суббота, 3 апреля 2021 г.

2. Жаҳонгашта Нусрат Раҳмат

 – Устоз, «Мени ёзувчи қилган – газетачилик;  қўлда қалам ва блокнот билан Бухоронинг жин кўчаларидан тортиб,  Қизилқум бағригача, Ҳинд океанидан тортиб, Буюк Хитой деворигача, Литвадаги концлагердан тортиб, Грузия чой плантацияларигача бўлдим, дегандингиз, ибратли саёҳатларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

 

– Литвани ёдга солдингиз. Етмишинчи йилларда Европадаги бир қатор концлагерларда, жумладан Литвадаги Дмитравас лагерида бўлдим. Биринчи муаллимимнинг ундов белгисига ўхшаш мажруҳ оёғи дардли ғижирлаб, урушга қарши курашга даъват этаётгандай бўлиб туюларди. Хемингуэйнинг «Урушни ёмон одамлар бошлайди, унда асл инсонлар нобуд бўлади», деганининг мағзини эрта тушунгандим.

 Дмитраваснинг собиқ маҳкуми катта дарахтни кўрсатиб, ҳикоя қилди: «Биз шу дарахтга умид билан тикилиб турардик, унинг бирорта барги тўкилиши билан ёпирилиб борардик. Очлик силламизни қуритган эди. Газ камерасига эътибор беринг. Бу ерга саф тортишимиз билан маҳбусларнинг ўзлари оловнинг қаърига қараб югуриб боришарди. Ўлим, уларга нажот эди!

Тағин бир ибратомуз воқеа. У пайтлар республика газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлиб ишлардим. Баҳор эди. Ургут қишлоқ хўжалиги бошқармаси вакили билан Омонқўтон қишлоғидаги янги қурилишларни кўргани бораётгандик. Катта кўча тоққа бориб қадалган жойда биз чап томондаги сойликка бурилдик. Икки томонда баланд тоғ, ўртада дарё, унинг соҳилида эса бир машина аранг сиғадиган йўл. Бу йўл ҳам гоҳида дарёни кесиб ўнг ёки сўл томонга ўтиб туради. Эскигина «Виллис» зўр бериб юқорига ўрмалайди, гоҳида кабина ичи тутунга тўлади. Шеригим ана шу сойликда курилган замонавий пиллахона, маиший хизмат уйи ҳақида, уларнинг лойиҳа – сметаларини ҳал қилишда шахсан каттанинг хизмати хусусида ҳикоя қилади. Мен эса қаршимдаги чўққига бостириб қўйилган беўхшов телпакка ўхшаш қоп-қора булутнинг ғайритабиий қуюқлигидан ажабланаман. Уфқда чақмоқ ялтираганини кўраман, момоқалдироқ овозини эшитиш илинжида сукут сақлайман.

Моторнинг зўриққанини сезди, шекилли, ҳамроҳим машинага тормоз берди, сўнг эринмай тушиб, радиаторга сув сепа бошлади.

Худди шу пайтда кутилмаган ҳол рўй берди: қаршимизда бир отлиқ пайдо бўлди ва қамчисини ўйнатганича қўл силкиб, бизни аллақандай нохушликдан воқиф қила бошлади. Иккаламиз ҳам ҳушёр тортиб, дилтанглик билан уни кутдик. Масофа яқинлашгач, разм солсам, балоғат ёшидаги қиз экан. У яшин тезлигида бизга яқинлашди ва бор овоз билан огоҳлантирди:

– Қочинглар, сел келаяпти!

Ҳадемай тўриқ ортида енгилгина чанг қолди, холос. Биз жон талвасасида ўзимизни кабинага урдик. Шукурки, мотор дарҳол ўт олди. Андак илгарилаганимиздан кейин эса ажалнинг комига қараб бораётганимизни англадик, бу тор дараларда орқага бурилиб олиш ҳам унчалик жўн иш эмасди. Ҳадемай, улкан харсангларнинг бир-бирига урилишидан ҳосил бўладиган ваҳимали овозлар қулоғимизга чалинди, гувиллаган ёввойи овоз кучая бошлади. Кабинадан шаҳт билан тушиб, негадир иккаламиз икки томонга қараб қоча бошладик. Мен қояга рўпара бўлганимдан кейингина шошқалоқлик қилганимни тушундим, соҳил тик ва қалтис эди. Нариги томонга қараб, шеригим барра ўтлоқлар бўйлаб юқорига ўрлаб кетаётганини кўрдим. Шу тобда орқага қайтиш ҳам аждаҳо билан юзма-юз бўлишдек ваҳимали бўлиб туюлди. Шунинг учун ҳам чапдастлик билан чақир тошларга тирмашиб, юқори чиқа бошладим, харсанглар орасидаги аллақандай бута илдизига, сўнг баданини тикан қоплаган ёввойи бодомчага осилиб, юқори кўтарилдим. Уёғи ясси ёнбағир эди. Тағин анча юқорилагач, бўтана сув энди таъқиб этолмаслигига ишонч ҳосил қилдим-у, тин олиб, пастликка боқдим. Бешикдай-бешикдай тошлар бир-бирига урилиб, пастликка отилар, лойқа сел дуч келган нарсани комига тортиб борарди. Илдизи билан қўпорилган бир терак машинамизга келиб урилди ва уни ағдарди, сўнг ўнгариб олиб, болалар ўйинчоғидай лопиллатиб суриб кетди. Зум ўтмай, сув бетон симёғочнинг белига чиқди ва уни ҳам қулатди. Мен табиатнинг бунақа ногаҳоний ва қалтис қилмишини ҳеч кўрмаган эдим. Даҳшатли ҳайқириқ тобора кўтарилиб борар, сел шиддати дунёни босгудай эди. Мен бебош ва бешафқат қудратга узоқ тикилиб, беихтиёр инсоннинг жуда ҳам ожиз мавжудот эканлиги ҳақида ўйладим ва негадир ўксиб кетдим.

Алламаҳалдан кейин сувнинг кучи кесилди, унинг сатҳи пасая бошлаши билан мен ҳам ортимга қайтдим.

Икки-уч кунгача хаёлим ана шу табиий тўфон билан банд бўлиб юрди: даҳшатли овоз қулоғимга чалиниб тургандай, ҳамлакор тўлқинлар пастга отилаётгадай бўларди. Сўнг эса булар бари иккинчи ўринга чекинди ва мен одамларни огоҳлантириб ўтган ўша ногаҳоний қизни кўпроқ эслайдиган бўлдим: ким бўлди экан у – менинг халоскорим?! Қай бир бахтли отанинг фарзанди экан?! Кейин уни беҳудуд бир дард билан қўмсайдиган бўлдим ва беихтиёр Омонқўтон сари йўл олдим.

Одамлар ногаҳоний фалокат хусусида ҳамон энтикиш билан ҳикоя қилишар, офат кўлами ва қудратидан хабар беришга шошилишарди. Ҳа, анча-мунча нохушликлар бўлибди. Жумладан, мен кўрмоқчи бўлган ўша бинолардан ном-нишон қолмабди. Талай қорамоллар, қўй-эчкилар нобуд бўлибди. Булар садқаисарку-я, одамлар ҳам қурбон бўлишганини айтишди. Пастки қишлоқда бир аёл нон ёпиш илинжида тандирга уннаётган экан. Сувора қиз хитоб бериб ўтганда боши тандирда бўлгани учун эшитмай қолибди, болакайлари тоққа қараб қочишибди-ю, ўзи... Тағин бир киши маст экан.

Жон ваҳимасида ўрмалаб чиқиб кетганим – ўша қоя қаршисида бир зум тўхтаб қолдим. Шу ердан алпинистдай чирмашиб чиққанимни айтган эдим, ҳамроҳлар ишонишмади. Ҳақлигимни исботлаш учун қайтадан чиқмоқчи бўлдим-у, аммо уддалай олмадим. Ғалати-я?

Хуллас, кўзларидан ўт чақнаган ўша қизни излаб, аввал юқори қишлоқда чиқдим, аммо бу ерда қизнинг кимлигини ҳеч ким айтиб бера олмади. Бошқа қишлоқдагилар ҳам уни танишмади. Суриштираверганимдан кейин турфа тахминларни айтишди: юқорида геологлар, биология факултетининг амалиётга келган қизлари, туристлар, йўловчилар дегандай. Қиссаи кўтоҳ, мен уни тополмадим. Аммо орадан йиллар ўтган сари халоскоримнинг баркамол ва дуркун қомати, бесарамжон нигоҳлари, ногаҳоний шиддати кўз ўнгимда тиниқлашиб, улуғланиб, муқаддаслашиб бораверди.

 Аммо бир художўй банда мени тинчлантирди:

– У қизни дараклаб юрманг, тополмайсиз. Бирор қилиғингиз Худога ёққан экан, у қиз тимсолидаги фаришта сизни қутқариб қолган.

Ана шу воқеалардан ибратланиб, «Фарзандга ўгитлар» китобимда шундай ёзганман:

Меҳрибон қизим, қизлик ва навжувонлик фасли кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Мен ўша отлиқ қизни ички бир энтикиш билан қўмсагандай, одамлар сени ҳам эзгу туйғулар билан эслашларини орзу қиламан. Сершафқат ва раҳмдил бўл, болакайларни бағрингга бос, пешонасидан ўп, дилшикаста аёлларнинг кўз ёшларини артиб қўй, жониворларни золимлардан ҳимоя қил!
Майли, ёшлигингдаёқ Оврупо ва ғарб адабиёти, маданиятига меҳр қўй, аммо оёғинг мўйсафид шарқ тупроғидан узилиб кетмасин! Урф-одатларимиз, анъаналаримиз, диний эътиқодларимизга беписанд бўлиш – ота-онага, боболарга ҳурматсизлик эканлигини унутма! Худо кўрсатмасин, бошингга оғир кунлар, ногаҳоний мусибатлар тушганда руҳинг тушиб, қаддинг букилиб қолмасин! Олдингда ҳали шуълакор ва мунаввар кунлар кўплигини ёддан чиқарма!

  Бу нотинч оламда бандасининг бошига нималар тушмайди дейсан?! Омад юз ўгириб ёки фалокат юз бериб, тушакда ётиб қолсанг, ўксишга сира ўрин йўқ! Мен ҳамиша сен билан биргаман! Мабодо бўлмасам, кўзингни юмиб, мени ёдга ол. Шунда бир меҳрибон ва далдакор нигоҳ умид билан термулади, ҳароратли пешонангга кимдир жуда ҳам таниш ва маҳбуб бармоқларини тегизади! Бу, руҳан менинг нигоҳларим, менинг бармоқларимдир! Бу худонинг иноятидир!

 

 – Ибратли гаплар... Устоз, асарларингизда хатоларингиз ҳақида гапиришдан ор қилмагансиз. «Мен редакцияданман» деган китобингизда Маугли ҳақида ҳикоя бор эди. Бу ҳикояни ҳам хатоларимдан бири, дейсиз. Нега шундай, ўзингиз айтиб беринг!

 

 – Сизнинг ҳам ҳаётингизда ибратли ҳодисалар кўплигини биламан. Майли, газетага ишга келиб, илк бор йўл қўйган хатом ҳақида гапира қолай.

Мен махсус мухбир бўлсам ҳам, қишлоқ хўжалиги, адабиёт ҳамда иқтисод бўлимларига баб-баравар кўмаклашардим. Ўшанда адабиёт бўлимининг мудири, шоир Суръат Орифийнинг столи устидаги мактуб эътиборимни тортди. «Қоратоғли Маугли» деб номланган бу мақолага география фанлари кандидати, Халқаро география жамиятининг аъзоси имзо чекканди. Унда ёзилишича, Форишнинг Қоратоғ қишлоғида Жиян деган бола ногаҳонда йўқолиб қолибди, уни ҳарчанд излашса ҳам топа олишмабди. Орадан икки йил ўтгач, Жиянни бўрилар маконидан ушлаб олибдилар. Бола бўрига ўхшаб увлайдиган, тўрт оёқлаб юрадиган, овқатни ҳам ўша жониворлардек чўккалаб ейдиган бўлиб қолган экан. Мақолага Жияннинг турли ҳолатдаги суратлари илова қилинганди: суратлар ҳам унинг ғайритабиийлигидан далолат берарди.

– Қизиқарли мақола экан, – дедим негадир Орифийнинг эътиборини тортиш илинжида.

У ойлаб эътиборсиз ётган мақолани ўқиб чиқди-ю, фикримга қўшилди. Чоп этишга тайёрлаб беришимни илтимос қилди. Мен ҳам мақолани машинкадан чиқариб бердим. Шоир олди-қочди жойларини қисқартириб, силлиқлаб секретариатга топширди.

Мақола босилиб чиқди ва кўпчиликнинг эътиборини тортди. Уни йиғилишда мақташди. Ой охирида бўлим мудирига мукофот ҳам беришди.

Бўлим мудири, муҳаррир менинг ҳиссамни таъкидлашмаганини ўйлаб, жилла ўкиниб юрганимда иш тескари тус олиб кетди.

Рус тилида босиладиган газетанинг муҳаррири Лев Абрамович анчайин калондимоғ, нописанд, ҳаннот одам эди. Лекин шунга қарамай, у билан ҳисоблашишарди: хушлаган кишисига уй, машина олиб бериш бу корчалонга қийин иш эмасди. Лев Абрамович редакциямиздан фақат Орифийнинг ҳузурига кириб турар, у билан адабиёт хақида суҳбатлашишни хуш кўрарди.

Бу редакцияда энг доно одам сен, дерди у Орифийни хижолатда қолдириб.

Бир куни у суҳбат чоғи, газета тахламини варақлайди ва ногаҳонда «Қоратоғли Маугли»га кўзи тушади. Бўлим мудири мақоланинг мазмунини айтиб бергач, қизиқиши янада ортади.

Хуллас, мақола рус газетасида босилиб чиқди. Республика матбуотида эълон қилинди. Кўп ўтмай радио ва телевидение бу сенсациядан одамларни хабардор қилди. Маугли тўғрисидаги шов-шувлар кундан-кун авж олар ва Лев Абрамович ҳатто асл муалифни ҳам тан олмай, бу янгиликни ўзи кашф этганини кўкрак кериб гапирарди.

Самарқандда мазкур масала юзасидан матбуот анжумани ўтказиладиган, Жиян тўғрисида фильм олинадиган бўлди. Чунки биздан ҳали Маугли чиқмаган ва бунинг ўзига яраша илмий аҳамияти бор экан-да.

Тасодифни қарангки, Москвада чиқадиган «Комсомольская правда» газетасининг ходими Лев Абрамовичнинг «Маугли ҳузурида» деган мақоласини эълон қилишдан олдин, шу соҳа бўйича йирик мутахассисга кўрсатади.

Мен бу гапни эшитдим, дейди олим ишонқирамай. – Ахир Ўзбекистон Ҳиндистон эмас-ку! Қишда совуқ ўттиз даражадан ошиб кетади, бола нари турсин, катта ёшдаги одам ҳам бир кечада қотиб қолади. Бунинг устига овқатсиз, бошпанасиз...

Бу жумбоқ ҳамон бошимни қотиради. Нега буни мен ўйлаб кўрмадим? Нега бу очиқ хақиқатни мазкур мақола эълон қилинган ўнлаб!! оммавий ахборот воситаларининг маъсуллари хаёлдан кечирмадилар?

«Журналист» «Маугли сабоқлари» сарлавҳали мақоласида Форишга уюштирилган экспедиция натижаларини ёзиб, минглаб, миллионлаб кишилар алданганлигини надоматлар билан маълум қилди.

Аён бўлишича, боланинг асли исми Мамат бўлиб, ота-онасидан эрта ажралгани, тоғасиникида яшагани учун Жиян дейишаркан. Жиян ҳақиқатдан ҳам қишлоқда икки йилча бўлмабди. Бу ҳақда тоғасининг гапи айнан келтирилганди.

«Болада сал етишмайди, савдойироқ. Балнисага олиб бордим, қишлоқчилик, тоғаси сиғдирмабди, дейишмасин деб ҳалиги гапни тарқатганман».

Лев Абрамович бор айбни бошқаларга тўнкамоқчи бўлди, аммо тусланиш наф бермади: ғалчани ишдан олишди.

Муҳтарам ўқувчим! Мабодо сиз бирор газета ёки журналда фалон тоғда қор одам бор, фалон қишлоқда бир табиб докторлар тузата олмаган ҳар қандай беморни даволаб юборади, фалон кўлда диназаврлар яшайди, фалон жойда коинотдан одам келибди, деб ёзса сира ишонманг! Ишонманг, тамом! Бундай бўлиши мумкин эмас! Биз бундай мўъжизаларни бир умр кутиб яшаймиз - шунинг учун ишонгимиз келади ва туйғуларимиз бизни бот-бот чалғитиб туради. Бўлгани шу!

Мобода сиз журналист бўлсангиз-у, ном чиқариш учун ана шундай олди-қочди гапларга кўп ўрин берсангиз, бу ғирромлик бўлур эди.

Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда: «Одам боласини Худонинг ўзи билан ёқалаштириб қўядиган газетачилардан асрасин».

Матбуотдай муқаддас нарсага нуқул ёлғон ёзиб, одамларни чалғитиш дастурхон устига муляж қўйишдай гап.

 

«Буни ҳаёт дебдилар»

 

– Устоз, шахсан менда ўша «Мен редакцияданман», «Фожиа», «Буни ҳаёт дебдилар» деган китобларингиз яхши таассурот қолдирган. «Буни ҳаёт дебдилар» романингиз ўғлингиз Улуғбекнинг номидан ёзилгани қизиқарли. Келинг, китоб аввалидан бир парча келтирайлик:

 

«Ниҳоят, бугун – 1970 йилнинг 1-июнь куни, нақ туш маҳали дунёга келдим. Қани, ҳаёт деганларини ҳам бир кўрайлик-чи, қанақа бўларкан?!

Илк бор ҳис этганим, вужудимдаги зирқироқ оғриқ ва мен ҳали кўникмаган совуқ муҳит эди. Овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Кимдир мени даст кўтариб олди ва илиққина сувда чўмилтирди. Фарёдимга эса ҳамон қулоқ солишмасди.

– Уч ярим кило, – деди мени тарозига қўйган ҳамшира шеригига.

Аслида, мен сал кам тўрт кило эдим. Кўра-била туриб, тарозидан уриб қолишди-я! Дунёга келганим заҳоти оғриқ, совуқ ва қаллобликка дуч келаман, деб ўйламагандим. Бундай пайтда йиғламай куласанми киши?!

– Намунча бақиради бу? – деди жавобан доя опа жеркиганнамо қилиб.Истасанг шу.

– Буни ҳаёт дебдилар, чидаш керак, – давом этди иккинчиси.

Сўнг мени оппоқ чойшабга ўрашди. Мазза қилиб ухладим.

Уйғонсам, бир талай чақалоқлар орасида ётибман. Уларни сизга таништирардим-у аммо исмларини билмайман-да. Зотан исмларини бу нодон чурвақаларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Чунки уларга ҳали исм қўйилган эмас-да! Менинг исмим ҳам баҳслироқ. Уйимиздагилар ҳануз бир тўхтамга келолмай ҳалак. Агар ҳақиқатдан ҳам ўғил бўлиб туғилсам, бувим Иброҳим бўлишимни, дадам Зарафшон, ойим Улуғбек деб аталишимни исташади. Менга эса барибир.

Ажабо! Ёнимдаги қизалоқ нега чинқириб йиғлаяпти, экан-а? Йиғлоқи. Бу ёнимдагиси ҳам бошлади... Демак мен ҳам кўпчиликдан четда қолмаслигим керак! Ҳаммамиз жўр бўлиб йиғлаётган эдик, доя опалар келишди-ю, бизни кўп кишилик аравачаларга юклашди. Сўнг номерларимизга қараб, ойиларимизга улашиб чиқишди...

Бемажолгина бўлиб ётган ойим мени авайлаб бағрига босди. Энтикиб кетди, қувончдан бўлса керак, кўзларига ёш олди. Мен мазза қилиб сут ичдим.»

Она сути! Бу ҳароратли неъмат илк бор бўм-бўш ичакларим, ҳувиллаб ётган ошқозонимни тўлдирди. Назаримда олам мунаввар бўлиб кетди. Яна ухладим.

* * *

Бугун уйга кетармишмиз! Эҳ, нақадар соз! Ҳаммадан ҳам ойимнинг шодлиги беҳудуд.

Каминага рухсат беришдан олдин врач аллақандай ҳужжатларни тўлдирди. Кеча дадам олиб келган туғилиш гувоҳномамни очиб, эшитилар-эшитилмас ўқиди ва дафтарига қайд эта бошлади.

– Раҳматов Улуғбек Нусратович. Жинси эр. Туғилган жойи Самарқанд район, Даштаки боло қишлоқ совети. Ҳа, тузук.

Тузук эмиш. Ғалати-ку бу катталар. «Эр» деб ёзишганини ҳам кечириш мумкин. Аммо туғилган жо­йим масаласи ҳам чалкаш. Камина Самарқанд шаҳридаги биринчи туғруқхонада дунёга келганимни барилари балодай билишади-ку! Нега энди кўра-била туриб нотўғри ёзишади?

Майли, садқаи асаб!

Майли, хайр, киндик қоним тўкилган даргоҳ «роддом»!

Хайр, оқ халатли меҳрибонлар!

Мени ҳамшира опа кўтариб олиб, худди ўзи туққандай тантанавор йўл бошлади. Ойим ички бир ҳаяжон, беҳудуд бир энтикиш билан бизга эргашдилар.

Эҳ-ҳе, ташқари нақадар кенг, ёруғ, сарҳадсиз... Бўсағада бизни анчайин киши кутиб ўтирган экан. Энг аввал одмигина кийинган кампир (бувим бўлсалар керак) биз томон интилиб, ойимнинг пешанасидан ўпдилар, кейин каминанинг. Ҳамшира опанинг чўнтагига бўлса аллақандай увада қоғозни солиб қўйдилар. Дадам андак каловланиб тургач, қўлларидаги гулни ойимга тутқаздилар. Унинг ҳиди, дилкаш бўёқлари сержило эди. Шофёр амаки машинасини бизга яқин тислаб, эшикни очди. Мени авайлабгина кўтариб олган бувим олдинги ўриндиққа, қолганлар эса орқага ўтиришди. Машина катта йўлга тушди. Кўча кенг, узун гавжум эди. Серташвиш одамлар, ғизиллаган машиналар бир-бирларига гал бермай саросималанишарди.

Кабинадагилар нуқул кулишади. Ҳазил-мутойиба қилиб, ойим билан каминага ҳамду санолар ўқишади? Назаримда ҳаёт деб аталган бу дунё жуда хушчақчақ қурилгандай. Омон бўлсак, кўраверамиз.

Мен узун йўл ҳақида ўйлайман: у олисмикин, қийинмикин?! Шу хушфеъл ва сертабассум одамлар менга ҳамиша ҳамроҳмикинлар?!

Уйимизда анча-мунча киши кутиб ўтирган экан. Улар ҳам хуррамлик ва ҳаяжон билан бизни қуршаб олишди, ойимни қайта-қайта муборакбод этишди, каминага ҳам ширинзабонликлар қилишди. Мен эса ўзимни уйқуга уриб ётавердим. Шуниси маъқул. Тантаналардан талтайиб кетиш эрнинг иши эмас.

Хонадонимизда чинакамига байрам бўлиб кетди».

 

– Устоз, китоб шу тариқа ўғлингизни ветфакни битириб, паррандачилик фабрикасига ишга кирганлигигача давом этади. Улуғбекнинг ҳозирги, эллик йилдан кейинги тақдири қизиқтириб қолди мени. Агар мумкин бўлса...

 

– Улуғбекнинг шаҳарда ветеринария дорихонаси, Дарғомнинг бўйида паррандачилик фабрикаси, бройлер жўжалар очадиган инкубатори бор. Иккала укаси ҳам қишлоқ хўжалик институтини битиришди, акаси билан ишлашади.

 

– Шу китобдаги “Обий” ҳикояси анчайин шов-шувларга сабаб бўлганди. «Обком ўлган уй»ни излаб борган кишиларни биламан. Рухсат берсангиз, шу воқеани китобхонларга тақдим этсам...

 

– Ихтиёрингиз. Гап шундаки, ўғлим Улуғбек 1993 йили институтни битиргач, Самарқанддаги ягона паррандачилик фабрикасига ветврач ўринбосари бўлиб ишга кирди. Кейин ўзим ҳам шу баҳонада мазкур корхонага бориб туришни, бу ердаги ишлар, одамлар билан танишишни одат қилдим. Ушбу ҳикоя Улуғбекнинг номидан реал одамлар ва воқеалар асосида ёзилган.

 

Обий

 

Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.

«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.

«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий, яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-мошиғини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ҳаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».

Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай. Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я!) шуғулланганини тахминлашади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага кирган заҳоти ташқаридан туриб, қувурга электр токи тегизади.

Бу нохушликни яширишга ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, у ҳақда, мазкур уй хусусида афсона ёки ҳақиқатлигини англаб бўлмайдиган шов-шувлар кўпайиб кетади. Жумладан, бир отахон ана шу уйнинг томида алвастилар галасини кўрганини айтиб, қасам ичади. Табиийки, ҳозир кўпчилик инсу-жинга ишонмай қўйган. Аммо отахон ўз ҳақиқатини тасдиқлашдан чекинмайди. «Бир замонлар бу ер тўқай эди, ўшанда ҳам алвастихона, дейишарди. Улар олов ёқиб ўтиришганини, йўловчиларга эчки, чақалоқ бўлиб кўринганини кўплар билади».

Хуллас, шу воқеадан кейин фабрика маъмурияти турфа ҳангомалар ва маломатларга чек қўйиш илинжида уйни уч талабгорга тақсимлаб беради. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Шафиқа деган санитарка, Сабура деган кассир ва тағин биров киришади. Аммо кўп ўтмай ана шу уйга яширинган қора қисмат Сабурани ҳам таъқиб этади: унинг шипга осилганича қотиб қолган жасадини кўрган одамлар сесканиб тушадилар. Фақат ўша гувоҳларгина эмас, бутун посёлка, фабрика зоҳиран хавотир тортади. Ҳангомага ўч оломоннинг ҳали сўнмаган шов-шувларига кимдир бир пақир керосин сепгандай бўлади. Кассир аёл ўзини ўзи осганми ёки бу қотилликни бош­қалар қилганми, латтачайнар терговчи аниқ жавоб беролмайди...

Шундан кейин бу уйдан бошқалар ҳам кўчиб кетиш ташвишига тушади, бехосият даргоҳга одамлар йўламай қўядилар, ҳатто кундузи ҳам йўловчилар ҳадиксираб ўтадиган бўладилар.

Орадан йиллар ўтиб, миш-мишлар, ваҳималар алангаси энди тин олаётганда, кимдир тағин олов пуркаб қўяди. Одамлар бу кимсасиз хонанинг чироғи ёниб-ўчиб туриши, аллақандай баҳайбат кўланкалар изғиб юраётганлигига гувоҳ бўлишади. Бунга ишонқирамаган раҳбарлар, милиционерлар ҳам кечқурун узоқдан туриб арвоҳга ўхшаш гавдаларни кўришади: чўчиб, журъатсизгина орқага чекинишади.

Тахминлар авж олади – туман, вилоятдаги казо-казоларнинг қулоғига у яна ваҳималироқ бўлиб етиб боради. Юқори доирадаги (учлик) телефонлар жиринг­лайди, кўрсатмалар, буйруқлар бўлади. «Обком ўлган уй»га қуролли десант ташлашга қарор қилинади.

Операция (негадир уни «тишлаш» деб беўхшов номлашган) режасига биноан полковник Ўрайим Тахтаев (аслида, Иброҳим Тўхтаев бўлса ажаб эмас) раҳбарлигидаги ўттиз икки кишидан иборат тажрибали, жасур милиционерлар кечқурун, айнан чироқ ёқилган пайтда уйни қуршовга олишади. Ўқ отиб огоҳлантиришгач, радиокарнай орқали мурожаат қилишади: қаршилик кўрсатмасдан, қўл кўтариб чиқиш шартини қўйишади. Аммо акс-садо бўлмайди. Сўнгра огоҳлантириш сифатида автоматдан ўқ узиб, дераза ойналарини чил-парчин қилишади. Тағин садо бўлмагач, галалашиб ичкари киришса, ҳеч вақо йўқ. Бир чеккада бўшаган шишалар, колбаса, сигарет қолдиқлари. Шундан ке­йин операция аъзолари ўз андиликлари, лакаловликларидан роса кулишади, аскиялар қилишади.

– Биз беҳудага ваҳима қилиб юрган эканмиз, – дейди Тахтаев.Бу ер шунчаки қиморвозлар масканига айланган экан. Қолган гапларнинг бари жоҳил бандалар тўқиган сафсата.

– Ўртоқ полковник, – мурожаат қилади аскиячилардан бири.Ўттиз икки тишнинг ўттиз икки иши бор, дейишади. Ишсиз қолган тишлар мана бу колбасаларни тишлаб кетаверсин.

Улар мириқиб кулишади ва лекин ашё сифатида сигарет ва колбаса қолдиқларини ҳам қоғозга ўраб олишади.

Тинтув давом этаётган пайтда ҳеч кутилмаган ҳол рўй беради – бир шкафни очишганда, ичидан букчайганича қотиб қолган мурда юмалаб чиқади. Ҳозиргина қаҳ-қаҳ отаётган азаматлар ваҳима оғушида қуролларига ёпишадилар. Кейин, ўзларини босиб олиб, мурдага яқинлашишса, унинг тасмасига бир варақ қоғоз қистирилган ва негадир русчалаб: «Тишлаш» операциясининг чаққонлари. Ноумид қайтманглар – ло­ақал шу одамнинг … ни тишлаб кетинглар!» деб битилган экан.

Экспертиза марҳумнинг ҳам бўғилгани, ҳам отилганини аниқлайди. Мурданинг қизил ўнгачидан олинган автомат ўқини обдон текшириб кўришса... (Ё тавба! Олам тасодифларга тўла!) у айнан «Тишлаш» операцияси аъзоларидан бириники бўлиб чиқади. Шўрликни (исми-шарифи Бўрибой Бўронбоев) зудлик билан ҳибс­га олишади. Яна шов-шув, ваҳима. Аммо тергов жараёнида бояқиш Бўрибой бегуноҳлигини исботлаб беради. Аён бўлишича, боя деразага қараб ўқ узганлар орасида ана шу ўпкавой ҳам бўлган, улардан бири шкафдан ўтиб, жасаднинг кекирдагига қадалган экан.

Бўрибойни ҳибсдан озод этишади, аммо қайтиб милицияга олишмайди: аввалги иш жойларида баднафслик қилганлиги, милицияга тасодифан кириб қолганлиги аён бўлади.

Нафсиламбирини айтганда, эрталаб бадбўй товуқхоналар томон шошиладиган, кун бўйи ишлайдиган, қечқурун бирор нимарса илиб чиқишдан ўзгасини ўйламайдиган, қимматчилик, йўқчилик, амалдорларнинг ноинсофлиги ва турли ғийбатлардан бошқа мавзу, машғулоти бўлмаган одамлар учун шунақа ҳангомаларнинг бўлиб тургани ҳам тузук. Бу зерикарли оламда инсон табиати янгиликка, ислоҳотга, қолаверса, ғийбатга ташналиги табиий бир ҳол.

Шундай қилиб, одамлар янгидан-янги афсоналар тўқийдиган ва бундан ўзлари ҳадиксираб яшайдиган бўлиб қоладилар. Энг ғалатиси, бу ўйдирмаларга ҳар бир киши ўз улушини қўшиб-чатиб, ваҳималироқ тус беришга ҳаракат қилади.

Нима қилиш керак бундай шароитда? «Обком ўлган ўй»ни текислаб ташлаш керакми?! Яхшиси, лоқайд, бепарво бўлган маъқул. Охир-оқибат оломон афсона тўқишдан чарчайди-ку!

Назаримда раҳбарлар шундай даққоқ хулосага келишди.

Орадан бир неча ойлар ўтгач, аниқроғи 1994 йилнинг 1 май куни кечқурун ишдан қайтаётган санитаркаларимиз – Зайнаб, Люда, Шафиқа мазкур кўчадан қўрқа-писа ўтишаётганда, қаерданам теппасида чироқлар, антенналар ўрнатилган бир жуфт чет эл машинаси пайдо бўлиб қолади. (Люданинг айтишича, иккаласи ҳам «Мерседес-Бенс»). Аёлларимизнинг хавотирлари чандон ошади, аммо ҳангоматалаблик меҳри, янги гап топиш, тарқатиш иштиёқи ундан устунлик қилади. Машиналар айнан ўша уйнинг эшиги олдида тўхтайдилар. Ҳар бир машинадан бир аёл билан бир эркак тушади.

Шу ҳақда сўз кетганда, аёлларимиз бир-бирларига гал бермай, таърифу тафсифларни шунақа қалаштиришадики, бунга ишонишингни ҳам, рад этишингни ҳам билмай қоласан киши.

«Иккала жувоннинг ҳам либослари оппоқ, юзлари сулув, ҳатто қўлқоплари, соябонлари ҳам оқ, оёқлари ерга тегар-тегмас бўлиб юришади», дейди Зайнаб.

«Эркакларнинг шляпалари, галстуклари қоматларига ярашиқ, ораста, қўлларида нафис гулдасталар», унинг сўзини бўлади Шафиқа.

Эркаклар аёлларнинг қўлтиқларидан назокат ила тутиб, ичкари кирмоқчи бўлишганда, қаерданам Обий пайдо бўлиб қолибди. Улар Обийни ўпиб, гулдасталарни унга тақдим этибдилар.

Эртаси фабрикада бу гап бошқача оҳанг касб этди. Гўёки «обком ўлган уй»нинг тепасида иккита тарелка (номаълум учувчи жисм) пайдо бўлибди. Улар алламаҳалгача нур сочиб тургач, пастга тушиб, ойнаванд машинага айланишибди. Ундан либослари оппоқ икки парирўй тушиб, ўша ерда маст бўлиб ётган Обийни олиб кетишибди.

Энди шу гаплардан кейин Обий (Мифтахуддинов) деганимизга андак таъриф бериб ўтмасам, дилтанг бўлишингиз табиий.

Олтмишларни қоралаб қолган, ўрта бўй, ориқ бир механикни кўз олдингизда гавдалантира оласизми? Кийимлари уринган, ғижимланган, қорамой томган; шу либослар ичида вужуди ҳам ғижимлангандай бўлиб туюладиган; ичмай турса, руҳи тушиб кетадиган, бармоқлари бе­ўхшов қалтирайдиган бу одамда иллатлар билан хислатлар чегарасини белгилаш амри маҳол.

Обийни раҳбарлар ёқтиришмайди, нописандлик қилишади. Сабаби: нуқул ичиб юриши, интизомсизлигидагина эмас, балки амалдорларни баралла жеркиб, уларни муттаҳамлик, ўғриликда айблашидадир. Аммо шунга қарамай, бу одамни ишдан четлаштириб бўлмайди. Обий мастлик чоғлари кўкрагига уриб, гариллаганини кўп эшитганман: «Директор, замдиректор бўлмаса ҳам иш кетаверади, локинда Мифтахуддинов бўлмаса...» Ғалатида ўзи: товуқларга дон, сув тарқатадиган мосламалар, пульт билан ишлайдиган катакли батареялар, кондиционерларни Обийдай яхши биладиган, бузилганда зум ўтмай тузатадиган уста бу орада йўқ. Мени тўғри тушунишингизни истайман: қанчадан-қанча олий маълумотли инженер, механикларимиз бор, аммо кўп ҳолларда улар лоақал ўрта мактабни ҳам битирмаган Обийнинг қўлига сув қуйишолмайди, «Незаменимый», яъни алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ», деган русча иборани эшитганмисиз? Бизнинг корхонада истаган одамни алмаштириш мумкин, аммо арзон вино ичиб, ити билан гаплашиб юрадиган ана шу кўримсиз механикнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.

Худо кўрсатмасин, бирорта транспортёр ишламаса ёки бинода ҳарорат пасайиб ёки кўтарилиб кетса, унумдорлик тушишини, товуқлар, жўжалар оммавий нобуд бўлишини яхши билган ишбошиларимиз Обийни топиб келиб, айтганини муҳайё қилиб туришади.

Обийнинг ити жет лақабли бўлиб, испан коллиси зотига мансуб. Тумшуғи узун, сержун. Жуда вафодор. Обий маст бўлиб йиқилиб қолса, соатлаб уни қўриқлаб ўтиради. Хўжаси бирор кишини ёки буюмни кўрсатиб, «охраняй!» деса бас – унга ҳеч кимни йўлатмайди. Жет соҳибининг табиатини яхши билади, у ҳам катта-кичик бошлиқларни хушламайди, уларни кўрганда ўзини чеккага олади. Обий билан мулоқотда бўлиб турадиган оддий одамлар олдида эса кейинги оёқларида тик туриб, таъзим қилади, эркаланиб, мурувват кутади. Шунда унинг кўзлари бегуноҳ болакайнинг нигоҳларига жуда ҳам ўхшаб кетади. Хўжаси унга сўз қотганда, гапини маъқуллагандай бош тебратиб турганига кўп гувоҳ бўлганман.

– Сен, итсан, – деди у бир куни жониворга қараб.Кўп нарсаларнинг фаҳмига етмайсан. У пайтларда бир шиша «Чашма» бир сўму қирқ тийин эди. Бир сўму қирқ тийин-а! Мен аллақачон Мексикага кетардим, аммо сен – тулкитумшуқни ташлаб кетолмадим. У ерда сени яккалашади. Бу ерда менга миллатчилик қилишади-ку! Шунга ўхшаш. Лекин ишлари тушса, дум тебратиб туришади. Эркак бўлиш керак! Мифтахуддинов – мард! Бизнинг амалдорлар бир-бирини тишлаб олиш пайти келгунча, ялаб-ялқаб турадиган тоифадан. Сен ундай қилмайсан, аммо ўлгудай соддасан. Мен энди ичмайман, десам – ишондинг! Мен эса сен шўрликни алдаган эдим. Ишонма! Юр, кетамиз. Во...

Бу одам билан биринчи бор танишганим ҳақида ёзмоқчиман. Товуқ нурисини чиқарадиган тасма-транспортер ишламай қолгач, зона бошлиғининг кўрсатмаси билан уни излаб, ётоқхонага бордим. Обий ҳам, ити ҳам нохушгина кутиб олишди. Илтимосимни айтгач, чол гап сотишга киришиб кетди.

– Мифтахуддинов бўлмаса, аҳволларинг вой! Бир куни директорнинг ўзи келди. «Комиссия келяпти, кормоцех ишламаяпти», деди. «Бормайман!» дедим. «Нима талаблар бор?» деб сўради. «Во, дедим, гапни ана шундан бошлаш керак эди. Биринчидан, ётоқда мени яккалашаяпти – «обком ўлган уй»ни берасиз, ўша ерда яшайман. Иккинчидан, любой зонага кириб, тухум, товуқ олишга рухсат керак. Учинчидан, жасорат кўрсатмаса, иш кетмайди», дедим. Дарҳол тушунди – шоферига имлади. У бир йўла тўртта «Жасорат» виноси олиб келди.

– Юринг, мен ҳам тўртта олиб бераман, – унинг сўзини бўлдим.

Биз йўлга тушдик, Жет ортимиздан эргашди. Обий товуқхонага кирди-ю, қўлини чўнтагидан ҳам чиқармай:

– Транспортёр жойида, трансформатор бузилган: монтерни топиб кел! – деди. – Мен токка қўл урмайман!

Индамай монтерни излаб кетдим.

Тахминан икки кунлардан кейин Обийни чойхонада кўриб қолдим. Четлаб ўтиб кетишни мўлжаллаётганимда, танбеҳ бериб қолди.

– Сен ҳам келажакда каттакон бўласан. Амалдор дегани – катта ит дегани. Лекин Мифтахуддинов...

Ягона одам, – унинг сўзини бўлдим.

– Нима дединг? – гапим ёқиб тушди.

– Сиз «незаменимый» одамсиз, устоз!

Ширин такаллуфдан Обий ийиб кетди. Бир нималар демоқчи бўлиб жилмайди.

– Сен мени мақтама, – деди аллақандай таъмали оҳангда.Ёрдам бер.

– Нима керак?

– Чўнтагимда бир тийин ҳам йўқ.

Бу одам зарур бўлиб қолишини чамалаб, қўлига бирор шиша араққа етадиган пул тутқаздим. Обий буни кутмаган эканми, беҳад қувонди. Аммо вазият ва оҳангини батамом ўзгартириб, пайдар-пай гапира кетди.

– Молодец! Хўш, ҳаётинг қалай? Сени қийнашмаяптими? Получкада оласан. Балки кейинроқ оларсан...

Ундан кейинги учрашувимизда гапимиз алламаҳалгача қовушмай турди. Назаримда у қарзни қисташимдан хавотир тортди, мен бўлсам, тағин пул сўрашидан чўчиб турдим. Кейин мастларга хос гариллашга тушиб кетди.

– Дунёда энг буюк миллат – татар халқи. Сен билмайсан – боласан. Йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларда мактаблар, техникумлар, институтларда татар муаллимлар ишларди. Савод ўргатарди. Буни эсдан чиқармаслик керак!

– Ўзбек халқи...

– Мақтанма, – сўзимни кесди у. – Ўзбекистондан ёки бошқа республикалардан Америка қитъасида машҳур киноюлдуз чиққанми?

– Эҳтимол чиққандир.

– Йўқ! Биздан эса чиққан.

– Ким?

– Қўй! Во!

Назаримда чалғиб кетдим. «Обком ўлган уй» ҳангомалари ҳақида гапираётгандим. Аммо Обий ҳозир ўша ерда яшаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавзудан унча узоқлашмаганимиз аён бўлиб қолади.

Бу галги учрашувда ана шу саволларимга жавоб изладим.

– Устоз, – дедим такаллуф ва мурувват ила.Камина сизнинг шогирдингиз. Сиз – буюк миллат вакили.

– Мақсадга ўт, – мухтасар қилди у.

– Уйингизга коинотдан келган меҳмонлар...

– Бу ҳақда сўрама, – ёқинқирамади унга.

– Лекин ўша қизларни ҳаддан ташқари гўзал де­йишяпти.

– Ким?

– Кўрганлар: Зайнаб, Люда...

Шу тобда Обийнинг чеҳрасида зоҳирий бир мамнунлик, қониқиш ҳиссини илғагандек бўлдим. Демак, гап бежиз эмас. Обийнинг айнан ўша жойини қашлашда давом этдим.

– Қизларнинг либослари оппоқ, ўзлари ҳам оппоқ экан.

– ...

– Бунақасини бизда ҳеч ким кўрмаган эмиш.

– Ҳа, – чидаб туролмади Обий.Улар чиройли...

Демак, гаплар беҳуда эмас. Бир лаҳзалик сукунатдан кейин давом этдим.

– Қизларнинг ўзга сайёрадан келганига ишонмай турибман...

Обий ҳушёр тортди.

– Қўй бу гапларни!

Бу билан суҳбатга нуқта қўйилганди. Аммо сирни батафсилроқ билишга бўлган ташналигим оловланиб қолаверди.

Орадан бирор йилча вақт ўтди. Биз Обий билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Ҳалиги асрордан сўз очмаса ҳамки, имкон қадар тухум, гўшт, гоҳида вино билан сийлаб турдим.

Бир куни у мени атайин излаб келиб қолди. Бунақаси бўлмасди. Муҳим гапи борлиги жиддийлашган қиёфасиданоқ сезилиб турарди.

– Улуғ, сен менинг шогирдимсан-а?!

– Шундай, устоз.

– Сенга айтмоқчи бўлган гапим жуда муҳим: уни ҳеч ким билмаслиги керак, – деди атрофга аланглаб.

– Хотирингиз жам бўлсин, устоз.

– Эртага мен туғилган кун.

– Табриклаймиз! Биринчи май байрамида дунёга келган экансиз-да. Мукаррам баҳорда.

– ...

– Бизга нима хизматлар бор? Камарбаста шогирдингизмиз. Ҳеч тортинманг!

– Жуда-а нозик меҳмонлар келади.

Ёдимга лоп этиб, ўтган йилги ташрифи анча-мунча ҳангомаларга сабаб бўлган меҳмонлар тушди.

– Биз ҳам нозик қилиб кутиб оламиз-да, – дедим мамнунлик ила.

Орага мавҳум сукунат чўкди. Кутилмаганда унинг дийдаларига ёш қалқиди, аллақандай дарди янгиланган аламзададай йиғлай бошлади. Мен бу одамни ҳеч қачон бу ҳолда кўрмаган эди. Бу мағрур одам алам билан ўксиб йиғлар ва ҳар гал елкалари силкиниб кетарди. Саросималаниб қолдим. Бирор нима деб овутмоқчи бўлганимда, ўзи сўз бошлади.

– Мен дуракман, Улуғ! Номуносиб отаман! Ичкилик хароб қилган ношуд бандаман! Уяламан, биласанми, ўз аҳволимдан. Куёвларим олдида номус қиламан. Қизларим ҳам ор қилишади бу ҳолатимдан. Лекин сир бой беришмайди. Мен бўлсам, барини сезиб тураман. Ҳаммасига ўзим сабабчиман!

– Азиз меҳмонлар келадиган бўлса қувониш керак, – тағин далда бермоқчи бўлдим.

Биз тағин жимиб қолдик. Вазиятнинг ўзи шуни тақозо этган эди.

– Аҳвол ночорлигини биласан-а, Улуғ? – дардини оча бошлади Обий.

Ҳеч гап эмас, бугуноқ санитар қизларни юбораман: уйингизни тозалаб, жиҳозлаб беришади. Мана бу диван, стол, стулларни ҳам олиб борамиз!

– Тўхта, – хушламайгина сўзимни кесди у.Санитарларни қўй. Улар гапни кўпайтиришади. Ўзимдан қолар иш йўқ. Сен майда-чуйдани оборсанг, бирорта костюмингни бериб турсанг бас. Куёвларим билан танишиб ол. Уларнинг калласи ишлайди.

Мен учун аксар асрорлар равшанлашгандай эди. Обийнинг айтишича, катта қизи Мексикада кино юлдузи экан.

– «Дикая роза»да ўйнаганди, кўргандирсан.

– Бош ролдами?

Ҳа-да. Балки бош ролдамасдир. Ким билади. Эри элчихонада ишлайди. Ўзи испан.

– Кичиги-чи? – қизиқишим сўнмасди.

– Куёвимни сўраяпсанми? Ўзбек. Тошкентда қайбирам министрнинг ўринбосари эди. Мана бу каттаконлар билан келишолмай, кетиб қолди.

Унинг ҳикоя қилишича, хотини рус бўлган экан. Улар бирга яшай олмабди (ичкилик сабаб бўлса керак). Хотини қизларини олиб, Москвага кетиб қолибди. Қизлар «Халқлар дўстлиги» университетига киришган экан, куёвлар билан ўша ерда танишишибди. Аёл гоҳида Мехикодаги, гоҳида Москвадаги қизиникида (шоҳона) яшармиш.

Эртаси Обийникига борсам, йўлакларга сув сепиб, супуриб, атрофларни ҳам эпақага келтириб қўйибди. Хона имкон қадар жиҳозланган, стол устида мевалар, турли шишалар тартиб билан териб қўйилганди. Обдон ювинган, соқолларини тарашлаган, ораста либослар кийган Обийни дафъатан кўрган киши танимай қолиши аниқ эди.

Меҳмонлар анча ҳаялликдан кейин арбобларимиз миниб юрадиган, давлат рақамларидан кейин СНО деб ёзиладиган «Волга»да келишди. Аввал шофер ёнида ўтирган, капалак нусха бўйинбоғ боғлаган киши машинадан тушди-ю, тавозе билан орқа эшикни очди, инглизчалаб алланима деди. Орқа ўриндиқдан ўттизларни қоралаган, новча, тийран кўзли эркак тушди, менга қўл чўзди, ўзбекчалаб саломлашди. Бу одам Обийнинг кичик куёви эканлигини дарҳол сездим. Мулоқотимизга гувоҳ бўлган унинг ажнабий божаси хатосини тузатган бўлди – мен билан саломлашиб, алланима деди. Шундан кейин кабинадан гул кўтарган икки жувон тушди. Улар ҳаворанг плаш, бошларига шляпа кийиб олишганди. Бу икки жувон Обийнинг қизлари эканлигини таъкидлаб ўтмасам ҳам бўлади. Буларнинг қай бири ўша кино юлдузи эканлигини фарқлаш илинжида ўғринча қараб олдим, аммо ўзимга таниш бирорта белгини илғай олмадим. Қизлар жуда ўхшаш ҳам эди, улардан бири фақат оқ қўлқоп кийгани билан ажралиб турарди, холос. Улар менга умуман эътибор беришмади, Обийга отилиб, уни ўпишди, кўзларига ёш олиб, алланималар дейишди.

Биз ичкарига кирдик. Жувонлар ястаниб ўтириб, йўл азобидан монолог ўқишга киришишди. Шу орада Обий мени меҳмонларга таништирди.

Маълум бўлишича, Мексикалик меҳмонлар икки кун олдин Москвага келишган экан. Кейин Самарқанд­га учадиган самолёт рейси кечикибди. Салондаги тартибсизлик, санитарияга зид ҳолатлар меҳмонларга ўтиришмабди. Уларга узатилган кофе ва таомларнинг усти ёпилмаганлиги, савдогар йўловчиларнинг маданиятсизлиги ҳақида сўз кетди.

Ўзбек куёв амалдор дўстидан хизмат машинасини (ҳозир ташқарида турган) сўраган экан, у ҳам кечикиб келибди.

Бир пиёладан чой ичиб олгач, жувонлар сирлигина қилиб, алланималарни таклиф қила бошлашди. Куёвлар бир-бирлари билан кўз югуртириб олгач, хайрихоҳ бош силкишди ва Обийдан рухсат сўраган бўлишди.

– Бирорта ресторанга бориб ўтира қолайлик!

У индамади. Назаримда унга барибир эди. Қаерда бўлса ҳам қизларининг дийдорига тўйса кифоя.

– Самарқандда энг яхши ресторан қайси? – савол берди куёви бу гал мен томон ўгирилиб.

– «Интурист», «Юбилейний», – билганимча жавоб қайтардим.

Кўп муҳокама бўлмади, «Интурист» танланди.

Ресторан катта залининг жуда ёруғлиги, қандилларнинг турли рангларда жилоланиши, чор тарафдаги ганч ўймакорлигининг бетакрор нақшлари, анвойи гуллар, шинамлик; официант йигитларнинг башанг кийимлари, тавозелари дилимизга илиқлик бахш этди. Куёвлар зал мудирини дараклашди, унга алланима деб шипшишди. Ажнабийлар чўнтагидаги ҳидни олган чаққонлар чапдастлик билан жой ҳозирлашди, стол устини ноз-неъматларга тўлдиришди.

Опа-сингиллар биздан узр сўраб, бир неча дақиқага жавоб олишди. Фурсатдан фойдаланиб, кичик куёвга саволлар бердим.

– Сизнинг рафиқангиз ҳам санъаткорми?

– Йўқ, у иқтисодчи. Опаси кино юлдузи.

– Қайси фильмларда кўрганимни яхши эслолмаяпман.

У бир зум мушоҳада қилиб олгач, давом этди.

– «Раққосанинг қисмати» фильмида бош ролни ўйнаб, «Олтин нилуфар» мукофотини олганди. Шунинг ўзи таъминлайди буларни. Бу фильм ҳали бизда дубляж қилинмаган. Ундан олдин «Бойлар ҳам йиғлайди» фильмида Сара ролини ижро этганди.

Ҳадемай, жувонлар батамом ўзгача либос ва кайфиятда пайдо бўлишди. Енгилгина пардоз уларнинг чеҳрасини батамом сулувлаштириб юборганди. Бағоят ингичка қилиб сурма тортилган қошлар, шафтоли гулини ёдга солувчи яноқлар, оппоқ, яланғоч елкалар узра паришон сочилган тиллоранг сочлар... Дудоқлар ва билакларнинг нафислиги, лаблардаги қуюққина бўёқлар, садафранг тишларни таърифламай қўя қолай. Татар ва рус қонлари қоришмасидан бунёд бўлган бу беназир вужудлар пардоз туфайлигина эмас, табиатан бағоят нозанин бўлишгани учун ҳатто ҳис-туйғулари ўтмаслашиб қолган киши ҳам беихтиёр тамшаниб қўйиши турган гап.

Мен Сарани дафъатан танидим. Гарчанд опа-сингиллар бир хил (оппоқ) либосда ва эгизакдек ўхшаш бўлишса ҳамки, тасаввуримда унинг сўзлари, ҳаракатлари қайта тикланди.

Биз хушомадлар қилиб, уларга жой кўрсатдик.

Биринчи қадаҳ, албатта, ана шу ўтиришнинг бош сабабчиси – Обий учун кўтарилди.

Катта куёв музикачилар олдига бориб чулдиради, таржимон ҳам топилди ва унинг муддаосини тушунтириб берди. Машшоқлар бош силкиб, розиликларини билдирдилар, сўнг айрим чолғувчиларни алмаштирдилар, баҳслашиб, созларни қайтадан жўр қилишди.

Кўп ўтмай нотаниш, аммо дебочаси биланоқ дилни энтиктирувчи оҳанг сел бўлиб оқабошлади. Виолончел, флейта ва яна алланималар жўрлигидаги бу куй шарқ ва ғарб оҳангларининг бетакрор уйғунлиги эди. Айрим фильмларда Мексика тангоси, лўлилар, испанлар рақсидаги гоҳида сокин, гоҳида кескин ҳаракатларни кузатиб, ҳайратга тушган дамларимни эсладим.

Шу пайт нигоҳларимиз Сара (уни шундай деб атақолай) билан тўқнашди ва унинг қорачуқларида нур ялтираб кетгандай бўлди. Вужудида исён уйғонаётганди, бу нозаниннинг! Чунки қадрдон оҳанг зўр бериб, даврага чорлар, фақат ҳаёми, андишами унинг ҳарир этакларидан тортиб тургандай эди.

Сара жўшқин туйғуларини ортиқча жиловламади: яланғоч қулочларини кенг ёзиб, ўртага тушди. Аввалига унинг ҳаракатлари батамом эркаклар рақсини эслатди менга. Бағоят кўҳли бу гулчеҳрага йигитлар рақси бунчалик ярашишини худо ҳаққи, хаёлимга ҳам келтирмагандим. Эҳтимол, айрим жувонларда эркаклар хос қатъият, жасоратни кўриб, тасанно айтган дақиқаларингиз бўлгандир?! Ана шундай ҳолат оғушида эдим мен.

Кейин эса оппоқ, чиройли оёқлар оҳангга ҳамоҳанг рақс қила бошлади. Улар аввал секин, сўнг тезроқ мармар полга урилиб, ноғораникига ўхшаш садо чиқара бошладилар. Зал жонланди – нигоҳлар жиддий аммо сеҳрли вужудга қадалганди.

Сиз «қайроқ» рақсини биласиз, албатта. Бунда раққоса бор вужуди билан ўйинга тушган ҳолда, ҳовучлари орасидаги тошларни ҳам сайратиб юборади. Машшоқлар ритми, нотасини бузмай, баръакс уларни тўлдиради, мадад беради.

Океан ортидан ташриф буюрган бу кино юлдузи эса айнан пошналари билан янги куй яратар ва бу ҳамоҳанг овоздан ўзи ҳам сармаст давра айланарди.

Қарсаклар, қийқириқлар янграй бошлади. Шуниси ғалатики, унинг ўзи ҳам туйғулари жунбушга келганда ҳамоҳанг қийқирар ва бу ҳам дилларни зоҳиран ларзага солар, сармаст кайфиятларни тағин оловлантирарди.

Бу орада биз раққосадан деярли кўз узмаган ҳолда шундай қудратли санъатни бизга мерос қилиб қолдирган яхши одамлар учун қадаҳлар кўтардик. Ҳадемай кайфим ошди – кўз ўнгимда сарҳадсиз океан, соҳилга бир меъёрда урилаётган тўлқинлар, денгизчилар, ҳабашлар гавдаланди. «Интурист» ресторани уммон ўзра чайқалиб-чайқалиб сузаётган кемага менгзарди.

Эҳ, бетакрор эди буларнинг бари!

Жувон одамларнинг завқига завқ улашиб, давра айланарди. Дафъатан кескин ҳаракатлар ўрнини сокинлашиш эгаллар, раққоса юзида ғамзами, дардми зоҳир бўлар, бундай лаҳзаларда ўкинган вужудни қучгинг, овутгинг, шакаргуфторликлар қилгинг келарди.

Ногаҳонда ҳаяжонли нигоҳларим Обийга ва унинг иккинчи қизига тушди. Обийнинг кайфи баланд эди, официантга ана шу раққоса, яъни Мексика кино юлдузи унинг қизи эканлигини ифтихор ила уқдирарди. Сўнг ёнидаги қизи томон имлаб, алланималар деди. Қизи эса шоҳисталик ила опасининг хиромон ҳаракатларини беҳудуд ҳавас, ташналик ила томоша қилар, завқдан қорачиқлари ёнар, нимадандир сескангандай бўлиб кетар ва бундай лаҳзаларда дуркун кўкси силкиниб қўярди. Табиат шу аёлга келганда, бор сахийлик ва садоқатини тўкиб солгандай эди: ҳусн тароват, жозибали вужуд билан бирга, одамларани  ҳайратга соладиган ҳунар ҳам берганди!

Рақс – бетакрор санъат. Аммо уни томоша қила билиш, ҳайратга тушиш ҳам ҳунар эканлигига имон келтирдим ўшанда.

Ичкилик сеҳрими, туйғулар жунбушими – ҳамон давра айланаётган Сара назаримда муз устида сирғанаётгандай бўлиб кетди. Ўрнимдан туриб, аввал оёғим остига термулдим, кейин уни томоша қилаётганлар сафига қўшилдим. Назаримда сармаст оломон даврада машҳур Мексика юлдузи ўйнаётганлигини сезиб қолганди. «Виктория!» «Мария!» «Сара!» деган мурожаатлар янграй бошлади. Кимдир инглизчалаб: «Яшасин, Мексика!» деди.

Оҳанг авж пардаларга кўтарилди. Раққоса кескин сакраб, қийқирди. Шунда унинг этаклари, кўтарилиб, оппоқ кўйлагига қарийб ҳамранг сонларни кўриниб кетди. Бир йигит (ўзбек ё тожик бўлса керак), Саранинг устига хазонрезгидай қилиб пул сочиб юборди. Қайдандир болакайлар пайдо бўлишди, кейин ошпазлар, официантлар оч эчкилардай пул теришга тушдилар.

Бу ҳол негадир раққосанинг завқини сўндирди. У ўйинга якун ясади.

 (Интернетдан қидириб топдим, менингча, соҳибжамол бу актриса Марина Дорель бўлиб, «Бойлар ҳам йиғлайди»дан ташқари «Ёнаётган эҳтирослар», «Қон таъми», «Колорина», «Мен ўмарган уй» каби фильмларда ҳам суратга тушган, рақсга усталигидан «Колорина» фильмида тунги клубда рақс тушадиган раққоса ролини ўйнаган экан,деган тахминга келдим. – таъкид бизники. Каримберди Тўрамурод.)

Орадан бир неча дақиқа ўтиб, чолғувчилар ўзга оҳангни бошлагач, шеригим (кичик куёв) тоза ҳавога чиқиб келишни таклиф этди. Бу маъруф одам билан бўладиган бир неча дақиқалик мулоқот тасаввурларимни ағдар-тўнтар қилишини ва охир-оқибатда ҳаёт йўлимни бошқа ўзанга буриб юборишини хаёлимга келтирмагандим ўшанда. Унинг теран мушоҳадалари, сиқиқ ва радикал мулоҳазалари онгимга тоза ҳаво бўлиб кирди.

Суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, у аввал республикамизда министр ўринбосари бўлиб ишлаган экан, кейин катталар билан келишолмай, Москвага кетиб қолибди. Раҳбарларимизни, жумладан, вилоят ҳокимини ҳам яхши биларкан, аммо уни мақтамади, бўш-баёвликда айблади.

– Қайси куни кабинетида гаплашиб ўтиргандим, бир киши важоҳат ила кириб келди. Кейин билсам, ишдан олинган ҳокимлардан бири экан. «Менга иш топиб берасан!» деди сан-санлаб. «Халқнинг ҳисобидан ҳашаматли иморат қурмаслик керак эди», деди буниси. «Ўзинг қурмаяпсанми?» ўшқирди у. Билдимки, тили қисиқ.

Ҳа-да, асосий ишлар қолиб кетяпти, – унинг фикрига қўшилдим. – Самарқанддаги заводлар бирин-кетин тўхтаяпти, қишда газдан ҳам маҳрум қилишяпти.

Шундан кейин мавзу беихтиёр менинг тақдиримга кўчди. Аввал фабрика ҳақида сўради.

– Қарзга ботганмиз. Уч миллион сўмга яқин.

У надомат ила сарак-сарак бош тебратди ва давом этди.

– Бўғзигача қарзга ботган бундай афтодаҳол хужайинга хизматкор бўлиш арзимайдиган иш. Бизда бу фабрикаларнинг келажаги ҳақида бир нарса дейиш қийин.

– Дори-дармон йўқ, озуқада калория жуда паст, – давом этдим.

– Агар сотишса, бирорта корпусини харид қилиш керак, – деди бир дақиқалик сукутдан кейин маслаҳат оҳангида. – Қарз керак бўлса, мен ёрдам бераман.

Унинг валломатлиги меҳримни жўш урдирди.

– Бу дилимдаги орзу, – ҳаяжонимни яширолмадим.Аммо айрим идора каламушлари хусусийлаштиришнинг бориб турган душманлари-ку!

– Биламан, – надомат чеккан бўлди у.Айнан шу масалада келишолмай кетганман. Қаранг, мустақиллик эълон қилинганига олти йил бўлаяпти-я! Буларни барибир сотишади, аммо вақтни беҳуда совуришгани қолади.

– Ўша яҳудийга сотишганда ҳам сақлаб қолиш мумкин бўларди, – давом этдим.Бу тариқа барбод бўлиши турган гап! Мен ўттиз минг товуқ сиғадиган корпуслардан бирини олардим. Дон билан дорини ернинг остидан бўлса ҳам топардим. Оғайниларим, дўстларимни ишга қўярдим, уларга яхши ҳақ тўлардим...

– Модомики сотишмас экан, бу ердан кетиш керак – ўйчанлик билан маслаҳат берди меҳмон. – Бизнесга! Умр беҳуда ўтмасин!

Худо ҳаққи, бу ҳам дилимдаги сархуш сароб эди. Аммо ветфакда беш йил ўқиб...

– Ветеринария соҳасида ҳам бизнес қилиш мумкин, фикримни уққандай давом этди суҳбатдошим. Масалан, фирма очиб, Россиядан дори-дармон олиб келиш, чет эл фирмалари билан боғланиш мумкин. Савдо ёмон бўлмас...

Ҳидояткорлик бор эди бу зукко одамнинг гапларида. Биз тағин жимиб қолдик. Хаёлларим чувалашиб кетди.

– Самарқандда ветаптека борми? – сўради у.

– Йўқ. «Зоответснаб» бор, аммо у ерда ҳеч вақо йўқ.

– Тем более...

Индамадим. Бирор тўхтамга келишим учун фурсат керак эди.

Биз ичкарига кирдик. Энди кўзимга ҳеч нарса кўринмас, ҳатто Сара ҳам эътиборимни тортмас, фикру зикрим бояги таклифдан алғов-далғов, аниқроғи, ҳозирги сепилган уруғ ниш уриб, мени безовта қилаётганди.

Тағин икки соатлардан кейин биз аэропортга чиқдик. Бу ерда Сара мендаги руҳий ўзгаришни сезди, шекилли, беихтиёр гаплашди:

– Айтингчи, Самарқанднинг ўз конституцияси борми?

Бир лаҳза каловланиб қолдим. Савол анчайин тўмтоқ бўлиб туюлди хаёлимда. Лекин Мексикада ҳар бир штатнинг ўз конституцияси, парламенти борлиги ёдимга тушиб, барини тушундим.

– Йўқ, Самарқанд штат ёки давлат эмас, вилоят.

– Барибир конституция керак. Чунки бу ерда миллат ва обидалар кўп.

Шу тобда сиёсат ҳақида сафсата сотишга заррача тобим йўқ эди. Гап ўзанини беихтиёр бошқа томонга бурдим.

– Санъат ҳар қандай сиёсатдан устунлигини намойиш қилдингиз. Сиёсатчи ҳар қанча зукко бўлса ҳамки, уларни ҳамжиҳат қилолмайди. Сиз турли миллат вакилларини...

– Сиёсатда бир нақл бор, – сўзимни кесди у.Ёшликда экстремист, кексаликда компромис бўлмаган одам нормал эмас. Раққос ҳам шунга ўхшаш. Фақат ёшлигида... Боксчига ўхшаб... Кейин тамом. Боксчи тренер бўлади, раққоса балетмейстер. Ҳар ҳолда, бизнинг Америкада шундай.

Хайрлашиш олдидан қизлар, куёвлар менга илтифотлар қилишди, Обийдан бохабар бўлиб туришимни сўрашди, ташриф қоғозларини беришди. Чол қизлари билан хайрлаша туриб, кўзларига ёш олди.

Такси тутиб, Обийни ўша машъум «обком ўлган уй»га олиб келдим. Жет бизни кўриб, беҳад қувонди, оёқларимиз остида чалқанча ётганича, мурувват кута бошлади.

– Сен итсан, ҳеч нарсани билмайсан, – унга сўз қота бошлади Обий. – Бу дунёда ёмонлар бирлашади, яхшилар эса... Во! Шуни биласанми? Бугун ичмасам бўлмасди. Энди оғзимга олмайман. Балки оларман...

Уни бир амаллаб ичкарига олиб кирдим. Безатилганича бир зайлда турган столни, айниқса, кўзни ўйнатувчи шишаларни кўриб, чеҳраси тағин ҳам очилиб кетди.

– Улуғ, мени ҳурмат қиласанми?

Жавоб қайтармадим, уйга айтмай чиққаним учун шошилаётган эдим. Чала-чулпа хайрлашиб, ташқарига чиқсам, аллақандай кўланкалар юрибди. Мазкур кўча ва уй ҳақидаги олди-қочди гаплар ёдимга тушиб, юрагим увишиб кетди. Ўзимни қайта ичкари олиб, деразадан кузатдим. Қарасам, таниш қиёфалар: директор ўринбосари, участка милиционери, халқ демократик партиясининг фабрика бўйича саркотиби. Ажабланиб, ташқари чиқишим билан улар мени ўраб олиб, хавотирона саволга тута кетишди.

– Раҳматов, – одатдагидек фамилиямни айтиб мурожаат қилди партия маъмури.Ҳаммаёқда дув-дув гап – бошқа қитъадан (сайёрадан демоқчи) меҳмонлар келибди.

Нима дейишни бир лаҳза ўйлаб турдим. Нафсиламбирини айтганда, бу одамни жиним сўймасди. Фабрикада унинг лақаби Баёнқул. Бирор товуқбоқарни иккита тухум билан тутса ҳам, кабинетига олиб кириб, «Баёнот ёз!» дейди. Қитъа билан сайёранигина эмас, баёнот билан тушунтириш хатини ҳам фарқлолмайдиган тўнг-у такаббур одам. Шунинг учун қувлигим тутди.

Ҳа, меҳмонлар келишди, мен улар билан бирга эдим, – дедим.

Уччовлари ҳам менга яқинлашиб, гапнинг давомини эшитишга ошиқишди. Жим тураверганим учун милиционер тергаб қўйди.

– Гапиринг!

– Нимани?

– Қанақа одамлар экан, нималар дейишди?

– Уларга ҳеч кимга оғиз очмайман, деб ваъда бериб қўйдим-да.

Маъмурларимизнинг ҳафсалалари анчайин пир бўлди.

– Идорага юринг, – деди ниҳоят «зам».Директор кетмай ўтирибдилар. Ўзлари билан гаплашинг.

Ҳозир бош тортсам, милиционер жоҳиллик қилиши (мастлигимни рўкач қилиб, тегишли жойга олиб кетиши) мумкинлигини ўйлаб, уларга эргашдим. Йўл-йўлакай сўз қотиб, мендан гап олмоқчи бўлишди, аммо қайсарлигим баттар тутди.

Директор кетиб қолганми ёки бирор юмуш билан чиққанми, ҳарқалай кабинети бўм-бўш экан. Улар бошлиқни дараклаган бўлишди, сўнг партия котиби олдимга бир варақ қоғоз қўйди.

– Директор номига баёнот ёзинг! Кўрган-билганларингизни...

Жуда ноўнғай, танг аҳволда қолгандим. Негадир андак жаҳлим чиқди.

– Бошимда одамлар қаққайиб турса, баёнот ёзолмайман!

Улар хушламайгина чиқиб кетишди. Мен ручкани олиб, ёзишга киришдим.

«Самарқанд паррандачилик фабрикасининг директори Вафоев С. га ветврач Рахматов У. томонидан.

АРИЗА

Мени эгаллаб турган вазифамдан озод этишингизни сўрайман».

 

Имзо чекиб, 1995 йил, 1 май санасини ёзиб, столга қўйдим-у, сирғанибгина чиқиб кетдим.

 

Беҳбудий дардим, изтиробим...

 

– Қойил! Лекин айтингчи, Нусрат Раҳмат авлодидан, фақат ветеренарлар эмас, ижодкорлар ҳам чиққандир?

 

– Қизим Дилафрўз журналист. У чет тиллар институтида адабиётдан дарс беради. Мақолалар ёзиб туради. Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди ҳақида илмий иш қиляпти.

 

 – Дарвоқе, Маҳмудхўжа Беҳбудий. Сиз жадид бобомизга ўз ҳисобингиздан ҳайкал тикладингиз, у кишига бағишлаб роман ёздингиз...

 – Ошириб юборманг. Беҳбудий ўзларига ўзлари боқий ҳайкал ўрнатиб кетганлар, у кишининг асрлари олдида менинг романим ҳеч нима. Мазкур китобнинг дебочасида меҳр ва изтиробларимни шундай изҳор этган эдим:

                                     

                                         * *  *

 Эътибор берганмисиз:

 одамлар бой бўлишни исташади, аммо бойларни ёмон кўришади;

амалдор бўлишни исташади, аммо бошлиқларни ёқтиришмайди;

«Яшасин, демократия!» дейишади, аммо демократлардан хавфсирашади;

олдинги сафда бўлишни хоҳлашади, аммо олдинлаб кетганларни тартибга чақиришади.

 Маҳмудхўжа Беҳбудий ва унинг сафдошлари анчайин олдинлаб кетган кишилар эдилар.

Уларни шунчаки тартибга чақиришмади, балки аксарини тузумнинг Сибирда қурдирган машъум авахтахоналарида чиритишди, нокас ғаддорлар!

 «Инсон боласига қулоқ солмайдиган, қулоқ солишни истамайдиган ҳукуматдан, замондан Худонинг ўзи асраган бўлсин!» ( Чингиз Айтматов)

 Жафокаш халқини билим ва маърифатга даъват этгани учун шундай қаттол қисматга мустаҳиқ этишди бечораларни. Бу бахти қаро боболаримизни чоризм ҳам, большевизм ҳам, ўзимизнинг уламо-ю, катта-кичик замон зўрлари ҳам, «душман», «кофир» деб эълон қилишдан чарчашмади...

 «Ўқи! Болаларингни ҳам ўқит!» дейишгани учун бечора жадидларни отишди, осишди, тошбўрон қилишди, қамоқхоналарда чиритишди.

 Беҳбудий ҳазратларини қирқ тўрт ёшларида ваҳшийларча сўйишди. Бу ҳам етмаганидек, йиллар ўтиб, тақсирга «халқ душмани» деган тавқи лаънат тақишди. У кишининг сафдошларини ҳам...

Тақдир уларнинг барига узлуксиз чап қўлини чўзди. Лекин улар эътиқодларидан тонмадилар. Беҳбудий ўлими олдидан «Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар!» деб нидо этди. Жонини сақлашни, яқинларини ўйламади...

Шакурий домла Тошкент қамоқхоналарида жон бердилар. Шўрликнинг қабри ҳам йўқ.

 Саидризо Ализода Россиянинг Владимир шаҳри қамоқхонасида оламдан ўтди. Набираси – Фарҳод Ализода бобосининг ҳокини келтириб, Самарқандда дафн эттирди.

Ҳожи Муин Россия ўрмонларида нобуд бўлди.

Ҳамза, Сиддиқий Ажзий...

 Нима учун? Нима учун?

 Айтинг, айтинг, дунёда бундан ҳам мустабидроқ адолатсизлик, шафқатсизлик бўлиши мумкинми?!

 Начора, инсоннинг энг катта хатоси ўз хатоларини такрорлаб туришида экан. Ҳақиқат ва маърифат машъалини кўтарганларнинг қўлларини унинг олови куйдираркан. Азал-азалдан шундай бўлиб келган.

 Бу – жаҳолат! Жаҳолатга қарши эса, жадидлар айтгандай, фақат маърифатни қалқон қилиш мумкин.

 Беҳбудий инсонни фақат зиёга эмас, Худога ҳам яқинлаштирадиган, том маънодаги назаркарда инсон эди.

 Минг йиллик тарихимиз давомида жадидлар ҳаракати атиги бир бор рўй берди, холос. Миллат эса бир умр уларга интиқ, интизор бўлиб яшади, яшаяпти!

 Гоҳида фикрга чўмади киши. Инсон асрлар давомида бағоят муҳташам масжидлар, синагоглар, черковлар бино этиб, Яратганга сажда қилган ва қилаётган экан, бу дунёда атеист бўлиш гумроҳлик эмасми?!

Тараққийпарвар инсонлар азал-азалдан ватандошларини илм-маърифатга чорлаб, бу ҳаёт ва мамот масаласи эканлигини, зиёга интилмаган миллат охир-оқибат йўқ бўлиб кетишини ҳайқириб айтишаётган, бошларини кундага қўйиб бўлса ҳам курашишаётган экан, ушбу дунёда мутаассиб бўлиш ҳам имонсизлик эмасми?!

 Жадидлар жасорат кўрсатишди, аммо ўша, шўролар замонидаёқ уларни қайта тирилтирган маърифатпарвар олимларимизнинг ҳам журъати ҳазилакам бўлмади. Раҳматли Иброҳим Мўминов, Солиҳ Қосимов, Аҳмад Алиев, Бегали Қосимов, Абдумўмин Фаттоевларга Аллоҳ жаннатидан жой берган бўлсин!

Аслида, тарихни ўрганишнинг ўзи кифоя эмас, уни ҳимоя ҳам қила билиш керак. Бу сиймолар ҳар қандай тазйиқларга қарамасдан уни бало-қазолардан муҳофаза қилдилар.

Бугун ҳам ана шу эзгу ишга камарбаста бўлган Наим Каримов, Шоҳруҳхон Беҳбудий, Ингеборг Балдауф, Сирожиддин Аҳмедов, Шерали Турдиев, Бойбўта Дўстқораев, Ҳалим Сайид, Зебо Аҳророва, Дилором Алимова, Шуҳрат Очилов, Нилуфар Намозова ва бошқа жонкуярларнинг остоналари осуда, умрлари узоқ бўлсин.

 «Ҳаволанма муғанний, сен телбага сон қайда», деб хониш-у, нолиш қилади ҳофиз. Мен ҳам ушбу рўйхатга илиниб қолишни орзу қилганман. Қўлингиздаги китоб шу йўлдаги қадамлардан биридир.

Дарвоқе, бу асарни ўн йиллар илгари бошлаган эдим. Аммо Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг (ул зотни қавмлари «Маҳмудхон», бошқалар «Муфти жаноблари», «Афандим», «Ходимул миллат», «Тақсир», «Устод», «Муаллими калон» деб ҳам мурожаат этишган. Биз ҳам, ўрни келганда, бу эпитетлардан фойдаланамиз) саёҳат хотиралари, аниқроғи, «Қасди сафар» асарини кенгроқ шарҳлаш учун у киши кезган йўллардан ўтиш, яъни ўша мамлакатларга бориш, одамлар ва воқеъликни бугунги кунга таққослаш зарур, деган хулосага келгандим. Аммо орадан йиллар ўтиб, бунинг имкони бўлмади. Ҳозир мазкур мамлакатларга бориш Муаллимнинг замонидан кўра якчанд даража мураккаблиги каминани бот-бот андишаларга солди. Ёш эса ўтиб бораяпти...

Америкалик машҳур шоира Эмили Диккенсон ёзади:

«Мен Бреск майдонини кўрмаганман, бироқ у ерда гуллар қандай очилишини биламан, мен денгизда бўлмаганман, бироқ унинг мавжлари юрагимнинг тўлқинларига менгзашидан хабардорман, мен Тангрини кўрмаганман, аммо унинг меҳрибонлигини биламан...»

 Аслида, устоз саёҳат қилган юртлар ва шаҳарлар камина учун унчалик бегона эмас. Иттифоқ даврида Каспийдан ўтиб, Бокуга борганман. У киши таърифлаган Кавказ ҳамда Россиядаги шаҳарларнинг бир қисмини кўришга муяссар бўлганман. Мустақиллигимиз эълон қилингандан кейин, Истанбул ва айрим араб мамлакатларида, кўп тарихий шаҳарларда, жумладан, Қуддусда ҳам бўлдим. Ҳозир эса интернет сайтларида ўзингиз истаган шаҳар ёки юрт ҳақида ёзма маълумотлардан ташқари, талай фототасвирлар, видеолавҳалар борки, киши ўзини ўша жойларда кезиб юргандай ҳис этади.

Лекин ўтган йиллар давомида бу эзгу йўлда бекор турганим йўқ. Жумладан, елиб-югуриб бўлса ҳамки, 2006 йилда ҳукуматдан у кишига бюст ўрнатиш учун рухсат олдик ва ўрнатдик. Ҳар йили устоз туғилган – 19 январда анжуманлар ўтказяпмиз, руҳларига Қуръон тиловат қилябмиз, бюст пойи эса гулларга тўлиб кетаяпти.

Тарихий даҳолар ҳақида асар ёзишнинг мураккаблиги шундаки, жилла бадиий фантазияга берилиб кетсанг, қаҳрамонингнинг таржимаи ҳоли ва фаолиятидан чекиниш хавфи пайдо бўлади. Факт, рақамларга кўпроқ ўрин ажратсанг, асаринг газета мақоласига ўхшаб қолишидан андиша қила бошлайсан. Олтинга тенг ўрталикни топиш ҳамиша ҳам осон кечмайди.

Адабиёт жамиятнинг кайфиятини белгилайдиган, уни ўзгартира оладиган куч, дейишади. Аммо бугунги китобхонни ишонтириш, ҳайратга тушириш нақадар қийинлашганини билганингизда эди!

 Аслида, буюк шахслар ҳақидаги асарни ўқигандан кўра, уларнинг ўзлари ёзган китобларни ўқиш афзалроқдир. Амир Темур ҳақида ёзилган роман, қисса ва ҳикояларнинг ҳеч бири «Темур тузуклари»га; Бобур ҳақидагилари «Бобурнома»га тенглаша олмайди. Менинг китобимни ўқигандан кўра, устознинг қаламларига мансуб «Қасди сафар»ни ўқиш самаралироқ бўлур эди. Аммо камина ҳам шу баҳонада қаламим учида турган гапларни қоғозга туширмаслигимнинг иложи йўқ эди.

 Беҳбудий – бағоят серқирра, сермаҳсул сиёсатчи арбоб ва ижодкор. Ул зоти олийнинг тўлақонли образини яратмоқ мушкул вазифа. Биз устоз чашмасидан бир неча ҳовуч обиҳаёт олдик, холос.

 Бу ўринда шуни таъкидлаш керакки, биз Беҳбудий афандини драматургиямиз ва театримиз асосчиси деймиз. Бу салоҳиятли ва зукко инсон «Саёҳат хотиралари» ва долзарб мақолалари билан уйғониш даври деб аталадиган долғали замонда янги ўзбек публицистикасига ҳам асос солди. Мадомики шундай экан, ул зоти мукаррамни миллий қаҳрамонимиз, уйғониш даври адабиётининг сардафтари дейишга тўла асосимиз бор.

Мен ёзган асар анъанавий қисса ёки роман жанрига унчалик мос келмаслигини тан олишим керак. Аммо бугунги Ғарб ва Европанинг номдор ёзувчилари эски қолипларни бузиб, саргузаштлар, афсоналар, детективлар, публицистикага йўғрилган асарлар ёзишаётганлигини ҳам эътибордан четда қолдириш ўринли бўлмас. Мазкур романларда, биз ибрат олишимиз зарур бўлган бош қаҳрамон, сюжет чизиғи, салбий, ижобий персонажлар, муаллиф позицияси ҳам йўқ ҳисоби. Аммо, шунга қарамай, уларнинг ўқувчилари кўп. Ҳозирги рақобатли замонда эса бунинг аҳамияти озмунча эмас. Ўзимизда ҳам қалин китобларни кам ўқийдиган бўлишди. Адабиётга қаламини чархлаб, бадиий-публицистик руҳдаги асарлар кириб кела бошлади. Улар ҳозиржавоб, сиқиқ. Зеро «вақт – пул» деган ақида бизни ҳам четлаб ўтмайдиганга ўхшайди.

 Асарим жанрини «Ҳикоялардан иборат қисса» деб номладим. Зеро, бу ҳикоялар фақат Беҳбудий ёки жадидлар ҳақидагина эмас, маориф ва маънавият учун жонини тикканлар, тамаддуни баланд ёки ночор бўлганлар, улар орасидаги тафовутлар, зиддиятлар ҳақида ҳамдир.

 Асарни «Жадид» деб атадим. Беҳбудийшунос Сирожиддин Аҳмад таъкидлаганидек, аслида «янги» маъносини берадиган бу сўз миссионерлар ва мутаассиблар томонидан таҳқирлаш мақсадида қўлланган. Аммо замонлар ўтиб, у илк маъносига эришганга ўхшайди.

Китоб ҳақидаги фикрингизни сўрамоқчи эмасман. Турфа иштибоҳларга борманг. Ҳар қандай ижодкор ҳам, мен зўр асар ёздим, деган фикрда бўлади. Буни худбинлик дейсизми, оптимизм дейсизми, ихтиёр ўзингизда, аммо асарнинг ютуқ ва камчиликларини унинг муаллифидан кўра теранроқ англайдиган киши бўлмаса керак! Камина ҳам бундан мустасно эмас.

 Буни калондимоғликка йўймайсиз, деб умид қиламан.

 Остонангизга боқий осойишталик тилайман!

 Ҳаётингиз узлуксиз қувончга айлансин.

 

– Устоз, чин мухлисларингиз китобни интернет саҳифалаидан топиб ўқишар, биз шу ўринда романингиздан тағин бир парча келтирсак.

 

 

 

                                                             *  *  *

 

МУХТОРИЯТ

 

 Мухторият биз учун лайлатулқадр кечасидек умидбахшдур.

 Фитрат

 

Қўқон том маънода ўт ичида эди, эски лойшувоқ уйлар ҳам, кўп қаватли башанг бинолар ҳам аланга оғушида ёнарди. Дашноқчилар зудлик билан ичкари киришар, шоша-пиша қимматбаҳо буюмларни халтага жойлашар, сўнг уйга керосин сепишарди. Гоҳи-гоҳида залворли замбаракдан отилган ўқлар қулоқни қоматга келтириб қарсиллар ва уй-жойларни кўз очиб юмгунча хоку туробга айлантирар, сўнг эса ўша жойда катта аланга пайдо бўларди. Ҳеч ким ёнғинни ўчиришга шошилмас, аксинча, жон талвасасида дуч келган томонга қочишарди.

Қуюқ тутун орасида душман аскарларининг тўрт-беш кишидан иборат гуруҳи кўзга ташланар ва улар тезда ғойиб бўларди. Бир неча таноб ердаги қор қирмизи рангга айланганди, ўлик ва ярадорларни биров қутқарай демасди.

 Шу пайт ўт кетган уйдан бир аёл дод солганича югуриб чиқди ва мадад истаб, аскарлар томон югурди. Армани ўсмир эса уни совуққонлик билан отиб ташлади. Аёлнинг овози тинди, аммо уни ўраган олов ҳамон ёнарди.

 Ана шу тўс-тўполон, аниқроғи, ҳаёт ва мамот оралиғидаги жанггоҳда бир зиёли киши изтироб алангасида юрар, ўлимдан зарра чўчимас, аксинча ажал истаб, тентираб юрган девонаворга ўхшарди. «Тақсир, қочинг!» деди кимдир, аммо у одам чекинишни хаёлига ҳам келтирмай, ёнаётган аёлни отиб ташлаганлар томон қасдма-қасд, мардона бора бошлади.

 Бу жўмард ва аламзада инсон, Маҳмудхўжа Беҳбудий эдилар.

 Тақсир ўлимга рози бўлгандилар. Боиси, инсон табиати ва Яратганнинг хоҳишига батамом зид бу қиёмат-қойимга гувоҳ бўлишга сабру тоқатлари тугаган ва мазкур хунрезликларга ўзларини ҳам маълум даражада айбдор деб билгандилар. Тутун ва чанг орасида душманларнинг қиёфалари аниқроқ кўзга ташлана бошлади. Муаллим дашноқчилар ҳақида эшитган эдилар. Улар аввал Туркияга қарши жанг олиб боришганини, мағлубиятга учрагандан сўнг, подшо армиясига ёлланиб, болшевикларга қарши курашишганини билардилар. Бугун эса болшевиклар томонга ўтиб, тинч аҳолига қирон келтиришмоқда. Уларнинг ҳам муқаддас китобларида, инсонни ўлдириш гуноҳи азимлиги қайта-қайта битилган, ота-оналари ва муаллимлари одам қонини тўкиш не оқибатларга олиб келишини уқдиришган, албатта. Аслида, аниқ эътиқоддан мосуво бўлган бу худобехабар даҳрийларнинг мақсад муддаолари талон-тарож, бойлик орттириш бўлиб қолганди.

 Хуллас, у киши ўша жаллодлар томон ўлим излаб одимлаётган заҳоти ғалати тасодиф юз берди. Бир бой ўт тушган уйидан энг зарур ва муқаддас бойликлари солинган жомадонини қучоқлаганича қочаётганда, аскарлардан бири уни илғаб қолди ҳамда ўша томон имлаб, ўз тилида алланима деди. Жон талвасасида қочиб кетаётган бойни мўлжаллаб бир йўла уч киши ўқ отди. Ҳалиги одам юзтубан бўлиб йиқилиши билан дашноқчилар ўша томон югуришди, талашиб-тортишиб. унинг чўнтаги, жомадонини титкилаб, қимматбаҳо буюмлар ва пулларни олишди; уларни орқаларига илинган брезент қопга жойлаштиришди.

 Эски шаҳарнинг тор кўчаларида умуман юриб бўлмасди, тутун ва чанг орасида ёнаётган тўсинлар ҳам ана шу тор йўлакларга тушарди. Шунга қарамай, муфти жаноблари ажал коми сари борардилар. Очиқроқ майдонларда эса замбараклар, ҳарбий автомашина ва техникалар анчагина эди. Улар тинч аҳолини ўлдириш, шу усул билан Туркистонни ваҳимага солиш, кимки бош кўтарса, шундай забун ҳолга тушиши мақаррарлигини намойиш қилиш учун ташиб келтирилганлигига у киши ишонч ҳосил қилгандилар.

 Биржа биноси олдида шаҳар горнизонига қарашли казак аскарлари-да изғиб юришарди. Улар ҳам хонадонларга кириб, қимматбаҳо буюмларни олишаётгани, кейин эса уйга ўт қўйишаётганини кўриб, Беҳбудийнинг нафрати чандон ошди. Бу бетайинлар, асосан казаклардан ташкил топган бўлиб, яқингача аркдаги ҳарбий горнизонда подшога хизмат қилишар, болшевикларга қарши кураш олиб боришарди. Подшо тахтдан тушгач, болшевикларга хизматга ёлланишди. Аслида, буни «хизмат» дейиш ноўрин бўларди, чунки бу мунофиқларнинг ҳам ҳушу хаёли талончиликдан бошқа нарса эмас эди.

 Шу пайт бир ўсмир катта кўчани кесиб, югурганича ўта бошлади.

– Мерганлар қани, – сўради командирбашара казак.

 Ўсмирга қараб, бир неча аскар ўқ отди, аммо тегизиша олмади. Кейин нобарор мерганлар устидан қаҳ-қаҳ отиб кулишди, бир-бирларини айблашди.

– Сен айт, сен айт, – деди казаклардан бири дашноқчилар томон юзланиб. – Мен кеча бундан ҳам тез югураётган учта сартни отиб қулатган эдим-а?

 Шунчаки эрмак учун, мерганлик маҳоратини намойиш қилиш учун инсонни нишонга олишаётгани, одам зотини ёввойи қуёнга тенг кўришаётгани ҳар қандай қабоҳатдан ҳам қабоҳатлироқ эди! Беғубор ва мутлақ бегуноҳ бўлиб дунёга келган одам зотининг бу қадар тубанлашиб, гуноҳларга ботиши сабабларини англаш, тушунтириш мушкул эди. Булар, ўша Бухоро жаллодларидан юз карра бераҳм, бешафқат бўлиб кетишларининг сабаблари фақат Худога аён. Жаллод фақат амир фармойишига биноан одам ўлдиради, зеро, унинг вазифаси шу. Булар эса, ана шу юмушни шунчаки кўнгилхушлик учун қилишади. Яратгандан ҳам, виждон азобидан ҳам чўчишмайди, бу дунёда ҳамма қилмишлар учун жавоб бериш соати етиб келишини ўйлашмайди ҳам. Ваҳоланки, буларнинг ҳам онаси алла айтиб, савоб ишларга даъват этган, раҳмдил, шафқатли бўлишга чорлаган, муаллимлари барча зарбу зафарлар, ташвишлар ва курашларимиз инсоннинг бир томчи қонига арзимаслигини уқдиришган. Астағфуриллоҳ!

 Аслида, бегуноҳ одамларни ўлдириш, уларнинг уйига ўт қўйишга буйруқ беришдан муддао, халқнинг мухториятчиларга бўлган ишончини йўқотиш ва нафратини оловлантириш эканлигини фаҳмлаш ҳам қийин эмасди.

 «Балки, бу ғайриинсонийликдан Петроград бехабардур, ўртоқ Ленин билан Сталин билишмас,» деб ҳам ўйлардилар у киши гоҳида...

 Муфти ҳазратлари тағин нарироқда шаҳар касалхонаси бемору ҳамширалари билан ёқиб юборилганини кўриб, юракларига оғриқ кирди. Бир азобда чеккароққа чиқиб, ғужанак бўлиб йиқилдилар. Замбарак ва милтиқ овозлари ҳам бора-бора тинчигандек бўлди. Кейин эса барини унутиш ва Самарқандга қараб жўнашга, аниқроғи, бу фожиалар, ваҳшийликлардан тезроқ бош олиб қочишга қарор қилдилар.

 Поездда эса, виждонлари билан яккама-якка қолиб, дўстларни эсладилар: Мустафо Чўқаев қаерда экан? Убайдулла акачи, Камолқори ҳожи тирикмиканлар? Қаерда экан, бу бахтиқаролар, бошларига не кулфатлар тушдийкин?

 Ажабо, Қўқон шаҳар кенгаши ва ҳукуматнинг бошқа амалдорлари мухторият эълон қилишга қарши эмасдилар, улар бу ташаббусни қўллаб қувватлаганди-ку? Кейин эса... Қайси ҳаромиваччага ёқмади экан, бу ҳуррият эпкини? Падарига лаънат, барининг!

Поезд ҳамон илгарилаб борар, ташқарида деҳқонлар ҳеч гап бўлмагандек, анжирзорларга яхоб суви оқизишарди. Тақсир уларнинг руҳий азоблардан батамом холи бўлган ҳаётларига ҳавас билан қарадилар.

 Кейин раҳматли дадаларининг айтганларини эсга олдилар.

 «Жами динлар одам ўлдирмоқни қоралашади, локин насроний ҳам, аҳли муслим ҳам қон тўкмоқдин ўзини тиёлмайди. Адолатсизликни кўринг-ки, жиллагина жиноят қилған зиндонга тушади, аммо урушни бошлаб, ҳазорон кишиларнинг ўлимига, ногирон, ватангадо бўлмоғига сабаб бўладурғон падарлаънатнинг номи тарихда қоладур. Товба! Товба! Ўшанда биз, аҳли Самарқанд белкурак, кетмон кўтариб, Чўпонота томон чопдик. Бир маҳал ўрислар оломон устига от солиб, бандаларнинг бошлари, қўлларини бераҳмона чопиб ташламоқни бошладилар. Ҳарёқни одамларнинг фарёди тутди. Иби, иби, инсон ҳам шу қадар бераҳм бўлурму? Алар отган замбарак заминни ларзага келтирур эрди, алангаси хонадонларни хоку туроб этар эрди...»

 Бу, 1868 йилдаги рус босқини ҳақида эди.

 1917 йил қишида, яъни орадан салкам эллик йил ўтиб, уларнинг Қўқондаги қирғинига эса Беҳбудийнинг ўзлари гувоҳ бўлдилар. Бундай камситишлар, хавф хатарлардан қутулишнинг ягона йўли озодлик эканлигини у киши анча эрта идрок этгандилар. Ва айнан шу боис мухторият тарафдори бўлгандилар.

 Беҳбудий ҳазратлари, бир вақтлар кемада у кишига ҳамроҳ бўлган яҳудийнинг озодлик ҳақидаги гапини эслаб, унга таҳсин айтган бўлдилар. «Озодлик машъали, энг аввало уни кўтарганларнинг қўлини куйдиради». «Фақат қўлинимас, бор-будини, ҳатто виждонини ҳам ёндиради», қўшиб қўйган бўлдилар ўзларича.

 

* * *

 Ибтидоси эса анчайин силлиқ кечганди. Мустафо Чўқаев йўллаган телеграммада: «Муҳтарам Беҳбудий жаноблари. 1917 йил 26-29 ноябр кунлари содир бўладурғон ўлка мусулмонларининг тўртинчи фавқулодда қурултойига ноиб сифатида иштирок этишингиз сўраладур», деб ёзилганди.

 Муфти ҳазратлари Қўқонга бир кун илгари етиб келдилар ва янги шаҳардаги меҳмонхонадан жой олдилар. Шаҳарда одатдаги хотиржамлик ҳукм сурарди, дўкон ва бозорлар гавжум эди. Аммо эртаси қурултой ўтадиган эски шаҳардаги биржа биносига етиб келганларида, одамларнинг чеҳрасида, аллақандай зоҳирий севинч, нигоҳларида ногаҳоний муждалар мавжудлигини сездилар. «Мухторият» деган ширин, ҳаловатбахш бир калом бағоят эҳтиром, эҳтиёткорлик билан тилга олинаётганлигини фаҳмладилар ва ўзлари ҳам ички ҳис-туйғуларини жиловлолмай, атрофдагилар билан ҳазил-мутойибалар қилдилар.

 У кишини ичкарига таклиф этишди. Бу ердаги хонада Мустафо Чўқаев, Убайдулла Хўжаев, Ҳожи Камолқори сингари қадрдонлар билан қучоқлашиб кўришдилар. Кейин ҳаммалари залга ўтишди. Ўриндиқлар тўлиб, орқада ва эшик олдида одамлар тирбанд туришларига қарамай, олдинги қатор бўлажак ҳайъат аъзолари учун бўш турарди.

 Раислик қилувчи қурултой ишини очиқ деб эълон қилди ва унинг ҳайъатига Мустафо Чўқаев, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Убайдулла Хўжаев, Юргули Оғаев, Ҳожи Камолқори, Абдураҳмонбек Ўразаев. Соломон Гердцфельд, шаҳар ҳокими ва бошқалар очиқ овоз бериш йўли билан сайландилар. Асосий масала Мухторият масаласи эди. Биринчи бўлиб сўз олган шаҳар ҳокими: «Туркистон мусулмонларининг ўлка қурултойини чин қалбдан қутлайман ва у Туркистонга мумкин қадар кўпроқ фойда келтириб, тарихимизда чуқурроқ из қолдиришини истайман. Шубҳасиз, бизга эркин мухторият зарур», деди.

 Бу эътирофдан Беҳбудий бағоят сарафроз бўлдилар. Боиси, ҳукумат вакилининг мухториятни қўллаб-қувватлашидан дилларидаги умидни тағин оловлантирган эди. Демакки, ҳукумат мухториятга зид эмас, баракс унга мойил, тарафдор.

 Кейин сўз олган Убайдулла Хўжаев Россияда ҳозир бошбошдоқлик эканлигини, айни пайтда ҳақиқий ҳукумат мавжуд эмаслигини ва ҳозирча Россия таркибидаги Мухторият бошқарувига ўтиб, болшовойларга қарши курашиш зарурлигини таъкидлади.

 Бошқа нотиқлар ҳам Мухториятни қўллаб-қувватлаб гапирдилар. Кейин Беҳбудий жаноблари сўз сўрадилар.

– Муҳтарам ватандошлар! Энг аввало, Қўқон мухторияти, деб эмас, балки Туркистон мухторияти демоқларингизни сўрар эрдим. Ҳужжатларда ҳам шундоқ қусур кўрдум. Айрим муҳтарам бародарларимиз бошқарувда фақат мусулмонлар бўлмоқлари зарур демоқдаларким, камина бу фикрга ҳам зиддурман. Якчанд араб шаҳарларида бўлдим. Араб, яҳудий, турк, юнон ва дигар халқлар бир мушт бўлуб, юртларини бисёр обод ва фаровон этибдурлар, биз алардан чандон орқада қолибдурмиз. Биз бугун Россия таркибидаги мухториятни қўллаб-қувватлаб турибмиз, аммо бу чин маънодаги озодлик, мустақиллик учун босган илк мунаввар ва табаррук қадамимиздур. Ўша кунларга етмоғимизни ҳам Худои таоло насиби рўз айлаган бўлсин!

Залдагилар у кишини давомли қарсаклар билан олқишладилар.

Қурултой эртаси ҳам кечгача давом этди ва кечқурун, раислик қилувчи Туркистонни мухтор жумҳурият, деб тантанавор эълон қилди. Тўпланганлар ўринларидан туриб, алламаҳалгача бу муждани олқишладилар. Қуръон оятларини ҳамжиҳат бўлиб, баланд овозда қироат этдилар. Кейин байрам туси шаҳарга кўчди. Байрамни хуш кўрадиган қўқонликлар бир зумда кўчаларга чиқиб, тантаналарни бошлаб юбордилар.

 Муфти жаноблари беҳад бир қувонч, сурур билан меҳмонхонага қайтар эканлар, тезроқ ҳукумат билан шартномалар тузиш, ғалла, пахтани истаган мамлакатга сотиб, халқни яқинлашиб келаётган очлик балосидан қутқариб қолиш режаларини тузардилар. Шунда у кишинингг ёдларига беихтиёр бир вақтлар кемада у кишига ҳамроҳ бўлган яҳудий билан, туркиялик башоратчи аёл тушди ва ўзларича уларни калтабинликда, қаллобликда айбладилар.

Яҳудий савдогар:   Халқларинг тайёр эмас! Бунинг учун ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлган халқ керак. Оломонга ишониб, боши кесилган қаҳрамонларни ҳам, жабр кўрган аҳли улусни ҳам кўп кўрганман. Озодлик машъали, энг аввало, уни кўтарган қаҳрамонларнинг қўлини куйдиради. Бу аҳволда озодлик эълон қилиш мумкиндир, аммо уни сақлаб қолиш қийин. Россия калтабин эмас, шундай бебаҳо хазинани осонлик ила қўлдан чиқариб юбормайди. Бунинг устига ҳарбий кучларинг ҳам йўқ. Ҳокимият эса, ҳамиша ҳарбий куч соҳиблари ихтиёрида бўлади. Милтиқли кишига мушт ўқталиш, довдирликдан бошқа нарса эмас!” деганди

 Туркиядаги башоратчи аёл ҳам шунга яқин гапни айтганди:

– Озодликдан умид ҳам қилманглар! Худонинг ўзи раво кўрмагунча, унинг учун курашманглар ҳам. Аёл боласини тўққиз ой, тўққиз кун кўтариб юриши шарт. Одамларга тез юрадиган соат керакмас, тўғри юрадиган соат керак.

Ўша жуҳуд билан фолбин аёл бугунги тантанани, халқнинг кайфиятини кўрганда эди, хижолатдан ерга кириб кетарди, деб ўйладилар.

 Эртаси эрталаб Мустафо Чўқаев хонасига кирганларида, бошлиқ бир неча ҳожилар, имом-хатиблар, мударрислар билан гаплашаётганини кўриб қолдилар.

 – Ҳожи ака, киринг, – деди у муфти ҳазратларига. – Сизга одам юбормоқчи бўлғон эрдим, Тошкентнинг жами жомеъ масжидларида бўлмоқларинг керак. Аларга мухторият, мустақиллик моҳиятини обдон тушунтирмоқ лозим. Кейин мухториятни қўллаб, кўчаларда тинч намойиш ўтказмоққа даъват этингиз. Бунинг учун, аввал маҳаллий ҳукуматдан рухсат олмоқ шарт. Огоҳ бўлингиз: намойишчилар полис билан зинҳор ва зинҳор зиддият қилмасунлар. Мухториятни қўллайдурғонлар қанча кўп бўлса, шунча яхши.

 Бошлиқ уларга рухсат бериб, Беҳбудий томон юзланди:

 – Ҳожи ака. Биз қурултойимизга Олмаота, Еттисув ва дигар шаҳардардан қазоқ дўстларни ҳам таклиф этиб эдик. Аммо алардан дарак бўлмади. Эҳтимолки, алар ўруслар билан муносабатни бузишдан хавотирдадирлар, балки биз сартлардан кўра, русларни устун кўрарлар. Аларга бағишлаб бир очиқ мактуб битмоғингизни истар эрдим. Ани газетларда эълон қилурмиз ва ўзларига ҳам юборурмиз. Мактубда аларнинг турк қавмидан эканлигига, мусулмонлиғиға урғу бермоқ зарур. Юрагига бориб тегадурғон гаплар битинг!

– Тузук, Шундай қилурман. Аммо хавотирим башқа нарсадан.

– Хўш?

– Тошкентда намойишга дастлаб озроқ одам чиқмоғи маъқул. Меъёрни бузмоқ чикора. Боиси, болшовойлар ҳукуматининг рафтори бизга қоронғу. Мусулмонларнинг кўп бўлиб чиқмоқлари аларни қурқувга солмоғи мумкин.

– Гап шунда, алар қўрқсинлар! Мусулмонлардан қўрқсалар, ҳурмат ҳам қилурлар.

 Беҳбудий бир нима демадилар ва тағин ётоққа қайтиб, очиқ хатни ёзмоққа киришдилар. Кечга яқин унга нуқта қўйдилар.

 Ўз моҳиятини замонлар оша ҳам йўқотмайдиган битикнинг тўла матни қўйидагича чиқди.

 

Қазоқ қариндошларимизга очиқ хат

 

 Азиз юртдошларим! Мусулмон биродарлар! Хаммангизга маълумдирки, Туркистон, демак туркий эл бўлиб, мундаги халқннг қазоғи, қирғизи, сарти, ўзбеги, туркмани, татари, ҳаммаси аслан жаҳонгир Темурнинг авлоди ёки оға-инисидурлар.

Бовурлар! Туркистондаги барча халқлар учун мухторият эълон қилинди ва сиз билингларки, ҳақ олинур, берилмас! Инчунин, Мухторият-да олинур. берилмас. Яъни мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олурлар. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса, бермаслар. Биз бўшлик қилсак ва Туркистондаги халклар бирлашиб, Мухторият йулига саъй қилмасак, албатта, ҳозирги қоғоз устидаги мухториятимизни хам йўқ қилурлар.

Энди ишлар шу ҳолда экан, биз ҳаммамиз, яъни қирғиз, қазоқ, ўзбек, туркман, араб, форс, хуллас Туркистондаги, Қазоқистондаги ва Туркманистондаги барча мусулмонлар ва мундаги яҳудийлар ва христианлар бирлашиб, иттифоқ ила шу мухториятнинг амалга келишига саъй ва эҳтиром этмоғимиз лозимдир. Агарда бизга ўз бошимизға шариат, урф ва одатимизға мувофиқ тирикчилик қилмоқ керак бўлса, ҳаммамиз вақтли низо ва «манман»ликни қуйиб, ҳамма нарсани эсимиздан чиқариб, ёлғуз Мухторият учун ҳар нима нарсамизни фидо этмоғимиз лозимдур. Мундай фурсат ва замоннинг бизға қайтиб келиши маълум йўқ. Қадрини билиб ишламоқ керакдур. Вақт ўтгандан сўнгра ўкинмок фойда этмас.

 Шуни-да билингки, қазоқ ўз бошиға, шаҳар халқи ва атрофи ўз бошига ойрилиб, бошқа-бошқа мухторият қилмоқчи бўлганда, иккиси ҳам муддаосиға етмайдур. Сиз, қазоқ қариндошларимиз, чўлдасиз. Аммо сиздан кўп халқлар ҳам шаҳарларда ва шаҳарлар теварагиндадур. Тирикчилик шундай нимарсаки, чўл ила шаҳар ва қишлоқ халқини бир-бирига боғлагандур. Бир-биридан ажралиб яшаёлмайдур. Шаҳар халқи ила бирлашиб, Мухториятни бошқарғанда сизларга зарар келмай, балки фойда келур.

 Мухториятни бошкармоқ учун ёлғуз сиз-да кифоят этмаганиингиз каби, ёлғуз шаҳар ва атрофдаги халойиқ ҳам кифоят эмас, балки иккингиз-да кераксиз. Шуни-да билингизки, сизлар турғун халқ ила бирлашиб, Мухторият қилган ила сиз ила турғун халқ учун биргина навъ қонун бўлмай, балки сизнинг тирикчилик ва одатингизға мувофиқ алоҳида сиз учун нафълик қонунлар ёзулур. Шариат ҳам кўчма ва чўл мусулмонларининг урф ва одатлариға кенглик берғондир. Сиз уйламангки, турғун халқи ва ё шариъати бизни қисадур. Йўқ, билъакс, сизға кераклик одатларингизни сизға қолдириб, сиз учун сизнинг зиёли вакилларингиз қонунлар тузайдурлар. Тоғ ва шаҳар халқлари учун-да бошқа-бошқа қонунлар тузалур.

 Ҳатто Туркистондаги баъзи уезд ва шаҳарлар учун алоҳида қонунлар тузалур. На учунки, ҳаммамизнинг тирикчилигимиз бир эмасдур. Яҳудий ва христианлар учун-да бошқа қонунлар тузалур. Ҳар бир халқнинг одат ва мазҳабиға риоя қилинур. Хулоса: Мухториятни миллат мажлиси ҳар бир ҳалқнинг нафъини кўзда тутуб қонун чиқарар. Агарда сиз қазоқ биродарлар турғун халқдан ажралиб, ўзга мухторият қилурмиз десангиз, мундан сиз-да ва турғун халқда зарар кўрар ва эҳтимолки иккингиз-да мухториятдан насиб бўлмас, азбаски куч таралур.

 Бобокалонларимизнинг машҳур насиҳати бор. Улар ўғиллариға насиҳат қилиб эдики, бирлашингиз. Масалан бир даста таёқни бирга боғласангиз, кимки синдиролмас. Агарда ажратсангиз, бирин-бирин ҳар ким синдурур. Мана, бобонгизнинг буйруғи.

 Чироқларим! Бошқа халқлар, масалан серблар, италянлар, арманлар, славянлар, поляклар ва бошқалар, ҳатто дунёнинг у учидаги қариндошлари ила бирлашур эканлар, бошқа катта ва қувватли давлатларга тобеъ бўлиб, ютилиб, ҳатто тилини йўқотган ўз жинсдошларини ажратиб олиб, бирлашмоқға жон ва кучларини сарф этар эканлар, биз ўз ичимиздаги қариндошларимиздан айрилсак, уятдур, аҳмоқлиқдур. Турк томириға болта урмоқликдур.

 Онгли қазоқлар ўйласинлар, тарихга қарасинлар, зиёли қазоқлар. Оврупанинг ихтилоф солиб, миллатларни ажратмоқ сиёсатиға ва икки юзлигига қарасинлар эди. Бирлашғон Туркистон халқининг бўлинмоқиға ўзимиз сабаб бўлмасак эди. Барча ихтилофчилар ва бошқалар-да, албатта зарар кўрарлар ва алар ила баробар татарлар-да, биз-да, мундан зарар кўрурмиз ва ихтилофимизнинг жазосини тортармиз. У кунларимиза йиғлармиз, аммо фойда этмас.

 Чироғларим, бирлашайлик ! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир. Агарда сиз айрилсангиз, туркман қариндошлар-да айрилса, Туркистон турклари уч ерга бўлиниб кетар ва барчаға мухтриятдан насиба чиқмай қолур. Еттисувдаги мусулмон қариндошларга ҳам айтатурғон сўзим шулдур.

 Ондаги христианларға келгунча алар билсунларки, Еттисувда кўп бўлсалар-да бутун теваракларини мусулмонлар айлантириб олғон ва аларнинг-да бизнинг мухториятга кўшилмоқлари, албатта, ўзлари учун лозим булғонидек, Туркистоннинг бошқа жойларидаги руслар учун-да фойдаликдур. Чунончи, алар қўшилса, миллат мажлисинда рус аъзолари купайур. Бизнинг мухториятимиз жорий бўлғондан сўнгра Еттисув русларининг қўшилмасликлари асло мумкин эмасдур.

 Ёлғуз сиз ила биз эмас, бутун Русия мусулмонларининг бирлашмоқлари шаръан ва ақлан фарздур.

 «Аллоҳнинг ишига бирлашингиз ва тарқалиб кетмангиз!» Бу Тангрининг сўзидир.

 Башқа газеталарнинг кўчирмакларига раво ўлинур.

 

* * *

 

 Муфти жаноблари, мана ўн беш кундирки, Қўқондалар. Бу орада бир бор Самарқандга бориб, жамоа ишларидан, рўзғордан хабар олиб қайтдилар. Боиси, бу ерда у киши бажарадиган юмуш бисёр эди. Бошлиқ ҳам, ҳайъат ҳам у кишини бот-бот чорлар ва маслаҳат, мадад сўрарди.

 Айнан ўн беш кундан сўнг Тошкентдан келган нохуш хабардан бу ердаги аҳли мусулмон чўчиб тушди. Мухториятни қўллаб намойишга чиққанларни нокас аскарлар ўққа тутишибди. Ўн беш киши қурбон бўлибди.

 Чўқаев ўша куннинг ўзидаёқ, ҳукумат бошлиғи Табулин ҳузурига кириш, норозилигини билдириш учун Тошкентга жўнаб кетди. Аммо тез орада, намойишчиларни мўлжаллаб отилган ўқ бутун мухториятга, Туркистон озодлигига қарши отилганлиги аён бўлиб қолди. Шундан кейин шошилинч тарзда Қўқон атрофида кўплаб қуролли дашноқчилар, казаклар пайдо бўлдилар, замбараклар ташиб келтирилди. Шу билан бирга, мухториятчиларга қарши туҳматлар тўқиш, фисқу фасодлар тарқатишга зўр берилди.

 Кунлардан бирида, мухторият идорасига қуролли кишилар бостириб кирдилар, у ердагиларни ҳибсга олдилар ва, энг даҳшатлиси, Қўқонга ўт қўйиш ва уни ёқиб юбориш операцияси бошланди. Бу эса кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ваҳшийлик эди. Тез орада Петрограддан айнан шундай буйруқ келганлиги ҳақида гаплар ҳам тарқалди.

 Беҳбудий жаноблари купеда ёлғиз ўтириб кетар эканлар, ёнаётган уйлар, ваҳшийларча отилаётган бегуноҳ кишилар кўз ўнгларидан кетмасди, инсон боласининг Худодан қўрқмай, гуноҳи азимларга қўл уришидан изтироб чекар эдилар. Не-не умидларда қўлга киритилган муқаддас мухториятдан мосуво бўлиб қолиш дарди эса жуда-жуда оғир эди. Буёғи нима бўлади, деган сўроққа ўзларича жавоб излардилар.

 Мазкур поезд Тошкент томон кетиши боис, чўлда ундан тушиб, Самарқандга борадиганини кутишга тўғри келди. Бекатда одамлардан ўзларини чеккага олиш, ҳарбий кишиларнинг кўзига кўринмаслик инстикти бошланганди. Поезд кутаётган бир чапани киши шанғи овозда гапирарди.

– Қўқонни хароб қилишди, даюслар! Барига Чўқаевнинг одамлари айбдор. Туппа-тузук яшаётган эдик.  Хону-монумизни куйдиришди, худобехабар мухториятчилар! Каззоб Чўқаевнинг ўзи Қашқарга қараб қочган эмиш. Бошқалари ҳам шу. Ҳукумат барини топиб олади.

 Беҳбудий туриб, нарироққа кетдилар. Ҳарқалай, Самарқандга борадиган поезддаги купе бўш экан. Алғов-далғов хаёлларга берилиб, ўзларини қандай қисмат кутишини хаёлдан ўтказардилар.

 Навбатдаги бекатлардан бирида у кишига икки русийзабон хамроҳ бўлди. Уларнинг бири ҳарбий либосда эди, иккинчиси, рус тилини бузиб гапиришига қараганда хорижлик эди. Муфти ҳазратлари ногаҳоний хавотир аралаш, бошларини хам қилиб, юзларни яширишга ҳаракат қилардилар.

 Янги шериклар яқинда Петербургда бўлишган, шекилли, у ердаги таассуротларни такрорлашарди. Уларнинг гапларидан Ашхободга боришаётганини, болшевикларни ёмон кўришларини ҳам фаҳмлаб олдилар.

– Болшевиклар ҳокимиятга қон тўкиб келишди ва узоқ вақт ҳукмдорлик қилишади, – деди ҳарбий.

– Бу мантиққа зид-ку? – деди шериги. – Бундай зўравонларнинг умри қисқа бўлмоғи керак.

– Тарихга қара, Македонский, Чингизхон, Грозний ва бошқа ўта золимлар одамларни ваҳимага солиш ҳисобига йиллар оша ҳукмронлик қилдилар. Улар одамларни тириклай кўмиш, ёқиб юбориш, дорга осиш, инсон бошидан миноралар тиклаш билан ваҳимали жамиятни шакллантиришди. Болшевиклар ҳам шундай йўл тутишни маъқул топишганга ўхшайди.

– Улар Қўқондаги касалхонани беморлари билан бирга ёқиб юборишганини эшитдингми?

– Йўғ-ей...

 Шу ўринга келганда Муфти жаноблари жим туролмадилар.

– Шундай бўлди, камина ўша ерда эдим.

 Меҳмонлар бирданига эътиборларини тақсирга қаратиб, саволга кўмиб ташлашди.

– Дашноқчилар қачон пайдо бўлди?

– Қанақа қуроллар билан отишди?

– Одамлар қаёққа қараб қочишди?

– Қўқонликлар бу борада Ленин билан Сталинга мурожаат қилишаётган экан. Мазкур хунрезлик, айнан Ленин ёки Сталиннинг буйруғи билан амалга оширилганини идрок этишолмайди, шўрлик сартлар.

– «Ҳокимият ҳамиша ҳарбий куч соҳиблари ихтиёрида бўларкан-да», – пароходдаги яҳудийнинг гапини эсладилар у киши.

– Бу табиий ҳол, – қўшилди чет эллик. – Мухториятчилар қўлида на маблағ бўлган ва на қурол. Сувни кўриб этик ечиш керак эди.

– Халқимиз ҳам тайёр эмас эди,­ – тағин яҳудийнинг фикрини такрорладилар устоз. – Бунинг учун ўз-ўзини бошқаришга қодир бўлган халқ керак.

– Россия калтабин эмас, шундай хазинани қўлдан чиқариб юбормайди, – деди ҳарбий киши. – Бу аҳволда озодлик эълон қилиш мумкиндир, аммо уни сақлаб қолиш қийин. Ҳукумат ғирромликни хуш кўради.

– Тўғри, тўғри, – маъқуллашди меҳмонлар.

Орага жимлик чўкди. Уни Беҳбудий буздилар:

– Болаларни ўқитишимиз керак.

 Тағин жимиб қолишди. Сукунатни паровознинг давомли чинқириғи бузди.

 Поезд Самарқандга яқинлашиб қолган эди...


 

Комментариев нет:

Отправить комментарий