суббота, 3 апреля 2021 г.

Марафонча югуриш

 Каримберди Тўрамурод

Марафонча югуриш

Нусрат Раҳмат билан суҳбатлар

 

Ушбу китобда устоз ва шогирд суҳбатлари жамланган.

Китоб муаллифи Каримберди Тўрамурод  ёзувчи, публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Нусрат Раҳмат билан адабиёт, шеърият, ҳикоячилик, журналистика, интернет журналистикаси ҳақида; жамият, инсон, ҳаёт, умрнинг мазмуни тўғрисида суҳбатлар қилган.

Китобни ўқиганлар Нусрат Раҳматни бошқатдан кашф қиладилар ва, албатта, ўзлари учун кўп ибрат оладилар. Зеро, умрини таълим, тарбия, маърифатга бағишлаган устоз адибнинг ёзган асарлари каби узун ва баракали ҳаёт йўли ҳам ёшларга ибрат ва намуна бўлишга жуда-жуда муносиб.

Китоб Нусрат Раҳматнинг 80 йиллик тўйига ва юртимиз мустақиллигининг 30 йиллигига муаллиф ва китоб чоп этилишига ҳомийлик қилган дўстларининг кичик бир тўёнасидир.

 

Мундарижа


Тошпўлат Раҳматуллаев. Сўзбоши 

1-боб. Нусрат Раҳмат ким ўзи?

2-боб. Жаҳонгашта Нусрат Раҳмат

3-боб. «Интернет менинг иш жойим»

4-боб. Муаллифи баҳсли машҳуршеърлар 

5-боб. «Сарҳисоб» 

6-боб. Уюшма 

7-боб. «Миллатчилик фожеа» 

8-боб. «Мен редакцияданман»

9-боб. «Донолар дейдилар» 

10-боб. Мустақиллик буюк неъмат!

Сўнгсўз ўрнида

 

 

 

                                                                   29 03 2021йил

Сўнгсўз ўрнида

 – Устоз, икки ижодкорнинг суҳбати тугамас экан, буни бугун англадим. Аммо ўқувчиларимизни зериктириб қўймаслик учун суҳбатимизга шу ерда вақтинча якун ясасак. Вақтинча деяпман, сабаби, сизнинг 80 ёшлик тўйингиздан сўнг, албатта, сиз билан суҳбатимиз давом этади.

Одамлар инсон умрини фаслларга менгзашади. Болаликни баҳорга, ёшликни ёзга, кексаликни эса, кузга ўхшатишади. Табиийки, кўпчилик кузни ёқтирмайди ва кексалик ҳақида нохуш гапларни айтиб юришади. Аммо баҳорда гулдан бошқа нарса бўлмаслигини, ёзда мевалар ширага эна бошлашини, барча мевалар айнан кузда ғарқ пишишини унутиб қўядилар. Кексалик ана шундай меваси ғарқ пишган фаслга ўхшайди. Яхши қариган одам умри кузида донишмандга айланади. Кузда мевали дарахт остига сархил мевалар дув-дув тўкилгани каби донишманд кексаларимиздан дур ва жавоҳирга тенг доно фикрлар, маънили ўгитлар, олтинга тенг насиҳатлар дувиллаб тўкилади. Гап бу меваларни териб олиб, мазасини ҳис қилишда.

10. Мустақиллик - буюк неъмат!

 – Устоз, бу йил Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини байрам қиламиз. Келинг, мустақилликка қандай эришганимизни, уни қандай кутиб олганимизни, мустақилликнинг дастлабки йилларида қандай кунларни бошимиздан ўтказганимизни бир эслайлик. Чунки Ўзбекистон мустақил бўлганида мен эсимни таниган, уйланган, тўрт боласи бўлган, 30 ёшга тўлган, оқ-қорани таниган йигит бўлсам, сиз ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўпроқ тотган, 50 ёшга тўлган  инсон эдингиз.

Сиз билан биз, журналистлар ўлароқ, мустақиллик қандай эълон қилинганини ҳам, кўчаларга танклар чиқмагани, тўплар отилмагани, қон тўкилмагани, мустақиллик, масалан, Болтиқбўйи республикаларидагидек, қон тўкилиб қўлга киритилмаганини ҳам, «Мустақил бўлиш, СССРдан ажралиб чиқиш ҳақида гапирган одамнинг бошини ўзим узиб ташлайман» , деб столни муштлаган одам бир куни «Мустақиллик меъмори» деган номни олганини ҳам, у Ўзбекистонни мустақил деб эълон қилишдан бошқа иложи қолмаганини ҳам яхши биламиз.

9. Донолар дейдилар

 – Устоз, инсон ёши саксонга борганида ўз-ўзидан доно гапларни айта бошлайди, ҳазиллашиб айтган гапи ҳам биз афоризм дейдиган ибратли сўзга айланиб кетаверади. Кейинги пайтларда кузатаяпман, интернетдаги саҳифангизда ана шундай ибратли сўзларингиз, афоризмлар ҳам эълон қилаяпсиз. Аллоҳ баракасини берсин!

 

– Ҳа, баъзан ана шунақа донишмандона фикрлар ҳам бу кекса бошга келиб қолади. Ўзимга маъқулларини саҳифаларимга жойлаб қўяман. Айримларга ёқади, шекилли, кўпроқ шунақа иборалар ёзишимни сўрашади. «Қайднома» номи остида тўплаб, нашр қилдириш ниятим ҳам бор эди. Аммо, ўзим ва ўзгаларни такрорлаб қўйишдан чўчидим.

 

8. «Мен редакцияданман»

 – Мен сизни илк бор «Мен редакцияданман» номли китобингиз орқали таниганман. Ким билсин, балки журналистликка ҳавас ҳам ана шу китобингиздаги воқеа-ҳодисалар тафсилотларини ўқигач пайдо бўлгандир? Рози бўлсангиз, ўша китобдан бир-икки ибратли воқеаларни ўқувчилар эътиборига ҳавола қилсак!

 

– Майли, агар сиз ўқувчиларимизга ҳам қизиқарли, энг муҳими, манфаатли бўлади, деб ҳисобласангиз, мен розиман. Лекин унга ўша етмишинчи йиллар назари билан қарашларини сўраб қолган бўлардим. Мустақиллик эълон қилингандан кейинги нашрида эса, айрим қўшимчалар киритганман...

 

7. Миллатчилик - фожиа

 – Устоз, Самарқанд - кўп миллатли шаҳар. Вилоятда ҳам турли миллат вакиллари яшайдилар. Ташқаридан қараганда, тинч ва сокин кўринган денгизнинг тагида пўртаналар яширин бўлганидек, самарқандимизни кўп миллатли деб доим мақтаниб гапирганимиз билан баъзан миллатлар ўртасида мухолифлик сезилиб қолади. Давраларда амал, мансаб, лавозим, ҳатто бозорлар, ҳудудлар кимга тегишли экани ҳақида гап-сўзлар урчийди. Албатта, бу жуда қалтис мавзу. Ҳамма билади ва ҳеч ким бу мавзуда ёзмайди. Сиз, тожиксиз, аммо биз, ўзбек қаламкашларига устозсиз. Сизда миллатчилик йўқ ва мудом бизни ҳам бу иллатдан узоқ бўлишга чорлайсиз. Аммо айнан шу иллат туфайли озор чекканларингизни ҳам унута олмайсиз...

 

6. Уюшмаганлар

 – Устоз,  Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг  аъзосиз. Аммо негадир Самарқанд вилоятидаги уюшма аъзолари жам бўлиб борадиган анжуманларда, Навоий пойида саф тортишиб, шеърхонлик қилганларида, тил байрами куни ҳаммалари ўзбек тили ҳақида оташин нутқлар сўзлаганида сизни уларнинг сафида кўрмайман. Нима бўлди, сизни уюшмадан чиқаришдими ёки уюшмадан кўнглингиз қолдими?

 

– Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимидаги дилни хуфтон қиладиган давомли, мантиқсиз йиғилишларида бўлганимда, шу идорани ташкил этган Максим Горкийни зоҳиран лаънатлардим. Бу ерда шеър ёзадиган қизларни тўплаб, уларга ҳамду-сано ўқишлари жонимга тегарди. Туман, вилоят, республика босқичида бу ҳаваскор шоираларнинг семинар ва танловларини ўтказиш батамом ортиқча ташвиш ва харажат деган даққоқ хулосага келиб қўйгандим. Аслида, Ўзбекистонга бунчалик кўп шоиранинг кераги йўқ. Ундан кўра, уларга компютер, чет тили ёки бирор ҳунарни ўргатишса ёхуд спортга жалб этишса, жамият ва уларнинг ўзларига кўпроқ нафи тегарди.

5. «Сарҳисоб»

 – Устоз, биз мухлисларингиз ҳам сизнинг доим сархуш бўлиб юришингизни, яратганнинг ўзидан тилаб қоламиз. Аммо сўнгги йилларда кексаликдан, касалликлардан андак нолийдиган бўлиб қолганингиз ноўрин. Ваҳоланки, сизнинг руҳингиз ҳамон баланд, қаҳ қаҳаларингиз жарангдор, қадамларингиз собит.

 – Бир ҳазилкаш, чапани танишим: «Ўн – қўй, йигирма – бўри, ўттиз – арслон, қирқ – қилич, эллик – пахта, олтмиш – ахта, етмиш – нўхта, саксон – тахта», деган нақлни кўп ишлатарди. Ёши саксондан ошгандан кейин ҳазиллашиб, ҳалиги нақлни эслатсак: «Ўладиган нодон йўқ», деганди...

 

4. Муаллифи баҳсли шеърлар

 – Устоз, бундан қирқ йиллар илгари ёзган шеърларингиз одамлар орасида тарқалиб кетганини биламиз. Ўшаларнинг айримларини шу китобга киритайлик!

 

– Майли...

 

3. Интернет - менинг иш жойим

  – Келинг, интернет дунёсидаги фаолиятингиз ҳақида гаплашамиз. Кузатиб бораман, ижтимоий тармоқларга ҳам анчагина асарларингизни, бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабатингиз акс этган долзарб мақолаларингизни жойлагансиз.

– Айни пайтда адабий сайтлар ва блогим (husratrahmat.blogspot.com) да икки романим, тўрт қиссам, ўн беш ҳикоям, юзга яқин мақолаларим бор. Уларни ҳар куни ўн етти мамлакатдан, тўрт юз атрофида кишилар кириб ўқишмоқда. Ўзбекистондан кейин АҚШ, Россияда ўқувчиларим кўпроқ.

Мақтанчоқлик қилаётганим йўқ. Интернетда ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Блогим (nusratrahmat.blogspot.com)га кирсангиз, мазкур рақамларни анчайин камайтириб кўрсатганимга ишонч ҳосил қиласиз.

 Тағин инсоният азал-азалдан ошкоралик талаб этади, дилидаги гапни айтгиси келади. Лекин бирорта подшо ёки президент буни истамайди. Улар ошкораликнинг оғзини ёпишдан манфаатдор. Аммо Цукерберг деган бир яҳудий бунинг йўлини топди: У инсониятга «facebook» деб аталадиган ошкоралик калитини инъом этди. Унинг оғзини ҳеч қандай подшо ё президент ёполмайди.

 

– Устоз, «facebook»  ҳам сиз ўйлаганчалик эркин минбар бўлмай қолди. Бугун  унда ҳукуматга ёқмайдиган бир нима ёзиб қўйганлар тугул, биров ёзган мақола остида амалдорларга ёқмайдиган бирор изоҳ қолдирган одамни ҳам айбдор қилишаяпти, таъқиб қилишаяпти, қамашаяпти. Ўзбекистон Бош прокуратураси «Ҳар бир ёзаётган сўзингизни ўқиб бораяпмиз, ҳаммаси назоратда», деб расмий баёнот берганининг ўзиёқ Фейсбук тармоғида ёзаётганлар учун биринчи жиддий огоҳлантириш эди. Бунинг устига президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг «Ёзган мақолангиз остида кимдир ёзган ҳақорат сўзлари учун ҳам сиз жавобгар қилинасиз», деб баёнот бериши иккинчи огоҳлантириш бўлса, ички ишлар вазирлигининг айнан интернет тармоқларидаги чиқишлари учун блогерни турли беўхшов баҳоналар билан қамоққа олаётгани, менимча, охирги ва жиддий огоҳлантириш. Мен энди интернетни ёки Фейсбукни фикрларимизни бемалол ва очиқ ёзса бўладиган минбар, деб айтмаган бўлардим.

– Барибир ҳам компютер ва интернетни инсоният бир замонлар оловни кашф этганидек, улкан воқеа деб биламан. Нима бўлганда ҳам, интернет одоби керак! Президентни халқ сайлаган. Ҳақорат ёки тўҳмат қилиш эса марднинг иши эмас! Бошқаларнинг ҳам ҳуқуқларини ҳимоя қилш керак!

Онлайн ҳаётимиз тарзини батамом ўзгартириб юборишга қодир. Масалан, бир неча йилдан бери почта хизматидан воз кечганман. Чунки, виртуал олам туфайли мактуб ёзиш, олиш сингари хизматларни бажариш ўнғай. Гарчанд, журналист бўлсам ҳамки, газетани кам ўқийман. Ижтимоий тармоқлар дунё воқеаларини газеталар ва ТВдан олдинроқ баён этиб қўяди. Бунинг устига деярли ҳамма газетанинг сайти ҳам бор.

 

 – Интернет нашрлари босма ахборот воситаларини ортда қолдираётгани, газета ўқувчилари камайгани, ҳамма ўзига керакли ахборотни уйида ўтириб, қўлидаги телефон орқали интернетдан олаётгани бор гап. Аммо шу билан бирга интернет қурғур китобхонни ҳам камайтириб юборгани чатоқ бўлди-да. Сиз ўзингиз битта китобингиз учун олган қалам ҳақингизга битта машина олганингизни айтдингиз. Сабаби, ўша пайтларда китоблар 50-100 минг нусхада чоп этилар ва барча шаҳар ва туманларда бўлган китоб дўконларида сотилар эди. Одамлар навбатда туриб, китоб олар эдилар. Бугун ўша китоб дўконларидан нечта қолган, деб ўйлайсиз? Катта шаҳарлардагина битта-иккита китоб дўкони қолди, холос. Уларнинг ҳам бозори касод. Мен минг донадан чиқарган китобларимни сота олмасдан дўстларим, танишларимдан китобимни сотиб олишларини илтимос қилиб, китобларимни машинамга юклаб олиб, шаҳарма-шаҳар, вилоятма-вилоят юраман.

 

– Энди китобхонлик масаласи. Ҳозир жаҳон миқёсида онлайн китобхонлар сони тақрибан ўттиз фоизни ташкил этмоқда. Қандайдир ўн беш йил давомида у китобхонларнинг қарийб учдан бир қисмини ўзига ағдариб олганлиги ҳақида бош қотириб қолади киши. Хўш, тағин ўн беш-йигирма йилдан кейин нисбатлар қанақа кўринишда бўлади? Электрон китобхонлар эса асосан билимли, иқтидорли ёшлар. Бадиий китоблар тиражи қарийб ўн бараварга камайиб кетганлиги, шунга қарамай улар омборлар ва китоб дўконларда йиллар оша туриб қолаётганлигининг боиси кўплар электрон вариантни маъқул кўраётганлиги эмасмикин?!

Аслида, китобнинг биринчи ва энг жиддий рақобатчиси телевидение бўлиб чиққан эди. У ўтган йиллар давомида ўқувчиларимизнинг қарийб ярмини ўзига ағдариб олганди. Эндиликда эса китоб интернет билан юзма-юз бўлиб қолди ва талай функцияларини унга топшириб қўймоқда.

Шуни ҳисобга олмоқ керакки, компютер ва интернет китобнинг фарзанди сифатида дунёга келди. Аниқроғи, китобларда тўпланган билим туфайли яратилди ва мантиқий давомчиси ва меросхўрига айланди. Диалектиканинг шафқатсиз инкорни-инкор қонунига биноан бошланган ҳамма жараён тугайди ёки шаклини ўзгартиради. Мадомики, китоб электрон ҳолатга ўтаётган экан, аюҳаннос солиш чикора? Китобларингизни сота олмаётган бўлсангиз, уларнинг электрон нусхасини яратинг ва интернетда сотинг, азизим, замондан орқада қолманг!

Тағин бир ўкинч. Ижодкор ҳам замонга мослашиши лозим. Онлайнга дўст бўлиш билан бирга ўнлаб театрлар, кино ва ТВ студиялари яхши сценарийга муҳтожлигини ҳисобга олиш, уларнинг режиссёрлари билан яқинлашиш лозимга ўхшайди. Бу бевосита ёзувчининг бурчи ҳам. Сценарий ёзиш адабиётдан бехабар кишилар  ихтиёрига ўтиб кетаётганлиги, наҳотки бизни тишвишга солмаса?!

 

 

Фармон билан китобхон бўлмайдилар...

 

– Устоз, китобга, китобхонликка эътибор кучайди. Давлат раҳбарининг ўзи бош бўлиб, фармон ва қарорлар чиқариб, китоб ўқиган қизчаларга машина бериб, китоб ўқишни тарғиб қилмоқдалар. Сиз нима деб ўйлайсиз, бу фармонлар, бу қарорлар, кўрсатувлар, радиоэшиттиришлар билан халқимиз китобхон бўлиб кетармикан? Энг қизиғи, китоб тарғиботига масъул қилиб қўйилган каттаконларнинг ўзлари китобхонмикан?

– Шу кунларда телевидениеда ва жойлардаги учрашувларда китоб тарғиботига кенг ўрин бериляпти. Аммо фармойишлар, қарорлар билан китобхонни кўпайтириш мушкул. Сабабини юқорида айтиб ўтдим, шекилли...Музокарачилар орасида анча вақтдан бери китоб ўқимаган, бунинг устига компютер билан ҳам дўстлашмай, уни қоралашни одат қилганлар ҳам анчагинага ўхшаб қолди. Бир олим «Интернетга кирадиганлар орасида, ҳатто бола-чақали кишилар ҳам йўқ эмас», деди надомат билан.

Бу – 1937 йили Чўлпонни шотут еб юришда айблаб, қамоққа олишгандай гап. Камина, ўн етти набира, икки эваранинг бобосиман. Мен тонгни интернет билан бошлашга одатланганман. У дунё воқеаларини ҳар қандай газета ёки телевидениедан олдин айтиб беради. Алишер Навоийдан тортиб, яқинда китоби чиққан шоирнинг асари билан ҳам ижтимоий тармоқларда танишиш мумкин.

 Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида қишлоғимизга электр сими тортишгани ёдимда. Шунда уни қораловчилар ҳам бўлганди. «Лампочкага кўп қараган боланинг йил ўтмай кўзи кўр бўлиб қолармиш», «Симга сал тегиб кетсанг ҳам, қорайтириб ташлармиш», «Ўзимизнинг чироққа етадигани йўқ» ва ҳакозо. Аслида, чироқни улуғлаш мумкин, аммо бунинг учун электр лампани ерга уриш шарт эмас! Интернетни барча фаҳш ва бузуқ ғоялар манбаи, деб қараш калтабинликдан бошқа нарса эмас. Фаҳш ва бузуқ ғоялар китобларда ёки телевидениеда ҳам истаганингизча топилади.

Самолётлар ҳалокатга учраб, одамлар нобуд бўладилар, автомобил аварияларида минглаб кишилар кўз юмадилар. Аммо самолётлар тағин учаверади, автомобил заводлари ишлаб чиқаришни кўпайтираверади. Чунки бу нохушликларга самолёт ёки автомобил эмас, одамларнинг ўзлари айбдордирлар. Фарзандимиз интернетдан экстремистик ғояларни юқтирган бўлса, бунинг учун ижтимоий тармоқлар эмас, ўзимиз айбдормиз! 

Мен китобнинг инсониятнинг ноёб бойлиги эканлиги, унинг муқаддаслигини биламан. Шу китоблар туфайли ёзувчи бўлдим. Аммо эндиликда унинг фарзанди, давомчиси бўлган интернетга қўл берганман. Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишлаб ёзган «Жадид» романимни ҳам ўқувчилар энг аввал ўз блогимдан, ziyo uz.uz, turklib ва бошқа сайтлардан ўқидилар. Мазкур сайтлардаги «Фарзандга ўгитлар» китобим, «Фожиа», «Нохуш хаёллар» сингари ҳикояларимнинг ўқувчилари кўп. Ўш ва Жалолободда содир бўлган миллатлараро нохушликлардан сўнг «ЦентрАзия» сайтида рус тилида эълон қилинган «Чингиз Айтматов тирик бўлганда, ўзбеклардан кечирим сўрарди» ёки Ўзбекистон билан Тожикистон орасидаги муносабатлар таранглашганда, мазкур сайтдаги «Президентлар учрашмоқлари шарт» сарлавҳали мақолаларим каттагина шов-шувларга сабаб бўлганини эслаш кифоя. Бу долзарб публицистик чиқишларим жуда унумли «ишлаганига» ишонч ҳосил қилдим. Зеро, шу кунларда ҳам блогимдан айнан мазкур мақолаларни топиб ўқишмоқда ва маъқуллашмоқда. Ўша пайтда, ҳатто ҳозир ҳам бу мақолаларни бирорта газета муҳаррири босиб чиқаришга журъат этолмасди.

Хуршид Даврон, Давронбек Тожиалиев ўзларининг сайтлари билан адабиётимиз, маънавиятимизга баракали хизмат қилишмоқда. Kitobim, kutubxoha ва бошқа адабий сайтларнинг раҳбарларига ҳам раҳматлар ёғилсин!

«Даракчи» газетасининг 2004 йил 18 март сонидаги «Қўлингни бер, китобхон» деган мақоламнинг хотимасида шундай деб ёзган эканман:

«Ўзим ўтказган микротадқиқотдан огоҳ этай сени. Ҳозир ёзувчи, шоирдан кўра қоровул, асаларичи, геолог, шифохонадаги бемор кўпроқ китоб ўқир экан. Бинобарин, харидорлар ҳам ана шу тоифадаги кишилар. Кел, энди гапни мухтасар қилиб, муддаога ўтай. Бугун уйга қайтишингда бир қути сигарета пулига болангга, бир шиша ароқ пулига ўзингга китоб харид қил! Имоним комилки, у хонадонингга нури мунаввар олиб киради ва буни ҳис қилмай иложинг йўқ! Ватандошим, дўстим, жигарим! Қўлингни бер, Худо ҳаққи, мен сени, оилангни эзгуликларга эш қиламан!»

 Бугун эса бундай деган бўлар эдим:

 «Азиз ватандош! Ҳозиргача компютер билан дўстлашмаган бўлсангиз, талай имкониятларни бой бериб қўйибсиз. Биламан, даргоҳингизда бу сеҳрли оламни яхши ўзлаштирганлар бор. Улардан илтимос қилинг, сизга ҳам ўргатишсин. Дастлабки икки-уч кун компютерни очиш ва ёпишни машқ қилинг. Кейин икки кун папкаларни очиб, беркитишни ўрганинг. Бир ҳафталардан кейин интернет оламига мўраланг. «Поиск» деган жойга номингиз, фамилиянгизни ёзсангиз, ўзингиз ҳақингизда қанчалик кутилмаган маълумотларни ўқиб қоласиз. Бу жуда завқли. Ижтимоий ёки адабий сайтларга, жумладан, «Фейсбук»ка кириб, унда ишлашни ўргангандан кейин бу сеҳрли олам сизни батамом ўзига жалб этади. Дунёқарашингиз ҳам ўзгариб боради. Жараён эса давом этаверади.

 Зеро, сиз бу ҳақиқатни мендан яхшироқ идрок этасиз.  Айнан интернет туфайли халқ таниган Каримберди Тўрамуродов бўлдингиз...Блогер сифатида қилган эзгу ишларингизни санаб ўтсам, анчагина қоғозларни қоралашга, тўғрироғи, бир неча кун клавиатурада ҳарф теришимга тўғри келади...

 

Лаънатланган уй

 

– Устоз, сиз кўпроқ журналистмисиз ёки кўпроқ ёзувчимисиз?

 

– Буларнинг оралиғида тағин бир касб бор. Бу – публицист. Мен фақат ўзимнигина эмас, сизни ҳам публицист деб биламан. Айнан публицистик мақолаларингиз билан жамиятга қанчалик наф келтираётганингизни кўриб турибмиз. Айнан публицист жамият дардига ташҳис қўя олади. Буни шоир ёки ёзувчи амалга ошириши мушкул. Истасангиз, мисоллар келтиришим мумкин.

 

– Устоз, яхшиси, сизнинг публицистик чиқишингиздан кейин шаҳар ҳокимияти тўрт қаватли уйни бузиб ташлашга мажбур бўлганлигини эсласак. «Машъум уй» деган мақола эди у.

 

Машъум уй

 

Самарқанднинг Гагарин кўчасидаги марказий авиакассадан жануб томонга қараб, тахминан беш юз метрлар ўтсангиз, чорраҳа чиқади. Нари томонда беш қаватли, ғиштли бино бор. (Гагарин кўчаси, 128 уй) Бу иморат собиқ Иттифоқ даврида ёш оилалар учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, энсиз, олд қисми айвонли, бир ёки икки хоналидир. Бинонинг биринчи ва иккинчи қаватида «Сапфир» деган хусусий клиника жойлашган. Ҳар ҳолда, одамлар бу шифохонани шундай аташади. Унинг пешонасида эса «Som So’zani Plus medical klinic» деган ёзув бор.

Агар эътибор берган бўлсангиз, тил байрами кунлари мухбирлар ўзга тилда ёзилган вивескалар, шиорларни танқид қилишни хуш кўришади. Газетада «Сапфир» деган русча ибора танқид қилингандан кейин, хўжайин уни инглизчалатиб қўйган. Мухбирлар тағин бир ҳақиқатни тушуниши керакки, реклама ҳақидаги қонунда унинг қай тилда ёзилишини эгаси, яъни реклама берувчи белгилаши керак. Аниқроғи, бу инглизча ном айрим мухбирларга нисбатан иддао сифатида битилган.

Аммо бугунги дардли монологимиз биринчи ва иккинчи қаватдаги шифохона ёки тил тўғрисидаги қонун ҳақида эмас, ҳамма-ҳамма мамлакатлар, миллатларда ҳам энг манфур ҳисобланган қабоҳат хусусидадир.

Ана шу юқори қаватдаги уйларнинг анчагинаси эгасиз эканлигини уларнинг деразалари ойнасиз, синиқлигидан ҳам англаш мумкин. Бу хоналарни текинга беришса ҳам, жилла ор-номусли одам мазкур бинога қадам қўймади.

Кечки сайрга чиққанимда (мен қишда яшайдиган «дом» бу ердан уч бино нарида) ва унинг дарвозасига яқинлашганда, кўчанинг нариёғига ўтиб оламан. Одамлар бу бинони ва ундаги одамларни энг тубан ва фаҳш сўзлар билан тилга оладилар. Мен бу калималарни тилга олишга ноўнғайлик сезаман. Хуллас, Худонинг ғазабига учраган уй.

Бинонинг дарвозасидан анча баландда қай бир ҳаваскор бўёқчи қийшиқ ва беўхшов қилиб Б.Б. деб ёзган. Балки Борисдир, Боратдир, Бўривойдир... Ҳарҳолда, фамилияси ҳам шу ҳарф билан бошланадигандир. Бу икки ҳарфни эса одамлар «Бузуқ бевалар», деб шарҳлашади. Кечқурунлари бу дарвозадан саросималаниб (биров кўриб қолмасин деб) кираётган ёшларнинг оқимини кўриб, қабиҳ баданфурушлар жуда кўплигига ишонч ҳосил қиламан. Икки бино наридаги баландликдан кузатсангиз, айвонда ёш-яланг ҳангилар қаторлашиб турганига ва қўшмачи аёл уларни хонама-хона тақсимлаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳаво исиганда, ялпайиб ўтирганича, сигарет чекаётган фоҳишаларни кузатиш ҳам мумкин. Улар гоҳида жанжаллашиб ҳам қолишади, аммо узоқдан овозларини эшитиб бўлмайди. Бу бахтиқароларнинг аксарияти нашаванд эканлигини узоқдан туриб ҳам чамалаш мумкин.

Мени бир журналист сифатида уларнинг тақдири қизиқтиради. Нега бу ифлос қафасга тушиб қолдийкин улар? Кимлари бор экан ва хоҳишмандларини бу бадном катакдан халос эттириш мумкинмикин? Газетада ишлаган пайтларимда адолат учун қўлда қалам ва блокнот билан жиннихона, қамоқхона, ўликхоналарга ҳам кириб чиққанимни «Мен мухбирман» деган китобимда батафсил ёзган эдим. (Китоб билан «Ziyo istagan qalblar uchun» ёки «TurkLIB» сайтлари орқали танишиш мумкин). Аммо ҳар қанча қизиқсам ҳамки, бу бинога киролмайман. Етмиш уч йил давомида қурган иморатимнинг охирини қийшайтириб қўйишдан жуда ҳам қўрқаман.

Мазкур бино бузуқ бевалар масканига айланиб қолиш жараёнини тахминан биламан. Мустақиллик эълон қилингач, бу ердаги русийзабонлар кетиб қолишди. Зеро, ҳар қандай империя тугаши билан унинг ўша юртда қолган фуқаролари ғарибга айланишини ҳам кузатганман. Ахир ҳамма нарса учун жавоб бериш керак-ку! Ёш оилаларга мўлжаллаб қурилган бинода ҳам қашшоқлар, алкашлар, ночорлар қолишди ва уларнинг бир қисми фоҳишаликни касб этди. Кейин ишбилармонлар, аниқроғи, чапдаст қўшмачилар вазиятдан фойдаланиб, бу ерга оёғи енгил беваларни жалб қилишди. Шундай қилиб, мазкур уй шаҳардаги энг катта ва норасмий фоҳишахонага айланиб қолди.

Эҳтимол, бу – жамиятимизга «бозор иқтисоди» номи билан айёрона кириб келган капиталистик тузумнинг бағоят аччиқ мевасидир.

Милиция ва ҳокимият қаёққа қараяпти, дейсизми?

Аввалги йиллар милиция бот-бот рейд уюштирар, кириб-чиқувчиларнинг ҳужжатларини текшириб ҳам кўрарди. Шунда ҳангилар девор ошиб ёки деразалардан кирадиган бўлишди. Деворга чирмашиб чиқаётган алпинист-жўжахўрозларни кўп кўрардим. Айрим пайтларда «тунги капалаклар»нинг ўзларини ҳам тутиб кетишарди ва кўп ўтмай қўйиб юборишарди. Милиция бу ҳолдан чарчади. Кейин эса уларнинг айримлари эшик олдида туриб, меҳмонлардан бож ундиришни одат қилди. Бора-бора қораларини ҳам кўрсатмайдиган бўлишди. Айтишларича, бевалар шикоят ёзиб, милиция уларнинг топганига шерик бўлаётганини маълум қилган эмиш.

Ким билади, буларнинг бари кўча гаплари бўлиши ҳам мумкин...

Январ ойининг бошлари эди. (2016 йил) Кечки сайрга чиқиб, бинони милиция ўраб олгани устидан чиқдим. Қишлоқ хўжалиги нститути томон кетадиган кўча батамом беркитилган, машиналар тугул, одамларни ҳам ўтгани қўйишмаяпти. Атрофда талай ўт ўчириш машиналари, бақириқ-чақириқлар, сирена сигналлари ёниб ўчаётган ўнлаб милиция машиналари...

Овоз кучайтирувчи карнайдан ўзбекча, тожикчалаб одамлардан зудлик билан тарқалишни, бу ерда туриш ҳаёт учун хавфли эканлигини бот-бот такрорлашаяпти. Тўғри келган кишининг ҳужжатларини текширишаяпти. Аммо шунга қарамай, ҳеч ким чекинмас, ҳангоматалаблик билан нарироқ бориб кузатишарди.

Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома, деган нақлни эшитганмисиз? Аммо кузатишимча, ҳозирги одамларга аввал ҳангома керак, кейин нон. Табиийки, мен ҳам нима гаплиги билан қизиқдим.

Учинчи қаватга бомба қўйишибди, деди кимдир.

Мен дарвоза томон ўтдим ва ним қоронғуликда бир неча ёш-ялангларнинг ортига бориб турдим. Олдимдаги новча йигитча, ёнидаги паканароғига алланималарни тушунтирарди. Шеваларига қараганда, улар тожик ёки эронига ўхшашарди. Назаримда, дўкондорлар, кичик бизнес эгалари эдилар. Эҳтимол, эҳтиросларини қондиргани келиб, томоша устидан чиқишган.

– Мина қўйиб тўғри қилган, бу ифлосларнинг барини йўқ қилиш керак, – деди новча.

– Бомбани ваҳобийлар қўйган бўлиши мумкин. Арабни ҳам ўшалар сўйиб кетган, дейишди-ку? – уни маъқулаган бўлди шериги.

Бир маҳал ҳовлидан ҳам карнай овози эшитилди.

Ҳамма чиқиб кетсин! Беш минутда бинони бўшатинглар! Ҳаётларинг хавф остида!

Бу гапларни у рус тилида ҳам такрорлади.

Мен «тунги капалаклар»ни кўриш уларнинг ёши, миллати, шаклу шамойили ҳақида қитдай бўлса ҳам тасаввурга эга бўлишимдан зоҳиран қувондим. Кўп ўтмай, улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб чиқиб кела бошлашди.

Бирор жойда атайин қўпорувчилик, портлаш юз берса, масъуллар: «Террорчининг миллати бўлмайди», деган иборани кўп ишлатишади. Аслида, миллатсиз банда бўлмайди. Аммо ана шу миллатдаги бошқа кишиларнинг иззат-нафсига тегмаслик, уларнинг кайфиятини бузмаслик учун шундай йўл тутишади. Назаримда, тўғри қилишади. Шу мантиқдан келиб чиқиб, фоҳишанинг ҳам миллати бўлмайди, десак ўринли бўлур эди. Бу бевалар орасида наша чекиб, арақ ичиб, ранги заҳил ва фаҳш бўлиб кетган европаликлар билар бирга, атрофдаги туман ва қишлоқлардан келиб қолган (ўзбечкалар дейишга тилим бормаяпти)лар ҳам анчагина эди. Шаҳар кўрган бу эчкиларнинг кимларгадир тақлид қилиб, юз-кўзларига бўёқ чаплашлари, ҳаддан ташқари тор ёки кенг, беўхшов кийимлар кийишлари, фаҳму-фаросотдан ҳам мосуволикларидан далолат берарди. Бузуқлар орасида ўзига зеб берган, сипта шаҳарликларни ҳам учратиш мумкин эди. Лекин буларнинг баридан қатъий назар, улар жирканч ва тубан аёллар эди. Бир-иккита «бомж» эр-хотинлар ҳам пайдо бўлишди. Ёнимдаги пакана тожикчалаб:

«Шў хар шавад, зан ғар мешуд» («Эр эшак бўлса, хотини ғар бўлади»), деб қўйди.

Сизда ўз миллатингиздан ор қилган, ундан тонишга рози бўлган ҳолатлар юз берганми? Бу ерда худди шу ҳолатга тушасиз, надоматлар чекасиз.

Бир маҳал саланглаб юрадиган семиз, ранги заҳил аёл пайдо бўлди.

Бу «Мама роза», деди қаршимдаги йигитлардан бири. Катта ж ... эди, ҳозир қўшмачилик қилади.

Қўшмачиларни «Мама роза» дейишларини билмас эканман.

Милиционер ҳалиги тасқарани жеркиб, тезроқ юришни буюрди.

Ҳой бола, деди хомсемиз милиционерга нописанд боқиб. –Ким билан гаплашаётганингни биласанми? Ўша каттанг ҳам менга «опажон» деб зорланади. Билмасанг, билиб қўй!

Мен бу бедаво ётиб қолгунча, отиб қол, қобилида иш тутаяпти, деб ўйлагандим. Аммо новча масалага ойдинлик киритди:

– Бу мочахарнинг гапида жон бор: бахтиқаро студенткаларни қўлга илинтириб, катталарга, пулдорларга сотади.

Қандай қилиб? – сўради шериги.

Тўрига туширади-да. Кантрактдан қийналиб қолганлари, ночорлари, соддалари қанча уларнинг. Ж... ларга солиқ ҳам солади. Бу қораялоқни чиқариб отса ҳам кам.

Ростдан ҳам ўзи бағоят бадбашара бўлганлиги устига қилаётган гуноҳининг чандон хунуклиги боис бу манфур тасқара кўзингга балодай кўринарди.

– Қаранглар, «Русалка» чиқди! – деди ўртароқда турган йигит.

Қаршимизда хушқомат, хушқилиқ бир сулув пайдо бўлди. Нури уюми устида унган чиройли гулга ўхшаб кетди у ўша онда. «Сув париси»га таъриф берадиган бўлсак, унинг елкасига енгилгина ташлаб олган қундуз ёқали палтоси остидан этаги ерга деярли тегиб турган ҳаворанг кўйлаги, таранг сийнабанди кўриниб турарди. Буларнинг бари ҳақиқатан ҳам сув парисини ёдга соларди. Нозаниннинг қирра бурни, катта-катта ҳаворанг кўзлари овруполикларга; турмакланмай елкаларига ёйиб ташланган қоп-қора сочлари, юз тузилиши, яна алланималари осиёликларга ўхшашини кўриб, унинг онаси рус, отаси ўзбек ё тожик, деб тахмин қилиш мумкин эди. Веналарида оқаётган ана шу икки қон унга соҳибжамоллик, тароват ва андак ғурур бахш этган эди. Унинг ТВ сухандонидай уфқларга қараб нимтабассум қилиб туриши табиий ва бетакрор эди.Ҳатто фоҳишалар ҳам унга ҳавас, ҳайрат ва эҳтиром билан боқиб, йўл бўшатишар, бадқаҳр ва тунд милиционерларнинг юзида аллақандай майинлик, мойиллик акс этгандай бўларди.

Эҳ, соҳибжамол эди Русалка!

– Бу нозанин бир кечага юз доллар олади, – деди пакана. – Мана буларнинг ставкаси беш мингдан ўн минггача.

– Худди у билан бир кеча ётгандай гапирасан-а? – ишонқирамади шериги.

Ётганим йўқ, лекин биламан, Бахтиёр, Мансур ва мен, уччаламиз уйида меҳмон бўлганмиз. Ишонмасанг, улардан сўра. «Русалка»нинг бу ерда ҳам, маҳаллада ҳам уйи бор, ишонч билан жавоб берди шериги. Майда-чуйда қилиб бордик, яхши кутиб олди. Шампанский ҳам ичдик. Шеър ёзар экан, ўқиб берди. Тушунмасак ҳам бош силкиб турдик. Бахтиёр балони ҳам билмаса-да, ҳар замон: «Ана шу ери зўр чиқибди, мана бу жойи бошқача бўлибди», деб турди. Мансур иккаламизнинг кулгимиз келарди. Кейин, бу ойимтилла пианино ҳам чалиб берди. Ўзи аввал театрдами, телевидениедами ишлаган, гапга жуда чечан экан. Бахтиёр ўзини селхознинг профессори деб таништирди. Мансур иккаламиз ростини айтдик. Шундан бери Бахтиёрнинг оти профессор бўлган. Кечки маҳал уччаламизни ҳам совуққина кузатиб қўйди. Йўл-йўлакай Бахтиёрни роса мазах қилдик. Балиқфурушнинг бир юмалаб, профессор бўлиб қолиши қизиқ эди-да. Аслида, бу ғарга ҳам ўқиган, ҳам серпул ўйнаш керак. У доно одамлар билан мириқиб гаплашишни яхши кўради. «Менга хўрозлар эмас, ҳамдардлар керак», деганди шеърида. Аммо қарангки, сохта профессор Бахтиёр бироздан кейин қўнғироқ қилиб зорланса, уни қайта таклиф қилибди.

Пакана тин олди. Давомини эшитишга ошиқаётган шериклари уни тергаб қўйишди.

Роса мазасини кеткизибди, бечора профессорнинг, ўзини тарозига солмай, давом этди пакана. – Чиқиндилари тўпланиб қолган экан, аввал шуни чиқаришни буюрибди. Қайтишда магазиндан кир ювадиган кукун олиб келишини ҳам тайинлабди. Буниси ҳам майли, ўзини роса массаж қилдирибди. Экономикадан, адабиётдан ҳар хил саволлар берибди. Эрталаб ётган жойидан шўрлик Бахтиёрга юз доллар қолдириб кетишини тайинлабди.

– Хўп, ҳалиги иш бўлибдими, ишқилиб? – ўзлари учун муҳим жойини сўрашди йигитлар.

– Ҳа, Бахтиёр ҳам анойи эмас, бўлмаса, қарийб бир ҳафтада топадиган пулидан воз кечмасди-ку, бу қурумсоқ. Ўша куни у уйдагиларига «Айдаркўлга балиққа кетдим, бу кеча ўша ерда қоламан», деган экан-да. Эрталаб туриб, ўша ёққа жўнабди. Тўрт қоп сазанни келтириб, ошхоналарга тарқатибди, ювиниб, тараниб, тағин «Русалка»никига борибди. Биласанми, у нима дебди? «Кечирасиз, бугун сиз билан бўлолмайман», дебди. «Нима учун?» сўрабди Бахтиёр. «Биринчидан, сиз иқтисодчи профессор эмассиз, ҳатто иқтисодиёт билан экономика бир нарса эканлигини ҳам билмайсиз», дебди «Русалка». «Йўқ, профессорман», ўрлик қилибди жўрамиз. «Агар профессор бўлсангиз, даромад билан соф даромад ёки нарх билан таннархнинг фарқини айтиб беринг-чи?» дебди «Русалка». Шўрлик Бахтиёр дудуқланиб қолибди. «Ёлғон гапирганларни ёқтирмайман», дебди «Русалка». Гап бунда ҳам эмас, сиздан балиқ ҳиди анқиябди. Бунга тоқат қилолмайман. Назаримда, балиқ савдоси билан шуғуллансангиз керак». «Икки юз доллар бераман», дебди довдир Бахтиёр. «Йўқ, гап пулда эмас», дебди-ю, «Русалка» эшикни ёпибди. Абадий!

Йигитлар тағин қаҳ-қаҳ отиб кулишди.

Биласизларми, Бахтиёр менга нима деди? «Шу хушомадларимнинг юздан бирини хотинимга қилганимда, у кечаси билан мени ялаб чиқарди. Аёлим чиқинди тўкиб келиш ёки уни массаж қилишимни буюришини тасаввур қилолмайман. Ўзи биз − эркаклар ахмоқмиз!» деди. «Энди ялинса ҳам қайтиб бормайман, ўша ойимтиллангга», деди.

«Русалка» майда қадамлар ташлаб, биз томон яқинлашиши билан, баримиз жимидик ва менга бир нигоҳ ташласайди, деган мавҳум туйғу, интиқлик билан зимдан  кузатдик. Орамизда  бир неча қадам қолганда, унинг юқори лабида қора холи борлигини ва у ҳуснига бағоят ярашганини сезиб қолдим. Атрофга бир зум фарангча машҳур «Shanel» атрининг ҳиди тарқалди ва бундан сархуш бўлдик. Табиат «Сув париси»ни нуқсонсиз қилиб яратганди. У биз томонга ўзгача, жуда ёқимтой табассум қилгандай бўлди.Унинг табассумида мамнунлик, ташвиш, ҳижолатдан кўра кўпроқ изтироб кўрдим; Толстой “Тирилиш” романида яратган Наташа Маслова образини учратгандай эдим. Ундаги изтироб қалбимга кўчди.  Бу куйдирмажонга шунча латофат ва зеболик бахш этган табиат, шум тақдирни ҳам қўшиб берганидан надоматлар чекдим. Мендек бир чолнинг эҳтиросларини жунбушга келтирган экан, йигитчаларнинг аҳволи нечук бўлишини тасаввур қилиш қийин эмасди. Сув париси сал нарироқда уни кутиб турган «Каптива»га миниб, кўздан ғойиб бўлди.

– Фариштам, қўлингни бер, мен сени шу бадбўй ботқоқдан чиқариб қўяй! – дедим ғойибона. Барига сен эмас, биз, эркаклар айбдормиз! Ахир, қиличдай бир йигитнинг нозанин ёри бўлишинг мумкин эдику! Лаънат, барига!

Ҳамма чиқиб кетгач, ичкарига сапёрлар кирдилар ва кўп ўтмай, илжайиб қайтиб чиқдилар.

– Топилмадими, ложний сигнал эканми? – сўради пакана таниш милиционердан.

У овозини пасайтириб жавоб берди:

– Ўқув машғулоти эди бу. Аммо натижага эришилди.

Ўқув машқи учун шунча ваҳима қилинишини эса хаёлимга ҳам келтирмагандим. Сўнг тарқалиш ҳақида команда берилди. Ўт ўчириш машиналари тағин бир бор қулоқларни қоматга келтириб сигнал беришди ва йўлга тушишди. Милиционерлар, ҳарбийлар, ҳангоматалаб томошабинлар ҳам кулиб-кулиб, йўлларига равона бўлдилар.

Ўзимга қадрдон бўлиб қолган йўлакда сайрни давом эттирар эканман, аввал «Б.Б.» масканига юҳолик билан тикилганича, шошилиб келаётган тўдага йўл бўшатдим. Улар қишлоқдан келган мардикорлар эканлиги уриниб кетган, кир-чир либосларидан билиниб турарди. Бу шўринг қурғурлар бола-чақани боқаман, деб не азобда топган пулларини ана шу ифлосларга бериб кетишади. Аниқроғи, бир лаҳзалик ҳайвоний ҳирсларини қондириш учун пуллари, виждонларидан воз кечишади.

 Кейин сипороқ кийинган студентлар гуруҳи яқинлашди. Ота-оналар машаққат ила топган, кун кўриш ва домлаларга пора пули (домлаларнинг ставкаси фоҳишаларникига деярли тенг) учун берган ақчаларини бебош эҳтиросларини қондириш йўлида сарфлашади. Бедаво дардларни илаштириб олиш эҳтимоли хаёлларига ҳам келмайди, бу бадбахт новвосларнинг!

Қўшилиш арафасида бўрилар, йўлбарслар ҳаддан ташқари ваҳшийлашишини билардим. Сут эмизувчилар синфига мансуб «homo sapiens» ҳам бундан мустасно эмас. Шунинг учун чўчиб, ўзимни чеккага олдим ва тепада номи эсланган Бахтиёрнинг: «Ўзи, биз, эркаклар аҳмоқ» деган иқрорини эсладим. Кейин кўз ўнгимда «Мама роза»нинг инсон ҳазар этадиган, мараз башараси гавдаланди. Бинога шунча милиционер, ўт ўчирувчи, мина қидирувчилар кириб чиқишди. Лекин ундаги энг манфур бомба − «Мама роза»ни кўришмади, судраб чиқишмади нодон, нобакорлар. Жаҳлим чиқди. Наҳотки, гулдай қизларни пуллайдиган бу жирканч аблаҳга ҳеч кимнинг кучи етмаса?! Чиқариб отиш керак, қанжиқни! Бу қандай бедодлик?!

Бу дардларимни ёзсам, газеталар эълон қилмаслигини биламан, ҳокимиятдагиларга айтсангиз: «Кўзингиздан қора қўзойнакни ечиб, атрофга қаранг! Қанақа бинолар қад кўтарди, равон кўчалар бунёд этилди», дейишини биламан. Милиция бўлса, фоҳишаликка қарши қонун йўқ, деб важ кўрсатиб турса, дардингни кимга айтасан?!

Вазиятни ўзгартиролмасанг, вазиятга муносабатингни ўзгартир, дейишади. Мен вазиятни ҳам, унга бўлган муносабатимни ҳам ўзгартиролмайман. Шунинг учун, бу фожиани аввал интернетда, аниқроғи, facebookда эълон қилиб кўраман, кейин республикадаги ҳуқуқни ҳимоя қилувчи амалдорларга хат ёзаман...

Шу пайт энсам қотиб, иккала қулоғим ҳам «жиринглаб» қолди. Демак, қон босимим кўтарилди. Докторнинг: «Сизга нохуш эмоциялар тўғри келмайди. Хушнудлик билан яшанг, хушвақт лаҳзаларни кўз олдингизга келтиринг, хаёл фантазиясига эрк беринг», деган тавсияси ёдимга тушди. Зеро, бу ҳолни, яъни «хушҳоллик терапияси»ни синаб ҳам кўрганман. Бироз хушчақчақ бўлсам, худди энап таблеткасини ютгандай енгил тортаман.
Инсоннинг хаёлидай эркин ва озод нарса борми бу оламда
? Фикран билган номаъқулчилигингни қилсанг ҳам бировнинг иши йўқ.
Кўз ўнгим
да «Сув париси»ни гавдалантирдим. Эҳ, ёш йигит бўлиб қолсам ва уникига меҳмон бўлиб борсам. Мириқиб суҳбатлашсак. Фикрларимиз уйғунлигидан роса қувонсак, кулсак. Ора-орада шампан виносидан ютиб, сиёсат, иқтисод борасида баҳслашсак ва ҳар гал мен ул сарвқоматни қойил қолдирсам, ҳайратга туширсам... Амалдорларни ғийбат қилсак ва дафъатан енгил тортиб, тағин кулсак...

Кейинчи,кейин...
   Ўзи, биз, эркаклар... Сут эмизувчилар синфига мансуб, кичик ҳарф билан ёзиладиган «homo sapiens»мизда..

 

– Шундан кейин ҳокимиятдагилар бу уйни бузиб ташлашдан ўзга илож топишолмаганди.

-Бир неча йил муқаддам паррандачилик фабрикасидаги “обком ўлган уй”ни ҳам бузиб, қутулишгандай.