четверг, 30 июня 2022 г.

1. ЖУМАНАЗАР АКА САРГУЗАШТЛАРИ


                               Биринчи вароқ            
                                                  Ҳазил
       Жуманазар акани олиб кетгани бу гал икки соҳибжамол фаришта келган экан. Ўзининг айтишига қараганда, тарифига сўз ожиз эмиш уларнинг; қадди-қомати келишган, хушсухан, хушилтифот, хушрафтор... “Лоақал паспортим билан носвойимни оливолай”, деса ҳам, коинотдагилар тўпланиб, у кишини кутаётганлигини айтишипти.
   Ҳақиқатан ҳам тумонот коинотлик: журналистлар, блогерлар  олимлар, давлат арбоблари тўпланиб туришган экан: зудлик билан савол-жавобни бошлаб юборишипти.

   “ Сиз паспортим билан носвойимни оливолай, дебсиз, у нима дегани”,- сўрапти биринчи бўлиб қўл кўтарган юпитерлик мухбир.
   Жуманазар ака унинг нодонлиги, лакаловлигидан кулса ҳамки, вазминлик билан жавоб қайтарипти.
 “Бизда, қаерга борсанг, паспорт билан носвой  ёнингда бўлиши керак. Бу йил, ҳатто сайловга ҳам паспорт билан келинглар, деб тайинлашди”.
“У қанақа сайлов, кимни сайлайсизлар?”
“Халқ  энг зўр лофчиларни сайлайди. Мен хотиним билан болаларимнинг  қоғозини олиб бориб, қутига ташлаб келаман. Очиб кўрмайман - гуноҳдан қўрқаман. Депутат бўламан, деган ўпкавой, аввалроқ халқни тўплаб: “Мендан нима талаблар бор?” деди. Биров газ деди, биров свет деди...
   Коинотдаги нодон мухбирлар газ, свет нималигини билмас экан шекилли, шовқун қилиб юборишибди.  
   “Хуллас, ҳалиги депутат талабларни сўрагач,  Жуманазар ака қўл кўтарипти:
    “Қишлоғимизга тез юрар поезд келиши керак”.
    “Бу тез бўлмайди, камида олти ой вақт керак”, депти.
  Жуманазар ака рози бўлмагач,  уч ой муддат сўрапти. 
 “Аммо унинг башарасини қайтиб кўрмадик, деди Жуманазар ака.  Лақма одамлар фойдаси йўқлигини билатуриб, кўмир сўрашди... Энди нос ҳақида. Мен ўзим Ургутнинг носидан чекаман, аввал Қўқон носини чекардим. Горбачев пайтидан бошлаб, носкадиларимиз анча културний бўлган. Қайта қуриш бошлангандан кейин вазелин қутисига соладиган бўлдик. Ҳозир целлофон халтачага солиб оламиз.
   Носнинг таркибини текшириб кўришмоқчи бўлишибди улар.
   “Ерда одамлар бир-бири билан уришадими?”
  “Фақат одамлар эмас, давлатлар ҳам жанг қилади”, жавоб берибди Жуманазар ака.
    “Унда бир- бирининг бурнини қонатиб қўяди-ку...”.
   “Биродарлар, таклиф киритипти тағин сипороғи, бу планетани  Қуёш системасидан чиқариб, йўқ қилиб ташлаш керак. Улар ҳавога чиқараётган карбонат ангидрид, изотоплар, ядровий чиқиндилар билан коинотга ҳам хавф солишади. Биз гуманоидлар одам зоти билан мулоқотда бўлмаслиги керак. Ерга учар ликобчаларда борган айрим дўстларимиз уларга ачиниб, ёрдам бериш, бошқа планетага  кўчириш таклифини киритишди.  Hоho sapies эса тараққиётнинг дастлабки этапларида юрипти. Энг ёмони, улар бир-бирларининг қонларини тўкишдан ҳам тоймайдилар.
  “Керак эмас, депти тағин бири   аҳвол  шу кетишда давом этса, улар ўзларини ўзларини йўқ қиладилар.”
   Жуманар аканинг дилига бу рафтор ўтиришмапти.
   “Агар менинг оғилимни бузадиган бўлсаларинг, чатоқ қиламан. Кадастрдан рухсатим  бор. Уч йил қатнаганман ана шу қасамхўр идорага. Охири чўздим.”    
   Улар тушунишмабди ва  тағин савол беришибди.
   “Жуманазар ака, нимадан қўрқиб яшайсиз?”
  “Кечқурун сигирнинг қулоғидан ушлаб, силаб  турардим, хотиним соғарди. Бугун бузоғи эмиб қўйишидан қўрқяпман”.
   Бир неча соат давот этган савол жавобдан кейин Жуманазар акани бошқа жойга олиб кетишибди. 
Давоми бор   
2020 йил


четверг, 23 июня 2022 г.

Чорраҳадаги болакай

 




Газета тахламларидан
Публицист ёзувчининг изтироб ва ўтинчлари

Сиёб бозоридан уйим томон қатнайдиган «Дамас»да унинг тўлишини кутиб ўтирган эдим. Шу пайт портфел елкалаган болакай салом бериб, кириб келди. Ҳайдовчи ундан тўнгу такаббурлик ила сўрадик:
– Пулинг борми?
У ҳам «бор» ишорасини қилиб, юз сўмликни кўрсатди.
– Кира ҳақи юз эллик сўм бўлади, – деди галварс ҳайдовчи. – Туш!
Бу ҳол дафъатан жаҳлимни чиқарди ва шофёр билан айтишиб қолдик. Шуниси аламли бўлдики, салондаги одамларнинг бирортаси тарафимни олмади. Қон босимим икки кундан кейингина ўз ҳолига тушди.
Сиз ҳам шунга менгзайдиган бир ҳолнинг гувоҳи бўлгандирсиз? Гоҳида йўл четида машина кутиб турган ўқувчилар автобус ва «Дамас» ҳайдовчиларига узоқданоқ интизорона пул кўрсатадиган бўлишибди. Акс ҳолда. ўриндиқ бўш бўлса ҳам миндиришмаскан айрим қалби қасир, бедаво ҳайдовчилар. Хайф-е! Бу ўткинчи дунёда Худо ва виждон олдида бот-бот ҳисоб бериб турмоқ керак-ку, ахир!
Тағин бир нохуш ва надоматли ҳолат. Менинг икки набирам ҳар эрталаб мактабга боришда шаҳримизнинг гавжум бир чорраҳасидан ўтишга мажбур. Бизнинг эса кечгача юрагимиз зириллаб туради. Ўтган йили айнан ана шу машъум чорраҳада «Дамас» портфел елкалаган болани уриб кетганига гувоҳ бўлгандим. Ўшанда биз китоблари сочилиб кетган, ўзи эса қонга беланганича типирчилаётган норасидага қараб югурдик. Биринчи бўлиб, бир рус аёли уни ердан кўтариб олди. Жабрдийда ўғлон онасини топгандай, бегона аёлни қувоқлаб, унинг елкасига бош қўйди. Ҳаммаёқ қий-чув бўлиб кетди. Бир неча лаҳзадан сўнг бола бош кўтариб, бизларга қаради. Мен унинг нигоҳларидан: «нега мени бу кўйга солиб қўйдиларинг? Гуноҳим нима эди?» деган аламли ўксинчни уққандай бўлдим. Бола бу гал аёлнинг елкасига ғайритабиий бош қўйди. Аёл эса фарёд чекиб йиғлашга тушди. Бола ўлган эди!