– Устоз, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг аъзосиз. Аммо негадир Самарқанд вилоятидаги уюшма аъзолари жам бўлиб борадиган анжуманларда, Навоий пойида саф тортишиб, шеърхонлик қилганларида, тил байрами куни ҳаммалари ўзбек тили ҳақида оташин нутқлар сўзлаганида сизни уларнинг сафида кўрмайман. Нима бўлди, сизни уюшмадан чиқаришдими ёки уюшмадан кўнглингиз қолдими?
– Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимидаги дилни хуфтон қиладиган давомли, мантиқсиз йиғилишларида бўлганимда, шу идорани ташкил этган Максим Горкийни зоҳиран лаънатлардим. Бу ерда шеър ёзадиган қизларни тўплаб, уларга ҳамду-сано ўқишлари жонимга тегарди. Туман, вилоят, республика босқичида бу ҳаваскор шоираларнинг семинар ва танловларини ўтказиш батамом ортиқча ташвиш ва харажат деган даққоқ хулосага келиб қўйгандим. Аслида, Ўзбекистонга бунчалик кўп шоиранинг кераги йўқ. Ундан кўра, уларга компютер, чет тили ёки бирор ҳунарни ўргатишса ёхуд спортга жалб этишса, жамият ва уларнинг ўзларига кўпроқ нафи тегарди.
Уюшма йиғилишларига қатнашмай қўйганим ўша пайтдаги раҳбарнинг
иззат-нафсига қаттиқ тегди, шекилли, камина ҳақида анчайин фисқу-фасодлар
тарқатди, мунофиқликлар қилди. Аммо зерикарли мажлис ва вилоят бўлимидаги
жипириқ амалдордан халос бўлганим бундан муҳимроқ эди. Эндиликда, мен ҳақимда
гап кетганда, «қони қўшилмайди», дейдиганлар ҳам кўпайганлигини биламан.
Сўнгги йилларда дўстлар ҳам камайди. Оилавий даврамиздаги
Миршариф, Зиядуллахон бизни тарк этди. Фақат Тошпўлат қолди ва ундан умидим
катта.
Мен, ҳар ҳолда, икки: ХХ, ХХI асрларни ва икки тузум:
социализм ҳамда бозор иқтисоди номи билан кириб келган капитализмни бошдан
кечирган авлод вакилиман. Бу эса, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган таржимаи
ҳол. Болалигим Ургут туманининг турли қишлоқларида ўтди. Ёзувчи бўлиб
шаклланишимда ана шу йиллар муҳим омил бўлди. Дадам шофёр эдилар ва у пайтларда
ҳайдовчилар (автомашиналар ҳам) жуда оз бўлганлиги сабаб уларни қадрлашарди.
Дадам меҳнаткаш, меҳрибон бўлиш билан бирга жуда баджаҳл эди. Бу иллат
авлодимиз ирсиятида борга ўхшайди. Укам Ҳикматилло ҳам гоҳида одамлар билан
жанжаллашиб қолади. Менинг эса анча вазминлигимни мақтаб қўйишади. Хуллас,
дадамнинг бу нохуш феъли унга ва оиламизга қимматга туша бошлади. Колхозларда
машиналар кўпайиб, дадамга шалоғи чиққанларини берадиган бўлишди. Кейин эса
батамом бекор қолди. Ўз қишлоғимизга қайтиш фурсати етган эди. Ойимнинг
зорланишларига қарамай, дадам бу юмушни орқага қолдирарди. Биз моддий ва
маънавий жиҳатдан жуда қийналиб қолдик...
Ёдимда михланиб қолган нохушликларнинг тағин
бири ойимнинг вафоти бўлди. Умри уқубатларда ўтган ойимни лоақал Тошкентга ҳам
олиб боролмаганимни эсласам, ҳамон ўксиниб кетаман.
Дадам вафот этганда (у киши ўз машинаси остида қолди)
мен қишлоқ хўжалик институтининг иккинчи курсида ўқирдим. Ўқишни ташлашимга
ойим рози бўлмади ва жуда қийналганмиз. («Таржимаи ҳол»да бу хусусда батафсил
ёзганман)
Журналистик фаолиятим ҳақида ҳам ёзмайман. «Мен
редакцияданман» китобим шу фаолиятимга бағишланган. Аммо адабиёт ва ижодим
ҳақида қалам тебратишим лозим.
«Адабиёт билан иккинчи сменада шуғулланиб бўлмайди»,
деб ўқигандим қаердадир. Дарҳақиқат, у бор куч-қувватни талаб этади. Аммо мен
адабиёт билан бўш қолган вақтларимда ёки нафақага чиққандан кейин шуғулландим.
Чунки журналистика ва адабиёт билан дастлабки пайтлардагина бира йўла
шуғулланиш мумкин. Кейин эса, улар бир-бирига халақит бера бошлайди.
Иккинчи сменада романлар, қиссалар, ҳикоялар ёздим.
– Устоз, сиз ва
тенгдошларингиз ижод оламига кириб келганларингизда бизлар ёш эдик ва шоир,
ёзувчиларга талпинар эдик. Сизларни узоқдан бир кўриб қолиш бизларга омад
бўлса, сизлардан дастхат олиш бахт эди. Ўқув юртимизга, туманимизга ёзувчининг,
шоирнинг келиши байрам бўлиб кетарди. Уларнинг пойига қўйлар сўйилар, мактаб
ўқувчилари ё талабалар саф тортиб, гуллар билан кутиб олишар, улар айтган ҳар
бир сўзни одамлар жон қулоғи билан тинглар, кейин ҳам йиллар давомида бу
эшитганларини бошқаларга айтиб юрар эдилар. Мана, бугун ўзимиз ҳам кичикроқ
бўлса-да, беш-ўн китобимиз чиқиб, ёзувчинамо бўлиб қолдик, аммо бошқа шаҳар,
қишлоқлар тугул, ўз туғилиб ўсган қишлоғимизга борсак, биров эътибор бермайди.
Нима иш қилишимизни сўрайди, ёзувчиман, десак, «Э, бечора, ёзувчи экан»,
дегандек ачиниш билан қарайди ...
– Унчалик эмас! Масалан, Ургутда мендан кўра сизни
кўпроқ танишади, эъзозлашади. Сизни кўпчиликка
Интернет танитди, деган эдим. Республика ТВси ҳам бир эмас, икки сериалингизни
томоша қилдик.. Ва улар яхши асарлар эди Агар сиз Тошкенда яшаганингизда
бунданда машҳур бўлардингиз.
Аммо, келинг, бир-биримизни мақтамай, улуғламай, машҳурлик тиламай, ва виждонимиз
билан яккама-якка туриб, унга савол бериб кўрайлик. Машҳурлик менга нима учун
керак?
Ном қолдириш учунми? пул топиш учунми?..,
Изатталаб, амалпараст бўлиб қолмаяпманми?!
Шон-шуҳрат изидан тушмай, бағоят камтарлик ва
хокисорлик билан кун кечирган икки буюк инсон ҳақида ёзмоқчиман.
Тахминан, бундан юз йиллар муқаддам Лондондаги фанлар академиясининнг
кутубхонасида муқовасоз бўлиб ишлайдиган Майкл деган йигитчанинг қўлига магнит
парчаси тушиб қолади. Унинг тортиш ва итариш қувватидан фойдаланмоқчи
бўлади.Узоқ уннаб, бирор натижага эришолмагач, бир энергияни иккинчисига
айлантиришга қарор қилади. Кунлардан бирида магнитни мис симга ишқалаганда
учқун чиқади ва Майкл беҳад қувонади. У пайтларда электромагнит майдони
назарияси ишлаб чиқилган бўлади, аммо бу майдондаги элекрни олиш ва ишлатиш ҳеч
кимнинг хаёлига келмайди. Чунки токка эҳтиёж бўлмайди: лампочка, телевизор. совутгич,
иситгич эса тасаввурларга ҳам сиғмаган замонлар...Шунинг
учун ҳам Майкл (фамилияси Фарадей) сим ғалтак ўралган магнитдан учқун
чиқариб, томоша кўрсатиб юради. Кейин лабараторияга ишга қабул қилишади.
Фарадей тиним билмай электромагнит майдонининг хусусиятлари, элекр токининг
келажакдаги аҳамияти, уни узоқ масофага узатиш, генераторлар ясаш,
трансформаторнинг хусусиятлари ҳақида тинмай ёзади. Умри қашшоқлик, ёлғизликда
ўтади. Фарадей вафотидан ўн беш ўтиб, уч мамлакатда уч олим бир бирларидан
бехабар ҳолда Фарадей қонунларини (индукция қонуни) қайтадан кашф этадилар. Аммо
Майкл билан ишлаганлар бу кашфиётлар Фарадейники эканлигини исботлайдилар.
Шунга ўхшаш тағин бир тақдир.
Мария Складовская деган полшалик қиз Францияда таълим
олади ва бу юртда Кюри деган французга турмушга чиқади.Улар ҳамкорликда тоғ жинсларидан радий элементи олиш билан шуғулланадилар. Аёл жуда қаттиқ ишлайди,
не-не уқубатларга бардош бериб, радий ( радиация) ни ажратиб олади.
У фанлар академиясида қилган докладида радийнинг
келажакда медицина, саноатда ва ҳарбий соҳада аҳамиятини гапиради. Фан оламида
катта кашфиёт қилинганлиги тан олинади. Ҳарбийлар ундан кучли қурол ясай
мумкинлигини айтгач, Франция қироли ҳам кизиқиб қолади. Мария радийни олиб
борганда, қирол бўш пробиркани кўриб ажабланади. Чунки бу элемент рангсиз,
ҳидсиз газ ҳолатида бўладида. Ўша йили у Нобел мукофотига тавсия этилади. “Мукофотни
олишга бормайман, дейди Мария, чунки у ерга кийиб борадиган кўйлагим йўқ”.
Бечора Складовсая (Мария Кюри) радиация ҳар қандай тўсиқдан, шиша пробиркадан ҳам ўтишини
билмаган ҳолда, вужудига ажал нури юқтириб олади.
Олимага иккинчи
бор Нобел мукофоти берилаётганда, “Мен уни одамларни ўлдириш учун яратмаган
эдим” дейди ва кўп ўтмай оламдан ўтади.
Мария Складовская (Кюри) Нобел мукофотига икки бор
сазовор бўлган дунёдаги ягона аёлдир!
-- Мен нима дейману қўбизим нима дейди, деганларидек,
мен адабиёт ҳақида савол берсам, сиз мавзуни физика, химия соҳасига бургандай
бўлдингиз...
-- Йўқ, шуҳрат ва амал кетидан қувмай, мақсад сари
интилишнинг шарофати ҳақида гапирмоқчи
бўлдим. Майкл билан Мария иззатталаблик қилиб, ҳайъатларга, депутатликка,
амалга, ҳашам ва мақтовларга интилишганда, инсоният нималардан бебаҳра ва
бенасиб қолиши мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг.
Ҳозир айрим ёзувчиларга тавозе кўрсатишмаса ёки
амалидан олишса, ўзи қолиб, шогирдлари ҳам аюҳаннос соладиган бўлган. Алишер
Навоий вазирлик юкидан қутулиб, ижод қилишни йиллар давомида орзу қилган.
Ёдимда бор: Асқад Мухтор муҳаррирлик (“Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) дан
озод қилишларини сўраб, марказкомга бирнеча бор мурожаат қилганди. Чингиз
Айтматов Қирғизистонга президент бўлишдан бош тортди ва ҳакозо...
Истеъдодлар, кўп ҳолларда, болалик пайтидаёқ
турмуш аравасини тортган, кўз ёши ва пешона тери таъмини татиб кўрганлардан
чиққан. Бугунги талай ижодкорлар эса олий мактабни битириб, нашриёт ва
таҳририятларга ишга илиниб олган кишилардир. Адабий сайтлардан уларнинг
ўқувчилари сонига эътибор бериб кўринг ва адабиётимиз сарчашмаларида турган
устозларга таққосланг. Ҳафсалангиз пир бўлиб кетади. Менинг тенгдошларим,
раҳматли Шукур Холмирзаев, Тоғай Муродлар ўз вақтида чақмоқдай ярқ этиб
чиқишди. Уларнинг бўйинларига ҳаддан ташқари кўп лавр шодалари тақишди. Бугун
адабий сайтларда, мазкур дўстларимнинг ўқувчилари сони, кишини қувонтиради.
Мен кўпроқ онлайн
ёзувчиман. Ўз блогимни ишга туширганимга ўн йилдан ошди. Турли сайтларда икки
романим, тўрт қиссам, йигирмага яқин ҳикояларим эълон қилинган.
Адабиёт ва
унинг келажаги ҳақида мулоҳазалар кўп. Бундан бир неча йиллар муқаддам Шукур
Холмирзаев «Адабиёт ўладими?» деган баҳсли мақола ёзганди. Кейин кўплаб шоир,
ёзувчи ва танқидчилар фикр билдиришганди ва бир овоздан «адабиёт яшайди, у
ўлмайди», деган гапни такрорлашганди. Аммо уларнинг бирортаси адабиёт нима
ҳисобидан, қандай қилиб яшашини, унинг безаволлигини таъминлаш учун нима қилиш
кераклигини ёзишганини эслай олмайман. Адабиёт эса, бугун оғир касал.
Мен ўшанда, «адабиёт кураш учун яратилган, у ҳақиқат
ва адолат, озодлик ва ҳуррият учун, шунингдек, ўз тақдири, ҳуқуқи учун ҳам
муттасил курашмоғи шарт, акс ҳолда, табиат ва жамият қонунларига биноан нобуд
бўлади», деб ёзгандим. Энди ўйлаб кўрсам, бу ҳам тўлақонли фикр эмас экан.
Бугун адабиётнинг курашадиган ҳоли ҳам қолмади.
Келинг, бу борада донишмандларнинг фикрларига қулоқ
тутайлик. Нитше: «Кимдир жиддий қилиб, шоирлар ҳаддан ташқари кўп ёлғон
сўзлайдилар , деб айтган ҳам дейлик. У рост айтур эди, биз ҳаддан ташқари кўп
ёлғончилик қиламиз. Биз жуда оз нарса биламиз ва жуда ёмон ўқиймиз. Шунинг учун
биз ёлғон сўзлашга мажбурмиз».
Бугун адабиётнинг таназзулга юз тутишида бизнинг
ёлғончилигимиз, кам ўқишимиз ҳам сабаб бўлмоқда. Адабиёт кўчасидан ўтмаганлар
роман, қиссалар ёзиб, нашр эттирмоқдалар ва йўлини топиб, сотмоқдалар. Лоақал
нашр этилаётган китобларнинг юздан бири онгимиз ва қалбимизга таъсир
кўрсатганда эди, адабиётнинг яшаб қолишидан умид қилса бўларди.
«Литературная газета»да чиқиш қилган ёзувчи,
адабиётшунос Александр Титов адабиёт ғоя билан тирик, социализм пайтида ғоя бор
эди, шунинг учун у гуллаб-яшнади, деган тўхтамга келади. Бу фикр ҳам
баҳсли. Адабиёт ўша социализм давридаёқ ожизланиб, мавқеини йўқота бошлаган
эди. Бугун коммунизм ғоясига эга бўлган Хитой, шимолий Корея, Куба сингари
мамлакатларда ҳам китоб нашр қилиш йил сайин камайиб бораяпти.
«Гўзаллик
оламни сақлайди», дейди Достоевский. Лекин шу билан бирга у: «Инсонлар бахтсиз
бўлмагунча, ўзгалар бахтсизлигини англамайди», деган хулосага ҳам келади.
«Дилда дардинг бўлмаса сардафтаримни кўзлама», дейди
Машраб. Биз адабиётнинг бугунги бахтсизлигини идрок этишимиз, унинг дардига
танометр қўя билишимиз керак.
Адабиёт, энг инжа гўзалликдир. Аммо у бугун
оламни сақлаш қобилиятига эга эмас. У ҳозир ўзини сақлаб қолиш ташвишини
тортмоғи керак.
Адабиёт бугун тарбия воситаси хусусиятини бой берди. У
одамларни курашга чорламай қўйди, унинг ўгитларига қулоқ тутадиганлар бармоқ
билан санарли.
Бу ўринда
бугунги ижтимоий тараққиёт босқичини ҳам ёддан чиқармаслик керак. Эндиликда
одамлар тирикчилик, пул топиш ташвиши билан жуда банд. Бозор иқтисодининг «вақт –
пул», деган қаттол қонуни амалда. Бадиий асар ўқиш учун вақт керак. Телевидение,
интернет, қўл телефонлари эса, рақобатда адабиётни сиқиб чиқарди.
«Китоб ўқиш» ибораси билан бадиий асар ўқишни
фарқлашингизни сўрардим. Бадиий асарни эндиликда интернетдан ўқишнинг кенг
имкони туғилди ва ҳамма нарсани ўз номи билан атамоқ маъқул.
Адабиёт -- машъал, усиз инсон дағаллашади,
турмушнинг ўзи ҳам яланғочлашади, зерикарли бўлади, дейишади. У инсониятни
эзгуликка, муҳаббатга даъват этиб келди. Адабиётсиз олам эса одамларга жуда
қимматга тушишини унутмаслик керак.
– Устоз, Албер
Камю топиб айтган: «Санъат асари инсонда исён ва ҳавас пайдо қилиши лозим».
Бунинг учун ижодкорда Навоий, Фурқат, Бобур, Машрабга хос ички қониқмаслик,
исён ҳам бўлмоғи лозим. Масалан, мен «Эртуғрул» ва «Усмон» сериалларини кўриб,
ёшим 60 дан ошган бўлишига қарамасдан қонимда ватанпарварлик, жасурлик,
мардонаворлик каби ҳислар гупуриб кетганини ҳис қилдим. Қалбимда динимиз,
миллатимиз душманларига жуда улуғ бир исён уйғонди. Ана шундай асарлар ярата
олсам эди, деб орзу қилдим.
– Ҳа, ҳақиқий асарлар ўқувчини исёнкорликка даъват
этиши керак. «Уруш ва тинчлик»нинг истаган саҳифасини очиб, қайта-қайта ўқиш
мумкин. Уруш ва ёмон одамларга, нохушликларга қарши дилингизда исён пайдо
бўлади, яхши одамларга ҳавасингиз келади. Лев Толстойнинг «Мен перони қонимга
ботириб ёзаман», Нитшенинг «Барча ёзилганлар орасида мен фақат қон билан
ёзилганини яхши кўраман. Қонинг билан ёз ва сен қон руҳ эканлигини билурсан», деган
даъватлари эскирмаслигини истаб қолардим.
Қодирий, Айний, Ойбек асарларида ана шундай исён
ва ҳавас ўйғотадиган ҳолатлар анчагина. Бугун виртуал оламда ҳам улар
яловбардордирлар. Адабиётимизнинг эволюцион тараққиётини таъминламоқ учун биз
улардан ўтиб кетишимиз керак эди. Амалда эса бундай бўлмади. Кечагина кўкка
кўтариб мақталган, талай мукофотларга сазовор бўлган шоир, ёзувчиларимиз
асарларини бугун ўқимай қўйишди.
Аслида, бадиий
асар инсон қалбида исён пайдо қилиши учун ёзувчининг ўзи андак исёнкор бўлиши
шарт. Хаёл ва фантазиядан иборат бўлган
уйдирмани мўъжизага айлантириш, курашга сафарбар этмоқ учун истеъдоддан ташқари
ақл ва тажриба ҳам керак. «Нигилизм билан йўғрилган исёнкор руҳгина адабиётни
жонлантириши мумкин», деб ёзганди ёзувчилардан бири.
Шундан кейин адабиётни сақлаб қоладиган ягона восита
интернет деган хулосага келганман. Афсуски, кўпгина ижодкорларимиз компютерни
ўрганишга қунт қилишмаяпти. Уларнинг аксарияти қайси адабий сайтда, қанақа
асарлари эълон қилинганидан бехабарлар. Ёшимиз ва аҳволимиз нечук бўлишидан
қатъий назар, онлайн адабиётга эш бўлишимиз шарт. Интернет – адабиётни
ҳалокатдан сақлаб қоладиган ягона восита эканлигини тан олмоғимиз лозим.
Суҳбат ичида
суҳбат
– Устоз, икки
йилча муқаддам Самарқанд туман газетасида ёзувчи Хуршид Нуруллаев билан суҳбатингиз
эълон қилинган эди. Ана шу суҳбатни ҳам китобхонларимиз эътиборига ҳавола
қилсак, улар учун манфаатли бўлади, деб ўйлайман.
* * *
«Журналистлар
қалбида қўрқув бор»
– Бир битигингизда шундай сатрлар бор: «Олтмиш ёшнинг
нари-берисида киши руҳиятида талай ўзгаришлар содир бўлиши табиий. Киши бой
берилган имкониятлар, йўл қўйилган хатоларидан надомат чекади, ҳаёт ва
адабиётга бўлган аввалги ташналик, иштиёқ сусаяди...» Олтмиш ёшингиздан
кейингни ижодингиз билан танишган ўқувчи асарларингизда қайд этилган
фикрларнинг аксини кўради. Чунки ҳаёт ва адабиётга бўлган ташналик кучайса-кучайганки,
сусаймаган.
– Киши умри давомида кўплаб кишилар билан
дўстлашади, лекин кексаликкача уларнинг айримларигина сақланиб қолади. Дўстим
Миршариф Хўжаев ( каминадан тўрт ёш кичик) ўшанда мендаги бу тушкун кайфиятни
сезиб, «Толстойнинг қайси асарларини жуда қадрлайсиз?» деб савол берганди. «Ҳожимурод»
, «Тирилиш», жавоб бергандим мен. «Адиб ана шу икки асарини ҳам етмиш ёшдан
кейин ёзган», деди у. «Чунки ёзувчи, айнан олтмиш ёшдан кейин тажриба, билим,
хотираларга бой бўлади. Ёзувчининг ижоддан тўхташи унинг ўлими билан тенг».
Шундан кейин «Фожиа» ҳикоялар туркумини, «Жадид» романини ёздим. Миршариф дониш
уларни ўқиб, мақтаб турди.
– «Ўйлаб кўрсам,
табиатга ҳеч қайси авлод биздай кўп зуғум ўтказмаган, катта зарар етказмаган
экан. Мен келажак авлоднинг оёғига бош қўйиб, тавба-тазарру қилишга тайёрман»,
деган эътирофингиз бор ёзувларингиз ичида. Бир вақтлар Ўзбекистон Табиатни
муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилгансиз. Бу хулосага ўшанда келганмисиз?
Ҳозирда экологиядаги муаммоларни бартараф этиш борасида маълум ишлар
қилинмоқда, албатта. Лекин қилинганидан қилиниши керак бўлган ишлар кўпдек?
– Бундан икки йил муқаддам
Ҳиндистон саёҳатида бўлгандим. Ўтлоқ орасидаги коттеджга жойлашиб олганимиздан
кейин, ҳинд маъмури келиб, рус тилида, мабодо хонага илон ёки калтакесак кириб
қолса ўлдирмаслигимизни илтимос қилди. Телефон
қилсак, ўзи кириб, уларни чиқариб ташлашини айтди. У билан гаплашгим келди. «Ҳамма
меҳмонларни шундай деб огоҳлантирасизларми?» «Йўқ, Оврупо,
Америка қитъасидан келадиганлар буни билишади. Араблар ҳам уволдан қўрқишади.
Бошқаларни огоҳлантирамиз». Бу рўйхатда бизнинг мамлакат ҳам борлигини фаҳмлаш
қийин эмасди. Ҳиндистонда ҳатто магистрал кўчаларда ҳам сигирлар, маймунлар
эркин юришади. Ҳинду бизга нисбатан анчайин қашшоқ, дунёбинлиги ҳам ҳамин
қадар, аммо табиатга озор етказишда Худодан қўрқади.
Мен Европадаги талай мамлакатларда бўлдим ва уларнинг табиатга
эҳтиромларини кўриб, ҳавасим келди. Халқимиз ҳақида гап кетганда, мақтанишни хуш кўрамиз: «Энг
меҳнаткаш, энг меҳмондўст» ва ҳакозо. Лекин одамларимизнинг экологик маданияти
жуда паст. Мисоллар келтираман. Жомбой ҳудудида «Зарафшон» қўриқхонаси ташкил
этилганидан хабардорсиз, албатта. Бу ерда, жумладан, Жаҳон қизил
китобига кирган қирғовулларни кўпайтириш йўлга қўйилди. Улар ҳимояга олингач,
тез кўпайди ва қўриқхонадан ташқарига ҳам учиб чиқа бошлади. Бу
яхши ҳол эди: шу тариқа жониворлар бошқа ҳудудларга ҳам кўчиб,
кўпайиши каромат қилинганди. Аммо ундай бўлмади. У ердан чиққан қушларни ўққа
тутишга киришишди. Милтиқлар тортиб олингандан кейин ҳам тўр, тузоқ ва
калтаклар билан беаёв овлашмоқда. Бир тишлам гўшти учун.
Лицензияга эга бўлган
овчилар эса бу паррандаларни, ҳатто қўриқхона ҳудудида ҳам отиб, пулламоқдалар.
Бундан ўн
йиллар муқаддам қиш қаттиқ келди, тоғларни қор босди. Озуқа
тополмаган оҳу, жайрон, сайғоқлар нажот излаб қишлоқларга туша бошладилар.
Аксар қишлоқларимизда уларни тутиб, кучга киритишди, семиртиришди. Кейин...
сўйиб ейишди. Мен бунга гувоҳ бўлдим.
Мустақиллик эълон
қилинишидан олдинроқ республикамизда Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси тузилди.
Каминани мазкур ташкилотга тарғибот бўлими мудири сифатида ишга қабул
қилишганди. Қўшни хонада эса овчилик бўлими жойлашган бўлиб, у ерга милтиқ
кўтарган талай кишилар кириб чиқишарди. «Табиатни муҳофаза қиладиган идорага
овчилар керакми?» деган фикр эса, менга тинчлик бермасди. Уларнинг бўлим мудири
билан гаплашдим. «Кўпайиб кетган жониворлар, масалан, бўри, шоғолларни ким
тартибга солади, ов муддатини ким белгилайди?» деди у. Тўғри, бўри, шоғол
кўпайиб кетса, уларни камайтириш керак. Аммо бунинг учун тараққий этган
мамлакатлар сингари бу жониворларнинг сонини тақрибан билиш керак-ку. Бунақа
ҳисоб-китоб эса бизда ҳозиргача йўқ. Ов муддатини белгилаш учун бунчалик кўп
одам керак эмасдир?
Янги йил арафасида овчилик бўлими ходимларга
совға тайёрлашганини айтиб қолишди. Чиқиб қарасам, юк машинасида ўққа
тутилган талай сайғоқлар, шунингдек, жайронлар, оҳулар қалашиб
ётарди. Ходимлар талашиб-тортишиб, ўзларига
тегишли улушни машиналарига ортишарди. Кейин, бу идорадан кетдим.
– Таниқли адиб Нусрат Раҳмат ҳақида гап
кетганда, унга публицист, ёзувчи, журналист деган тариф берилади.
Битикларингизда асли агроном эканлигингиз бот-бот такрорланган бўлса-да,
аксарият одамлар Сизни адиб сифатида тан олади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида беш
йил ўқиб, нима топган ва нима йўқотилганини ҳеч ўйлаганмисиз?
– Мен ҳаммаси бўлиб, олти ойгина агроном бўлиб ишладим, холос. Ундан
кейин талай ташкилот, корхоналарда хизмат қилдим. Тан оламан: қўнимсизман. Аммо
ана шу қўнимсизлик менга жуда кўп нарсалар берганлигини ҳис қилганман.
– Узоқ йиллар журналистика билан шуғулландингиз.
Соҳага алоқаси бор инсон сифатида даврий матбуотга нисбатан муносабатингиз
ўқувчиларимизни қизиқтириши шубҳасиз. Умуман, бугунги газеталарнинг ютуғи ва
камчилигини нималарда кўрасиз?
– Газета ҳаётимизнинг
кўзгуси бўлиши керак. Биз муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида кўпроқ ёзишимиз
зарур, деб ўйлайман. Журналистларимизнинг дилларида анчайин қўрқув борга
ўхшайди. Матбуот ва адабиётимизнинг жозибадорлиги ана шу қўрқувни енгиш билан
боғлиқ
Комментариев нет:
Отправить комментарий