суббота, 3 апреля 2021 г.

5. «Сарҳисоб»

 – Устоз, биз мухлисларингиз ҳам сизнинг доим сархуш бўлиб юришингизни, яратганнинг ўзидан тилаб қоламиз. Аммо сўнгги йилларда кексаликдан, касалликлардан андак нолийдиган бўлиб қолганингиз ноўрин. Ваҳоланки, сизнинг руҳингиз ҳамон баланд, қаҳ қаҳаларингиз жарангдор, қадамларингиз собит.

 – Бир ҳазилкаш, чапани танишим: «Ўн – қўй, йигирма – бўри, ўттиз – арслон, қирқ – қилич, эллик – пахта, олтмиш – ахта, етмиш – нўхта, саксон – тахта», деган нақлни кўп ишлатарди. Ёши саксондан ошгандан кейин ҳазиллашиб, ҳалиги нақлни эслатсак: «Ўладиган нодон йўқ», деганди...

 

– Андак нолийдиган бўлиб қолдингиз», деганимни тўғри тушунишингизни сўрайман. Сизнинг 2014 йилда ёзган «Сарҳисоб 43» сарлавҳали ҳисоботингизга кўзим тушган эди. Ҳисобот батамом тушкун кайфиятда битилганди. Сиз умрингиз сарҳисобини ёзиб бораётганингиз, аммо уларни эълон қилмаётганингиздан хабардорман. Мен 43-ҳисоботни ўқиганман. Ижозат этинг, бошқалар ҳам танишишсин.

 

 Сарҳисоб - 43

 

Сарҳисобнинг сўнгги бобини ёзаётганга ўхшайман...

Уни каминанинг иқрорномаси ўрнида қабул қилишингиз ҳам мумкин. Агар «Нохуш хаёллар» деган ҳикоямни ўқиган бўлсангиз, айнан менинг ёшимдаги бош қаҳрамон Ваҳоб Кабирович бир йилга етмай, бу ёруғ оламни тарк этаман, деган нохуш ва муқаррар хулосага келади. Хафақон касаллигининг авж олиши, ота-онасининг айнан шу ёшда вафот этишлари ва бошқа талай сабаблар уни шундай тўхтамга олиб келади.

 Мен ҳам худди шундай ноумид кайфиятда ҳарф тераяпман. Чунки, каминанинг тушкунлигига сабаблар бисёр бўлиб қолди.

Майли, бир бошдан...

3 июл куни, туғилган кунимни нишонлаш учун фарзандлар, қавмлар, дўстлар келишди. Одатдагидек, меҳмондорчилик бўлди. Ўша куни  facebooк орқали элликдан кўпроқ кишидан табрикнома олдим. Уларга индувидуал ва қуйидаги умумий жавобни ҳам йўлладим. «Каминани, журналистикани, адабиётни шунчалик ҳурмат қилганларингиз учун сизларни Худо иззат қилсин! Кенг феъл, кетмас давлат берсин! Остоналарингга осойишталик тилайман! Шодлик ва омад икки қўлини чўзган гўдакдай сизларга талпинсин! Худо ҳақи, сизларни яхши кўраман!»

 Телефон орқали табриклаб, қўнғироқ қилган яхши одамларга ҳам лутфу-карам кўрсатдим. Аммо, эртаси, кутилмаганда...

Начора, ҳаёт тасодифларга, кутилмаган омад-у, омадсизликларга сероб. Арзимас ҳодиса бахт ёки бахтсизликка сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Ҳаёт билан ажалнинг ораси бир қадам эканига кўпчилигимиз гувоҳ бўлганмиз.

«Мен редакцияданман» деган китобимда ўзим шоҳиди бўлган бир воқеа хусусида қалам тебратгандим.

 Аъзамов деган қори, ўша замонларда «детдом» деб аталадиган меҳрибонлик уйидан тўрт ёшли ўғилчани олиб тарбиялагани, болакай уни етаклаб юришини батафсил ҳикоя қилгандим. Бир куни икковлари бекатда турганда, бола неон чироғли бетон симёғочнинг қуйисидаги «предохранитель» деган матони олмоқчи бўлади. Уни ток уриб ўлдиради. Қай бир бефаҳм уста унинг қутичасини қулфлаб қўймаганлиги шу қисматга сабаб бўлади.

 Мен эрталаб товоқчадаги кунжутли ҳолвани кўриб, ҳавасим келди. Бир тишлам олмоқчи бўлгандим, қаттиқ экан. Жилла зўр бергандим, тишим синиб кетди. Юқори жағ тишлар протез қилинган бўлиб, улар ана шу синган қозиқ тишга илиниб турарди. Ҳолванинг ичидан тишларимни бирма-бир суғуриб олдим.

 Бу фожиа эмас, докторлар аввалгисидан ҳам яхшироғини қўйишлари мумкин, деган хулосада ўзимни овутиб қўя қолдим.

 Орадан бирор ҳафта ўтиб, таниш стоматологга борган эдим, у милкларимни синчиклаб кўрди-ю, юқори жағимда нўхатдай без пайдо бўлганини, уни олдирмасдан тиш қўйиш мумкин эмаслигини айтиб қолди. Бундай юмушлар билан номиёқ нохуш ҳис ўйғотадиган онкология диспансери шуғулланишини ҳам қўшиб қўйди. Дилимда ғусса пайдо бўлди.

Вилоят онкология диспансерида ЛОР врачига навбатда турганлар анчагина эди. Козимов шарифли врач милкимни диққат билан кўздан кечириб, намуна олиш зарурлигини айтди. Мен рози бўлгач, ўша безнинг атрофидан қон аралаш бир нечта тўқималарни узиб олди. Натижаси ўн беш кундан кейин маълум бўлишини билдирди.

 Ўн беш кун давомида ўзим ҳам қонимга ташна бўлиб яшадим. Ҳар ҳолда, бу юмушни уч-тўрт кунда аниқлаш мумкин-ку, деган фикр тинчлик бермай қўйганди. Аниқроғи, рак бўлмадимми, деган гумон дилимни кемира бошлаганди.

 – Ўзгариш бор, – деб чайналди врач ўн беш кундан сўнг, кўзимга андак ғамгин ва маҳзун термулиб. – Қайтадан, чуқурроқ анализ оламиз.

Бу гал оғзи бурнимни лахта-лахта қонга тўлдириб, бездан парчалар (улар биопция дейишади) олишди. Яна ўн беш кун кутишга эса сабрим чидамасди. Чунки, шубҳа гумонлар соат сайин ошиб борарди.

Бугун сизнинг охирги кунингиз, дейишса, нима қилардингиз? Сўнгги ҳафта ёки ойингиз дейишса-чи?

Мен докторнинг сирли муомаласи, юз ифодалари ва тахминий хулосасини тинглаб, нари борса, бирор йиллик умрим қолибди, деган тўхтамга келган эдим. Умримнинг охирги йили... Чунки, саратон ташхиси қўйилгандан кейин ҳам дори-дармон билан анча-мунча рўзгурзонлик қилганларни кўрганман.

Ишни аввало руҳимни тинчитишдан бошладим.

Мана, етмиш тўртга кирдим. Дадам олтмиш иккида, Пайғамбаримиз олтмиш уч ёшда вафот этган, Республикада эркакларнинг ўртача ёши олтмиш саккиз, устозлар, ҳамкасблар, дўстларнинг ҳам аксари олтмиш билан етмиш орасида бу дунёи фонийни тарк этишди. Ва, энг муҳими, зарур юмушлар, бурчларимнинг барини амалга оширгандайман. Рухсора билан беш фарзанд кўрдик, уларни улғайтириб, ўқитиб, уйли-жойли қилдик. Эндиликда ўн етти набира ва бир ярим (буниси, ҳали она қорнида) эваранинг бобосиман. Ҳаммаси шу эмас, романлар, қиссалар, ҳикоялар, мақолалар ёздим ва уларнинг айримларидан умидим катта. Аслида, бадиий асар мутолаа қилиш кун сайин камайиб кетаётган, аниқроғи, ўқувчидан кўра ёзувчи кўпайган бир даврда бундай умид орзулар ҳам эҳтимол ортиқчадир. Аслида, озроқ ва созроқ ёзмаганимдан надомат чекаман. Келажакда романларимни ёшлар ўқишига унчалик ишонмайман. Қалин китобларни эндиликда пенсионерлар, бекорхўжалар, ёлғиз одамларгина ўқиши мумкин. Улардан кейинги авлод телевизор ва қўл телефонлари, интернетга жуда ҳам боғланиб қолишади ва қалин китобларим ҳам умрини якунлайди. «Фарзандга ўгитлар» деган асарим, «Фожиа» туркумида ёзган китобларим бир неча йил яшаб қолса керак...

 Беҳбудий ҳазратларига ҳайкал ўрнатиш ташаббуси билан чиқдим, у кишининг фаолиятини ўргандим. Бу зот ҳақида сўз кетганда, эҳтимол каминани ҳам йўқлаб қўйишар. Аслида, мангуликка кетган банда учун йўқлаш-йўқламасликнинг ҳам тариқча аҳамияти йўқ, албатта. Аммо...

 Ҳатто ёғоч қошиқлар музейини ташкил этиб, унда ўзимнинг китобларим, қўлёзмаларим ва асори-атиқаларимни ҳам қўйиб чиқдим. Блогим (nusratrahmat.blogspot.com) дан асарларим ва таржимаи ҳолимга доир аксар маълумотларни топиш мумкин.

«Бекажон» газетаси таҳририяти билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаб, матбуотда эълон қилдик...

 

 – Ана шу хусусда батафсилроқ маълум маълумот берсангиз, устоз?

 

 – 2006 йилда швецариялик Бернер Вербер ЮНЕСКО ҳомийлигида ҳозирги дунёнинг етти муъжизасини аниқлашга киришганда, мен бу еттиликка Регистон ансамбли ва Гўри Амир ёдгорлигини тавсия этгандим. Аммо улар қирқинчи ўринга ҳам илинмади. Чунки овоз бериш онлайн тарзида бўлганлиги боис кўпчилик бундан бехабар қолди ёки интернет саводсизлигимиз таъсир қилди.

Кейин «Бекажон» таҳририяти билан норасмий бўлса ҳамки, Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлашга аҳд қилдик. Газетада сўровнома эълон қилинди, бу борада ўз аргументларимизни ҳам тавсия этдик. Овоз беришда тарихий ёки табиий обиданинг қадимийлиги, бетакрорлиги, ҳозирги ҳолати ва бошқа хислатлари ҳисобга олинишини таъкидладик. Таҳририятга келган хатлар, телефон қўнғироқлари ва каминанинг қўл телефонига тушган СМС хабарларни жамлаб, ҳар ойда натижаларни эълон қила бошладик. Аммо тезда шу нарса аён бўлди-ки, республикамизда яшайдиган ва масалага муносабатини билдирадиган фуқаро, энг аввало, ўз ҳудуди: вилояти, туманидаги ёдгорликни тавсия қилар экан. Бу ҳол реал хулоса чиқариш имконини бермас эди. Шунда биз интернетга мурожаат қилдик ва чет мамлакатлардан ҳам сўровномага иштирок этиш имконини яратдик. Орадан олти ойлар ўтгач, натижаларни жамлаб эълон қилиш имкони юзага келди. Натижага эътибор беринг:

1. Регистон мажмуаси (Самарқанд);

2. Исмоил Сомоний мақбараси (Бухоро);

3. Шоҳи Зинда мақбараси (Самарқанд);

4. Минораи Калон (Бухоро);

5. Биби хоним масжиди (Самарқанд);

6. Ичан Қалъа мажмуаси (Хива);

7. Алишер Навоий номидаги Ўзбек Давлат академик опера ва балет театри биноси (Тошкент).

Бундан кейинги ёдгорликлар ҳам сизни эътиборсиз қолдирмас деб ўйлаймиз:

8. Бухоро арки;

9. Улуғбек расадхонаси (Самарқанд);

10. Гўри Амир мақбараси (Самарқанд);

11. Интерконтинентал меҳмонхонаси (Тошкент);

12.Телеминора (Тошкент);

13.Туркистон саройи ( Тошкент)

 

– Устоз, шу ишларни қилдим, бўлди, энди кетаман, демоқчимисиз?

 

– Битта эркак учун булар оз эмас. Тақдир каминани сийлаганини алоҳида таъкидлаган эдим. Мадомики, кетиш фурсати етган экан, мард бўлиш керак! 

Умуман, ҳар қандай бандаи мўмин ўзини ва қавмларини сўнгги соатнинг муқаррарлигига руҳан тайёрлаб қўйиши лозим. Намоз - вақтида фарз. Қолган озгина фурсатда, чала юмушларни бажариб қўйиш лозим. 

Кишининг дилига ўлим ҳақидаги нохуш фикр ўрнашиб олса, руҳиятингизда талай ўзгаришлар содир бўлади. Жумладан, ғайратингиз сўнади, кулгингиз йўқолади. Умр давомида яшаган қадрдон уйингиз, ҳовли юзасидаги турфа гуллар, набираларнинг кулгилари, орзу-умидлар... Ҳамма-ҳаммасидан воз кечиш осон эмас, албатта. Аммо бундан ўзга йўл йўқлигига ишонамиз.

Аслида, етмишдан кейин яшашнинг ўзи ҳам унчалик шавқовар эмас, аксинча, рутубатли ва мантиқсиздай. Мадомики, мақсадлар сени тарк этар экан, орзусиз дунёда яшашнинг ўзи ортиқчадир. Омад эса ҳамма замонларда ҳам ёшларнинг эшигини қоқишни хуш кўрган.

 Компютер олдида кўзим ёшланади. Гоҳида қон босимим ошади.

 Сўнгги йилларда, «Сарҳисоб»нинг янги бобларини айтмаганда, ҳеч вақо ёзмадим ҳам. Ёшликдаги катта мақсад ва ҳаваслар каминани тарк этганига анча вақт бўлди. Бунинг устига қон босимим кўп ошиб, салгина зўриқишдан чўчийдиган ҳолга келдим. Мажлис ва йиғилишларга бормай қўйганман. Ҳатто телевидение ёки газета таҳририятларига бориб қолсам ҳам, ўзимни ортиқча сезаман, уларнинг вақтини олаётгандай бўламан.

Умуман, йиллар ўтгани сари инсон такомиллашиб, доно ва тадбиркор бўлиб бориши табиий ҳол. Умрим давомида қусурларимни камайтириб бориш пайида бўлдим. Аваллари амалдорлар, катта ёзувчилар билан яқинлашиш пайида бўлардим. Кейин бора-бора улардан ўзимни четга олдим. Бундай тоифадагилар сени ўзларига тенг тутишгандай кўринишса ҳамки, аллақандай кибр сезилиб қолишини англадим.

 Каминани вилоят ҳокими қабулхонасида ҳеч ким кўрган эмас. Уларнинг бирортаси мен билан танишмаёқ, ишдан кетиб қолишди. Ҳокимият биносига фақат бир бор: 2005 йилда Беҳбудий ҳазратларига ҳайкал ўрнатиш учун рухсат олишга киришга мажбур бўлганман. Ўшанда ҳам ҳоким мени қабул қилмади, аммо у ердаги танишим мушкулимни осон қилиб юборди.

Амалга интилмаганман, депутатликка номзодимни қўймаганман

Хатоларим...

Улар ўз вақти ва ўрнида айтилмаган ё ноўрин, бевақт гапирилган гапларим ёки қилган амалларимдир. Бу айбларим, кейин пистирмада туриб, нақ юрагимни мўлжалга оладиган овчиларга айландилар. «Мен редакцияданман», «Фарзандга ўгитлар», «Буни ҳаёт дебдилар» сингари асарларимда бу хусусда ёзганим боис такрорлашга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.


 

Комментариев нет:

Отправить комментарий