– Устоз, бу йил Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини байрам қиламиз. Келинг, мустақилликка қандай эришганимизни, уни қандай кутиб олганимизни, мустақилликнинг дастлабки йилларида қандай кунларни бошимиздан ўтказганимизни бир эслайлик. Чунки Ўзбекистон мустақил бўлганида мен эсимни таниган, уйланган, тўрт боласи бўлган, 30 ёшга тўлган, оқ-қорани таниган йигит бўлсам, сиз ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўпроқ тотган, 50 ёшга тўлган инсон эдингиз.
Сиз билан биз, журналистлар ўлароқ, мустақиллик қандай эълон қилинганини ҳам, кўчаларга танклар чиқмагани, тўплар отилмагани, қон тўкилмагани, мустақиллик, масалан, Болтиқбўйи республикаларидагидек, қон тўкилиб қўлга киритилмаганини ҳам, «Мустақил бўлиш, СССРдан ажралиб чиқиш ҳақида гапирган одамнинг бошини ўзим узиб ташлайман» , деб столни муштлаган одам бир куни «Мустақиллик меъмори» деган номни олганини ҳам, у Ўзбекистонни мустақил деб эълон қилишдан бошқа иложи қолмаганини ҳам яхши биламиз.
«Ўзбекистон
мустақиллиги Декларацияси» ни ёзганлар, Мустақиллик сўзини илк бор тилга
олганлар бугун тилга олинмаслигини ҳам, улар қатағон қилиб юборилганини ҳам
яхши биламиз.
Булар майли,
мустақил бўлган давлатнинг ўз пули бўлмагани, уч йил ўриснинг пули билан
муомала қилиб турганини, Россия ўз фуқароларига катта маошлар тўлагани ва ўрислар
Ўзбекистон бозори ва дўконларидаги ҳамма нарсани контейнерларга юклаб, Россияга
ташиб кетганини, дўконларимиз ҳувиллаб қолганини ҳам унутганимиз йўқ.
Қишлоқда
яшардим. Ейишга нон, нон қилишга ун, унни сотиб олишга пул топа олмасдик.
Мактабда дарс берардим. Саккиз ойлаб ойлик маошларимизни беришмаган. Ўша йиллари
қирилиб кетмаганимизга ҳайрон қоламан баъзан.
Тўрт ёшли
ўғилчамни етаклаб, шаҳарга келардим. Нон заводининг махсус дўкони очилмасидан
етиб келиб, турнақатор навбатга қўшилардим. Ҳар бир кишига иккитадан нон
беришарди. Ўғилчамни дўкон орқасига ўтқизиб қўйиб, тўрт-беш марта қайта-қайта
навбатга туриб, 10-12 та нон олгунимча кеч бўларди. Нон солинган қопни кўтариб,
қишлоққа қайтардим. Битта нони олтига бўлиб ер эдик. Ярим коса сув қўшилган
сутга шу нонни ботириб саҳарлик қилардик, кечқурун яна шу ярим коса сув
қўшилган сут билан ифторлик қилардик, аммо Рамазон ойидаги рўзаларимизни
бузмасдик. Кичкина ўғилчам ҳам рўза тутарди. Тутмагани билан нимани ҳам ерди?
Ўша йиллари,
яъни мустақилликнинг илк йиллари Жомбой ун комбинати ҳовлисидаги тепалик йўқ
бўлиб кетган экан. Ўша ерда ишлайдиган бир танишимнинг айтишига қараганда, ўша
тепаликнинг тупроғи ҳар куни унга қўшилиб, қопларга жойланиб, ун комбинатидан
чиқиб кетган экан. Дўконга келган ундан олиб, нон қилсак, тишларимиз
ғижирлашининг сабабини ана шунда тушунганман.
Ўша, 1993-1994
йилларда, ҳатто 2000-йилгача қишлоқларда арпа ундан ҳам нон қилдик, маккажухори
унидан ҳам нон қилдик. Буғдойлар ўрилганда тўкилган бошоқларни териб келиб,
тегирмонда торттириб ун қилганларимизни эсласам, йиққан машоқларимиз солинган халтанинг
устига тўрт яшар ўғилчамни ўтқизиб қўйиб, бутун оиламиз, аёлим ва
ўғил-қизларимиз билан машоқ терганларимизни эсласам, ҳозир ҳам кўзларимга ёш
келади.
«Ўша кунларни
эслайсанми, унутганинг йўқми?» деб сўрадим яқинда кенжа ўғлимдан. «Дада, мен у
кунларни бир умр унутмайман. Бошқалар ҳам тинмай ишлаётганини кўриб, мен, тўрт
ёшли бола иккита молни боқиб келардим. Менинг хотирамда муҳрланиб қолган битта
нарса доимо бу кунларни унутишимга йўл қўймайди ва ҳозирги етган кунларимиз
учун шукур қилишга ундаб туради. Ҳаммамиз машоққа чиққан эдик. Мени терилган
буғдой донлари солинган қоп устига ўтқизиб қўйган эдингиз. Етти ёшли опам бир
дона бошоқни кўтариб, кўзлари қувончдан порлаб, олдингизга югуриб келган эди: «Дадажон!
Қаранг, бутун бошоқ топиб олдим!» дерди у қувончдан ҳайқириб. Дада, биз бир
дона бутун бошоқ топганимизга хурсанд бўлган кунларимизни қандай унута оламан?»
Унинг бу
сўзларини эшитиб, қаттиқ йиғладим. Хорланиш болаларимнинг хотирасида
михланибди, қалбида муҳрланибди...
Ўша йиллари ўзимиз
ҳам ер олиб, буғдой экдик. Машаққат билан парвариш қилдик, суғордик, дори
бердик, ўтадик. Ўргани борсак, тунда одамлар бошоғини қайириб кетишибди. Ўшанда
бир йиғлаганман...
Қаранг, ноисоф
раҳбарлар қисгани етмагандек, одамлар ҳам иймонни унутишганди, қўшни қўшнининг
нонини ўғирларди, қариндош қариндошнинг кўзини ўйиб оларди.
Шунча азоблар
билан бола-чақамизни ўлдирмай олиб чиққанимизни фақат ва фақат Аллоҳнинг
мўъжизаси деб биламан.
Сиз яхши
билганинсон Рустам ака ўша йиллари Пайариқда бир қишлоқ врачлик пунктини қуриб
берган эканлар. Шундай эслайдилар: «Қишлоқ бобойлари олдимизга келишар,
қурувчиларга мадад деб қора нон олиб келишар, айримларининг нони бутун ҳам
бўлмасди. Ўша бобойлар одамлар бор мол-ҳолини сотиб, еб бўлишганини айтишар, бу
қаҳатчилик яна бир-икки йил давом этса, одамлар очликдан ўлиб кетишини
айтишарди. Бино битгани муносабати билан бир тўй қилиб, ўғилларини суннат
қилолмай юрган оилаларнинг суннат тўйини ҳам қўшиб ўтказган эдик. Шаҳарда яшаб,
билмас эканман, ҳар ҳолда шаҳарлик бозорга борса ҳам қорни тўяди-да. Аммо
ўшанда қишлоқларда аҳвол ўта оғир бўлганини англаган эдим».
Устоз,
мустақилликнинг дастлабки йилларини сиз қандай хотирлайсиз?
– Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги манзараларни,
аниқроғи, уқубатларни бағоят жонли гавдалантирдингиз. Бу ҳолатлар менга ҳам таниш
ва оғриқли. Бундан ошириб, бирор нимарса дейишга қувваи ҳофизам ожизлик қилади.
Аммо руслар ва Россия ҳақидаги фикрларингиз дилимга ўтиришмади. Улар фақат
ташиб кетмади, улар олиб келишган ҳам эди. Туркистонда қурилган илк темир йўл,
ўнлаб завод-фабрикалар ва ҳакозолар улардан қолганлигини ўзингиз яхши биласиз. Руслардан
қолган энг катта мерос рус тили бўлди. У иккинчи она тилимизга айланди! Бу
забон бизнинг иккинчи қанотимиз бўлиб қолажак!
Лекин дилимда жумбоқ бўлиб қолган айрим сўроқларга
сиздан жавоб изламоқчиман.
1991 йили Парламент йиғилишида президент тантанали
оҳангда: «Ўзбекистон республикасини мустақил деб эълон қиламан!» деганда залда ўн-ўн
беш чоғли киши қарсак чалди, холос. Давлат раҳбари худди устига бир челак совуқ
сув сепилгандай, маъюс тортиб: «Тузукроқ қарсак чалмайсизларми?» деди.
Фикрингизча, нега шундай ҳол рўй берди?
Мустақилликка тайёр эмасмидик ёки ҳаётимиз бундан ҳам
баттар бўлишидан чўчиганмидик?
Тағин: Ундан олдинроқ ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш
масаласи кўтарилди. Болтиқбўйи республикаларида бу ҳол ҳал қилинган эди.
Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда шоир Муҳаммад Солиҳ шу талаб билан митингга чиқишга
чақирди. «Ўзбек тилига давлат тили статуси берилсин!» деган шиорни кўтариб
олганлар кўпчилик эди. Аммо оломон орасида Эрон дин пешвоси Ҳумайний портретини
кўтариб, «Яшасин Ҳумайний!» деб бақираётганлар ҳам йўқ эмас эди...
Фикрингизча улар нима исташганди? Ислом республикаси
қилишними? У йўлдан борсак, нимага эришардик?
– Устоз, Каримов
мустақилликни эълон қилганида нега депутатлар қарсак чалмаганини ўша залда
бўлган депутатлардан бири айтиб берган эди. «Икки кун олдин қайсинг мустақиллик
десанг, каллангни оламан, деган одам мустақилликни эълон қилиб турганида биз овсар
бўлиб қолган эдик. Синаб кўраётган бўлмасин, бир ҳийла билан қарсак
чалганларнинг барининг бошини олмасмикан, деган ҳадик билан каловланиб қолган
эдик. Чунки у бунақа ҳийлаларга уста эди» , деган эди ўша депутат.
«Яшасин Ҳумайний!»
деганларга келсак, кўпдан шунақалари ҳам чиқиб қолади-да...
– Ҳа, тўғри айтасиз, кўпдан кўп гап чиқади,
мустақилликнинг илк йилларида бир-икки овбош майдонга чиқиб олиб, «Бухоро билан
Самарқанд Тожикистонники!» деган ҳам эди...Шу билан бирга “Тожиклар кеб қоган”
дейдиган тарихдан бехабар ўпкавойлар ҳам чиққанди...Майли, бу мавзуни
чуқурлаштирмайлик. Юқорида айтганимдек, бу мавзуда ҳаммабоп ҳақиқат бўлмайди!
– Устоз, дуо
билан эл кўкаради, дейдилар. Эл дуо қилишдан тўхтамади, бизнинг ҳам дуоларимиз
қабул бўлиб, Алҳамдулиллаҳ, бугун ҳаётимиз кундан кунга фаровонлашиб бораяпти.
Айниқса, охирги тўрт йилда мисли кўрилмаган ўзгаришларга гувоҳ бўлдик.
Санайверсак, эришилган муваффақиятларнинг сонидан адашамиз. Энг кўзга
кўринганларини, халқимиз ҳам эътироф этаётганларини санаб ўтсак:
1. Ўқитувчилар ва врачлар, талаба ва ўқувчилар бугун мажбурий
меҳнатга чиқмаяпти, кўча тозаламаяпти.
2. ОАВ қисман эркин бўлди, тилимиз чиқди.
3. Конвертация орзу эди, энди марҳамат, очиқ.
4. Нақд пул масаласи ҳал бўлди. Одамлар ойлигини,
пенсиясини 30% гача бериб, нақд пулга алмаштириб олар эди. Энди нақд пулни уйимизга
олиб келиб беришаяпти.
5. Тадбиркорнинг ишига аралашиш минималлашди.
6. Қўни-қўшничилик изига тушди, чегаралар очилди.
Минг йиллик қадрдонларимиз бўлган тожиклар, қозоқлар, қирғизлар, туркманлар
билан борди-келдимиз тикланди.
7. Куч ишлатар тизимнинг таъсири, ҳукмронлиги
камайди.
8. 30 йиллаб паспортсиз, фуқароликсиз яшаган одамлар
одам ўрнида кўрилиб, уларга фуқаролик берилди, паспорт берилди. Фуқаролик олиш
соддалашди, президентнинг Олий мажлисга мурожаатидан сўнг Ўзбекистонда 5 йил
яшаган киши бехижолат фуқаролик оладиган бўлди.
9. Меҳнат муҳожирларига эътибор кучайди, улар расман
тан олинди.
10. Камбағаллик атамаси жорий қилинди, Ўзбекистонда
камбағаллар борлиги тан олинди.
11. Суриядан бир йўла 500 киши олиб келинди.
Инсонпарварлик олий мақомга эришди.
12. Раҳбарият халқни қабул қиладиган бўлди. Вилоят ва
Республика раҳбарлари кабинетида ўтирмасдан, қишлоқма-қишлоқ, уйма-уй юрадиган
бўлди.
13. Раҳбарлар ва ташкилотларнинг телеграм каналлари
очиб қўйилди.
14. Республика «Олтин заҳираси» ҳақидаги маълумот
очиқ қилиб қўйилди.
15. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ҳам очиқ айтилаяпти.
Олдин қарзимиз йўқ, деб лоф айтилар эди.
16. Тест синовлари ошкора бўлаяпти. Фарзандларимиз бир
йўла дунёнинг бир неча олийгоҳларига кириш имтиҳонларини топшириши мумкин
бўлди. Тест синовлари катта стадионларда ўтаяпти.
Устоз, сизнинг назарингизда қандай ютуқлар кўзга
кўринаяпти?
– Сиз тилга олган бу оламшумул ўзгаришларнинг ҳар
бири ҳақида соатлаб гапиришим мумкин. Мен фақат биргина мисол келтираман. Тожикистон
ва Қирғизистон чегараларига, гарчанд, бу халқаро қонунларга зид бўлса ҳамки,
тарихда биринчи бор мина қўйиб чиқилди. Юзлаб бегуноҳ одамлар: саёҳлар,
чўпонлар, овчилар кўмилган бомбага дуч келиб, оламдан кўз юмдилар.
Сиз муҳаррир эдингиз ва шу мавзуда ёзилган «Айиқ
эргаштирган амаки» деган ҳикоямни, қўрқмай газетада эълон қилгандингиз.
Бу борада ўнлаб эпизодлардан хабардор эдим. Ургутда
ўрта мактабни битирган ўсмир йигит-қизлар лола тергани чиқишади. Улардан бири
минага дуч келади. Уни қутқараман деб ўртоғи югуриб боради ва ажал қуроли
портлаб, уни ҳам итқитиб юборади. Норасмий ҳисоботларда бу йиллар давомида 176
киши ҳалок бўлганлиги ёзилди. Фақат Ўзбекистон фуқароларидан. Бу жиноят учун ҳеч
ким судланмади ҳам, ишдан ҳам олинмади...
Тест синовларини тилга олибсиз. Биргина ўтган йили уч
набирам олий мактабларга ўқишга кирди. Ваҳоланки, бирортасининг орқасидан ҳам
бормадик, таниш-билиш ҳам изламадик...
– Устоз, олмоқнинг бермоғи бор, дейдилар. Эришган
ютуқларимизни санадик, аммо бу ютуқлар соясида ўзимиздан ўтаётган қусурлар ҳам
йўқ эмас. Шароитлар яратилди. Аммо акс-садо қандай?
1. Раҳбарлар томорқама-томорқа юрди, ўргатди, шароит
қилиб берди, ҳаммамиз томорқамизни яшнатиб қўйдикми? Товуқлар ўлиб кетмадими?
Қуёнлар қочиб кетмадими? Дарахтлар кўкардими?
2. Китоб ўқи, деди президент. Шундан бери нечта китоб
ўқидик?
3. ОАВ га эркинлик берилди, эркин бўлиб, нима ёздик?
4. 4 йилдан бери боқимандалик кучайди. Ҳамма «бер-бер»
дейди, аммо биров ташаббус билан чиқиб, мен манови ишни қиламан, дедими? Бунинг
устига турли талаблар, норозиликлар...
Устоз, мени ана шу ўйлар безовта қилади. Сизни-чи?
- Ана шу ўйлар сизни безовта қилмасин, чунки булар бари табиий ҳол. Инсоннинг
талаб ва эҳтиёжи ҳар қандай ислоҳотдан, ғамхўрликдан ва тараққиётдан олдинда
бўлади. Ана шу қониқмаслик ҳисси ҳар қандай ҳукуматни бундан ҳам яхшироқ
ишлашга даъват этади.
Одамлар ҳукуматга ишонади,
каттагина солиқлар тўлайди, демак шунга яраша беминнат ислоҳотлар, енгилликлар
ҳам бўлмоғи лозимда.
Нафсиламбирини айтганда, ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек
эмас. Ижтимоий тармоқлардаги талаблар, шикоятларда жон бор. Биз газетачилар
иттифоқ даврида ҳам, мустақиллик замонида ҳам “Ер эгасини топти” деб ёздик.
Афсуски, ер хусусийлашмади, деҳқоннинг асрий орзуси амалга ошмади! Ҳукумат
одамлари деҳқоннинг ерини истаган вақтда, истаган баҳонада тортиб олишяпти.
Ҳатто қонуний уйлар бузиляпти, ҳуқуқлар паймол этиляпти...
Амалдорларнинг
порахўрлиги, нописандлиги ва иллатлари кўзга ташланиб қоляпти.
Одамлар талабчан, ҳақгўй, гоҳида оғзиботир бўлиб
бораётганлиги сари амалдорлар ҳийлакор, риёкор, нописанд бўлиб бормоқда. Бунинг
устига, биз, зиёлилар, уламолар, ижодкорлар, давр пешқадамлари кўп ҳолларда
томошабин бўлиб қоляпмиз.
Нитше: «Эшик ортида даҳшатли меҳмон турипти, ана шу
меҳмон биз қурган ҳайкалларни бузади, биз ёзган китобларни ахлатга улоқтириб
ташлайди» деган.
Нитше даҳшатли меҳмон деб келажак авлодни назарда
тутган, албатта! Дарҳақиқат, икорни-инкор қонуни ҳамма жамиятда ҳам амал
қилади. Бизнинг авлод ҳам кечаги ҳайкалларни бузмадими, китобларни
улоқтирмадими? Ва бу кўргилик қачонлардир бизнинг ҳам бошимизга тушиши табиий
ҳол.
Аҳолига мустақилликнинг оламшумул аҳамиятини
сингдириш, шукур қилишни ҳам билишга даъват этиш бизнинг бурчимиз эмасми? Бошқа
юртларда ҳам ҳаёт жаннат эмас. Ҳиндистонда кўчада туғилиб, шу жойнинг ўзида
ўлиб кетадиган одамларни кўрдим. Хитойда тадбиркор аёлга беш нафар фарзандим
борлигини айтганимда йиғлаб юборди, шўрликнинг ягона қизи бўлиб, у ҳам ногирон
экан.
Ҳамма жойда
хўроз бирдай қичқиради, дейишади, ҳаёт эса бешикдан тобутгача тинимсиз курашни,
марафонча югуришни талаб этади!
Ҳар ким ўз тақдирини
ўзи яратиши лозим. Сувга чўкаётганни қутқарадиган унинг ўзи, дейди руслар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий