понедельник, 21 сентября 2020 г.

БУХОРОЛИК РАҲМАТЛИ ДЎСТЛАРИМ

  

   Шоирлар қишлоқда туғилади, Парижда ўлади, дейишади фаранглар. Бу - табиий ҳол. Ижодкор ҳамма замонларда ҳам адабий муҳит қайноқ бўлган масканга интилган, боиси: бундай манзилда ижодий баҳслар, таҳририятлар, нашриётлар... дегандай. Истаймизми-йўқми, ҳар қандай жамиятда ҳам  меҳр - кўзда деган нақл амал қилади. Аммо қишлоқда қолиб ҳам ўзига хос ижодий дурдоналар яратган шоир ва ёзувчиларни биламиз ва уларга тасаннолар айтамиз. Аммо уларга анчайин қийин кечиши табиий: китоб, мақола чиқариш учун, аввал мутасаддилар билан танишиб олиш, меҳр қозониш керак бўлади. Шаҳарликлар эса қишлоқдан келган ижодкорларга ҳамиша “юқорироқдан” туриб қарашга кўникиб қолишган. Майли, бир бошдан.

  1974 йилнинг ёз маҳали эди. У пайтларда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд,  Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Идорадан,  Аму-Бухоро каналининг навбатдаги қисми очилишини,  қадимий Жилвон ариғига сув келишини ва ўша ерда бўлиб, репортаж тайёрлашим зарурлигини айтишди. Аввал Бухорода бўлиб, шоир дўстим Тошпўлат Аҳмадни тополмагач, Шофирконга йўл олдим ва одатим бўйича,  аввал туман газетаси таҳририятига кирдим. Бу газетанинг бош муҳаррири ёзувчи Аҳад Ҳасан эканлигини, у Самарқандда  ўқиганлиги, талай  китоблар ёзганини эшитгандим. Редактор ўринбосари Аҳад ака  уйда эканлигини айтибгина қолмай, у киши яшайдиган Денов қишлоғига олиб  борди. Йўл-йўлакай эртага канал очилишини, сувсизлик ҳамманинг тинкасини қуритганини, оқибатда Қизилқум саҳроси далалар, қишлоқларни босиб келаётганини гапирди. Дарҳақиқат, атрофда ташналикдан қовжираб қолган экинларни кўриш нохуш эди.

   Рости гапки, Аҳад Ҳасан ҳақидаги илк таассуротим илиқ бўлмади. У журналист, ёзувчидан кўра кўпроқ райком котиби, колхоз раисига  ўхшаб кетарди. Тўладан келган бу хушқомат инсон ўзидан  мамнун ва андак нописанддек бўлиб туюлди назаримда. Шунинг учун ҳам алламаҳалгача умумий тил топишолмай турдик.

БЕҲБУДИЙ: ИККИ ТОМЛИК АСАРЛАР

           БЕҲБУДИЙ: ИККИ ТОМЛИК АСАРЛАР

 “Академнашр” Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг  икки томлик танланган асарлар тўпламини босмадан чиқарди. Китобни нашрга тайёрлаган Сирожиддин Аҳмад бунинг учун кўп йиллик умрини бахшида этганлиги кўриниб турибди. Жадидлар сарварининг ҳали ҳеч ерда эълон қилинмаган талай асарларини топиб, китобхонга тақдим этиш бағоят эзгу ишдир. Шу билан бирга Беҳбудийнинг таржимаи ҳолига оид аввалги маълумотларга эътироз ҳам билдирадики, буни олқишлаш керак.

   Бундан илгари раҳматли олим Бегали Қосимов тақсирнинг бир томлик танланган асарларини нашр эттириб, бизни Беҳбудий ҳазратлари билан том маънода таништирган эди.

   Бу ўринда талай олимларимизнинг жасоратлари ҳақида сўз юритса бўлади. Академик Иброҳим Мўминов 1972 йилдаёқ Беҳбудийни “Ўзбек Совет энциклопедияси” киритиб, у кишига кенг таъриф берган эдилар. Беҳбудийшунос олимлардан Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Наим Каримов, Ҳалим Саид ва бошқаларга таҳсинлар айтмай иложимиз йўқ.

                                                               

суббота, 19 сентября 2020 г.

Кахетия тупроғи

 

Кахетия тупроғи



«…Ҳей, қара! Бу тупроқ вақт келди, мени ағдар, дейди. Бу, бу энди урушни қўй, менга уруғ соч, дейди… Вақт келди, дейди… тупроқ!
«Солдат отаси» фильмидан
 Грузия! У табиат бор саховатини тўккан бой дастурхонга ўхшайди. Унинг тупроғи минералларга бой, кафтга олсангиз, ноннинг мағзини эслатади. Қора денгиздан кўтарилган буғ ёмғирга айланиб, уни доим намиқиб туради. Бу замин инсонга сершарбат узум, йирик баргли чой, олтинранг лимон, апельсин, мандарин инъом этади.
Кавказда саратонда ҳам қуёш борлиққа олов пуркамайди. Қишда эса тупроқ умуман музламайди. Йилллик ўртача ҳароратнинг 15 даража иссиқлиги ҳам иқлимни ғоят мўътадил қилади. Бу ерда қишлоқ хўжалик ишлари ҳам ўзгача қурилган.

воскресенье, 13 сентября 2020 г.

КИРИШ СЎЗИ

 

 

    "ЖАДИД" АСАРИНИНГ ДЕБОЧАСИ

  Эътибор берганмисиз:

 одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни ёмон  кўришади;

   амалдор бўлишни исташади, аммо бошлиқларни ёқтиришмайди; 

   “Яшасин, демократия!” дейишади, аммо демократлардан хавфсирашади;

   олдинги сафда бўлишни хоҳлашади, аммо олдинлаб кетганларни тартибга чақиришади.

  Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари анчайин олдинлаб кетган кишилар эдилар.

   Уларни шунчаки тартибга чақиришмади, балки аксарини  тузумнинг Сибирда қурдирган машъум  авахтахоналарида чиритишди, нокас ғаддорлар!

    “Инсон боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган ҳукуматдан,   замондан  Худонинг ўзи асраган бўлсин!” ( Чингиз Айтматов)

    Жафокаш халқини билим ва маърифатга даъват  этгани учун шундай қаттол қисматга мустаҳиқ этишди  бечораларни. Бу бахти қаро боболаримизни чоризм ҳам, большевизм ҳам, ўзимизнинг уламо-ю, катта-кичик  замон зўрлари ҳам,  “душман”, “кофир” деб эълон қилишдан чарчашмади...

  “Ўқи! Болаларингни ҳам ўқит!” дейишгани учун бечора жадидларни отишди, осишди, тошбўрон қилишди, қамоқхоналарда чиритишди.

    Беҳбудий ҳазратларини қирқ тўрт ёшларида  ваҳшийларча сўйишди. Бу ҳам етмаганидек, йиллар ўтиб, тақсирга “халқ душмани” деган тавқи лаънат тақишди. У кишининг сафдошларини  ҳам...

   Қисса кўтоҳ, тақдир уларнинг барига узлуксиз чап қўлини чўзди.

    Лекин улар эътиқодларидан тонмадилар. Беҳбудий ўлими олдидан  “Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!” деб нидо этди. Жонини сақлашни, яқинларини ўйламади...

   Шакурий домла Тошкент қамоқхоналарида жон бердилар. Шўрликнинг қабрлари йўқ.

  Саидризо Ализода  Россиянинг Владимир шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтди.  Набираси – Фарҳод Ализода бобосининг хокини келтириб, Самарқандда дафн эттирди.

   Ҳожи Муин Россия ўрмонларида нобуд бўлди.

   Ҳамза, Сиддиқий Ажзий...

    Нима учун? Нима учун?

    Айтинг, айтинг, дунёда бундан ҳам мустабидроқ адолатсизлик, шафқатсизлик бўлиши мумкинми?!

    Начора, инсоннинг энг катта  хатоси ўз хатоларини такрорлаб туришида экан. Ҳақиқат ва маърифат машъалини кўтарганларнинг қўлларини унинг олови куйдираркан. Азал-азалдан шундай бўлиб келган.

     Бу – жаҳолат! Жаҳолатга қарши эса, жадидлар айтгандай,  фақат маърифатни қалқон қилиш мумкин.

    Беҳбудий инсонни фақат зиёга эмас, Худога ҳам яқинлаштирадиган, том маънодаги назаркарда инсон эди.

  Минг йиллик тарихимиз давомида жадидлар ҳаракати атиги бир бор рўй берди, холос. Миллат эса бир умр уларга интиқ, интизор бўлиб яшади, яшаябди!

    Гоҳида фикрга чўмади киши. Инсон асрлар давомида  бағоят муҳташам мачитлар, синагоглар, черковлар бино этиб, Яратганга сажда  қилган ва қилаётган экан, бу дунёда атеист бўлиш гумроҳлик эмасми?!

   Тараққийпарвар инсонлар азал-азалдан ватандошларини илм-маърифатга чорлаб, бу – ҳаёт ва мамот масаласи эканлигини, зиёга интилмаган миллат охир-оқибат нест бўлиб кетишини ҳайқириб айтишаётган,  бошларини кундага қўйиб бўлса ҳам курашишаётган экан, ушбу дунёда мутаассиб бўлиш ҳам  имонсизлик эмасми?!

    Жадидлар жасорат кўрсатишди, аммо ўша, шўролар замонидаёқ уларни қайта тирилтирган маърифатпарвар олимларимизнинг ҳам журъати ҳазилакам бўлмади. Раҳматли Иброҳим Мўминов, Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Бегали Қосимов, Абдумўмин Фаттоевларга Оллоҳ жаннатидан жой берган бўлсин!

   Аслида, тарихни ўрганишнинг ўзи кифоя эмас, уни ҳимоя ҳам қилабилиш керак. Бу сиймолар ҳар қандай тазйиқларга қарамасдан уни бало-қазолардан муҳофаза қилабилдилар.

   Бугун ҳам ана шу эзгу ишга камарбаста бўлган Наим Каримов, Шоҳруҳхон Беҳбудий,  Ингеборг Балдауф, Сирожиддин Ахмедов,  Шерали Турдиев, Бойбўта Дўстқораев, Ҳалим Сайид, Зебо Аҳророва, Дилором Алимова, Шуҳрат Очилов, Нилуфар Намозова,  Сайди Умиров ва бошқа жонкуярларнинг остоналари осуда, умрлари узоқ бўлсин.

           “Ҳаволанма муғанний,

           Сен телбага сон қайда”,

деб хониш-у,   нолиш қилади ҳофиз. Мен ҳам ушбу рўйхатга илиниб қолишни орзу қилганман. Қўлингиздаги китоб шу йўлдаги  қадамлардан биридир.

   Дарвоқе, бу асарни ўн йиллар илгари бошлаган эдим. Аммо Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ( ул зотни қавмлари “Маҳмудхон,”  бошқалар “Муфти жаноблари”, “Афандим”, “Ходимул миллат”,  “Тақсир”, “Устод”, “Муаллими калон” деб ҳам мурожаат этишган. Биз ҳам, ўрни келганда, бу эпитетлардан фойдаланамиз) Саёҳат хотиралари, аниқроғи “Қасди сафар” асарини кенгроқ шарҳлаш учун у киши кезган йўллардан ўтиш, яъни ўша мамлакатларга бориш, одамлар ва воқеъликни бугунги кунга таққослаш зарур, деган хулосага келгандим. Аммо орадан йиллар ўтиб, бунинг имкони бўлмади. Ҳозир мазкур мамлакатларга бориш Муаллимнинг замонидан кўра якчанд даража мураккаблиги каминани бот-бот андишаларга солди. Ёш эса ўтиб бораябди...

   Америкалик машҳур шоира  Эмили Диккенсон ёзади:

   “ Мен Бреск майдонини кўрмаганман, бироқ у ерда гуллар қандай очилишини биламан;  мен денгизда бўлмаганман, бироқ унинг мавжлари юрагимнинг тўлқинларига менгзашидан хабардорман;  мен Тангрини кўрмаганман, аммо унинг меҳрибонлигини биламан..”

     Аслида устоз саёҳат қилган юртлар ва шаҳарлар камина учун унчалик бегона эмас.  Иттифоқ даврида Каспийдан ўтиб,  Бокуга борганман. У киши таърифлаган  Кавказ ҳамда Россиядаги шаҳарларнинг  бир қисмини кўришга муяссар бўлганман.  Мустақиллигимиз эълон қилингандан кейин, Истанбул ва айрим араб мамлакатларида, жумладан Қуддусда ҳам бўлдим. Ҳозир эса Интернет сайтларида ўзингиз истаган шаҳар ёки юрт ҳақида ёзма маълумотлардан ташқари, талай фототасвирлар, видеолавҳалар борки, киши ўзини ўша жойларда кезиб юргандай ҳис этади.

   Лекин ўтган йиллар давомида бу эзгу йўлда  бекор турганим йўқ. Жумладан, елиб-югуриб бўлса ҳамки,  2006 йилда ҳукуматдан  у кишига  бюст ўрнатиш  учун рухсат олдик ва ўрнатдик. Ҳар йили устоз туғилган – 19 январда  анжуманлар ўтказябмиз, руҳларига Қуръони Каримдан тиловат қилябмиз, бюст пойи эса гулларга тўлиб кетябди.

   Тарихий даҳолар ҳақида  асар ёзишнинг мураккаблиги шундаки, жилла бадиий фантазияга берилиб кетсанг, қаҳрамонингни таржимаи ҳоли ва фаолиятидан чекиниш хавфи пайдо бўлади. Факт,  рақамларга кўпроқ  ўрин ажратсанг, асаринг газета мақоласига ўхшаб қолишидан андиша қилабошлайсан. Руслар ибораси билан айтганда, “золотая середина” яъни, олтинга тенг  ўрталикни топиш ҳамиша ҳам осон кечмайди.

   Адабиёт жамиятнинг кайфиятини белгилайдиган, уни ўзгартираоладиган куч, дейишади. Аммо бугунги китобхонни ишонтириш, ҳайратга тушириш нақадар қийинлашганини билганингизда эди!

     Аслида буюк шахслар ҳақидаги асарни  ўқигандан кўра, уларнинг ўзлари ёзган китобларни ўқиш афзалроқдир. Амир Темур ҳақида ёзилган  роман, қисса ва ҳикояларнинг ҳеч бири “Темур тузуклари”га;  Бобур ҳақидагилари “Бобурнома”га  тенглашолмайди. Менинг китобимни ўқигандан кўра,   устознинг қаламларига мансуб  “Қасди сафар”ни ўқиш самаралироқ бўлур эди. Аммо камина ҳам, шу баҳонада қаламим учида турган гапларни қоғозга (аниқроғи,  компьютерга) туширмаслигимнинг иложи йўқ эди.

    Беҳбудий – бағоят серқирра, сермаҳсул сиёсатчи арбоб ва ижодкор. Ул зоти олийнинг тўлақонли образини яратмоқ мушкул вазифа. Биз устоз чашмасидан бир неча ҳовуч обиҳаёт олдик, холос.

    Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, биз  Беҳбудий афандини  драматургиямиз ва театримиз асосчиси деймиз.  Бу салоҳияли ва зукко инсон  “Саёҳат хотиралари”  ва долзарб мақолалари билан  уйғониш даври деб аталадиган долғали замонда янги ўзбек публицистикасига ҳам асос солди.  Мадомики шундай экан,  ул зоти мукаррамни миллий қаҳрамонимиз,  уйғониш даври адабиётининг сардафтари дейишга тўла асосимиз бор.

   Қўлингиздаги асар анъанавий қисса ёки роман жанрига унчалик мос келмаслигини тан олишим керак. Аммо бугунги  Ғарб ва Европанинг номдор ёзувчилари  эски қолипларни бузиб, саргузаштлар, афсоналар, детективлар, публицистикага йўғрилган асарлар ёзишаётганлигини ҳам эътибордан четда қолдириш ўринли бўлмас.  Мазкур романларда, биз ибрат олишимиз зарур бўлган бош қаҳрамон, сюжет чизиғи, салбий, ижобий персонажлар, муаллиф позицияси ҳам йўқ ҳисоби. Аммо, шунга қарамай, уларнинг ўқувчилари кўп. Ҳозирги рақобатли замонда эса бунинг аҳамияти озмунча эмас. Ўзимизда ҳам қалин китобларни кам ўқийдиган бўлишди. Адабиётга қаламини чархлаб, бадиий-публицистик руҳдаги асарлар кириб келабошлади. Улар ҳозиржавоб, сиқиқ. Зеро “вақт – пул” деган ақида бизни ҳам четлаб ўтмайдиганга ўхшайди.

     Асаримиз жанрини “Ҳикоялардан иборат қисса” деб номладик. Зеро, бу ҳикоялар фақат Беҳбудий ёки жадидлар ҳақидагина эмас; маориф ва маънавият учун жонини тикканлар, тамаддуни баланд ёки ночор бўлганлар, улар орасидаги тафовутлар, зиддиятлар ҳақида ҳамдир.

    Асарни “Жадид” деб атадик. Беҳбудийшунос Сирожиддин Аҳмад таъкидлаганидек, аслида “янги” маъносини берадиган бу сўз  миссионерлар ва мутаассиблар томонидан таҳқирлаш мақсадида қўлланган. Аммо замонлар ўтиб, у илк маъносига эришганга ўхшайди.

   Китоб ҳақидаги фикрингизни сўрамоқчи эмасман. Турфа иштибоҳларга борманг. Ҳарқандай ижодкор ҳам, мен  зўр асар ёздим, деган фикрда бўлади. Буни худбинлик дейсизми, оптимизм дейсизми – ихтиёр ўзингизда, аммо-лекин асарнинг ютуқ ва камчиликларини унинг муаллифидан кўра теранроқ англайдиган киши бўлмаса керак! Камина ҳам бундан мустасно эмас.

    Буни калондимоғликка йўймайсиз, деб умид қиламан.

    Остонангизга боқий осойишталик тилайман!

    Ҳаётингиз узлуксиз қувончга айлансин!

  

БЕҲБУДИЙ НОМИ АБАДИЙЛАШТИРИЛИШИ КЕРАК

   Яқинда Тожикистонда (Хўжандда) янги ўрта махсус ўқув юртига Маҳмудхўжа Беҳбудий номи берилди. Надоматлар бўлғайким, бизда буюк жадид бобомизнинг номига бирорта мактаб ёки болалар боғчасининг ҳам номи берилмаган. У киши таваллудининг 145 йиллиги муносабати билан метро станцияларидан бирининг номи берилишини таклиф ва илтимос қиламиз. 

     Шоҳруҳхон БЕҲБУДИЙ,

       Зарруххон БЕҲБУДИЙ,

       Нусрат РАҲМАТ