воскресенье, 8 июля 2012 г.

САРҲИСОБ 20

                          

   Ногоҳ,  катта ўғлим Улуғбек вилоят ҳокимига киришимни таклиф қилиб қолди.
    Қайси масалада киришим зарур  бўлганлигини кейинроқ айтаман. Аммо аввал шуни аён этишим лозимки,  Мустақиллик эълон қилингандан бери вилоят  ҳокими  етти бор ўзгарди. Ва ҳеч ким мени уларнинг қабулхонасида кўргани йўқ. Бу раҳбарларнинг бирортаси мен билан қизиқмади ва мен ҳам улардан узоқроқ  юришни маъқул деб билдим.
    Ёлғон бўлмасин,  Маҳмуджўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташвиши билан 2005 йилда бу бинога киришга мажбур бўлганман. Боиси, ҳайкал қуриш учун ҳокимликнинг қарори зарур эди. Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим менга мадад кўрсатди.

30. МЕНИНГ ОЙИЖОНИМ


 "Буни ҳаёт дебдилар ёки Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"

Бундоқ ўйлаб қарасам, мен сизга бувим, ўртоқларим, ҳатто муаллимларим ҳақида анча батафсил ҳикоя қилибман-у, бу ёруғ оламдаги энг яқин кишим – ойим хусусида узуқ-юлуқ гаплар билан чегараланиб қолибман.
Биз Тошкент (аниқроғи, Калинин райони)га кўчиб келгунимизча мен меҳрибон моможонимнинг бағрларида вояга етдим. Шу туфайли бўлса керак, ойимнинг меҳрига зориққанимни эслолмайман. Фақат жонажон Самарқандни тарк этганимиздан кейингина, она меҳри, деган муқаддас туйғуни чуқурроқ, теранроқ туя бошладим. Оила, деб аталадиган мукаммал вужудни ойимсиз тасаввур қилиш мудҳиш эди. Чунки, у киши ана шу соғлом вужуднинг уриб турган юраги эдилар. Лекин надоматлар бўлсинким, бизни дея ўз юракларини анча эрта хасталантириб қўйдилар у киши.

воскресенье, 1 июля 2012 г.

САРҲИСОБ 19


                    

 
  16−май нохуш хабарлар билан бошланди. Бирайўла икки жойга таъзияга хабар қилишди.   Дўстим Маҳмуджон Ўроқов ва қариндошимиз Хадича муаллима бандаликни бажо келтиришибди.
   Қўшни Равонак қишлоғида яшайдиган Маҳмуджон билан агрофакда  бирга ўқигандик. У ўқишни битириб,  ишни бригадирликдан бошлади. Ўзини тезда кўрсатди, шекилли, кейин  колхозга раис бўлди. Орадан кўп ўтмай Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик илмий−тадқиқот институти Самарқанд филиалига  директор қилиб тайинлашди. Ҳамма жойда ҳам олқишларга сазавор меҳнат қилди. Одамлар уни “раис бобо” деб, ҳурмат қилишарди.

29. ТАНИШИНГ: РОМЭН



"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги"


Бугун 1982 йилнинг сўнгги куни.
Янги йилни биринчи бор Тошкентда кутиб оляпмиз. Она юртимиз – Самарқанддан йироқдалигимиз, бу муъжаз тантанада меҳрибон моможонимиз, амаким, янгамулломнинг йўқлиги дилдаги зоҳирий бир кемтик бўлса ҳамки, уни хаспўшлашга,  сир бой бермасликка ҳаракат қилардик. Ўтаётган йил ҳақида сўз кетганда, дадам бот-бот  унинг некқадамлигини такрорлардилар, жумладан, Тошкентдан янги уй олганимиз, укам Феруз дунёга келганлигини эсга солардилар.
– Юринглар, қўшниларни табриклаб чиқамиз, – деб қолдилар бир маҳал дадам.