понедельник, 22 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 4

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 4


Жума пешин таҳорат олиб, Аллоҳ фарзини ижро этмоқ илинжи бирла, қайдасан Московнинг масжиди жомеси, деб йўлға отлондим. Яхшилар йўл ишора қилдилар ва аларнинг шарофати ила бағоят боҳашам, босалобат масжидларини топдим.
Художўй намозхонлар бисёр бўлуб, тоторлар, Кафказ аҳли бағоят босипо ва боғурур эрдилар, якчанд қалпоқ кийганлар кўзга кўринур, валек аларнинг либослари урунган, юпун, сақоллари поку кўрмаган эрди ва Худои таолонинг ердаги уйи, аниқроғи анинг салобати олдинда ўзларини хору хасдан беқадр, озурда, ҳуркак тутур эрдилар. Бир фарғоналик носкадусини чиқарғон эрди, ёнидаги чечен нописанд ниқтаб, девордаги “Нос туфланмасун” хатига ишора қилди.
Тотор имом-хатиб минбар миниб такбир ва таҳлиллар қилди. Амри маъруфинда олами ислом учун дуолар айтди. Аҳли мажлисни инсоф, адолат ва ибодатга, уламо қавмига эҳтиромга даъват қилди. Меҳроб сари юз буруб саф тортдук. Бадаз намоз бисёр енгил тортдим ва бу дунёи бебақода ялғуз эмаслигимга шукр айтдим.
Дарвоза ташинда бирор таниш-билиш мусофирни кўрурман деб кўзум жавдираб тургон маҳал эрдиким, Дўсбек духтур пайдо ўлди. “Иби, иби, дедим, о сани манга худо еткурди.” Биз бағр очиб кўрушдук. Бадаз ҳолпурслик у қаҳвахонага кириб гапзанон қилишни афзал билди, ман ҳам тархашлик қилмай кўндум.
Эмди бу балага таъриф берадурғон ўлсам, анинг бағоят художўй, имони бутунлигини айтиб ўтмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Магарамки, мардум ани духтур деб атаса ҳам, аслида молдухтурдур. Беш йил ўқуб, яхши таълим олди. Аммо ишга кириши мушкул кечди. Шу боис, чорвоси бор одамларнинг ўйига бориб, қўй-эчки-ю, қаромолларига даво бериб юрди. Иши андак авж олғач, ўйига духтурхона очди. Одамлар сигирлари ва ҳатто кучукларини ҳам етаклаб келадурғон, жониворлариға шифо топадурғон бўлдилар. Бир кун, айни пешин борсам, эшик алдинда бир урус кампир пишагини ачош қилиб шашқатор ёш тўкуб ўлтурур эрди. “ Ҳа, бабушка, дедим нима бўлди?”. “ Пишагимни ичи қотиб қолди” деди. Дўсбекка олиб кирдим, денг у дори ичдирди ва даме ўтмай жанивор тузолди.
Аммо-лекин дилсияҳлар ва таъмагирлар пайдо бўлдилар. Ҳамсояси нобоп эрди, устидан ёзди. Солиқ катта жарима юклади. Сўғун бор-ей, деб Москов равона бўлди.
Ман сўрамаёқ Дўсбек тириклик тарзи, қиладурғон юмуши хусусинда сухан очди.
- Бир бойнинг маймунини боқурман. Ани чўмилтирурман, авқот берурман, либос кийгизурман ва боз дағи янги ҳунарлар ўргатурман. Бой ойиға фалон рубл берур, ани Ўзбакистон пулига чақадурғон ўлсак, миллиондан ошур.
Бундоқ чамалаб кўрсам, яхши пул. Бизнинг қишлоқда муаллимнинг маоши экки юз минг. Анинг ярмини пластикага солурлар, қолғонини обуна пули, газ пули, свет пули, тафтишчига нон пули, балнисага қон пули деб қайтарурлар. Ўттиз нафар балага ҳам дониш, ҳам одоб ўргататурғон муаллимга шимилдириқ ҳам тегмайдур. Духтур бўлса биргина маймунни боқиб шунча ҳақ олур. Бу қандоқ бедодлик?
Бадазон духтур деҳамиздаги қавмларини бирма-бир йўқлади ва ман аларнинг сиҳатлигини гапурдим.
- Эмди, деди бизнинг кулбага борурсиз ва бир пиёла чой нўш қилурсиз. Ва жону ҳолимга қўймай, чорчархасига миндурди. Қибла тамон якчанд чақирим йўл босгач, жамшедона қаср пайдо бўлди. Биз пастакрок ўйга кирдук ва ногаҳон ичкари ўйда турғон маймунни куруб, андак хавотирим ошди. Жаниворга жинсидан калта иштон, боз елкаси тасмали яктак кийгизилган эрди ва либослари зебо эрди.
- Бунинг номи Шаҳаншоҳ,- изоҳлади духтур. Ҳар кун либосини янгилайман. Хўжайин уни бисёр дўст тутур, ҳар бегоҳ ани йўқлайдур, гапга соладур, бағрига босадур.
– Ну, Шаҳаншоҳ,- духтур урусчалаб, маймунга сўз қотди,- меҳмонга таъзим қил.
Жанивор денг экки қат бўлуб, манга таъзим бажо келтурди.
- Эмди,- деди аларнинг кафшларини тозалаб қўй. Давай, давай!
Магарам кафшим тоза бўлса ҳам махлуқ, латта олиб уни артди ва ман андак ҳижолат тортдим. Бадазон денг, духтур маймуннинг олдига хонтахтача қўйуб, устига банан, пишган лўбиё, нон, шарбат ва дағи алланималарни тортди ва: “ Шаҳаншоҳ, дастархонга марҳамат”, деди. Бад ўзимизга ҳам дастархон ёзиб, шуноқа неъматлардан қўйди. Бадаз таом маймун алланима деб ҳиқиллади. “Яхши, яхши, сейчас, деди ҳамроҳим ва изоҳлади - Шаҳаншоҳни пешоблари танг қилди.” Сўнг жаниворни ҳожатхонга олиб кирди. “Шаҳаншоҳ, эмди қўлингизни ювинг, деди, ҳаял ўтуб чиққач. Маймун бўйсўнди. Ҳамма жо-бажо бўлди ва боз жаниворга сухан қилди. “Эмди меҳмонга булбул бўлуб хониш қилинг.” ”Жанивор бўлса бошини сарак-сарак қилиб, инкор ишорасини қилди. “Майли, майли, ундоқ бўлса, от бўлуб кишнанг.” Жанивор денг, отнинг худди ўзи бўлуб кишнади ва ман беҳад сарафроз ўлдум.. Дўсбек каминага қараб давом қилди. “Боз қарға, қарамол, жиблажибон, Жексонга ҳам тақлид қилур. Эмдиликда нарда ўйнамоқни ўргатурман. Бади бир-экки сана хўжайин бирла нарда сурадурғон бўладур.”
Шу тариқа таъриф-у, роса тафсин қилди ул бадбашарани.
-Урус – яхши халқ,-давом берди у,- аммо баччағарлар кўп ичурлар. Аёл-у эркак, бачча-ю, бобой тап тортмай, худодай қўрқмай, майнўшлик бирла бандурлар. Ўтган якшанба денг, Худо бир раҳм қилди. Казо-казолар меҳмон бўлиб келғон эрдилар ва базми Жамшед қилдилар.. Хўжайинни кайфи авж олиб: “Шаҳаншоҳни олиб киринглар,” деб фармойиш қилди. Хавотир ва андеша аралаш жаниворни етаклаб бордим. Хўжайин сарафроз ўлуб: “Шаҳаншоҳ, қани меҳмони мўҳтарамларга бир таъзим бажо қил” деди. Бу рад қилмай, заифу мардга бирма-бир бош хам қилиб чиқди. Меҳмонлар бадмастлик ила шодон ханда қилдилар. “Эмди хонимларнинг қўлини муччи қил” фармойиш берди. Қайсиямки заифа инжиқлик ва ноз-фироқ қилмай қўл узотди, шаҳаншоҳ бўса қилди. Беҳисоб ханда қилдилар, сарафроз ўлдилар. “Эмди, деди хўжайин Жексон бўлурсан, ўйин тушурсан” Ани саҳнага чиқориб, мусиқани валанглатиб қўйдулар. Бу жанивор бўлса, ўзум ўргатгандай, мусиқага ҳамоҳанг вужудини ларзага солар, Жексондак шахдам ва боз ҳайратзеб қилиқлар қилар, авоз кўтарарди. Заифу мард жўр бўлуб, эчкидак дикирлаб, ўйин тушур эрдилар. Шавқун-сурон эрди. Бадазон денг, кўзига айнак олғон, депутат меҳмон авоз кўтарди: “Эмди шаҳаншоҳга арақ ичирурмиз.” “Тақсир, дедим, қўрқуб, бу - маймун, зинҳон ва зинҳор одам эмасдурки, шароб ичса.” “Бас қил, дурак, деди, сан билмайдурсан, маймун - мана бизлармиз. Бу аждодимиз. Ичур! Заставить қилурмиз! Маймун ҳам нўш қилади, сан ҳам, деди ҳамширағар. Бу қандоқ хунук кўргуликки, ҳамма нўш этса-ю, бу бедаво ичмаса. Ё бизни одам ўрнида кўрмайдурми? Нима намоқулчилик?”
Рости гапки, ўттуз йиллик тоат-ибодатим хоку туроб бўлишидан ваҳм қилиб, қўрқуб кетдим. Якчанд занғар бадмастлар шаҳаншоҳни тутиб турдилар, айнак олғон бераҳм унинг оғзига ҳишша суқди. Жанивор бисёр азоб тортди.
Машойихлар демишларким, девона гурез, маст омад, маст гурез, зармаст омад. Бу бандалар зармаст ва ҳар балолиққа мойил эрдилар ва қочмоқлиқ ҳунар ҳисобланур эрди.
“Марҳамат, шаҳаншоҳга газак,” деди меҳмон бир бананни узотиб. Аммо беандеша маймун газакдан юз ўгуруб, депутатнинг бетига бир лахт туф деб юборди. Ул баччағар қаҳрга минди, ғазаб бирла: “таппончамни беринглар, бу махлуқни отурман” деди. Аҳли базм саросима ҳамда хавотир ила сукутга чўмди.
“Қоч,” дедим шаҳаншоҳга, баландни имо қилиб. У бир ҳаллоз ила экинчи қаватга чиқди-ю, кўздан пана ўлди.. Ғала-ғавур бўлуб, бадбахт депутатни алқашга, жаҳлдан тушуришга жазм қилдилар. Заифаси, қайсиким, анинг елкаси ва тахтапушти яланғоч, этаги йиртилғон эрди ва бу нимлучлиги ҳар қандоқ эркакни ҳирсу-хаёлини бузур эрди, ул бадмаст ва жаҳолатманд эрини қучоғига қўчуб, Худонинг зорини қилди.
Ман пишакдак оҳиста чиқиб, надомат ила кулбамга йўл олдим. Қарасам, шаҳаншоҳ каминага мунтазир бўлиб турғон экан. Дедимки: Ҳай-ҳай беодоблик қилдинг.”
Бадазон Дўсбек бойнинг отға ҳам бисёр ишқибозлигини гапурди ва биз ҳазмитаом, боз сайрипо қилиб, якчанд дулдулларини тамошо қилдук. Тасанно айтдим ва бисёр сарафроз ўлдим.
Вақти шом паноҳи худо қилдик ва камина хобгоҳ сари равона ўлдим.

Ҳижрий 1431, мелодий 2010, зулҳижжа, бегоҳи чаҳоршанба санасинда битдим. Мусофирхона. Боз давомини ёзурман, деб қўл қўйдум. Калвак ибн Махсум ва дағи ас Самарқандий.

воскресенье, 14 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 3

Пайшанба бирла жума ўтди. Аввал худога шукроналар ўқуб, бундоқ фароғатдан бенасиб қилмагайсан, ямон ҳамроҳ, ҳамхона офати жондур, андин ўзинг сақла, дедим, аммо билурсизларким, бандаси беқаноатдур, ношукурдир. Уч шаби рўз кечган эрди зиқ бўлдим, дилим косаси ҳасратга тўлди. Тағин тангрига илтижо этдим: «Москов шаҳринда забони узилган гунгга, қулоғи қирқилган карга айлантириб қўйма. Ғариблик бирла мусофирлик азоби устихондан ўтди. Бир сўфитабиат ҳамроҳ юборким, ул мўмин бирла адолат, диёнат ва охират ҳақинда суҳбатлар қурайлик». Иншооллоҳ, оҳу-зорим осмону фалакка етди чоғи, эшик нозиктаъблик бирла тақиллади. Бирор заифа келдиму, номаҳрамлик бўлмасун деб, яктагимни елкамга олдим. Магар заифа бўлса, қандоқ муомила қилурман, деб андишаларга бордим, то ҳаттоки шайтони лаин каминани ножоиз йўлларга бошламоқ пайида ҳам бўлди, лек гуноҳга юз ўгурмасликка қарор айлаб эшик очдим. Остонада денглар, эмди қиличдай хушқомат бир йигит турур эрди. Эҳтиром сақлаб: «Ассалому алайкум, устози муҳтарам», деди. Ўзга осмон тагинда она каломни эшитмоқ – бисёр ҳузурбахш ҳамда серҳаловат эрди; дилим завқ олиб, қарочуғимда ёш айланди. «Ваалайкум ассалом!» дедим фақир ҳам қироат бирла. Ногаҳоний шогирд қучоқ очиб, каминани бағрига босди. Дедики: «Сиз муҳтарам зотни фалон йилдан бери билурман ва эҳтиромим бисёрдур. Зеро, сизни кўрмоқликдан сарбаланд-у сарафроздурман!» Бисёр ва боз бисёр мамнунлик топдим. Ана дейман заковат; боз тағи орифлик бирла маъруфлик! Анинг ўзи бисёр эмин, суханронлиги шоҳис¬та эрди. Мисоли юз йиллик қадрдондек апоқ-чапоқ бўлдик. «Мани Шарқий деюрлар, давом берди шогирдим, заковатпешалик бирла, тўлуғ номим – Шарқий ибн Ота Араб Бухорий». «Бундоқ бўлса, асли Бухорои шарифдандурсиз?», савол айладим. «Бале, деди, зукко ва аълофаҳм устозларнинг садағаси кетсанг арзир».
Гапдан гап чиқиб, шу нарсалар аён бўлдики, (магар деганлари чин бўлса) падари бузруквори араб, модари муҳтарамайин тожик, ўзи бўлса ўзбек экан. Тағи дедики; «Етти тилни билурман, уч забонда шеър битурман». Бир маҳал денглар, Қуръони шарифдан шундоқ сураъ қироат қилдики, тукларимга жон кирди. Ҳай, ҳай, дедим сани тарбия қилгоннинг падарига раҳмат! Бухорои шарифда ҳам, Тошкану Московда ҳам уйи бор эмиш. Ўзи олими бозарба, шоири зукко (гапини шеър қилиб айтади) экан. «Эй шогирди камолрас, дедим, андак андеша тутиб, магарким уй учта бўлса, хотун ҳам...» «Эй устози пурҳавас, деди бош эгиб, бир қошуқ қонимдан кечинг, эмди, вақтида шундоқ гуноҳ қилганмиз». Фатво бердимки, бу шариатда раводур, хижолат тортмоқ чикора?! Гуфтигўйимиз авжига чиқди. Аён бўлдиким, казо-казо зотлар ва пешволар бирла ҳамнишин-у ҳамроз бўлган экан. Жайхун бирла Сайхун аролиғинда ани билмайдурғон киши чиқмоғи амри маҳол эмиш. Шарқий фақат ўзини улуғламай бот-бот каминани ҳам сифатлар, ҳамду сано ўқурди. Бу ҳолдан сарафроз ўлмоқни ҳам, ҳижолат чекмоқни ҳам билмасдим. Ҳа, тиллотабиат эрди бу одам. Чунони бамисли Искандар хуррак тортмас, шаробни оғзига олмас; Дерсу Узаладек сержоғ-у бефаҳм эмасди. Гапини етти ўлчаб гапирар, иззат-одобни жойига қўйиб қўярди.
Устозу шогирд то нисфишаб суҳбат қурдик. Бевафо умрнинг бебақо ташвишлари, пул топмоқ, рўзғор тебратмоқ хусусинда ҳасрату надоматлар бўлди. Шар¬қий– Саъдий, Ҳофиздан байтлар, рубоийлар ўқуб, нопок амалдорларга нафрат ўқирди. Аён бўлдиким, ҳақиқатгўйлиги сабаб, бисёр мусибатлар чеккан экан. Зукколик ила миллат хусусинда жонсўзликлар қилар, ғайридинларга нописандлик кўрсатарди. Нопок эркаклар, қаллоб шогирдлардан андоқ нафратландики, ҳадди йўқ.
Вақти саҳар шаҳарга йўл олдим. Вақти шом кулбамга ихтиёр этсам, шогирд шеър бирла пешвоз чиқди.
Эй устоди меҳрдор,
Шарқий сизга интизор!
Дедимки: «Зукко ҳамда ҳозиржавоб шогирднинг садағаси кетсанг. Бундоқ жаннати одам бирла ҳамхонаю ҳамсуҳбат бўлмоқ...» у суханимни кесиб, давом берди: «... савобларга тўлмоқ». Зуд ўтмай, ул садоқатманд шогирд чой келтурди ва камина ҳаловатдан ийиб кетдим. «Мулло Шарқий, дедим, сизни каминага худонинг ўзи юборди; баръакс дилхуну дилранж бўлур эрдим. Экки банда ҳамхона бўлди – ман қон қақшадим. Деди: «Сизга озор етказган нонкўрга худо жазо берсун! Неки хизматларингиз бордур каминаи камтарин камарбастадур!» Жавоб айладим: «Шу каломнинг ўзи кифоя ва андин сарафрозман.»
Бадазон хушчақчақлик қилдик. Шеърхонлик, латифгўйлик бўлди. Бир маҳал савол айладимки: «Эй шогирди баркамол, хотун учта деган эрдингиз, бала-чақачи?» «Бала -бор-у, чақа йўқ, чақа бор-у ақча йўқ», суханбозлик қилди у. Эй дедим, офарин сандай зуккога. Шарқий бўлса шакаргуфторликда давом этарди:
Устоз отадан улуғ,
Дили шафқатга тўлуғ.
Шарқий шудир ҳақ йўли –
Табаррук устоз пули!
Во баччағар, дедим ичимда, бу нимага шаъмаю ишора қилди? Ё шаҳри мусофирда камхарж бўлиб, пулга зориқиб қолдими?! Боз андак танаффус ўтказиб, савол айладим: «Эй шогирд, пул дегани қўлнинг киридур ва ул бебақо-ю бесамардур. Магарким, бесармоядурсан – ранж тортма!» Деди: «Аълофаҳм устозларнинг қурбони бўлсанг арзир.» Жомадонимни шартта очдим-у, бойламадан фалон сўмни олиб, қўлига тутқаздим. Дили равшан тортиб, кифригига нам олди. Қўлимни ўпмоққа харчанд азм қилди – имкон бермадим. «Устози бузруквор, ушбу саховатингиз ўн бўлиб қайтгай», деди.
Айни шом маҳали фалаки бебақонинг кечмишлари борасинда гуфтигўй қилиб турган эдикки, эшиб очилиб, остонада экки жонона юз кўрсатди. Ушбу жувонларни таъриф этадурғон бўлсам, уларнинг ҳар бири бир парипайкарга баробар эканлигини таърифлаб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Ана ҳақиқ лаблар-у, ана хипча беллар! Яноқларнинг гулгунлиги, чеҳраларнинг беғуборлиги, кўкракларнинг баркамоллигини бирма-бир таъриф этадурғон бўлсам, гуноҳга ботишдан чўчурман. Вой сани... Кўзларнинг хуморлиги, гилосранг лабларнинг ташналигини кўруб, хаёл қилдимки, бу ҳам оллоҳнинг бир инояти ва биз бегуноҳ бандаларга кўрсатган кароматидур.
Алар ўзларини ичкари олиб, Шарқий бирла гарму жўшон кўришдилар, ҳолпурсликлар, шакаргуфторликлар қилдилар. Англадимки, қўҳна ўйношлардур. Бадазон икковлон Шарқийни силаб-сийпашга, ялаб-ясқашга киришдилар. Камина бу ножоиз ҳолдан андак ҳижолат тортиб, каловланиб, бо дағи эсанкираб қолганимни гарданига олмоғим жоиздур. Бир замон алар мандан тариқча ҳам тап тортмай, бир-бирларига андак бешарм-у беҳаё гапларни айтишга киришдиларки, фақир бисёр дилтанглик тортдим. Жувонларнинг серишваси шогирдимга савол айлаб қолди. «Шарқий, бу амаки кимдур?» Илло унинг сўроғидан: «Нечун бу бефаҳм чиқиб кетмайдур», деган сўроқни ўқудим. Ҳамхонам хориж тилинда бепарво жавоб айлади: «This is mai costrate negvо. ( Менинг бичилган малайим) Тушунмаган бўлсам ҳамки ани хотирга олдим. Беҳаё заифалардан бири нимлуч бўлғоч, тоб беролмай, ташқари равона бўлдим. Фикр қилдимки, Искандар бирла Дерсу Узала бу бетавқиф шогирддан чандон устун эрдилар. Қайтиб кулбамга кирмоққа юзим чидамади ва шаби дароз совуқ кўчаларда дарбадар бўлиб юрдим. Эй Карими қудратнок шу ситаминг ҳам бор эрдими, деб зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, илтижо этгоним бутурур.
Не гуноҳлар қилган эрдим, эй тангрим,
Кўча-куйда бани сарсон қилдинг-о.
Устихондан ўтди Москов савуғи
Мусофирни зору гирён қилдинг-о!
Садо бергил умматингга Муҳаммад,
Ман – фақирни мисли хазон этдинг-о,
Зор қақшарман эмди билсанг то саҳар
Қақшатдинг-у, тағи ҳайрон этдинг-о!
Саҳарда ҳам уйимга кирмай, сабоқхона томон йўл олдим. Лекин дилим беҳад ғаш эрди, кўзимни уйқу босарди. Шарқийнинг бундоқ беандишалигидан надоматлар тортдим. Бир маҳал луғат варақлаб, ҳалиги суханни таржима қилсам, шуноқа гап. Жоним халқумимга тиқилди. Вой сен ҳаромининг ҳамширангни... дедим. Санақа бетамиз шогирдни ҳиқилдоғингдан буғиб, тавба-тазарру қилдирмасам, номимини башқа қўюрман!
Жаҳлга миниб, хонамга келсам, бу ноодами нокас хайр-хушни ҳам насия қилиб, думини тугиб қолибди. Вой сен ипирисқининг башарангга аёғим! Лаҳатга кўндаланг бўлгур! Шайтони лаинга берган пулим садқаи саркуя, жомадонимдан ҳам талай заруратларни ўмарибди, падарлаънат! Қайдин ҳам топурман эмди – бу жўгибаччани?!
Ҳа майли, бош ёрилса, қалпоқ тагида дерлар. Тани-жон соғдур-бунинг ўзи давлатдур! Бу ҳол сабоқ бўлур ва бадазон хушёрлик қилурман.
Шу бирла номам охир!
Қўл қўйдум: Калвак ибн Махсум.

среда, 10 ноября 2010 г.

ХУСУСИЙ САЙТИНГИЗ БОРМИ?

Хусусий сайтни компьютер тилида блог ҳам дейишади. Расмий сайтлардан фарқли ўлароқ, уни очиш, ишлатиш осонроқ кечади. Бунинг учун ҳеч кимнинг рухсати ҳам, маблағ ҳам талаб қилинмайди. Лекин малака бўлиши шарт! Бундай пайтда Абдулла Қаҳҳорнинг айрим ижодкорларга қарата: “Дутор чалишни истайман, аммо афсуски буни уддалолмайман”, деган гапи ёдга тушади. Монитор қаршисида маълум муддат ўтириб, “сичқонча”нинг елкасини силашни обдон ўргангандан кейингина, сайт ёки блог очиш ташвишига тушган маъқул.
Бунинг учун уйда ўзингизнинг шахсий компьютерингиз бўлиши зарурдан зарур. Бизнинг кўпчилигимиз у билан боғлиқ юмушларимизни ишхонадаги компьютерчига, хотинимиз, ўғлимиз, шогирдимиз, набирамизга юклашга кўникиб қолганмиз. Аммо, токи дуторни ўз қўлимизга олмас эканмиз, уни ўзлаштиришимиз мушкул бўлиб қолаверади.
Бугун расмий ёки хусусий сайт ҳар бир журналист, шоир, ёзувчи учун зарурдан зарур воситадир. Фараз қилайлик, сиз оилангиздагилар насибасини қайчилаб, нашриётга фалон пул бердингиз ва китоб чиқардингиз. Аввало, нашриётга юзма-юз бўлган ҳар қандай ижодкорнинг таъби тирриқ бўлишини тан олишимиз керак. Улар ишни айнан ошкоралик куртакларини чилпишдан бошлашади. Китоб босилиб чиққандан кейин ҳам Тошкентдаги тўрт-беш дўконда сотилади, холос. У ҳатто вилоятларга ҳам етиб бормайди.
Бу билан мен китобнинг муқаддаслигига зинҳон ва зинҳор шубҳа билдирмоқчи эмасман. Бугунги жаъми тараққиёт, шу жумладан компьютернинг ўзи ҳам китоблар шарофати билан дунёга келганлигини тан оламан. Аммо глобаллашув замонида китоб рақобатда кўпгина позициялар бўйича ортда қолганлигини тан олмаслик якравлик бўлур эди.
Мен кўпгина номдор ёзувчи ва шоирларимизнинг сайтлари йўқлигидан надомат чекаман ва бу ҳолни каттагина йўқотиш деб ҳисоблайман. Бугун қоғозсиз, китобсиз адабиёт юзага келганлигини ва у катта одимлар билан илгарилаб бораётганлигини кўриб турибмиз. Эндиликда миллатнинг интеллектуал тараққиётига баҳо беришда, энг аввало, ҳар минг кишидан қанчаси Интернетдан фойдаланади, деган савол берилади. Надоматлар бўлғайким, бу борада биз анча ортда қолиб кетганмиз.
Компьютерда ёзаётганлар нимани қойил қилди, деган кинояли савол ноўрин, чунки қўлда ёки машинкада ижод қилаётганлар ҳам ағдар-тўнтар қилиб юборгани йўқ. Фақатгина, электр лампа туриб, чироқда ёзиш чикора, деган савол қўйилаябди, холос.
Фараз қилайлик, сиз янги шеър ёки ҳикоя ёздингиз ва сайтингизда эълон қилдингиз. Унга ҳеч ким қалам тегизмайди ва шу ондаёқ бутун дунёга тарқалади. Бугунга келиб Интернет қўл телефонига ҳам уланадиган бўлди ва сизнинг асарингизни истаган киши, истаган жойда ўқиш имкони юзага келди. Аммо бошболдоқсизликка ўрин йўқ. Умуминсоний қоидалар бор: урушни, миллатчиликни тарғиб қилганлар, инсоннинг шахсига тегадиганлар суд олдида жавоб беришлари керак.
Айтинг, айтинг, бу ижодкор учун жуда катта имконият эмасми?
Аммо, ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Сайтингизга одамларни жалб қилиш осон кечмайди. Фараз қилайлик, сайтда янги роман, қисса ёки туркум шеърларингизни чиқардингиз. Интернетда эса китобдан фарқли ўлароқ, кишини чалғитувчи омиллар бир талай. Латифалар, танишувлар, дунё воқеалари ҳатто беҳаёликлар ҳам. Шунинг учун ҳам Интернетдан катта ҳажмдаги асарларни камдан-кам ҳолларда ўқишади. Ишни кичик ҳажмдаги, ранго-ранг нарсалардан бошлаш керак. Бугун иккита шеър, эртага публицистик мақола, ҳажвия ва ҳакозо. Рус тилидаги таржималар ҳам зарур. Ахир, сиз жаҳонга чиқаябсиз-ку! Компьютер айнан русчадан инглиз ва бошқа қатор тилларга таржима қилиб беради. Ўзбек тилидаги матн эса ҳозирча бундан мустасно.
Хусусий сайт ҳам хотиндай гап. У билан доимо мулоқот қилиб туриш, кам-кўстларини тўлдириб бориш шарт. Сайт очиб, ҳеч нимарсага эришмаган ижодкорларни ҳам биламан. Чет элларда ўз сайтларини реклама қилишнинг кифтини келтиришади. Етти ёт бегоналарга ҳам хатлар ёзиб, сайтига бирров киришни таклиф қилишдан чарчашмайди.Унга бошқа муаллифларнинг ҳам энг қизиқ асарларини жойлаштириш, дунё воқеаларини ёритиш, рекламалар эълон қилиш йўли билан сайтнинг мавқеини оширишади.
Энди шунча гапдан кейин сизни сайтимга киришга таклиф этмоқчиман. Бунинг учун Gоogle тармоғига nusratrahmat.blogspot.com деб ёзсангиз кифоя. Шунда бирнеча асарларимнинг сарлавҳаси пайдо бўлади. Истаганингизни боссангиз, сайт очилади. Бош саҳифанинг ўнг томонида Архив бор. Истаган асарингизни шу ердан топасиз. Бу ерда ўзбекча ва русча мақолалардан ташқари, ҳикоялар, ҳажвиялар, шеърлар, фотолар, ёғоч қошиқлар коллекциясининг сурати ва ҳакозолар бор. Унинг пастида эса Vizitors кузгуси жойлашган. Бу ерда йил давомида қайси мамлакатдан қанча ўқувчи сайтга кириб ўқигани акс эттирилган. Ва жорий йилда 22 мамлакатдан 1500 дан кўпроқ ўқувчи кирганлигига гувоҳ бўласиз. Булар орасида Германия, Португалия, Туркия мамлакатларининг байроқларини таниш мумкин. Аммо биринчи ўринни Ўзбекистон., иккинчисини АҚШ эгаллаб турибди. Бир вақтлар америкалик ўқувчилар сони биринчи ўринга ҳам чиққанди. Аммо ҳарқалайки, мен учун бу ноўнғайлик кўп давом этмади.
Мазкур кўрсатгичлар мени қаноатлантирмайди, албатта. Бот-бот турк ёзувчиси, Нобель мукофоти лауреати Ўрхан Памук сайтини очиб, сайтимнинг ночорлигидан, компьютер ва Интернет оламини ҳамон яхши билмаслигимдан, бу ҳаракатни лоақал беш-ўн йил илгари бошламаганимдан надоматлар чекаман. Ёзувчининг турк, инглиз, рус ўқувчилари учун алоҳида-алоҳида сайти бор ва уларга юзга яқин мамлакатдан ҳар ойда минглаб ўқувчилар киришади.
Сайт-блогимга киришнинг тағин бир ўнғай йўли бор. Ўша Google тармоғига “Нусрат Раҳмат” деб ёзсангиз ҳам экранда мен ҳақимда талай маълумотлар пайдо бўлади. Шу жумладан, чет эл сайтларида эълон қилинган мақолалар ҳам кўринди. Бундай пайтда “Автобиография” деган сарлавҳани очишингиз лозим.
Сўнгги пайтларда чет элдаги сайтлар эгалари асарларимни кўпроқ кўчириб босишаябди. Бу – ҳам ташвишли, ҳам қувончли. Аммо улар кўпроқ рус тилидаги асарларни танлашмоқда. АҚШ, Россия, Қозоғистон мамлакатларидаги ўнлаб сайтларда талай асарларим чиқди. Сиз улар билан сайтимда ҳам танишишингиз мумкин. Булар орасида рус тилида “Ўзбекистоннинг етти муъжизаси”,“Туркистон жадидлари ҳамон таъқибдами?” “Миллий масала – ор-номус масаласи”, “Зангори кема”лар қани?” ”Янги вазирдан умидлар”сингари мақолалар, ҳикоялар бор. Ўзбек тилида эса ўнлаб ҳикоя, ҳажвия, мақолаларимни кўчириб босишни. Мазкур асарларнинг аксарини газета, журнал ва нашриёт муҳарирлари, қалтис, баҳонасида қайтариб берган эдилар.Бу борада мен “ЦентрАзия”, “Современник” сингари сайтларнинг ходимларидан миннатдор эканлигимни айтиб ўтишим шарт.
Юқорида хусусий сайтни хотинга таққосладик. Хотинни иккита қилиш талай нохушликларга сабаб бўлади. Аммо сайтни кўпайтириш мумкин. Каминнинг бундан олдин nusratrahmat.ru деб номланган сайтим бор эди. Аммо айрим сабабларга кўра ундан фойдаланмай қўйганман. Мазкур сайт “Зангори кемалар қани?” мақоласи билан якунланган, аммо уни ҳам очиб ўқиш мумкин.

Азиз биродар! Деярли ҳар бир шаҳарда компьютер ўқув курслари, коллежлари, МТС ва бошқа компаниялар офисларининг малакали ходимлари, тажрибали компьютерчилар анчагина. Улар бир зумда сизга расмий ёки хусусий сайт (блог) очиб беришлари мумкин. Сиз дастлаб суратингиз, таржимаи ҳолингиз ва асарларингиздан намуналарни эълон қилсангиз бўлгани. Ҳақиқий изланиш эса ундан кейин бшланади. Агар сиз бу жараёнлардан ўтган бўлсангиз, тажрибаларингиз билан ўртоқлашинг, дўст, танишларга ўргатинг. Биз Интернетдан фойдаланиш масаласида эса ортда қолаётганимизни юқорида таъкидлаган эдим.
Менга савол, мулоҳазалар бўлса ёзиб юборинг. Электрон манзил: nusrat41@mail.ru

Нусрат РАҲМАТ
Самарқанд

вторник, 2 ноября 2010 г.

МОСКОВДАН НОМАЛАР. № 2

Бу нохушликдан экки кун дилхун бўлиб, хобгоҳдан чиқмадим. Бад ялғузлик тортиб, навбатда турадурғон хотунга дедимки: «Бир мўмин-мусулмон ҳамро бўлса. гурунг қилиб ётур эрдим». Деди: «Харашо, ман койиш қилурман». Кулбаи танг-у, торимга ўтуруб, бозорни, бедаво Искандарни ёдга олиб турғон маҳалим эрдики, эшик очилиб, бояги хотун бир алвастисуроб, яввойибашара одамни етаклаб келди. Ани кўруб, нафасим ҳиқилдоғимга тиқилди. Анинг соч-сақоли поки кўрмаган, ўзи сарлуч, камзули ҳирснинг пўстидан, чоруғи ҳам, оллуҳу-аълам, бирор махлуқникидур. Ўзи пакана, чўққисақол, абгор бўлиб қолганлардан. Хотираларингда бўлса, бултур саратон маҳал бола-чақа бирла шаҳар тушиб, «Дерсу Узала» деган бир кинони тамоша қилиб эрдик. Бу мўйсафид ўша Дерсу Узала деган чолнинг қўйиб қўйган нусхаси эрди.
«Бу киши сизга ҳамхона бўладилар», деди, навбатчи заифа манга. Бадазон ул алвастисифат мўйсафидга ўқдурдики, интизом бисёр қаттолдур, бу жойни Москов деюрлар, зинҳор ва зинҳор Тайгадаги тўқай эмасдур. Магарким издан чиқса, бисёр нохушликлар бўлғай. Боз каминага ишора айлаб айтдики: «Бу одам ҳамхонадур, жумбоқки бордур, санга айтар ва дағи кафилдурсан». Иллоҳ, кайфим учди. Ул заифага дедимки: «Меҳмон хурракаш йўқдур, боз шаробга мойил эмасдур?» Ул хотун авоз кўтариб, савол айлади, бисёр ишоралар кўрсатиб, саъй-ҳаракатлар қилди. Локинда бадбахт чол забонни тушунмоқдин ожиз эрканми, чулдираб арзу дод изҳор қилди. «Маники Тайга, маники Тайга», деди. Заифа бу яввойидан зудлик билан қутулиш пайида хайру хушни ҳам насия қилди-ю, эшикни ёпди. Ҳамхонаи ногаҳон ҳамон қаққайиб турур, ундан бадбўй ҳид келур эрди. «Сан – Осиё?» алқисса савол айлади у шаҳодат бармоғи бирла қорнимга ниқтаб. Маъқул ишорасида бош тебратдим. Бадазон забонга кириб, тахминимча исму шарифини, авлоду аждодини, пушту камарини гапурди. Хотири ожизимга бир калом ҳам қолмади. «Сан – Дерсу Узала?» дедим ҳазиломуз кулиб. Ул бадбашара мамнун бўлди, кулиб маъқул ишорасини бажо келтирди. Турфа ишоралар ва чалазабонлик ила гуфтигу қилмоққа киришдик. Сўроқ айладимки, не дард бирла Москов сафарин ихтиёр этмишдур. Пайдар-пай калом ҳамда имо-ишора ила сардафтарини очди; дилхунлик, дилтанглик ила сухан юритди. Фаҳми ожизимча, арзу дод бирла подшоҳ ҳазрати олийларига кирмоқ ниятинда экан. Дунёга келгандан то бугунги рўзгача бешазорларда, дарёлар яқосинда умргурзонлик қилғонини, шаҳар деб номланмиш аждаҳо комига илк бор рўбарў бўлганини арз қилди. Подшоликка не арзи бор – ҳарчандки такрор қилди – фаҳмига бормадим. Ғарибу нотавонлигидан надомат тортиб, шанғи овоз бирла гап берар, танаффус қилмасди. Камина андак дилтанг¬лик-у, дилранжлик тортиб: «Эмди сукут сақла, ором олур вақти етди», дедим. Локинда ул вайсоқи жаврашдан даме олмасди. Дарду ҳасратини тўкадурғон ҳамхонага муштоқ эканму, шўрлик боз баланд пардаларда гўфтигу қилар, лекин фаҳмига етмоқ ҳамон мушкул эрди. Фақир бу дарди бедаводан андак халос ўлмоқ илинжида чаппа ёнбош тортган эрдимки, елкамга уруб: «Эй Осий, эшит», деб ғалча забон бирла надоматлар тўкур эрди. Бу бадбахт баччағардан кўзумни олмасам ҳамки, андин халос бўлиш мўлжалини ўйлар эрдим. Локинда осмон – олис, замин бўлса – қаттиқ. «Дерсу Узала оға, дедим юмшоқ оҳангда, эмди ювиниб, ухламоқ фурсати етди». Бад бу калтафаҳмга тартиб-қоидаларни бир-бир гапурдим. Аммо тирикликнинг бу тарзи анинг табиатига ёт эрди. Бир маҳал ҳожатхонага кирди ва ҳаял ўтмай чиқиб, мани чорлади. Фикр қилдимки, бирор жумбоқнинг фаҳмига бормади. «Эй Осиёлик деди, унитаз устиндаги ипга ишора айлаб, сан бу ипни тортиб тур, мен қуйидан су ичурман». «Эй, бадбахти бефаҳм, дедим, қайсиям тўқумтабиат бу жойдан су ичур?! Бу жой ҳаромдур!» Бадазон пиёлага тўлдируб су бердим. Начора, ул дилшикаста шўрликка гуноҳ йўқ. Бедаво сержоғ боз сафсата сотмоққа киришди. Фаҳмимча айтдики: рўзғорга шайтон бирла арвоҳлар аралашдилар: қут-барака учди, ўғил-қизлар ғарибни тарк этдилар. Дарёдан лаққа бирла зоғора тутиб, рўзғор тебратар эрдим, эмди балиқлар ҳам ман бадбахтдан юз ўгурдилар. Ушбу ноомадликларнинг жами, шайтонлар бирла арвоҳларнинг қаро қилмишидур». «Эй гумроҳ, дедим, шайтону арвоҳга бало борму?! Эмди алар йўқдур!» Дедики: «Осиё¬лик – сан соддасан – билмагайсан. Алар бисёрдур, валек бу кунларда одам қиёфасинда юрурлар. Бу унсурларнинг аксари идораларға кириб олганлар ва боз усталшиндурлар». Во эмди гапга кўнсачи. «Дерсу Узала, дедим сабр косам тўлуб, ухламоқ фурсати етди: дам олмоқ жоиздур. Боз саҳармардонда турурмиз. Алқисса рози бўлди. Локинда каравотнинг устига ётмай, анинг тагига кирмоқ ташвишга тушди. «Эй саҳройи, дедим, бунинг устига ётурлар – таомил шундоқдир. Айтдики: «Сан устига ёт, мен такка. Боисики, заминжунбуш бўлса, тирик қолурман. Боз: панага кирсам, арвоҳи лаинлар мани тополмай чекинурлар – балои қазодан ҳоли бўлурман.
Саҳар турсам, ҳамхонамдан ному нишон йўқ, ҳайрону лол бўлдим. Андин қайта дарак бўлмади. Дуо қилдимки, худои карим корига кушоиш берсун!
Насиб ўлса, бақиясини битурман.