воскресенье, 14 июня 2020 г.

ИКИР ФИКРЛАР
Кейинги пайтларда шунга амин бўлдимки, Фаесбукда, иложи борича, бир ўқишда тугайдиган, қисқа асарларни хуш кўришаркан. Ора-орада шундай “қисқа метражли” лавҳалар ёзиб туришга қарор қилдим.
* * *
Шу ёшларга етиб, аниқроғи, турфа тузумлар ва вазиятларни бошдан кечириб, қишлоқ аёлларининг ҳаёти яхши бўлганини, афсуски, кўрмадим.
Уруш (1941−1945) дан кейинги йилларни яхши эслайман. Ўшанда қишлоқдаги жами оғир меҳнат аёллар зиммасида эди. Ўзим ҳам қишлоқда туғилиб, ўсганман ва уларнинг арава ҳайдагани, қўш қўшгани, ҳўп айлантирганини кўп кўрганман. Бугунги авлод, жумладан, қўш ва ҳўп ҳайдаш ҳақида тумтоқроқ тасаввурга эга бўлганлиги боис, бу юмушлар технологиясига ( таъбир жойиз бўлса) жилла таъриф бериб ўтмоқчиман.
Қўш дегани бир жуфт ҳўкиз ва улар тортадиган омочдан иборат. Қўшчи оғир омочни ёнга ағдариб юбормасдан, ерга имкон қадар чуқур ботириб бориши ва бирайўла ҳўкизларни йўлга солиши керак бўлади. Мен ҳавас учун ҳайдаб кўрганман ва бу юмуш фақат бақувват эркакларнинг иши эканлигига ишонч ҳосил қилганман.
Бу ҳўкизлар ювош бўларди; ғунажин, сигирлар келиб роса ҳидлашар ва охир-оқибат, ҳафсалалари пир бўлиб жўнаб кетишарди. Чунки бу меҳнаткаш жониворлар ахта қилинарди.
Ҳўп ҳайдаш эса андак бошқача. Аёллар саҳродан ўроқ билан буғдой ёки арпани ўришар, сўнг аравада келтириб, текис ва шамолгоҳ жойда чош қилишарди. От ёки эшакнинг ёнига ўша қобил-мўмин ҳўкизлардан икки-учтасини ҳамроҳ қилишар ва ғалла сомонидан жудо бўлгунча, унинг устидан айлантиришарди. Кейин эса, шамолда совуриб, донни ажратиб олишарди.
Ҳўп ҳайдайдиган аёлларнинг ўзига хос, дилни ўртантирадиган, хазин қўшиқлари ҳам бўларди. Машаққатли меҳнат, оғир турмуш, жудоликлар ҳақидаги бу ғамли хиргойининг ҳар тўрт қаторидан кейин:
Сомони сенга-ё, ҳайда-ё, ҳайда,
Буғдойи менга-ё, ҳайда-ё ҳайда...
деган даъваткор нақорат бир маромда такрорланарди.
Уларга кунлик, мажбурий меҳнат нормаси белгиланарди. Ана шу режани бажармагани учун, раис бир аёлни қамчи билан савалаганига гувоҳ бўлганман.
1966 йили қишлоқ хўжалик институтини битириб, Пайариқ туманида бир муддат агрономлик қилишимга тўғри келганди. Эрталаб, қуёш юз кўрсатмасдан занг чалинарди ва далага, асосан хотин-халаж чиқарди. Улар эрталабдан − кечгача, баҳордан – кузгача яганалаш, ўтоқ қилиш, чопиш, суғориш, чилпиш сингари жами дала юмушларини бажаришарди. Шунингдек, томорқа ва рўзғор ишлари ҳам ана шу бечоралар зиммасида эди. Бу –ҳақиқий эксплуатация эвазига арзимас ҳақ тўлашарди. Адолатсизлик устига адолатсизлик, деганларидек, айрим йиллари улар қарздор бўлиб чиқишарди.
Далада эркакларни кўрмасдингиз: улар раҳбарлик, савдо ишлари, шунингдек, трактор, машиналарни таъмирлаш, бошқариш сингари ишлар билан банд бўлишарди. Ўша йиллари етиштирилган миллион-миллион тонналаб пахтанинг бутун оғирлиги ўзбек аёллари елкасига тушарди.
Мақтаниб нима қилдик, ҳозир ҳам қишлоқ аёлларининг турмуши кўнгилдагидек эмас. Эндиликда фермер фақат ўз қавмларига иш беради, қолганлар − бекорхўжа. Самарқандда эса шўрлик аёллар мардикор бозорига чиқиб кетишди.
Ўтган йил бу бозорга ишим тушиб борган эдим. Атрофимни аёллар ўраб олишди. “Бетон қуйиш, шағал ташиш бўлса ҳам бораверамиз”, деди улардан бири. Кўзимга ёш ҳалқаланди.
Айрим ношуд мухбирлар ана шу жабрдийдаларни бот-бот танқид остига олишни хуш кўришади, хотин-қизларнинг бу рафторлари ўзбек аёли шаънига доғ эканлигига урғу беришади. Аммо ўйлаб кўрсангиз, бу ўринда миллий мансубликнинг заррача алоқаси йўқ. Магарам бу каломни қўллаш зарурати бўлса, ўзбек эркакларини танқид қилиш жоиз. Амалдорлар қишлоқларда корхоналар очиб, аёлларни иш билан таъминлашсин, оила сардорлари ор қилишсин ва рўзғорни таъминлашсин.
Россияга иш излаб кетган минглаб, ўн минглаб аёлларимизнинг ҳаёти эса бундан ҳам мудҳишроқдир...
* * *
Адабиётда нуфуз билан эмас, истеъдод билан яшаганлар, ўзлигини топганлар ва ўзлигинг билан бўлганлар, бахтиёрдирлар! Ҳаммага ўхшаб яшайдиган бўлсанг, яшашнинг нима кераги бор.
* * *
Маърифат яловбардорларидан кўра дин арбобларини кўпроқ тарғиб-у ташвиқ қиладиган санъат ва адабиёт ўз йўлини йўқотган карвонга ўхшаб қолади!
* * *
Гапирадиганлар кўпайиб, тингловчилар камайган ёхуд ёзадиганлар кўпайиб, ўқийдиганлар камайган муҳит ислоҳотга, аниқроғи, табобатга муҳтождир!
* * *
Шуни унутмаслик керакки, бугун ўзини минбарга ёки адабиётга ураётган ва гоҳида соддадил саҳройиларнигина ийдириб юборадиганларнинг асл муддаолари мукофот олишдан ўзга нарса эмас!
* * *
Ҳар қандай дин ва мафкура фуқарони шукроналикка даъват этади. Инсон эса бир лаҳзалик шукур қилади, аммо Нитше айтганидек: “мамнунвой банда”га айланиб қолмайди. Ўзига анчайин тинч, фаровон оила аъзолари билан гаплашиб кўринг, улар алланималардан қониқишмаганини яширишмайди; иқтисоди бой, демократик мамлакатларда ҳам одамлар ўз норозиликларини намоён қилиб кўчага чиқадилар. Бу – табиий ҳол. Чунки, инсоннинг талаб, эҳтиёжи ҳар қандай тараққиётдан олдинлаб кетади.
* * *
Миллат бир умр даҳога интиқ ва интизор бўлиб яшайди. Боиси: даҳонинг жавоби ҳар қандай саволдан олдин туради, халқ унинг сиймосида асрий орзу умидларини рўёбга чиқарадиган некбахт нажоткорни, афсонавий Рустами достонни ёки Бахт қушини кўради. Аммо яратганнинг инояти билан шундай ашраф сиймо ташриф буюрганда, раият ҳам, ҳукумат ҳам уни тушунмай, зиддият ва зуғумлар юзага келади. Оқибатда даҳонинг ҳаёти ҳам дўзахга айланади
Худди шу ўринда ўйлаб қолади киши. Нега ижод аҳли ҳамма қатори шукур қилиб яшайвермайди, андак ноҳақлик, адолатсизликка қарши исён кўтаради.
Бу ўринда Беҳбудийнинг “Хуршид” газетасининг 1906 йил 6−сонида болшевиклар партияси ҳақида ҳеч чўчимай: “Бу тоифага қўшулмоқ биз мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур”, деб ёзганини ёдга олишнинг ўзи кифоя.
Мансури Ҳаллож, Насимий, Кооперник, Пушкин, Аҳмад Дониш, Машраб, Абдулла Қаҳҳор... Улар озчилик эмас! Шукурки, шундай! Ҳақиқий адабиёт асрлар оша мухолиф сифатида зулм ва истибдодга қарши курашиб келди; инсон эркинлиги, озодлигининг яловбардори бўлди.
Аслида, ҳар қандай жамиятни ҳаракатга келтирувчи локомотив ана шундай йўлчи юлдузлардир!
* * *
Ўрхан Памукнинг “Қора китоб” романида кекса журналист шогирдига шундай тавсиялар беради.
“Ёзаётганингни самимийлигига аввал ўзинг ишон”
“Ўз шахсий мақол, матал, афоризмларингни ярат”
“Ҳақиқий эътиқодинг бўлмаса ҳам ўқувчига буни сезиб қолмаслиги керак”
“Устунликка эришишга ишонганингдагина баҳсга кириш.”
“ Ҳар бир чиқишинг Шаҳризода эртакларидай бетакрор бўлсин.”
“Ўқувчининг хатини жавобсиз қолдирма, агар у ёзмаса ўзинг мактуб йўлла ва кейин жавоб қайтар.”
“Аллақандай муҳим сирдан воқиф одамдай тут ўзингни.”
“ Шундай кишилар билан танишгинки, оламдан ўтганларидан кейин ҳам улар ҳақида қалам тебратиш мумкин бўлсин.”
“Озроқ, аммо қониқиш билан ўқи”
* * *

АМИР ТЕМУР МАКТУБИ ҲАҚИДА


                   
    Соҳибқироннинг 1402 йилнинг 1 августида  Франция қироли  Карл олтинчига  йўллаган мактуби ҳақида ёзган эдик. Мазкур хат ҳозир Самарқанддаги Улуғбек музейида сақланмоқда. Уни Ислом Каримовга фарангларнинг собиқ президенти туҳфа этганди.
  Мактуб бир саҳифадан иборат бўлиб, араб алфавитида, форс-тожик тилида ёзилган, хотимасида Амир Темур муҳри босилган. Тарихчи  дўстимиз Нўмон Маҳмудий матнни  ўзбекчага ағдарган экан; уни эътиборингизга ҳавола этамиз.
                                 Малик  Реди  Франса
             Ўз муҳибингиздан юз минг (бор) саломатлик ва истакларимизни  қабул  қилинг. Роҳиб (монах) Франкас (Франческо) биз томонга  келди  ва маликнинг  мактубларини етказди. Улуғ      амирнинг яхши ниятлари  ва музаффарлигини  маълум  қилди. Қўшинларингиз  бизнинг ва сизнинг душманларимизни мағлуб қилганлиги маълум бўлди ва   тушунтириб  берди.
              Бизнинг  истагимиз – ҳумоюн мактубларингиз доимо келиб турсин ва сизнинг саломатлигингиз  устиворлиги  ҳақида хабар етказсин, токи    бизнинг хотиримиз  тасалли топсин. Бундан  буён,  сизнинг  ва  бизнинг одамларимиз ўзаро бориш-келиш  қилсинлар, тижорат  ишларининг  фойдали  бўлишига  эришайлик. Савдогарларингиз  биз томонга  келсинлар, биз уларни  азиз ва мукаррам  тутгаймиз, чунонки, бизнинг савдогарларимиз сиз  томонга борсинлар ва уларни азиз ва мукаррам тутгайсизлар ва ҳеч ким уларга  зўравонлик  қилмасин.