳ, улар кўп! Бу одамларнинг бирортаси ҳам ёмон бўлиб туғилмаган. Оилавий тарбиянинг қўпол нуқсонлари сабаб бўлиб, ана шундай нобоп йўлларга чалғиб кетишган улар.
Биологик жиҳатдан кичик ҳарф билан ёзиладиган инсон сут эмизувчилар оиласидаги hoмo саpиенс турига мансуб бўлса ҳамки, катта ҳарф билан битиладиган Инсон — кўзларида нури мунаввар, қалбида эзгулик шамчироғи, ниятида устуворлик, сўзида эминлик бўлган олий зотдир!
Ота-она ўз фарзандларининг қилмишлари учун бутун жамият ва тарих олдида жавоб бериши кераклигини бир дақиқа бўлса ҳам ёддан чиқарманглар!
Фарзандларнинг мурғак қалбларига зарифлик, закийлик ва шафқат уруғини кўпроқ, сепинглар; уларни зукко тарбиячи, шоҳиста муаллимлар қўлига топширинглар, токи келажакда фақат ўз оиласигагина эмас, миллати, халқи, ватанига ҳам шарифликлар келтирсин!

СУХАНДОНЛИК, ХУШХАТЛИК ВА МИЛЛАТГА
ЭҲТИРОМ ХУСУСИДА

Эй азиз фарзанд! Бу дунёни қурол билан эмас, сўз сеҳри билангина забт этиш мумкинлигини ҳамиша ёдда тут. Зукко сухандонлар, хушхат дипломатлар, хатнавис хаттотлар ҳамма замон ва жамиятларда қадрланган. Фақат ана шундай ноёб истеъдодга эга бўлган кишиларгина афкор ва ноафкорларни ўзларига эргаштиришлари; уларни курашларга даъват этишлари мумкин.
Минбарда ёки даврада бўлганингда шундай сершира сўзлашга одатланки, одамлар сендан зарра ҳам безишмасин, баръакс, вужудлари қулоққа айланиб тинглашсин, истиқболингга қараб талпинишсин. Сўз фақат алоқа воситаси эмас, керак бўлганда у қилич ҳам, қалқон ҳам. Калом эзгулик ва камолот, эминлик ва даъваткорликдан далолат берсин!
Зеро:
Олқишлайман нурга
Интилса ҳар ким.
Нур сочганларгачи
Этаман таъзим!

Сухандонликнинг ўз таомил, талаблари борлигини ёддан чиқарма. Кўпчиликми, озчиликми — бундан қатъий назар, одамлар олдида сўзга чиқишдан олдин масъулиятни ҳис этиб, обдан тараддуд кўришга тўғри келади.
Баҳсу мунозара дақиқаларида ўзгаларнинг фикрларини ҳам эҳтиром ила тингла; қизишмай, жаҳлга минмай, андак бўлса ҳам овозни кўтармай, фактлар, далиллар билан курашгин.
Зотан, жаҳлига ҳоким — ҳаммага ҳоким!
Овозингни кўтардингми, демак сен ноҳақсан!
Хатто тўғри сўз ҳам ғазаб ва нафрат билан айтилса, у ҳақоратга ўхшаб кетади.
Шу ёдингда бўлсинки, турфа йиғинларда одамлар ўзларининг устун томонларини намойиш қилиш пайида бўладилар. Шунинг учун ҳам бундай дақиқаларда уларнинг хислатлари, устуворликларини эътироф эт. Кўпчилик орасида ўзгаларнинг нуқсонларини очсанг-у ўз камчиликларинг хусусида гапирмасанг, ёки сени танқид қилганларни таъқиб қилсанг, мардликдан бўлмас!
Шуни ёддан чиқармаслик керакки, ўз-ўзини танқид қилиш йўлга қўйилмаган, ошкоралик, демократия жўмраклари беркитилган жойда ёки жамиятда тараққиёт бўлмайди.
Сенинг танқидинг кишиларни рағбатлантирсин, курашга чорласин!
Зеро:
Булбул ғазалини тинглай деб нисон
Интилар боққа
Яхшилар, бўлмасин боғда ҳукмрон:
Қурбақа!

Қулоғингга айтадиган яна бир андиша.
Сен сиёсат билан шуғулланмасанг, сиёсат сен билан шуғулланади, дейишади. Лекин, шу билан бирга сиёсатни ғирром уйинга чиқаришади. Бу масалада етти ўлчаб, бир кесишингни маслаҳат бераман. Одамларнинг тинчлиги, фаровонлигини чинакамига биринчи ўринга қўймаган, аллақандай мансаб, шуҳрат илинжида бўлган алдам-қалдам сиёсатбозлардан сенга нима наф? Зотан, Шайх Саъдий рамзий қилиб, топиб айтганлар:
Пулинг йўқ, бозорда нима бор санга?
Тағин чанг солмасин, биров салланга!
Умуман, ўтдан кўра тутун сероб бўлган муҳитдан четроқ турган маъқул. Бизнинг жаъми тоат-ибодатларимиз, ваъзхонлик-у намойишларимиз инсоннинг бир томчи қонига арзимайди, болам!
Шунингдек, кечагина ўпган байроғини бугун пайтава қилган риёкор ва нобакорлардан эҳтиёт бўлмоқ керак! Ва ўзини минбарга ураётган ҳар бир киши халқ ғамида эмаслигини унутма!
Инсон чинакам демократия, эрк учун бир умр кураш олиб бо– ради!
Бунинг фарқига бор ва ана шу эзгу курашдан ўзингни четга олма!
Минбарда айтилган сўз шудгорга сепилган уруққа ўхшаши — вақт ўтиши билан илдиз отиши, ҳосил бериши лозим.
Билиб қўй: донолар нафратини, нодонлар ҳайратини оширадиган нарса, сохталик ва жўнликдир!

ҲИКОЯТ

У пайтлар вилоят газетасида хизмат қилардим. Бир куни муҳаррир ўринбосари Аҳмаджон Мухторов биз — бир неча журналистларни йиғилишга таклиф қилиб қолди.
— Саид Усмонов сўзга чиқадилар, — деди, — дафтарларингни олинглар — фойдали гаплар кўп бўлади.
Саид Усмонов бағоят билимдон, хушсухан олим эканлигини эшитган бўлсам-да, у кишини кўрмаган, суҳбатидан баҳраманд бўлмаган эдим. Ўттиз-ўттиз беш ёшлардаги, юзидан нур ёғилиб турган, хуштабассум кишини кўз олдингизга келтириб кўринг-а.
Шунгача минбардаги каломнинг бу қадар сеҳрли бўлишини тасаввур қилиб ҳам кўрмагандим. Тилимизнинг бунчалик сершира, каломимизнинг сержозиба эканлигини дафъатан туйгандай бўлдим. Олим ўзига хос салобат билан иқтисод ва унинг омиллари хусусида сўз юритарди. Иқтисоддай зерикарли фан ўзгача мазмун кашф эта бошлади.
Одатда йиғилишлардан ўзимни четга олардим; шундан кейин эса иқтисодчи олимимиз сўзга чиқадиган мажлисларга қараб интиладиган бўлдим.
Кўп ўтмай у киши Булунғурда чиқиш қилди. Зал сув қуйгандек жим-жит. Йўқ, одамларни сеҳрлаган куч фақат актёрона ҳаракатлар, тингловчи мушоҳада юритиб олишига имкон берадиган паузаларгина эмасди, энг муҳими — ақл ва жасорат эди!
Ўткир, жўяли сўз, равшан фикр ортиқча изоҳ талаб этмас ва вужудлар қулоққа айланиб ҳар бир каломни ҳазм қилиш иштиёқда бўларди.
Олим фермерлар ҳақида обдон гапириб, иш юритишни ўшалардан ўрганишга даъват этарди. Ўттизинчи, қирқинчи йилларда бундай рафтор қилган олим ёки раҳбарни «ҳалқ душмани»га чиқаришарди, мен ҳикоя қилаётган етмишинчи йилларда ҳам қалтисроқ эди бу гап.
Самарқанд вилоятида мазкур ислоҳотлар жорий этила борди. Айримлар оилавий звенолар ташкил этиб, ижарага ер олдилар, бригадалар хўжалик ҳисобига ўта бошлади. Кейин эса шўролар бюрократизмининг бешафқат машинаси бу ўзгаришларнинг олдига ғов қўйди.
Майли, бу — алоҳида мавзу.
Гап сўз билан ишнинг бирлиги, калом қудратида.
Болаларим! Тағин шуни ёдда тутингларким, ҳар бир киши энг аввало ўз онаси алла айтган забонда бурро бўлмоғи керак! Аммо шунинг ўзи билан кифояланиш чекланиш демакдир. Жаҳон миқёсидаги тилларда ҳам чечан бўлмасаларинг, омад эшикларингни қоқмай қўйиши мумкин.
Тағин: у ёки бу ҳудуддаги гўзаллар кўриги ғолибини билмасаларинг ҳамки (аслида уни ҳам билиб қўйиш фойдадан холи эмас) ёзувчилар, режиссёрлар, қўшиқчилар, рассомлар, композиторларни билмаслик; уларнинг санъатидан бебаҳра қолиш етукликдан далолат эмас!
Энди бағоят нозик бир мавзуда, қулоқларинга секингина айтадиган икки оғиз сўз.
Бу — миллий масала, албатта. Назаримда боболаримиз биздан кўра анча байналминал бўлишган. Уларнинг қомусий асарларини варақласангиз, бирор миллатга нисбатан жилла бўлса ҳам беписандлик аломатларини сезмайсиз. Бобокалонларимиз кўп ҳолларда туркийдан ташқари, арабий, форсий тилларни ҳам билишган; (Беҳбудий ҳазратлари буларга қўшимча тарзда рус тилини ҳам билишни тавсия этадилар). Шунинг учун ҳам Шарқ мадрасалари, бозорларида ўзларини эркин ва мағрур тутишган. Биз улардан ибрат олмоғимиз шарт! Биз Маҳмўдҳўжа Беҳбудий номларини тилга олдик. Шу баҳонада ашраф боболаримиз — жаннати жадидлар ҳақида гапириб ўтмасак, суҳбатимиз кемтик бўлиб қоладигандай. Бугунги мустақиллигимизнинг тамал тошларини аср бошида ўша жўмард донишмандлар қўйишганди. 1917 йилда Қўқонда Муҳторият эълон қилган, Октябр инқилобини зўравонлик деб атаган, ўз ҳисобларидан мактаблар, кутубхоналар, театрлар, газета, журналлар очиб, ҳалқни маърифатга чорлаган ва билимсиз ҳалқ ҳеч нимарсага, жумладан, мустақилликка ҳам эришиши мумкин эмаслигини қайта-қайта таъкидлаган сарчашма боболаримизга шарафлар бўлсин!
Ҳар бир миллат ўз ботқоғи билан фахрланади, ҳар бир халқ ўзи яратган фалсафага, ўзи танлаган бошлиққа муносиб бўлади, дейишади. Миллатнинг буюги бўлмайди, бинобарин, сенинг ҳам миллатинг ўзгалардан устун ёки паст эмас! Бародарлик баробарлиндадир! Ўз миллатини ўзгалардан устун қўйиш, бу йўлда турфа воситаларни ишга солиш билан ўлчанмайди, балки камолот сари интилиш, миллатдошларини эргаштира билиш билан белгиланади. Киши ўз оиласини қадрлаши зарур, аммо уни кўпчилик орасида мақташи камтарликдан эмас. Миллат масаласида ҳам мантиқ худди шуни тақозо этади. Миллатнинг ёмони йўқ, аммо жабрдийдалари, дили ўксиклари, камситилганлари, ватангадо қилинганлари, хўрланганлари анчагина.
Сен ўғлим, уларга ака, ука, ўғил бўлиб, пешоналарини сила, кўнгилларини кўтар!
Сен қизим, уларга ҳамдард, ҳамшира бўлиб, кўз ёшларини артиб қўй!
Ҳар ҳолда «халқ» билан «оломон» тушунчалари орасида қанча фарқ бўлса, «халқ» билан «миллат» орасида ҳам шунча тафовут борга ўхшайди. Лекин оломон ҳам, халқ ҳам, миллат ҳам ўзининг буюк фарзандлари билан фахрлангани сингари, нобоп одамлари, нохуш қилмишларидан ор қилишни ҳам ўрганмоғи керак! Қилмиш деб аталадиган нохуш хотира пистирмада турган душманга ўхшайди — у бот-бот сени ўққа тутаверади.
Қилмиш учун худо ва виждон олдида ҳисоб беришимиз керак!
Мардликнинг таомили шунақа!

ҲИКОЯТ

Антон Павлович Чеховнинг «Помешчик қўрғонида» деган ҳикояси бор. Унда оқсуяк Павел Ильич Решевичнинг паст табақали кишиларга ҳаддан ташқари беписандлиги; худбин, инжиқ бўлгани сабаб одамлар уни хушламасликлари тасвирланган.
Помешчикнинг бўйга этган икки қизи бор. Уездга яқинда ишга келган терговчи Мейер Решевичнинг катта қизи билан танишиб қолади ва уларникига меҳмон бўлиб келади. Бу даргоҳга ҳеч ким оёқ, босмай қўйганидан бўлса керак, оила, жумладан, Решевич ҳам ана шу ҳолдан беҳад қувонади. Аммо помешчик ўз одатига кўра тағин ўша эски дийдиёсини бошлаб, мешчан фалсафасини давом эттиради.
«Оқсуякнинг табиий ва тарихий важ ҳамда далиллари бор, азизим, ва буни инкор этмоқлик, менимча, кийикнинг шохи йўқ, дейишга ўхшаш номаъқул бир гап. Агар мен исқиртга, малайваччага қўл бермас эканман, бунинг маъниси, оламдаги энг яхши нарсаларни ҳимоя этганим, бизни камолот сари элтувчи она табиатнинг энг юксак йўл-йўриқларидан бирига амал қилганим бўлади. Биз ҳам энди худди Ғарб рисарлари мўғуллар ҳужумини қайтарганидек, вақтни ўтказмасдан, дарҳол қўзғалмоғимиз ва бир ёқадан бош чиқариб, душманга зарба бермоғимиз лозим. Қачонгача уларга кўнгилчанлик қиламиз?! Бас энди! Ҳаммамиз гапни бир жойга қўйиб, исқиртлар яқинимизга келди дегунча нафратимиз қўзғаб, ифлос башарасига қарата: «Йўқол, бу ердан қўнғиз, сенинг тенгинг – тўнғиз» дейдиган бўлайлик....»
"Мен ундай қилолмайман," деди зўрғатдан Мейер ва юзини ўгирди.
"Нега энди, сўради Решевич. У ғалати суҳбат, узоқ мубоҳаса ва талашувлар бўлишини кўзлаб жони кирган эди. — Нима учун?"
"Чунки, мен ўзим пастки табақаданман." Бу иқрордан Мейернинг ўзи қизариб кетди, ҳаттоки бўйин томирлари шишиб, кўзида ёш пайдо бўлди."
Эй фарзанд! Биламан, сен одамларни табақаларга ажратмайсан. Аммо беандишалик қилиб, миллатга ажратишингдан ҳавотирдаман. Янги танишинг, суҳбатдошинг ёки даврадошлар қайси миллатга мансублигини билмай, унинг нозик туйғуларига тегиб қўйиш, гумроҳликнинг ўзгинасидир.
Турфа давраларда у ёки бу миллатнинг шаънига тегадиган латифалар айтиб юриш ҳам вайсақиликдан ўзга нарса эмас!
Устоз Асқад Мухтор билан бу мавзуда ҳам суҳбатлар қурганимиз ёдимда. Хотирамда қолганларини қоғозга туширишга саъй ҳаракат қиламан.
Дедим:
— Айтингчи устоз, киши сухандон, хушхат ва боэҳтиром бўлганда нималарга эришади?
Дедилар:
— Омад уларга икки қўлини ч¢зган г¢дакдек талпинади.
Дедим:
— Сиз бундай кишиларга не мурувват ва саховатларни раво кўрардингиз?
Дедилар:
— Ихтиёр менда бўлса, меҳримни қуёшга қўшиб берардим.
Дедим:
— Минбарга кўтарилаётган кишига нима дейишни истардингиз?
Дедилар:
— Сен роҳиб эмассан, нотиқсан — юрагингни оч!
Дедим:
— Хатнависларга нималарни ёзишни маслаҳат берардингиз?
Дедилар:
— Ҳақиқатни!
Дедим:
— Миллатчилик нималарга олиб келади?
Дедилар:
— Миллий адоватга.
Дедим:
— Миллий адоватчи?
Дедилар:
— Хунрезликка!
ИТОАТ ЭТТИРМОК, ВА БЎЙСУНМОҚ
ХУСУСИДА

Аср довонидан ошган, тер ва кўз ёши таъмини етарлича татиб кўрган бир мўйсафидга савол берибдилар: "Қандай қилиб, бунча умр кўрдингиз?" Отахон дебди: "Умр бўйи ҳеч кимга бўйсунмадим ва ҳеч кимни бўйсундирмай яшадим:
Эй фарзанд! Билки, биз кимларгадир тобемиз ва аллакимлар бизнинг қаршимизда бош эгиб туришга маҳкум этилган. "Бўйин суниш деган каломнинг андак ўзгарган мазмун, шакли ва моҳиятига эътибор бер. Шунинг учун итоаткорлик ҳам, итоатгўйлик ҳам умрнинг эговидир.
– Майли, мени ур, аммо гапимга қулоқ сол, деган эди афиналик Спартак ўз хўжасига.
Яна шуни билиб қўйгинки, кишилар аксарият ҳолларда бошлиққа ишонадилар, эътиқод қўядилар, аммо амалдорлар қўл остидаги одамлардан шубҳаланиб юрадилар.
Модомики дунё шунақа қурилган экан, бунга қарши бош кўтармоқ ножоиздур. Ҳамма замонлар, жамиятлар ва тузумларда ҳам шундай бўлиб келган: ҳокимлар, амирлар, ижроқўм раислари, саркотибларнинг, кўп ҳолларда идеаллари тузук бўлса ҳамки, ўзлари бошқа нарсаларга интилганлар; улар Қуръони Каримга ҳам хиёнат қилишдан тойишмаган. Замонлар ўтган сари бўйсунувчи кишилар талабчан, ҳақгўй ва андак беандиша бўлиб боргани сингари, мансабдорлар ҳам чечан, маккор ва бешафқат бўлиб бораверганлар.
Ҳар ҳолда раҳбар билан амалдорнинг фарқи йўқ эмас!
Лекин инсоф билан айтганда, бизнинг замонда бошлиқ бўлиш унчалик жўн иш эмас. Асабларнинг доимий таранглигидан бўлса керак, уларнинг аксарияти пенсия ёшига этмай инфаркт, инсулт, қон босими сингари дардларга мубтало бўлишади. Баски шундай экан, жамият адолатли раҳбарларни қадрламоғи керак. Кимга кўп ҳуқуқ берилган бўлса, ундан шунча кўп талаб қилинишини унутишга ҳаққимиз йўқ! Бошлиққа итоат этмай, уни беписанд қилишни ғурур деб билмоқ хато, албатта! Эй фарзанд! ҳар қандай мансаб соҳиби бўлганингда ҳам одамлар безиб кетадиган даражада қаттиққул ёки оёқости қилиб ўтадиган ҳолатда лакалов бўлма! Шундай иш юритмоғинг керакки, мабодо вақти келиб, амал курсисидан ажралиб қолсанг, танишларинг юз ўгиришмасин. Бунинг учун қавмларга меҳрибонлик кўрсатиб турсанг, маҳалланинг тўй-маъракаларидан ўзингни четга олмасанг, анъаналарга бефарқ бўлмасанг, кишиларнинг яхши кунларида қўлларини қисиб қўйсанг, мушкул дақиқаларида пешоналарини силасанг — кифоя!
Мансаб поғоналарига қараб иш юритиш таомиллари ҳам такомиллашиб боради. Аммо ҳар қандай курсини тавсия этишганда, обдан ўйлаб ол: билиминг, қобилиятинг, тажрибанг етарлими; аввалги раҳбардан ошириброқ иш юрита оласанми?! Мабодо дилингга ўтиришмаса, юрагингни жизиллатмаса назокат билан рад эт. Мардликнинг таомили шунақа. Куч-қувватинг, имкониятинг даражасидан ташқари бўлган зўриқиш сени маънавий жиҳатдангина эмас, жисмоний жиҳатдан ҳам мажруҳ қилиб қўйиши мумкин. Аҳир сен ота-она, фарзандлар, жамият учун соғлом бўлишинг, кўпроқ яшашинг керак-ку!
Ҳар қандай касбу ҳунар сингари раҳбарлик ҳам сенга завқу шавқ ато этса; илҳом, иштиёқ билан ишласанг татийди. Шундай иш тутгинки, дўсту қариндошлар, кексалар ва мажруҳлар, аёллар ва жабрдийдалар ҳузурингга киролмай, азият чекишмасин. Инчунин, журналистлар, юристлар, собиқ мансабдорлар жаҳлга миниб қайтишмасин: бу тоифадагилар кўп ҳолларда кек сақлайдиган бўлишади.
Энди ўринбосар хусусида. Буюк Кайковус ёзади: "Барча ишни вазирга таслим қилмағил, унинг раъйига ҳамиша муҳтож бўлмагил." Вазир ҳар одам ҳақида сўз айтса эшитгил, валек дарҳол қабул қилмагил. Анга дегинки: "Ўйлаб кўрурман, агар маъқул топсам, бу юмушни санга топширурман. Агар ҳоҳ қари, ҳоҳ йигитликда подшоҳ бўлсанг, қари кишини вазир қилгил."
Бу қомусий ўгитларга бирор фикр қўшиш мушкул. Фақат шуни айтиб ўтишни истардимки, ўринбосарнинг кексароғи, шофёр ва котибанинг ёшроғи афзал. Улар ҳалол, садоқатли, шу билан бирга ҳушёр, зукко кишилар бўлишсин.
Қонунлар бизни ҳимоя қилиши керак бўлганидек, биз ҳам қонунларга беписанд бўлмайлик. Айниқса, раҳбар бу масалада нодонликка йўл қўйса, бебурд бўлиб қолиши ҳеч гап эмас!
Сен раҳбар бўлган даврда сиёсат-у вазиятлар ўзгариб қолиши мумкин. Бундай пайтда узоқни кўзлаб, ақл билан иш юрит. Таъна маломатларга, иккиюзламачиларга нисбатан вазмин бўл. Ҳар эҳтимолга қарши ўзга ерлардан ўзингга ва яқин кишиларингга иш дараклаб қўй!
Вазифасидан ноҳақ бўшатилган айрим тадбиркор, доно раҳбарлар ҳеч ўксимай кичик ва ўрта бизнесга қўл уриб, янада устувор шуҳратларга эришганини биламан. Назаримда, улар тўғри йўл тутишди.
Мансабдан ажралишни сира ҳам баҳтсизлик деб билма!
Эй фарзанд! Сенга тобе бўлган уддабурро кишиларни эъзозла! Айрим иллатлари учун уларнинг дилларини хуфтон қилма. Агар билсанг, жамиятнинг етакчи кучлари — ана шу уддабурро одамлардир. Ўттиз-қирк, йилда етишиб чиқкан ишчан раҳбарнинг оёғига болта уриш — эндигина ғарқ ҳосилга кирган дарахтни қулатишдек увол иш!
Бировни бўйсундиришдек итоат этиш ҳам мураккаб жараён. Ҳар ҳолда бошлиқнинг ишончига сазовор б¢лмоқ керак. Бу тадбирни ҳамкасб дўстларни кўпайтириш, уларнинг кўнглини топиш билан бирга олиб боришни ўрган. Ишхонада иккиюзламачилар, ғийбатчилар ва турли... чилар бўлиши мумкин. Сен улардан устун туришнинг тадбирини қил ва атрофдагиларга нисбатан ҳушёрликни сусайтирма.
Жамоада гуруҳлар пайдо бўлганда ( начора — ҳаёт. Бу ҳам истисно эмас) адолат ва ҳақиқат томонда бўл. Бу курашда мағлуб бўлсанг ҳам заррача ўксима! Аммо ҳар қандай шароитда ҳам интизом, ишчанлик, жамоага ғамхўрлик сақланмоғи керак!

ҲИКОЯТ

Бир маҳаллар чумолиларнинг ҳаёт тарзини кузатганим ёдимда. Унгача дунёда асалари оиласидек интизомли ва меҳнаткаш уюшма бўлмаса керак, деб ўйлардим. Қарасам, чумоли ҳам ундан қолишмас экан.
Бу ¢лкан рўзғорда катта ва кичик лавозимдаги бошлиқлар (уларни қанотидан аниқлаш мумкин) бўлиб, қолганлари умр бўйи меҳнат қилишга маҳкум этилган жониворлардир. Ишчи чумолилар тухумдан чиққан заҳоти рузғорнинг темир интизоми, табиатнинг инстинкт деган қонунига буйсуниб ишга киришади. Аввал йўлакларни, омборларни тозалайди, чиқиндиларни олиб кетади. Сўнг қиш ташвиши...
Чумолилар одамлардай йиғилишлар ўтказишмайди; уларда маҳаллий қўмита ҳам йўқ. Аммо метин интизом, ҳалол ва фидойи меҳнат бор. Бу жамоада дангасалар ва бадмастлар, ғийбатчилар ва лаганбардорлар, нигилистлар ва экстремистлар, ҳоинлар ва аблаҳлар йўқ. Меҳнат ҳамма учун биринчи зарурат, интизом ҳамма учун қонун! Уларнинг бир-бирига, оилага ғамхўрлиги ҳақида ўнлаб илмий ва бадиий асарлар битиш мумкин. Масалан, оила аъзоларидан бирортаси яраланиб ёки хасталаниб қолгудай бўлса, галалашиб унга гиргитгон бўлишади. Жаъми жониворлардан фарқли ўлароқ, нобуд бўлган шерикларини чиқариб кўмишади. Бирор фалокат рўй берганда, масалан, инлари бузилганда ёки уни сув босганда энг аввало тухумлари, палапонлари, ярадорларини олиб қочишади.
Ваҳоланки улар — чумолилар!

ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ ВА ТАНСИҲАТЛИК
ХУСУСИДА

Эй, азиз фарзанд! Корнелл дорилфунунининг (АҚШ) олими Ж.М. Стойкос барча ижтимоий ислоҳотларни, шу жумладан, экологик эволюсияни тўрт босқичга бўлади.
1. Гап ҳам йўқ, иш ҳам.
2. Гап бор-у, иш йўқ.
3. Гап бор, иш ҳам бор.
4. Гап тугади, иш бошланди.
Биз, назаримда иккинчи босқични якунлаб, учинчисига ўтяпмиз. Лекин бир гуноҳни гарданимизга олишимиз керакки, инсоният тараққиёти давомида ҳеч қайси авлод табиатни бизнинг асрдошлардек қақшатмади. Ғор одамлари мамонтларни қирганини аюҳаннос солиб айблаган ҳолда ўнлаб, юзлаб парранда, жонивор турларини батамом йўқотдик; ер усти ва ер ости сувларини, шаффоф ҳаволарни заҳарладик. Эҳ, бу талафотнинг кўлами нақадар катта ва даҳшатли эканлигини билганингда эди! Биргина ерости сувини олайлик. Энди уни ҳеч қачон қайта тозалаб бўлмайди ва йиллар оша у авлодларимизни заҳарлайверади.
Ҳозир одамлар атроф-муҳит муҳофазаси хусусида кўпроқ, баландроқ гапирадиган, алланималарни талаб қиладиган бўлиб қолдилар. Журналист ҳам, артист ҳам, юрист ҳам табиат жонкуярига айланиб бораётганга ўхшайди. Агар билсанг, бу ўзгариш аллақандай ошкоралик самараси эмас. Одамлар қилмишларидан ҳижолат тортдилар ёки улар ўша юз-икки юз йил кейин яшайдиган зурриётлар тақдиридан безовта десак ҳам жуда олдинлаб кетган бўламиз. Табиатга етказилган зарар бевосита жисму жонларига етказилган жароҳат эканлигини ҳис этдилар улар. Ўзлари ва болаларининг турфа касалликларига жўмракдан оқаётган сув, дастурхондаги неъмат, ҳаводаги оғу сабаб бўлаёттанлигини билиб қолишди, холос!
Инсоният тараққиёти давомида хушфеъл оталар ҳамиша зурриётлар ҳақида ғамхўрлик қилишган, уларга бой мерос қолдириш пайида бўлишган. Надоматлар бўлсинким, биз келажак авлод ҳақига чанг солиш билан кифояланмай, уларнинг насибасини ҳам заҳарлашда давом этдик!
Ҳозир расмий ва норасмий давраларда, "экологик ҳавфли худуд" деган жуда нохуш ибора пайдо бўлди. Демак, бундай худуддан инсон кўчиб кетиши шарт! Эй Оллоҳу Азим-уш шон! Менинг юртимни ана шундай даҳшатли ҳудудга айлантирма!
Сен болам, биз гумроҳларнинг гуноҳларимизни енгиллаштир, нуқсонларимизни такрорлама. Мабодо, муаллим бўлсанг, болакайларнинг қулоқларига қуй: улар яшил оламга, заминга меҳр қўйишсин; мабодо олим бўлсанг, муаммоларни очиб бер, одамларга мунаввар йўлларни курсат! Раҳбар бўлсанг, бу борада қўл остингдаги кишиларга ибрат бўл. Хуллас, ким бўлсанг ҳамки, бонг ур, даъват эт, токи одамлар ҳушёр тортишсин: хатолардан ўзларини тийишсин!
Шуни ёдда тутгинким, бундан кейин миллатнинг маданияти унинг атроф-муҳитга булган муносабатига қараб белгиланади.


ҲИКОЯТ

Ҳей, она табиат! Сен одамларни сувга ғарқ қил, улар яшайдиган заминни тебрат, касалликлар юбор! Чунки улар тоғларни топташди, жониворларни нобуд қилишди, сени она, дея туриб, бағрингга тупуришди! Ал - қасосу минал ҳақ! Ўч ол улардан!
Йўқ, йўқ она табиат, ундай қилма, ундай қила кўрма! Одамлар ҳам ахир, сенинг фарзандларинг. Сен уларнинг кўнгилларига раҳм шафқат сол, дилларига эзгулик уруғини сеп!
* * *
Одамлар азал-азалдан ўғилларига Арслонжон, Бўривой, Қўчқорбек, Шербек, Қоплонбек; қизларига Лола, Наргис, Райҳон, Сунбула сингари номлар қўйишган. Уларни қўзичоғим, бўталоғим, лочиним деб эркалашган.
Табиатга меҳр қўйсин, уни эъзозласин, қадрига етсин деб шундай йўл тутишган бўлишса ажаб эмас!
* * *
Табиатнинг ғалати қудрати ҳақида гапирмоқчиман. У бадбўй нурини ва турли ифлосликларни ҳам бебаҳо неъмат берадиган тупроққа айлантира олади.
* * *
Шаҳардаги дарахт! Зарурми сенга шу азоблар! Одамларга сен соф ҳаво, салқингина соя ато этасан. Улар танангни бўғзигача асфалт ётқизиб, илдизингни ҳаводан маҳрум этадилар, баргларингга ғубор индирадилар; сен ҳам тирик вужуд эканлигингни, сув, озуқага зор бўлиб яшашингни эътиборга ҳам олмайдилар. Бунинг устига "ҳосилинг"ни кўзлари илғамайди, мевасиз дарахт, деб ка ситишади.м

х
Ер тиз чўкиб, биздан мадад сўраябди!
Ваҳоланки, биз тиз чўкиб ундан мурувват қилишини сўрашимиз, аждодларни боққан бу она заминдан авлодларимизга ҳам насиба улашишини илтижо қилиб сўрашимиз керак эдику!
Гумроҳлик ўтмадимикин биздан?!
* * *
Йўқ, ҳайвонот боғининг панжараси жониворлар учун ҳибсхона эмас, балки қалқондир. Бу ерда ҳеч ким уларга милтиқ ўқталмайди.
* * *
Асфалтни ёриб чиққан майсани кўрганингизда дилингизда қанақа туйғулар чарх уради? Эҳтимол ачиниш ҳисларидир. Асфалтгами? Майсагами! Балки шу нозиккина баргга қиличдай қудрат ато этган она табиатга таҳсинлар ўқирсиз.
Эҳтимол, бу нарсаларнинг ҳаммаси сиз учун аҳамиятасиздир?!
Йўқ, мен бунга ишонмайман!
* * *
Қишнинг изғиринли, узун тунларидан бирида сени эслаб қолдим-яланғоч новда.
Совуқ қотиб қолмадингми? Ёвуз куч билан курашда мағлуб бўлмадингми? Вужудинг музламадими?
Сенга қудрат тилайман!
* * *
Тўққизинчи-ўнинчи синф "Биология" китобида инсон эмбрионининг расми берилган. У жуда ҳам балиққа ўхшаб кетади: думи, жабраси бор.
Ғалати: бир замонлар бобокалонларимиз балиқ бўлиш- маганмикин?
* * *
Дарахт — табиий насос. Ботқоқликларни қуритиш учун дарахт ўтқазиш тавсия этилади. Лекин бунинг акси ўлароқ дарахтлар қирилган жойларда ариқлар, булоқлар қуриб қолади.
Бир-бирига зид ҳолат. Шундай эмасми?!
Маълум бўлишича, ерда нам ҳаддан кўп бўлганда дарахт уни буғлантираркан, кам бўлганда, аксинча ҳаводаги намни тортиб оларкан.
* * *
Москвада мени ҳаяжонга солган бир воқеа ҳақида гапирмоқчиман.
Ботаника боғида юрган эдим. Осмонга бўй чўзган қрим қарағайи (уни Абу Али ибн Сино: "санавбар дарахти" деб атайди) шохчасида бир олмахон пайдо бўлди. Мени кўриб, қочиб қолади, деб ўйлагандим, ундай бўлмади: жонивор менга қараб югуриб кела бошлади. Мен андак саросималаниб қолдим, кейин шошилинч чўнтагимга қўл солдим: ҳар қалай бир нечта писта данаклари қолган экан, ана шу неъматни кафтимга қўйиб, думи бароқ мўжизага узатдим. У андак иккиланиб турди-ю, тумшуғини чўзди. Ҳадемай унинг иссиқ нафаси кафтимга тегди ва дилим беҳудуд ҳаяжонга тўлди.
* * *
Дилингизни ногаҳоний ғусса босганида, асабингиз қақшаган лаҳзаларда мўъжазгина гулхан ёқиб, алангага андак тикилиб кўринг-а. У худди тирик мавжудотдай тўлғанади, ён-теграсига, осмонга қараб талпинади. Гарчанд унинг безовта тўлғаниши бетартибдай бўлиб туюлса-да, бу курашда аллақандай қонуният борлигига ишонч ҳосил қиласиз. Унинг талпинишигинамас, бетакрор ранги, ҳарорати вужудингизга роҳат баҳш этади.
Сиз энгил тортасиз.
Мен бунга аминман!
* * *
Иссиқ вужудингизни лоҳаc қилади, ғайратингизни сўндиради. Лекин совуққа таққослагудай бўлсангиз, барибир унинг бир неча бор афзаллигига ишонч ҳосил қиласиз.
* * *
Мен сени шунчалар яхши кўраманки...
Сенинг қорачуқларинг ҳудди чақалоқ нигоҳларидек тийран ва тиниқ.
Сенинг жажжигина бошинг оппоқ атиргулга ўхшаб кетади.
Сен жуда қобил-мўминсан!
Биз табиат деб аталган бир дарахтнинг икки шохчасидаги икки нозик гулмиз.
Мен сени ғийбатлар қилдим, сени ёмонлаб ривоятлар тўқидим.
Ранжима, мен ғийбатчидан, азизим бойқуш!
* * *
Сукунат. Шаҳарда яшайдиган киши уни ботбот қўмсаб қолади.
Кунлардан бирида яйловда тунаб қолдим-у тунда ташқарига чиқиб, ана шундай сукунатга дуч келдим. Жонимни ҳалқумимга келтирган моторлар, электр карнайлардан холи маскан эди бу ер. Лоақал итлар ҳам ҳуримас, хўрозлар ҳам қичқирмасди. Бу ҳузурбаҳш ҳаловат дилимни неча дақиқа қитиқлаганини билмайман. Сўнг сукунатга қўшилиб, вақт ҳам қотиб қолганга ўхшаб кетди. Дилимдаги ҳаловат ўрнини аллақандай ғашлик эгаллади. Вужудим учун бундай боқий сукунат батамом ёт эканлигини биринчи бор чуқур ҳис этдим. Акс-садога умидвор бўлиб секин йўталиб қўйдим. Шунда зулмат қўйнидан «сақ-сақ» деган овоз янграб кетди. Мен уни танидим ва дафъатан енгил тортдим: бу — сақ-сақ деб аталган қуш эди.
Эмишки, у бир замонлар одам бўлган экан. Ножўя қилмишлари учун дадаси қарғаб паррандага айлантирган эмиш. Ҳар замонда «сақ-сақ» деб ўз жигаргўшалари бўлмиш одамларга сиҳатлигидан хабар бериб турармиш.
Соғ бўлсанг бас, менинг укам — сақ-сақ!
* * *
Бари ҳам навқирон, йигит ёшида эди. Кўзларидан ўт чақнарди-я! Кўкракларининг бақувватлиги, нафислигини; мускулларининг кўркамлигини, белларининг чайирлигини, қорачиқларининг дилкашлигини айтмайсизми?!
Кўпчилик эди улар. Кейин урушга олиб кетишди. Бирортаси лоақал мажруҳ бўлиб ҳам қайтиб келмади-я!
Бари фашист ўқига нишон бўлди.
Бечора дулдуллар, қорабайирлар!

ТАНCИҲАТЛИК ХУСУСИДА

Эй азиз фарзанд! Энди тансиҳатлик хусусида сўз юритмоқчиман. Маълумки, саломатликни сақлаб қолиш, афсуски, ҳамиша ҳам кишининг ўз ихтиёрида эмас. Табиат ва жамиятнинг юзлаб ёвуз кучлари (микроблар, бактериялар; сиёсатнинг буқаламунлиги, иш ва оладаги зиддиятлар) вужудингни бўридай муттасил кемириш, ғорат қилиш пайида бўладилар. Бу офатларга қарши жуда катта куч билан кураш олиб боришга тўғри келади. Бу қудрат эса сенда мавжудлигини биламан.
Курашни айнан ҳаво ва сувнинг беғуборлигидан бошлаш зарурлигини юқорида таъкидлаб ўтган эдим. Модомики, бу иккала неъматда иллат бор экан, саломатликни сақлаш ёки тиклашга ман-ман деган табиб ҳам кафолат беролмайди.
Инсон — енгилмас куч, олий вужуд, қодир қудрат деб таърифланади. Лекин билсанг, у кўзга кўринмайдиган митти микроорганизмлардан ҳам ожиздир ва кўп ҳолларда уларнинг қурбони бўлади. Бу жосусчалар эса вужудимизга асосан ҳаво ва сув орқали киради.
Халқда: ихлос-у холос, эътиқод-у мурод, деган нақл бор. Сен докторгами, табибгами, экстрасенсгами мурожаат қилар экансан, энг аввало унга эътиқод қўй, эҳтиром кўрсат. Қадимги юнон шифокорларидан бири айтган экан: "Мен касаллик билан яккама-якка жангга чиқаман; бундай пайтда бемор ким томондан бўлса, ўшанинг қўли баланд келади," Беморликни бошдан кечиришнинг ҳам ўз талаб, таомиллари бор, албатта. Аммо ҳар қандай касалликнинг биринчи шарти мардлик, бардошлиликдир. Бундай нохуш, лекин ўткинчи дақиқаларда ўзингни шундай тутгинки, уйдагилар, палатадагилар, докторлар сендан заррача безишмасин, баръакс меҳрлари жўш урсин: умид ва ишонч дилингни бир лаҳза бўлса ҳам тарк этмасин. Ҳатто қабрга қўйилгандан кейин ҳам қайта тирилиб, юзага чиққан одамларни шахсан танийман! Қаддингни ғани, руҳингни ашраф тут!
Ўғлим, қизим! Сизлар пушти камаримдан бўлган жигаргўшамсизлар. Оёқларингга тикан қадалгудай бўлса, бор вужудим зирқирашини тасаввур қилолмайсизлар. Бинобарин, мен учун энг бебаҳо бойлик, сизларнинг саломатликларингиздир. Мансабларинг, мавқеларинг, маблағларингдан жудо бўлсаларинг садқаисар, аммо юзларингни сўлғин, қоматларингни хам кўриш мен учун оғир, жуда оғир!
Бу нотинч оламда бандасининг бошига нималар тушмайди дейсизлар?! Омад юз ўгириб ёки фалокат рўй бериб, тўшакда ётиб қолсаларинг, ўксишга сира ўрин йўқ.
Мен ҳамиша сизлар билан биргаман!
Мабодо бўлмасам, кўзларингни юмиб, мени ёдга олинглар. Шунда бир меҳрибон ва далдакор нигоҳ умид билан термулади, ҳароратли пешоналарингга кимдир жуда ҳам таниш ва матлуб бармоқларини тегизади!
Бу руҳан менинг нигоҳларим, менинг бармоқларимдир! Ҳа, камина бир умр ёнларингдаман ва истаган пайтда елкамга бош қўйишларинг мумкин! Бу худованди таборак ва таолонинг иноятидир!
Бемор киши итоатгўй бўлиши лозим. Ҳамширалар-у докторларнинг гапларини икки қилмаслик, муолажани охирига етказиш муродга эришишнинг муҳим шартларидандир. Дарддан фориғ бўлгач, сенга шафқат қўлини чўзган катта-кичикка илтифот кўрсатиш ёдингдан чиқмасин!
Лекин буларнинг баридан аввал касалликнинг олдини олиш тадбирларини ўйлаш керак. Бунинг учун эса ҳар бир киши ўзига ўзи табиб бўлмоғи зарур. Соғлик ва тетикликнинг бош омилларидан бири ҳаракатдир. Кавказда юз-юз қирқ йил умр кўрганларнинг аксарияти вино ҳам ичган, тамаки ҳам чеккан (буни зинҳор тавсия деб билманглар), лекин улар тирикчилик сабаб ҳар куни тоққа чиқиб тушишган. Тананинг доимий ҳаракати уларнинг умрини узайтиришнинг биринчи омили бўлган. Шу билан бирга тоғларнинг тоза ҳавоси, шаффоф суви ҳам уларга қувват ато этган.
Дард, одатда одамларни бирлаштиради!
Ўғлим! Эркак киши дардга чалинганда ундан энг аввал умр йўлдоши воқиф бўлмоғи керак. Чунки эркак учун ёстиқдошидан кўра маҳрам киши йўқдир.
Қизим! Умр йўлдошинг билан шу даражада сирдош бўлишинг керакки, андак шамоллаб қолганингда ҳам у дарҳол бохабар бўлсин ва ташвишга тушсин!
Болаларим! Сизларнинг соғлиқларинг шахсий бойлик бўлмай авлодлар ва жамиятнинг ҳам бебаҳо хазинаси эканлигини унутманглар!
Инсон соғлом бўлгандагина гўзал ва бахтли бўлишини ёдда тутинглар!
МЕҲМОНДОРЧИЛИК ВА САЁҲАТ
ХУСУСИДА

Эй жигаргўшам! Ёдингда бўлса, аввалги бобда чумоли меҳнати ва интизомига таъриф берган эдим. Аммо инсон чумолимас ва у фақат меҳнат қилиш учунгина дунёга келмаган. Ўткинчи умрнинг моддий ва маънавий лаззатларидан ҳам баҳраманд бўлмоқ керак. Шунинг учун бот-бот меҳмонлар даврасида, турфа сайру саёҳатларда ҳам бўлиб туриш зарур.
Ҳар бир ҳалқ ва миллатда меҳмоннавозликнинг ўзига хос талаб ва таомиллари бор. Боболар бу масалада меъёрни суиистеъмол қилмасликни маслаҳат беришади. Дам олиш, байрам кунлари, турли тантаналарда меҳмон қабул қилиш ёки қидириб бориш маъқул назаримда. Ҳар ҳолда дунёқараши, таъминоти ўзингга тенг бўлган кишилар билан борди-келди қилишинг мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлаб ўтмасам ҳам бўлар. Меҳмон — отангдан улуғ, дейишади. Шундай эҳтиромга сазовор бўладиган жойларгагина боришни маслаҳат берардим.
Меҳмон остонангдан ҳатлаганда очиқ чеҳра билан кутиб олиб, шакаргуфторликлар қилиш, латифалар айтиш, қизиқ ҳангомаларни ёдга тушириш ўзингга ҳам завқ-ҳуррамлик ато этсин. Меҳмон ўзини батамом эркин тута билмоғи: таом ейиш, қонни қиздирадиган неъматларни татиб кўриш масаласида ҳам унинг ҳоҳиш-инобати ҳисобга олинмоғи лозим.
Киши ҳаётда кўплаб танишлар, ошналар орттиради, аммо уларнинг ҳаммаси ҳам бир умрлик дўст бўлиб қолмайди. Дунёқарашлар, характерлар тўғри келмай ажралиб кетиш ҳам мумкин. Бу ҳолдан ранжиш, кек сақлаш ноўриндир!
Ҳар қандай шароитда ҳам шуни ёдда тутиш керакки, оилангга, авлодингга, миллатингга баҳо беришда меҳмондорчилик таомилларини қай тарзда уддалаганинг жуда ҳам ҳисобга олинади.

ҲИКОЯТ

Бир неча йил муқаддам Томдидаги Жабай Балиманов номли хўжаликда бўлган эдим. Шу воқеани ёдга олиб, эътиборингизни масаланинг ўзга қиррасига қаратмоқчиман. Зеро, ибратомуз ҳангомаларни такрорлаб туриш фойдадан холи бўлмас.
Қаҳратон қиш эди, ўшанда: йўлларни қалин қор қоплаганди. Мен "Қишлоқ ҳақиқати" газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири эдим. Чўпон-чўлиқларнинг ана шу совуқ кунлардаги тирикчиликлари билан танишиш иштиёқи тинчимни олиб қўйганди.
Қизилқум бағридаги мазкур хўжалик Самарқанддан қарийб т¢рт юз километр нарида эканлигини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Манзилгача не уқубатларда борганимни тасвирлаб ўтирмайман. Чунки гап бу хусусда эмас. Совхознинг ҳайҳотдай идорасида ўтирган амалдор мени шунчалик совуқ, қаршиладики, унинг олдида ташқаридаги изғирин ҳеч гап эмасди. Оловланган ҳаяжонларимга сув сепди, падарқусур. ҳатто журналистлигимни айтганимдан кейин ҳам муомаласида илиқлик пайдо бўлмади.
— Мундай газета жоқ,— деди нохушгина қилиб.
Сўзимни исботлаш ниятида портфелимдан газета чиқаргандим, у шубҳаланиб саволда давом этди:
— Китобшанг борма?
Бахтга қарши чўнтагимда мандат ҳам йўқ эди. Газета яқинда ташкил этилганлиги сабабли уни тайёрлашга улгуришмаганди. Бу ҳолни ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлгандим, у сўзимни кесди.
— Жўлингдан қолма!
Мени ваҳм босди! Кечаси қаерда тунайман, деган хаёлдан дилимда ғусса пайдо бўлди, ҳўрлигим келди.
Йўқ, кўчада қолиб кетмадим: меҳмонхонанинг бесўнақай печкасига саксовул қалашди. Мен эса барибир ўксидим. Қозоқ халқининг меҳмондўстлиги ҳақида кўп ўқиган, эшитган эдимда.
Эртаси эса батамом бошқа ҳолатнинг гувоҳи бўлдимки, кечаги гумонимдан ўзим ҳам ҳижолат тортдим. Мени икки бор меҳнат қаҳрамони бўлган Жабай Балимановнинг ўғли Жақсилик Балимановнинг отарига олиб боришди. Чўпоннинг хотини (Жақсиликнинг ўзи ветврачни дараклаб кетган экан) бизни кўриб беҳад ҳурсанд бўлди. Чўлиғига бизни меҳмонхонасига бошлаб киришни тайинлаб, ўзи тагимизга қалин кигизлар тўшади; тандирга ўт қалади. Илиқ ҳароратдан қалбимиз ва дилимиз ором топди.
Аёл бизнинг кимлигимиз билан қизиққани ҳам йўқ. Унинг учун биз меҳмон эдик. Шунда мен қозоқ халқининг ҳақиқий вакили ҳалигидақа амалдор эмас, ана шу заҳматкаш ва меҳмондўст аёл эканлигига ишонч ҳосил қилдим.
Эй фарзанд! Шоир (Расул Ҳамзатов) топиб айтган:
Овулимга келсанг-у, эшигимни қоқмасанг,
Ҳайф сенга бўлсин, ҳайф сенга!
Эшигимни қоқсанг-у мен илтифот этмасам,
Ҳайф менга бўлсин, ҳайф менга!

Энди сайру cаёҳат хусусида. Шайхурраис (Ибн Сино) ёзадилар: "Менинг номим "Тирикдир", "Бедор"нинг ўғлиман. Жаҳондаги ҳамма ҳолатларни билиш учун саёҳат қилмоғим, олам бўйлаб юрмоғим керак!"
Инсонга дунё керак эмас, дийдор керак!
Бу дунёнинг остига ё кезма ётади, ё кезма!
Юрган - дарё, дейишади.
Саёҳат, эрку саодат сароби, некбинлик, устуворлик манбаидир!
Тўғри, бизнинг замонда саёҳатга чиқишнинг муаммолари оз эмас: талайгина ташвишлар айникса, пул масаласи юрагингни зириллатиб туради. Машина билан йўлга тушмоқчи бўлсанг ҳам ёқилғи, запас қисм топиш; Чегара миршабларининг интиқлиги лаънати қароқчиларнинг аблаҳлигини ўйлайсан.
— Шуларнинг барига қарамай саёҳатларга чиқиб тур. Ўзинг мушоҳада юрит: ота-боболаримиз энг оғир пайтларда ҳам жаҳонгашталикни тарк этишмаган. Эҳтимол "оғир пайтлар" дейишимиз жоиз эмасдир. У замонларда чегара деган нохуш девор бўлмаган, карвонсаройлар пештоқига "жой йўқ" деб ёзишдан ор қилишган.
Сершовқин ва серхаражат шаҳарлардан кўра сарбаланд тоғлар, сершивир ўрмонлар, серчашма соҳилларга кўпроқ саёҳат қил. Ҳар бир мавжудотдаги бетакрор бўёқларни, жозибаларни кўра билиш, кузата билиш; улардан завқ ола билишнинг моҳияти каттадир. Ойнадай зилол булоқлар тубидаги ширмойбалиқлар подасининг ҳар бир ҳаракатини кузатиш; қушлар, ҳашаротлар хонишидан мазмун излаш, ҳар бир гулнинг бетакрор ҳиди ва симметриясидан ҳайратга тушиш, билсанг, ҳаммага ҳам насиб этавермайди.
Катта-кичик шаҳарларда бўлганингда, қадимий обидаларни бугунги архитектура билан солиштириш, бозор ва қабристонларни кўриш, тўйлар ва дастурхонлар, одатлар ва удумларни томоша қилиш ва таққослаш ёдингда бўлсин.
Камина ҳам баҳоли қудрат талай қишлоқ, шаҳар, мамлакатларда бўлганман. Бир неча йиллар муқаддам Грузиядан олган таассуротларим ҳақида ҳикоя қилмоқчиман. Тўғри, у м¢ролар даври эди. Гуржистонда ҳаёт нисбатан яхши бўлишига қарамай, мустақилликка эришишди. Ва мен фақат ўша даврдаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилмай, бугунги ўзгаришлар хусусида ҳам маълумот бериб ўтмоқчиман.

ҲИКОЯТ

Гуржистон! Она табиат бор саховатини тўкиб солган дастурхонга ўхшайди у. Бу ўлканинг тупроғи табиий минералларга бой — кафтга олиб кўрсангиз, беихтиёр, жавдар ноннинг мағзи ёдингизга тушади. Қора денгиздан осмонга ўрлаган буғ илиқ ёмғирга айланиб, ризқу рўз манбаи тупроқни муттасил намиқтириб туради. Замин эса меҳнаткаш инсонга сершарбат узум, йирик баргли чой, хушбўй лимон, хуштаъм апелсин инъом этади.
Саратонда қуёш борлиққа олов пуркамайди, қишда тупроқ музлаб метинга айланмайди.
Гуржистоннинг жанубидаги ўнлаб ноҳиятларни ўз бағрига олган Кахетиядамиз. Бу юртга кираверишда энг аввал токка қўйилган азим ҳайкал эътиборингизни тортади. Йигирма метр чамаси баландликдаги ток кундасида узумнинг рамзий бошлари осилиб турибди. Унинг бақувват илдизлари эса соғлом дастпанжаларини Кахетия тупроғига суққан.
Тағин андак йўл юрсангиз, қаршингизда "Солдат отаси" филмидаги Махарашвили токзор оралаб юргани акс эттирилган ҳайкал намоён бўлади.
Грузин олимлари токнинг асл ватани Кахетия деб ҳисоблашади. Шунинг учун бўлса керак, ток новдасига эҳтиром юксак. Кахетия қишлоқларида бўлган меҳмоннинг эътиборини харсангдан тикланган, архитектура жиҳатидан бир-бирини такрорламайдиган икки-уч қаватли уйлар ва уларнинг атрофидаги токзорлар тортади.
"Саниори" жамоа хўжалигининг соҳибкори Северан Гаганашвили Ўзбекистондан эканлигимизни эшитиб қувонди: Самарқанд билан Бухоро обидаларини кўриш ягона орзуси эканлигини яширмади. Унинг уйида меҳмон бўлганимизда аёллар, ўсмирлар, қўшнилар ҳам дастурхон атрофидан жой олишди. Винонинг ўн, йигирма, ўттиз йилликларини олиб чиқишди. Кўп нарсалар қизиқтирарди мезбонларни: "Самарқандда мачитлар борми?", "Руставели номига кўча қўйилганми?"...
Бир ўсмир Грузия узуми халк, селексиясининг бебаҳо хазинаси эканлигини айтиб, унинг таркибидаги сахароза ўн саккиз фоизга етишини фахр билан гапирди. Албатта, у бизнинг узумларда бу модда йигирма уч фоизга этишини, шунга қарамай соҳибкорларимиз грузин деҳқонларига нисбатан уни қарийб икки баравар арзон сотишини билмас экан.
Дарвоқе сахароза кўп манбаларда бу калом қанд моддаси деб нотўғри таржима қилинади. Сахароза билан қанд бир-биридан фарқ қилади.
Кахетияликлар қишда токни кўмишмайди ва ёзда деярли суғоришмайди. Табиийки, тежалган ҳаражатларнинг бир қисми иш ҳақига қўшилади. Аммо виқор ҳамда тўкинлик фақат ана шу даромад меваси десак, бирёқламалик бўлур эди. Грузин раҳбарлари деҳқони томорқа билан сийлашни унутишма-ган: деҳқон ҳам ўз навбатида заминдан омилкорлик билан фойдаланади. Томорқа ҳажми хўжалик шароитига қараб 25— 40 сотих қилиб белгиланган экан. Унга техника, ўғит ажратилади; етиштирилган ҳосил хўжалик режасига киради.
Гуржистонда биздаги сингари янги ерлар ўзлаштириб, дехқончилик қилиш имкониятлари чекланган. Аммо шунга қарамай томорқа масаласида бағрикенглик қилинганини табриклаш керак!
"Булар бари шўролар давридаги гап-ку" деярсиз балки. Мустақиллик эълон қилингандан кейин ҳам Гуржистонда бўлишга тўғри келди. Гарчанд турли уруш ва келишмовчиликлардан юрт зарофат чеккан бўлса ҳамки, ҳалқнинг руҳи баланд, қўли очиқлигига гувоҳ бўлдим. Ерлар деҳқонларга бўлиб берилибди ва фаровонлик бошланибди: ҳар ҳолда мен инсофли бошлиқлар, меҳмондўст фуқароларга бот-бот дуч келдим.
Эй фарзанд! Колумб ва ундан сўнг Америка қитъасига сафар қилганлар океан ортидан картошка, маккажўхори, помидор уруғини олиб келишмаганда; Хитойга борган номаълум сайёҳ ҳассаси ичига пилла уруғини солиб чиқмаганда; ўзимиз ҳам Европадан доим яшил дарахтлар, сайроқи қушларни келтирмаганимизда, мусофирлар Ўрта Осиёдан буғдойни, нонни, доно ўгитларни олиб кетишмаганда, инсоният нақадар қашшоқлашиб қолишини кўз ўнгингга келтириб кўр-а!
Мадомики шундай экан, қай бир мамлакат, шаҳар, қишлоқда бўлсанг, одамларнинг ибратомуз тажрибалари, удумларини ўрганиб келиш ёдингда бўлсин!

КЕКCАЛИК ХУСУСИДА

Эй фарзанд! Ўгитноманинг ибтидосида бизни селдан огоҳлантирган, яъни: "Қочинглар, сел келяпти!" деб кўз очиб юмгунча от чоптириб ўтган қиз ҳақида гапирган эдим. Инсон умри ҳам ана шундай — кўз очиб-юмгунча ўтиб кетадиган, ўтмиш билан келажак орасидаги оний лаҳзадир. Кишининг тез мункайиб қолиши — билсанг, аламли ҳам. Аммо начора: табиатнинг бешафқат қонунлари олдида бош эгмай бўларканми?! Энг муҳими, бу мантиқий ҳақиқатга мард пешвоз чиқа билишдадир.
Энг аввало, нафақага чиқиш хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Нафақах¢р бўлиб яшаш учун моддий ва маънавий замин борми, бир умрлик меъёр ва тартибдан илкисда ажралиб қолиш ногаҳоний зарба бўлиб урилмайдими?! Шундай ҳоллар бўлмаслиги учун кексалик гаштини суриш йўлларини билиш керак! Дилкаш саёҳатлар, серилтифот тўйларда бўлиш, набиралар давраси, чойхоналарда ҳордиқ чиқариш, ва албатта мачитларни ҳам ёддан чиқармаслик мўйсафид киши учун ярашиқдир.
Арча хушбўй бўлгани учун минг йил яшайди!
Мабодо кўнгил тортмаса, нафақага чиқишни орқароққа суриш ҳам мумкин. Аммо бундай пайтда лавозими пастроқ вазифага ўтиб ишлаш мақсадга мувофиқдир.
Соғлик ва тетикликни йўқотмаслик учун кўпроқ ҳаракат қилиш, меҳнат билан банд бўлиш фойдали, албатта. Кексайганда киши ўз хизматлари, одамларга қилган яхшиликлари хусусида кўпроқ, гапирадиган бўлади. Аслида буни ўзгалар таъкидлагани маъқулроқ. Мабодо эслашмаса ҳам ўксишга ўрин йўқ. Аслида ёшликдаги хатолардан ўз вақтида қутулиш керак, чунки кексаликнинг ўз нуқсонлари бўлади.
Киши бир умр, ҳатто кексайганда ҳам хатоларга йўл қўйиб яшайди.
Мавлоно Саъдий кексайганда содир бўладиган нуқсонлардан бири хусусида сўз юритиб, умр боғи хазонрезликка юз бурганларни устакорлик билан огоҳлантирадилар.
ҲИКОЯТ

Эшитдимки, шу кунларда мункайган бир чол
Кекса боши каловланиб, бўлибди бир қиз олмоқ.
Совчи қўймиш бир гўзалга номи экан Марварид
Қутичага яширмоқчи эл кўзидан ҳам йироқ.
Тўй-маърака кунларида таомиллар жобажо,
Аммо синмиш чол ҳассаси биринчи ҳамладаёқ.
Қалин мато тикмоқ учун пўлат игна керакдир,
Чол камонни тортган билан мўлжалга бормас яроқ.
Дўстларига ҳасрат қилиб, зорланибди келиндан
"Хону моним тарож этди бу бераҳм гулёноқ."
Эру ҳотин орасида бошланибди жанжал ҳам.
Қози, ҳоким аралашгач, Саъдий очибди дудоқ:
"Бу можаро, жанжалларда йўқдир қизнинг гуноҳи-
Марваридни қандай тешар қўли бўлса қалтироқ!"
Форс- тожик тилидан
Шоислом Шомуҳаммедов таржимаси
Эй фарзанд! Шуни ёдда тутки, серзарда, серпичинг, беписанд мўйсафидлар оилада, жамиятда обрў-эътибор тополмайдилар.

ҲИКОЯТ

Бир пайтлар аллергия касалига дучор бўлганим хусусида гапирмоқчиман. Дард тутганда, кўзимга қум тўлгандай бўларди-ю, кейин тинимсиз ёш оқаверарди. Одамлар орасида дафъатан ноқулай ҳолга тушардим бундан. Докторлар алламаҳалгача нимадан аллергия бўлганимни айтиб бериша олмади: овқатдан, дарахтдан, либосдан деган, тахминлар нотўғри бўлиб чиқди. Москвада бир таниқли аллерголог мен билан узоқ суҳбатлашиб, ҳамма ҳолатларни сўраб олгач, бунга қандайдир нохуш киши сабаб бўлаётганлигини айтди. Кўз ўнгимга лоп этиб бирга ишлайдиган чол келди.
У қўшни хонада ишларди ва бизга ишга келиши арафасидаёқ унинг дилозорлиги, инжиқлиги ҳақида латифанамо гаплар кўпайиб қолди. Аввалги идорасидаги ҳамхонаси сал кам жинни бўлиб қолганлигини ҳам яширишмади.
Завқим тошганда қаттиқроқ кулиб юборадиган одатим бор эди. Бир куни баралла қаҳ-қаҳ отиб юборган эканман, эшик қия очилиб, чолнинг боши кўринди. У кўзойнаги устидан менга узоқ тикилиб турди. Бу сукунатда анча-мунча дашномлар бор эди. Иккинчи бор беихтиёр кулиб юборганимда, у очиқдан-очиқ заҳар сочди: "Окоси, тағин битта кулинг. Жа-а мазза қилдик-да!"
Фақат мен эмас, ишхонадагиларнинг кўпчилиги эҳтиёткор бўлиб, зириллаб қолишганди. Котиба қиз унинг эшигини андак қаттиқроқ ёпиб чиқиб кетган экан, масалани йиғилишга қўйди. "Эшигимни қаттиқ ёпгунча, башарамга тарсаки туширсаларинг бўларди", деди.
Чол кўзгуга қараса, аввал ундаги доғни кўрарди. Заҳар бўлиш билан ғийбатчироқ ҳам эди. Суҳбатдоши эшикдан чиқиши биланоқ уни ёмонларди. Бир куни бу камчиликни ётиғи билан айтмоқчи бўлган эдим — жаҳлга минди. Ўрнидан туриб, қўлини кўксига қўйганича пичинг қила кетди! "Товба қилибмиз! Гумроҳлик биздан ўтибди!" "Сиз тағин кесатяпсиз", дедим жаҳлимни сездирмасликка ҳаракат қилиб. У давом этди: "Вой ман ярамас! Вой мани падаримга..."
Ўйлаб кўрсам, олтмишдан ошган даққи чолни тарбиялаш бориб турган хомхаёл экан. Тўғри, у ўз ишига пухта эди. Вазифасини обдан бажариб қўяр, гап-сўзга ўрин қолдирмас эди. Лекин йиғилишларда жилла танқид қилгудай бўлишса, бошини ҳам қилиб сасиб қўяр эди: "Ҳа, энди камина шу идоранинг боғлаб қўйилган ити."
Хуллас, кўзим ёшланишидан чўчиб, ундан қочиб юрадиган бўлдим. Аммо барибир йўлак ва коридорларда учратиб қолардим ва шашқатор ёшларимни тўхтата олмасдим. Бошқа ишга ўтишни мўлжаллаб юрганимда янги бошлиқ келиб қолди-ю, дуппа-дурустдан кексаларнинг нафақага чиқишларини тавсия этиб қолди. Янги бошлиқ ҳалиги чол билан ишлаш қийинлигини биларди. Чолнинг касрига қолиб, бошқа отахонлар ҳам ариза ёзишга мажбур бўлдилар.
У кетди, аммо мендаги аллергия йўқолгани йўқ. Бу одамга, ҳатто олисроқдан нигоҳим тушса, телевизорда қиёфасини, газета-журналда суратини кўриб қолсам ҳам қорачиғимни дафъатан ёш қоплайди ва атрофимдагиларга буни изоҳлаёлмай, хуноб бўламан.
Эй фарзанд! Одамларнинг кўзидан ёш оқизадиган даражада дилозор бўлмоқ бахстизликдир. Киши кексайиб борган сари хушфеъл, хуштакаллуф, дилкаш, қалби ва қўли очиқ бўла бормоғи лозим.
Зеро, кексаликни енгиб яшаш жасоратдир!
Мен мухбирларнинг: "Бахтиёр кексалик" деган иборасига, рости гапки, ишонқирамай, анчайин киноя билан қарайман, аммо бахтсиз мўйсафидликдан (бунақаларини ҳам кўп кўрдим). Худонинг ўзи асрасин, дейман!
Табаррук ёшларга етиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Гўдакнинг илк қадами, надоматлар бўлғайким, унинг қабр сари қўйган илк одимидир.
Яссавий ҳазратлари таъкидлаган "тўрт оёқли чўбин от" сени туну кун таъқиб этишдан қолмайди. Ажал деб аталадиган мудҳиш офат ҳар дақиқада жисму жонингга чанг солиш пайида бўлади. Тақдири азалга эса тадбир кўриб бўлмайди!
Модомики, Азроилнинг назарига тушмай, унга чап бериб, мўйсафидлар бекатига этиб келибсан, қолган кунларда ҳам диёнатли бўл; умр бўйи битган асаринг интиҳосини бузиб қўйма!
Шундан эҳтиёт бўлки, улуғворлик билан бачканаликнинг ораси, атига бир қадамдир!
Инсондан нималар қолади?
Кимдандир фарзанд, бошқа бировдан кашфиёт, дарахт, тағин бир бечорадан яхшилик...
Ўзингдан сўнг буларнинг барини қолдирадиган даражага эришгин, болам!
Азиз ўғлим ва қизим! Китобимда умр сўқмоқлари узра ўзингни нечук тутишинг хусусида дилимда бор гапларни тўкиб солдим, холос. Сен кўнглингга ўтиришганини, юрагингни жизиллатганини ол; қолгани ўзимга сийлов.
Биламан: маслаҳатларим ҳаммабоп эмас, уни тавсиянома дейиши ҳам ўринсиз бўлур эди. Аммо ишончим комилки, насиҳатим кимларгадир асқотади, наф келтиради!
Сўзимнинг охирида тағин Мавлоно Саъдий таъбирларини такрорлаб: "Китобимдан бирор варғини олиб кетсанг ва ўқиб, ўртоғингга берсанг, кифоя, дейман!"
Эй нажоткори олам! Ушбу китобни ўқиган, ўқимаган бандаларингдан лутфу карамингни аяма!
Фарзандларимизга музаффарият ато эт! Ноумид қолдирма! Омин!

МУНДАРИЖА
Дебоча. . . . . . . . .. .. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. .. 3
Навқиронлик ва навжувонлик хусусида. . . . . . . . . . . . . . . . . .. .. . . . 4
Билим олмоқ, ҳунар ўрганмоқ ва заковатга эришмоқ хусусида . . . .. ...12
Ота-она меҳри ҳамда фарзандлар бурчи хусусида . . . . . . . . . .. .. . . . 16
Жуфти ҳалол ва зурриёт хусусида . . . . . . . . . . . . . . . . .. .. . . . . . 18
Сухандолик, хушҳатлик ва миллатга эҳтиром хусусида . . . . . . .. .. .....23
Итоат эттирмоқ ва бўйсунмоқ хусусида . . . . . . . . . . . .. .. . . . . . . 29
Табиат муҳофазаси хусусида. . . . . . . . . . . . . . .. . . . . . .. .. . . . . 33
Тансиҳатлик хусусида. . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . . .. .. . . 38
Меҳмондорчилик ва саёҳат хусусида. . . . . . . . . . . .. . . . . . .. .. . . ..40
Кексалик хусусида. . . . . . . . . . . . . . .