воскресенье, 30 октября 2022 г.

БЕМОР

 

 

“Ассалому алайкум, ҳурматли тоғажон!

Ушбу номани қадрдон жиянингиз − Содиқжондан деб билгайсиз!

Саломатлигингиз яхшими? Янгам, жиянларим соғ-саломатми? Диссертациянгиз қийнаб қўймадими?

Мендан аҳвол сўрасангиз, ёмон эмас. Врачлар обдон текширишди, рентгендан ўтказиб, дори-дармон тайинлашди. Жуда меҳрибон, ғамхўр одамлар экан. Тузалиб кетсам, бирор йўл билан яхшиликларини қайтаришни кўнглимда тугиб қўйдим. Дори-дармонлардан кейин енгил таомларни баҳазўр ҳазм қиляпман. Доктор узум, анор, савзи шарбати ичишни тавсия этяпти.

Палатамиздагиларнинг ҳаммаси бир-бирига меҳрибон, ажойиб кишилар. Ўнг томонимда Ҳожи бобо деган мўйсафид ётадилар. Инқилобдан илгари – ҳали мендан ҳам ёш бўлганда тоғалари ҳажга олиб борган экан. Туяда, отда нақ олти ой йўл босибди. “Ҳозирги ҳожилар ҳожи эмас, — дейди у киши, — зув этиб самолётда бориб келади”.

Чап томонимда Владик деган бола ётади. Болалар уйида тарбияланган экан. Ҳеч кими йўқ. Владик биз билан камдан-кам гаплашади, китобдан бош кўтармайди. Ундан нарида Сергей деган амаки бор! Бир оёғи протез.

Даволовчи врачимиз Ҳакимжон ҳам мен тенги йигит. Жуда камтарин, виждонли. Ҳожи бобо аввалари қандайдир арабча китобни ҳамширалардан яшириб ўқирди. Ўша Ҳакимжон сезиб қолиб: “Қўрқмай ўқийверинг, ишимиз йўқ”, деди. Ҳожи бобо жуда қувондилар.

Тоғажон! Ортиқча тафсилотларни ёзиб, вақтингизни олаётганим учун кечиринг. Бу ерда одам зерикиб, нима қилишини билмай қолади. Шунинг учун бошқа одамларга ёзган хатларим ҳам узундан-узоқ. Дадамга ҳам икки варақли хат ёзиб, яқин кунларда тузалишимни айтдим.

пятница, 21 октября 2022 г.

ЭНГ АШАДДИЙ КАЛЛАКЕСАР

 

 

 Энг ашаддий каллакесар

 

 

Чакатило!

Бу  совуқ  фамилия  ҳойнаҳой  қулоғингизга  чалинган  чиқар.  1991 -1992  йиллар  давомида  ана  шу  хунхўр  ҳақида  ёзмаган  газета–журналлар  кам қолди.  Туғри,  ахборотлаар  бир–биридан  фарқ  қилар:  рўзномалардан  бири  Чикатило  йигирмадан ортиқ  қиз–жувонни  зўрлаб,  кейин  чавақлаб  ташлаганини  ёзса,  ўзгаси  ана  шу  рақамни  ошириш ёки  қуюқроқ  ранг  бериш  пайида  бўларди.  Жиноят  тафсилотлари  ҳам  шунақа: ҳақиқат  билан  афсона  ўртасидаги  чизиқни  ҳамиша  ҳам  илғаб  бўлмасди.

Боиси:  ҳали  тергов  тугамаган, ҳукм  ўқилмаган  эди.  

Тергов  бир  йил  давом  этди.  Суд  Чикатилони отиб  ўлдириш  ҳақида  ҳукм  чиқарди.  Орадан  бир  йил  ўтгач – 1993  йилда  ҳукм  ижро  этилди. 

Нақ  53 ( эллик  уч )  қиз  ё  аёлни  зўрлаган  ва сўйган  бу  аблаҳни  отиб  ташлашгани  тўғри  бўлибди,  дегандим  ўзим  ҳам  аввал.  Кейин  эса  тергов  жараёнларини  ўқиб,  отилган  одамлар  тақдирини  ўрганиб,  фикримдан  қайтдим.  Ўлим  жазоси  бир  умрлик  қамоқ  жазоси  билан  алмаштирилиши  зарур экан,  деган  қатьий  хулосага  келдим.