Мен мухбирман


НУСРАТ  РАҲМАТ


МЕН  ЖУРНАЛИСТМАН


Воқеий ҳикоялардан иборат
қисса

Иккинчи нашр

"Ёш гвардия" - 1987.

"Ёзувчи"      - 2002


Муқаддима

         Ассаломалайкум! Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри 1987 йил-да "Мен редакцияданман" номи билан чоп этилганди ва мақтаниш эмас-у, анчайин қўлма-қўл бўлиб ўқилганди. Йиллар ўтиб, бугуннинг (2003 йил)  кўзойнаги билан қарасам, ибратомуз воқеалар, ашраф инсонлар, сурурли саргузаштлар билан бирга, социалистик реализмни ҳам анчайин қалаштирган эканман.
         Зеро, мустақиллик борлиққа тиниқроқ кўзойнак билан қарашни, жадидона рафторни тақозо этади. Асарни қайта ишлашда бу эврилиш ва эминликларга эътибор бермасдан иложим йўқ эди.
         Аслини олганда, бунақа эсдалик асар нафақага чиқиб олгандан ке-йин ва мункайиб борган сари ёзилади. Боиси: умр ниҳоясида насл ёки меърос қолдириш табиат ва жамиятнинг барҳаёт қонунидир. Лекин, нечун энди саргузаштларни (агар у кимлар учундир ибратли бўлса) қоғозга тушириш умидида кексаликни кутиш керак?! Табаррук ёшларга етиш насиб этса яхши, аммо олам ҳам тасодифларга тўла. Шунинг учун ҳам уни қирқ ёшлар атрофида ёзганман. Бугун - олтмиш ёшнинг эшигини қоқаётганимда, қайта нашр эттиргим келди.
         Олтмиш – ғалати ёш. Ундан ўтгандан сўнг, бот-бот ўлим ҳақида ўйлаб қоларкансан. Қабристонга борганингда, мармар лавҳалардаги таниш номлар дилингни ўртандиради, зоҳиран ўзинга жой чамалайсан. Аммо шунга қарамай, менинг қораламаларимга мемуар деб қарамаслигингизни сўрар-дим. Бир-икки турткилар сабаб бўлиб, мухбирлик ва умуман ижод чорраҳаларидаги курашлар хусусида ҳикоя қилгим келди, холос.
         Журналистлар мактабидаги бир учрашувда публицистларга сабоқ бўладиган китоблар озлигини танқид қилишди. Улар ҳақ эдилар. Ибрато-муз асарлар нари турсин, улар учун тузукроқ дарсликлар ҳам оз.
         Ўша воқеадан кейин бирор йил ўтгач, очерклар китобимга уч-тўрт қоғоз кириш сўзи ёзиб беришни сўрашди.
         - Асосан, ўзингиз ҳақингизда бўлсин, - деди муҳаррир ноширларга хос такаллуф билан.
         Рози бўлдим. Аммо бу вазифанинг маъсулиятини қўлимга қалам олгандан кейин обдонроқ ҳис этдим: қарийб йигирма беш йил давомида (ҳа, бу унчалик оз муддат ҳам эмас) ўзгалар ҳақида ёзавериб, шунга анчайин кўникиб қолган эканман. Ўзим ҳақимда ёзиш ноўнғай бўлаверди. Шунда "ўзи ҳақида" ёзилган айрим асарларга кўз югуртиришга тўғри келди. Негадир, уларнинг аксарияти менга унчалик ўтиришмади: бу муаллифлар воқеа-ҳодисани ўз манфаати йўлида бойитгани, билган ёки билмаган ҳолда "камина"ни бош қаҳрамон қилиб, ҳамду-санога эрк бергани сезилиб турарди. Отасининг баъзи хислатларини улуғлаш, турли тоифадаги раҳбарлар билан бўлган мулоқотларини дастурхон қилиб ёзгани ҳақида гапирмасам ҳам бўлади.
         Хатоларчи? Йўқ, улар бу  хусусда ёзишни унчалик эп кўришмаганди. Ваҳоланки хато, кўп ҳолда энг яхши сабоқ ҳамдир.
         Хуллас, "ўзим хақимда" ёзабошладиму, яна бошқаларни ўйлаб қол-дим. Ибратли воқеалар, яхши одамлар хусусида очиқ-ойдин ёзавериш мумкин, аммо айрим сабабларга кўра, хатога йўл қўйган, адашган ёки борингки, менга нохушлик, носамимийлик қилган кишилар масаласида  қандай йўл тутсам экан?!
         Орадан шунча йиллар ўтгач, уларнинг иллатларини юзларига солиш одобданми?!
         Адабиётда худди шариатдаги каби ўнғай йўллар кўп: айримларнинг номлари, манзилгоҳларини ўзгартираман. Бундан қаҳрамоним ҳам ўқувчим ҳам ранжимайди. Ижод одобини эса озми кўпми бузган ўринларда, улар мени кечиришар.
         Идрок этганим, яна бир ҳақиқат шу бўлдики, тарихнинг қай бир босқичида бу фоний дунёга келишинг - омадинг ёки ютқазиб қўйишинг экан. Мен Иккинчи Жаҳон урушининг баравж кунларида туғилдим ва Яратганнинг иноятига қарангки, юртимда ҳар ўн-ўн беш йилда такрор-ланиб турадиган таҳликали хунрезликлар 1945 йилга келиб, батамом барҳам топди.
           
                    - Дадажон нега йўқ оёқларингиз,
Наҳот бувим сизни туққан ногирон?
Эҳ, ёғоч оёқли бўлмасайдингиз,
Қирлар қучоғида чопардик чунон
Нега оёғингиз йўқ-а, дадажон?

Уруш йилларида не-не қўл оёқ
Госпиталда қолиб кетганин
Ва улар ўрнини олганин таёқ
Бу қизчага ўқтириш қийин!

         Шундай изҳор этгандим илк кечинмаларимни.
                   Тағин: шўролар замони нонини еб, ўлғайдим, аммо тақдир мустақиллик шарофатларидан ҳам бенасиб этмади.
         Фақат икки тузумнинггина эмас, икки асрнинг ҳам гувоҳи бўлдим.
         "Кайфиятингни баён этиб кет"...  деган экан, Нодирабегим.
         Ушбу китоб менинг кайфиятим, кечинмаларимдир!
         Муддао эса, ҳидоят, даъватдан ўзга нарса эмас!      
         Шундай иш тутайликки, ҳаётимиз узлуксиз қувонч-у зафарларга эш бўлсин!
         Арабларда ибратли нақл бор: "Ал фақру-фахри", яъни, фақирлик фахримдир.
         Мазкур нақлга риоя этишга саъй-ҳаракат қиламан!

Мен мухбирман. БИРИНЧИ ҚИСМ
Мен мухбирман. ИККИНЧИ ҚИСМ
Мен мухбирман. УЧИНЧИ ҚИСМ