суббота, 3 апреля 2021 г.

Икки дўст суҳбати

 Азиз ва қадрли ўқувчи!

Қўлингиздаги китобга сўзбоши ёзиш таклиф этилганида, аввалида хурсанд бўлдим. Бундай шарафга лойиқ кўрилганимдан кўнглим тоғдек кўтарилди-ю, ушбу вазифанинг масъулиятини англагач, бироз ўйланиб қолдим. Бир томондан асар қаҳрамонини яхши билганим учун, у киши билан оилавий борди-келдимиз борлиги, кейинги йилларда эълон қилинган асарларини ҳали қўлёзма шаклида ўқиш имконига эга бўлганлигим, реал ҳаётга асосланган ҳикояларининг қаҳрамонларини таниганлигим сабабли сўзбошининг ҳажми катталашиб кетиши мумкин эди. Боз устига, Нусрат Раҳмат эзмаликни ёқтирмаслигини ҳам биламан.

Бошқа томондан, асар муаллифи ҳам кўп йилик қадрдоним, у кишининг ижодидан ҳам яхши хабардорман. Бундан деярли чорак аср аввал эълон қилинган дастлабки ҳикояларидан тортиб, кейинги вақтлардаги асарлари-ю, публицистик чиқишларидан кўп сонли мухлислари қатори баҳраманд бўлиб турибман. Бундан ташқари, Каримберди Тўрамурод каминага «устоз» деб ўзига хос мулойимлик ва меҳр билан мурожаат қилиб келмоқда. Муаллиф ушбу асарининг дунёга келишида қанчалик куюнчаклик билан ҳаракат қилганлиги, Нусрат акани суҳбатга рози бўлиши учун қай даражада дипломатик маҳоратини ишга солганлигидан хабардорлигим учун ҳам сўзбоши чўзилиб кетиши мумкин эди.

Ҳурматли ўқувчи! Сиз ушбу асарни қўлга олган экансиз, демак зиёли, ўқимишли инсонсиз. Сиз унинг қаҳрамони ҳақида ҳам, муаллифи хусусида ҳам бир қатор маълумотга эгасиз. Китоб ҳақида эса ўзингиз уни ўқиб чиқандан сўнг хулоса чиқарасиз ва бу тўғри бўлади, деб ўйлайман. Шу сабабли сўзбошини қисқароқ қилиб, ёзувчи, публицист, блогер ва, энг асосийси, камтарин, ҳоксор, самимий Инсон Нусрат Раҳмат ҳақида икки оғиз сўз айтиш билан чекланаман.

Китобнинг бошида, яъни суҳбатнинг дебочасида Нусрат Раҳмат умрни марафонча югуришга ўхшатиб, унинг финиши қаерда эканлигини ҳеч ким билмаслигини уқтиради ва у етиб келган ҳозирги манзилгача кўпгина тенгдошлари кела олмаганлигини афсус билан қайд қилиб ўтади.

Самимий инсон сифатида энг яқин дўстларидан ажралиш Нусрат акага қанчалик оғир таъсир этишига бир неча марта гувоҳ бўлганман. Айниқса, зукко инсон, журналист ва умрининг сўнгги йилларида ўзиниг «Ҳодарвиш шамоли» сарлавҳаси остида эълон қилган хотиралари билан танилган Миршариф Хўжаев ҳамда шоир Зиёдулла Нурматов ўлими қаҳрамонимиз дилини қаттиқ оғритган, чуқур қайғуга солган эди. Ҳар сафар учрашганимизда Нусрат ака билан уларни эслаймиз ва суҳбатимиз беихтиёр яшашдан мақсад, умр мазмуни каби умрбоқий ва ҳаётий мавзуга ўтиб кетади...

Нусрат Раҳмат билан бевосита танишганимга чорак асрдан ошди. Аниқроғи, камина журналистика соҳасига ўтганимдан сўнг таниқли замондошимиз билан дўстлик ришталарига асос солганмиз. Аммо ёзувчини аввалроқ, бундан 50 йил аввал «Гулистон» журналида чоп этила бошланган «Буни ҳаёт дейдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги» номли ҳикоялардан иборат романи орқали ўзимга кашф қилган эдим. Шундан сўнг Нусрат аканинг ижодини кузатиб, кўп йиллар давомида оригинал асарларидан баҳраманд бўлдим.

Ёзувчига айниқса 1987 йилда нашр этилган «Мен редакцияданман» воқеий ҳикоялардан иборат қиссаси машҳурлик келтирди. Ҳикоялар Нусрат Раҳмат атрофга, борлиққа, жамиятда кечаётган жараёнларга қанчалик теран нигоҳ билан қарашидан, кўрган ёки эшитган ҳар бир воқеа ёки ҳодисадан фалсафий хулоса чиқара олиш қобилиятига эга эканлигидан далолатдир. Чунки ҳикояларда тилга олинган аксарият ҳолатлар ўз вақтида Самарқандда кўпчиликка маълум эди ва уларнинг қаҳрамонлари ҳақида, улар салбий бўладими ёки ижобий, турли гап-сўзлар юрарди. Аммо танҳо Нусрат ака улар ҳақида ёзиб, кенг жамоатчиликка тўғри ва аниқ хабарлар етказди ва бу билан турли миш-мишларга якун ясалишига олиб келди.

Нусрат Раҳматнинг публицист сифатида кейинги йиллардаги чиқиши ҳам таҳсинга лойиқ. Масалан, Самарқанд шаҳар Гагарин кўчасидаги «дом» – Нусрат аканинг таъбири билан айтганда, «Худонинг ғазабига учраган уй» ҳақида ҳам қадимий кентда кўпчилик гапириб юрарди. У ҳақда ҳам қаҳрамонимиз чиқиш қилди ва бу машъум уйнинг бузиб ташланишига сабаб бўлди. Ёки публицистнинг халқаро муносабатларга бағишлаб ёзган мақолаларини олиб қарайлик. Уларда барча халқлар, миллатлар бир хил ҳақ-ҳуқуққа эга эканлиги, уларнинг сони ёки келиб чиқиш тарихига қарамасдан, бир-бирига ҳурмат юзасидан муносабатда бўлиш ҳақида сўз юритилади ва халқлар дўстлиги тараннум этилади. Масалан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабат тундлашган вақтда ёзган мақоласида муаллиф ўзбек ва тожик халқлари дўстлигинининг чуқур илдизга эга эканлиги ҳақида фикр юритиб, муаммони ҳал қилиш ва дўстликни тиклаш учун ҳар икки мамлакат раҳбарлари учрашиб, ўзаро суҳбатлашиб олишларини таклиф қилган эди.

Бошқа бир чиқишида Нусрат Раҳмат куюнчаклик билан Ўш воқеаларига ўзбек ва қирғиз зиёлилари ўз вақтида муносабат билдирмаганлиги хусусида сўз юритади ва донишмандлик билан «миллий масала – бу шон-шараф масаласидир» дейди.

Нусрат Раҳмат ўта тиришқоқ ва янгиликка интилувчи ижодкор сифатида олқишланишга ҳақли. Дўстимизнинг бу хислатлари кўпчиликка, айниқса, ёшларга ўрнак бўлиши лозим. 65 ёшида компьютерда ишлашни ўрганиш ва 70 ёшида блог очишнинг ўзи бўладими?

Яхши эслайман, 2005 йилда Самарқандда халқаро ташкилотлардан бири журналистлар учун бепул интернет-кафе очган эди. Унга камина мутасадди этиб тайинланган эдим. Ёш журналистлар қатори компьютерда ишлаш асосларини ўрганиш мақсадида Нусрат ака мунтазам интернет-кафега келарди. Натижада замонавий коммуникация сир-асорорлари билан танишди ва кейинчалик компьютер сотиб олиб, бу борадаги саводхонлигини ошириб борди. Бунинг натижасини эндиликда кўпчилик кўриб турибди. Блогида  (nusratrahmat.blogspot.com) роману қиссалари, кўплаб ҳикоя ва мақолалари жойлаштирилган. Уларни ҳар куни ўн етти мамлакатдан, тўрт юз атрофида кишилар кириб ўқишмоқда. Нусрат ака ижтимоий тармоқларда ҳам фаол.

Қадрдон биродарим, дўстимни оилапарвар, умр йўлдошлари Рухсора опа билан қанчалик меҳрибон ва фарзанду набиралар бахту тахти йўлида ҳамма нарсага тайёр самимий ва камтарин Инсон сифатида таърифлаш учун кўплаб мисоллар келтиришим мумкин эди. Аммо сўзбошининг аввалида Нусрат ака ўзларини мақташларини, яъни эзмаликни ёқтирмасликларини уқтирган эдим. Шу сабабли фақат яна бир хислати – меҳмондўстлиги ҳақида сўз юритиш билан чекланаман.

Нусрат Раҳмат ва Рухсора опамиз ҳар йили Кўтарма қишлоғидаги ҳовлиларида дўсту қадрдонлари учун тут сайли ташкил қилишади. Унда ёзувчи, шоир ва журналистлар тўпланади.

Аслида тут бир баҳона. Мақсад дийдорлашиш, бир-бирларининг аҳволидан, ижодлари маҳсулидан хабардор бўлиш. Ўтириш давомида шеърлар ўқилади, қизиқарли ҳикоятлар айтилади. Тут сайли яхши бир маънавий-маърифий тадбирга айланди. Бундай ўтиришларнинг яна бир аҳамиятли томони шундаки, улар умрни узайтирувчи кулгуга бой бўлди. Айниқса, хонадон бошлиғининг кулгусини айтмайсизми! Нусрат Раҳмат дейилганида жуда кўпчилик баланд овозда қаҳ-қаҳ уриб куладиган самимий инсонни кўз олдига келтиради.

Азиз ўқувчи, энди китоб мутолаасига киришинг ва ўзингиз икки доно инсоннинг суҳбатидан баҳра олинг!

Тошпўлат Раҳматуллаев, журналист


 

Комментариев нет:

Отправить комментарий