суббота, 3 апреля 2021 г.

4. Муаллифи баҳсли шеърлар

 – Устоз, бундан қирқ йиллар илгари ёзган шеърларингиз одамлар орасида тарқалиб кетганини биламиз. Ўшаларнинг айримларини шу китобга киритайлик!

 

– Майли...

 

ШУ ТИЙРАН КЎЗЛАР

 

Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,

Меникимас, дўстлар...

«Кўзи ожиз» бўлиб туғилгандим ман,

«Бечора, дейдилар, қисматинг экан».

Сезмасдим тун нима, ё кундуз нима,

Баҳор латофати ё юлдуз нима?!

Эртадан-кечгача ўтирардим жим,

Ахир, юмуқ эди менинг кўзларим.

Илк баҳорда бир кун Тошкентдан дадам,

Доктор олиб келди, қувондим бирам!

Профессор экан, кўрди кўзимни.

Тинглади ҳасратли, мунгли сўзимни.

– Даволайман, – деди. – Аммо кўп қийин,

(Дилим туғён этар дақиқа сайин).

– Бунинг бир йўли бор: бирорта одам,

Агар рози бўлса, даҳшат бўлса ҳам,

Кўз соққасин берса, ўйиб олгайман,

Кўзларинг ўрнига уни жойлайман!

Тезда дўсларимни тўплабди дадам,

Сўрабди баридан бирор бир ёрдам...

Аммо ким кўз берсин, шу экан тақдир,

Дептилар: кўз бериш даҳшат-ку, ахир!

Қариндошларни ҳам топибди дадам,

Кўз инъом этмабди қариндошлар ҳам.

Сукут ичра бир кун мизғирдим, ҳайҳот,

Ногоҳ эшитилди аччиқ бир фарёд...

Вой, онам-ку, ахир!

Ирғиб турай десам, қўймайди кимдир.

Кейин...

Кейин билсам, бечора онам,

Мен учун берибди икки кўзин ҳам.

Доктор нигоҳбонин ўйиб олибди,

Дарддан мунисгинам фарёд солибди!

Жарроҳ столига сўнгра мен ётдим,

Билмам у ёғини – ҳушим йўқотдим.

Орадан тақрибан қирқ кунча ўтгач,

Ва профессор ижозат этгач,

Докани кўзимдан ечдим-у шартта,

Мен борлиққа боқдим биринчи марта!

О, ошуфта дунё, осмон, юлдуз, ой!

Одамларни кўрдим илк бор, ҳойнаҳой,

Онажон, деб уйга қўйиб кирсам от,

Эҳ, мен ношудга ҳаром бу ҳаёт!

Онамнинг иккала кўзи кўр эди,

Инграрди бечора... дарди зўр эди!

У секин пайпаслаб, бошимни тутди,

Очиқ кўзларимни меҳр билан ўпди.

 

Сизга боқиб турган шу тийран кўзлар,

Меникимас, дўстлар, Онажонимники!

 

– Устоз, мана шу шеърингиз жуда кўп давраларда ўқилган ва, нимагадир, уни ўқиганлар аксар ҳолларда Абдулла Ориповнинг шеъри деб ўқишган. Яна бир шеърингиз бор, уни ҳалигача давраларда айтиб юришади. Бир замонлар бу шеър ўқилмаган тўй, тантана бўлмасди. Энг қизиғи, бу шеър муаллифини ҳам деярли ҳеч ким билмас, муаллифи ҳар даврада ҳар хил айтиларди. Шу шеърни ҳам эсласак ва ўқувчиларимиз шеър муаллифи сиз эканингизни яхши билиб олишса.

– Бу шеърларни истеъдодли актёрлар саҳнада монолог тарзида ўқиса ҳаяжонли чиқади, назаримда...Энг қизиғи, бу шеър муаллифи кимлиги ҳақидаги баҳсларга мени ҳам жалб қилишган ва ўзимдан ҳам сўрашган, шу шеърни ким ёзган, сиз билмайсизми, деб. Баъзан меники эканини айтсам, баъзан энсам қотиб, «Мен ҳам билмайман», деб қўя қолганман.

   Шунинг учун ҳам“Она юраги” деган  шеъримнинг охирида номимни қисдириб ўтганман. Аслида, бу афсонани  талай шоирлар шеърга солишган. Мен ҳам бир вақтлар қаламимни синаб кўргандим:

 

Она юраги

 

Ҳайҳот!

Ҳайҳот!

Ҳайҳот!

Сен она эмассан.

Жаллодсан – ҳаёт!

Ошиқи зорларга изтироб нечун?

Маъшуқлар пойида не боис мажнун?

Уларга тутқазиб, гоҳ ханжар, гоҳ гул,

Қисматнинг қаърига отасан буткул!

 Қаламга олганим жўн бир афсона,

Афсонада зоҳир – сабоқ, фасона

   Ўғлон севиб қолди, дарди беҳудуд,

Кўзидан, сўзидан ўт чақнар бедуд.

Одамлар! Чекининг, ана маст келди!

Ишқ шаробин ичган ғўр, сармаст келди!

  Ишқи тушган санам, о дилдор эди,

Чечан-у, шоҳиста ва кибор эди.

Моҳтобни эслатар хушрўй юзлари,

Руҳингни эркалар сузук кўзлари

Пойларига қўйиб бошини такрор?

Йигит зорланарди – ашки шашқатор:

«Дилингни менга бер, берақол, жоним,

Зулматга отмагил жону жаҳоним.

Не шартинг бор, сўйла, борлиғим нисор,

Жоним-у, жаҳоним, имоним нисор…»

«Чиранма, қоплоним, кўз сузди дилдор,

Агар жўмард бўлсанг, қалтис шартим бор…

Майли, юраккинам сенга бахшида…

(Ошиққа умидбахш ваъда яхши-да)

Унинг эвазига келтиргил лочин,

Онанг юрагини!

Сўзинг бўлса чин!»

  Нима бу?

Макрми, сир-у синоат,

Даҳшатли ҳазилми ёки хиёнат?

  Ёлғиз ўғил эди, ёлғиз онага.

Саросар қайтди у уйга – хонага

Онанинг кўзлари йўлга зор эди.

Ўғил қўйнида-чи, ханжар бор эди…

Девонавор эди унинг кўзлари,

Сарбасар, мастона айтган сўзлари.

Она ёйган эди муъжаз дастурхон,

Ҳадемай нон ўзра сачраб кетди қон!

  Кафтда серхун юрак урарди ҳамон.

Ўғил манзил сари отилди чаққон.

Ва остона узра қоқилиб тушди,

Онанинг юраги нарига учди…

Водариғ,

Водариғ, тилга кирди у,

Дарду изтиробли бир ҳол эди бу.

Дедики: «Тойчоғим, бу не фалокат?

Етмадими сенга зарбу зарофат?

Турақол, чироғим, дардингни олай,

Йўл қалтис, огоҳ бўл қурбонинг бўлай!

Ҳайҳот!

Ҳайҳот!

Ҳайҳот!

 Сен она эмассан,

Жаллодсан ҳаёт!

Ошиқи зорларга изтироб нечун?

Маъшуқлар пойида не боис мажнун?

Кечир, мунгли бўлди Нусратнинг сўзи,

Хулоса яcасин ҳар кимнинг ўзи…

 

– Келинг, мухлисларимиз сизни шоир сифатида ҳам яхшироқ билишлари учун сизнинг «Тақдимот» номли шеърий тўпламингиздан икки-учта шеърларингизни уларнинг ҳукмига ҳавола этсак!

 

  Тақсир, шу ёғи етарли...Фақат юқоридаги икки шеър истеъдодли артистлар қўлига тушишини, уларни саҳналарда дард билан ўқилишини орзу қилиб қоламан.

 

 

Қошиқларга ошиқлар

 

– Устоз, биз яхши биламиз: сиз узоқ йиллардан буён дунё халқларининг ёғоч қошиқларини тўплайсиз, ҳатто бу ҳақида Республика телевидениесида ҳам кўрсатишди.

 

 – Ёғоч қошиқлар инсониятнинг қадимий ашёларидан бири бўлиб, нафақат ошхона ёки дастурхон зарурати, балки ўзига хос санъат асари ҳамдир. Бир қатор халқлар уни ризқ-рўз рамзи деб билишган ва турфа дуолар, нақшлар, гуллар билан безатишган. Талай юртларда ёғоч қошиқ мусиқа асбоби ва рақс элементига айланган. Усталар уларни, кўп ҳолларда, мевали дарахтлардан ясашган ва чўмич, ош қошиқ, чой қошиқларнинг ҳажмига қараб, ўймакор нақшлар билан зеб беришган. Бундай қошиқлар насиба улашиш билан бирга, эстетик завқ ҳам ато этган.

 Каминанинг ёғоч қошиқларни келажак авлод учун сақлаб қолишдан умидим ҳам ана шу омилдир. Қирқ йил давомида, қай бир юртда бўлсам, бозорлар, антиквар ҳамда совға дўконларидан ёғоч қошиқ излаганман. Кейинчалик қавмларим ҳам қошиқ совға қиладиган бўлишди. Бу ерда яҳудийлар, ҳиндлар, гуржиларнинг бир неча асрлик қошиқлари; шунингдек, Чингиз Айтматов, Миршариф Хўжаев, Ошиқ Эркин, Машраб Бобоев, Тошпўлат Раҳматуллаев ва бошқалар совға қилган, мен учун қадрли қошиқлар ҳам бор.

 Ҳозир деярли ҳамма жойда метал ва пластик қошиқлардан фойдаланишади. Аммо ёғоч қошиқ табиийлиги билан инсон организмига эш ва экологик жиҳатдан тоза эканлигини унутмаслик керак.

Мазкур музейда тўрт қитъага тегишли бўлган икки юзга яқин қошиқ бор. Уларнинг нақшлари бир-бирини такрорламайди; ҳажми, шакли ҳам турли-туман.

 Бу коллекция ҳақида газеталарда ёзишди, телевидениеда кўрсатишди. Аммо кўз билан кўришга нима етсин? Шунинг учун мухлисларимизни қошиқ музейимга, Самарқанд туманининг Кўтарма қишлоғидаги уйимга (Қўшмачит 418) таклиф қиламан.

 Бир замонлар дастурхонингизга зеб бериб турган ҳамда қадрдонингизга айланган қошиқларни ногоҳ шу жойда учратиб, қувончга тўлишингизни ва, умуман, кўргазмадан сархуш бўлишингизни истайман.

 


 

Комментариев нет:

Отправить комментарий