вторник, 27 декабря 2016 г.

РОМАН УЧУН БОБ

                                                                                                          
                                                                                     Ҳикоя

                          


  Агар бизнинг орамизда яхши одамлар бўлсалар, булар бошлаб мактаб муаллимларидир. Агар бизда фойдали одамлар бўлса, булар ҳам муаллимлардир...
  Шараф сизга, муҳтарам ўқитувчилар! Мусулмонларда ғурурланмоқ учун бирор нарса бўлса, булар ҳам сизлар! Сизнинг фидойи меҳнатингиз қадрига етмаганимиз учун, сизни фақирликда, муҳтожликда қолдирганимиз учун бизларни, ўқитган болаларингизнинг оталарини кечирингиз!”
           Исмоилбек Гаспринский
                          *  *  *
“Илоҳо, у азиз ва фаол бандаларинг ҳурматиға бизга басират эт. Эшитар қулоқ, англар ақл бер...
Эй Оллоҳи азим-у шон! Бу магар сенинг ғазабингмидур? Афу эт, биз-инсонларни; ҳидоят эт! Ер юзинда сулҳ ва салоҳи умуми ато айла, инсонларға инсоният бер. Золимларни қаҳр эт, маҳв бўлсун зулм. Яшасун адолат ва ҳаққоният! Омин...”

      Маҳмудхўжа Беҳбудий

          

                           Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.
    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
         Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда тутасизми,  ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
         Ҳамма нарса вақтдан қўрқади,  дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.
Хуллас, эзмалик чикора ...
Бир бор экан, бир йўқ экан, жуда ... (дарвоқе, қайси замонда бўлганининг аҳамияти йўқ ҳам) қадимий Самарқанд томонда болакайларга ўқиш, ёзишни ўргатадиган хокисоргина Муаллим рўзгурзонлик қиларкан. Ҳайтовур, муаллимлик – ота касби бўлганиданми ёки бошқа сабабми – мактабни, болакайларни жуда яхши кўраркан. “Афсуски, биз алдам-қалдам замонда вояга етдик, деркан у ёшларга бот-бот; тугал ва комил бўлолмадик. Энди ҳамма умид сизлардан!”. Фақат сўздамас, амалда ҳам интилувчан, равшанфикр экан; мактабда кўпинча биринчиликни оларкан; маъмурият буни эътироф этиб, байрамларда мукофотлар бераркан унга.

понедельник, 19 декабря 2016 г.

Дўрмон ҳангомалари




                                                        ШОДМОН ОТАБЕК
      
                        ДЎРМОН  ҲАНГОМАЛАРИ

                         НУСРАТ РАҲМАТ БИР КУНИ…



Публицист, ёзувчи ва журналист Нусрат Раҳмат 1941 йилнинг 3 июл куни Самарқанд туманидаги Қўшмачит қишлоғида туғилган.
“Ленин йўли” газетасида ишлаган, “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари буйича мухбири бўлган. Кейин Тошкентга кўчиб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “ Меҳнат” нашриёти, Ўзбекистон табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитасида хизмат қилган.
“Агар табиатни севсангиз” деган илк китобчаси 1975 йили нашр этилди. Кейин “Чанқовуз”, “Олис-олис сўқмоқлар”, “Дашт”, “Замондош ўйлари”, “ Селекция муъжизаси”, “Сўқмоқлар ва сабоқлар” сингари йигирмадан кўпроқ ҳикоя ва очерклардан иборат китоб ва китобчалари босилган.
    “Тақдимот” шеърлар, “Фожиа” деб номланган ҳикоялар тўплами, “Буни ҳаёт дебдилар” романи,  шунингдек,  “Мен редакцияданман”, “Энг ашаддий каллакесар“, “Асқад Мухтор дедилар” сингари китоблари; газета, журнал ва адабий ҳамда ижтимоий сайтларида юздан ортиқ мақолалари чоп этилган. Интернетда ўзининг веб сайти бор.
    Нусрат Раҳмат  Самарқандда Маҳмудхўжа Беҳбудийга ҳайкал ўрнатиш ташаббускори бўлди, буюк бобомизга бағишлаб “Жадид” романини ёзди. 2006 йилда “Бекажон” газетаси жамоаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг етти муъжизасини аниқлаб, матбуотда эълон қилди.
  У 2004 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист” унвонини олган.
                                     
                                 
                            ВАЛЬТЕР СКОТТ КИМ? 
    Бу – 1966 йилнинг гапи. Ўшанда Нусрат ака қишлоқ хўжалик институтининг охирги курсида ўқирган. Давлат имтиҳонига кирай деса, Гринберг деган декан ўринбосари йўлини тўсибди. “Қарзинг бор, фалон ойдан кейин келасан”. Зорланиб сўраса ҳам, имтиҳонга киритмабди.

понедельник, 10 октября 2016 г.

Кто же прав?



                                              

Кто же прав?
Письмо к комментарием
У нас говорять: «Пусть и воробья режет мясник». Суть ее, я думаю, понятна. Любое дело требует от человека определенных знаний. И если журналист берется за какую-то проблему, он должен знать то, о чет пишет.
В последние годы много пишут о природе, ее богатствах и о том, как порой не по-хозяйски к ним относятся. Пишут специалисты, пишут журналисты. И можно позавидовать тем, кто справляется с этой нелегкой темой.
Но, к сожалению, бывает и так, что журналисты берутся за нее, мягко говоря, без достаточного знания предмета. Возьмем, к примеру, публикации о волках. Некоторые газеты и журналы упорно много лет выступают в их защиту. А государство между тем продолжает поощрять тех, кто уничтожает этого хищника.

понедельник, 3 октября 2016 г.

Уйда кимдир кутиб турса бас...



              Уйда кимдир кутиб турса…
 
Бу мақола “Оила ва жамият” газетасининг 22.04.2004 сонида чоп этилган.

Бир вақтлар рус шоири Евгений Евтушенконинг икки қатор шеърини ўзбекчага ағдарган эдим:
Инсонга жуда кўп нарса керакмас,
Уйда уни кимдир кутиб турса бас…
Рўзғор деган табаррук қўрғоннинг қадр-қимматини бундан-да самимийроқ қилиб таърифлаш мушкул.
Оила ҳақида қалам тебратиб қолишимнинг боиси шундаки, сўнгги пайтларда айрим матбуот нашрларида унга шак келтириш, нописандлик қилиш ҳоллари кўзга чалинаяпти. Айниқса, баъзи бир эстрада хонандаларимиз Ғарб ёҳуд Европадаги ҳамкасбларига ноўрин ва ножоиз тақлид қилишга мойил бўлишаяпти.

четверг, 15 сентября 2016 г.

Кахетия тупроғи



«…Ҳей, қара! Бу тупроқ вақт келди, мени ағдар, дейди. Бу, бу энди урушни қўй, менга уруғ соч, дейди… Вақт келди, дейди… тупроқ!
«Солдат отаси» фильмидан
 Грузия! У табиат бор саховатини тўккан бой дастурхонга ўхшайди. Унинг тупроғи минералларга бой, кафтга олсангиз, ноннинг мағзини эслатади. Қора денгиздан кўтарилган буғ ёмғирга айланиб, уни доим намиқиб туради. Бу замин инсонга сершарбат узум, йирик баргли чой, олтинранг лимон, апельсин, мандарин инъом этади.
Кавказда саратонда ҳам қуёш борлиққа олов пуркамайди. Қишда эса тупроқ умуман музламайди. Йилллик ўртача ҳароратнинг 15 даража иссиқлиги ҳам иқлимни ғоят мўътадил қилади. Бу ерда қишлоқ хўжалик ишлари ҳам ўзгача қурилган.

Колумб ва Карим ака



Тарихда машҳур кашфиётлар ҳамиша ҳам ўз вақтида етарлича қадрланмаганлигини биламиз. Йиллар, асрлар оша ана шу кашфиётлар одамлар учун заруратга айланиб борган ва қадриабад бўлган. Мисол учун Христофор Колумб кашфиётини олинг. Беш юз йилдан бери унинг жасорати турли нуқтаи назарлардан баҳоланиб келинмоқда.
Маълумки, Колумб Америка қитъасини 1492 йилнинг кузида кашф этган эди. Худди ўша пайтларда Хуросонда Ҳусайн Бойқаро ҳоким бўлган, Алишер Навоий «Хазойин ул-маоний» китоби устида иш бошлаган. Колумбгача жаҳонда икки ҳоким ортиқча, деб даъво қилган македониялик Искандар ҳам, Чингизхон ҳам, бошқа фотиҳлар ҳам океан ортида улкан қуруқлик борлиги ва унда одамлар яшашидан бехабар бўлишган.

среда, 14 сентября 2016 г.

Қаноти қайрилган қорабайирлар



Кўпчилигимиз бултур 16-23 сентябрь кунлари Краснодарда ўтказилган мамлакат чавандозларининг Бутуниттифоқ мусобақаси натижаларидан бехабармиз. Начора, биз от спортидан кўра футбол, хоккейга кўпроқ қизиқамиз, уларни ҳаяжон билан кузатамиз. Футболчиларимиз ва хоккейчиларимизни олдингиз сафда кўриш иштиёқи бизга тинчлик бермайди. Ваҳоланки, халқимиз от спортини жуда яхши кўради. Бу анъанавий курашда инсоннинг, азалий йўлдоши бўлмиш отнинг учқурлиги, мускулларининг бақувватлиги билан чавандознинг эпчиллиги, зийраклиги уйғун тарзда намоён бўлади. Ана шу ўйинда инсон ва унинг измидаги жониворнинг бир-бирига меҳрибонлиги, ишончи барча жозибаси билан акс этади.
Краснодарда ўтказилган мусобақада бизнинг қорабайирларимиз РСФСР ва Украина дулдулларидан кейин учинчи ўринни эгаллади. Яхши-ку, деярсиз, учинчи ўрин бўлса?! Футболчиларимиз билан хоккейчиларимиз ишончни оқламай, мухлисларни ранжитаётган бир маҳалда безабон жониворлар республикамиз шуҳратини улуғлабди-ку, дерсиз. Йўқ, ундай эмас! Бизнинг учқур арғумоқларимиз биринчи ўринни забт этиши мумкин эди! Чунки азалдан шундай бўлиб келаётганди.  Назаримда, уларнинг учинчи ўринда қолишларига андак эътиборсизлигимиз сабаб бўлди.

Бойқуш нега йиғлайди?

Тонг маҳали олмазордан бойқуш ноласи эшитилди. Ёш боланинг ўксиб-ўксиб йиғлашини эслатарди у. Кампирлар дарғазаб бўлиб қўлга ҳасса олдилар. Бувиларининг авзойини кўрган болалар бойқушни қувлаб кетишди. Бойқуш бошқа ҳовлига бориб қўнди. Эндигина сайрай бошлаган эди ҳамки, ҳовли эгаси милтиқ кўтариб чиқди. Таҳқирланган бойқуш зўрға қочиб қолди.
Қушлар орасида ҳаммадан ҳам бойқуш ҳақида афсона кўп. Бу афсоналарнинг баъзиларини яна бир бор эслатиб ўтишни маъқул топдик.
…Бой ёки унинг ўғли қаергаки манзил қилса, ўша ерни қуритармиш. Бойқуш ҳам худди шундай эмиш. Шунинг учун уни бойқуш ёки бойўғли, дейишармиш…

Шикор



Табиат қўйнига кимдир милтиқ билан, кимдир фотоаппарат билан овга чиқади. Аммо қалам билан шикор қилиш ҳам мароқли экан. Турли вақтлар блокнотимга туширган «ўлжа»ларимни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сиз ҳўкизлар, мушуклар, хўрозлар ва ҳатто чумолиларнинг ҳам бир-бири билан жиққамушт бўлиб уришганини кўп марта кўргансиз, албатта. Ҳа, уларнинг ҳам чегара низолари, озуқа ва зурриёт жанжаллари йўқ эмас. Начора, тириклик…
Лекин бирор ҳайвон, қуш ёки ҳашарот шу курашда ўз наслидан бўлган рақибини зинҳор ўлдирмайди. Ожизи маълум бўлиши ва чекиниши билан кураш ҳам, низолар ҳам, кеклар ҳам барҳам топади.
Табиат шундай гуманистик инстинкт бахш этган уларга!

***

«По поручению самого…»



Вышла в свет новая книга писателя Нусрата Рахмата. «Эълон килинмаган хукм» («Необъявленный приговор). Она посвящена жизни журналиста. Сегодня мы предлагаем вашему вниманию главу из этой книги.
Вместе с печальными, порой трагическими событиями газетчик встречает на своем пути много анекдочных, порой сказочных историй, встречается или работает с людьми странными, удивительными. Но если такие события или образы не синтезируются в его нервных клетках, он не будет истинным творцом, а останется заурядным работником. В публицистике нужны не инертные слуги, а настоящие хозяева!
Пока великий русский ученый Климент Аркадьевич Тимирязев не открыл феномен фотосинтеза, мы оставались в неведении об огромной службе природе листьев растений. Этот обычный листок получает солнечные лучи, синтезирует их, превращая неорганические вещества в бесценные дары. Так что, пожалуй, не случайно то, что фрукты чем-то напоминают солнце.

Қишлоқда қолган шоирлар



Фарангларнинг: «Шоирлар қишлоқда туғилиб, Парижда ўлади» деган мақоли умумжаҳоний аҳамият касб этгани бежиз эмас. Тошкентимизда яшаб, ижод этаётган шоира ёзувчиларимизнинг ҳам аксари қишлоқ, туман. вилоятлардан келишган. Бу – табиий ҳол: пойтахтда ижодий муҳит, газета-журналлар, радио, ТВ, нашриётлар… дегандай.
Аммо пойтахтдан узоқ чекка ҳудудларда – қишлоқ, шаҳарларда қолаётган қаламкашлар ҳам анчагина.
Хўш, уларнинг бугунги аҳволллари нечук? Қандай муаммолар билан юзма-юз бўлишмоқда? Улар қанақа асарлар ёзишяпти?
Мухбиримизнинг Самарқанд туманининг Кўтарма қишлоғида яшовчи публицист-ёзувчи Нусрат РАҲМАТ билан суҳбати шу ҳақда бўлди.

Ўрганишнинг айби йўқ (АҚШлик пахтакорлар ҳақида)



Бундан нақ ўн йил муқаддам Болгариянинг «Олтин қумлоқ» санаториясида АҚШлик фермер Фред Вильямс билан мулоқотда бўлган эдим. Фред менинг самарқандлик эканлигимни эшитгандан кейин суҳбатлашишга мойил бўлиб қолди. Бу йил Самарқанд билан Бухорога бормоқчи бўлганини гапирди.
Менинг тасаввуримда фермерлар ўта қўрс, калондимоғ, нописанд бўлиб гавдаланарди. Лекин ростиини айтиш керакки, суҳбатдошим бағоят хокисор эди. Унинг Самарқанд ҳақидаги саволлари ҳам жўнгина бўлиб чиқди.
Мен ўша йиллар Америка пахтачилиги билан анчайин қизиқиб юрардим. Шунинг учун саволларига жавоб қайтаргач, гапни ана шу соҳага буришга ҳаракат қилардим. Қанақа навлар бор уларда? Чигитни қайси усулда экишади? Ҳосилни йиғиштириб олиш тартиби бизникига ўхшашми? Фермерлар теримга қанақа тараддуд кўришади?

Муслима опанинг «муслимка»си («Ўзбекистон адабиёти ва санъати»). 1984 й., 26 октябрь



Буғдой! Бу тиллоранг мўъжизада қанча қуёш нури, замин ҳарорати, деҳқон меҳнати мужассамлашганини ўлчаш қийин. Табиат буғдой бошоғини жуда мукаммал қилиб яратган. Ҳар бир дон алоҳида либосга ўралган, улар тартиб билан, симметрик ҳолда жойлашган, паррандаларга ем бўлмаслик учун найзасимон қилтиқлар билан таъминланган.
Инсон қўлига иш қуроли тутгандан кейин биринчи бўлиб буғдойни маданийлаштирган бўлса ажаб эмас. Бунга неча аср бўлганини ҳеч ким айтолмайди. Археологлар топган далил-ашёларга қараганда, ироқликлар олти минг йил муқаддам ҳам ғаллачилик билан шуғулланишган экан. Йўқ, буни буғдой дунёга келган сана деб билмаслик керак.
Нон – табаррук неъмат. У бугун миллиардлаб одамнинг насибаси. Бир килограмм буғдой нони 2000 калория қувватга эга. Унинг таркибида ҳужайра ҳаётининг муҳим омили бўлган оқсил, углекислоталар бор.

Тинчлан, тинчлан, замин!



Газлида рўй берган табиий офат шаҳарликлар иродасини буколмади. Бу ерда мамлакатимиз саноат корхоналари ва аҳоли хонадонларига табиий газ етказиб бериш узлуксиз давом этмоқда.
У йил 20 март тонготаридаги зилзила бутун Ўзбекистонни сескантириб юборди. Фақат Ўзбекистон эмас, Тожикистон, Туркманистон республикалари территорияларида ҳам унинг кучи яққол сезилди.
Зилзила оқибатида эса эпицентрдан 200-300 километрли радиус бўйлаб оз ёки кўп даражада кўзга ташланади. Масалан, Газлидан 200 километр берида томлардаги кўпгина мўрилар тўкилиб кетганини кўриш мумкин.

Кун тартибидаги муаммо ёки СЖК масаласи (“Гулистон журнали 5.1978)



   Бутуниттифоқ Қоракўлчилик илмий-текшириш институти профессори, Беруний номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти лауреати Иван Никитич Дьячков ва институт урчитиш-генетика бўлими мудири, қишлоқ хўжалик фанлари кандидати Рафиқ Ғафурович Валиев ўртоқлар билан мухбиримиз Нусрат Раҳматовнинг суҳбати. 
    РАҲМАТОВ. Бултур “Гулистон” журнали саҳифасида ёзувчи Назир Сафаров билан журналист  Шароф Убайдуллаевнинг машинада пахта теришнинг муаммо ва нуқсонлари тўғрисидаги баҳслари босилган эди. Ҳаёт унда кўтарилган масалалар ўринли, мантиқли ва ҳаққоний эканлигини кўрсатмоқда. Менингча, қоракўлчилликда ҳам ана шундай баҳсталаб муаммолар, рақам ортидан қувиш, қоғозбозлик сингари кўнгилсиз ҳоллар йўқ эмас. Сизлар билан худди шулар ҳақида батафсил гаплашсак деган эдим.   

РАДИОАКТИВ ВА КИМЁВИЙ ОҒУЛАРГА ЙЎЛ ЙЎҚ!



    Муҳтарам газетхонларга аёнки, мен ўтган ойлар давомида ўта заҳарли моддалар ҳамда радиоактив қолдиқларни беназир тоғ ёнбағирларига тонналаб кўмиб ташлашга қарши газета, телевидение ва радиода чиқишлар қилдим. Жумладан, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилган “Реактор зарурми?” мақоламда Тошкент шаҳрида қурилган бу ўта хавфли радиация манбаига ўз муносабатимни билдирган эдим.
   Фақат оммавий-ахборот воситаларигина эмас, бу хусусдаги мулоҳазаларимни бир қатор юқори ташкилотларга, халқ депутатларига ҳам йўллаганман. Бундан муддао, аждодларимизга ризқу-рўз ато этган ҳамда келажакда зурриётларимизни ҳам боқиши зарур бўлган она тупроғимиз безавол, сувимиз зилол, ҳавомиз беғубор бўлиши бағоят зарурлигини тағин бир бор, хавотирона таъкидлаб ўтишдир, албатта.

СУДГА БЕРИШГА ҚАРОР ҚИЛДИМ



Ҳурматли бош муҳаррир!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг шу йил 10 март сонида Чирчиқдаги «Электрохимпром» бирлашмаси она табиатимизни аёвсиз заҳарлаётганини ёзган эдим. Ўзбекистон телевидеесининг шу йил 24 март кунидаги «Ахборот» танқид қилади» кўрсатувида бу ҳақда батафсил тўхталиб, заводнинг Чирчиқ дарёсига ташлайдиган заҳарли чиқиндиларини қайта намойиш қилдик. Бу дарё сувини фақат тошкентликлар эмас, Сирдарё соҳилларида яшайдиган миллионлаб одамлар ичишини таъкидлашга тўғри келди.
Гарчанд такрор бўлса ҳам, ана шу рақамлар ва фақтларни тағин бир бор тилга олиб ўтмоқчиман. Шу билан бирга, муҳтарам газетхонлардан бу машъум рақам ҳамда фактларга лоқайд қарамай уларнинг мағзини чақиб кўришларини илтимос қиламан.

БЕҲБУДИЙ – МУФТИ ЛИБОСИДА



Матбуотда илк бор эълон қилинаётган Беҳудий ҳазратларининг ушбу суратларини бизга у кишининг қариндошлари, ака-ука Шамсихон ва Шарифхон Пошшоевлар тақдим этишди.
Туркистон жадидларининг отаси, ўзбек драматургияси ва публицистикасининг асосчиси, салоҳиятли дин арбоби, ўлкан ношир, муҳаррир Маҳмудхўжа Беҳбудий бу суратни ўлимларидан бир йил олдин – 1918 йилда олдирганлар. Мутахассисларнинг изоҳ беришича, у кишининг белидаги кумуш камар муфтилик нишонасидир.
Ўша пайтларда муфтилик унвони фиҳқ илмини обдон билган, қозиёт ишларида кўп йил ҳалол хизмат қишиларгагина берилган. Муфтиларни кўпроқ бугунги прокурор ҳамда адлия раҳбарига ўхшатиш мумкин. У қозилик ҳужжатлари ва ҳукумларини кўриб, муҳр босгандан кейингина кучга кирган, энг муҳим диний фатволарни муфти чиқарган.

Заминнинг «қон томирлари» соғломми?



Кўпчилигимиз болаларимизда илк бор дуч келган ариқ ёки анҳорни яхши эслаб қолганмиз. Эҳтимолки, соҳилларини ажриқ, ялпиз, қирқбўғимлар босиб ётган, ичида балиқлар ғужғон ўйнаган, сувтиндиргичлар бетиним чарх ураётган сўлим гўша бўлгандир у. Эҳтимолки, баҳорда тошиб оқадиган, кейин тиниб-тинчийдиган тоғ дарёсидир.
Ариқларни заминнинг қон томирлари, дейилиши бежиз эмас. Сув бор жойда ҳаёт бор. Сувни эса улкан дарёлардан, тоғ чашмаларидан ана шу ариқлар олиб киради ёки олиб чиқади.
Ҳа, биз улкан дарёларни мадҳ этишга, улар билан фахрланишга кўникиб қолганмиз. Аслида ҳар қандай дарё кичик ариқлар йиғиндиси эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак! Эътибор берган бўлсангиз, одамлар азал-азалдан катта дарёларнинг соҳилларида эмас, ариқлар, анҳорлар, кичик дарёларнинг бўйларида яшашган.

Қайдлар



Одамларни тушуниш қийин. Уларнинг аксари оғма ва беқарор. Қишлоқдан шаҳарга келиб бир азобда ўрнашиб олганларнинг аксари қолган умрларини шаҳар ва шаҳарликларни ёмонлаш, ғийбат қилиш билан ўтказишади. Ҳамма ҳам мўйсафид ёшларга етишни орзу қилади. Унга етиб олгандан сўнг эса кексаликни лаънатлашади. Ўзлари танлаган касбу корни, сайлаган депутат ҳамда ҳукуматни ҳам ёмонлашгани ёмонлашган улар.

***
Статистика – ҳақгўй ва даққоқ қария. Фоизма-фоиз айтиб беради: одамлар қанчага кўпайгани, жиноят қанчага ошгани; нон истеъмол қилишнинг кўтарилиш динамикаси, гўштнинг қимматлашуви… хуллас, ҳаммаси – ҳаммасини. Аммо энг муҳим кўрсаткич – инсоннинг нечоғлик бахтли ёки бахтиқаро бўлганлигини айтишдан ожиз у.

Қадрдонимиз Нусрат РАҲМАТ!



Мана, сиз бугун эллик ёшга тўлдингиз. Эллик ёш аслида инсон учун камолот, синов ёшидир. Сиз бу ёшга шон-шавкатларсиз, гулдурос қарсакларсиз, энг муҳими, самимий ва камтар инсон сифатида етиб келдингиз.
Сиз аслида қишлоқ хўжалик олийгоҳини битирган бўлсангиз ҳам, жумҳуриятимизда таниқли публицистлардан бири сифатида танилдингиз. Ўзбек публицистикасига сизнинг асарларингиз билан бирга деҳқонча самимият, мушоҳада кириб келди. Асарларингизнинг бош қаҳрамони ҳам асосан ноҳақ жабр кўриб, мусибат ва ҳақоратларни бошидан кечириб ҳам ўз инсонийлигини сақлаб қолган қишлоқ одамларидир.
«Табиатни севасизми?», «Замондош ўйлари», «Селекция мўъжизаси», «Гулзорим», «Олис-олис сўқмоқларда», «Турфаранг табиат», Мен редакцияданман», «Буни ҳаёт дебдилар» деб номланган китобларингиз эллик йиллик умрингизнинг муборак саҳифаларига айланди.
Рўзнома, нашриётларда ишлаган айтларингизнинг ҳар бир дақиқаси ҳаётингизда унутилмас излар қолдирди.
Бугун барча дўстларингиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви Сизни эллик ёшингиз билан табриклайди. Сизга узоқ умр, ижодий баркамоллик тилайди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви.

“Буни ҳаёт дебдилар”



             (Нусрат Раҳматга мактуб)

Дўстим Нусратилла!
Улуғбек Тошкентга келган экан, уйга кириб, юборган китобларингизни ташлаб кетибди. Икки оғиз хат ҳам ёзиб юборган экансиз. Улуғбекнинг келганини эшитиб, китобларни олиб, хатингизни ўқиб, ўзингизни кўргандай хурсанд бўлиб кетдим.
«Лоақал хат ёзишиб турайлик», дебсиз. Энди, дўстим, хат ёзиш ҳам ёшликнинг иши экан-да! (Ҳозирги ёшлар бир-бири билан хат ёзишадими ёки улар ҳам бизга ўхшаб, телефонга ўтиб олганми, рост гап, билмайман). Лекин, бу гапингиз ҳам қандайдир таънадай туюлиб, ҳам далда бўлиб, суюкли газетамиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» орқали ёйили-иб мактуб ёзишга жазм қилдим. Унда ўрни билан айрим саволларингизга ҳам жавоб бераман.

Биз бирга ишлаганмиз



Олтмишинчи йилларнинг охири, етмишинчи йилларнинг бошида ҳамкорликда ишлаган биродарларимиздан айримларини хотирлашга жазм қилдик. Худо уларнинг охиратларини пурнур қилсин.

Ҳожиқурбон Ҳамидзода

Муҳтарам газетхон! Шоҳи Зинда қабристонига кириб, ўн-ўн беш қадам йўл босишингиз билан ўнг томонда мўъжазгина мис бюстга кўзингиз тушади. Нигоҳлари тийран, табиатан сарбаланд бўлган бу йигит Ҳожиқурбон Ҳамидзодадир. Бу доно одамнинг номига кўча, кутубхона қўйилган. Ўлимидан кейин «Ёш гвардия» нашриёти томонидан чоп этилган «Қалб хотираси» китоби кўпларнинг ардоқли ёдгорлигига айланган.
1937 йилнинг илк баҳорида дунёга келган ва худди баҳордек тез ўтиб кетган бу одамнинг номи кўҳна Самарқандда яшаб ижод этган талай алломалар билан бир қаторда туради.

Муносабат



                          Нусрат РАҲМАТга хат

Ассалому алайкум, Нусрат ака!
Биламан, мени танимайсиз. Лекин мен сизни… ғойибона танийман-биламан. Чунки мен тенгилар ва ҳатто мендан катталар ҳам сизнинг, қолаверса, сиз билан елкадош бўлган ўнлаб, юзлаб УСТОЗ, деган улуғ номга муносиб журналист-мухбирларнинг ижодини кузатиб шу мактаб остонасидан ҳатлаганмиз.
Тўғриси, сизга икки йилдан бери шу хатни ёзаман. Ҳеч кўнглим тўлмайди. Гўёки, сиз ўқиганингиз заҳоти кўз қирингизни бир ташлаб «бу ҳаваскор укам шу икки энлик хатини почта орқали юборса ҳам бўларкан-ку, нима қиларди газет саҳифасини банд қилиб» деяётгандек туюлаверди. Охири… бўлмади. Касб байрамимиз баҳонасида йўллаяпман. Бу мактубни ёзишимга туртки бўлган бир нечта сабаблар бор.

Оила учун курашмоқ керак!



– Қурхони каримда Аллоҳ буюради: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатда маскан тутинг» Бугун эса ҳаётини шу доруфанода хам жаннатга айлантира олган оилапарварлар ҳақида фикр юритишингизни истардим. Ҳар ҳолда, сизнинг мънавий ҳаққингиз бор: Рухсора янгамиз билан 36 йилдан бери тотув яшаяпсизлар. Фарзандлар, набиралар дегандай…
– Бу хусусда баландроқ овозда гапириш, рўзғорини боқий байрамга айлантира олган жуфти ҳалолларни кўплаб ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш зарур деб биламан. Оила учун курашмоқ керак. Чунки барбод бўлган ҳар бир никоҳ ўша эр-хотин учун ҳам, жамият учун ҳам катта йўқотишдир. «Оила қасос олади» деган ҳикматда катта мазмун бор.

Кечирим сўрашни унутманг!



«Ошин» телесериалидаги бир ҳолат сира кўз ўнгимдан кетмайди. Чарчаган, жаҳлга минган эр аллақандай хатоси учун Ошинни тепиб юборади. У умбалоқ ошиб, ўрнидан туради ва эрининг оёғига бош қўйиб, кечирим сўрайди. Эр жаҳлдан тушгач, ўйлаб қараса, ҳалиги ишга хотини унчалик айбдор эмас экан – у ҳам ўз навбатида узр сўрайди…
Муаллиф ва режиссёр бу билан керак бўлганида, хотинни дўппослаш мумкин, демоқчи эмас, албатта. Бунинг замирида оила учун курашмоқ лозим, бунинг учун эса кечиримли бўлиш зарур, деган мақсад ётибди.
Ёки «Эгизаклар»ни олинг. Хатоси учун ота ўғлидан, буви набирасидан кечирим сўрашни ор, деб билмайди. Астойдил эгилиб, чинакамига тавба-тазарру қилишади.

Пекинда пиёда юрсанг…



«Бу ҳудудда русийзабон сотувчи, ошпаз, сартарошлар пайдо бўлганлиги қувончли, аммо шу тилда гапирадиган фоҳишаларнинг ҳам пайдо бўлганлиги ор-номусни ғани тутадиган хитойликлар учун нафратомуз эканлигига ишонч ҳосил қилди», дейди публицист Нусрат Раҳмат.
– Хитой сафаридан қайтибсиз, деб эшитдик…
– Хайриятки, «нега борувдингиз?» деб сўрамадингиз. Хитойда: нега келдинг ёки кетяпсан, ёнингда қанча пулинг бор, деб сўрашни беодоблик, ношоисталикка йўйишар экан. Ваҳоланки, Тошкент аэропортида ёшгина йигитча, энг аввало, аллақандай шубҳа билан, «нега боряпсиз?» деган саволни берди. Пулим қанчалигини айтсам ҳамки ишонқирамай чўнтакларимни титкилаб кўрди. Қайтишда ҳам юкларни анча ағдар-тўндар қилишди.

Шаффоф шабнамлар



Бу гал диққатингизни қоқиўтга, ҳа, оддий қоқига қаратмоқчиман. Эътибор берганмисиз, у гуллаганидан кейин гулдон ўрнида юзлаб оппоқ «парашют»чалар ҳосил этади. Сўнг салгина шабада кўтарилиши билан ана шу «парашют»чаларнинг ҳар бири ўзидан анча оғир уруғни кўтариб, кўкка парвоз қилади ва аллақаерга бориб, «юмшоқ қўнади»…
Сиз уни ҳозирги замон «парашют»ларига таққослаб кўринг-а! Парашют юкни фақат юқоридан пастга олиб тушади. Қоқиўтнинг бағоят такомиллашган, физика ва аэродинамика қонунларига мос келадиган «парашют»чалари эса шамол кучи билан юқори кўтарилади ва узоқ йўл босиб пастга тушади.
Табиат қоқиўт уруғини тарқатиш учун қўллаган бу жараённи амалда татбиқ этиш учун ҳали кўп йиллар керак, албатта.

Муршиди Комил



Ўз замонасининг забардаст сиймоси, нақшбандия таълимотининг ашраф арбоби, беназир файласуф Хожа Аҳрори Вали (Хожа Убайдулло Шоший) таваллуд топган кунга 600 йил тўлмоқда. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси махсус қарор қабул қилиб, масъуллар олдига аллома юбилейини муносиб нишонлаш, унинг маънавий меросини тарғиб қилиш вазифаларини қўйди.
Хўш, Хожа Аҳрори Вали ким эди? Ҳаётлиги ва вафотидан сўнг бу табаррук зот ҳақидаги гоҳида афрўз, гоҳида нописанд гапларнинг боиси нимада?Мирзо Улуғбек ва унинг ўғли Абдулатиф билан ҳазратнинг муносабатлари қай даражада бўлган? Бу соҳиби даврондан мерос бўлиб қолган маънавий бойликлар нималардан иборат? Ўзбекистон ФА академиги Ботурхон Валихўжаев билан публицист-ёзувчи Нусрат Раҳматнинг суҳбалари шу хусусида…

Қайдасиз, Сибир сувлари?..



Публицист ёзувчининг далиллари ва армонлари

Узоқ ва мавҳум сукунатдан сўнг Россия оммавий ахборот воситалари Сибирь дарёлари сувини Қозоғистон ҳамда Марказий Осиёга ташлаш лойиҳаси ҳақида тағин пичирлаб гапира бошлади. Бугун мазкур ўлкада дарёларнинг ўз ўзанидан тошиб чиқиши, сайёра ҳароратининг ошиши натижасида келажакда бу ҳол яна авж олиш эҳтимоли рус биродарларимизни ташвишга солмаслиги, сув балосидан қутулиш йўлларини изламасликлари мумкин эмас эди. Бу экологик катаклизмни ҳал қилиш йўлларидан бири асов дарёларни ташна саҳроларга буриб юбориш эканлигини эътироф этишмоқда улар…

Қўлингни бер, китобхон!



           Публицист-ёзувчининг таъна ва тазаррулари

Елкадошим, фикрдошим, азиз китобхон! Сен билан бақамти туриб, гаплашиб олишга аҳд қилдим. Менинг монологимни зоҳирий илтижолар, ботиний илтимослар ўрнида қабул эт! Ёз бўйи тер тўкиб меҳнат қилган, баракалигина ҳосил етиштирган, кўзда не-не умидлар, ҳаяжонлар ила бозорга олиб чиққан, аммо шундай сархил неъматларни сотолмай, уйига қайтариб келган деҳқонни кўз ўнгингга келтира оласанми? Орзу-истаклари ногаҳон саробга айланган бу шўрлик хотини, бола-чақалари кўзига ҳам тик боқолмай қолади бундай пайтда…
Билсанг, мен ҳам айни пайтда бозори касод бўлган ана шу ғамзада деҳқон ҳолатидаман. Чунки не-не машаққатларда қоғоз тирнаб ёзган ва гоҳида ғурурим, руҳимни поймол этиб чиқарган китобларимни харид қилмай қўйдинг. Китоб дўконига йиллаб йўламаслигинг менга садоқатсизлигингдан ўзга нарса эмас!

Чорраҳадаги болакай



Публицист ёзувчининг изтироб ва ўтинчлари

Сиёб бозоридан уйим томон қатнайдиган «Дамас»да унинг тўлишини кутиб ўтирган эдим. Шу пайт портфел елкалаган болакай салом бериб, кириб келди. Ҳайдовчи ундан тўнгу такаббурлик ила сўрадик:
– Пулинг борми?
У ҳам «бор» ишорасини қилиб, юз сўмликни кўрсатди.
– Кира ҳақи юз эллик сўм бўлади, – деди галварс ҳайдовчи. – Туш!
Бу ҳол дафъатан жаҳлимни чиқарди ва шофёр билан айтишиб қолдик. Шуниси аламли бўлдики, салондаги одамларнинг бирортаси тарафимни олмади. Қон босимим икки кундан кейингина ўз ҳолига тушди.

«Шум бола» жиянимга Масковдан нома



Ушбу безабон номани Самарқанд илкиндаги Кўтарма даҳасинда рўзгурзонлик қиладурғон, бугун Масков сафаринда бўлғон Нусрат ибн Раҳмат ас-Самарқандийдан деб билурсиз.
Шукри беададки, сиҳат-саломатмен, дуои жонингизни қилиб юрибмен. Қиш кунлари Урусияга сафар этмоқликдин муддао шул эрдиким, якчанд жиянлар, қавмбаччалар бу шаҳри азимга йўл олғон эрдилар ва алардан зоҳирий ҳавотирим бор эрди. Кўз бирла кўрмоқ, қулоқ бирла эшитмоқ ихтиёри тинчимни ўғурлади.
Масков шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздир. Бу шаҳарнинг савуғини ман қағозга битмай, сиз ўқуманг. Шабу рўз ёмғир, қор ёғар, валекин чапдаст фаррошлар пешма-пеш бартараф этурлар.

Асқад Мухтор ўгитлари (“Оила ва жамият 08.01.2002)



Бағоят маъруф устозим, таниқли адиб Асқад Мухтор «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бош муҳаррир бўлганларида, мен бўлимда ишлардим; кайфиятлари хуррам дамларда хоналарига кирардим ва у кишининг мумтоз суҳбатларидан баҳраманд бўлардим.
Дедим:
– Жаъми жумбоқлар ва истиқболлар эшигини бирма-бир очадиган калид недур?
Дедилар:
– Илм, ҳунар, заковат.
Дедим:
– Миллатни камолот сари етаклайдиган кишилар кимлар?
Дедилар:
– Билимли, ҳунарли, ақлли кишилар.

«Шум бола»га мактуб ( ЎзАС 03.20.1992)



Диққат, янги газета!

Жумҳуриятимиздаги газеталар сони тағин биттага кўпайди. Шу йилнинг 24 февралидан Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси Самарқанд вилояти бўлими,  Тарғибот маркази ва «Эрк» демократик партиясининг «Мовароуннаҳр» газетаси нашр этила бошланди. У анча радикал характерга эга бўлиб, демократия, шунингдек, самарқандлик ижодкорларнинг асарларини тарғиб қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Газетанинг биринчи сони ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Бу сон шуниси билан қизиқарлики, унда самарқандлик бир гуруҳ ижодкорларнинг «Шум болага мактуб»и эълон қилинган.
Қуйида ўша мактуб ва Шум боланинг жавобини ўқийсиз.

Аллома адиб ( С.Айний-125 ЎзАС 28. 03.2003)



Ўзбек ва тожик адабиётининг йирик намояндаси Садриддин Айний ўзидан катта адабий мерос қолдирган ижодкорлардар ҳисобланади. Адибнинг Самарқанддаги уй-музейи ҳамиша китобхонлар билан гавжум. Яқинда адиб таваллудига 125 йил тўлади. Шу муносабат билан мухбиримиз самарқандлик ёзувчи Нусрат РАҲМАТга бир неча савол билан мурожаат этди.
– Нусрат ака, тузумлар ўзгариши билан ўтган даврнинг пешқадам зиёлиларига муносабат ҳам ўзгариши табиий. Яқин ўтмишда адабиётшунослар Садриддин Айнийни социалистик реализмнинг йирик арбоби, деб ёзишарди…

Фарзандларимиз ўз муаллимларидан ибрат олсин



Бугунги меҳмонимиз – публицист ва адиб Нусрат РАҲМАТ.
Нусрат Раҳматнинг асли касби – агрономлик. Унинг илк китоби «Агар табиатни севсангиз» деб аталиб, 1975 йили «Ўқитувчи» нашриёти томонидан нашр этилганди. Ўтган давр мобайнида эса бадиий китоблар чоп эттирди.
Нусрат Раҳматнинг «Буни ҳаёт дебдилар» романи, «Фарзандга ўгитлар», Мен редакцияданман», «Асалари мўъжизаси», «Сўқмоқлар ва сабоқлар» сингари китоблари бир неча бор қайта нашр қилинган.
Меҳмонимиз – Нусрат Раҳматов мустақиллигимизнинг 13 йиллиги муносабати билан кўп йиллик самарали, ҳалол ижодий фаолияти учун Президентимиз фармонига биноан, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» фахрий унвони билан тақдирланди. Яна бир жиҳат: умрида ўқитувчилик қилмаган бўлса-да, уни «муаллим» деб аташади.

Чиройли бадиа



ХХ аср ўзбек адабиётининг атоқли намояндаси Асқад Мухторни билган кишиларнинг деярли ҳаммаси, жумладан, танқидчи Наим Каримов ҳам санъаткорнинг «Оқибатли дўстлари кам бўлганидек, оқибатли шогирдлари ҳам қарийб бўлмаган» («Қаранг: Асқад Мухтор. Уйқу қочганда… Т., «Маънавият», 1997 й. 30 бет)лигини, унинг «бутун ҳаёти давомида бирдан-бир дўсти китоблар бўлгани»ни таъкидлайдилар.
Минг шукрки, адибнинг шогирдлари бор экан. Улар «бениҳоя ориф ва камсухан инсон»ни, «устоз билан кечган мулоқотларни» бугун эслаб, соғиниб ҳикоя қилишни бошладилар. Улардан бири ёзувчи Нусрат Раҳматдир, унинг «Асқад Мухтор дедилар» (Т. «Чўлпон» нашриёти, 2003 йил) номли охори кетмаган бадиасидир.

«Узоқ умр кўрмоғим керак…»



Машраб Бобоев шеър ўқиганда кўзларидан ўт чақнагандек бўларди
Сизни билмадим-у, аммо менинг назаримда киши олтмиш ёшнинг нари-берисида бот-бот ўлим ҳақида ўйлаб қоларкан. Ҳатто қабристонга борганингда, қабринг қаерда бўлишини зоҳиран чамалагандай бўласан.
      Бунинг боиси шундаки, устозлар ва дўстлар сени бирин-кетин тарк этиб кетавергач, бобо Яссавий айтган «чўбин от» сени ҳам излаётганига ва муқаррар етиб келишига ишонч ҳосил қилаверасан.

Публицистикамиз асосчиси



Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 126 йиллиги
Маҳмудхўжа Беҳбудий фақат жадидлар ҳаракатининг раҳнамоси ёки драматургиямиз асосчиси бўлиб қолмай публицистикамизнинг ҳам ўзига мос яловбардоридир. Унинг ХХ аср бошида турли газеталарга, кейинроқ эса ўзи ташкил этган «Самарқанд» рўзномаси, «Ойна» журналида ёзган талай публицистик мақолалари ҳозир ҳам ўз актуаллигини йўқотмаганлиги диққатга сазовордир.
Профессор Бегали Қосимовнинг саъй-ҳаракати билан бу мақолаларнинг бир қисми ҳазратнинг 1997 йили «Маънавият» нашриётида чоп этилган «Танланган асарлари»да эълон қилинди. Аммо булар денгиздан томчи. Чунки Беҳбудий ёзган мақолалар сони 500 га яқин деган маълумотлар бор.

Беҳбудий ҳазратларини эслаб...



– Нусрат ака, Беҳбудий ҳақида роман ёзаётган экансиз. Ростми?
– «Роман ёзаяпман» дейишга журъатим етмайди. Ҳарҳолда насрий асар қоралаяпман. Қачон битади, жанри қанақа бўлади – келажак кўрсатади. Асар икки йўналишда – ХХ аср боши ва охиридаги ҳаёт ҳақида.
– Биз эндиликда биламиз: Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда жадидлар ҳаракатининг сардори, ўзбек драматургиясининг асосчиси, журналист, таржимон ва ҳоказо. Булардан ташқари ҳам янги қирраларини очолдингизми?
– Мен ҳазратнинг муфтилик ва фаолиятларини ўрганиб, анча-мунча материаллари қўлга киритдим. Беҳбудий тахминан 1911 йилларда Жомбойда муфтилик қилган. Муфтилик, бу ҳозирги прокурор ёки адлияга ўхшаган вазифаларни бажарган. Жумладан, қози чиқарган ҳукмларни кўздан кечириб, тасдиқлаш ёки рад қилиш, энг муҳими, диний ишларга фатво бериш, вақф ишлари билан шуғулланиш ва ҳоказо.

Мен кашф этган Ҳиндистон



"Stop!” команда берди политсиячи жиддий оҳангда.
Биз худди ҳарбийлардек, итоаткорлик билан тўхтадик ва мен, беихтиёр ўгирилиб, ортга қарадим. Турли ёшдаги оқ ва қора танли, эркак, аёлларнинг охири кўринмасди.Инглизча, ҳиндча, немисча, туркча каломлар қулоққа чалинарди. Олдинги қатордагилар саросималаниб, фото аппаратлари ва кино камераларини шайлашга киришдилар.
Ниҳоят, киришга рухсат берилди. Биз ичкари кирдик ва эллик метрча наридаги чиннига ўхшаган оппоқ кошонага ташналик билан термулиб қолдик.
Бу – афсонавий Тож Маҳал эди!

САРҲИСОБ 38



          Самарқанднинг Гагарин кўчасидаги марказий авиакассадан жануб томонга қараб, тахминан беш юз метрлар  ўтсангиз, чорраҳа чиқади. Ўнг томонда   беш қаватли, ғиштли бино бор.(128 уй)  Бу иморат Иттифоқ даврида ёш оилалар учун мўлжаллаб қурилган бўлиб, энсиз, олд қисми айвонли, бир ёки икки хоналидир.  Бинонинг биринчи ва иккинчи  қаватида “Сапфир” деган хусусий  клиника жойлашган. Ҳарҳолда, одамлар бу шифохонани шундай аташади.  Унинг пешонасида эса  “Som So’zani Plus medical klinic” деган ёзув бор.
  Агар эътибор берган бўлсангиз,  Тил байрами кунлари мухбирлар ўзга забонда ёзилган  вивескалар, шиорларни танқид қилишни хуш кўришади. Газетада “Сапфир” деган русча ибора танқид қилингандан кейин, хўжайин уни инглизчалатиб қўйган. Мухбирлар тағин бир ҳақиқатни тушуниши керакки,ҳозир реклама ҳақидаги қонунда унинг қай тилда ёзилишини эгаси (рекламадател) белгилаши керак.  Аниқроғи,  бу инглизча ном  айрим мухбирларга нисбатан иддао сифатида битилган.