– Устоз, табаррук саксон ёшингиз муборак бўлсин! Бахтимизга тағин узоқ йиллар дуода бўлиб юринг!
– Қуллуқ! Саксон йил давомида тушунганим ва эътироф этганим шу бўлдики,
умр марафонча югуришга ўхшаркан ва йиллар давомида бир маромда югуриш талаб
этиларкан. Энг ёмони, финиш қаерда эканлигини билмас экансан. Уни фақат Бош
ҳакам биларкан, холос. Мен-ку шу манзилгача келдим, афсуски, кўп тенгдошларим
етиб кела олишмади...
– Устоз, майли, финиш йўқ экан, аммо старт нуқтаси
бўлган-ку. Шундан бошлаймиз. Биз сизнинг 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида
туғилганингизни, публицист, ёзувчи ва журналист сифатида Самарқанд вилояти
ҳокимиятининг «Ленин йўли» (Ҳозирги «Зарафшон») газетасида ишлаганингизни, «Қишлоқ
ҳақиқати» газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири
бўлганингизни, Тошкентга кўчиб кетиб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»
газетаси, «Меҳнат» нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида
хизмат қилганингизни, «Агар табиатни севсангиз» деган илк китобингиз 1975 йили
нашр этилганини, ундан кейин «Чанқовуз», «Олис-олис сўқмоқлар», «Дашт», «Замондош
ўйлари», «Сўқмоқлар ва сабоқлар», «Тақдимот», «Асқад Мухтор дедилар», «Энг
ашаддий каллакесар», «Фожиа» сингари йигирмадан кўпроқ шеърлар, ҳикоялар ва
очерклар жамланган китобларингиз чоп этилганини, «Мен мухбирман», «Мен
редакцияданман» китобларингиз бутун юртимизда шов-шув бўлиб кетганини, журналистлик
касбини танлаган ёшларга дастурул амал бўлганини яхши биламиз. Газета, журнал
ва интернет сайтларида юздан ортиқ мақолаларингиз чоп этилганини ҳам биламиз.
Бу хизматларингиз ҳукумат томонидан муносиб тақдирланиб, 2004 йилда сизга «Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган журналист» унвони берилганини ҳам биламиз. Аммо бу ҳали Нусрат
Раҳматни яхши билдик, танидик, дегани эмас-да. Биз билган Нусрат Раҳмат
кимларнинг авлоди, қандай оилада вояга етган, қандай инсонларнинг тарбиясини
олганки, донишманд бир зиёлига, маърифатпарвар инсонга айланган?
– Ана, кўп нарсани билар экансиз-у,
мен сиз каби Ургутнинг ҳам фарзанди эканимни билмас экансиз. Буни сиз ургутлик
эканингиз билан фахрланиб юришингизни билганим учун айтдим. Ҳа, мен 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги
Қўшмачит қишлоғида туғилганман. Дадам – Раҳматулло Жумаев, Самарқанднинг шарқий томонидаги Бадал
қишлоғидан, бийим – Хосият Жумаева, Истамбек қизи, жанубий томонидаги Қўшмачит
қишлоғидан. Назаримда, мен дунёга келишим учун дадам Қўшмачитга келган бўлсалар
керак-да. Авлодимиздан таниқли кишилар чиқмаган. Бобом деҳқон бўлган. Дадам
шофёр, онам бир умр уй бекаси бўлганлар. Онам арабча ўқирдилар. Аммо биз
комсомоллик қилиб, ўрганмаганмиз.
Бошланғич маълумотни эса Ургутнинг Қўзичи қишлоғидаги мактабда олганман. Бу
жуғрофий номувофиқликка изоҳ берадиган бўлсак, жилла бўлса-да, ўша йиллардаги
ҳолатни кўз олдимизга келтиришимизга тўғри келади. Дадам ҳайдовчи эдилар ва у
пайтларда ҳайдовчилар жуда оз бўлгани сабабли уларни қадрлашарди. Ҳукумат
фронтдан бўшаган юк автомашиналарини илғор колхозларга тақсимлаётган пайт эди.
Ургутдаги машъал «Қизил шарқ» колхозига теккан «политурка»ни бошқаришни
дадамдан сўрашган. Ана шундай қилиб биз Ургутга бориб қолганмиз.
Биринчи синф пайтимда мактаб директорининг йиғилишда газета ўқиб бергани
ёдимда михланиб қолган. «Улуғ доҳиймиз Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз
ғамхўрлиги билан «Қизил шарқ» колхозига ҳам машина берилди. Районимизда машиналар
сони учтага етди. Шофер Жумаев Раҳматдан ҳамма мамнун».
Муаллимлар орасида фронтдан ярадор
бўлиб келганлар ҳам анчагина эди. Устозимиз Абдураҳмон аканинг ҳам бир оёғини
снаряд юлиб кетган бўлса керак, ёғоч оёқда юрарди. Юрганда оёғи ҳазин
ғижирлагандай бўларди. “Сўроқ бўлгиси деса, ўроқни эсла, ундов белгиси деганда,
оёғимни эсла,” деярди.. Йиллар ўтиб, ана шу ундов белгисига айланган мажруҳ оёқ
мени урушга қарши курашга даъват этабошлади.
Ёғоч оёқ ғичирлайди, ғичирлаб ҳазин-
Одамларга баён этар, серҳасрат арзин:
«Мен садақайрағоч эдим бир замон,
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун, одамни-одам?
Йиллар ўтиб, ўша пайтдаги маориф ишларини андак сифатласам, каминани
шўропарастликда айбламассиз, деб ўйлайман.
Муаллимлар жон-жаҳдлари билан бизга билим бериш пайида бўлишарди.
Россиянинг турли шаҳарларида ўқишни битириб келган сулув ва шоҳиста кийинган
рус, татар қизлари билим билан бирга жадид бир маънавият ҳам келтиришганди.
Аксарият одамларнинг руҳиятида ғалабадан кейинги сурур, келажакка ишонч,
ғояларга садоқат мана-ман деб турарди.
Шу орада ҳукуматнинг қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш ҳақидаги қарори чиқди
ва талай тоғли қишлоқлар сингари қўзичиликларни ҳам янги ерларга кўчирадиган
бўлишди. Биз янги ерларга кўчмадик – қўшни хўжаликка машина тегиб қолган экан,
дадам ўша ерга ишга ўтдилар.
Сталин ўлган эди!
– Устоз, ўша йиллари эсингизда қолган энг унутилмас
воқеа қайси бўлган, деб ўйлайсиз?
– Сталиннинг ўлими бўлса керак. Эллигинчи йилларнинг бошида бутун қишлоқда
биз билан раиснинг уйидагина «Родина-49» деган радиоприёмник бор эди. Учта оғир
батареяси бўларди. Одамлар радио эшитгани келишарди. 1953 йилнинг баҳорига
келиб, ундаги дилкаш қўшиқлар ўрнини биз учун бегона ва мунгли мусиқалар эгаллади.
Диктор эса бот-бот ғамзада овозда ўртоқ Сталиннинг касаллигини
такрорлайдиган бўлди. Шунда мактаб ўқитувчилари навбат билан келиб,
тинглайдиган бўлишди. Мен 1953 йилнинг 5 март кунини яхши эслаб қолганман. Ўша
куни Россиядан келган ёшгина муаллима навбатда турганди. У ҳўнграб йиғлаб юборди. Бошқалар ҳам кўз ёшларини тия олишмади.
Сталин ўлган эди!
Қишлоқда Емирамид бобо деган солиҳ татар
чол бор эди. 1943 йили Қримдан зўрлаб
кўчирилган ва уч қизи билан бу ердаги ташландиқ кулбада яшарди. Жумладан, шу одамнинг кўзларида ҳам ёш кўриб, жуда ёмон
веқеа бўлганлигини ҳис этгандим.
Йиллар ўтиб ўйлаб қоламан: оилам билан
ногаҳонда етти ёт бегона юртга мажбуран кўчириб юборган золим шоҳни
кечирармидим, у ўлганда хафа бўлармидим?
Буларни ўйлашнинг ўзи ҳам ваҳимали.
Эҳтимол, ҳар қандай тарихий жараённи ўша давр нигоҳи билан баҳолаш
керакдир...
– Устоз, барча бўлажак ижодкорлар мактаб ўқувчиси
эканидаёқ шеър ёзади, сиз ҳам ўқувчилигингизда шеър ёзганмисиз?
– Саккизинчи синфда ўқиб юрганимда газетада «ЗАГС ёши» деган тўрт қатор
шеърим босилди:
Дилим безовтадир ҳар қарошига,
Тасаддуқ бўлгум бор қалам қошига.
Дўстларим нетайин, уйланай десам,
Сал етмай турибман ЗАГС ёшига.
Ана шу «улуғ асарим» учун уч сўм қалам пули ҳам олганман. Бу ўша давр учун кам пул эмас эди, бу пул билан оиламиз бир ҳафта яшаши мумкин эди. Пулнинг таъмини билгач, шоирлик сердаромад иш экан,
дедим ва тинмай шеър ёза бошладим. Мактабни битирсам, албатта, шоир бўлишга аҳд
қилдим.
Менинг қарорим қатъий эди, аммо университетнинг филология факултетига
киролмадим. Бир қишлоқдошим қишлоқ хўжалик институтнинг агрофакида ўқирди. «Филфакни
битирсанг, муаллим бўласан, селхозни битирганларнинг бари раис», деди ва
мисоллар келтирди. Албатта, шоирнинг топишидан раиснинг топиши зўр эди, мен
шоирликдан воз кечдим, раис бўлишга аҳд қилдим ва агрофакка ҳужжат топширдим...
Талабалик ҳангомалари
– Ана энди хотираларнинг энг қайноқ жойига келдик,
устоз, талабалик, қизлар, илк муҳаббат, ...
– Талабалик дегандан сизнинг кўз олдингизга шулар келади, шекилли? Мен эса,
энг аввал қийналиб ўқиганим, айниқса, рус тилини билмаслигим оқибатида азият
чекканларимни эслайман.
Агрофакнинг ўзбек гуруҳига тарих ва фалсафадан ташқари ҳамма фанлар рус
тилида ўтиларди. Айнан рус тилидан нўноқликда айбланиб, ҳар йили ўнлаб болалар
ўқишдан ҳайдаларди. Биринчи курс пайтимда, кутилмаганда мен ҳам ана шу машъум
руйхатга тушиб қолганман. Новча бир армани домла жисмоний тарбиядан дарс
берарди. У имтиҳон пайтида ўн километрга югуришни талаб қилиб қолди. Айтилган
муддатда етиб келиш учун ботинкамни ҳам ечиб қўйдим. Аммо йўлнинг ярмига ҳам
бормай оёғимнинг ости қавариб чиқди ва мен югуролмай қолдим. Қарасам,
ҳамкурсларимнинг қарийб ярми имтиҳондан ўтолмаган экан. У пайтларда домлалар
пора олишмасди. Аммо бу найнов болаларни ўзининг, таниш-билишларининг ҳовлисига
олиб бориб, ишлатишни хуш кўраркан. Юқори курсдагилардан шундай маълумотни
олгач, беш ҳамкурс унга юзма-юз бўлиб, ҳар қанақа юмуш бўлса, бажаришга
тайёрлигимизни маълум қилдик.
Бир ҳафтадан кейин у бизни бир
миллатдошининг ҳовлисига олиб борди. Улар уйда «буханка» нон пиширишаркан. Биз бир неча йиллик кўмир аралашмаларини сим каравот тўридан
ўтказишимиз керак экан. Кечгача меҳнат қилдик. Иссиқ ноннинг ҳиди димоғимизни
беаёв қитиқлашига қарамай, бераҳм новвой бир бурда нон бермаганини ўйласам,
ҳамон хўрлигим келади. Кишининг ўз юртида ватансиз бўлгани,
камситилгани шу эмасми ахир?
Эртаси куни домла баримизга беш баҳо қўйди. «Югуриш буйича жаҳон рекордини
ёздим», деб кўнглимизни кўтарган бўлди.
Бу гапни ёдимиздан чиқариб ҳам юборган эдик. Баҳорда, ногаҳонда бешаламизни
ректоратга таклиф қилиб қолишди. Институт раҳбари биз билан кутилмаган даражада
илиқ ва ашрафона муомалада бўлди.
– Институтнинг обрўсини кўтарадиган,
аслида спортчиларимиз, – деди ректоримиз. –
Сизлардан эса умидимиз катта. Эртага узоққа югуриш бўйича мусобақага
борасизлар. Бошқа вилоятлардан ҳам чемпионлар келишган. Нима бўлса ҳам
биринчиликни олишимиз керак. Ахир сизлар
узоққа югуриш бўйича жуда юксак натижа кўрсатгансизлар-ку? Ўша натижани
такрорлаб берсангизлар ҳам ғолиб бўласизлар.
Биз кўмир элаб, баҳо олганимизни айтишдан чўчидик ва мусобақада қатнашиб,
табиийки, ҳаммадан кейинги ўринни эгалладик.
Деканат масаланинг тубига етди ва баримизни ўқишдан четлаштириш ҳақида
фармойиш чиқарди...
Вилоят газетасига институтдаги янгиликлар ҳақида ёзиб турардим. Шу орада
ректор кимлигим билан қизиқиб қолган, шекилли, бор ҳақиқатни эшитгандан кейин: «Бу
ҳалиги мухбирми?» деб сўрабди. Тасдиқдан кейин бизнинг ўрнимизга кўмир элатган
домлани ишдан четлатиб юборди.
Скотт ҳайвон эмас
– Устоз, ишқилиб, ўқишни бошқа саргузаштларсиз битириб
олганмидингиз?
– Қаерда дейсиз, бешинчи курсда ҳам ҳайдалишимга бир баҳя қолганди. Бу гал
адабиётга ошнолигим жонимга оро кирди.
Биз учун энг ваҳималиси – давлат имтиҳони эди. Имтиҳон раиси, одатда,
Россиядан келарди. Фанни билишдан ташқари рус тилида бурро гапирмаганларни
тутдай тўкишарди, бераҳмлар. Шунда бир аспирант далдакор маслаҳат бериб қолди.
– Агар диплом иши ёзсангиз, давлат имтиҳонига киришингиз шарт бўлмайди.
Тушунтиришига қараганда, у гипсли майдонларда ток етиштириш бўйича илмий иш
қилаётган экан. Агар ишига кўмаклашсам, унинг илмий ишини қисқартирилган шаклда
ёзиб олишим ва ёқлашим мумкин экан. Таклифнинг тагида шахсий манфаат ётгани
сезиб, декан ўринбосаридан рухсат сўрашни лозим деб топдим. Бу одам рус
яҳудийси эди ва ўзбек, тожикларга нисбатан нафратини яширмасди. Рус тилида яхши
гапирмасангиз, рўйи-рост: «Ненавижу этих узбеков», дерди. Йиллар ўтиб, ўйлайман: нечун бу ҳақорат миллий ғуруримизга тегмасди.
Чунки биз мустақил эмасдик!!!
Майли, мавзудан чекинмайлик. Хуллас, бу одамнинг ҳузурига киришдан олдин
рус тилида гапиришни роса машқ қилдим ва фикримни қийналмай баён этдим. У рухсат берган бўлди
ва хулоса қилди:
– У ҳўкизга мардикор керак бўлиб қолибди-да!
Худонинг қаҳрига учраган бунақа заминни олдин кўрмагандим, кейин ҳам
учратмадим. Тупроқни бирор қарич кавласангиз, кетмон тақирлаб, бетонга ўхшаш
оппоқ гипс қатламига урилади. Мисрон билан уни тешиб, ток кўчати ўтқазардик.
Аспирантнинг ўзи ҳам, қавмлари ҳам тиним билишмасди. Фан йўли бағоят машаққатли
эканлигини теран ҳис қилгандим ўшанда. Иккинчи куни бир жиккак чол пайдо бўлиб,
бизга жонсўзлик ила маслаҳат бергани ёдимдан чиқмайди:
– Берга так бўмайди. Маккайима, буғдайма экса бўлади.
Жавобан аспирант унга алланималарни роса тушунтирди. Аммо чолнинг айтганига
аспирант, аспирантнинг айтганига чол кўнмади.
Диссертация ёқланаётганда ўзим ҳам иштирок этдим. У гипсли ерларда ток
ўтқазиш тажрибаси, унинг иқтисодий самаралари, агротехникаси ҳақида обдон
гапиргач, марказдан келган профессор савол берди:
– Вилоятда шунақа ерлар неча гектар?
– Юзэллик гектардан кам эмас, – жавоб берди аспирант.
Орага шубҳали жимлик чукди. Сўнг меҳмон давом этди:
– Мен ўлкаларингни роса томоша қилдим ва, афсуски, тоғ ёнбағирларининг
яланғочлигидан надомат чекдим, ачиндим. Бу ерларга ток ўтқазиш буйича илмий
ишлар қилинган, тажрибалар ўтказиб, исботланган экан. Айрим юртларнинг тупроғи
экинга умуман ярамайди: тошлоқ, тўласинча гипсли, шўр, ботқоқ. Сизларники
олтинга тенг. Лекин шундай унумли тупроқни қўйиб, ўша Худо урган гипсли ерга
кўчат қадаганингизнинг боисини тушунолмайман! Уч йилдан бери-я! Жуда зарур
бўлганда маккажўхорими, буғдойми, тариқми экса бўлар, аммо ҳар қанча уринманг,
у ердан узум олишингизга ишонмайман. Трактор ағдаролмайдиган, жўяк
олинмайдиган, ўғит солинмайдиган расво ер! Ачинаман сизга! Аслида, буни
илгарироқ илмий раҳбарингиз, шу мавзуни тасдиқлаган илмий кенгашдаги лакаловлар
ўйлаб кўриши керак эди.
Орага тағин одамни эзадиган жимлик чўкди. Сўнг меҳмон куйинганича тутақиб
кетди:
– Падарига лаънат, падарига лаънат барининг!
Диссертация қайтарилди ва табиийки,
менинг ёзилажак диплом ишим ҳам чипакка чиқди. Бунинг устига давлат имтиҳонига
ҳам тайёр эмасдим. Аспирантнинг акаси кимлардандир қарз кўтариб, институт
ошхонасида зиёфат ташкил қилганди. Бу нохушликдан кейин бирор киши у ерга
кирмади. Буларнинг барига мен ҳам айбдордай, бир неча
ойгача аспирант билан акасидан ўзимни чеккага олиб юрдим.
Давлат имтиҳонига Москвадан келган
профессор раислик қилди. Ҳар эҳтимолга қарши, хавотирона ичкари кириб, бир
чекадан жой олдим. Ветеринария факултетидан Сергей деган битирувчи биринчи
бўлиб чиқди. Аслида у бошданоқ аъло баҳо билан ўқиб келаётгани, ташкилотчи,
одобли бўлганлиги учун ҳаммадан олдин чиқаришганди. Сергей саволларга тин
олмай, бурролик билан жавоб қайтарди. Ниҳоят, раис уни мамнун кайфиятда тўхтатди:
– Довольно! Ну молодец! Отлично знаете и экономику, и скотоводство, и
механизацию. Короче, как я вижу, все предметы вам по зубам. Но мне
интересно узнать, как вы разбираетесь в
литературе и искусстве. Вы же, будущий руководитель. Скажите, пожалуйста, кто
такой Вальтер Скотт?
Сергей бир зум ўйлаб турди-ю, жавоб
берди:
– Мы такого скота не изучали.
Ўзимни тўхтатолмай, баралла кулиб юбордим. Ҳамма ажабланиб менга юзланди. Кўпчилик
орасида қаттиқ кулиш одобдан эмаслигини биламан. Аммо гоҳида кеп қолади-да. Бу кулишим учун озмунча дашномлар эшитмаганман.
Декан ўринбосари ўрнидан туриб, дағ-даға кила кетди:
– Сан нимага кирдинг? Чиқиб кет бу ердан!
Мен Худога ботиний тавалло қилдим, шу яҳудийнинг
кўнглига шафқат солишини сўрадим. Ахир беш йиллик умрим, изланиш-у изтиробларимнинг хоку туроб бўлиш хавфи пайдо бўлганди. У
бағритош, золим ҳамон тик турганича, жўнаб қолишимни
кутарди. Жуда кўнмасам, лаганбардор студентларга имлаб юборадиган важоҳатда
эди. Ўпкам тўлиб, эшикка яқинлашганда, москвалик профессорнинг овози янграб
қолди:
– Бир дақиқа,- деди русчалаб.
Мен шубҳалар оғушида ортга ўгирилдим.
– Сиз нега бунча қаттиқ кулдингиз? – деб сўради.
– Вальтер Скотт буюк инглиз ёзувчиси, ҳайвон эмас, – дея олдим овозим
қалтираб.
Профессор фамилиямни сўради ва журнални варақлаб, баҳоларим билан қизиқди. Алланималарни
қайд этгач, менга хайрихоҳ қиёфада юзланди:
– Майли, чиқиб кетаверинг, мен сизга давлат имтиҳонидан беш баҳо қўйдим!
Қишлоқ хўжалигида олти ой
– Устоз, шундай қилиб, давлат имтиҳонини беш баҳога
топшириб, агроном бўлдингизми? Агроном бўлиб, қаерда ишладингиз? Энг қизиғи,
раис бўлдингизми?
– Совхозда олти ойлар чамаси агроном-энтомолог бўлиб ишладим. Ҳукумат тепасига
Брежнев келган пайтлар эди. У катта пленум ўтказди ва қишлоқ хўжалик нашрларида
бу соҳани биладиган бирорта мутахассис йўқлигини танқид қилди. Саркотибнинг бу
надомати менинг тақдиримда туб бурилиш ясашини
ўйламаган эдим. Ҳафта ўтмай, каминани вилоятнинг бош нашри «Ленин йўли»
газетасига ишга таклиф этишди.
Бу газетада етти йил ишладим. Сўнг тағин
етти йил «Қишлоқ ҳақиқати» газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича
мухбири бўлдим. Кейин Тошкентга ишга чақиришди
ва пойтахтга кўчиб бориб, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, «Меҳнат»
нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш қўмитасида хизмат қилдим.
Таржимаи ҳолимнинг ана шу салмоқли
йиллари ҳақида тўхталишимнинг ҳожати йўқ. 1987 йили нашр этилган «Мен
редакцияданман» китобимда бу хусусда батафсил ёзганман. Мухтасар қилсак, орада уйландим, оилам, беш
фарзандим, набираларим бор.
«Буни ҳаёт дебдилар» романимда ҳаётим, шу жумладан оилам ҳақида маълумотлар
сероб.
Бир китобга битта машина
– Устоз, энди ижодингиз, китобларингиз тўғрисида
суҳбатлашсак. Мени ижодингизга ошуфта қилиб қўйган «Мен редакцияданман» номли
китобингиз тўғрисида айтиб берсангиз.
– Яхши, ижодим тўғрисида гапириш ўзимга ҳам ёқади. «Агар табиатни
севсангиз» деган илк китобчам 1975 йили нашр этилди. Кейин «Чанқовуз», «Олис-олис
сўқмоқлар», «Дашт», «Замондош ўйлари», «Селекция муъжизаси», «Сўқмоқлар ва
сабоқлар» сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва
китобчалар чиқардим.
Аммо каминани андак танитган «Мен
редакцияданман» деган китоб бўлди. У катта тиражда босилди ва қалам
пулига янги «Жигули» автомашинаси харид қилганим билан ҳозиргача мақтаниб
юраман. Шунингдек, Абу Али ибн Синонинг «Пирўзинома»
деб номланган кичик, аммо ғани бир асарини
форс-тожик тилидан таржима қилгандим. Унинг таъсирида ёзилган «Фарзандга
ўгитлар» китобчам саккиз бор нашр этилди.
Болалагимдаги орзуларимдан ҳам кечмадим, орада шеърлар ҳам ёзиб турдим. «Шу
тийран кўзлар» деган шеърим оммавийлашиб кетган. Уни тўйларда айтишади, бир
ижодкор видеолавҳа ҳам қилган эди.
Мазкур шеърга боғлиқ бир воқеа. 1982 йили Тошкентга кўчиб борган кунларимиз
эди. Пастда тўй бўлаётганди. Танишишмагани сабаб бўлса керак, бизни хабар
қилишмади. Тўртинчи қаватдан базмни томоша қилиб ўтирганимизда, даврани олиб
борувчи йигит шу шеърни жуда таъсирли қилиб ўқиди. Хотиним ўғлимдан хат юбориб,
муаллиф тўртинчи қаватда эканлигини маълум қилибди. Тўй эгалари ҳижолат бўлиб,
бизни тўйга олиб тушишди.
Мустақиллик эълон қилингандан кейин романим, «Тақдимот» шеърлар, «Фожиа»
деб номланган ҳикоялар тўпламим, шунингдек, «Мен мухбирман», «Я из редакции», «Энг
ашаддий каллакесар», «Асқад Мухтор дедилар» сингари китобларим; газета, журнал
ва интернет сайтларида юздан ортиқ мақолаларим чиқди.
2006 йили Самарқандда буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал
ўрнатиш ташаббуси билан чиққанимни айтсам, мени мақтанчоққа чиқармассиз, деб
ўйлайман.
Талаба Рухсора Шаропова
– Устоз, ижодингизни
саккизинчи синфдаёқ «Дўстларим нетайин, уйланай десам, сал етмай турибман
ЗАГС ёшига», деган ишқий шеър ёзишдан
бошлаган экансиз, хўш, Нусрат Раҳматнинг илк муҳаббати ҳам анча жўшқин
бўлгандир-а?
– Тақсир, ўзингизга аён: менинг
ёшимда ишқий эҳтиросларим, учрашувларим ҳақида қалам тебратишим ноқулайроқ:
фарзандлар, набиралар дегандай...
Лекин кимлар учундир ибрат бўладиган
гапларни айтишим лозим. Турмуш ўртоғим Рухсора Шаропова билан илк бор редакцияда
учрашганмиз. Бир юмуш билан келган экан. Биофакда ўқишини эшитиб, излаб бордим.
Шу тариқа бир йил давомида учрашиб юрдик. 1969 йили тўйимиз бўлди. Ўтган эллик
уч йил давомида беш фарзанд, ўн етти набира, саккиз эвара кўрдик.
Макаренко: «Оила учун курашмоқ керак», дейди.
Биз ҳозиргача шу қоидага амал қилиб яшаяпмиз.
– Дарҳақиқат, «Фарзандга ўгитлар»
номли китобчангизда шундай деб ёзгансиз:
«Муҳаббат ва садоқат шунчаки китобий
гаплар эмас. «Муҳаббат – бир-бирига етишгунча оловланиб, сўнг сўниб қоладиган
туйғу», деган экан бир файласуф. Дастлаб бу афоризм менга жуда ёқиб тушганди,
кейин эса ҳаётда бунинг аксини кўп кўрдим: тўйгача бир-бирини танимаган, кейин
эса мажнунона севиб, суяниб қолган, борлиғини бир-бирига бахшида этган талай
эр-хотинларни учратдим; уларга ҳавасим келди.
Эй фарзанд! Чироққа лампамой,
ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидай, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат
талаб қилишини унутма.
Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб
бўлмайди-ку! Яхши кўрадиган кишингнинг кўнглини топиш воситаларини ўзинг ўйла,
балки бир даста гул, эҳтимол, ярашиқ либос ёхуд андак ҳамду сано, табассум...
Зеро, шоир айтганидек:
Инсонга жуда кўп нарса керакмас,
Уйда уни кимдир кутиб турса бас!
Қизим! Бизнинг гоҳ турғун, гоҳ
сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб
турадиган нохуш ҳол, бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси, оила деб
аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир.
Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, уларни тирик
етим қолдириш гуноҳи азим.
Қисматнинг бўёқлари оз эмас: биров
қайнона-қайнотаси билан келишмайди, бошқа бир келин пулсизлик ва уйсизликка
қарши бош кўтаради, яна бир бебахтнинг эри гиёҳвандликка, ичкиликка ёки
қиморбозликка берилади. Сен қизим, бундай ногаҳоний зарбаларга ҳамиша тайёр
бўл, ҳар қандай иллатнинг ғовлаб кетишига йўл қўймай, унинг олдини олишни
ўрган. Қайнона ёки қайнотангдан ҳасрат қилишдан олдин бир ҳақиқатни ақл
тарозусига солиб кўр: улар ўзга бир даврда яшашди. Мадомики шундай экан, йиллар
орасидаги фарқ нуқтаи назарлар орасидаги тафовутдир.
Оила фақат шаҳвоний зарурат учун
қурилмайди!»
-- Бу китоб ёшларга тарбия
берадиган дастурул амалдир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий