БИРИНЧИ
ҚИСМ
БИРИНЧИ
БОБ
МАУГЛИ
Вилоят газетасида чоп этилган илк мақоламнинг
тафсилоти ғалати бўлган: агрономия куллиётининг иккинчи курсида ўқирдим. Тупроқшу-нослик
фанидан дарсга кирган аспирант кулнинг, ҳа, одий ростмона кул-нинг бебаҳо ўғитлигини,
унинг таркибидаги калций моддаси ҳосил тугун-чаларини сақлаб қолишини
айтди. Мен учун бу янгилик эди: ундан
бош-қаларни ҳам ҳабардор қилгим келди ва қўлимга қалам олдим. Иккаламиз-нинг
фамилиямизни кўриб, аспирант қувонди, сўнг мақолага кафедра му-дирининг ҳам
исм-шарифини тиркашни таклиф этди.
Орадан ўн кунлар чамаси ўтар-ўтмас, мақола
босилиб чиқди: унда сарлавҳа ҳам, рақамлар ҳам жойида эди-ю , менинг фамилиям
кўринмас-ди - фақатгина доцент билан аспирантнинг имзоси қолганди.
Ҳамкурсларимга бу мақолани мен
ёзганимни айтиб, мақтанган эдим, улар каминани меровликда айблашди. Шундан
кейин тахририятга бориб, бунинг сабабини билишга қарор қилдим. Аммо газетанинг
бўлим мудири бу ҳаракатимни беандишаликка йўйди.
- Энди доцент билан аспирантнинг имзоси
турганда, студент...га бало борми", демоқчи бўлди-ю, уёғини айтмай қўйақолди.
Бу воқеага кўп йиллар бўлди, лекин ҳамон
газеталарда қўш имзо кўрсам, илк мақоламни эслайман, имзоси пастда турган муаллифга хай-рихоҳ, бўламан, азиятни асосан
ўша чеканини (агар ундан пастдагиси олиб ташланмаган бўлса) ҳис этаман.
Курсдошларимнинг маломатларидан қутулиш
учун ёзавердим, ёза-вердим. Таҳририятдан эса бир хил қолипдаги жавоб келаверди,
келаверди.
"Газета расмий материаллар билан
банд бўлгани учун ундан фойда-лана олмадик!"
Ўша пайтлар ана шу баҳонага ҳам
ишонганман! (Афсуски, ҳозир муаллифга умуман жавоб қайтармай қўйишди). Ниҳоят,
бир аёл канди-датлик диссертациясини ёқлаганини
ёзиб юборгандим, эълон қилишди. Аммо бунинг ҳам иллати чиқиб қолди: ҳалиги
аёлга "ветеринария фанла-ри кандидати", деган даража берилган экан.
Менинг айбим билан "қиш-лоқ хўжалик фанлари кандидати" бўлиб кетибди.
Шундай қилиб, газета-нинг эндигина қия очилган эшиги тағин ёпилди.
Бир куни таҳририятдан хат олдим. У
батамом ҳидояткорона оҳангда ёзилган эди.
"Хурматли . . . . . . . . . . . . . .
ев!
Институт тажриба участкасида синовдан
ўтказилаётган ток ва мева навлари ҳақида ёзиб юборишингизни сўраймиз.
Салом билан, Ҳожиқурбон Ҳамидов!"
Шундай қилиб, Ҳожиқурбон Ҳамидовнинг
топшириқларини изчил бажарадиган, у ҳам беминнат мадад ва маслаҳат берадиган
бўлди. Шу орада шоир Нормурод Нарзуллаев билан ҳам танишдим ва у киши каминага
эмин ва хайрихоҳ қўл чўзди.
Институтни битириб, бир йилга
етар-етмас энтомолог бўлиб ишла-дим. Ана шу даврда олийгоҳда беш йилда
эгаллаган сабоғимдан кам нарса ўрганмадим.
Каминани вилоят газетасига ишга таклиф
этишмаганда, ҳаёт йўлим қайси ўзан бўйлаб кетишини айтишим қийин. Бу ҳақда ҳозир
ҳам гоҳида ўйлаб қоламан: тўғри қилдимми шу соҳага ўтиб? Ҳозирги кунларда ҳам
курсдошларимдан бир неча киши туман, вилоят миқёсида раҳбар, фан кандидати,
доктори. Демак, мен ҳам публицистика йўлини танламаганим-да, ана шундай
ашрафликларга эришишим мумкин эди.
Хўш, мабодо тақдир тақозоси билан орқага
қайтиб, мени энтомо-логликдан газетага таклиф қилишса борардимми?
Ҳа, борардим! Бугун ижодда нимагаки
эришган бўлсам (гарчанд салмоқсиз бўлса ҳамки) матбуотдан миннатдор бўлишим
керак. Назаримда, публицист сифатида жамиятга, одамларга кўпроқ наф етказишим
мум-киндай. Бунда агрономлик маълумотим ҳар қадамда асқотди.
* *
*
Газетага ишга келиб, илк бор йўл қўйган
ҳатоим ҳақида гапирмоқ-чиман.
Мен махсус мухбир бўлсам ҳамки, қишлоқ
хўжалиги, адабиёт ҳамда иқтисод
бўлимларига баббаравар кўмаклашардим.
Ўшанда адабиёт бўлимининг мудири, шоир Суръат Орифийнинг столи устидаги
мактуб эътиборимни тортди. "Қоратоғли маугли" деб номланган бу мақолага
география фанлари кандидати, Халқаро география жамиятининг аъзоси имзо
чекканди. Унда ёзилишича, Форишнинг Қора-тоғ қишлоғида Жиян деган бола ногаҳонда
йўқолиб қолибди, уни ҳарчанд излашса ҳам топиша олмабди. Орадан икки йил ўтгач,
Жиянни бўрилар маконидан ушлаб олибдилар. Бола бўрига ўхшаб увлайдиган, тўрт оёқлаб
юрадиган, овқатни ҳам ўша жониворлардек
чўккалаб ейдиган бўлиб қол-ган экан. Мақолага Жияннинг турли ҳолатдаги
суратлари илова қилин-ганди: фотолар ҳам унинг ғайритабиийлигидан далолат
берарди.
- Қизиқарли мақола экан, - дедим,
негадир Орифийнинг эътиборини тортиш илинжида.
У ойлаб эътиборсиз ётган мақолани ўқиб
чиқди-ю, фикримга қў-шилди; тайёрлаб беришимни илтимос қилди. Мен ҳам мақолани
машинкадан чиқариб бердим. Шоир олди-қочди жойларини қисқартириб, силлиқлаб
секретариатга топширди.
Мақола босилиб чиқди ва кўпчиликнинг
эътиборини тортди. Уни йиғилишда мақташди. Ой охирида бўлим мудирига мукофот ҳам
беришди.
Бўлим мудири, муҳаррир менинг ҳиссамни
таъкидлашмаганини ўйлаб, жилла ўкиниб юрганимда иш тескари тус олиб кетди.
Рус тилида босиладиган газетанинг муҳаррири
(Лев Абрамович) анчайин калондимоғ, нописанд, ҳаннот одам эди. Лекин шунга қарамай,
у билан ҳисоблашишарди: хушлаган кишисига уй, машина олиб бериш, бу корчалонга қийин
эмасди. Лев Абрамович редакциямиздан фақат Орифийнинг хузурига кириб турар, у
билан адабиёт хақида суҳбатлашишни хуш кўрарди.
- Бу редакцияда энг доно одам - сен, -
деярди у Орифийни ҳижолатда қолдириб.
Бир куни у суҳбат чоғи, газета
тахламини варақлайди ва ногаҳонда "Қоратоғли маугли"га кўзи тушади.
Бўлим мудири мақоланинг мазмунини айтиб бергач, қизиқиши янада ортади.
Хуллас, мақола рус газетасида босилиб
чиқди. Республика матбуотида эълон қилинди. Кўп ўтмай радио ва телевидение бу
сенсациядан одамларни ҳабардор қилди. Маугли тўғрисидаги шов-шувлар кундан-кун
авж олар ва Лев Абрамович ҳатто асл муалифни ҳам тан олмай, бу янгиликни ўзи
кашф этганини кўкрак кериб гапирарди.
Самарқандда мазкур масала юзасидан
матбуот анжумани ўтказиладиган, Жиян тўғрисида филм олинадиган бўлди. Чунки
биздан ҳали маугли чиқмаган ва бунинг ўзига яраша илмий аҳамияти бор эканда.
Тасодифни қарангки, Москвадан чиқадиган
"Комсомольская правда" газетасининг ходими Лев Абрамовичнинг
"Маугли ҳузурида" деган мақоласини эълон қилишдан олдин, шу соҳа
бўйича йирик мутахассисга кўрсатади.
- Мен бу гапни эшитдим, - дейди олим
ишонқирамай, - ахир Ўзбекис-тон Ҳиндистон эмас-ку! Қишда совуқ ўттиз даражадан
ошиб кетади: бола нари турсин, катта ёшдаги одам ҳам қотиб қолади. Бунинг
устига овқатсиз, бошпанасиз...
Бу жумбоқ ҳамон бошимни қотиради. Нега
буни мен ўйлаб кўрмадим? Нега бу очиқ хақиқатни мазкур мақола эълон қилинган ўнлаб
(ҳа, ўнлаб) оммавий-ахборот воситаларининг маъсуллари хаёлдан кечирмадилар?
"Журналист", "Маугли
сабоқлари" сарлавҳали мақоласида Форишга уюштирилган экспедиция
натижаларини ёзиб, минглаб, миллионлаб ки-шилар алданганлигини надоматлар билан
маълум қилди.
Аён бўлишича, боланинг асли исми Мамат
бўлиб, ота-онасидан эрта ажралгани, тоғасиникида яшагани учун, Жиян дейишаркан.
Жиян ҳақиқатдан ҳам қишлоқда икки йилча бўлмабди. Бу ҳақда тоғасининг гапи
айнан келтирилганди.
"Болада сал етишмайди, савдойироқ.
Бальницага олиб бордим: қишлоқчилик - тоғаси сиғдирмабди, дейишмасин, деб ҳалиги
гапни тарқатганман".
Лев Абрамович бор айбни бошқаларга
тўнкамоқчи бўлди, аммо тусланиш наф бермади: ғалчани ишдан олишди.
Муҳтарам ўқувчим! Мабодо сиз бирор газета
ёки журналда фалон тоғда қор одам бор, фалон қишлоқда бир табиб докторлар
тузатаолмаган ҳар қандай беморни даволаб юборади, фалон кўлда диназаврлар
яшайди, фалон жойда коинотдан одам келибди, деб ёзса сира ишонманг! Ишонманг,
тамом! Бундай бўлиши мумкин эмас! Биз бундай мўъжизаларни бир умр кутиб яшаймиз
- шунинг учун ишонгимиз келади ва туйғуларимиз бизни бот-бот чалғитиб туради.
Бўлгани шу!
Мобода сиз журналист бўлсангизу, ном чиқариш
учун ана шундай олди-қочди гапларга кўп ўрин берсангиз, бу ғирромлик бўлур эди.
Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда:
«Одам боласини Худонинг ўзи билан ёқалаштириб қўядиган газетачилардан» асрасин.
Матбуотдай муқаддас нарсага нуқул ёлғон
ёзиб, одамларни чалғитиш дастурхон устига муляж1 қўйишдай гап.
ИККИНЧИ БОБ
ТОМОШАБИН АДОВАТИ.
Матбуот ҳаётдан олдинда бўлиши, оммани
эргаштириши керак, дейишади назариётчиларимиз.
Лекин амалий жиҳатдан у ҳаёт билан баббаравар қадам ташлагандагина
таъсирчан, оммавий бўлишига бир неча бор ишонч ҳосил қилганман. Гоҳида олдинлаб
кетиш ҳам ҳаётдан узилишга сабаб бўларкан. Бунинг эса орқага қолишдан фарқи
кам.
Тан олиш керак, бизнинг оммавий-ахборот
воситаларимизда бундай узилиб қолиш ҳоллари сероб. Одамларга микрофон
тутсангиз, ёки блокнотингизни қўлга олсангиз, уларнинг фақат гап оҳангларигина
эмас, юз тузилишлари ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетишига, энг аввало,
биз журналистлар айбдормиз! Модомики, бугунги оммавий-ахборот воситалари ҳақида
гап кетар экан, бу борадаги ислоҳотлар ҳақида тўхталмасак, инсофдан бўлмас. У
пайтларда Самарқандда атиги иккита газета чиқарди. Ҳозир бўлса... Аммо шунга қарамай
дилга етиб борадиган гаплар тақчилроқ. Аксар мухбирлар шўролар даврини
ёмонлашдан нарига ўтишмаябди.
Майли, мавзудан четлаб кетмайлик.
Ўша пайтларда опера ва балет театрида
мунтазам тарзда "Деҳқонлар куни" ўтказиб туриларди. Театр намойишлари
бошлангунча, колхозчилар тарихий жойларда, бозор, ресторанларда бўлишар, кечқурун
уларга "Жи-зель" ёки "Чио-чиосан"ни кўрсатишарди.
- Бизни танқид қилишди, деди бир кун
бюродан қайтган муҳаррир ўринбосари, - чунки "Деҳқонлар куни"ни ёмон
ёритаяпмиз. Деҳқон оила-си билан опера кўради-ю, биз бу ижтимоий ўзгаришни қадрламаймиз,
мағзини чақиш ўрнига ахборот билан чекланамиз!
___________
1. Мумдан ясалиб, бўялган "мева"
Шундай қилиб, бу вазифани менга
юклашди. Ярим саҳифали репор-таж тайёрлайдиган бўлдим. Тажрибали журналистлар
йўл-йўриқ кўрса-тишди: артистлар билан колхозчиларнинг мулоқотларига қулоқ
солишни, залда ўтирган колхозчиларнинг ҳис-туйғуларини илғаб олишни маслаҳат
беришди.
Аммо театрда батамом бошқача манзарага
дуч келдим: майдонда оломон тўпланиб турар, негадир ичкари киргиси келмас, ит
эгасини, мушук бекасини танимасди. Кўплар тешик кулча, хўрозқанд харид қилган
бўлиб, уйга кетишга шошилишар, нарироқда ўн чоғли ширакайф кишилар бир-бири
билан сану манга боришаётганди. Бир маҳал улар муштлашиб қолишди.
Маълум бўлишича, томошабинлар шаҳар
чеккасидаги икки қишлоқ-дан бўлиб, бир вақтлар ана шу даҳаларнинг бирида яшайдиган
йигит нари томондан соҳибжамол қизни олиб қочган экан. Қиттай ичиб олгандан
кейин ўша адоватлар ёдга тушибди ва ғазаб отига минишибди.
Ғазаб эса ичингдаги тимсоҳдир!
Уни нарироқ ҳайдаш керак!
Мен милиционер излаб залга кирдим. Эшик
олдидаги мижғов милиционер фақат залга кирган кишиларни ташқарига чиқармаслик
учун қўйилганини, постни ташлаб кетолмаслигини айтиб, афсусланди. Ичкарида эса ҳаммаси
бўлиб ўн чоғли томошабин ўтирар, улар ҳам чиқиб кетиш ташвишида эдилар.
"Жизел" бошланганди.
Ниҳоят, милицияга телефон қилдик. Улар
етиб келишди ва жанжални бартараф қилишди.
Бу ҳолни ўз ҳолича ёзсам, устимдан
кулишлари аниқ эди, аммо ёзмасам ҳам маломатга қолардим. Лекин бошдан-оёқ ёлғонни
битиш ҳам инсофдан эмасди. Ниҳоят мен "Деҳқонлар куни" ёмон ўтганини,
уни яхшилаш тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларимни қоғозга туширдим. Бу ишга хўжалик
раҳбарлари бош бўлишлари зарурлигини, шу билан бирга театр ҳам колхозчиларнинг
дидини ҳисобга олиб, яхши концертлар қўйишини таклиф қилдим. Лекин кўнглимдан
ўтгани бўлди - уни ўтказишмади. Бу ҳам етмагандай, бўлим мудирларидан бири йиғилишда
сўз олиб, идорада: "қошиқ кўпайиб кетганидан" нолиди-ю, менга кўз
ташлаб қўйди.
Ҳаёт эса ўз ишини қилди: кўп ўтмай
"Деҳқонлар куни"ни бекор қилиш-га мажбур бўлишди.
УЧИНЧИ БОБ
НОХУШ МАНЗИЛГОҲ
Мухбирлик - ёзувчи учун энг яхши мактаб.
Газета, журнал, телевиде-ние ёки радиода ишласангиз, - касбу кор тақозаси билан
қаерларга бош суқ-майсиз, кимлар билан мулоқотда бўлмайсиз?!
Вилоят газетасида ишлаб юрган пайтларимда
жасадлар қаторлашти-риб қўйилган моргга ҳам; жиннихона, қамоқхонага ҳам кириб
чиқишимга тўғри келган.
Моргга кирганимни эсласам, ҳамон этим
жўнжикиб кетади.
Шифохона этагида жойлашган бу пастқам
бино ўша пайтларда жуда хароб бўлиб, пойдеворидаги ғиштлар емирилган, шувоқлари
кўчиб кетган эди. Бу бинони таъмирлашди, мармар қопламалар билан зеб беришди,
аммо у ҳамон нохуш ва совуқ! Чунки у - морг! Бир шоир бу иборани: "Марҳумларнинг
охирги роҳат гўшаси", деб шарҳлаганди. Уни маргхона ҳам дейишади. (Марг:
тожикча -ўлим дегани).
Бинонинг ичи зах, ним қоронғу эди. Марҳумлар
никель дасталари занглаб кетган темир кроватларда ётишар, устларига ёпилган оқ
чойшаб, кафанга ўхшаб туйғуларингни ғижимларди.
Дилимни беҳудуд ғусса босди.
"Зах ва қоронғу жойда ётқизилган ҳолда сақлансин".
Муҳтарам ўқувчи! Бу жумлани қаерда ўқиганингизни
эслайсизми? У минераль сув шишасидаги ёзув. Ҳар гал ана шу ёзувни ўқиганимда ҳам,
негадир лоп этиб, ўша маҳзун манзара кўз ўнгимга келади.
Турли ёш, миллат, касб-корга мансуб
бандалар бу дахшатли "роҳат гўшаси"да ҳеч нима даъво қилмай, асаблари
ҳам бузилмай, жимгина ётишарди. Улар орасида инфарктдан ўл (дирил)ган хўжалик
раҳбари, ногаҳонда сирли жон берган терговчи, овқатдан заҳарланган корейс қизи,
ҳали чимилдиққа кириб улгурмаган келин куёв ҳам бор эди.
Инсон қисмати нақадар ранго ранг!
Бу ерда ҳеч кутилмаган оқибатлар билан
юзма-юз бўлади, дафьатан ҳушёр тортади, киши. Жумладан, келин билан куёв
ЗАГСдан қайтаётиб, автомобил ҳалокатига учрашган экан. Машина капоти устига ёпилган сўзана узилиб,
шофёр ойнасини тўсиб қўйибди. Улар МАЗга бориб урилибдилар....
Тақдир уларга лоақал ҳаловатсиз бир оқшомни
ҳам раво кўрмагани аламли, албатта.
Ташна кетган лаблар!
Қониқмаган эҳтирослар!
Чап томонда бир нечта бўш кроватлар. Уларга
"меҳмон" бўладиганлар шу тобда нима иш қилишаётганикин?
Эҳтимол, қадаҳ кўтаришаётгандир.
Эҳтимол, бўса олишаётгандир.
Эҳтимол, дарддан тўлғанишаётгандир.
Бу ерда занглаган кроват уларга
мунтазир.
Инсон қазо қилганда эса ўзи билан
оламни олиб кетади!
Майли, мавзудан узоқлашиб кетмайлик.
Мен бу ерга қил-шчётка фабрикасининг ишчиси, толеи забун Аъзамовнинг шикоятини
текширгани келгандим. Унинг ўзи билан эса илк бор муҳаррир хонасида учрашдим.
Икки кўзи ожиз, барваста, чайир, якров, баджаҳл одамни кўз олдингизга
келтиринг. Шунақа эди у!
- Тагига етмасам қўймайман, - сўзида
давом этди қори, муҳаррир бизни таништиргандан кейин, - кўр ушлаганини қўймайди,
деб эшитганмисиз?! Онасини кўзига кўрсатаман, ж... ни!
- Мана бу йигит сиз билан боради, шуғулланади,
- деди бошлиғим ғал-вани бошидан соқит қилиб.
- Қаерда жанг қилгансиз, - сўрадим ташқари
чиққач, ва у Жаҳон урушининг ногирони эканлигини айтгач.
- Ҳеч қаерда! Фронтга етиб бормай,
поездимизни бомбардимон қилишди, ж.... лар! Кўзимга бир нима келиб урди: кўп
госпиталларда ётдим.
У морг санитарини порахўрликка айблар,
буни газетада фош қилиш-ни талаб (илтимос эмас) этарди. У билан эҳтиёт бўлиб
гаплашиш зарур-лигини тезда ҳис этдим. Чунки Аъзамов даъфатан жаҳлга минар,
алла-кимларни болохонадор қилиб сўкиб қоларди.
- Ижроком раисини стул билан
туширганман, - деди у тантана оҳангида, - уй бер, деб уч марта бордим. Нуқул баҳона
қидиради. Тўртинчисида стулни отиб юбордим. Афсуски, тегмади! Кейинги
борганимда ордерни ёзиб, ёрдамчисига бериб қўйган экан. "Кириб, раҳмат,
деб қўяй", десам унашмади. Ўзимиз айтамиз, дейишди. Биринчи қаватдан уч
хонали уй олдим. Бир тожик жўрам бор: ҳовлисида ҳамиша ўнтача қўй боқади. Ҳар
байрамда биттасини сўяди. Шунга ҳавасим келди: учта қўй олиб, балконда жой қилдим. Жониворлар денг саҳар мардондан туриб
маърайди. Ёзга келиб, денг, балкон
сасиди, пашша кўпайди. Қўшнилар ўзимга "ғинг" ҳам дейишмай, юқорига
ёзишди. Комиссия келиб: "Балконда қўй боқиш мумкин эмас", деди.
"Қаерда ёзилган бу гап? Кўрсат!" дедим. Хуллас, коттедж беришди. Ҳовлиси
ҳам бор. Ҳозир ўша ерда яшайман.
Аъзамов аризасини бир неча нусҳаларга
кўчиртириб, турли ташки-лотларга юборган экан. Соғлиқни сақлаш бўлими врачи
билан ҳамкор-ликда текширадиган бўлдик.
Санитар ориқ, заҳил, лекин бечораҳол
одам эди.
- Қори ака бизни ҳасса билан урдилар, -
деди у йиғламсираб, - ҳам ғарлик, ҳам пешгирлик эканда: энди устимиздан ёзиб
юрибдилар. Текши-ринглар - ҳақиқат бор-ку! Лекин мен шикоят қилмайман! Бўлмаса,
гувоҳларим ҳам бор! Ўзига ташладим!
Биз ишни жанжал сабабларини ўрганишдан
бошладик.
Маълум бўлишича, тақдир Аъзамовни икки
томонлама исканжасига олган: кўзи ожиз бўлиши устига безурриёд экан. Хотини
билан нақ қирқ йил бирга яшаб, бирга ишлашибди; унинг вафотидан кейин чол қийналиб
қолибди, ҳамкасбларининг маслаҳати билан болалар уйидан тўрт ёшли ўғил олибди.
Бола жуда зийрак, доно экан. Қори бу ҳақда надомат билан гапиради.
- Отини, ўзгартириб Равшан деб қўйдим.
Менга ўхшамасин, кўзлари ҳамиша нурафшон бўлсин, деб шундай қилдим. Аломат
эди-да! Мени ишга олиб борарди, нон, сутни ўзи харид қилиб келарди.
Эҳ, шуни ҳам кўп
кўрди-я!
Азиз ўқувчим! Сиз жамоа жойлари,
магистрал йўл ёқаларидаги неон чироқларига бир лаҳза эътибор беринг-а! Унинг қуйи
қисмида предохронител деган мато ўрнатиладиган, симлар уланадиган қутича ҳам
бўлади. Одатда ана шу қутичанинг эшиги ҳавфсиз қилиб беркитилиши керак. Лекин
айрим бефаҳм монтёрларнинг айби билан баъзан у очиқ ҳам қолдирилаверади.
Қори ўғли билан бекатда турганда, бола
беихтиёр ана шу сандиқ-чадаги предохронителни олмоқчи бўлади, уни ток уради.
- Равшан шундоққина қўлимда жон берди,
- дейди қори дил тўла дард билан, - кейин хушимдан кетиб қолибман. Ўзимга
келсам, болани олиб кетишган экан. Излай-излай маргхонадан топдим. Олиб
кетаман, десам, бу занчалиш санитар қўймайман, дейди: операция қилармиш!
Лекинда қўлингга қарайди! Шундай жойда! Кейин урдим ғалчани! Чидаб бўладими?!
Биз регистрация ҳужжатларини синчиклаб
текширишга киришдик: "тез ёрдам" навбатчилари, улардан сўнг хирурглар
қайд этган қоғозлар -, аммо ҳаммаси сарамжон-саришта эди. Сўнгги ойларда фақат
бир киши операция қилинмаганини аниқладик - бу ҳам қорининг ўғли бўлиб чиқди.
- Шикоятингиз исботланмади, - деди
эртаси мен билан текширишда иштирок этган врач қорига, - ҳаммаси рисоладагидай
экан.
- Исботлангда, - деди Аъзамов ҳам зарда билан, - ахир, шунинг
учун мояна оласиз, бола-чақа боқасиз!
Врач индамади. Қори мен томон ўгирилиб,
давом этди:
- Духтирлар жуда аҳил халқ бўлади:
бир-бирининг айбини ёпади, ле-кин журналист ҳақгўй бўлиши керак! Исботланг! Мен
барибир қўймайман!
Бир ҳафтадан кейин у муҳаррир ҳузурида
охирги қарорини айтди.
- Менинг кўзим кўр бўлса ҳамки ўша
порахўрларни кўрдим, лекин сизлар кўрмадиларинг! Мен ёзаман! Шахсан Шароф Рашидовга ёзаман! Исботлангандан кейин,
кириб салом бераман! Ландаҳўрлар! Нобарорлар!
У айтганини қилди, исботлади - прокуратура ходимлари санитарни пора билан қўлга
туширдилар.
Биз мутлақо бошқа томонларни титкилаб
юрган эканмиз, ваҳоланки санитарнинг пора олиш усули анча жўн экан: марҳум
операция қилингач, унинг яқин кишилари келганда, уларга тасалли бериш,
кўмаклашиш ўрнига:
- Ана, ўликлар орасидан топиб олинглар!
Буларнинг орасида куйгани ҳам, чавақлангани ҳам бор, - деб қўшиб қўяркан.
Табиийки, бундай пайтда ва ҳалиги нохуш
гапдан кейин ҳамма ҳам сесканиб кетади; бунинг устига санитарнинг таъмаси
сезилиб туради. Садқаи сар, деб унга пул чўзишади.
Қори қайтиб келмади.
Ҳозир ҳам ўша ҳодиса ёдимга тушса, ўйлаб қоламан:
балки шу кунларда ҳам айрим шаҳарларда марҳумлардан бож ундираётган тубан қаланғи-қасангилар
бордир?!
Улар муқаддас қонунларимиз олдида жавоб
беришлари шарт!
Биз ўшанда бу тафсилотни газетага ёзмадик.
Аммо мазкур клиникада тарбиявий ишларнинг бўшлиги, набарор монтёрлар ҳақида, никоҳ
маро-симларида машиналарни безашга қарши мақолалар эълон қилинди. Энг муҳими,
бу чиқишларимиз изсиз кетмади. Улар "ишлади". Бунга амин бўлдим!
ТЎРТИНЧИ БОБ
О, ОНА ТАБИАТ
"Табиатни севасизми?" деб
аталган биринчи китобчам 1975 йили босилган
бўлса-да, уни ўша илгарироқ ёзган эдим.
Табиат ҳақида қалам тебратишимга энг
аввало, инглиз табиатшуноси Жан Дорстнинг "Табиат нобуд бўлгунча"
деган китоби сабаб бўлди. Инсон она табиатни "олов, кимё ва чиқинди
ёрдамида" нобуд қилаётганлигини у шунчалик оташин публицистик эҳтирос
билан очиб берганки, таҳсин айтмай иложингиз йўқ!
Яхши китоб - беқиёс қудрат! Атрофимдаги
дарахлар, қушлар, ариқ-ларни қайта кашф этгандай бўлдим.
"Бобурнома"ни такроран ўқиганимда, навқирон Заҳириддин кўз ўнгимда
саркарда ва шоирдан кўра, энг аввало, зукко табиатшунос бўлиб гавдаланди. Кейин
табиат ҳақидаги адабиётлар-ни ўқишга киришдим:
Пришвин, Леонов, Арманд...
Сўнг жониворлар, тоғлар, гиёҳлар ҳақида
ёзабошладим. Уларни мадҳ этиш билан чегараланмай, мададга муҳтожлигига кўпроқ
урғу бердим. Га-зета ва журналлар тузаётган "рационда" таъбир жоиз
бўлса бундай "таом"ларга эҳтиёж катта эди. Шунинг учун бирин-кетин
эълон қилишга киришишди.
Ўшанда деворий газетага менга ҳазил қилишгани
ёдимда. Расмимни беўхшов чизиб, менинг номимдан: "Табиат битмас-туганмас
завқ, илҳом ва ...гонорар манбаи" деб ёзишганди.
Ўзингиз тасаввур қилинг, агар ҳавода
кислород бўлмаса, одам икки-уч дақиқада нобуд бўлади. Аммо табиат бунга йўл қўймайди.
Биз ҳавони зўр бериб ифлослантиришимизга қарамай, табиат уни тозалайди ва
ўпкамиз учун керагича тоза ҳаво етказиб беради.
Дарёлар бўлмаса-чи, қуёш бўлмаса-чи?
Йўқ, улар бўлишади! Она табиатнинг боқий
қонунларига бўйсуниб, тирик мавжудодга хизмат қилишаверади!
Бугун табиатни севишнинг ўзи оз. Зотан
у бизнинг табиатпараслиги-мизга заррача муҳтож эмас! Лекин уни муҳофаза қилиш ҳаммамизнинг
инсоний бурчимиздир. Бу борада журналист потенциал қудратга эга эканлигини
унутмаслиги лозим.
Мен табиат ва уни муҳофаза қилиш тўғрисида
матбуотда ёзган мақолаларимни Ж.Дорс, Р.Персон, В. Песков асарларига таққослайдиган
бўлсам, ҳижолат тортиб кетаман. Табиат ҳақидаги билимим ва маҳоратим
етишмаганидан надомат чекаман!
Ниҳоят энтомология кафедрасининг
доценти Н.Козимирский мени илмий ишга таклиф этди. Газетадан кетмаган ҳолда фан
билан ҳам шу-ғуллана бошладим. Мавзу - ғалла қандаласига қарши биологик
курашиш-да унинг антенаси (мўйлови) ҳусусиятларини ўрганиш ва ишга солишга бағишланган
эди.
Бу жуда тор эмасми? Миттигина ҳашаротнинг
кўзга аранг кўринадиган мўйловида ҳам жумбоқлар бор эканми, деб сўрашингиз
мумкин. Жуда қисқа муддатда қандала мўйловида ўнлаб докторлик диссертациялари
ўз кашфиётчиларини кутиб ётганига ишонч ҳосил қилдим. Қандала ва аксарият ҳашаротлар
мўйлови билан "ҳидлайди", "кўради", "эшитади".
Мўйловдаги жонстон органи деб аталадиган қисм ультратовушлар чиқариб, шу восита
билан жонивор ўз жуфтини топиб олади.
Бу мавзуда адабиётлар жуда оз эди.
Борлари ҳам инглизчадан таржима қилинмаганди. Шунга қарамай, иштиёқ билан иш
бошладим: чўнтагим, столим тормасидаги пробиркаларга нуқул қандала солиб
юрадиган, унинг мўйловини турли узунликда кесиб, ҳашарот ҳолатини кузатадиган
бўлдим.
Сарҳадсиз уммон эди буларнинг бари!
Аммо ишни охирига етказиб бўлмади:
домла Москвада докторлик диссертациясини ёқлаётган пайтда инфаркдан жон берди.
Кейин бошқа раҳбар тополмадим.
БЕШИНЧИ БОБ
"ШОИРЛАР ПАЛАТАСИ".
Адабиётда "сакраб кетиш"
деган ибора бор. Одатда тажрибали ёзувчилар бундай йўл тутишмайди. Уларнинг
асарлари бошдан оёқ қуйма бўлади. Тан олиш керакки, менда бундай қусур
анчагина.
"Сакраб кетиш" масаласида
китобхонларнинг ҳам кўпчилигини оқлаб бўлмайди. Баъзан саҳифалар, бобларни
ташлаб кетадиган одатларимиз йўқ эмас. Буни "чўқилаб ўқиш" дейишади.
Айб ёзувчидами, ўқувчидами, - буни билмайман, аммо мен яна андак орқага сакраб,
сизни бир шикоят тарихи билан таништирмоқчиман.
"Мен, деб ёзган эди шикоят эгаси,
катта ноҳақликка дуч келдим: бошлиқлар
устидан ёзганим учун руҳий касаликлар шифохонасига ётқи-зишди. Милициядагилар,
докторлар билан тил бириктириб, шу қа-биҳликка қўл ўрдилар безбетлар!
Ҳурматли редакция! Бирор муҳбир келиб,
мен билан гаплашишини илтимос қиламан!"
Ҳатга илова қилиб, у шеърларини ҳам
юборганди. Мактуби сингари шеърлари ҳам равон эди, уни савдойи одам ёзганига
ишониб бўлмасди. Машқларини адабиёт бўлимининг мудирига кўрсатган эдим, у ҳам
фик-римга қўшилди.
- Газетага берса бўладими, - сўрадим.
- Йўқ, бўлмайди, - деди у анча кескин,
аммо сабабларини айтмади.
Бош врач мени анча совуқ қарши олди. Мақсад-муддаомни
айтганимдан кейин ҳам ҳолати ўзгармади. Бу эса унинг менга ўхшаш анча-мунча муҳбирлар
билан мулоқотда бўлганидан далолат берарди. Ниҳоят у гапимни лабимдан юлиб
олиб, навбатчи врачни чақирди ва дуппа-дурустдан буюрди.
- Бу муҳбир укамни "шоирлар
палатаси"га олиб бориб, "ёзувчи" билан таништиринг! Кўрсинлар,
гаплашсинлар. Касаллик тарихини ҳам кўрса-тиб, тушунтириб беринг.
"Шоирлар палатаси",
"ёзувчи". Бу иборалар менга дафъатан қаттиқ ботди. Чунки ўзим ҳам бир
неча йил шеър машқ қилганман. Бир танқидчи шеъримни ўқиб, унда поэтикликдан
кўра сюжетлилик ошиб кетганини, назмдан кўра насрга мойиллигини ўқтирганди.
"Бу тийран кўзлар" деб аталган мазкур шеърда лирик қаҳрамон кўзи ожиз
бўлиб туғилганини айтиб, кунлардан бирида доктор, бирор кимса қорачиғини берса,
олиб ўтказиши мумкинлигини маълум қилади. Ҳеч ким бунга рози бўлмайди, Аммо
лирик қаҳрамоннинг онаси иккала кўзини ҳам инъом этади.
Бош врач авзойим ўзгарганини сезиб,
ноиложликдан ҳалиги врачни койиган бўлди.
- Бундан кейин ўн учинчи палатани
"шоирлар палатаси", демайлик. Ҳалиги беморни ҳам ўз номи билан айтиш
керак. Тоштемирмиди, ни-майди оти.
У врачдан тасдиқ жавобини олгач, менга
ўгирилди.
- Мабодо аччиғингиз келмасин: шу ҳафтанинг
ичи уч киши текши-ришга келди. Бу Тоштемирвой ҳам дуч келган жойга
ёзавераркан...
Менга ҳамроҳ бўлган врач йўл-йўлакай
Тоштемирнинг касалиги ҳа-қида гапирди. Бу асаб касаллигининг махсус тури бўлиб,
куз ва баҳорда, шунингдек, асаб бузилганда авж оларкан.
- Раҳбарлар устидан ёзгани ростми?
- Ростдир. Бизнинг ҳам устимиздан
ёзди-ку.
"Шоирлар палатаси". У
кечагидек кўз ўнгимда турибди. Коридор деворларига қўлга тушган бўр, кўмир
парчаси билан "шеър" битиб ташланганди. Кимлардир ўзича берилиб
монолог ўқирди. Коридор ўртасида чойшаб тўшаб олган художўй бир бемор берилиб,
намоз қироат қиларди.
Тоштемир ўттиз ёшлардаги озғин киши
бўлиб, саранжом-саришталиги билан ажралиб тураркан. Газетадан келганимни
эшитиб, қувонди, миннатдорчилик билдирди. Унда девона ёки телбаларга хос
бирорта аломат кўзга ташланмасди; Тоштемир жоҳил одамлар ҳақида дилгиргина
шикоят бошлаганда ҳам кўзларида босиқ дард кўрдим.
- Бу ер ноқулай, - дедим унга, - юринг,
санитарлар хонасига кирай-лик, баҳузур гаплашиб оламиз.
Ногаҳонда унинг кўзларида олазараклик
пайдо бўлди: менга, врачга нохуш назар ташлади.
- Бормайман! Биламан мақсадларингни, -
деди у кескин, лекин шикаста оҳангда - сизлар билан гаплашишни истамайман!
Ҳақиқатдан ҳам у биз билан гаплашмай қўйди.
Унинг ўрнига ёшгина йигит келиб, паст овозда шипшиди.
- Уни қўйинглар! У - жинни! Ёмон
одамлар кўп. Улар бу ерни жиннихона дейишади. Нотўғри гап! Бу ер - руҳий
касалхона. Киришда ёзиб қўйибди. Ўқидингизми? Ака!
- Ўқидим, - маъқуллаб бош тебратдим.
- Биз руҳлар билан гаплашамиз. Улар ҳамма
гапни бизга айтишади, ака!
Врач уни койиб берди. Бечора бир лаҳза
жим турди-ю, тағин давом этди.
- Менда уйқу йўқ, ака! Кечаси билан
юриб чиқаман! Хотиним ўзини осиб қўйди. Тўйимизга бир ҳафта бўлганди... Ака...
Тоштемир эса барибир гапирмади.
Мен ҳужжатларга ҳам унча ишонқирамай, бояқишнинг қишлоғига ҳам бордим: унинг қавмлари
минг надомат билан ана шу бедаво дардга чалиниб қолганини гапириб беришди.
Шифохонада бўлганимда медицинамизнинг
анчайин ожизлигидан ачиндим ҳам. Бу беморларнинг талайи йиллар оша шифо
топмаётган экан. Инсоният ақлли механизмлар, компьютерлар, сунъий йўлдошлар
кашф этаётган бир дамда, сочдай келадиган нерв толаларини тиклаёлма-ётганлиги
ачинарли ҳол эди, албатта!
ОЛТИНЧИ БОБ
ТЎРТИНЧИ САҲИФА
Эндиликда оммавий-ахборот воситалари оз
эмас. Телевидение, радио, интернет дунё воқеаларини рўзномалардан анча барвақт
маълум қилади. Қўлимизда пульт, ихтиёримизда бир неча каналлар бор. Лекин шунга
қа-рамай, ер юзининг ҳамма қитъаларида маданиятли кишилар ўз тонгларини газета
билан бошлайдилар. У худди эрталабки нонуштадай зарурат!
Сиз тонгда дўкондан газета харид қилган
кишиларга бир лаҳза эътибор беринг-а. Улар газетани шоша-пиша варақлайдилару,
тўртинчи бетдан бошлаб ўқишга киришадилар.
Охирги саҳифада афсона ёки ҳақиқатлигини
аниқлаб бўлмайдиган олди-қочди гаплар, латифалар зарур ахборотлардан ташқари
бандачиликни бажо келтирганлар (балки танишлари бордир) ажал тугмачасига бармоғини
босмоқчи бўлаётган урушқоқлардан огоҳ бўласиз.
Сўнги саҳифа - инсониятни мудҳиш ҳатолардан
огоҳлантириб тура-диган "Қизил китоб"!
Тўртинчи саҳифа журналистларнинг ҳам хатосини
яширмайди, аксинча ошкор этади. Ана шу саҳифанинг бир бурчагидан жой оладиган
"Тузатиш" жамоани минглаб кишилар олдида хижолатга қўяди, аниқроғи қўярди.
Ҳозир газеталаримизда
"тузатиш" йўқ! ТВ, радио ҳам хатолар учун узр сўрашганини
эслолмайман! Ваҳоланки, таомил бўйича, хато учун кечирим сўраш шарт!
Ўша йили газетамизнинг тўртинчи саҳифасида
эълон қилинган бир "Тузатиш" ҳақида гапирмоқчиман.
"Газетамизнинг кечаги сонида эълон
қилинган "Яхши ташаббус" сарлавҳали мақоланинг иккинчи абзаци:
"Бу яхши ташаббус қўшниларни ҳам жалб этди" деб ўқилсин.
Мазкур хатога йўл қўйгани учун
навбатчига нисбатан жиддий чора кўрилди.
Навбатчи эса мен эдим. Чунки мазкур
жумладаги "жалб" сўзида "л" билан "б" орасига
"а" кириб, бешармроқ маъно чиқиб қолганди. Текши-риш пайтида, бу хато
аслида машинисткадан ўтганлиги аниқланди, лекин адабий ходим ҳам, бўлим мудири ҳам,
қўйингки, муҳаррир ҳам уни илға-май қолишганди.
Шунда мен энг, аввало, негадир
Регистондаги газетпуруш чолдан уя-либ юрдим. Ўн кунгача ундан газета ҳам харид қилмадим.
Шов-шувлар босилиб, унга юзма-юз бўлишим билан таъна қилди.
- Кўп ҳато қилаяпсизлар! Мана бу нима дегани?
Тўртинчи саҳифада катта-катта ҳарфлар
билан "ОНИК, ОНИК, ОНИК", деб ёзилганди. Мен ҳеч нарса тушунмадим. Таҳририятга
келсам, туни билан ухламай навбатчилик қилган ҳамкасбим ҳасрат қила кетди.
- Қаранг, босмахона айби билан
"Кино"нинг клешчаси тескари бўлиб кетибди.
Барибир, навбатчини жазолашди.
Журналистлик - ғалати касб. Фараз қилайлик,
сиз муҳим муаммони кўтариб чиқасиз, уни минглаб кишилар ўқиб, сизга таҳсин
айтишади. Мабодо сиз хатога йўл қўйгудай бўлсангиз, буни ҳам улардан яшириб
бўлмайди.
Русларда: «Убить нельза, помиловать»
деган ибора бор. Ана шу жумладаги вергулни «убит»дан сўнг қўйиб кўринг-а, қанақа
маъно чиқади. Биргина вергул инсон тақдирини ўзгартириб юборади.
Ҳушёрликни зинҳор қўлдан бермаслик
керак. Биз мафкура қули эдик, бугунги журналист қонун қули бўлишга мажбурдир!
Даққоқ статистика газетачиларнинг бошқа
касб соҳибларидан қисқароқ умр кўришларини кўрсатади. Эктремал ҳолат, деб
аталадиган яъни қирғинлар, табиий офатлар содир бўлган жойдан, одатда, болалар,
кексалар, беморларни олиб қочиш ташвишида бўладилар. Мухбир эса касбу кор тақозоси
билан камераси ёки блокнотини кўтариб, ўша ажал комига қараб югуради ва кўп ҳолларда
Азроилга чап беролмай қолади.
Сўнгги йилларда журналистларни гаровга
олиш ҳоллари ҳам кўпаймоқда. Лекин шуларга қарамай, мухбирлар муқаддас
касбларидан воз кечмаябдилар! Бунинг
устига мухбирларни ёқтирмайдиган кишилар ҳам оз эмас. Фақат турфа тоифадаги
амалдорлар ёки нопок безбетларнигина назарда тутаётганим йўқ. Мухбир дегани - қанақа
мафкура ноғора чолса, ўша оҳангда йўрғалашга мажбур бўлади. Ваҳоланки, мазкур
ноғора ҳеч қачон ҳаммабоп бўлолмайди. Ҳаёт шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай
ўткинчи (бу дунёда нима ўткинчи эмас) мафкуранинг ҳам қули бўлиб қолавермаслик
керак экан. Биз нуқул чучмал шукрона ва ҳамду-санога эрк бермай, қониқмаган, норози одамларнинг ҳам
дилларига қўл солабилишимиз зарур. Аслида, ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг
локомотивлари ана шу қониқмаган
одамлардир. Фақат ўшалар кураш учун куч топаоладилар.
Хўжа Аҳрори Вали ҳазратлари "Бизга
бошқа масъулият - одамларни золимлар зулмидан қутқариш масъулияти
юкланган" деган эканлар ҳидояткорона.
Бу аҳли қалам учун боқий шиор эмасми?!
Бу мустақил Ўзбекистон
конституциясининг талаби эмасми?!
Бугуннинг золими эса одамларни дарра
билан урмайди, банди зиндон қилмайди, аммо тиржайиб туриб, унинг ҳуқуқларини оёғости
қилади.
Мақтанишга йўйманг-у, саксонинчи
йилларга (ХХ аср) келиб матбуотимизда ошкоралик, демократия жумраклари етарлича
очилди. Қанақа қалтис муаммоларни дадиллик ила кўтариб чиқмадик биз. Аммо ҳозир
ундай эмас. Айниқса, Россия ОАВ идан боҳабар киши газета, журналларимиз ва – ТВ
анчайин чучмал, жун ва ҳароблигига ишонч ҳосил қилади. Бу ҳолни парламентда ҳам
тан олишди, Президентимиз ҳам танқид қилди. Муҳаррирлар эса бор айбни журналистларнинг
журъатсизлиги, савиясига тўнкамоқда. Менинг назаримда, асосий айб муҳаррирларнинг
ўз курсисидан ҳавотир тортишидадир. Шахсан ўзим талай мақолаларимни айнан муҳаррирлардан
ўтказолмай ҳалак бўлиб юрибман.
Кечирасиз, чалғиб кетдим,
Барибир, журналист бўлиш - яхши!
Журналистлик билан
ёзувчиликни уйғунлаштирган кишилар эса яна ҳам бахтлироқ кишилардирлар.
ЕТТИНЧИ БОБ
"ЎЗЛАРИНИНГ
ТОПШИРИҚЛАРИ БИЛАН"
Журналист нохуш ва ғуссали воқеалар
билан бирга кўплаб латифанамо, чўпчакнамо ҳодисаларга ҳам дуч келади, ғалати
фелдаги кишилар билан ишлайди ёки мулоқотда бўлади. Аммо ана шундай ҳодисалар
ёки образлар унинг мия тўқималарида синтезланмас экан, у ҳақиқий ижодкор эмас,
даққоқ ижрочи бўлиб қолаверади.
Матбуотга эса даққоқ мардикорлар эмас ҳақиқий
ҳўжайинлар керак!
Рус олими Климент Тимирязев фотосинтез ҳодисасини
кашф этмагунча, биз ўсимлик баргининг оламшумул хизматидан бехабар эдик. Шу
оддийгина барг қуёш нурини олиб, уни синтезлар ва ғайриорганик моддани органик
моддага, яъни бебаҳо неъматга айлантираркан. Мева нимаси биландир қуёшга ўхшаб
кетиши бежиз эмас.
Ҳаёт ҳодисалари, одамлар биз учун қуёш
нуридай гап, уни қайта ишлаб, маънавий неъматга айлантирмас эканмиз, бу
бўстонда бир япроқча-лик ҳам хизмат қилолмаган бўламиз.
Ана шу узундан-узоқ муқаддимадан кейин
газетанинг муҳим "винт"ларидан бири бўлмиш фотомухбирлар ҳақида сўз
юритмоқчиман. Юқоридаги бобда газетанинг тўртинчи саҳифаси хусусида анчайин
батафсил гапирганимдек, бу гал фотомухбирларни қаламга олганимдан
ажабланмаслигингизни сўрардим.
Республикамизнинг турли газеталарида
ишлаган, ишлайдиган кўплаб фотомухбирларнинг номи бизга қадрдон.
Лекин фотомухбирлар орасида савлати қуруқлар,
ҳаннотлар, қаланғи-қасанғилар ҳам йўқ эмас.
Мен иш бошлаган таҳририятда икки
фотомухбир ишларди. Ижозатингиз билан, улардан бирини Узоқжонов, иккинчисини Ғуломжонов
деб таништираман. Уларни, аслида бу ерга келишдан анча илгари танирдим, аммо иш
бошлаганимга бир неча ҳафта ўтгунча улар мени илғашмади, аниқроғи қизиқишмади.
Ҳар иккала фотомухбир ҳам эрталаб
бирров ишхонага кирар, раҳ-барлардан топшириқ олиб, жиддий қиёфада ишга жўнаб
кетишарди. Ик-каласининг ҳам шахсий автомашинаси бор эди. Масъул котиб, бўлиб
му-дирлари улардан пул қарз сўраб туришарди.
Узоқжонов билан Ғуломжонов ҳар эрталаб
ўпишиб кўришар, кийимларидаги чангни қоққан, тугмаларини тузатган бўлар, лекин
бир-бирини ҳад-ҳудудсиз адоват билан ёмон кўрар, ҳар лаҳзада панд бериш пайида
бўларди.
Бир куни Узоқжонов шошилинч хонамизга
кириб келди.
- Нусратов сиз бўласизми? - мурожат қилди
менга.
- Йўқ, мен Раҳматовман, - тузатдим
унинг хатосини.
- Ҳа, майли, фарқи йўқ, сиз билан Иштихонга борар эканмиз:
фоторепортаж керак эмиш.
Мен савол назари билан бўлим мудирига қарадим.
- Боринг, - деди у хайрихох, оҳангда, -
эрталаб катталар билан шунга келишгандик.
Кекса журналист Бобоқул ака Имомов
менга янги блокнот тутқазар экан, беихтиёр қўшиб қўйди.
- Узоқжонов яхши одам, аммо мабодо, у
кишига "Москвич" машина-сини ёмонлаб қўйманг.
Пастга тушсам, шеригим кабинада мени
кутиб ўтирган экан. Орқа ўриндиққа ўтирмоқчи бўлгандим, ён эшикни очди.
Жойлашиб олишим билан зардалигина насиҳат қилган бўлди.
- Агар шофёр ёлғиз бўлса, ёнида ўтириш
керак, орқада ялпайиб ётиш амалдорларга ярашади.
Тезда бу одам кўчада ўзига хос ҳоким
эканлигига ишонч ҳосил қилдим: у йўл белгилари, светофор чироқларини писанд қилмасди.
Шунга қарамай ДАН ходимлари унга хайрихох, қўл силкиб қолаверардилар.
- Мотори яхши тортаркан, - дедим, у
тезликни оширгач, Бобоқул аканинг гапи ёдимга тушиб.
- Буни "Волга"га
алиштирмайман, - деди у мақтовимдан қувониб. - "Волга" нима у?!
Гап шундаки, унинг шериги Ғуломжонов яқинда
"Волга" харид қил-ганди, "Москвич"ни камситишга мойил бўлиб
қолганди.
- Мен файтун ҳам ҳайдадим,
немисларнинг, инглизларнинг ҳам маши-насини миндим. Лекин "Москвич"
...
Кўп ўтмай, унинг равон, мағрур
фалсафаси ўзгариб, негадир аллақандай надомат, ўкиниш оҳангига урғу бера
бошлади.
- Ўша кетишда кетганимда, ҳозир камида
министр бўлардим. Аммо савод чатоқ, савод. Ўқийолмай қолдик...
Узоқжоновнинг саводи ҳаминқадарлигини,
бадхатлигини билардим. Унинг фотосуратлар орқасидаги ёзувлари кўпинча, бир қайнови
ичида гапга айланиб қолар, турфа латифаларга сабаб бўларди. У, масалан вете-ран
билан ветеринарнинг, ҳинду билан индеецнинг фарқига бормасди. Чўчқачилик бўйича
ихтисослаштирилган хўжаликдан олинган суратга: "Чўчқалар совхозида иш қизғин
бўлиб, улар тез семирмоқда", деб ёзилганди. Суратда эса совхоз раҳбарларининг
(уларнинг аксарияти семиз эди) мажлис
ўтказаётган пайти акс эттирилганди. Яна бир суратнинг ортига: Машхур артист
....ев деҳқонлар орасига чиқиб, "Сен ҳам гадо, мен ҳам гадо" деган
ашулани ижро этмоқда, деб ёзилганди. Суратга синчиклаб қараган киши эса,
артистнинг қаншарига қистирилган пулни кўриши мумкин эди.
Суратлар нуқул бир хил қолипда олинар
эди. Тракторчими, сувчими, молбоқарми, албатта, галстук таққан бўларди,
тракторчи ҳар гал ўнг қўли билан рулни ушлаганча, чап қўлини соябон қилиб
турар, сувчи эса тескари - чап елкасига кетмонни қўйиб, ўнг қўлини соябон қиларди. Молбоқар
масаласида эса Узоқжонов анчайин ижодий ёндашарди: у моллар орасида ўтириб,
албатта, китоб ўқиётган бўларди.
Ишга келган кунларим эди. Шаҳримизга шахмат
бўйича мамлакат чемпиони келди-ю, кечқурун сеанс берадиган, бу янгиликни
газетада ёритадиган бўлдик. Аммо, эртаси Узоқжонов олиб келгин суратни кўриб, ҳафсаламиз
пир бўлди. Шаҳримизнинг қўли баланд шахматчилари давра бўлиб ўтирар, аммо
ўртада юриб, сеанс бераётган чемпион
кўринмасди.
- Чемпион қани? - тутақиб сўради масъул
котиб.
- Ана шуларнинг ҳар бири чемпион, -
деди у ҳам овозини баландроқ кўтариб, тирноқ орасидан кир изламанг!
Бахсу-мунозарага чек қўйиш, масалага
аниқлик киритиш учун гапга масъул котиб ўринбосари аралашди.
- Йўқ сурат олаётганингизда ўртада
чемпион бормиди, - сўради ётиғи билан.
- Ҳа, биттаси юрган экан, "Выходи
не мешай!" - дедим, чиқиб турди.
- Бизга худди ана шу чиқиб турган
кишининг сурати керак эди-ку,- деди котиб ўринбосари, афсусланганнамо бўлиб ва
баҳсга якун ясади.
Биз автостанцияга яқинлашиб қолдик.
- Нусратов, сизга яна бир насиҳат, -
деди Узоқжонов, - одамларга фақат яхшилик қилинг! Чумолига ҳам озор берманг!
Одамлар тўпланиб турган жойда у
машинасига тормоз берди.
- Иштихонгача уч киши, - деди бизни
ўраб олиб саволга тутаётган кишиларга.
Бизнинг бояги эмин-эркин суҳбатимиз барҳам
топди: бегона одам-лар... Кўп юрмай Узоқжонов рулни ёқилғи қуйиш шаҳобчасига
бурди ва бу ерда навбатда турган машиналарни четлаб, олдинга ўтиб олди. Аввал
шофёрлар, сўнг бензин улашаётган армани йигит уни тартибга ча-қиришди.
- Бу ерда хўжайин ким, - сўради Узоқжонов
ўша хотиржамлик ва улуғворлик билан.
- Мен, - ўзини таништирди бензин
улашаётган киши.
Узоқжонов уни имлаб чақирди ва қулоғига
алланима деди. Ҳалигининг авзойи ўзгарди, бошқа шофёрларни койиб берган бўлиб,
машинамизга бензин қуйди.
Нима дедийкин унинг қулоғига? Бу савол
мени дафъатан қизиқтириб қолганди. Назаримда у жуда сеҳрли сўздай эди.
Иштихонда йўловчилар ўриндиққа пул
ташлаб, ҳар томонга тарқалиб кетдилар. Мен Узоқжоновдан илтимос қилдим.
- Ҳалиги арманининг қулоғига....
- Бу - сир, - сўзимни кесди у.
- Илтимос.
- Мумкин эмас!
Туман сардорининг қабулхонасида одам
кўп эди. Аслида биз унга кирмасак ҳам бўларди: қишлоқ хўжалик бошқармасими,
бирорта бўлим-гами, учрашсак кўмаклашишарди, аммо Узоқжоновнинг хоҳишига қарши
бориб бўлмади.
- Ичкарида ким бор? - сўради у эшикни
тўсиб турган дарбондан.
- Прокурор кириб кетди.
Узоқжонов бир лаҳза иккиланиб турди-ю,
унинг ҳам қулоғига ҳалиги сеҳрли гапни айтиб юборди: дарбоннинг чеҳраси ёришди
ва дарҳол эшикни очиб берди.
Биринчи котиб Узоқжонов билан қуюқ
кўришди, бола-чақаларнинг саломатлигини суриштириб, чой узатди, прокурорга бир
оздан кейин ки-ришни тайинлади.
- Бу - бизни шогирд - Нусратов, -деди
шеригим алламаҳалдан кейин мен томон имлаб ва мақсадга ўтди. - Энди икковлашиб
Иштихоннинг об-рўйини кўтармоқчимиз. Бошқа районга борасиз, дейишганди -
кўнмадим. Иштихонга борамиз, дедим. Чунки сизларда иш зўрлигини биламан!
Улар икковлашиб, негадир вилоят
сардорини мақташди.
Биз учта хўжаликка борадиган бўлдик.
Аммо нафсиламбирини айтганда, у ерларда
бизни кутиб олиш, меҳ-мондорчилик Узоқжонов кутгандай бўлмади. Биринчи
хўжаликда раҳбар-лардан бирортасини тополмадик. Узоқжонов қоровулни роса койиб
берди, сурат ҳам олмай, қўшни колхозга ўтдик. Иккинчисида бош ҳисобчини кўриб, қувондик,
Лекин жуда латтачайнар, нобарор мижғов киши бўлиб чиқди. Шеригим унга таҳқирона
назар солиб чиқди-ю, қўл силтаб қўяқолди. Учинчисида омадимиз анча юришди.
Боришимизни юқоридан айтишган экан, шекилли, раис стол тузаб, бизни кутиб
ўтирган экан. У яқинда сайланганини айтиб, узр сўраган бўлди, сўнг йиғим-теримга
тайёргарлик кўрилаётганини батафсил ҳикоя қила кетди.
- Майли, - унинг сўзини кесди Узоқжонов,
- чой-пой ичиб олайлик, кейин ўз кўзимиз билан кўрамиз.
Чойдан кейин раис бизни машина-трактор
паркига олиб борди. Узоқжонов пахта терим машиналарининг барабанлари,
шпинделларини кўздан кечирган, айримларини силкитиб кўрган бўлди. Раис мақтаган
механиза-торга саволлар берди, сўнг сумкасидан галстук чиқариб, унга узатди.
- Буни боғлаб олинг-у, ўнг қўлингиз
билан рулни ушлаб, чап қўлингизни соябон қилиб туринг!
Идорага қайтгач, Узоқжонов колхознинг
"Ҳурмат тахтаси"га қараб, надомат билан бош силкиди, амалдорларга хос
оҳангда танбеҳ берди.
- "Ҳурмат тахтаси"ни хор қилибсизлар.
Дарҳақиқат, у бўялмагани устига
суратлари ҳам йўқ эди. Раис ҳали бу масалаларга бош қотирмагани кўриниб
турарди. У савол назари билан ўринбосарига ўгирилди.
- Бунинг суратлари қани?
- Ёмғирда ивиб кетган эди, олиб қўйдик.
Янгилаймиз, десак ревизор пул ўтказишга рухсат бермай турибди.
- Ёнингиздан тўланг! - деди раис буйруқ
оҳангида.
Орага сукунат чўкди. Уни Узоқжонов
бузди.
- Майли, мен бир яхшилик қилиб,
шогирдимни юбораман, айтганларингдай қилиб, сурат олиб беради.
- Илтимос, ўзингиз келинг, - илтижо оҳангида
сўради раис, шогирд, - энди шогирд-да!
Узоқжонов индамади. Сукут - аломати
ризо, деганлари шу бўлса ажаб эмас!
Шеригим табиатан хушчақчақ одам
эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. У йўл-йўлакай бир талай латифалар айтди, ўз
саргузаштларини ҳи-коя қилди: охирида эса мени огоҳлантириб қўйди.
- Ишхонага боргандан кейин Ғуломжонов
бизни қандай кутиб олишганини сўраб қолиши мумкин. Қовун тушириб қўймайсиз-а?!
Унинг муддаосини илғаб олдим.
- Агар, ҳалиги қулоққа айтиладиган
гапни билсак...
У барибир рози бўлмади.
Дарҳақиқат, эртаси Ғуломжонов мени
чеккага тортиб, сафаримиз тафсилоти, аниқроғи, Узоқжоновга кўрсатилган илтифот
билан қизиқди. Мен гапни нимадан бошлашни билмай, дудуқланиб турганимда, Узоқжо-новнинг
ўзи пайдо бўлиб қолди ва гапни илиб кетди.
- Энди шу Нусратов билан бир ерга
бормайдиган бўлдим. Бу коняк ичмас экан. (Менга ҳеч ким коняк манзират қилмаганди)
Совға узатишса ҳам.... шунақа. (Ёпирай!) Каттани ўзи олиб чиқди. У киши билан
курорт-да бирга бўлгандик. Ай, ўзи ҳам. Биринчи колхознинг раиси оёғимиз
ос-тига қўй сўйди, ундан қўшнисига ўтгандик, раис талмовсираб қолди. Бу ҳам оёғимиз
остига қўй сўйди. Шимимга қон сачраб кетди. Мана. (Дарҳа-қиқат унинг шимида доғ
бор эди) Ёлғон бўлса, Нусратов айтсин. Кейин...
Ғуломжонов киноя билан унинг сўзини
илиб кетди.
- Бунинг раиси қўй тополмай,
ўринбосарини сўймадими.
У мўлжални аниқ олганди. Узоқжонов қаҳрга
минди: улар гапга бо-риб қолишди.
Иккала фотомухбирнинг адоватлари
кейинчалик ҳам сўниб кетмади, баръакс,
оловнаверди. Атрофларига айрим ходимларни оғдириб ола бошладилар улар. Ишхонада
кўзга кўринмас гуруҳлар пайдо бўла бошлади, юқори ташкилотларга устма-уст юмалоқ
хатлар тушди.
Ниҳоят, муҳаррирни янгилашди. Янги
бошлиқ таҳририятга бир фотомухбир кифоя, деган хулосага келди ва биз Узоқжоновни
"кўтариб юбордик". Кузатиш маросимидан кейин кайфи ошиб қолган Узоқжоновни
уйига олиб бориб, илтимос қилдим.
- Ўша гапни айтинг!
У андак хушёр тортди. Бир лаҳза ўйланиб
қолди.
- Ай, майли, Нусратов, сиз ўзимизники
экансиз, лекин ҳеч кимга...
Маст бўлганда ҳам...
У тағин сукут сақлади. Фикридан қайтиб қолишдан
чўчиб, илтимос қилишда давом этдим.
- Бу гапда бирор сир йўқ. Ким бўлса ҳам,
кўзига хотиржам тикиласиз-у: "Служебний! Ўзларининг топшириқлари
билан", дейсиз.
- "Ўзлари" ким, - сўрадим
шошиб.
- Бунинг аҳамияти йўқ.
Орадан бирор йил ўтгач, Самарқанд
вокзалидан билет ололмай қий-налдим, смена бошлиғига ўша гапни айтишга мажбур
бўлгандим, у дар-ҳол билет тўғрилаб берди.
Бир куни Тошкентдаги меҳмонхоналардан
жой тополмадим. "Тош-кент" меҳмонхонаси директорининг кўзига тик боқиб:
- Служебний! Ўзларининг топшириқлари
билан, - дедим.
- Ўзлари ким, - деди у синчковлик билан.
- Узоқжонов!
У Узоқжоновнинг кимлигини сўрамади,
лекин жой тўғрилаб берди. Бу каломни учинчи бор тилга олмасликка аҳд қилганман.
Мабодо, Узоқ-жонов кимлигини астойдил суриштириб қолишса, шарманда бўлиш ҳеч
гап эмас.
Узоқжоновнинг кимлигини эса ўзингиз билиб
олдингиз!
САККИЗИНЧИ БОБ
ҚОТИЛЛИКДА АЙБЛАНАДИ.
Самарқанд аэропорти атрофидаги
жойларини Боғибаланд дейишади. Бу ернинг анжири "Бобурнома"да зўр эҳтирос
билан мақталган. Ҳозир ҳам энг зўр анжир шу тупроқда етилади.
Колхозлаштириш йиллари боғибаландлик Қодирхон
деган ўқимишли киши болшевизм терроридан қочиб, чет элга йўл олади-ю, иложсиз
Термиз яқинидаги бир қишлоқда қолиб кетади. Уйланади. Айрим сабабларга кўра,
унинг ўғли болалар уйига тушиб, ўша ерда тарбияланади ва Владимир Қодиров бўлиб
қолади.
Табиатан жуда тиришқоқ, изланувчан Қодиров
тақдир тақозоси билан вилоят сардори бўлиб келди.
Бу одам иш бошлаши билан унинг фаолияти
ҳақида афсона ёки ҳа-қиқатлигини билиб бўлмайдиган шов-шувлар тарқала бошлади.
"Қодиров таксига миниб, шаҳар
айланибди, шофёр фалон пул бера-сан, дебди, Қодиров ҳам қизишмай чойчақанинг
сабаблари билан қизи-қибди. Шофёр бу пулнинг фалон сўмини бошлиғига беришини
айтибди".
"Қодиров эски шапкасини бостириб
кийиб олибди-ю, бир чолни етаклаб ижтимоий таъминот бошлиғига кирибди.
"Отамнинг пенсиясини олти ойдан бери тўғрилолмаяпман; ёрдам берсангиз, биз
ҳам...", дебди. Таъмагир бошлиқ лаққа
тушибди.
Одамлар анча-мунча ошириб, шишириб
гапирардилар, албатта. Аммо бу гапларнинг замирида ҳақиқат ҳам бўларди.
Ёдимда бир йиғилишда у физкультура ва
спорт ишлари бўйича раҳ-барни ўрнидан турғизди.
- Сизнинг касбингиз нима?
- Раҳбарлик.
- Бунақа касб бўладими! Қаерни
битиргансиз?
- Савдо институтини.
- Бу семизлик билан қандай қилиб енгил
атлетикачиларга намуна бўласиз? Ўз соҳангизга ўтиб ишланг!
Қисқа муддатда магазинлардаги ноёб
моллар пештахталарга чиқди, гўшт кўпайди, арзонлашди, ДАН ходимлари кўчада пора
олишдан чўчиб қолишди.
Газетамизда босилган бир фелъетон кўп ғалваларга
сабаб бўлгани, ниҳоят бу масала Қодировга етиб боргани ва бизнинг фойдамизга ҳал
бўлгани фикримизнинг далили бўла олади.
Турди Тоғошаров деган киши ичкиликка
берилиб, ҳеч ерда муқим ишлолмайдиган бўлиб қолади. Бекорчиликдан хотинига
кўмаклашиб юради. Хотин рўзғорни тебратиш учун хўжаликда ишлайди, жияк тўқиб
бозорга чиқаради. Эр болаларга қарайди, овқат пиширади, хотин мурувват қилиб
пул берганда, қувонади ва ичишда давом этади.
Бу машаққатли ҳаёт, ҳайтовур, аёлнинг
жонига тегадими ёки эрини тўғри йўлга солмоқчи бўладими, бу гал пул сўраганда,
рад этади. Аёлининг ҳатти-ҳаракати Турдига қаттиқ ботади: хотинига икки энли
хат ёзиб, ундан рози бўлишини ўтиниб сўрайди, болаларни яхши тарбиялашни,
мабодо бошқа эрга текканда ҳам, кўз очиб кўрган бадбахт Турдини унутмаслигини
васият қилади. Қоғозга кўз ёшлари тўкилади, бояқишнинг. Кейин беланчак арғамчисини
ечиб, шифтга сиртмоқ ташлайди. Аммо оёғи остидаги курсини тепиб юборишдан олдин
бошини сиртмоққа суқиб осилиб кўрса, жуда даҳшатли. Бунинг устига шундай меҳнаткаш
хотинни, кўзни ўйнатувчи турфа ранг виноларни, шириндан-шакар фарзандларни
ташлаб кетавериш ҳам жўн иш эмас. Худди шу пайт хотинининг қадам товушлари
эшитилиб қолади: Турдивой шоша-пиша арғамчини қўлтиғи остидан ўтказиб, елкасига
чопонини ташлайди-ю, курсичани тепиб юборади. Сиртмоқ ҳиқилдоқ ўрнига унинг
кўкрак қафасини қисади. Турди осилган одамнинг ролини ҳам боплаб ижро этади;
бошини бир томонга хам қилганича, тилини чиқариб, кўзларини ярим юмиб тураверади.
Ҳаётда нималар бўлмайди дейсиз? Олам
тасодифларга тўла.
Хотин уйга кириб, даҳшатга тушади.
Ахир, нима бўлса ҳам кўз очиб кўргани, ёстиқдоши, болажонларининг дадажониси.... У дил тўла
дард билан фарёд солади ва ҳушидан кетиб йиқилади.
Аёлнинг опаси девордармиён қўшни экан.
Уч бор эрга тегиб чиққан бу аёл синглисига ҳам Турдидан ажралишни маслаҳат
бергани учун ора-ларига нифоқ тушган бўлади. Синглисининг ногаҳоний фарёдини
эшитган опа югуриб келиб, қараса, эр осилиб ётибди, хотин эса беҳуш. У саросимага
тушмайди, каловланмайди; тўрдаги сандиқдан синглисининг қимматбаҳо буюмлари,
болаларнинг янги либосларини олиб, баҳазур йулга тушади. Буларнинг барини юқоридан
кузатиб турган Турди чидаб туролмайди: аёл остонадан ҳатлайман деганда, тепадан
туриб, унинг бўйни, елкаси аралаш тепиб юборади.
Дарҳақиқат , алам қиладида: у
"ўлиб" ётса, хотини беҳуш бўлса-ю, бу манжалақи... Аёл ғайритабиий
чинқириб, йиқилади ва ўлиб қолади.
Турди бир амаллаб пастга тушади-ю,
телбаланиб, нима қилишини билмайди, уни ваҳима босади: назарида ҳозир баджаҳл
милиционерлар келиб, қўлига кишан соладигандай бўлаверади. Сирғаниб ташқарига
чи-қади ва дуч келган томонга қочади.
Эртаси Самарқанддаги мардикор бозорида
хомушгина хаёл суриб турганда, ўзи тенги тожик йигит у билан эски танишлардай
саломлашиб, - ҳол аҳвол сўрайди.
- Ток очишга тобингиз қалай, - сўрайди
у хушмуомалалик билан.
- Нима иш бўлса қилавераман, хўжайин, -
дейди у итоаткорона. "Хўжайин" уни машинасига миндириб, шаҳар
чеккасидаги ҳовлисига олиб боради. Данғиллама иморатлар, атрофи ток билан
ўралган шинам ҳовли, бу даргоҳдаги саранжом-саришталик унинг ҳавасини
келтиради. Уй бекасининг хушмуомалалиги, меҳрибонлиги, болаларнинг зукколиги
унга ёқиб тушади. Турдига эртаси ҳам, индини ҳам иш топилади. Бир ой давомида
шу рўзғорнинг яқин кишисига, аниқроғи, маданий хизматкорига айланиб қолади. Бу
орада вино ичишдан ўзини тияди, чала-чулпа бўлса ҳамки тожикчани ўрганиб олади.
Бир куни улар хўжайин билан бозорга чиқадилар.
Майда-чуйда харид қилиб орқага қайтишаётганда, девордаги эълон кўпчилик қатори
уларнинг ҳам диққатини тортади.
"Диққат! Милиция ўта хавфли
жиноятчи Тоғошаров Турдини излайди. Ёши 28 да, бўйи 173 сантиметр. Бурни чўзинчоқ,
гапирганда "хўжайин" деб мурожаат қилади. Тоғошаров Т. қотилликда
айбланади. Уни кўрган-лар зудлик билан милицияга ҳабар беришлари зарур!"
Турди бу даҳшатли айбномани ўқиб ва
ўзининг беўхшов суратини кўриб, ваҳимага тушади, қўрққанидан тиззалари букилиб
кетаверади. "Хўжайин" бундай бўлишини кутмаган бўлса ҳамки, сир бой
бермайди.
- Мен энди сизникига бормайман, - дейди
ниҳоят Турди дилгиргина, - яхшиси - мени
милицияга топширинг, хўжайин.
- Милицияга ўзингиз борганингиз маъқул,
- дейди у анча сукунатдан кейин, шундай қилсангиз, гуноҳингиз енгиллашиши
мумкин.
У эртаси участка милиционерининг
эшигини оҳиста тақиллатади.
Турдивойни зудлик билан ҳибсга
оладилар.
Фелъетон автори кекса ва тажрибали
журналист Ғайнанов газетачилик фаолиятини анча илгари бошлаган эди. У газета
жанрларидан фақат фелъетонни, винолардан эса "Чашма"ни тан оларди.
Озгина ичиб олмаса бармоқлари, лаблари беўхшов ва нохуш қалтираверарди. Орифий
у билан учрашганда, аллақандай ўкинч, дард билан: "Салом, менинг келажагим",
деб ҳазиллашар, чол эса ёш журналистлардан норозилигини яширмасди.
- Баринг қўрқоқ! Фелъетон
ёзолмайсизлар! Сизлардай пайтимда...
Ҳа, у кексалигида ҳам бизнинг
кўпчилигимиздан серғайрат, пухта, ростгўй, курашчан эди. Танқидий мақолалар
устида ҳафталаб, ойлаб иш-лар, гоҳида терговчилардан кўра кўпроқ ҳужжат
тўпларди. Лекин михлаб қўйишига қарамасдан, ҳар гал унинг чиқишлари жанжаллар,
нохушлик-ларга сабаб бўларди. Ғайнанов эса бундан ўксимас, яна ва яна
ёзаверарди. Адолатсиз томони шундаки, уни қонун ҳимоячилари - маъмурий
орган-ларнинг ходимлари ҳам, қонунни оёқости қилувчи қаланғи-қасанғилар ҳам
ёмон кўришарди.
Турди Тоғошаровни ҳимоя қилиб ёзган мақоласига
у кинояли қилиб: "Қотилликда айбланади", деган сарлавҳа қўйганди ва
тергов органларидаги кўпгина кишиларни саводсиз, худбин, бағритошга чиқарганди.
Айблаш варақасини бор ғализликлари, орфографик хатолари билан газетага олиб чиққанди
у.
"Айбланувчи Тагашаров Турди 1938
йилда Ургут районида туғилган миллати ўзбек муқаддам судланмаган.
12 март кеч соат 20.00 да айбланувчи
Тагашаров Турди ўз шахсий уйида жабрланувчи гражданка Мурадовани бўйнига қасддан
этик (тупой предмет) билан урган. Жабрланувчи гражданка Мурадова оғир жараҳат
олган ва соат 21.00 да ўлим содир бўлган ва айбдор Тагашаров Турди Ўзбекистон
ЖКсининг..."
Хуллас, Турдига қўйилган айбномаларга
кўра, у ўн йилдан кўпроқ муддатга қамалиш керак эди. Фелъетон эса батамом
оптимистик руҳда ёзилганди: Турди ўз мулкини ҳимоя қилганлиги, бундай тоифадаги
ёшлар-ни ҳадеб жазоламай, тарбиялаш йўлидан боришимиз зарурлиги қайд этилганди.
Прокурор, юстиция мухбирни, қолаверса
газетани айблашга ўтиб олдилар. Биз ҳам ҳақлигимизни исботлаш учун юқори
ташкилотларга тушунтириш хати, маълумотнома ёзавердик. Шу алпозда
сури-ша-суриша Владимир Қодировнинг кабинетига кириб қолдик.
Қодиров хужжатлар билан танишаётган
экан, биз билан енгилгина бош силкиб саломлашди-ю, ўқишда давом этди. Ҳадемай,
маъмурий ор-ганларнинг казо-казолари ҳам кириб, қаршимиздан жой эгаллади. Ҳар
ик-кала томонларнинг ҳам асаблари таранг, бир-биридан ғолиб келиши иста-ги беқиёс
эди. Бир неча ҳафталаб давом этган нохуш кураш ҳозир, мана шу ернинг ўзида
томонлардан бирининг фойдасига ҳал бўлиши керак эди. Уччала раунд давомида
бир-бирини аёвсиз дўппослаган боксчиларни кўз олдингизга келтириб кўринг-а!
Охирида судья ҳали нафасини ростлаб олишга улгурмаган рақибларни ўртага олиб чиқади.
Улардан бирининг қўли юқорига кўтарилиши керак.
Биз ҳозир ҳакамнинг икки томонида
турган, батамом ҳолдан тойган боксчиларга ўхшардик.
- Хўш, - деди вилоят сардори прокурор
томон юзланиб, сиз нима дейсиз?
- Мен ҳеч нима демайман, мана
материаллар билан танишдингиз, мақолани ҳам ўқидингиз, - деди у ўзига хос
тактика, ишонч, босиқлик билан, - энди гап шундаки, биз ҳаммамиз қонунни ҳимоя қилишимиз
керак. Буни журналист дўстларимиз ҳам яхши билишади, ўзлари қонуннинг муқаддаслигини
ёзишади. Шундай бўлгач, нега энди ҳеч ерда ишламайдиган, алкаш одам катта ҳарф
билан ёзиладиган Инсонни - совет гражданини ўлдирса-ю, биз кўра била туриб, қарсак
чалсак! Билмадим, билмадим... Бу - бир. Иккинчидан, ўртоқ Ғайнановнинг тергов
ишига аралашишига, суд бўлмасдан фелъетон ёзишга нима ҳаққи бор?! Бу - ғайриқонуний!
Ўртоқ Ғайнанов ўз мақоласида барини рад этган. Қонунларимизни ҳам. Билмадим,
билмадим.
Ҳа, прокурор кўпни кўрган, бурро,
серзарда одам эди. У мана шу гапни айтиш учун бир неча кун бош қотирганлиги
кўриниб турарди. Ҳар бир ибора рад этиб бўлмайдиган асосларга эга эди.
Наҳотки, уларнинг қўлини юқорига
кўтаришса?! Бунинг устига ҳозир Ғайнановга сўз беришса, тутилиб қолиши,
прокурорнинг далилларини инкор этаолмаслиги турган гап.
Аммо Қодиров бундай йўл тутмади.
Шиддатли нигоҳларини проку-рорга қадаб, хаёлимизга келмаган далилларни қаторлаштирди.
- Биз биринчи ўринда қонунни эмас, инсонни ҳимоя
қилишимиз ке-рак! Чунки қонун инсон учун, унинг бахти учун яратилган. Тергов
туга-масдан газетага ёзиш ғайриқонуний деган гап қаердан чиқди. Ўзингизча қонун
яратманг! Журналистнинг ҳаққи бор! Унинг хуқуқи сиз билан биз-дан кам эмас! Гап
- ҳақиқат тантанасида!
У биз томон ўгирилди.
- Сизлар ҳам Тоғошаровни фариштага чиқариб
қўйманглар-да! Одам ўлган-ку, ахир! Менингча, уни тасодифан одам ўлдирганга
айблаш керак. Бир йил махсус қурилишда ишласин. У ерда врач назоратида бўлади,
ичмайди.
Орага оғиргина сукунат чўкди. Уни Қодиров
бузди.
- Ўртоқ Ғайнанов қайсиларингиз?
Бу ерга киришини билиб, Ғайнанов
кечадан бери бирор қултум ҳам ичмаганди. Шунинг учун бўлса керак, фақат лаблари
ва бармоқларигина эмас, боши ҳам, барини инкор этаётгандай, бир маромда
сарак-сарак теб-ранарди.
- А, кекса гвардиями?! Ёзиб туринг!
Яхши фелъетонлар керак! Эшигимиз ҳамиша сиз учун очиқ! Биз ёрдам берамиз.
Ёшлардан шогирд тайёрланг! Танқидий мақолалар камайиб кетаяпти!
Ғайнанов жавобан йиғлаб юборди.
Бир фильмда диктор душман сўзсиз таслим
бўлганини эълон қилиши билан аёллар, чоллар йиғлаб юборгани ёдимда. Ҳозир Ғайнанов
ҳам шу ҳолатда эди: ғалаба тантанаси туйғуларини идора этишга монелик қилаётганди.
Чолга ўзимнинг ҳам меҳрим ошиб кетди.
- Истасангиз, коняк қуйиб берардим –
дедим ташқари чиққач.
- Юр, кэпэзга бориб келайлик, кейин
коняк эмасу, озгина "Чашма" қуйиб берасан, - деди у мени ҳам
ранжитмаслик, ўзи ҳам қуруқ қолмаслик учун.
Мен КПЗ нималигини билмасам ҳам унга
эргаштим.
Бу - қамоқхона, - деди саволимга
жавобан чол, маҳбусларни судгача шу ерда сақлашади.
- Нима қиламиз у ерда, - ажабландим.
- Турдига бугунги гапни айтиб қўяйлик.
Мен қамоқхонани бошқача тасаввур этган
эдим: симтиканли баланд деворлар, соқчилар. Жўнгина бино экан. Ғайнанов эшик
олдидаги соқчи-ларга алланима деди-ю , ичкари кирди. Мен ҳам унга эргашдим.
Бошлиқ-нинг топшириғи билан икки конвой қирғий бурун; кўзлари олазарак кимсани
олиб кирди. У Ғайнановни кўриб, дафъатан қувониб кетди.
- Э, ассаломалайкўм, хўжайин.
- Ҳал бўлди, - деди чол жавобан, -
бир-икки йил қурилишда ишлаб берадиган бўлдинг.
У тушунмадими, ишонмадими - анграйиб
тураверди. Сўнг йиғлаб юборди. Бу ҳам шодлик дийдалари эди.
- Энди ичма, - насиҳат қилди Ғайнанов,
- болаларингга бош бўл.
Ташқари чиққанимиздан кейин вино ича
туриб, менга ҳам худди шундай насиҳат қилди.
- Мен ичмасам, жуда зўр бўлиб кетардим:
ёзганларимни Садриддин Айний ҳам мақтаган. Сен ичма, иложи бўлса, фелъетон ёз.
Танқид жамиятга кўпроқ наф келтиради. Ҳамду сано салтанат ёзган жамиятда тараққиёт
бўлмайди. Танқид - ошкоралик, ошкоралик - демократия дегани.
Йиллар ўтиб, ўзим ҳам шундай хулосага
келдим. Тасаввур қилинг: ҳатто водопровод жумрагини батамом беркитиб қўйсангиз,
ҳаммаёқ қу-рийди. Катта очиб қўйсангиз, атрофни ювиб, вайрона қилиб кетади.
Ош-коралик ҳам шунга ўхшаш - у бўлмаган жойда коррупция, порахўрлик авж олади.
Лекин қонунлар ва конституция
доирасидан ошиб кетган демокра-тия ҳам тартибсизликларга сабаб бўлишига гувоҳ
бўлдим. Лекин нима бўлса ҳам жамият учун биринчиси хавфлироқдир.
ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ
АЙИҚЛАР ВА
ТУЛКИЛАР
Таҳририятдаги бир йиғилишда кўрган
масаламиз кечагидай ёдимда:
Тарғибот бўлимида Анваров деган ўттиз
беш ёшлардаги хушқомат киши ишларди. У кўп гапирар, иборалари ҳам расмий -
газета тили эди. Агар унга "Ассалому алайкум" дейишса , "Бу
анчайин диний сўз. Шунинг учун ҳам "салом" дейиш кифоя, жамоатчиликда
шундай қабул қилинган. Бу майда-чуйда эмас, аксинча хушёрлик"... - деб
бошлар ва унинг гапи охирига етишини сабр-тоқат билан кутишга тўғри келарди.
Сарлавҳалари ҳам бир руҳда бўлиб қоларди: "Атеистлар, олға!"
"Тарғиботчининг жанговар сўзи" ва ҳоказо.
"Бу эзма билан хотини қандай қилиб
яшаркин", ўйлардик гоҳида ва ўзимиз ҳам бу масалани ғоят эзмалик билан муҳокама
қилардик.
Йиғилишда айнан шу гап - унинг хотини,
йўқ, хотинининг у билан яшамаслиги масаласи муҳокама қилинадиган бўлди.
- Бирга яшамасликка азму қарор қилганимизнинг
боиси - битта, - деди Анваров, - бу ҳам бўлса, умр йўлдошимнинг менга нисбатан
бевафолик элементларига йўл қўйишидир. Икки нафар фарзандга эга бўла туриб,
шундай қабиҳ йўл тутиши, коммунистик ғуруримни паймол қилди.
У шунақа узундан узоқ муқаддимадан
кейин воқеанинг тафсилотини айтишга киришди.
- Командировкага кетаман, деб йўлга чиқдим-у,
кечаси атайин уйим томон қайтдим ва остонада бегона пойафзал турганини дарҳол
илғадим. Шубҳаларим тўғри чиқди, ичкари кирсам, менга тўшалмаган кўрпалар А...
га тўшалибди.
- Шундай пайтда ўзингизни қандай тутдингиз,
- савол беришди.
- Журналистга ва коммунистга хос!
- Яъни?
- Уларнинг шу қилмишлари коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси
талабларига зид эканлигини шартта бетларига айтдим! Аяб ўтираманми?
Шундай қилиб, биз унга чора кўрдик. Уй
иккига тақсимланди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Анваров Сорахон
деган яҳудий жувонга уйланадиган бўлди. Тўйда асосан, байналминалчилик, халқлар
дўстлиги учун қадаҳлар кўтарилди.
Бизга бот-бот шеър олиб келадиган Барқий
деган шоир: Анваров бугундан эътиборан Абрамов бўлганлигини айтиб, одам-ларни
кулдирди. Негадир "Айиқлар ва тулкилар" деган янги шеърини ўқиб
берди.
Аммо тўйдан кейин Анваров ўзгариб
кетди: у аввалгидай кўп гапир-мас, кулмас, аксинча одамови, хомуш бўлиб қолди.
Бир кун бунинг саба-би билан қизиқдим.
- Сўраманг, - деди у дард билан,
Сорахон ҳаётимни суғурта қилишни талаб қилаяпти.
- Хўш, нима қилибди, - ажабландим, -
страхование қилдиринг!
- Катта пулга деяпти.
- Хўш?...
- Аввалги эри ҳам ҳаётини катта пулга
суғурта қилдирган экан?
- Кейин-чи?
- Ўлибди. Сирли.
- Ҳамма пулни?...
- Сорахон олибди.
Мен жуда ўксиб кетдим. Қандай қилиб
бўлмасин толеи паст ҳамкасбимга ёрдам беришни ўйлай бошладим, аммо мадад ёки
маслаҳат беришдан ожиз эдим.
Шундай қилиб, Анваров Сорахондан ҳам
ажралиб, охирги бир хонани ҳамда қолган-қутган ашёларни унга топшириб чиқди.
Бир куни судга чақиришди.
- Сиз билан мен ҳам бораман, - дедим, қандай
қилиб бўлмасин, бояқишни ҳимоя қилиш ниятида.
Ўшанда ҳинд кинолари таъсирида юрган
пайтларим эди. Бу фильм-ларнинг қаҳрамонлари суд жараёнида сўз олиб, оташин
монолог ўқишар, ғоят чигал муаммоларни ойнадай равшанлаштириб, ҳақиқатни рўёбга
чиқаришарди. Уларга тақлид қилгиси келарди кишининг.
Мен суд анжуманида сўз олиб, ҳамкасбимни
ҳимоя қилиш режала-рини туза бошладим. Унинг буди-шудини икки хотини тақсимлаб
олиши ўта адолатсиз эканлигини шунақа ошкор этайки, одамларнинг оғзи ланг
очилиб қолсин.
Аммо бу ерда мутлақо бошқача манзарага
дуч келдим.
Энг аввало суд биноси таъбимни
бузганини айтиб ўтишим керак. У бир қаватли, пастак эди; пойдеворлари шўрланиб,
поллари кўчганди.
Шу кўримсиз бинода инсон тақдири ҳам бўлишини сира ҳам
истамасдим!
Залда анчагина киши, жумладан Сорахон ҳам
ўтирган экан.
- Туринглар, суд келаяпти!
Биз гурр этиб ўрнимиздан турдик. Суянчиғи
жуда балан курсиларнинг (эътибор берганмисиз? Нега бунақа бесунақай?)
ўртадагисига қорачадан келган, пакана киши келиб ўтирди. Унинг бўйи кресло
суянчиғининг ярмига ҳам етмагани, яъни судянинг салобатсизлиги ҳам дилимни ғаш қилди.
Шу пайт, кутилмаганда аскарлар Барқийни
олиб киришди. Мен масаланинг моҳиятига тушунмай, Анваровга юзландим.
- Ҳозир биласиз, бу ерда бошқа гаплар ҳам
бор, - деди у дудмал қилиб.
Айбномада баён этилишича, Барқий мазкур
залда ўтирганларнинг кўпини лақиллатиб, пулларини олган; алданганлар орасида
Анваров билан Сорахон ҳам бор эканлар. Барқийнинг қармоғига илинганларнинг
аксарияти абитуриентлар бўлиб чиқишди. Уларни юрфакка қабул қилмай туришганда,
Барқий пайдо бўлибди, ёрдамини аямаслигини шаъма қилибди.
- Таксиси - фалон сўм, - дебди у, -
пулни эса буйруқ чиққандан кейин чўзасизлар.
Ҳалигилар рози бўлишибди. Эртасиёқ
ота-оналари, қавм-қариндошларидан пул келтириб, буйруқни кутишибди. Ниҳоят Барқий
рўйхатга кирган ўсмирларни ректор қабулхонасига эргаштириб борибди-ю, уларни ўша
ерда қолдириб, ўзи ичкари кириб кетибди. Абитуриентлар жон ҳовучлаб,
халоскорларини кута бошлабдилар.
- Сизларни табриклайман, - дебди, -
анча ҳаялликдан кейин, у ердан чиқиб, - ректор имзо чекди. Мана!
Қалбаки ҳужжатда ўз фамилияларини
кўрган "бўлажак қонуншунослар" бир чеккага ўтиб, омонатни эгасига
топширибдилар.
Анваров билан Сорахонга эса Барқий тўрт
хонали квартира олиб бермоқчи экан. Дарҳақиқат, ваъдасидан бирор ҳафта
ўтар-ўтмас, шаҳар ижрокоми бланкасига ёзилган қарор билан, янги калитни уларга
тантана-ли топширибди, қизғин табриклабди. Пулни санаб олишдан олдин
микро-районга олиб бориб, эндигина уч қавати кўтарилган бинони кўрсатибди.
- Бу бино нақ икки ойдан кейин
топширилади: биринчи подъезд, тўртинчи қаватдаги уй - сизларники.
Сорахон шартномада кўзда тутилганнинг
устига тағин пича қўшиб, иккинчи қаватга алмаштиришни сўраган экан, Барқий зўрға
рози бўлибди ва (магазиндан) бошқа калит келтириб берибди.
- Айбдор, сизга сўз берилади, - деди ниҳоят
судья бир қатор расмиятчиликлардан кейин, маъмурларга хос фармойиш билан.
Барқий эса хотиржам эди: қора
курсидамас, ресторанда ўтиргандай эркин тутарди ўзини.
- Мен айбдор эмасман, - деди у ишонч
билан ва атрофга аланглаб қўшиб қўйди, - сигарет топиладими?
Судянинг жаҳлга минишига қарамай,
кимдир унга сигарет узатди.
Барқий нописандгина рад этди.
- Филтрлисидан чекаман.
У бир лаҳза сукутдан сўнг жавобга ўтди.
- Мен ҳақиқатнинг ғолиб кучига,
тантанасига ишонаман! Лекин бугунги суд жараёнини кўпикдай омонат ва энг муҳими,
ҳақиқатга зид деб биламан!
-Масаладан четга чиқмай, саволга жавоб
беринг, - унинг сўзини бўлди судья, - ректор билан нима ҳақда гаплашдингиз?
- А, ундан интервю олдим, - жавоб берди
у хотиржам, - бу йилги қабул ҳақида. Устоз илтимос қилувдилар, - қўшиб қўйди
Анваров томон имлаб.
Анваров тан олди ва ўзини оқлаш учун
бўлса керак, Барқийни газе-танинг жамоатчи мухбири эканлигини узундан-узоқ
тушунтирди.
- Нега устозингизни лақиллатиб, пулини
олдингиз, - Барқийга савол берди суд маслаҳатчиси.
- Устозимни алдаганим йўқ, - тан олмади
Барқий, - унинг хотинида бир оз ҳаром пул тўпланиб қолганди, ўшани олдим,
холос. Аввалги эри ҳаётини катта пулга суғурта қилиб, бу ойимтилланинг қўйнида
Азроилга жон таслим қилган. Инсоф, диёнат қани? Лекин мен шунисига ҳайрон-манки,
ана шундай қабиҳ йўл тутган аёл даъвогар-у, мен бўлсам, қора курсида ўтирибман!
Ёки мана бу ғалча бойваччаларни олинг! Булар пул бериб, юрист бўлишмоқчи.
Жамиятга шунақа қонун ҳимоячилари керакми? Йўқ, керак эмас! Аслида қора курсига
мен эмас, ана шулар ўтириши керак! Зотан мантиқ ҳам шуни тақозо этади. Демак, ё
буларни ҳам жиноий жавобгарликка тортасиз ёки мени озод қиласиз!
Залда ғала-ғовур бошланди. Барқий
монолог ўқишдан бир лаҳза тин олди, судья одамларни тартибга чақирди. Айбдор
анча юмшоқ оҳангда давом этди.
- Муҳтарам судья, ҳурматли маслаҳатчилар!
Буларнинг бири даъвосидан кечишга рози. Майли, дастлабки тушунтириш хатларини
олиб, бошқасини ёзиб беришсин, сизлар ҳам ишни ёпиб қўяқолинглар. Бизга раҳм-шафқат
қилинглар. Кўриб турибсизлар - баримиз ёшмиз, ёшлик эса бебошликдир. Мен
шоирман - халқимга керакман! Бунинг устига одамлардан олган ортиқча пулларни аҳволи
ночор кишиларга тақсимлаб берганман! Гувоҳларим бор. Улар залда ўтиришибди.
Судья негадир бу гувоҳлар билан қизиқмади.
Яна анча тортишувлар-дан кейин ҳужжатларни қайтадан терговга топшириш зарур,
деган хулоса-га келишди. Суд мажлиси кейинга қолдирилди.
Ниҳоят суд Барқийни саккиз йил муддатда
озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарибди. Бу масала бизда ҳам муҳокама қилиди.
Барқийга мандат бергани учун Анваров ишдан четлаштирилди; раҳмдил муҳарриримиз
уни суғурта идорасига ишга жойлаштириб қўйди.
ЎНИНЧИ БОБ
БУНИ ҲАЁТ
ДЕБДИЛАР
Баъзи ижодкорларнинг мавзу излаб,
командировкага чиқишлари менга эриш туюлади. Ким билсин, балки қачонлардир ўзим
ҳам мавзуга ташна бўлиб қоларман. Лекин ҳозиргача бундай ҳол юз бергани йўқ:
мавзуни уйимдан, кўчадан, ишхонадан, бозордан истаганча топганман.
1970 йилнинг 1-июнида биринчи фарзандимиз
дунёга келди. Мен унинг номидан кундалик ёзабошладим. Газета ва радио пешма-пеш
эълон қилишга киришди.
"Буни ҳаёт дебдилар" деб
номланган бу асарнинг каттагина қисми "Гулистон" журналининг 1972 йил
феврал сонида чоп этилди. Муҳаррир устоз Асқад Мухтор эдилар ва у киши асарни қамровлироқ
қилиб давом эттиришни маслаҳат бердилар.
Кундалик боланинг дунёга келиши дақиқасидан
бошланади.
* *
*
"Ниҳоят, бугун, - 1970 йилнинг 1-июнь
куни, нақ туш маҳали дунёга келдим. Қани, ҳаёт деганларини ҳам бир кўрайликчи, қанақа
бўларкан.
Илк бор ҳис этганим - вужудимдаги зирқироқ
оғриқ ва мен ҳали кў-никмаган совуқ муҳит эди. Овозим борича чинқириб йиғлай
бошладим. Кимдир мени даст кўтариб олди ва илиққина сувда чўмилтирди.
Фарё-димга эса ҳеч ким қулоқ солмас эди.
- Уч ярим кило, ёза қолинг, - деди каминани
тарозига қўйган доя ше-ригига.
Аслида мен тўрт кило эдим. Кўра-била
тарозидан уриб қолишди-я! Дунёга келибоқ, оғриқ, совуқ ва қаллобликка дуч
келаман, деб ўйламаган-дим. Бундай пайтда йиғламай куласанми киши?!
- Намунча бақиради бу, -деди жавобан доя
опа жеркиганнамо.
-
Буни ҳаёт дебдилар, - қўшиб қўйди иккинчиси, - чидаш керак!
Сўнг
мени оппоқ чойшабга ўрашди. Мазза қилиб ухладим.
Ўйғонсам, бир талай чақалоқлар орасида
ётибман. Уларни сизга та-ништирардим-у, номларини билмайман-да. Зотан,
номларини бу чурвақа-ларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Чунки уларга ҳали ном қўйилган
эмас-да. Дарвоқе, менинг номим ҳам жилла баҳслироқ - уйимиздагилар ҳамон бир
тўхтамга келишолмай ҳалак. Агар ҳақиқатан ўғил бўлиб туғилсам, бувим - Иброҳим,
дадам - Зарафшон, ойим - Улуғбек деб аталишимни исташади. Менга эса барибир.
Ажабо! Ёнимдаги қизалоқ нега чинқириб йиғлаябди
экан-а! Эҳ, сен - жиззаки, йиғлоқ... Ана - бу ёнимдагиси ҳам бошлади. Демак,
мен ҳам кўпчиликдан четда қолмаслигим даркор. Ҳаммамиз жўр бўлиб йиғлаётган
эдик, доя опалар келишди-ю, бизни кўп кишилик аравачага юклашди. Сўнг номерларимизга
қараб, ойимизга улашиб чиқишди.
Онажоним мени авайлабгина бағрига босди,
энтикиб кетди, қувонч-дан бўлса керак, кўзларига ёш олди. Мен мазза қилиб, сут
ичдим! Она сути. Бу ҳароратли, мазали неъмат менинг бўм-бўш ичакларимни
тўлдир-гач, назаримда олам мунаввар бўлиб кетди...
* *
*
Кундаликни (орадаги узилишлар билан қўшиб ҳисоблаганда)
йигирма беш йил ёздим.
Ўғлим - Улуғбек қишлоқ хўжалик олийгоҳи
ветеринария куллиётини битириб, бир қанча муддат паррандачилик фабрикасида
ишлади. Мустақиллигимиз шарофати билан корхона очиб, чорва моллари учун
дори-дармонлар тайёрлаш, сотишни йўлга қўйди. (Қўлингиздаги китоб-нинг хомийси
- унинг корхонаси)
"Буни ҳаёт дебдилар" роман ҳолида
чоп этилган. Албатта, бу асарда мухбирлик билан ёзувчиликни якқалам қилолганим қўл
келди - хўжжатли воқеалар билан бадиий тўқима орасидаги чегарани чеклаш пайида
бўлдим.
Тағин: мен ўттизга яқин бадиий ва
публицистик китоблар нашр эттирдим. Лекин ўзимни: "Мен мухбирман" деб
таништиришга кўникиб қолганман. Боиси - ҳаётда нимагаки эришган бўлсам,
мухбирлик туфайли бўлган.
"Мен ёзувчиман - дейиш - яхши
одаммман, деганга ўхшаб кетади"! Устоз Асқад Мухторнинг ана шу огоҳлантиришлари
ҳам шундай йўл тутишни тақозо этади.
Юқорида "Буни ҳаёт дебдилар"
асарининг бош қисмидан парча ўқи-гандингиз. Ҳоҳишингиз бўлса, унинг
"Обий" деб аталган охирги бобини ҳам эътиборингизга ҳавола этаман.
Аммо бундан олдин қулоғингизга айтадиган
гапим бор.
Гоҳида журналистлар, ёзувчилар, актёрлар,
рассомлар даврасида бўл-ганимда, улардан айримларининг ўз зурриётига ўта
нописанд муносабати, совуқ меҳридан воқиф бўламан ва ранжийман.
"Шоир бола-чақа деб юрмасдан, ўзини
шеъриятга бағишлаши керак!"
"Фалон актёр боласининг жасадини бир
четга қўйиб, сир бой бермас-дан, ролини қотириб ижро этибди."
"Гонорарнинг пули алиментга олиниши
адолатдан эмас!"
Билмадим: мен ана шундай тоифаларнинг
ўзларини адолатсиз, бағри-тош бандалар, деб ҳисоблаганман.
Меҳрибон ота ёки она бўлмаган киши яхши
ижодкор бўлишига ишонмайман!
Ўз фарзандини яхши кўрмаган одам
инсонни севиши мумкин-ми ахир?!
Инсоният қадим-қадимдан ижодкор қалбида
гуманизм чўғини кўргани ва шунинг учун уни эъзозлагани сир эмас!
Тақдир мани сийлади - уч ўғил, икки қиз,
набиралар дегандай... Ам-мо киши эллик ёшдан ошгандан кейин бот-бот машъум ўлим
ҳақида ўй-лаб қоларкан. Бу хуррам ва хушчақчақ оламдан кўз юмаётган одам ҳам,
энг аввало, оиласини ўйласа керак! Эҳтимол, фарзандларининг ҳоли не кечишидан
ваҳимага тушар, эҳтимолки, шу зурриёт унинг чироғини ёқиб
ўтиришидан
армонли дили жилла бўлса-да, таскин топар.
Мадомики, оила - бизнинг келажагимиз, муқаддас
каъбамиз, нури дийдаларимиз бешиги экан, унинг саодати учун курашиш ҳам қарз, ҳам
фарздир!
Зурриёт.
Чумолининг инини сув босса, энг аввало,
тухумини олиб қочганини кўрганмисиз?
Товуқ эса жўжалари учун жонини гаровга қўйиб,
калхатга ташланга-нини-чи?
Лайлак қанотларини ёзганча, полапонларига
соя солганиничи?
Биз - катта ҳарф билан ёзиладиган
Инсонмиз-ку! Комиллик қани?
Эҳ, биз - ижод аҳлининг қусурларимиз фақат
шу бўлса, майли эди -я!
Ижодий мубоҳасалардан кўра ғийбатларга эш
бўлишимизчи?!
Мухбирлар орасида таъмагирлар кўпайиб
бораётганичи?!
Миллатпарастликчи?!
Дўстим Машраб Бобоев қадаҳ кўтара туриб,
шундай деганди:
Ҳайёмдан ичишни
ўргандик, аммо
Ҳайёмдай ёзиш қаёқда
дейсиз...
Бўлди!
Бас!
Чалғиб кетдим!
ЎН БИРИНЧИ
БОБ
О Б И Й
Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман. Қуйидаги
мисраларни хотирла-сангиз кифоя.
"Етмишинчи йилларнинг ўрталарида
вилоятнинг мафкура ишлари бў-йича котиби ўз ўйнаши билан (ҳозир мен хизмат қиладиган)
Самарқанд паррандачилик фабрикаси меҳмонхонасига норасмий яъни хуфёна таш-риф
буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқавермагач,
қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар
етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларини ўй-ғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуғини
бузишади. Кириб қарашса, бахти-қаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ҳаво
кийгизиб юборган либосда бандачиликни бажо келтириб қўйишибди."
Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай.
Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я) шуғуллангани-ни
тахминлайди. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага
кирган заҳоти эса ташқаридан туриб, қувурга электр токи теки-зади.
Бу нохушликни яширишга ҳарчанд ҳаракат қилишмасин,
у ҳақда, мазкур уй хусусида афсона ёки ҳақиқатлигини англаб бўлмайдиган
шов-шувлар кўпайиб кетади. Жумладан, бир отахон ана шу уйнинг томида алвастилар
галасини кўрганини айтиб, қасам ичади. Табиийки, ҳозир кўпчилик инсу жинсга
ишонмай қўйган. Аммо отахон ўз ҳақиқатини тасдиқлашдан чекинмайди: "Бир
замонлар бу ер тўқай эди: ўшанда ҳам "алвастихона" дейишарди. Улар
олов ёқиб ўтиришганини, йўловчиларга эчки, чақалоқ бўлиб кўринганини кўплар
билади", дейди.
Хуллас, бу воқеадан кейин фабрика
маъмурияти турфа ҳангомалар ва маломатларга чек қўйиш илинжида уйни икки
талабгорга тақсимлаб бера-ди. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ярмига Шафиқа
деган санитарка, қолганига Сабура деган кассир киришади. Аммо кўп ўтмай ана шу
уйга яширинган қора қисмат Сабурани ҳам таъқиб этади: унинг шипга осилга-нича қотиб
қолган жасадини кўрган одамлар сесканиб тушадилар. Фақат ўша гувоҳларгина эмас,
бутун посёлка, фабрика зоҳиран хавотир тортади. Ҳангомага уч оломоннинг ҳали
сўнмаган шов-шувларига кимдир бир па-қир керосин сепгандай бўлади. Кассир ўзини
ўзи осганми ёки бу қотил-ликни бошқалар қилганми - латтачайнар терговчи аниқ
жавоб беролмай-ди...
Шундан кейин бу уйдан Шафиқа ҳам кўчиб
кетиш ташвишига туша-ди,бехосият даргоҳга одамлар йўламай қўядилар, ҳатто
кундузи ҳам йў-ловчилар ҳадиксираб
ўтадиган бўладилар.
Орадан йиллар ўтиб, миш-мишлар, ваҳималар
алангаси энди тин ола-ётганда, кимдир оловни пуркаб қўяди: одамлар бу кимсасиз
хонанинг чи-роғи ёниб-ўчиб туриши, аллақандай баҳайбат кўланкалар изғиб
юраётган-лигига гувоҳ бўлишади. Бунга ишонқирамаган раҳбарлар, милиционерлар ҳам
кечқурун узоқдан туриб арвоҳга ўхшаш гавдаларни кўришади: чўчиб журъатсизгина
орқага чекинишади.
Тахминлар авж олади - туман, вилоятдаги
казо-казоларнинг қулоғига у яна ҳам ваҳималироқ бўлиб етиб боради. Юқори
доирадаги (учлик) те-лефонлар жиринглайди, кўрсатмалар, буйруқлар бўлади.
"Обком ўлган уй" га қуролли десант ташлашга қарор қилинади.
Операция (негадир уни "тишлаш"
деб беўхшов номлашган) режасига биноан, полковник Ўрайим Тахтаев (аслида Иброҳим
Тўхтаев бўлса ажаб эмас) раҳбарлигидаги ўттиз икки кишидан иборат тажрибали,
жасур ми-лиционерлар кечқурун, айнан чироқ ёқилган пайтда уйни қуршовга
оли-шади. Ўқ отиб огоҳлантиришгач, радиокарнай орқали мурожаат қилиша-ди: қаршилик
кўрсатмасдан, қўл кўтариб чиқиш шартини қўйишади. Ам-мо аксу садо бўлмайди.
Сунгра огоҳлантириш сифатида автоматдан ўқ узиб, дераза ойналарини чил-парчин қилишади.
Тағин садо бўлмагач, га-лалашиб ичкари киришса, ҳеч вақо йўқ. Бир чеккада
бўшаган шишалар, колбаса, сигарет қолдиқлари. Шундан кейин операция аъзолари ўз
анди-ликлари, лакаловликларидан роса кулишади, аскиялар қилишади.
- Биз беҳуда ваҳима қилиб юрганмиз, - дейди
Тахтаев, - бу ер шунча-ки қиморвозлар масканига айланган. Қолган гапларнинг
бари жоҳил бан-далар тўқиган сафсата.
- Ўртоқ полковник, - мурожаат қилди
аскиячилардан бири, - ўттиз ик-ки тишнинг ўттиз икки иши бор, дейишади. Ишсиз қолган
тишлар мана-бу колбасани тишлаб кетаверсин.
Улар мириқиб кулишади ва лекин ашё
сифатида сигарет ва колбаса қолдиқларини ҳам қоғозга ўраб олишади.
Тинтув давом этаётган пайтда, ҳеч
кутилмаганда ҳол рўй беради - бир шкафни галалашиб очишганда, ичидан
букчайганича қотиб қолган мурда юмалаб чиқади. Ҳозиргина қаҳ-қаҳ отаётган
азаматлар ваҳима оғушида қуролларига ёпишадилар. Кейин ўзларини босиб олиб,
мурдага яқинла-шишса, унинг тасмасига бир варақ қоғоз қистирилган ва негадир
русча-лаб: "Тишлаш" операциясининг чаққонлари. Ноумид қайтманглар -
лоа-қал шу одамнинг ...ни тишлаб
кетинглар!" деб битилган экан.
Экспертиза марҳумнинг ҳам бўғилгани, ҳам
отилганини аниқлайди. Мурданинг қизилўнгачидан олинган автомат ўқининг
габаритлари-ю, ка-либрларини обдон текшириб кўришса ... (Ё тавба! Олам
тасодифларга тўла! Ўзинг асра!) у айнан "Тишлаш" операцияси
аъзоларидан бириники бўлиб чиқади. Шўрликни (исм шарифи Бўривой Бўронбоев)
зудлик би-лан ҳибсга олишади. Яна шов-шув, ваҳима. Аммо тергов жараёнида
боя-
қиш Бўривой
бегуноҳлигини исботлаб беради. Аён бўлишича, боя дераза-га қараб ўқ узганлар
орасида ана шу ўпкавой ҳам бўлган, ўқлардан бири шкафдан ўтиб, жасаднинг
кекирдагига қадалган экан.
Бўривойни ҳибсдан озод этишади, аммо қайтиб
милицияга олиш-майди: аввалги иш жойларида баднафслик қилганлиги, милицияга
тасоди-фан тушиб қолганлиги аён бўлади.
Нафсиламбирини айтганда, эрталаб бадбўй
товуқхоналар томон шошиладиган, кун бўйи ишлайдиган, кечқурун бирор нимарса
илиб чиқишдан ўзгасини ўйламайдиган; қимматчилик, йўқчилик; амалдорларнинг
ноинсофлиги ва турли ғийбатлардан бошқа мавзу, машғулоти бўлмаган одамлар учун
шунақа ҳангомаларнинг бўлиб тургани ҳам тузук! Бу зерикарли оламда инсон
табиати янгиликка, ислоҳотга, қолаверса ғийбатга ташналиги табиий бир ҳол бўлса
ажаб эмас.
Шундай қилиб, одамлар янгидан-янги
афсоналар тўқийдиган ва бун-дан ўзлари ҳадиксираб яшайдиган бўлиб қоладилар.
Энг ғалатиси, бу уй-дирмаларга ҳар бир киши ўз улушини қўшиб-чатиб, ваҳималироқ
тус бе-ришга ҳаракат қилади.
Нима қилиш керак бундай шароитда?
"Обком ўлган уй"ни текислаб ташлаш керакми?! Яхшиси, лоқайд бепарво
бўлган маъқул. Охир-оқибат оломон афсона тўқишдан чарчайдику!
Назаримда раҳбарлар шундай даққоқ хулосага
келишди.
Аммо фабрика аҳлини қўрқув ва хавотир
билан яшашига ўчакишган ўша манфур куч тинчиб кетмади. Орадан бир неча ойлар
ўтгач, аниқроғи, 1994 йилнинг 1-май куни кечқурун ишдан қайтаётган
санитаркаларимиз - Зайнаб, Люда, Шафиқа мазкур кўчадан қўрқа-писа ўтишаётганда,
қаерданам теппасида чироқлар, антеналар ўрнатилган бир жуфт чет эл машинаси
пайдо бўлиб қолади. (Люданинг айтишича, иккаласи ҳам "Мерседес-Бенз")
Аёлларимизнинг хавотирлари чандон ошади, аммо ле-кин ҳангоматалаблик сеҳри,
янги гап топиш, тарқатиш иштиёқи ундан устунлик қилади. Машиналар айнан ўша
уйнинг эшиги олдида тўхтайди-лар. Ҳар бир машинадан бир аёл билан бир эркак
тушади.
Шу ҳақда сўз кетганда, аёлларимиз
бир-бирларига гал бермай, таъри-фу тавсифларни шунақа қалаштиришадики, бунга
ишонишингни ҳам, рад этишингни ҳам билмай қоласан киши.
"Иккала жувоннинг ҳам либослари оппоқ,
юзлари сулув, ҳатто қўл-қоплари, соябонлари ҳам оқ, оёқлари ерга тегар-тегмас
бўлиб юришади," дейди Зайнаб.
"Эркакларнинг шляпалари, галстуклари қоматларига
ярашиқ, ораста, қўлларида нафис гулдасталар", унинг сўзини бўлади Шафиқа.
Эркаклар аёлларнинг қўлтиқларидан назокат
ила тутиб, ичкари ки-ришмоқчи бўлишганда, қаерданам Обий пайдо бўлиб қолибди.
Улар Обийни ўпиб, гулдасталарни унга тақдим этибдилар.
Эртаси фабрикада бу гап бошқача оҳанг касб
этди. Гўёки "Обком ўлган уй"нинг тепасида иккита тарелка (НЛО, НУЖ,
номаълум учувчи жисм) пайдо бўлибди. Улар алламаҳалгача нур сочиб тургач,
пастга ту-шиб, ойнаванд машинага айланишибди. Ундан либослари оппоқ икки
па-рирўй тушиб, ўша ерда маст бўлиб ётган Обийни олиб кетишибди.
Энди шу гаплардан кейин Обий
(Мифтахуддинов) деганимизга андак таъриф бериб ўтмасам, дилтанг бўлишингиз
табиий.
Олтмишларни қоралаб қолган, ўрта бўй, ориқ
бир механикни кўз ол-дингизга гавдалантираоласизми? Кийимлари уринган, ғижимланган
ва бу либослар ичида ўзи ҳам уринган, ғижимлангандай, шимларига қорамой томган;
ичмай турса руҳи тушиб кетадиган, бармоқлари беўхшов қалти-райдиган бу одамда
иллатлар билан хислатлар чегарасини белгилаш амри маҳол.
Обийни раҳбарларимиз ёқтиришмайди,
нописандлик қилишади. Саба-би, нуқул ичиб юриши, интизомсизлигидагина эмас,
балки амалдорларни баралла жеркиб, уларни муттаҳамлик, ўғриликда айблашидадир.
Аммо - лекин шунга қарамай, бу одамни
ишдан четлаштириб бўлмайди. Обий мастлик чоғлари кўкрагига уриб, гариллаганини
кўп эшитганман: "Директор, замдиректор бўлмаса ҳам иш кетаверади, локинда
Мифтахуддинов бўлмаса..." Ғалатида ўзи: товуқларга дон, сув тарқатадиган
мосламалар, пульт билан ишлайдиган катакли батареялар, кондиционерларни Обийдай
обдон биладиган, бузилганда, зум этмай тузатадиган уста бу орада йўқ. Мени тўғри
тушунишингизни истайман: қанчадан-қанча олий маълумотли инженер, механикларимиз
бор, аммо кўп ҳолларда улар лоақал ўрта мактабни ҳам битирмаган Обийнинг қўлига
сув қўйишолмайди, "Незаменимый" яъ-ни алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ"
деган русча иборани эшитганми-сиз? Бизнинг корхонада истаган одамни алмаштириш
мумкин, аммо арзон вино ичиб, ити билан гаплашиб юрадиган ана шу кўримсиз
механикнинг ўрнини ҳеч ким босолмайди.
Худо кўрсатмасин, бирорта транспортер
ишламаса ёки бинода ҳаро-рат пасайиб ёки кўтарилиб кетса, унумдорлик тушишини;
товуқлар, жў-жалар оммавий нобуд бўлишини яхши билган ишбошиларимиз Обийни
топиб келиб, айтганини муҳайё қилиб туришади.
Обийнинг ити Жет лақабли бўлиб, испан
коллиси зотига мансуб. Тумшуғи узун, сержун. Жуда вафодор. Обий маст бўлиб йиқилиб
қолса, соатлаб уни қўриқлаб ўтиради. Хўжаси бирор кишини ёки буюмни кўр-сатиб,
"Охраняй!" деса бас - унга ҳеч кимни йўлатмайди. Жет соҳибининг
табиатини яхши билади, у ҳам катта-кичик бошлиқларни хушламайди, уларни
кўрганда, ўзини чеккага олади. Обий билан мулоқотда бўлиб турадиган оддий
одамлар олдида эса кейинги оёқларида тик туриб, эрка танбалик ила таъзим қилади,
эркаланиб мурувват кутади. Шунда унинг кўзлари бегуноҳ болакайнинг нигоҳларига жуда ҳам ўхшаб кетади. Хўжаси
унга сўз қотганда, гапини маъқуллагандай бош тебратиб турганига кўп гувоҳ
бўлганман.
- Сен итсан, - деди у бир куни жониворга қараб,- кўп нарсаларнинг фаҳмига
етмайсан. СССР пайтида бир шиша "Чашма" бир сўму қирқ тийин эди. Бир
сўму қирқ тийин-а! Мен аллақачон Мексикага кетардим, аммо сен - тулкитумшуқни
ташлаб кетолмадим. У ерда сени яккалашади. Бу ерда мени сиғдиришмайди-ку! Шунга
ўхшаш. Лекин ишлари тушса, дум тебратиб туришади. Эркак бўлиш керак!
Мифтахуддинов - мард! Бизнинг амалдорлар бир-бирини тишлаб олиш пайти келгунча
ялаб-ялқаб турадиган тоифадан. Сен ундай қилмайсан, аммо ўлгудай соддасан. Мен
энди ичмайман, десам - ишондинг! Мен эса сен шўрликни алдаган эдим. Ишонма! Юр,
кетамиз. Во...
Бу
одам билан биринчи бор танишганим ҳақида ёзмоқчиман. Товуқ нурисини чиқарадиган
тасма - транспортер ишламай қолгач, зона бошли-ғининг кўрсатмаси билан уни
излаб, ётоқхонага бордим. Обий ҳам, ити ҳам нохушгина кутиб олишди. Илтимосимни
айтгач, чол гап сотишга ки-ришиб кетди.
- Мифтахуддинов бўлмаса, ахволларинг вой!
Бир куни директорнинг ўзи келди. "Комиссия келаяпти, кормоцех
ишламаяпди", деди. "Бормай-ман!" дедим. "Нима талаблар
бор" сўради. Во, дедим, гапни ана шундан бошлаш керак эди. Биринчидан, ётоқда
мени яккалашаяпти - "обком ўл-ган уй"ни берасиз, ўша ерда яшайман.
Иккинчидан, любой зонага кириб, тухум, товуқ олишга рухсат керак. Учинчидан,
жасорат кўрсатмаса, иш кетмайди, дедим. Дарҳол тушунди - шофёрига имлади. У
бирайўла тўртта "Жасорат" виноси олиб келди.
- Юринг, мен ҳам тўртта олиб бераман, -
унинг сўзини бўлдим.
Биз йўлга тушдик, Жет ортимиздан эргашди.
Обий товуқхонага кир-ди-ю, қўлини чўнтагидан ҳам чиқармай:
- Транспортер жойида, трансформатор
бузилган: монтёрни топиб кел, - деди. - Мен токка қўл урмайман!
Индамай монтёрни излаб кетдим.
Тахминан икки кунлардан кейин Обийни
чойхонада кўриб қолдим. Четлаб ўтиб кетишни мўлжаллаётганимда, танбеҳ бериб қолди.
- Сен ҳам келажакда каттакон бўласан.
Амалдор дегани - катта ит де-гани. Лекин Мифтахиддинов...
- ...ягона одам, - унинг сўзини бўлдим.
- Нима дединг, - гапим ёқиб тушди.
- Сиз незаменимый одамсиз, устоз!
Ширин такаллуфдан Обий ийиб кетди. Бир
нималар демоқчи бўлиб жилмайди.
- Сен мени мақтама, - деди аллақандай
таъмали оҳангда, - ёрдам бер.
- Нима керак?
- Чўнтагимда бир тийин ҳам йўқ.
Бу одам зарур бўлиб қолишини чамалаб, қўлига
бирор шиша араққа етадиган пул тутқаздим. Обий буни кутмаган эканми, беҳад қувонди.
Ам-мо вазият ва оҳангни батамом ўзгартириб, пайдар-пай гапира кетди.
- Молодец! Хўш, ҳаётинг қалай? Сени қийнашмаяптими?
Получкада оласан. Балки кейинроқ оларсан...
Ундан кейинги учрашувимизда гапимиз алламаҳалгача
қовушмай тур-ди. Назаримда у қарзни қисташимдан хавотир тортди, мен бўлсам, тағин
пул сўрашидан чўчидим. Кейин мастларга хос гариллашга тушиб кетди.
- Дунёда энг буюк миллат - татар халқи. Сен
билмайсан - боласан. Йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи йилларда мактаблар,
техникумлар, институтларда татар муаллимлар ишларди. Савод ўргатарди. Буни
эсдан чиқармаслик керак!
- Ўзбек халқи...
- Мақтанма, - сўзимни кесди у, -
Ўзбекистондан ёки бошқа республи-калардан Америка қитъасида машҳур киноюлдуз чиққанми?
- Эҳтимол чиққандир.
- Йўқ! Биздан эса чиққан!
- Ким?
- Қўй! Во!
Назаримда чалғиб кетдим. "Обком ўлган
уй" ҳангомалари ҳақида га-пираётгандим. Аммо Обий ҳозир ўша ерда
яшаётганини ҳисобга оладиган бўлсак, мавзудан унча узоқлашмаганимиз аён бўлиб қолади.
Бу галги учрашуда ана шу саволларимга
жавоб изладим.
- Устоз, - дедим такаллуф ва муруват ила, -
камина сизнинг шогирдин-гиз. Сиз - буюк миллат вакили.
- Мақсадга ўт, - мухтасар қилди у.
- Уйингизга коинотдан келган меҳмонлар...
- Бу ҳақда сўрама, - ёқинқирамади у.
- Лекин ўша қизларни ҳаддан ташқари гўзал
дейишаябди.
- Ким?
- Кўрганлар: Зайнаб, Люда...
Шу тобда Обийнинг чеҳрасида зоҳирий бир мамнунлик, қониқиш ҳиссини илғагандек
бўлдим. Демак, гап бежиз эмас. Обийнинг айнан ўша жойини қашлашда давом этдим.
- Қизларнинг либослари оппоқ, ўзлари ҳам
оппоқ экан.
- ...
- Бунақасини бизда ҳеч ким кўрмаган эмиш.
- Ҳа, - чидаб туролмади Обий, - улар
чиройли...
Демак, гаплар беҳуда эмас. Бир лаҳзалик
сукунатдан кейин давом этдим.
- Қизларнинг ўзга сайёрадан келганига
ишонмай турибман...
Обий ҳушёр тортди.
- Қўй, бу гапларни!
Шу билан суҳбатга нуқта қўйилганди. Аммо
сирни батафсилроқ би-лишга бўлган ташналигим оловланиб қолаверди.
Орадан бирор йилча вақт ўтди. Биз Обий
билан апоқ-чапоқ бўлиб кетдик. Ҳалиги асрордан сўз очмаса ҳамки, имкон қадар
тухум, гўшт го-ҳида вино билан сийлаб турдим.
Бир куни у мени атайин излаб келиб қолди.
Бунақаси бўлмасди. Му-ҳим гапи борлиги - жиддийлашган қиёфасиданоқ сезилиб
турарди.
- Улуғ, сен менинг шогирдимсан-а?!
- Шундай, устоз.
- Сенга айтмоқчи бўлган гапим жуда муҳим:
уни ҳеч ким билмаслиги керак, - деди атрофга аланглаб.
- Хотирингиз жам бўлсин, устоз.
- Эртага мен туғилган кун.
- Табриклайман! Биринчи май байрамида
дунёга келган экансизда. Мукаррам баҳорда.
- ...
- Бизга нима хизмат бор? Камарбаста
шогирдингизмиз. Ҳеч тортин-манг!
- Жуда-а нозик меҳмонлар келади.
Ёдимга лоп этиб, ўтган йил айни шу куни қадамранжида
қилган ва ташрифи анча-мунча ҳангомаларга сабаб бўлган меҳмонлар тушишди.
- Биз ҳам нозик қилиб кутиб оламизда, -
дедим мамнунлик ила.
Орага мавҳум сукунат чўкди. Кутилмаганда
унинг дийдаларига ёш қалқиди, аллақандай дарди янгиланган аламзададай йиғлайбошлади.
Мен бу одамни ҳеч қачон бу ҳолда кўрмаган эдим. У алам билан ўксиб йиғлар ва ҳар
гал елкалари силкиниб кетарди. Саросималаниб қолдим. Бирор нима деб овутмоқчи
бўлганимда, ўзи сўз бошлади.
- Мен дуракман, Улуғ! Номуносиб отаман!
Ичкилик ҳароб қилган но-шуд бандаман! Уяламан, биласанми ўз аҳволимдан.
Куёвларим олдида... Номус қиламан. Қизларим ҳам ор қилишади бу ҳолатимдан.
Лекин сир бой беришмайди. Мен бўлсам, барини сезиб тураман. Ҳаммасига ўзим
сабабчиман!
- Азиз меҳмонлар келадиган бўлса қувониш
керак, - тағин далда бер-моқчи бўлдим.
Биз тағин жимиб қолдик. Вазиятнинг ўзи
шуни тақозо этган эди.
- Аҳвол ночорлигини биласан-а, Улуғ, -
дардини очабошлади Обий.
- Ҳеч гап эмас, бугуноқ санитар қизларни
юбораман: уйингизни тоза-лаб, жиҳозлаб беришади. Мана бу диван, стол, стулларни
ҳам олиб бора-миз!
- Тўхта, - хушламайгина сузимни кесди у, -
санитарларни қўй. Улар гапни кўпайтиришади. Ўзимдан қолар иш йўқ. Сен
майда-чуйда оббор-санг, бирорта кастюмингни бериб турсанг бас. Куёвларим билан
тани-шиб ол. Уларнинг калласи ишлайди.
Мен учун аксар асрорлар равшанлангандай
эди. Обийнинг айтишича, катта қизи Мексикада кино юлдузи экан.
- "Дикая роза"да ўйнаганди -
кўргандирсан.
- Бош ролдами?
- Ҳа-да. Балки бош ролдамасдир. Ким билади.
Эри элчихонада иш-лайди, ўзи испан.
- Кичкинасичи, - қизиқишим сўнмасди.
- Куёвимни сўраяпсанми? Ўзбек. Тошкентда қайбирам
министрнинг ўринбосари эди. Каттакони билан келишолмай, кетиб қолди.
Унинг ҳикоя қилишича, хотини рус бўлган
экан. Улар бирга яшай олишмабди (ичкилик сабаб бўлса керак). Хотини қизларини
олиб, Мос-квага кетиб қолибди. Қизлар "Халқлар дўстлиги"
университетига кириш-ган экан, куёвлар билан ўша ерда топишибди. Аёл гоҳида
Мехикодаги гоҳида Москвадаги қизиникида (шоҳона) яшармиш.
Эртаси Обийникига борсам, йўлакларга сув
сепиб, супуриб, атроф-ларни ҳам эпақага келтириб қўйибди. Хона имкон қадар
жихозланган, стол устида мевалар, турли шишалар тартиб билан териб қўйилганди.
Обдон ювинган, соқолларини тарашлаган, ораста либослар кийган Обий-ни дафъатан
кўрган киши танимай қолиши аниқ эди.
Меҳмонлар анча ҳаялликдан кейин
арбобларимиз миниб юрадиган, номер рақамларидан кейин СНО деб ёзиладиган
"Волга"да келишди.
Мавзудан андак чекиниб, ва такрор бўлса ҳам
шаҳарда ана шу уч ҳарф устида бўлиб турадиган ҳангомалар, мутойибалар хусусида
тўх-талмоқчиман. Бу ердаги амалдорлар (оддий халқдан ажралиб туриш учун бўлса
керак) хизмат машиналари СНО номерли бўлишига саъю-ҳаракат қилишаверади. Начора
"оддий халқ" ҳам қочириқ ва кесатишларга мойил бўлади - улар СНОни
Самарқанднинг нотанти одамлари деб шарҳлашади.
Мабодо даврада амалдорлар ёки уларнинг гумашталари бўлса, андак
юм-шатиб, Самарқанднинг нозик одамлари, дейишади.
Хуллас, СНО номерли машинадан, аввал шофёр
ёнида ўтирган, капа-лакнусха бўйинбоғ боғлаган киши тушди-ю, тавозе билан орқа
эшикни очди, инглизчалаб алланима деди. Орқа ўриндиқдан ўттизларни қорала-ган,
новча, тийран кўзли эркак тушди, менга қўл чўзди, ўзбекчалаб са-ломлашди. Бу
одам Обийнинг кичик куёви эканлигини дарҳол сездим. Мулоқотимизга гувоҳ бўлган
унинг ажнабий божаси ҳатосини тузатган бўлди - мен билан саломлашиб, алланима
деди. Шундан кейин кабинадан гул кўтарган икки жувон тушди. Улар ҳаворанг
плашч, аёллар шляпасини кийиб олишганди.
Бу икки навжувон Обийнинг қизлари эканлигини таъкидлаб ўтмасам ҳам
бўлади. Буларнинг қайбири ўша кино юлдузи эканлигини фарқлаш илинжида ўғринча қараб
олдим, аммо ўзимга таниш бирорта белгини илғайолмадим. Қизлар жуда ўхшаш ҳам
эди, улардан бири фақат оқ қўлқоп кийгани билан ажралиб турарди, холос. Улар
менга умуман эътибор беришмади, Обийга отилиб , уни ўпишди, кўзларига ёш олиб,
алланималар дейишди.
Биз ичкари кирдик. Жувонлар ёстаниб
ўтириб, йўл азобидан моно-лог ўқишга киришди. Шу орада Обий мени меҳмонларга
таништирди.
Маълум бўлишича, мексикалик меҳмонлар икки
кун олдин Москвага келишган экан. Кейин Самарқандга учадиган самолёт рейси
кечикибди. Салондаги тартибсизлик, санитарияга зид ҳолатлар меҳмонларга
ўтириш-мабди. Уларга узатилган кофе ва таомларнинг усти ёпилмаганлиги,
савдо-гар йўловчиларнинг маданиятсизлиги ҳақида сўз кетди.
Ўзбек куёв амалдор дўстидан хизмат
машинасини (ҳозир ташқарида турган) сўраган экан, у ҳам кечикиб келибди.
Бир пиёладан чой ичиб олгач, жувонлар
сирлигина қилиб, алланима-ларни таклиф қилабошлади. Куёвлар бир-бирлари билан
кўз югуртириб олгач, хайрихох бош силкишди ва Обийдан рухсат сўраган бўлишди.
- Бирорта ресторанга бориб ўтира қолайлик.
У индамади. Назаримда унга барибир эди.
Қаерда бўлса ҳам қизлари-нинг дийдорига тўйса кифоя.
- Самарқандда энг яхши ресторан қайси,
- савол берди куёв бу гал мен томон ўгирилиб.
- "Интурист",
"Юбилейний" билганимча жавоб қйтардим.
Кўп муҳокама бўлмади - машина рули
"Интурист" томон бурилди.
Ресторан катта залининг жуда ёруғлиги, қандилларнинг
турли ранг-ларда жилоланиши, чор тарафдаги ганж ўймакорлигининг бетакрор нақш-лари,
анвойи гуллар, шинамлик; официант йигитларнинг башанг кийимлари, тавозелари
дилимизга илиқлик бахш этди.
Куёвлар зал мудирини дараклашди, унга
алланима деб шипшишди. Ажнабийлар чўнтагидаги ҳидни олган чаққонлар чапдастлик
билан жой ҳозирлашди, стол устини ноз-неъматларга тўлдиришди.
Опа-сингиллар биздан узр сўраб, бир неча
дақиқага жавоб олишди. Фурсатдан фойдаланиб, кичик куёвга саволлар бердим.
- Сизнинг рафиқангиз ҳам санъаткорми?
- Йўқ, у - иқтисодчи. Опаси - кино юлдузи.
- Қайси фильмларда кўрганимни яхши
эслолмаяпман
У бир зум мушоҳада қилиб олгач, давом
этди.
- "Раққосанинг қисмати" фильмида
бош ролни ўйнаб, "Олтин нилу-фар" мукофотини олганди. Шунинг ўзи
таъминлайди буларни. Бу фильм ҳали бизда дубляж қилинмаган. Ундан олдин
"Бойлар ҳам йиғлайди" фильмида Сара ролини ижро этганди.
Ҳадемай жувонлар батамом ўзгача либос ва
кайфиятда пайдо бўлиш-ди. Енгилгина
пардоз уларнинг чеҳрасини батамом сулувлаштириб юбор-ганди. Бағоят ингичка қилиб
сурма тортилган қошлар, шафтоли гулини ёдга солувчи яноқлар; оппоқ, яланғоч
елкалар ўзра паришон сочилган тиллоранг сочлар... Дудоқлар ва билакларнинг
нафислиги, лаблардаги қу-юққина помадалар, садафранг тишларни таърифламай қўяй.
Татар ва рус қонлари қоришмасидан бунёд бўлган бу беназир вужудлар пардоз
туфай-лигина эмас, табиатан бағоят нозанин бўлишгани учун, ҳатто ҳис-туйғула-ри
ўтмаслашиб қолган киши ҳам беихтиёр тамшаниб қўйиши турган гап.
Мен Сарани дафъатан танидим. Гарчан
опа-сингиллар бир хил (оп-поқ) либосда ва эгизакдек ўхшаш бўлишса ҳамки,
тасаввуримда унинг сўзлари, ҳаракатлари қайта тикланди.
Биз хушомадлар қилиб, уларга жой
кўрсатдик.
Биринчи қадаҳ, албатта, ана шу ўтиришнинг
бош сабабчиси - Обий учун кўтарилди.
Катта куёв музикачилар олдига бориб
чулдиради, таржимон ҳам то-пилди ва унинг муддаосини тушунтириб берди. Машшоқлар
бош силкиб, розиликларини билдирдилар, сўнг айрим чолғувчиларни алмаштирдилар,
баҳслашиб, созларни қайтадан жўр қилишди.
Кўп ўтмай нотаниш, аммо дебочаси биланоқ
дилни энтиктирувчи оҳанг сел бўлиб оқа бошлади. Виолончел, флейта ва яна
алланималар жўрлигидаги бу куй шарқ ва ғарб оҳангларининг бетакрор уйғунлиги
эди.
Айрим фильмларда
Мексика тангоси, лўлилар, испанлар рақсидаги гоҳи-да сокин, гоҳида кескин ҳаракатларни
кузатиб, ҳайратга тушган дамла-римни эсладим.
Шу пайт нигоҳларимиз Сара (уни шундай деб
айтақолай) билан тўқ-нашди ва унинг қорачуқларида нур ялтираб кетгандай бўлди.
Вужудида исён ўйғанаётганди бу нозаниннинг! Чунки қадрдон оҳанг зўр бериб,
дав-рага чорлар, фақат ҳаёми, андишами унинг ҳарир этакларидан тортиб тургандай
эди.
Сара жўшқин туйғуларини ортиқча
жиловлолмади: яланғоч қулочла-ри, дастпанжаларини кенг ёзиб, ўртага тушди.
Аввалига унинг ҳаракатлари батамом эркаклар рақсини эслатди менга. Бағоят кўҳли
бу гулчеҳрага йигитлар рақси бунчалик ярашишини, худо ҳаққи, хаёлимга ҳам
келтирмагандим. Эҳтимол, айрим жувонларда эркакларга хос қатъият, жасоратни
кўриб, тасанно айтган дақиқаларингиз бўлгандир?! Ана шундай ҳолат оғушида эдим
мен.
Кейин эса оппоқ, чиройли оёқлар оҳангга ҳамоҳанг
рақс қилабошла-ди. Улар аввал секин, сўнг тезроқ полга урилиб, ноғораникига
ўхшаш са-до чиқарабошладилар. Зал жонланди - нигоҳлар жиддий аммо сеҳрли
ву-жудга қадалганди.
Сиз "қайроқ" рақсини биласиз,
албатта. Бунда раққоса бор вужуди билан ўйинга тушган ҳолда, ҳовучлари
орасидаги тошларни ҳам сайратиб юборади. Машшоқлар ритми, нотасини бузмай,
баръакс уларни тўлдира-ди, мадад беради.
Океан ортидан ташриф буюрган бу ораста
кино юлдузи эса айнан пошналари билан янги куй яратар ва бу ҳамоҳанг овоздан
ўзи ҳам сармаст давра айланарди.
Қарсаклар, қийқириқлар янграй бошлади.
Шуниси ғалатики, унинг ўзи ҳам туйғулари жунбўшга келганда, ҳамоҳанг қийқирар ва бу ҳам
дил-ларни зоҳиран ларзага солар, сармаст кайфиятларни тағин оловлантирарди.
Бу орада биз раққосадан деярли кўз узмаган
ҳолда, шундай қудратли санъатни бизга мерос қилиб қолдирган яхши одамлар учун қадаҳлар
кў-тардик. Ҳадемай кайфим ошди - кўз ўнгимда сарҳадсиз океан, соҳилга бир
меёрда урилаётган тўлқинлар, денгизчилар, негрлар гавдаланди.
"Ин-турист" ресторани уммон ўзра чайқалиб-чайқалиб сузаётган кемага
менг-зарди.
Эҳ, бетакрор эди буларнинг бари!
Эҳтимол, менинг бу дунёқарашимни айбга
йўярсиз. Ўрта мактаб ва институтда русча
ўқиганим сабабми ё бошқа нарсанинг таъсирими Евро-па, Америка қитъаси нодир оҳангларини
азалдан яхши кўраман.
Айбласангиз ҳам майли, Тошкент
телевидениесидан кўра Москва ка-налларини ёқтираман.
Бунинг учун бот-бот дашномлар ҳам эшитиб
тураман, аммо начора...
Майли, рақсга қайтайлик. Ажабо, нечун
одамлар боқийликни байроқ қилиб, ўлмас оҳанглар, рақслар яратадилар: тағин ҳайкаллар
тиклайди-лар, китоблар ёзадилар? Ўлимга, Азроилга қасдма- қасд шундай йўл ту-тишади, деб ўқигандим аллақаерда.
Ўлим
- ҳақ, дейишади. (Кўп ҳолларда у ноҳақ ҳам бўлади) Қаттол Азроил гадони ҳам,
президентни ҳам аямайди. Мана шу раққосани шўх-шодон қийқираётган (фақат ўзбек,
тожик эмас; рус, инглиз, япон ва бош-қалар бор булар орасида) хушчақчақ
оломонни худди гул дасталангандай қайчилаб кетиш аламли, албатта.
Лекин одамлар ҳам ожиз эмас! Қани
Азроилнинг кучи етса, улар яратган санъатни ўлдириб кўрсинчи!
Ҳамма нарса вақтдан, аниқроғи, ўлимдан қўрқади,
дейишади. Лекин вақт ё ўлим ҳам боқий санъатдан чўчиса ажаб эмас!
Фалсафабозлик қилганим учун узр. Эҳтимол,
бу ичкиликнинг таъсири бўлса....
Аслида, ҳар қандай санъатни, айниқса рақсни
сўз, фалсафа билан изоҳлаш, ифодалаш мушкул. Уни фақат мириқиб томоша қилган
киши ютади. Келинг, биз ҳам томоша қилайлик!
Жувон ҳамон одамларнинг завқига завқ
улашиб, давра айланарди. Дафъатан кескин ҳаракатлар, манёврлар ўрнини
"Танавор" ёки "Муно-жот" тушаётгандай сокинлашиш эгаллар,
раққоса юзида ғамзами, дардми зоҳир бўлар, бундай лаҳзаларда ўкинган вужудни қўчгинг,
овутгинг, ша-каргуфторликлар қилгинг келарди.
Ногаҳонда, ҳаяжонли нигоҳларим Обийга ва
унинг иккинчи қизига тушди. Обийнинг кайфи баланд эди, официантга ана шу раққоса,
яъни Мексика кино юлдузи унинг қизи эканлигини ифтихор ила уқтирарди. Сўнг
ёнидаги қизи томон имлаб,алланималар деди. Қизи эса шоҳисталик ила опасининг
хиромон ҳаракатларини беҳудуд ҳавас, ташналик ила то-моша қилар, завқдан қорачиқлари
ёнар, нимадандир сескангандай бўлиб кетар ва бундай лаҳзаларда дуркун кўкси
силкиниб қўярди.
Рақс - бетакрор санъат. Аммо уни томоша қилабилиш,
ҳайратга ту-шиш ҳам ҳунар эканлигига имон келтирдим ўшанда.
Назаримда айнан ана шу мусиқа санъатида ҳали
фанга аён бўлмаган асрорлар анчагина. Биргина мисол келтирмоқчиман. Синглим Моҳинбо-нунинг
атиги бир ёшли қизчаси (Ситора) бор. Радио, телевизордан шўҳ-роқ оҳанг янграб қолгудай
бўлса, билаклари, бармоқларини ҳамоҳанг теб-ратиб, чунонам рақсга тушадики,
ажабланмай илож йўқ. Ахир, ҳали гапи-ролмайдиган, тик туролмайдиган қизча-я! Эҳтимол
бошқа барча санъат-лардан фарқли ўлароқ,
Одам Ҳаво билан Момо Ҳаво қонимизга сингди-риб юборгандир,генларимизда
бордир бу ҳиссиёт?!
Рақс санъатининг олий босқичи - муз устида
балетни томоша қил-ганмисиз? Раққосанинг ўз жуфти билан (муз устида сирғаниб
юришнинг ўзи бир мўжиза) гоҳида сокин, гоҳида кескин ҳаракатларини кузатиб,
юрак ҳовучлаганмисиз?
Бу гапларни беҳуда айтаётганим йўқ.
Инсоният имкониятлари беҳу-дуд эканлигини намойиш этадиган ана шу санъатга ҳам
лоқайд қарайди-ганларни кўрганман. Дарвоқе, бу мўжизани фақат кўнглида завқи
бор одамгина идрок этиши мумкин.
Ичкилик сеҳрими, туйғулар жумбўшими - ҳамон
давра айланаётган Сара назаримда муз устида сирпанаётгандай бўлиб кетди.
Ўрнимдан ту-риб, аввал оёғим остига термулдим, кейин уни томоша қилаётганлар
са-фига қўшилдим. Назаримда сармаст оломон даврада машҳур Мексика юл-дузи
ўйнаётганлигини сезиб қолганди. "Виктория!" "Мария!"
"Сара", де-ган мурожаатлар янграйбошлади. Кимдир инглизчалаб:
"Яшасин, Мекси-ка!" деди.
Оҳанг авж пардаларга кўтарилди. Раққоса
кескин сакраб, қийқирди. Шунда унинг этаклари кўтарилиб, оппоқ кўйлагига қарийб
ҳамранг сон-лари кўриниб кетди. Бир йигит (ўзбек ёки тожик бўлса керак)
Саранинг устига хазонрезгидай қилиб пул сочиб юборди. Қайдандир болакайлар
пайдо бўлишди, кейин ошпазлар, официантлар оч эчкилардай пул териш-га тушдилар.
Ит эгасини, мушук бекасини танимай қолди
Бу ҳол негадир раққосанинг завқини
сўндирди. У ўйинга якун ясади.
Орадан бир неча дақиқа ўтиб, чолғувчилар
ўзга оҳангни бошлагач, шеригим (кичик куёв) тоза ҳавога чиқиб келишни таклиф
этди. Бу маъ-руф одам билан бўладиган бир неча дақиқалик мулоқот
тасаввурларимни ағдар-тўнтар қилишини ва охир-оқибатда ҳаёт йўлимни бошқа
ўзанга бу-риб юборишини хаёлимга келтирмагандим ўшанда. Унинг теран мушоҳа-далари,
сиқиқ ва радикал мулоҳазалари онгимга тоза ҳаво бўлиб кирди.
Суҳбатдан шу нарса аён бўлдики, у аввал
республикамизда министр ўринбосари бўлиб ишлаган экан, кейин катталар билан
келишолмай, Москвага кетиб қолибди. Раҳбарларимизни, жумладан вилоят ҳокимини ҳам
яхши биларкан, аммо уни мақтамади, бўш-баёвликда айблади.
- Қайси куни кабинетда гаплашиб ўтиргандим,
бир киши важоҳат ила кириб келди. Кейин билсам, ишдан олинган ҳокимлардан бири
экан. "Менга иш топиб берасан!" деди сан-санлаб. "Халқнинг ҳисобидан
ҳаша-матли иморат қурмаслик керак
эди", деди буниси. "Ўзинг кўрмаяпсан-ми!" ўшқирди у. Билдимки,
тили қисиқ.
- Ҳа-да, асосий ишлар қолиб кетаяпти, - қўшилдим,
- Самарқанддаги заводлар бирин-кетин тўхтаяпти, буёғи ишсизлик...
Шундан кейин мавзу беихтиёр менинг тақдиримга
кўчди. Аввал фаб-рика ҳақида сўради.
- Қарзга ботганмиз. Уч миллион сўмга яқин.
У надомат ила сарак-сарак бош тебратди ва
давом этди.
- Бўғзигача қарзга ботган бундай афтодаҳол
хўжайинга хизматкор бўлиш - арзимайдиган иш. Бизда бу фабрикаларнинг келажаги
йўқ. Катта фабрика, заводлар фақат қудратли мамлакат учун керак!
- Дори-дармон йўқ, озиқада калория жуда
паст, - давом этди.
- Агар сотишса, бирорта корпусини харид қилиш
керак, - деди маслаҳат оҳангида, бир дақиқалик сукунатдан кейин. - Қарз керак
бўлса, мен ёрдам бераман.
Унинг валламатлиги меҳримни жўш урдирди.
- Бу - дилимдаги орзу, - ҳаяжонимни
яширолмадим, - аммо бу конце-лярия каламушлари хусусийлаштиришнинг бориб турган
душманлари-ку!
- Биламан, - надомат чеккан бўлди у, -
айнан шу масалада келишолмай - кетганман. Барибир сотишади, аммо вақтни беҳуда
совуришгани қолади. Мустақиллик эълон қилинганига олти йил бўлаяпти!
- Мен ўттиз минг товуқ сиғадиган
корпуслардан бирини олардим. Дон билан дорини ернинг остидан бўлса ҳам
топардим. Оғайниларим, дўстла-римни ишга
қўярдим, уларга яхши ҳақ тўлардим...
- Мадомики сотишмас экан, бу ердан кетиш
керак, - ўйчанлик билан маслаҳат берди меҳмон. - Бизнесга! Умр беҳуда ўтмасин!
Худо ҳаққи, бу ҳам дилимдаги сархуш сароб
эди. Аммо ветфакда беш йил ўқиб...
- Ветеринария соҳасида ҳам бизнес қилиш
мумкин, - фикримни ўқ-қандай давом этди суҳбатдошим. Масалан, фирма очиб,
Россиядан дори-дармон олиб келиш, чет эл фирмалари билан боғланиш мумкин. Савдо
ёмон бўлмас... Кейинчалик шу ернинг ўзида дори тайёрлаш...
Ҳидояткорлик бор эди бу зукко одамнинг
гапларида. Биз тағин жи-миб қолдик. Хаёлларим чувалашиб кетди.
- Самарқандда ветаптека борми, - сўради у.
- Йўқ. "Госветснаб" бор, аммо у
ерда ҳеч вақо йўқ.
- Тем более...
Индамадим. Бирор тўхтамга келишим учун
фурсат керак эди.
Биз ичкари кирдик. Энди кўзимга ҳеч нарса
кўринмас, ҳатто Сара ҳам эътиборимни тортмас, фикру зикрим бояги таклифдан алғов-далғов
эди, аниқроғи, ҳозиргина сепилган уруғ ниш уриб, мени безовта қилаёт-ганди.
Тағин икки соатлардан кейин биз аэропортга
чиқдик. Бу ерда Сара мендаги ўзгаришни сезди, шекилли, беихтиёр гаплашди.
- Айтингчи, Самарқанднинг ўз конституцияси
борми?
Бир лаҳза каловланиб қолдим. Савол анчайин
тумтоқ бўлиб туюлди хаёлимда. Лекин Мексикада ҳар бир штатнинг ўз
конституцияси, парла-менти борлиги ёдимга тушиб, барини тушундим.
- Йўқ, Самарқанд штат ёки давлат эмас,
вилоят.
- Барибир конституция керак. Чунки бу ерда
миллат ва обидалар кўп.
Шу тобда сиёсат ҳақида сафсата сотишга
заррача тобим йўқ эди.
Гап ўзанини, беихтиёр
бошқа томонга бурдим.
- Санъат ҳар қандай сиёсатдан устунлигини
намойиш қилдингиз. Сиё-сатчи ҳар қанча зукко бўлса ҳамки, уларни ҳамжиҳат қилолмайди.
Сиз турли миллат вакилларини...
- Сиёсатда бир нақл бор, - сўзимни кесди у,
- ёшликда экстремист, кексаликда компромист бўлмаган одам нормал эмас. Раққоса ҳам
шунга ўхшаш. Фақат ёшлигида... Боксчига ўхшаб... Кейин тамом. Боксчи - тре-нер
бўлади, раққоса - балетмейстер. Ҳарҳолда бизнинг Америкада шундай.
Хайрлашиш олдидан қизлар, куёвлар менга
илтифотлар қилишди, Обийдан бохабар бўлиб туришимни сўрашди, визиткалар
беришди. Чол қизлари билан хайрлаша туриб, кўзларига ёш олди.
Такси тутиб, Обийни ўша машъум "обком
ўлган уй"га олиб келдим. Жет бизни кўриб, беҳад қувонди, оёқларимиз остига
чалқанча ётганича, мурувват кута бошлади.
- Сен итсан - ҳеч нарсани билмайсан, - унга
сўз қота бошлади Обий, - бу дунёда ёмонлар бирлашади, яхшилар эса.... Во! Шуни
биласанми? Бу-гун ичмасам, бўлмасди. Энди оғзимга олмайман. Балки оларман...
Уни бир амаллаб ичкарига олиб кирдим.
Безатилганича бир зайлда турган столни, айниқса кўзни ўйнатувчи шишаларни
кўриб, чеҳраси та-ғин ҳам очилиб кетди.
- Улуғ, мени ҳурмат қиласанми...
Жавоб қайтармадим, уйга айтмай чиққаним
учун жуда шошилаётган эдим. Чала-чулпа хайрлашиб, ташқарига чиқсам, аллақандай
кўланкалар юрибди. Мазкур кўча ва уй ҳақидаги олди-қочди гаплар ёдимга тушиб,
юрагим увишиб кетди. Ўзимни қайта ичкарига олиб, деразадан кузатсам: таниш қиёфалар: директор ўринбосари, участка
милиционери, халқ демократик партиясининг фабрика бўйича саркотиби. Ажабланиб,
ташқари чиқишим билан улар мени ўраб олиб, хавотирона саволга тута-кетишди.
- Раҳматов, - одатдагидек фамилиямни айтиб,
мурожаат қилди партия маъмури, - ҳаммаёқда дув-дув гап - бошқа қитъадан
(сайёрадан демоқчи) меҳмонлар келибди.
Нима дейишни бир лаҳза ўйлаб турдим.
Нафсиламбирини айтганда, бу мижғов безбетни жиним суймасди. Фабрикада унинг лақаби
Баёнқул. Бирор товуқбоқарни иккита тухум билан тутса ҳам, кабинетига олиб
кириб, "Баёнот ёз!" дейди. Қитъа билан сайёранигина эмас, баёнот
билан тушунтириш хатини ҳам фарқлай олмайдиган тунг-у такаббур одам. Шунинг
учун қувлигим тутди.
- Ҳа, меҳмонлар келишди - мен улар билан
бирга эдим, - дедим.
Уччовлари ҳам менга яқинлашиб, гапнинг
давомини эшитишга оши-қишди. Жим тураверганим учун милиционер тергаб қўйди.
- Гапиринг!
- Нимани?
- Қанақа одамлар экан, нималар дейишди?
- Уларга ваъда бериб қўйдимда - ҳеч кимга оғиз
очмайман, деб.
Маъмурларнинг ҳафсалалари анчайин пир
бўлди.
- Идорага юринг, - деди ниҳоят
"зам", - директор кетмай ўтирибдилар. Ўзлари билан гаплашинг.
Ҳозир бош тортсам, милиционер жоҳиллик қилиши
( мастлигимни рўкач қилиб, тегишли жойга олиб кетиши) мумкинлигини ўйлаб,
уларга эргашдим. Йўл-йўлакай сўз қотиб, мендан гап олмоқчи бўлишди, аммо қайсарлигим
баттар тутди.
Директор кетиб қолганми ёки бирор юмуш
билан чиққанми - ҳарқа-лай кабинети бўм-бўш экан. Улар бошлиқни дараклаган
бўлишди, сўнг партия котиби олдимга бир варақ қоғоз қўйди.
- Директор номига баёнот ёзинг! Кўрган -
билганларингизни....
Жуда ноўнғай, танг аҳволда қолгандим.
Негадир андак жаҳлим чиқди.
- Бошимда одамлар қаққайиб турса, баёнот
ёзолмайман!
Улар хушламайгина чиқиб кетишди. Мен
ручкани олиб, ёзишга ки-ришдим.
"Самарқанд
паррандачилик фабрикасининг директорига ветврач Раҳматов У. томонидан
АРИЗА
Мени
эгаллаб турган вазифамдан озод этишингизни сўрайман».
Имзо чекиб, числони (1996 йил, 1май) ёзиб столга
қўйдиму, сирғанибгина чиқиб кетдим.
ЎН ИККИНЧИ
БОБ
"СИРЛИ ҒОР"
Самарқанд, Бухоро, Хива сингари шаҳарларда
яшайдиган мухбирлар - улар ТВ, радио, газета, журналда ишлашадими - барибир, қадимий
обида-лар ҳақида ёзмасликлари қийин.
Мен ҳам бундан мустасно эмасман.
Дастлаб Шоҳи Зинда ёдгорлиги ҳақида ёзар
эканман, тарихий обида-лар ҳам табиат мавзусидай серқирра, битмас-туганмас
эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Сўнг Шоҳи Зинда ва бошқа обидалар ҳусусида
бот-бот қалам тебратадиган, меҳмонларни мазкур масканларга сайрга олиб
бора-диган бўлдим.
Иштиёқингиз бўлса, қўлни беринг...
"Шоҳи Зинда" тожикча калом
бўлиб, барҳаёт шоҳ деган маънони англатади. У мачит ҳам, мадраса ҳам эмас,
балки жуда қадимий қабрис-тондир. Бирор бир мамлакат ёки қитъада бунақаси
бўлмаса керак. Ўнин-чи асрда жангда шаҳид бўлган шаҳзода билан кечагина
автомобил ҳало-катидан жон берган йигитча бу мунгли гўшада ёнма-ён ётишади,
уларни асрлар ҳам, эътиқодлар ҳам ажратолмайди.
Шоҳи Зинда деб аталиши эса унинг марказидаги
ҳазрат Қусам ибн Аббос қабридаги жумбоқ билан боғлиқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад
САВ-нинг яқин қариндошларидан бири бўлмиш ана шу зотнинг қабридан йил-нинг
маълум муддатларида сирли садо чиқади. Мазкур садо гоҳида жанг майдонидаги
найза, қиличлар жарангига ўхшаса, гоҳ темирчининг бир ме-ёрда болға уришини
эслатади.
Эмишки, қадим замонларда Суғдиён тупроғига
мўру малакдек бўлиб, ёв бостириб кирибди. Жанг узоқ давом этибди. Суғдларнинг
жасур лаш-карбошиси ноилож қолиб, ана шу ердаги ғорга яширинган эмиш. Ҳозир
улар қилич, қалқон ясаётганмишлар - қачонлардир чиқиб, ёвга зарба бе-ришармиш.
Худди шу ўринда жилла чекиниш қилишга, аниқроғи
сакраб кетишга ижозат этсангиз.
Юқоридаги қаторлар остига чизиқ
тортишимнинг боиси шундаки, мазкур китобнинг биринчи нашри чоп этилгач, шоир
Мирзо Кенжабек "Сирли ғор" деган шеър эълон қилди. (Мазкур шеър
шоирнинг 1988 йил-да нашр этилган "Шарқ тили" китобига ҳам
кирган). Шеърга айнан юқоридаги икки
абзац эпиграф қилиб олинганди. "Сирли ғор" шеъ-рини ўша пайтда эълон қилиш
- чинакамига жасорат эди. Шунинг учун бир неча ойгача шоир укамнинг тақдиридан ҳавотир
тортиб юрдим. Шу-курки.... Яхшиси, шеърни ўзингиз ўқиб кўринг.
* * *
Яна ёвлар келди ёвлар ортидан,
Юнони шох отди, араби ғазот
Жасурлар туғилди ҳалқнинг дардидан,
Бари мағлуб бўлди... Чиқмади у зот.
Турбат - ғорда эса болғалар зарби,
Ғорда тинмас эди ул сирли садо.
Эл нажот тиларди: чиқ энди мардим,
Юртинга озодлик айлагин ато!
Кўзини борича очиб,
диёрга
Яна босиб келди бадавий муғул
Ночор эл муножот айлади ғорга:
Чиқ энди, мадад бер, муҳтарам ўғил!
Ҳар гал ёв босганда, эл солиб
уввос,
Товушин кўтарар эди бир парда:
Тупроқни ёғийдан айлагин холос,
Бор бўлсанг, чиқақол энди,
саркарда!
Фалак - тегирмоннинг оғир тоши деб,
Халқ сукут қилганда,битиб сабрлар,
Энди чиқа қолгин, лашкарбоши, деб
Йўқлади, йиғлади ҳатто қабрлар.
Душман
келаверди, оқибати - Шарқ
Золимлар ҳукмидан куя бошлади.
Азал бир-бирин деб ўрганган халқ
Алҳазар, бир-бирин ея бошлади.
Балки ғор тубида саркарда ҳайрон -
Чиқиб кимга боқсин, топсин не йўриқ:
Тош отар, ўқ
отар, сўз отар бийрон
Шоҳга — шоҳ, хонга — хон, уруғга —
уруғ!
Куйгамас, кўникди Ватан ҳарбларга,
Улус ўз-ўзига ёвлашди такрор.
Сирли садо бериб, куюк қалбларга
Таскин бўлаверди Шохи Зинда, ғор..
Латифалар эмас,
юрак - бағримдан
Мен ўйчан ўланлар англаб юрардим.
Тошкентдек ҳайрати ўлик шаҳримдан
Мискин ривоятлар тинглаб юрардим.
Самарқанд
васлига ошиқдим бир кун
Таскинлар топсин, деб ошиқ юрагим.
Мен ҳам зиналарни санадим дилхун,
Мен ҳам ғор тубига кулиб қарадим:
Токай алдагайсан
ғофил дунёни
Эй, ровий мангулик, эй ширин оғу?!
Уриндим, суриндим, сирли садони
Фақат... юрагимдан эшитдим, ёҳу!
Элга фош қилмадим ҳолимни бироқ,
Англашар, маталдан бир кун
туйсалар,
Қалбимда оҳанглар ясарди яроқ.
Қалбда жарангларди қилич -
найзалар.
Муқаддас жойлар кўп заминда ҳамон:
Миср, Доруссалом, Шоҳи Зиндами...
Гўзал афсонаси борларга аммо
Индама юрагим, ҳаргиз индама.
Индама, гулханим, тошим, шалолам,
Башарни айирма йўғу боридан:
Умидвор яшасин бахтга зор олам
Садо тинглагунча юрак ғоридан.
1987й.
Самарқанднинг қадим подшоҳларидан бири ғордаги
мазкур жумбоқ билан жуда қизиқиб қолган,
дейишади. У бир навкарнинг белига арқон боғлатиб, ана шу чуқурга туширибди.
Алламаҳалдан сўнг навкар дод солибди. Тортиб олишса, бояқиш қоп-қора бўлиб,
куйиб қолган эмиш. Бошқа бир навкар унинг белидаги арқонни ечиб, ўз белига боғлабди.
- Дод солсам ҳам, тортиб олманглар, -
тайинлабди у.
Арғамчи охирига етиши билан навкарнинг оёғи
ҳам ерга текканлиги аён бўлибди. Бир зумдан сўнг тортиб олиб қарашса, навкар беҳудуд
ҳаяжонда экан. Зудлик билан уни шаҳаншоҳга рўпара қилибдилар.
- Аввал тилагимни бажо келтиринг, -
дебди навкар таъзим ила.
- Тила - тилагингни!
- Бир отга миниб, қибла томон ҳайдайман,
жонивор тўхтаб қолган жойгача музофот ҳокимлигини менга берасиз.
Навкар тўриққа қамчи босибди. Зум ўтмай, у
кўздан ғойиб бўлибди. "Оҳанин" дарвозасидан чиқиб, бирор чақирим йўл
босгач, от мункиб ке-тибди. Очкўз навкар шу ёғига ҳам қаноат қилмабди, йиқилаётиб
қамчи-сини улоқтирибди.
- Ҳов-в, қамчи тушган жойдан бериси
меники...
Лекин шўрликка ҳокимлик насиб этмаган
экан: У ўша ерда отнинг остида қолиб, жон берибди. (Самарқанд туманидаги
"Мароқанд" ширкат
хўжалигида Қамчинон
деган қишлоқ бор. Ўша ерни қамчи тушган жой дейишади). Жумбоқ эса асрорлигича қолаверибди.
Археологларнинг кафолат беришича,
йилнинг маълум фаслларида ер ости сувларининг сатҳи пастга тушганда, юқоридан
томчи томаркан. Бу - ўшанинг садоси экан. Ким билсин...
Биз сайрни Шоҳи Зинданинг марказидан
бошлаб қўйдик. Аслида унинг остонасига қадам қўйибоқ, ҳайрат оғушида турфа
жумбоқларга дуч келасиз. Дарвозадан киришингиз биланоқ, бошловчилар тўтиқушга
ўх-шаб, бир гапни такрорлайверадилар:
- Мана бу зиналарни санаб чиқинглар, кейин
тушишда ҳам ҳисоблай-сизлар. Саноқлар бир хил чиқса, демак, сиз - гуноҳлардан ҳоли.
Бу ибора инглиз, япон, француз, араб, испан ва бошқа тилларда янграйди. Сиз ҳам
турли қитъалардан келган меҳмонларга қўшилиб, қадамларингизни ҳисоб-га оласиз
ва ҳар гал "гуноҳкорлигингиздан" ҳижолат чекасиз.
Зинадан кўтарилишингиз билан Шоди Мулк
хоним мақбараси сирли китобдай пайдо бўлади қаршингизда. Орадан беш аср ўтган
бўлишига қа-рамай, бўёқлар гаммаси заррача хира тортмагани сизни ҳайратга
солади. Кимёгарларимиз ана шу ранглар таркибида, ҳозирча ўттиздан ортиқ
эле-мент борлигини аниқладилар. Тадқиқотлар эса давом этаяпти.
Мазкур даҳмада ётган аёл ҳақида
гапирадиган бўлсам, унинг бағоят чалкаш ва маҳзун тақдирига ачинмай иложим йўқ.
Шоди Мулк хоним - соҳибқироннинг набираси
- Халил султоннинг умр йўлдоши. Темурийлар салтанати парчаланиб, Самарқанд бир
муддат Халил Султон қўлига ўтганидан хабардорсиз. У умр йўлдошини мажнуно-на
севгани, ишонгани сабаб, ҳокимиятни ҳам маълум даражада унинг их-тиёрига
топширган.
Аслида оқсуяклардан бўлмай, қорачадан чиққан
аммо лекин бағоят сулув, ақлли, жасоратли бу аёл раиятга қарашгани рост. Бу
хусусда та-рихчи Солмоний ёзади: «Қимматли либоси бўлмаган киши Шоди Мулк
туфайли заррин саруполарга чулғанди, ямоқ шолчаси ҳам бўлмаган киши қимматбаҳо
кўрпаларга бурканди, танғийдиган рўмоли бўлмаган киши дурру гавҳарлар билан безатилган тиллақош
тақди».
Алишер Навоий "Лайли ва
Мажнун"ни ёзишда Халил Султон билан Шоди Мулк муҳаббатини асос қилиб
олган, дейишади.
Аёл кишининг тахт соҳиби бўлиши ўша
даврнинг айрим пешқадам кишиларига ҳам ўтиришмаган. Тарихчи Али Яздий
"Зафарнома"да бу ҳақда заҳархандалик билан шундай дейди:
Шукуҳи намонад дар он хонадон,
Ки
бонгу хурўс ояд аз мокиён
Яъни товуқ хўроз бўлиб қичқирган хонадонда
шукуҳ қолмайди.
Хуллас, Шоди Мулкнинг аччиқ қисматидан
изтиробга тушмай ило-жингиз йўқ. Шоҳрух Мирзо Самарқандни забт этгач, аёлнинг қўл-оёғини
боғлаб, бозорда тошбўрон қилдирган. Кечагина унинг марҳаматидан баҳ-раманд
бўлган оломон шўрликни хуну хунсор этгани жаҳолат ва қабоҳат-дан ўзга нарса
эмас, деб биламан.
Лекин малика тирик қолган. Султон суягини
хўрламас деганларидек, Шоҳруҳ Мирзо ўғлини Рай ҳокими қилиб тайинлагач, мажрух
Шоди Мулкни ҳам унинг ихтиёрига топширган.
Улар Рай шаҳрига келиб, ўз жонларига қасд
қилишган.
Эҳтимол бу адолатсизлик ва истибдодга қарши
кўтарилган исёндир.
Шоди Мулк хонимни тириклигида таъқиб
этган шум қисмат ҳозирги кунда ҳам ўчакишиб,
шўрликни жазолаётгандек бўлиб кўринади. Айрим олимлар, журналистлар
бот-бот бечорага тақви лаънат тақиб
туришади.
Менинг эса анчайин радикал одамман. Унинг қабри
қаршисидан ўта-ётганда ихлос билан Қуръон тиловат қиламан, унга
шакаргуфторликлар қилгим, овутгим, далда бергим келаверади.
Қусам ибн Аббос мақбарасига кираверишда,
пастаккина эшик бор. Бу ўймакор боғдоди эшикнинг тепасига: "Амали Усто
Юсуф Шерозий" деб ёзилган. Олти асрдан бери у очилиб, ёпилади. Гап бунда ҳам
эмас: эшик ана шу даргоҳга ўрнатилганига олти юз йил бўлган. Ўймакорлик
санъатининг бунақа бетакрор дурдонасини дунёнинг бошқа бирор қитъасида
учратолмайсиз. Араб имлосининг жозибали нақшларга айланиб кетиши, безакларга қимматбаҳо
тошлар, суяклар билан зеб берилиши ҳайратингизга ҳайрат қўшади.
Биз атиги бир қабр, зина ва эшик хусусида
сўз юритдик. Ҳозирча шу кифоя, Шоҳи Зиндада элликдан ортиқ даҳма, гумбаз,
мачит, минора ва мадраса бор. Уларнинг ҳар бири хусусида ўнлаб саҳифалар
тўлдириш мумкин.
Ҳар бир шаҳарнинг ободлигини кўрай десанг,
унинг бозори билан мозорига кир, деган экан машойиҳлар. Бозордан олдин қабристонга
олиб кирганим учун узр.
Бозор ҳам шундайгина - кўчанинг нарёғида.
Сиз унинг дарвозасига рўпара бўлсангиз, - бас, одамлар тўлқини елкалари билан
суриб, ичкари олиб киради.
Сиёб бозори. Агар сиз уни фақатгина
савдо-сотиқ маскани деб ўй-ласангиз, хато қиласиз. Сиёб бозори - жаҳоннинг ҳеч
бир музофотида уч-рамайдиган туристик сайргоҳ. Бу ерда сизга турли тилларда
мурожаат қи-лишади. Нафақат русча, ўзбекча, тожикча балки корейсча, яҳудийча...
лаҳжалар ҳам эътиборингизни тортади.
Самарқанд азалдан байналминал шаҳар
бўлган. Маҳаллалар ва атроф-даги қишлоқларнинг номи: Эронигузар, Жуҳутон,
Арабхона, Исловот 1, Туркманқишлоқ...
Шу ўринда бир луқма. Биз - журналистлар
сўнгги йилларда байналминалчилик ҳақида оз ёзадиган бўлдик.
Ўзбекистон - унда яшайдиган юздан ортиқ
миллатнинг жонажон ватани эканлигини эътироф этмасак, конституциямизга зид йўл
тутган бўламиз.
Сиёб бозори. Таржимонлар меҳмонларга
турли лаҳжаларда унинг жозибалари ҳақида гапирадилар. Гарчанд улар худди тўтиқушдай
бир гапни такрорлашса ҳамки, Қадимий Биби Хоним масжиди пойидаги пўлоти нонлар
растаси, шўрданак, нўхатшўрак қаноралари, қорнини қуёшга тоблаб ётган қовун,
тарвузлар туристларни ҳайратга солганлигини фото ва кино аппаратларини зудлик
билан ишга солинганидан ҳам англаб олиш қийин эмас. Фақат Сиёб неъматларинигина
эмас унинг рангли лаҳзаларини ҳам қитъалар оша олиб кетишга ошиқишади, меҳмонлар.
"Самарқанд" меҳмонхонасидаги
хотиралар дафтарига канадалик бир журналист шундай деб ёзган:
"Агар сен Ўзбекистонда бўлиб, Самарқандни
сайр этмасанг, бу мам-лакатга бормаган бўласан.
Агар сен Самарқандда бўлиб, Сиёб
бозорига кирмасанг, демак, қадимий шаҳарни кўрмабсан".
Бозор ҳақида, умуман Самарқанд тўғрисида
канадалик доно ҳамкас-бимдан ошириб, бир нарса дейишим қийин.
__________________
1. Слоботда сўзининг бузилган формаси
бўлиб, руслар яшайдиган маҳаллани билдиради.