четверг, 20 декабря 2018 г.

НОМАЪЛУМ РАССОM



Маҳалладошлар  уни унчалик хушлашмайди.  Деярли  ҳар  йили  янгиланиб  туриладиган  машиналар,  данғиллама  иморатдаги  чет  эл  жиҳозлари  нопок  йўл  билан  келаётганини  ҳамма  билади.  Шунга  қарамай,  унинг  олдига  келиб  туришади,  илтифот  кўрсатишади.  Ахир,  кимнинг  ташвиши  йўқ?  Бировга  ғишт,   бошқа  бировга  кўмир  зарур  бўлиб  қолади.  Кимнингдир  ўғлини  судда  ҳимоя  қилиш  керак,  яна  биров  машина  ололмай  ҳалак.  Бунақа  юмушларга  унинг  суяги  йўқ:  танишларини  ишга  солади,  урушда  “қон  тўкканини”  пеш  қилади,  булар  ҳам  иш  бермаса  тегишли  жойларга  ёзади. 
Шаҳарга  туташ  колхознинг  бригадири  унинг  уйига  ёз  давомида   мева,  сабзавот  жўнатиб  туради.  Авжи  пишиқчилик  даврлари  ўзи  ҳам  келади,  маҳсулотни  топширолмай  овора  бўлаётганидан  нолийди.  Шунда  бу  одам  унинг  мушкулини  осон  қилади,  гоҳида  алоҳида  вагон  олиб  беради.

вторник, 18 декабря 2018 г.

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ





- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса   аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум  тин  олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг  енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан  сийлашарди. Айиқ эса турли  илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан  нафсини қондирарди.
Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.

суббота, 1 декабря 2018 г.

САККИЗИНЧИ ҚИСМ


САККИЗИНЧИ ҚИСМ
ЎН БЕШИНЧИ БОБ

Обий

Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.
«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.
«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ўаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».

ЕТТИНЧИ ҚИСМ


ЕТТИНЧИ ҚИСМ
ЎНИНЧИ БОБ

Амалиёт

Тўртинчи курс хотимасида – ёзга келиб, тўрт ойлик амалий машғулотга, яъни практикага борадиган бўлдик. Декан ўринбосари Комил деган дўстим билан қўшни туманга йўлланма берар экан, илтифот ифодасила обдон уқдиришга ҳаракат қилди.
– Шу тўрт ойда тўрт йиллик сабоқ оласизлар. Назария бошқа, амалиёт бошқа. Қийинчиликлар ҳам бўлади, аммо уларни енгишни ўрганайлик.
У амалиётда бўлган йилларини хотирлаб, ўзини анча-мунча улуғлаб қўйди. Начора, амалдорчилик...

ОЛТИНЧИ ҚИСМ


ОЛТИНЧИ ҚИСМ
БЕШИНЧИ БОБ

Бир гуруҳ ўртоқлари

Бас! Етар!
Зерикарли конспектларимни қўлингизга тутқазиб, уларни ўқишга қистайверишим инсофдан эмас. Қуруқ илмий ахборотлар, мавҳум иборалар меъдангизга тегиб бўлгандир?! Одамлар ҳақида, уларнинг турфа тақдирлари; қолаверса ҳангоматалаб ҳодисалар хусусида кўпроқ қалам юритишим зарур чамамда. Ойнайи-жаҳон, рўзнома ва ойномалар афсона ёхуд ҳақиқатлигини аниқлаб бўлмайдиган турфа ҳангомалар, (беқарор сиёсат, НУЖ, миллатлараро жанглар) хусусида жар солаётган бир пайтда талабанинг ҳаммабоп бўлмаган дафтарини титкилаб ўтириши, эҳтимол вақтнинг заволидир.

БЕШИНЧИ ҚИСМ


ИККИНЧИ КИТОБ
БЕШИНЧИ ҚИСМ
БИРИНЧИ БОБ

Камина – олийгоҳ толиби

1987 йилнинг 22 августида Тошкент аҳолиси биттага камайиб, Самарқанд фуқаролари нақ бир кишига кўпайди. Чунки қабул комиссиясининг раиси дўриллоқ овозда эълон қилди.
– Раҳматов Улуғбек Нусратович! Сиз Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ветеринария факультетининг биринчи курсига қабул қилиндингиз! Табриклаймиз!

ТЎРТИНЧИ ҚИСМ


ТЎРТИНЧИ ҚИСМ
ЎТТИЗ БЕШИНЧИ БОБ

Омонат тақдирлар

Бугун – сентябр (1986) ойининг олтинчи куни. Мана, бир ҳафтадирки камина – ўнинчи синф толиби.
Мукаррам Самарқандда дам олиб, Тошкентга қайтиб келганимизга эса ўн беш кунлар чамаси бўлиб қолди. Дадам гарданимизга арқон солгудай қилиб, тўртинчи қаватдаги бетон кавакка судраб келдилар. Тош деворлар мисли хумдон ҳид берарди. Жўмракларни бурасангиз, ташналикдан оҳ тортгандай бўларди. Шунинг учун ҳам сувни пастдан ташиб, хоналарни тозалашга тўғри келди.
Эртаси синфдошим – Ҳусниддинни кўриб қолдим ва иккаламиз алламаҳалгача суҳбатлашдик. Қаттол ёзни, у шўрлик тандирдай қизиган ана шу жазирама уйда ўтказганини эшитиб, шафқат томирчаларим жадалроқ тепгандай бўлди – беихтиёр ачиндим.

УЧИНЧИ ҚИСМ


УЧИНЧИ ҚИСМ
ЎТТИЗИНЧИ БОБ

Менинг ойижоним

Бундоқ ўйлаб қарасам, мен сизга бувим, ўртоқларим, ҳатто муаллимларим ҳақида анча батафсил ҳикоя қилибман-у, бу ёруғ оламдаги энг яқин кишим – ойим хусусида узуқ-юлуқ гаплар билан чегараланиб қолибман.
Биз Тошкент (аниқроғи, Калинин райони)га кўчиб келгунимизча мен меҳрибон моможонимнинг бағрларида вояга етдим. Шу туфайли бўлса керак, ойимнинг меҳрига зориққанимни эслолмайман. Фақат жонажон Самарқандни тарк этганимиздан кейингина, она меҳри, деган муқаддас туйғуни чуқурроқ, теранроқ туя бошладим. Оила, деб аталадиган мукаммал вужудни ойимсиз тасаввур қилиш мудҳиш эди. Чунки, у киши ана шу соғлом вужуднинг уриб турган юраги эдилар. Лекин надоматлар бўлсинким, бизни дея ўз юракларини анча эрта хасталантириб қўйдилар у киши.

ИККИНЧИ ҚИСМ 2


ЙИГИРМА САККИЗИНЧИ БОБ

ҲАЗОРАДАН  – ЯЛЛАМАГАЧА

Оиламиз ҳаётида  жиддийгина ўзгариш юз берадиганга ўхшаб қолди. 1982 йилнинг кузида Тошкентга кўчадиган бўлдик.
Киндик қони тўкилган тупроқни ташлаб кетиш, боболар заминидан, уларнинг қабрларидан андак бўлса ҳам узоқлашиш жаъмики кўникмалардан воз кечиш осон эмас, албатта. Бувим, амаким, ёр-қариндошлар, қўни – қўшнилар, қишлоқдошлар бунга рози эмасдилар. Ойим эса дадамга зорланарди.
– Муалим, машшохийлар, дарахт бир жойда кўкаради, дейишган.
Дадамнинг жавоби тайёр эди. Ўша машшохийлар «Кун кўрмасанг, кўчиб кўр» ҳам дейишган.

ИККИНЧИ ҚИСМ


ИККИНЧИ ҚИСМ

ЙИГИРМА БЕШИНЧИ БОБ

ЛЎЛИ ҚИЗ

Почтачимиз Офарин амаки «Известия», «Литературная газета», «Ўзбекистон маданияти» газеталари, бир талай журналлар билан бирга бот-бот мактублар ҳам олиб келадилар. Турли тоифадаги танишлар турфа мавзуларда расмий ёки норасмий хатлар ёзиб туришади дадамга. Дадам уларни зудлик билан ўқиб чиқадилар ва айримларига эринибгина жавоб йўллайдилар.
Бу мактубни эса Ургут районида яшовчи  Ҳаким ...ев деган киши йўллаганди. У тез қўлдан-қўлга ўтди, ҳатто қўни-қўшнилар ҳам ўқишди ва ҳаяжонга тушишди. Мен учун эса у ўта зерикарли, мавҳум бўлиб туюлди. Аммо у сиз учун қизиқарли ёки ибратли бўлиши ҳам мумкин.
Эринмасангиз, ўқиб чиқинг.

БИРИНЧИ ҚИСМ


БИРИНЧИ КИТОБ

 БИРИНЧИ ҚИСМ
БИРИНЧИ БОБ

САЛОМ, ҲАЁТ!

 Ниҳоят, бугун – 1970 йилнинг 1-июнь куни, нақ туш маҳали дунёга келдим. Қани, ҳаёт деганларини ҳам бир кўрайлик-чи, қанақа бўларкан?!
Илк бор ҳис этганим, вужудимдаги зирқироқ оғриқ ва мен ҳали кўникмаган совуқ муҳит эди. Овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Кимдир мени даст кўтариб олди ва илиққина сувда чўмилтирди. Фарёдимга эса ҳамон қулоқ солишмасди.