У
Ч И Н Ч И Қ И С М
БИРИНЧИ
БОБ
ТОШКЕНТ: МАЖБУРИЙ
ҚЎНИШ
Журналистлик ва ёзувчилик.
Бу икки касбу корнинг узвийлиги,
муштараклиги ҳақида истаганча гап сотиш мумкин. Кўплаб истеъдод эгаларининг
таржимаи ҳолларини варақласангиз, бир вақлар мухбирлик нонини еганига ишонч ҳосил
қиласиз. Жек Лондон, Драйзер, Габриэл Маркес, Константин Симонов, Маҳмудхўжа Беҳбудий,
Абдулла Қодирий...
Бу рўйхат узун.
Ҳаёт қатламларини разведка қилиш,
таъбир жоиз бўлса, тадқиқ этиш, сиқиқ ёзишни ўрганиш, қаламни чархлашда
мухбирлик қўл келган бу алломаларга. Газетачилигингдан фахрланиб қўясан бундай
лаҳзаларда.
Лекин мухбирлик билан ёзувчиликни як қалам
қилиб олиб бориш учун ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган кўлам, қобилият керак.
Бир-иккита капалакқанот китобларим чоп этилиб, газета-журналларда ҳикоя, қиссаларим
босилгач, ғарқ бўлаётиб, икки қайиқни ушлаган довдирга ўхшаб қолганлигимни тан
олишим керак.
Ҳа, бу юмушларнинг бирортаси билан ҳам
"иккинчи сменада" шуғулланиб бўлмасди. Улар бир-бирига ҳалақит бера
бошлаганди. Мухбир сифатида кам "маҳсулот" бераётганлигим учун таҳририят
маъмурияти аввал огоҳлантирди, кейин муҳокама қилди. Икки соҳада ҳам астойдил
тер тўкиб ишлашга сўз бердим. Лекин худди шу орада...
Газетада врач одоби ҳақида мақола эълон
қилинганди. Гиппократ қасамёдининг моҳиятидан бошланганди. Биз ҳамон Гиппократ
ва врач қасамёдини фарқламаяпмиз. Юнон табиби Гиппократ (Буқрот) нинг эрамиздан
илгари ёзилган қасамёдига инсоният ҳамон тўла итоат этолмаяпти. Шу боис у турли
мамлакатларда таҳрир қилиниб, ўнғай ҳолга келтирилмоқда. Гиппократнинг ҳақиқий қасамёдида,
жумладан шундай сатрларни ўқиганман:
"...ҳеч қачон қўлларни бичмайман!
Ҳеч қачон ҳомиладор аёлларнинг боласини
олиб ташламайман!"
Афсуски, айрим мамлакатларда эркаклар
зурриётидан ҳамон маҳрум қилинаяпти, кўпгина медицина муассасаларида аёллар
аборт қилинмоқда.
Хулас, врач одоби ҳақидаги мақолага
шошилинч тарзда "отклик"- акс-садо уюштиришим керак эди. Маъсул котиб
ҳазилу чинни аралашти-риб, сўз ўйини қилди.
-Эҳтиёт бўлинг, отклик от қилиққа
айланиб қолмасин.
У беҳуда огоҳлантирмаган
экан мени: барибир нохушлик рўй берди. Но-гиронлик гуруҳини белгилайдиган бир
врач пора билан қўлга тушган кун-лар эди ўшанда. Бундан кўпчилик қувонди. Чунки
у пул олмасдан бирор кишининг ҳожатини чиқармасди. Фашистларнинг додини берган
ёки Афғонда жасорат кўрсатган ногиронлар ана шу қаллоб порахўр олдида ожиз
эдилар. Бу баднафас ҳақида гап кетганда, надомат билан: "Орқаси зўр - бу
ярамаснинг", дейишарди. Мен Самарқанд медицина институтининг бир
профессори розилиги билан унинг номидан мақола ёзиб, ана шу одамни мисол қилиб
олгандим. "Отклик" бирор ойдан кейин эълон қилинди.
Тасодифни қарангки, ҳалиги одам худи
ўша куни озод қилиб юборилган экан. Ҳужжатлар, даъвогарнинг шикоятлари,
жамоатчилик фикридан унинг "орқаси" бақувватлик қилибди. Буниси ҳам
майли, қопқондан қутулиш билан қаноатланмай "душманларидан" ўч олишга
киришди у. Айтишларича, бу машъум рўйхатда менинг номим еттинчи ўринда экан.
Профессорнинг номини ўчириб, "Н.Раҳматов" деб ёзиб қўйганини гувоҳлар
айтди.
Тўйда бошқарувчи кишини кузатганмисиз?
У ҳаммани: қаллобни ҳам, таъмагирни ҳам, корчалонни ҳам кўкка кўтариб мақтайверади.
Жамоа ҳақида гап кетганда, ҳаммамиз ана шунақа косагулга айланиб қоламиз.
Жамоамнинг ҳукми - ҳақ, хулосаси - адолатли, деб баҳолаймиз.
Лекин, нафсиламбирини айтганда, жамоа ҳам
турфа манфаатлар томон оғиб кетиши мумкин.
Баджаҳл ва жоҳил рақибим билан
яккама-якка қолганимда жамоам ортимда тоғдай мадад бўлиб турмаганини ўйласам, ҳамон
ўксиб кетаман.
Бу ҳам етмагандай, маъмурият ариза
ёзишимга шаъма қилди. Муайян бир муассасада ишламай, ижодий меҳнат билан шуғуланадиган
Тошкентлик айрим ўртоқларимга ҳавасим келарди. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси
бўлиб олган эдим ва мен ҳам шу йўлни тутмоқчи бўлдим. Лекин газета, журнал,
нашриёт идораларидан, адабий муҳитдан четда бўлган жойларда бу хол ўзгача кечар
экан.
Вилоят газетаси ва радиосидаги ўртоқлар
ишга таклиф этиш нари турсин, ёзганларимга ҳам аллақандай шубҳа ёки нописандлик
билан қарай бошладилар.
Бошимга иш тушганда, аввал "Қишлоқ
ҳақиқати", кейин вилоят газетаси ва
радиоси раҳбарлари нечун мендан ногоҳ юз ўгиришганини бот-бот ўйлаб қоламан.
Эҳтимол, бошқа амалдорлар сингари
журналистдан чиққан чиновниклар ҳам кибр ва нописандликка эш бўлса?!
Билмадим, билмадим...
Муҳтарам ҳамкасб! Мабодо курси соҳиби
бўлиб қолсангиз, қўлидан юмуш келадиган ижодкорни қўллаб-қувватлаш пайида бўлинг.
Шуни ёддан чиқармаслик керакки, бизда
истеъдодли ижодкор қусурсиз бўлолмайди.
Биз эса туяни миниб, узоқни кўзлашимиз
шарт!
Бир неча ой шу алпозда юргач,
Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-текшириш институтига ишга ўтадиган бўлдим.
Институт директори С. Асомов мени бўлим мудири вазифасига таклиф қилди.
Аммо бу орада ғалати тасодиф рўй берди.
Туристик базадаги дўстимнинг таклифи билан Сочи шаҳрига бир гуруҳ
томошабинларни олиб боргандим. Қайтишда самолётимизни Самарқанд аэропорти қабул
қилмади, биз Тошкентга мажбурий қўндик. Бу ердаги юмушларимни ҳам бирайўла
битириб олиш илинжида нашриётга кирдиму,
Асқад акани кўриб қолдим. Ишсиз юрганим, институтда ишламоқчи бўлганимни
айтдим.
- Ундай бўлса бизга кела қолинг, -
дедилар Асқад ака, ўша босқинлик билан, - ижтимоий-сиёсий бўлимга мудир
бўласиз.
* * *
Шундай қилиб, мен янгидан ташкил қилинган
"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасида иш бошладим.
Кейин яхши одамлар (айниқса, Нурали Қобул)
Тошкентга кўчиб келишимга кўмаклашишди.
Ҳаётимда янги саҳифа бошланди.
..."Ўзбекистон адабиёти ва
санъати"даги илк хато ҳам "отклик" билан боғлиқ бўлиб чиқди.
Ўқитувчи одоби ҳақида мақола эълон қилгандик
ўшанда. У анчайин шов-шувларга сабаб бўлди. "Акс-садо" деган рукн
очиб, бир талай хатларни эълон қилдик. Чоп этилган номалар орасида идорамизга
кириб-чиқиб юрадиган доцентнинг ҳам мулоҳазалари бор эди. У Фарғонадаги бир
мактабда бўлганида, ўқитувчи нос чекканини, бунинг устига шимидаги ямоқ кўзга
ташланиб турганини ёзган, бундай кишилар ўқувчига ибрат бўла олмаслиги
таъкидланганди.
Кўп ўтмай мазкур тумандан жуда дағдағали
хат келди. Халқ таълими бўлими мудири
имзо чекиб, муҳр босган ана шу пўписали
хатда ҳалиги доцент ўн тўрт йилдан бери бу ерга қадам босмаганлиги,
ёзганлари ғирт уйдирмалиги, агар муаллифни танқид қилмасак ёки шошилинч
"тузатиш" бермасак, шахсан Шароф Рашидовга мурожаат қилишини
таъкидлаганди. Шу билан бирга, мазкур мактаб энг намунали ўқув даргоҳ эканлиги,
казо-казолар келиб, бу ердаги тажрибаларни ўргангани, ҳайратга тушгани баён
этилганди.
Муҳаррир хатни ўқиб кўрди-ю, хаёлга
толди. Мен хижолат чекдим.
- Мени
ўша районга юборинг, Асқад ака, - дедим илтимос оҳангида, - ҳақиқатни
билиб келаман. Балки...
Бир соатдан кейин командировка қоғозига
имзо чекилди. Кечқурун поездга чиқдим.
Мудир ўз ишини обдон биладиган, гапга
чечан экан. Газетамизни ўқиб туриши, адабиётни дўст тутиши - бизни тез яқинлаштирди.
- Сизни овора қилдик,- узр сўраган
бўлди, - энди шунча ишласанг-у...
Биргаликда туман раҳбарига кирдик. У мақолани
ёзган олимдан ҳам, биздан ҳам дарғазаб эди.
- Суриштириб кўрдим - ўша одамнинг бу
ерга келганига сал кам йигирма йил бўлибди. Шундай қилиш мумкинми, ахир?!
Сизлар ҳам текширмай, босаверасизларми?!
Машинамиз икки қаватли, замонавий ва
ораста мактаб биноси қаршисида тўхташи билан болалар биз томон гулдасталар олиб чопишди. Кимдир нон-туз тутди. Мен бир
лаҳза каловланиб қолдим: фотомуҳбирлар, операторлар объективларини бизга
ўнгладилар.
Ўқитувчилар, ўқувчилар қуршовида ичкари
кирдик.Эътироф этишим керакки, бунақа мактабни йирик шаҳарларда ҳам
кўрмагандим. Синфлар тўла телевизорлашган бўлиб, маъмурият ўз хонасида туриб,
дарснинг боришини назорат қилиши мумкин эди. Биология, химия лабораториялари
илмий-текшириш институтларини эслатарди. Биз мактаб зали, кутубхонасида алламаҳалгача
қолиб кетдик.
Директор хонасида чой ичаётиб,
блокнотимни чиқардим, у эътиборимни рангли телевизорга қаратди.
- Бу - тўққизинчи синф.
Физика ўқитувчиси Фарадей ҳақида мароқ
билан гапирарди.
- Майкл Фарадей ҳали муқовасоз бўлган
пайтдаёқ магнит майдонини электр майдонига айлантиришни орзу қилган. Ўн йил давомида чўнтагида
магнит, сим ғалтаги олиб юрган. Бугун қудуқларимиздан сув тортадиган
насослардан тортиб, улкан ГЭС станцияларигача Фарадей қонуни асосида ишлайди.
Индукция ходисаси...
Дарс мароқли эди. Шунга қарамай, айниқса,
орқада ўтирган болалар ўз юмушлари, ҳаёллари билан банд эдилар.
Ёдимга орзуларга лиммо-лим ўқувчилик
пайтларим тушди. Мароқли эди.
Мудир зерикди, шекилли, директорга
алланима деб шивирлади: директор телемеханикка кўрсатма берди.
- "Мактабимиз меҳмонлари",
деган лентани қўйинг!.
Жилла танаффусдан кейин экранда нуфузли раҳбарларнинг
қиёфаси намоён бўлди. Болакайлар қувонч билан гулдаста олиб чопишди. Меҳмонлар
сардори (Шароф Рашидов) нон туздан тотиб кўрган бўлди ва қарсаклар садоси остида лентани қирқди.
Сухандон қиз эса бўларнинг барини бурролик билан шарҳлаб борарди.
- Ҳаммамиз учун ҳурматли ва азиз Шароф
Рашидович лентани қирқдилар. Бу мактабнинг тарихида ўчмас воқеадир.
Меҳмонлар мактабга киришди. Қизгина эса тинмасди.
- Мана ҳаммамиз учун....
лабораторияларни кўздан кечирмоқдалар. Энди улар мактабимизнинг спорт зали
томон йўл олдилар. Бу ерда у
киши колхозимиз
раиси билан суҳбатлашиб қолдилар.
МЕҲМОН. Колхоз-совхозларимизга ҳам ана шунақа спорт заллари керак! Колхозчи ҳам
ишдан кейин спорт билан шуғуллансин!
РАИС. Тўғри айтасиз ...вич! Биз ҳам, албатта, қурамиз! Сизнинг
келишингиз...
МЕҲМОН. Фарзандларимизнинг умри пахтада
ўтмасин. Улар спорт билан шуғуллансин.
РАИС. Тўғри айтасиз ... вич! Шу йилдан
бошлаб бирорта болани пахтага олиб чиқмаймиз!
Раис хўжаликнинг иқтисодий
кўрсатгичлари ҳақида гапириб бўлгач, меҳмонлар залга кирадилар. Саҳнада
Ленинград қамали ҳақида спектаклдан парча ижро этилаяпти. Гитлер ролини ижро
этаётган бола бир лаҳза саросималаниб қолади, сўнг меҳмонлар сардорига таъзим
бажо келтиради. Ҳаммага қўшилиб қарсак чалади ва монолог ўқишда давом этади.
- Қани, жаноблар, ғалаба учун ичайлик!
Қарсаклар. Сўнг мажлис. Чучмал
шукроналар, баландпарвоз ҳамду санолар.
Халқ таълими бўлими мудири бу лентани
кўравериб зериккан, шекилли, директорга яна алланима деб шипшиди. У механик
йигитга сирлигина қилиб, аллақандай лента тайёр бўлса, ўшани қўйишни тайинлади.
Телевизор экрани алламаҳалгача вижирлаб
турди. Сўнг мавҳум нуқта кўринди. У йириклашиб
"Москвич"автомашинасига айланди. Машина мактаб қаршисига келиб
тўхташи билан, болалар гул олиб чопишди. Орқа эшик очилиб, экранда уриниб
кетган пойафзал кўринди. Сухандон қиз тилга кирди.
- Бугун мактабимизга ҳаммамиз учун ҳурматли
ва азиз меҳмон - Нусрат Раҳмат ташриф буюрдилар...
Мен сесканиб тушдим. Ҳадемай экранда
менинг ҳорғин (кечаси поездда қийналиб келгандим) қиёфам кўринди.
- У кишини қувноқ чеҳраси илк
таассуротдан мамнун эканлигидан далолат бермоқда.
Боя нон, туз тутишганда бурдани каттароқ
синдириб олган эканман, уни ейишимни ҳам, бирор ерга қўйишимни ҳам билмай
саросималаниб қолдим.
- Ҳаммамиз учун... ҳаяжон оғушида.
Мана, у киши мактаб коридори бўйлаб шахдам қадамлар билан бормоқдалар.
Хижолат бўлиб кетасан киши. Кинога
олишаётганини билганимда, боя ўз ролимни тузукроқ ўйнармидим, деб ўйлайман.
- Ҳаммамиз учун... биология кабинетида.
У киши экспонат ва ашёлардан ҳайратга тушмоқдалар.
Ўша лаҳзада мен инсон бош суяги қаршисида
маҳзун бир дард билан фикрга толгандим.
Қайси шўрликка қарашли экан бу чаноқ?
Ким бўлган экан у: балки таъзиму таърифларни хуш кўрадиган арбобдир?
Балки менга ўхшаш мухбирдир?
Балки бундан ўн тўрт йил муқаддам нос
чеккан ўқитувчидир?..
Диктор қиз ҳамон менга ҳамду сано ўқирди.
- Ҳаммамиз учун... деворий газетамизни кўздан кечирмоқдалар ва у
ҳаётимизнинг ҳақиқий кўзгуси эканлигига ишонч ҳосил қилмоқдалар...
"Жасоратга тўла тўқсон уч
кун" деган мақолада уч ойдан кўпроқ вақт давомида пахтадан қочишга журъат
этолмаган болалар мадҳ этилганди. Бу йил ҳам улар "сарҳадсиз
пахтазорларда мардлик намуналарини
кўрсатиш ташаббуси билан чиққанликлари" маълум қилинганди. Ундан пастда
эса мактаб деворий газетаси учун унчалик ҳам тўғри келмайдиган латифалар.
" - Йўлтўсар хавфлими ёки хотин?
- Хотин. Чунки йўлтўсар ё ҳамёнингни
талаб қилади ёки жонингни. Хотин бўлса иккаласини ҳам"
Сухандон:
- Ҳаммамиз учун... мактабимиз
кутубхонасида. У киши ўқувчиларимизнинг китобга бўлган меҳридан мамнун.
Ҳарқалай лентанинг бир-икки қулочини қирқиб
ташлашибди. Аслида кутубхонада жуда ноқулай аҳволда қолгандим. Ўшанда
кутубхоначи бизга илтифот кўрсатиб, китоб фонди, янги адабиётлар ҳақида
гапиргач, мудир уни саволга тутиб қолганди.
- Бу ерда ҳурматли меҳмоннинг ҳам
китоблари бўлса керак?
- Бо-о-ор, - деди аёл, негадир қўрқа-писа
ва жавоннинг тўртинчи қаватига хавотирона кўз югуртирди. У ерда "Табиатни
севасизми?" деган илк китобчам қўйилганди.
Директор китобни олди ва биз беихтиёр
варақлашга тушдик. Суратимни кўрдим-у, кутубхоначининг ҳолатини тушундим.
Шумтака болалардан бири суратимнинг остига "Бу - одам" деб ёзибди,
лабимга "ВТ" сигаретини қистириб қўйибди. Ноўнғай бўлиб, дарров бошқа
варақни очдим. Бўрининг расми остига
"Бу - бўри" деб ёзишибди, унга ҳам сигарет чектириб, кўзига
кўзойнак тақиб қўйишибди.
Тошбақанинг олдида доска. Доскада ош
тузи билан сульфат кислотасининг формуласи. Расм остида шеър:
Бу - химия ўқитувчиси.
Қўйгани
"икки".
Шу иши - чакки.
Одамлар, қўйинглар
шу химияни,
Чарчатиб қўймайлик,
ахир мияни!
Китобчани варақламай қўяқолдим. Чунки
нариги саҳифаларида илон, калтакесак, бойқуш каби дарранда-ю, паррандаларнинг
расмлари бор эди. Ёнимда эса казо-казолар...
Иккинчи қаватга кўтарилаётганимизда
тасвирлар алкаш-чалкаш бўлиб, кейин бари тескари тус олди. Мен шифтдаги
зиналарда бирма-бир қадам босардим. Бошим пастда осилган бўлишига қарамай,
ён-веримга қараб илжайиб қўярдим.
Ноўнғай вазиятда қолганимни мезбонлар
сезишди, шекилли ва телевизорни ўчиришди: мен енгил тортдим. Мудир водий
талаффузида аския қилди.
- Оммо - лекин ашшу газетачилар ҳам
гойида одамларди аяғини осмондан қилиб кўрсатади.
Биз мазза қилиб кулдик.
Мен Тошкентга қайтиб, бор гапни Асқад
акага айтиб бердим, ана шу дабдабабозликни қандайдир усул билан танқид қилиш
ниятим борлигини билдирдим.
- Бунга мудир ҳам, мактаб директори ҳам
айбдор эмас, - деди у киши оҳистагина, - ҳозир кўп жойда шунақа ... Ҳукумат...
Билмадим қачон тугайди?! Балки мудирнинг мақоласини тайёрларсиз.
Кўп ўтмай газетамизда халқ таълими
мудирининг мақоласи босилди. Мақола ўқиш системасидаги янгиликлар, айрим
олимларнинг ҳаётдан ортда қолганлиги ҳақида эди.
Кейин доцент ҳам бизнинг қистовимиз
билан ўша мактабга бориб келди.
ИККИНЧИ БОБ
КЕКСАЛИК
БАХТИЁРЛИКМИ?...
Суҳбатдошим ўттиз беш- қирқ ёшлардаги қоқсуяккина
жувон эди. Аёл қаршимдаги юмшоқ креслога
чўкиб ўтиргандан кейин, синчиклаб назар солдим ва у табиатан юмшоқликка мойил
бўлиб қолган, деган хулосага келдим. Оёқ кийим ҳам, мочалкали курткаси, тивит
телпаги... ўта юмшоқ матолардан эди. Жувон ўзини Мария Воҳидова деб таништирди
ва аллақандай нуфузталаблик билан, бемалол бўлса, русча гаплашишимизни таклиф қилди.
- Сизнинг асл номингиз Марям бўлса
керак, а? - сўрадим мен ҳам русчалаб.
- Йўқ, паспортим бўйича - Мария. Дадам
Мария Склодовскаяга 1 жуда эътиқод қўйганлар. Менинг ҳам зўр олима
бўлишимни орзу қилганлар, бечора. Мен
бўлсам...
Ўёғини гапиргиси келмади. Сўрашим ҳам
ножойиз эди. Зотан ҳаётидан ҳасрат қилганларнинг сардафтарини титкилаш одобдан
эмас.
- Дадам биолог олим эдилар. Обрўлари
баланд эди. Воҳидов деб эшитгандирсиз. Беш йилча бўлиб қолди...
У тин олди. Марҳумни дард билан
хотирлади.
- У кишининг кўп китоблари чиққанди.
Паррандалар ҳақида.
Жувон сиртига ҳабашнинг расми
туширилган целлофон халтасидан бир вақтлар чоп этилган, уриниб кетган илмий
рисолалар, брошюраларни олиб менга узатди. Китобларнинг номлари узун, иборалари
мураккаб эди. Варақлаб, уларнинг суратларини томоша қилдим.
__________________
1 Радий кашфиётчиси, икки марта Нобель
мукофоти лауреати
- Лекин дадамнинг кўп қўлёзмалари
босилмай қолиб кетди, - давом этди Мария, - жуда ажойиб нарсалар...
Бир маҳаллар машинкада зичлаб ёзилган,
йиллар ўтиб сарғайиб кетган қўлёзмаларни узатди у. Уларнинг орасида рус ва
ўзбек тилларида битилган илмий мақолалар, турли хотиралар, қораламалар ҳам бор
эди. Шунинг ўзиёқ марҳум ўз соҳасини обдон биладиган, тафаккури кенг олим
бўлганидан далолат берарди. Қўлёзмаларнинг
сарлавҳалариданоқ улар турфа мавзуларга
бағишланганини билиб олса бўларди. "Парранда миграцияси",
"Бойқуш рациони", "Фронтдош дўстларга мактублар",
"Кексалик бахтиёрликми?" ва ҳоказо.
- Сиз бирор ҳафтадан кейин киринг ёки телефон
қилинг, - дедим суҳбатдошимга илтифот билан, - мен, албатта, ўқиб қуяман!
Ҳар эҳтимолга қарши телефон
номерингизни қолдиринг.
У телефон номери билан бирга омонат
кассаси жорий счётини ҳам (гонорарни юбориш учун, албатта) ёзиб берди.
"Кексалик бахтиёрликми?"мақоласининг
сарлавҳаси иккита эди. Қавс ичида "Умрнинг ўн етти лаҳзаси" деб ҳам қўйилганди.
Газетабоп бўлгани учун ўқишни шундан бошладим. Мазкур ёдномани андак қисқартириб,
рандалаб эътиборингизга ҳавола этаман.
* * *
"...
ниҳоят мен ректор номига ариза ёздим. Ёздиму, дафъатан енгил тортгандай бўлдим.
Томирларимга ҳузурбахш бир ҳаловат югурди.
Аслида
мен қарийб қирқ йил давомида қалбимнинг теран жойларига пайванд бўлган қадрдон кафедрамни, бир вақтлар
ўзим тайёрлаган қушлар, ҳайвонлар чучеласи, биринчи қаватдаги буфетда ўтириб қаҳва
ичишни хуш кўрардим. Вужуд-вужудлари қулоққа айланиб, мени тинглайдиган
студентларни, фанга чанқоқ аспирантларни; жозибалар, муаммоларга бой умуртқали ҳайвонлар
оламини севардим. Лекция пайтлари аудитория бўйлаб одимлашни, жониворлар ҳақида
афсона-ю ҳақиқатларни монолог қилиб ўқишни айтмайсизми...
Аммо
кейинги пайтларда бод зўрлик қилиб, кўп юролмайдиган бўлиб қолдим. Овозим ҳам
аввалги жарангдорлигини йўқотди. Ўтириб дарс ўтганда овозим орқадагиларга етиб
бормаётганлигини уларнинг нотинчлигидан, бир-бирига сўз қотишидан, хаёлига
келган мароқли хотиралардан илжайиб қўйишидан сезиб, руҳан қийналардим. Туриб
лекция ўқисам, оёғимнинг мушаклари қақшаб оғриши устига ногаҳонда йўтал тутиб қолар,
кўзим ўқтин-ўқтин ёшланар ва студентлардан ҳижолат чекардим.
Салим
Ниёзович (аслида Салимча) деган шогирдим менинг бу ожизлигимни бурчак-бурчакда
мазах қила бошлади. Суллоҳ ҳар куни эрталаб менга пешвоз чиқар, узоқ-узоқдан ҳол-аҳвол
сўрар, костюмимдаги чангларини қоққан бўлар, лекин мен ҳар гал унинг
кўзларидан: "Чол, энди пенсияга чиқиб, оёғингни узатиб ётсанг бўлмайдими?!
Қачонгача йўлимга тўғаноқ бўласан", деган маънони ўқиб олардим. Шайтоннинг
носамимийлигидан ижирғаниб кетардим. Майли, ўша ишласин... Кафедра мудири
бўлишни неча йилдан буён орзу қилади.
Тўғри,
уйда ҳам мени шоду хуррамлик кутмаётганини биламан. Уйқусизлик азобини айтмай қўяқолай.
Саҳаргача уёғимдан буёғимга ағдарилиб, тонг отишини кутаман. Уйқу элитганда ҳам
нуқул нохуш тушлардан уйғониб кетаман... Умида (набираси - Н.Р.) топиб келган
хоб дорилар кор қилмай қолганида, қизалоқнинг ўзи ҳам ўксиб кетади.
Ҳарқалай
шу Умида бор экан. Онасига ўхшамайди у - меҳрибончилигини дариғ тутмайди.
Кийимларимни ювади, қаҳва тайёрлаб беради. Ўқиши ҳам яхши.
Лекин ўғлим
билан қизим...
Ўғлим
Нобельнинг микробиолог-вирусолог олим бўлишини орзу қилгандим. Сабаби: бу фан -
навқирон. Бир талай микробу вирусларнинг яшаш тарзи фанга қоронғу. Бу асрорларни кашф этиш учун
кўплаб навқирон, забардаст олимлар керак.
Уйдаги
гап бозорга тўғри келмас экан: Нобель биофакни зўрға битирди. Бунинг устига тақсимот
комиссияси йўллаган жойга бормай, шаҳарда санғиб юраверди.
Инсонга
жуда катта орзулар керак! Менинг ўғлимда эса ҳеч қанақа мақсад йўқ! Раҳматли
хотинимнинг йиғи-сиғисидан кейин кўнгилчанлик қилиб, илмий-текшириш институтига
жойлаб ҳам қўйдим. Мана, қарийб ўн йил ўтди. У ҳамон лаборатория мардикори.
Фанга эса мардикорлар эмас, ҳақиқий хўжайинлар керак!
Мариянинг
ядро физикаси билан шуғулланишини истардим. Унинг тақдири ўғлимникидан ҳам маҳзунроқ
бўлди. Қизим физика билан математикага ўта лаёқатсиз бўлиб чиқди. Кино ҳақида
гап кетганда эса энтикиб кетар, портфели, хонаси кино юлдузларининг сурати
билан тўла бўларди. Ўнинчини битириб, кўчма студияга ишга кирди. Бу менга маъқул
бўлмади. Аммо онаси иккаласининг иродасига қарши боролмадим. Кўп ўтмай, бир
кино артистига кўнгил берди. Хотиним жону холимга қўймай қистайвергач, ўша
артист билан қизиқдим... У менга ёқинқирамади. Ёши ҳийла каттароқ эди унинг.
Марияга ўхшаб, кинодан ўзга нарсани тан олмасди. Хотиним билан қизим менинг
розилигим билан астойдил қизиқмасданоқ тўй тараддудини бошлаб юбордилар. Кейин
келин-куёв кўчиб кетишди. Онаси иккаламиз мавҳум дард билан кузатиб қолдик.
Мариядан
деярли ҳар ҳафта хат олиб турардик. Бу мактублар эрини ўринсиз мақташлар, илк ҳаяжонлар,
хотиралар ва ... грамматик хатоларга тўла бўларди. Қувониб кетардик - буларнинг
баридан! Кейин охирги жумлалари бошқачароқ тузиладиган, хатолари камайиб пича
пул зарур бўлиб қолгани шама қилинадиган хатлар кела бошлади. Ундан куёвимнинг
"ҳиди" анқиб турган бўлса ҳамки, хотиним ваҳима қилар, чўнтагимдаги
сўнги чақагача юборар ва бир оз тинчирди. Кейин хатлар камайди. Аҳён-аҳёнда
келадиганларнинг руҳи маҳзунроқ эди: уларда ҳаётдан, одамлардан, ишдан нолиш оҳанги
сезилиб турар, булар бари омадсизлик, тушкунлик аломатлари эди.
Орадан
бир ярим йил ўтгач, Мария қўлида қизчаси билан қайтиб келди. У ориқлаган, қийналган,
эзилган эди. Туни билан йиғлаб, эрининг ҳаромхиштаклиги, арақхўрлигидан шикоят қилди.
Мариянинг
эридан ажралиб келганлиги менга ҳам ёмон таъсир қилди: кечаси ухламадим - қизим
шу куйга тушиши сабабларини ўйладим. Бунга ўзим ҳам айбдорлигимни билардим,
аммо қаерда, қачон, қанақа хатога йўл қўйганимни айтолмасдим. Балки
журъатсизлигим, кўнгилчанлигим оқибатидир булар?!
Балки нуқул
жониворлар билан шуғулланиб, фарзандларимни ёддан чиқаргандирман?!
Балки
жигаргўшаларим тақдирининг шунчаки кузатувчиси бўлиб қолгандирман.
Фақат
фарзандларим эмас, келиним ҳам дилдагидек бўлиб чиқмади. Абдулла Қодирий ҳаётлик
пайтидаёқ унинг "Ўтган кунлар"ини ўқиб, марғилонликларга меҳр қўйгандим.
Тасаввуримда бу ерлик ҳар бир жувон Кумушдай иболи, доно эди. Атайин Марғилондан
уйландим. Раҳматли билан яхши яшадик. Кейинчалик у Нобельга ҳам ўша ердан келин
топди.
Бу "Кумуш" ўғлимнинг жиловини бошиданоқ қўлга
олди. Шу ёшда бунчалик ҳокимталаб бўлиши, мол-дунёга ҳирс қўйишининг сабаблари ҳамон
менга қоронғи.
Нобель
тўйдан кейин маст бўлиб келадиган қилиқ чиқарди. Мен ҳар гал беҳад изтироб чекардим,
аммо қандай тадбир қўллашимни билмасдим. Хотиним бўлса изиллаб йиғлашга тушар,
мени овутар, оғирроқ бўлишимни тайинлар, аниқроғи, бирор дилсиёҳлик чиқишидан
чўчирди.
Бир куни
милициядан нохуш хабар келди. Нобель ресторанда музикачи йигитнинг қорнига кабоб сихини суқиб олибди.
Мен
аввал милициягамас, ўша жабрдийдани кўргани шифохонага йўл олдим. Каравотда чалқанчасига
ётган, ранги докадай оқариб кетган бемордан ҳол аҳвол сўраб, минг бир ҳижолатвозлик
билан ўзимни таништирдим. У эса ожиз овозда, аммо қатъий қилиб шивирлади.
- Вон,
атсюда, проклятий!
- Судда
Нобелга сўнги сўз беришганда:
- Қилмишим
учун ҳар қанча жазо бўлса тортишга тайёрман, аммо дадамга озор етмаса бўлгани,
- деди.
Ҳайрон қолдим.
Ўғлимнинг боши деворга тегиб, кўзи андак очилганга ўхшарди.
Лекин
мени ҳам жазосиз қолдиришмади: вазифамни пасайтиришди, маъмурий чоралар
кўришди.
Бари бир
Нобель мен айтгандай бўлиб келмади. Ҳамон лакалов, бебурд. У хонамга аҳён-аҳёнда
киради. Хотини бўлса, ўз таъбири билан айтганда, мендан ҳар куни "хабар
олади". У одатдагидек, гапни гўштнинг қимматлиги, камёблигидан бошлайди.
Келинимнинг носамимийлиги ҳар гал мени ўта ноўнғай аҳволга солади. Тезроқ чиқиб
кетиши учун бор пулимни дарҳол чўзаман.
Қизим ҳам
ҳасрат қилгани, пул ундиргани киради. У нуқул янгасини ёмонлайди:
мол-мулкимизни совураётганидан нолийди. Унга ҳам пул чўзаман ва сочидан тўкилиб
қолган шпилкаларни териб, бир чеккага қўяман.
Носамимийлик,
сунъийлик. Булар худди уйқусизликдай, боддай эзади мени. Кафедрада ҳам самимий,
дангал суҳбатдошни қумсайман.
Бир куни
ҳиёбондаги скамейкада ўтириб, бошимни орқага ташладим-у нафақага чиққандан
кейин қандай қисматлар билан юзма-юз бўлишимни ўйлаб қолдим. Шу пайт ўсмирлар
мени ухлаб қолган деб ўйлашди, шекилли, дангал, самимий гап қилишди.
- Насим,
бобонг ухлаб қолибди-ку.
- Ҳа,
ўзи ҳам ялтирбош экан.
- Шу
чолда сигарет йўқмикан?
- Уйғотинглар
сўраймиз!
- Давай!
- Давай!
- Давай!
Скамейка
аввал секин, сўнг қаттиқроқ силкинди. Кўзимни очишим билан, улар саросимага
тушдилар, сўнг бир-бирларига сирли назар ташлаб, жўнаб қолишди. Гарчанд умримда
чекмаган бўлсам ҳамки, ёнимда сигарет бўлмаганидан надомат чекдим шу тобда.
Жуда ҳам эргашгим келди уларга.
Ҳаёт
универмагга ўхшаркан. Ҳамма нарса бордай-ю, излаганингни тополмайсан киши. Хўш,
мен-чи? Излаганимни топдимми?...
* * *
Таржимаи ҳолнинг давоми жуда тушкун
эди. Профессор ҳаммадан ҳам ўлимидан кейин фарзандлари тақдиридан кўпроқ таҳликага
тушганди.
Уни ўқиб, энг аввало: "Инсон қазо қилса,
ўзи билан оламни олиб кетади",
деган ҳақиқатни эсладим.
Бечора. Ўксиб кетдим. Кексайганда бунча
хор бўлганлигининг сабабларини ўйладим. Бунга ноқобил фарзандлар айбдор
бўлишдими ёки мансабпараст шогирдми? Балки ўзи таъкидлаганидек, борлиғини фанга
бағишлаб, бошқасини эътибордан четда қолдиргани, гоҳида ўта кўнгилчанлиги сабаб
бўлгандир.
Профессор Воҳидовнинг қоғозга туширган
кечинмалари ўзи ва атрофдагилар устидан ёзилган айбнома ҳам эди. Мария буни
эълон қилишдан ташвишга тушиши керак эдику. Ахир дадаси тантиқ қизининг ҳам ҳақиқий
қиёфасини акс эттирибди-ку.
У бирор хафтадан кейин келди. Салом
-аликдан кейин беихтиёр суҳбатлашиб қолдик.
- Дадангиз нафақага чиққанларидан
кейин...
- Бир йилга ҳам етмадилар, - гапимни
илиб кетди у. - Барига янгам билан акам сабаб бўлди. Дадамни хор қилишди,
мумсиклар! "Горио ота"ни ўқиганмисиз? Шунақа аҳволга туширишди.
Борини шилиб олишди.
- Сиз дадангизнинг бу ёдномаларини ўқиганмисиз?
- сўрадим.
- Биласизми, - деди у қимтиниб, -
ўзбекчани ўқишга жуда қийналаман.
Унинг танбал фалсафаси мени андак
ранжитди.
- У киши сизни ҳам тилга олганлар.
Мария саросималанди.
- Нималар дебдилар?
- Айрим орфографик хатоларни...
Суҳбатдошим қўлёзмаларни йиғиштириб
олди ва енгил-елпи кўз югуртирган бўлди. Лекин бундай юзакичилик билан марҳум мўйсафиднинг
изтиробларини ҳис қилиб бўлмасди, жувоннинг хужайраларигача сингиб кетган лоқайдлик
вируслари масаланинг асл моҳиятига етишга монелик қиларди.
- Бунисини ўзимга беринглар, - деди у
"Кексалик бахтиёрликми?"ни олиб, қолганларини чиқаринглар.
- Қолганлари газетамизга унчалик тўғри
келмас экан, балки нашриётга олиб борарсиз...
Нашриёт ҳақида Мариянинг тасаввурлари ҳамин
қадар эди.
- У ерда китоб қилиб чиқаришадими?
- Агар лозим топишса.
- Тезми?
Жувоннинг саволидан: "пулни тез
тўлашадими" деган маънони ўқиб олиш осон эди. У қолган қоғозларни ҳам
апил-тапил целлофон халтага солиб, нашриётнинг адресини суриштирди. Мен бу
тантиқни хушламай турган бўлсам ҳамки, барини батафсил тушунтириб бердим. Кейин
кўнгилчанлигим тутиб, нашриётдаги дўстимга телефон қилдим ва имкон борича
кўмаклашишини сўрадим.
Дарвоқе, кўнгилчанлик! Балки барига шу
сабабдир.
Профессорнинг қисматларига ҳам.
Балки...
Билмадим! Билмадим!
УЧИНЧИ БОБ
ЙИҒЛАЁТГАН ОТЛАР
Газетада ишлайдиган пайтларим Жиззах от
заводида бўлганим кечагидай ёдимда. Хўжалик директори Баҳрилло ака Носиров бағоят
хушфеъл; от деган жониворни ҳаддан ташқари дўст тутадиган, унинг ҳар бир ҳаракатини
заковатига йўйадиган киши экан. Урушга жўнатилган отларнинг жасорати,
хўжаликнинг шу кунги муаммолари ҳақида
тўлқинланиб гапирди у киши. Отлар ҳам одамларга ўхшаб йиғлашини айтганда, мен
ишонқирамадим. Чунки жониворлар бундай ҳис=туйғулардан маҳрум деб билардим.
- Юринг, ўз кўзингиз билан кўрасиз, -
деди суҳбатдошим ўша меҳрибон оҳангда.
Биз тоза қонли (наслли) қорабайирлар боқилаётган
отхона томон йўл олдик. Бу ердаги дулдуллар беҳад хушқомат, хушбичим, хушфеъл
эди. Баҳрилло акани кўриб, уларда интиқ бир безовталик бошланди: болаларга
ўхшаб, юлқина бошладилар. Директор бир лаҳза тин олиб, уларга кўз югуртириб чиқди,
сўнг тўғрисидаги отнинг ёлларини меҳрибонона силаб, пешонасига шапатилаб қўйди.
Жониворга шунинг ўзи кифоя эди: у ички бир қониқиш, мамнуният билан бошини хам қилиб
тураверди. Кейин Баҳрилло ака, орадаги отни атайин эътиборсиз қолдириб, наригисига
ўтди. Хўжайиннинг марҳамати, илтифотини интиқлик билан кутаётган иккинчи қорабайир
бошини қуйи солди. Унинг қорачиқларини ёш қоплади. Киприкларини қисган эди,
ашклари шашқатор бўлиб кетди. Жуда раҳмим келди. Шеригим ҳам тоб беролмади:
изига қайтиб, унинг ёлларини силади, пешонасидан ўпиб қўйди.
Кейин қатордаги бошқа отларни таърифу
тавсифлашга тушди.
- Мана буниси - Кабутар, - деди у мармардай оппоқ отни кўрсатиб, - Краснодардаги
пойгада...
Мен мазкур пойгани телевизорда томоша қилгандим.
Кўз ўнгимда лоп этиб, ўша ҳаяжонли манзара гавдаланди.
Жаҳон отларнинг катта пойгаси
бўлаётганди бу шаҳарда. Отчопардаги оломоннинг бетартиб гувиллашидан жониворлар
ҳайрат, ҳаяжонда эдилар. Шарҳловчи лаби лабига тегмай рус рисаклари, Орлов,
Кавказ йўрғаларининг таърифини келтирарди.
Старт тўппончаси отилди. Ҳадемай
дулдулларнинг ортида енгилгина чанг қолди.
Улар уфқларни кўзлаганча шамолдай елиб
кетдилар.
Йўлда тўсиқлар ҳам кўп эди, аммо зафар
нашидаси олдида бу тўсиқлар писанд эмасди уларга .
Тўдадаги мана шу чинни Кабутарни дастлаб илғашмаганди. У одамлар эътиборини
дафъатан тортди. Жонивор биринчи тўсиқдан шиддат билан сакраганда, чавандоз
мувозанатни йўқотиб, қулаб тушди. Отнинг шашти қайтди, безовта кишнаб тўхтади.
Аммо Кабутар кутгандай, хўжайин
сапчиб ўрнидан турмади, аксинча оқсоқлана-оқсоқлана ўзини бир чеккага олди. От қулоқларини
чимириб, тағин кишнади ва ногаҳонда қамчи егандай, зарб билан рақиблар ортидан
учиб кетди.
У ҳамон уфқларни кўзлаб, йўлнинг
танобини тортарди; оломон гувиллар, хуштак чалар, бақирарди.
Тўсиқлар ортда қола бошлади. Орадаги
масофа ҳам қисқариб борарди. Оқ тулпор энг аввало Булғор саманига тенглашди —
чавандоз қамчига ҳар қанча зўр бермаса ҳамки, фойда бўлмади.
Отларнинг бир-ярими сафдан чиқа
бошлади. Аммо чавандозсиз қолган оқ дулдул рақиблар тўдасини ёриб, беҳудуд бир
шиддат билан олдинга интиларди. Ўзининг, йўлда қолган навқирон эгасининг
иззат-нафси учун оёқларига зўр берарди у!
Рақиблар бирин-кетин ортда қола
бошладилар. Олдинда араб тулпорига ўхшаш, оёқлари ингичка, хушбичим Кавказ
дулдули бор эди. Шарҳловчи бу от жаҳон пойгаларида қатнашиб, олтин медаллар соҳиби
бўлганини, унинг чавандози билан суҳбатлашганини фахр билан таъкидларди. Кўпни
кўрган, комил ишончли бу чавандоз тулпорига қамчи босмас, юганини ҳийла
бўшатганича, олдинга эгилиб, ички бир ғурур, қониқиш билан уфқларни кўзлаб
борарди. Чавандозсиз, бунинг устига анчайин кўримсиз от уларни таъқиб этаётгани нохуш эди шу тобда.
У отига қамчи босишга мажбур бўлди.
Отлар ҳамон уфқларни кўзлаганча, чайир
оёқларига зўр берардилар. Бетартиб хуштаклар, фарёдлардан оломоннинг қайси отга
хайрихохлигини билиб олиш ҳам қийин эди. Ҳаяжонли эди буларнинг бари!
Ниҳоят, Кабутар олдинга ўтиб олди! Минглаб томошабинлар якдил овозда бақириб,
уни олқишлай бошлади. Шарҳловчи у ҳақда анчайин мавҳум маълумотларни, жумладан,
тоза қонли қорабайирлигини тилга олди.
От финиш чизиғини биринчи бўлиб босди.
Одамлар ўринларидан туриб кетдилар. Сўнг жонивор операторлар, фотомухбирлар
даврасини ёриб, боя эгаси қулаган жойга қараб йўртиб кетди.
Хўжайинни осонлик билан топди, унинг
хозиргина бинт билан боғланган оёғини ҳидлаб кўриб, бошини сарак-сарак
тебратди.
Оқ дулдул ҳақиқатдан ҳам жасорат
кўрсатганди, аммо ҳакамлар тантилик қилишмади: финишга чавандозсиз келгани учун
Кабутарнинг ғалабасини ҳисобга
олишмади.
Отчопардаги минглаб мухлислар норози оҳангда
гувуллаб қолавердилар.
Кабутарни
ана шу воқеадан бир неча йил ўтиб учратаман, деб ўйламагандим. Ҳаяжонланиб
кетдим. Сийналарини,сағрисини меҳр билан силагим келди. У бўлса хўжайинидан кўз
узмас, ундан ширин сўз кутарди.
Баҳрилло акадан ўша чавандоз йигит ҳақида
сўрадим. Маълум бўлишича, у от заводи ҳудудида ташкил этилган пахтачилик
хўжалигига тракторчи бўлиб кетган экан. Директор ёшларни олиб қолиш қийинлашаётганини,
отлар ҳам камаяётганини, ем жуда танқислигини куйиниб гапирди.
- Насиб бўлса, - деди директор ҳовлига
чиққанимиздан кейин кенг ялангликни кўрсатиб, - мана шу ерга отларга ҳайкал
ўрнатмоқчиман.
- Яхши ният, - қўшилдим, - уфқларни
кўзлаб кетаётган дулдуллар...
- Йўқ, бошини эгиб, йиғлаб турган бир
жуфт қорабайир.
- Нега? - ҳайратландим.
- Чунки минглаб, навқирон қорабайирларимиз
фронтдан қайтиб келмади. Бари йигит ёшида эди. Лоақал ярадор бўлиб ҳам қайтишмади, жониворлар. Фашист ўқига
нишон бўлишди! Биттаси ўшалар хотирасига. Яна бири бўлса ҳозир ҳам қирилиб
кетаётган отларимиз хотираси учун...
Йиғлаб турган отлар...
Шундан кейин бир бор тушимга ҳам
киришди улар. Болакайлардек ўпкаси тўлиб, ҳўнграб йиғлаётган эмиш, шўрликлар!
Отчилигимизнинг ҳозирги ҳолати ҳам,
таассуфлар бўлғайким, кўнгилдагидек эмас.
Отчопарлар айрим жойларда бозорга ёки мозорга айланиб кетди.
Трактор ёқилғиси қимматлиги қарамай,
биз қишлоқ хўжалигида отдан фойдаланишни йўлга қўёлмадик!
Қорабайир отларимиз ўзга
мамлакатларнинг отчопарларида кўпайтирилаётган бир пайтда ўз ватанида йўқолиб
бораётганлиги ташвишлидир!
Мен журналистларимизни бонг уришга чақираман!
ТЎРТИНЧИ
БОБ
"ЯХШИ ОДАМ"
Табиат ҳақида қалам тебратиб юрганим
учун бўлса керак, "Саодат" журналидагилар бот-бот ана шу мавзуда мақола ёзиб беришимни сўраб қолишарди. Бир
куни Насима Юсупова телефон қилиб, тошкентлик машҳур паррандашунос Мансур
Отабеков жаҳон орнитологлари анжуманидан қайтиб келганини айтди ва иложи бўлса
унинг таассуротлари билан қизиқишимни сўради.
- У кишининг уйи Ойбек уй-музейининг
шундоққина ёнгинасида, - деди мойиллигимни ошириш илинжида.
Бу хонадонда бўлганим хаётимдаги
унутилмас воқеалардан бири эканлигини тан олишим керак. Мени Мансур аканинг
таассуротларидан кўра унинг хонадонидаги мўъжиза кўпроқ ҳайратга солди.
Тўғри, таассуротлар ҳам ҳаяжонли эди.
Мансур аканинг айтишига қараганда, бу анжуманда Собиқ Совет Иттифоқидан ҳаммаси
бўлиб уч паррандашунос иштирок этган экан. Ана шу уч киши олиб борган
паррандалар 12 олтин медални қўлга киритибди. Бу анжуманда Республикамиз байроғини
кўтариш ҳам Мансур акага насиб этган экан.
У киши бизни энг аввал тўтиқушлар боқиладиган
пастак уйчага таклиф этди. Бу ерда ҳеч бир ҳайвонот боғи ёки тирик бурчакда
кўрмаган тўтиқушлар коллекциясига дуч келдим.
Инсонга эстетик шавқ ато этишда сайроқи
қушга тенг келадиган мўъжиза бўлмаса керак. Лекин тўтиқуш деган жонивор
сайрамай турганда ўзининг камалак ранги
билан кишини мафтун этади. Янада рамзийроқ қилиб айтадиган бўлсак, жаъми
санъатлар тин олганда, тўтиқуш ташқи латофати билан тилга киргандай бўлади. Унинг инсонга яқинлиги дилингизга илиқлик
бахш этади. Боя тартибсиз чуғурлаётган тўтилар анча тинчиди, улардан бир
нечтаси учиб келиб, Мансур аканинг елкасига қўнди ва унинг юзларидан
"ўпиб", ширинбозлик қила бошлади. Уларнинг номлари ҳам, қилиқлари ҳам
турли-туман эди. Лекин бари Мансур акани буҳудуд бир меҳр билан яхши кўриши
сезилиб турарди.
Хонанинг бир томонида турфа
канарейкалар.
Мен ана шу хонадонда бўлганимга қадар қушларни
қафасга солишига рўйи-рост қарши эдим. Улар озод бўлиши, сарҳадсиз уфқлар сари
парвоз қилиши зарур деб билардим. Бу ерда эса қафас айрим паррандалар учун
хибсхона эмас, қалқон бўлганига ишонч хосил қилдим.Бунга айнан мана шу
канарейкаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин.
Тарихий маълумотларга қараганда, испанлар
XIV асрда Канар оролларини забт этганда, бу ерда яшайдиган канарейкаларни ҳам
олиб кетишган экан. Ҳозир эса бу ҳушсурат қушчани дунёнинг ҳамма бурчагида учратиш мумкин.
Аммо, фақат - қафасда. Ёввойиси эндиликда табиатда учрамайди. Бу жониворни қафасдан
чиқариб юборсангиз, озодликда бир ҳафта ҳам яшайолмай, нобуд бўлади.
Хонакилашти-рилганлиги туфайли ҳам бу парранда сақланиб қолди ва унинг турфа
насллари яратилди.
Хумо қуши ҳақида кўплаб афсоналар
эшитганмиз. Гўёки бу қуш кимнинг бошига қўнса, у подшоҳ бўлармиш. Уни кўриш ҳаммага
ҳам насиб этавермасмиш. Бу хонадонда биз ростакам хумони учратишга мушарраф
бўлдик. Мусичадан ҳийла йирикроқ, бинафша рангли, ғоят серҳаракат қуш экан.
- Буни Тожикистондан топиб келган эдим,
- деди Мансур ака, - афсуски нарини тополмаяпман. Топсам, хозиргача бундан ҳам
насл олардим.
Шундан кейин мезбон унинг бахт қуши
дейилиши ҳақида бир нечта ривоятлар
гапириб берди. Уларнинг барида парранданинг эзгуликка эшлиги акс этиб турарди.
Суҳбатимизни аланга рангидаги Лора лақабли тўтиқуш бузди. Мен билан
келган фотомуҳбир чўнтагидан сигарет олиб чекмоқчи бўлганда, у тилга кириб қолди.
- Сигар-р-р-рет чекманг! Сигар-р-р-рет
чекманг!
Алланечук бўлиб кетасан бундай пайтда!
Ақл-заковатдан маҳрум бир жонивор инсон забонига кириб, сенга дашном берса,
хижолат чекишингни ҳам, ҳайратга тушишингни ҳам билмай қоласан.
- Чет элга мана шу Лорани олиб борган
эдим,- бизни ўнғайсизликдан қутқармоқчи бўлди Мансур ака,- Умар Ҳайём
тўртлик-ларини айтиб, иккинчи ўринни олди.
- Биринчи ўрин кимга насиб этди?
- Германиядан бир адвокат ғирромлик
билан тўтиқушига биринчиликни олиб берди. Паррандага сиёсий гапларни ўргатган
экан, лаънати! Немисчалаб гапира кетди.
- Сиз немис тилини ҳам тушунасизми? -
сўрадим.
- Йўқ, таржимон топиб, тушунтириб беришини
сўрадим. Бизни яъни одамларимизни роса ёмонлади - салкам ёвойига чиқариб қўйди.
У ўша адвокатни болохонадор қилиб
сўкди.
-
Ярамас, уруш йиллари кетига тепки еб кетганлар авлодидан бўлса керак, -
давом этарди у. - Бўлмаса бегуноҳ паррандани шу кўйга солмасди. Ҳакамларга ҳам қойил
қолмадим. Ўшанинг тўтиқушини ғолиб деб топишди.
Ҳа, Мансур ака ҳақ! Парандадан ёвуз
ниятда фойдаланиш одамгарчиликнинг ҳеч бир таомилига тўғри келмайди! Аммо мен
шу дақиқада ҳаммадан ҳам Лоранинг тағин
забонга киришини жуда-жуда истардим. Ҳайём шеърларини унинг тилида эшитиш иштиёқи
менга тинчлик бермай қўйганди. Буни Мансур ака ҳам сезди.
- Негадир Лора хомуш, - деди у, -
бирор хафтадан бери шеър ўқиш нари турсин, донга ҳам қайрилиб боқмаяпти. Бунинг
устига болалардан русчалаб сўкишни ўрганиб олибди. Жиғига тегаверсангиз,
болохонадор қилиб сўкиб қолади.
Лоранинг
нега бу аҳволга тушганини ҳеч ким билмасди ўшанда. Аммо орадан кўп ўтмай,
газеталарда Мансур ака вафот этгани ҳақида
таъзия босилганидан кейин бу хусусда бот-бот ўйлайдиган бўлиб қолдим. Ўшанда
тоби йўқлигини айтган бўлса ҳамки, тез кунда тузалиб кетишига ишончи комил эди.
Балки жонивор бу мусибатни ҳис
этгандир.
Табиатда жумбоқлар мўл. Ҳали биз
паррандаларнинг англаш қобилиятини тўла ўрганган эмасмиз. Лекин жониворлар бир
талай нохушликларни инсондан олдин сезишига
қайта-қайта гувоҳ бўлиб турамиз. Ким билсин, балки булар бари шунчаки
тасодиф ҳамдир...
Мансур ака билан хайрлашар эканмиз, у
аллақандай умид билан Лорага гап қотганда.
- Қани Лора, меҳмонлар кетишмоқчи бўлишаяпти, нима дейиш керак? Нима дейиш
керак? Эсла қани, эсла қани...
- Мансур-р-р-р ака хар-рр-ашо,
Мансур-р-р-р ака, хар-р-рашо, - тилга кириб қолди жонивор.
- Тўхта, тўхта, - хижолат чекиб унинг
сўзини кесди Мансур ака, - хайр, оқ йўл, дейиш керак: ўзбекчалаб... Тентаксан,
тентак. Қани...
- Мансур-р-р-р ака, хар-р-рашо...
Айтишларича, Лора ҳозир ҳам шу каломни бот-бот такрорлаб турармиш.
Ҳа, тафаккурдан маҳрум бўлса ҳамки, у -
ҳақ!
БЕШИНЧИ БОБ
НАМАНГАННИНГ ОЛМАСИ
Икки забардаст адиб билан ишлаш насиб
этгани менинг омадим бўлса керак. Устоз Асқад Мухтордан кейин газетамизга
(Ўзбекистон адабиёти ва санъати"ни назарда тутаяпман.) Одил Ёқубов муҳаррир
бўлиб келди. Бу киши кўнгли фавқулотда беғуборлиги, дангал иш тутиши билан ёқиб
тушди. Одил ака дастлабки кунларданоқ ижтимоий масалаларга эътиборни
кучайтирди.
- Ўйлаб қарасам, - деди у бир куни мени
хонасига таклиф этиб, - шу ўзимнинг маҳаллий навларимиз йўқолиб кетяпти. Қанақа
олмаларимиз, ўрикларимиз бўларди. Олимларимиз ҳар хил гибридларни кўпайтириб,
халқ селекционерларини четлаб қўйдими, дейман-да...
У киши халқимиз энг оғир дамларда маҳаллий
навларнинг уруғлари, кўчатларини сақлаб қолгани, бугунги тўкин дамларда бу
масалада андак бепарво бўлаётганимизни таъкидлади.
Шу суҳбатда Одил ака туркистонлик бир жонкуяр боғбон ҳақида
ҳикоя қилиб берган эди, менинг ёдимга лоп этиб онанайманлик Ориф бобо тушди.
* * *
Агрофакнинг учинчи курсида ўқирдим
ўшанда. Бир ойлик ишлаб чиқариш практикасига
жўнашимдан олдин тупроқшунослик кафедрасининг аспиранти Орипов (у билан
анча яқин бўлиб қолгандик, ҳамкорликда мақолалар ҳам ёзгандик) мендан илтимос қилиб
қолди.
- Шу практикани бизнинг колхозда
ўтказсангиз, нима қилади?
Мен учун қаерда ўтказишимнинг аҳамияти
унчалик каттамасди, лекин суҳбатдошимнинг бундан манфаатдорлиги сезилиб
турарди.
- Нима иш қиламан, у ерда? - қизиқдим.
- Бизди бобой - боғбон: деҳқон
болалардан бирорта ёрдамчи сўрагандилар.
Биз эртаси жўнайдиган бўлдик.
Аспирант йўл-йўлакай отаси ҳақида ҳикоя
қилди. Намангандан, Ўратепадан аллақандай кўчатлар топиб келганини, яқинда
Ризамат ота ҳам қишлоққа келиб, дадаси билан суҳбатлашганини гапириб берди.
Туман маркази анча орқада қолиб,
машинамиз қирликка ўрмалай бошлади. Тепаликка кўтарилишимиз билан рўпарамизда
улкан қозонга ўхшаш сойлик намоён бўлди. У қуюқ дарахтзорга бурканган эди.
Пастликка тушгач, машинамиз катта булоқ бўйида тўхтади. Зилол чашмада балиқлар ғужғон
ўйнарди.
- Аввал қишлоқ ана шу булоқ бўйида
бўлган, - изоҳ беришга киришди шеригим, - кейин одамлар пастликда иморат қуриб,
кўчиб кетишди.
Мазкур дарахтларнинг барини дадаси ўтқазганлигини,
ўзи ҳам кўмаклашганини фахрланиб гапираётганда, анча нарида, жиккаккина
мўйсафид кўринди.
- Ана, бобой келдилар, - авзойи жилла
жиддий тортиб, мени огоҳлантирди суҳбатдошим.
Отахон шахдам келиб, аввал менга қўл
узатди, сўнг ўғли билан кўришди. Назаримда, у билан андак совуқроқ
саломлашгандай бўлди.
Дастурхон бошида гап асосан боғ ҳақида
кетди. Чол пайванд вақти келганини, пайвандтаклар яхши вояга етгани, ёнбағирни
текислаш учун булдозер зарурлигини таъкидлади.
- Ҳали ҳам булдозер йўқми? - сўради ўғли
жим ўтираверишни эп кўрмай.
Ориф бобо жавобан раиснинг
латтачайнарлигини гапира-гапира, боққа кириб кетди. Зум ўтмай, бир пақир олма
кўтариб чиқди, атрофни унинг муаттар ҳиди тутди; ранги ҳам бетакрор эди: бири - қирмизи, бири
- тиллоранг... Отахон олмаларни дастурхонга териб қўяр экан, улардан бирини
танлаб олди-ю, ўғлига кўрсатди.
- Мана бу қанақа олмалигини биласанми?
Шеригим жимиб қолди. Ноўнғай ҳолга
тушди. Ориф ота давом этди.
- Эсингда бўлсин, бу - Наманганнинг
олмаси, буниси - қирмизак, бу - Самарқанднинг себи сафед, дегани.
Орага ноўнғай сукунат чўкди. Шеригим
йўл тараддудига тушмаганда, бу ҳол қачонгача давом этишини айтиш мушкул эди.
Отахон ўғлига мева-чева берди,
болаларига эҳтиёт бўлишни тайинлади.
Унинг машинаси кўздан ғойиб бўлгач,
менга меҳрибон оҳангда уқтирди.
- Қаранг, домлалар ҳам маҳаллий мева
билан бошқа ердан келган навни
бир-биридан фарқлолмайди. Эҳ!
У чойнакни менинг олдимга суриб, боғ
оралаб кетди. Ҳадемай унинг шанғиллаган овози дарахтлар орасидан янграй
бошлади.
- Олмани ҳам шунақа кесадими? Бу сенга
катишками? Аёл дегани ҳам шунақа лакалов бўладими?!
Боя табиат манзараларидан қанчалик ҳузур
топган бўлсам, энди: "Бу чол бугунми-эртами менинг ҳам дилимни хуфтон қилиши
муқаррар", деган ҳаёлдан дилимда рутубат пайдо бўлди.
Кўп ўтмай, у киши қайтиб келди. Бармоқлари
асабий титраётганига қарамай, ўзини хотиржам тутишга уринарди.
- Ўзи буларнинг бригадирини уриб
кетган, - шикоят қилишга киришди, - нуқул шунақа танбал аёлларни менга
юборишади! Билмадим - бу бефаҳмларнинг эри қандай тоқат қиларкан?!
Мен нима дейишимни ҳам билмадим. Бир оз
танаффусдан кейин у менга ётоғимни кўрсатадиган бўлди. Биз шийпоннинг чеккасидаги
хонага кирдик. Бу ерда эгаси шошилинч кўчиб кетгандан кейинги парокандалик ҳукмрон
эди; лата-путталар, қоғозлар, шишалар тартибсиз сочилиб ётарди, пол ва кроват
устини қалингина чанг босганди.
- Бу ерда бир ёрдамчи бола ётганди, -
изоҳ берди отахон, - қирқ кун ишлаб бераман, деб нақ тўрт кунда қочиб қолди.
Келди-кетди кўп бўлди - боғда ҳам иш қайнаб, тозалашга вақт тополмадим.
- Ўзим тозалайман, - дедим нохушгина.
Аммо кайфиятим жойида эмасди, хаёлимда
нуқул ўша "Тўрт кунда қочиб кетган бола" гавдаланарди.
Нега бундай қилди?
Балки иш жуда кўпдир?
Балки чол ўта кетган заҳардир?!
- Мен энди қишлоққа кетаман, - деди
отахон кечқурун чойдан кейин, - у ерда ҳам мол-ҳол бор. Боғу шийпон бари -
ихтиёрингизда.
Холи қолганимдан қувондим ва алламаҳалгача
атрофларни айландим. Аммо дилимдаги зохирий ғашлик, барибир тарқалмади, - ногаҳонда
хўрлигим келиб кетди.
- Бугун насиб бўлса, ниҳол
пайвандлаймиз, - деди отахон эрталаб, - бир ғайрат қилайлик!
Мўйсафиднинг таклифидан кайфиятим
баттар бузилди. Сабаби, биз институтда мева навлари сингари, пайванд турлари ҳақида
ҳам лекция тинглагандигу, амалда бажаролмасдик. Отахон кечинмаларимни дарҳол
сезди.
- Мен аввал пайванд ўтқазишни ўргатаман. Бултур келган бола ҳам
яхши билмасди. Майли, айб сизларда эмас - домлаларда...
Биз ниҳолхона томон йўл олдик. Ориф
бобо ана шу ниҳолларни данакдан кўпайтирганини, энди бўлса маҳаллий навларимиз
билан пайвандлаб, келаси йил боғ қилиш ниятини айтди.
- Мана бу қатор кета-кетгунча
Наманганнинг олмаси, - деди отахон биринчи қаторни кўрсатиб, - кўчатини у йили
Намангандан топиб келганман. У ерда ҳам Америка бельфлёри билан розмаринни
кўпайтириб ташлаган экан. Мана бу ўрик билан бодом кўчатини тоғдаги бир тожик
жўрам топиб берган. Қияликни булдозер билан сал сурсак, бир боғ бўладики...
Ўтган ҳафта райком бобо келгандилар, барини тушунтириб бердим. Ёрдам бермоқчи
бўлдилар. Афсуски, ўшанда бу олма ҳали пишмаганди. Еб кўрганларида яна бошқача
бўларди. Майли, келаси ҳафта бир сатил териб бераман, олиб борасиз.
Отахон ўрикнинг жавпазак, хурмои
навларини ҳам кўрсатиб, уларнинг тарифини қилди. Сўнг ҳеч эринмай менга пайванд
ўтказишни ўргатди.
Бошқа вақтда кўп гапирадиган отахон иш
пайтида лом-мим демас, бор вужуди билан ишга берилиб кетаркан.
Эртаси ҳам, индини ҳам шу алпозда
ишладик. Кечга яқин белим, тиззаларим зирқираб оғрийдиган бўлди. Ҳафтанинг
охирларига бориб, бу инжиқ юмуш жонимга тегиб кетди. Буни Ориф бобо ҳам сезди, шекилли, шанба куни
дам олишимизни айтди, туман марказига бориб келишимни ҳам таклиф қилди.
- Йўл-йўлакай райком бобоникига ҳалиги
айтганимни олиб борасиз, - деди у .
Ориф бобо айтган манзилни қийналмай
топдим. Сигнал тугмачасини босгандим, истиқболимга бир қизалоқ чиқди.
- Райком бобонинг уйлари шу ердами? -
сўрадим.
- Шу ерда!
- Мен олма олиб келган эдим...
У мени ичкарига таклиф қилди.
Ҳовли кенгина бўлиб, тўрда пишиқ ғиштдан
ҳашаматли, ораста иморат қурилганди. Ўртадаги фаввора олдида хивичдан тўқилган
баланд креслода бир маромда тебраниб журнал ўқиётган ўрта ёшлардаги, хушсурат
киши менга савол назари билан тикилди.
- Буни Онанаймандан Ориф бобо бериб
юбордилар, - дедим саломдан кейин, - Наманганнинг олмаси...
У жилмайган бўлди. Ориф бобонинг сиҳатини
сўради, олмани эса ошхонага киритишимни тайинлади.
- Бу Наманганнинг олмаси, - такрорладим,
бирор донасини еб кўрсин, деган илинжида.
- Ҳа, биламан, - истеҳзоли кулди
у.
Ошхонадаги қутиларда турли мевалар,
сабзавотлар аралашиб ётарди. Олманинг йирикроғини топиб, қизалоққа узатдим-у, қолганини
қутига бўшатиб юбордим. Ташқарига чиққач, дилимда мавҳум ғашлик уйғонди.
Наманганнинг олмасига қўшиб, отахоннинг (ўзимнинг ҳам) умидларимизни ҳам ўша қутига
бўшатгандай эдим мен.
Марказни ҳам томоша қилишга ҳафсалам
бўлмай, ўша автобуснинг ўзи билан орқага қайтдим. Ориф бобо эрта қайтганлигимдан
ҳам ажабланди, ҳам қувонди.
- Яхши бориб келдингми, мулла?
- Ҳа, тузук.
- Райком бобо уйда эканларми?
- Ҳа, сизга салом айтдилар.
- Олмадан еб кўрганлар бўлса керак?
- Ҳа-а...
- Ўзимизнинг маҳаллий нав эканлигини
эслатдингизми?
- Эслатдим.
- Яшанг! Бошқа ҳеч нарса демадиларми?
Боғ ҳақида сўрамадиларми? Булдозер ҳақида сўз очмадиларми?
- ...
- Ҳа, майли.
Эртаси тағин пайвандлашни давом
эттирдик. Ориф бобо орада ҳовлидан хабар олиб келар, бошқа юмушларини ҳам бажарар ва мен билан баб-баравар пайванд ўтказарди.
Трактор товуши чиққудай бўлса зийрак тортиб, йўлга чиқар ва ҳар гал ҳафсаласи
пир бўлиб қайтарди. Мен бўлсам, бу ҳолдан қийналиб кетардим.
Отахон билан қарийб йигирма кун
ишладим.
У мени бекатгача кузатиб чиқар экан, меҳрибон
оҳангда тайинлади.
- Ниҳол вақти келинг, кўчатлардан олиб
кетасиз.
Ўшанда ваъда берган бўлсам ҳамки,
йиллар ўтиб Онанайманга йўлим тушмади. Ҳисоблаб кўрсам, бу воқеага йигирма беш
йилдан ошиб қолибди.
Ориф бобо узоқ йили вафот этгани, боғ
райкомнинг дачасига айлантирилганини
эшитган эдим. Аммо дарахтларнинг тақдири менга қоронғи эди. Шунинг учун
атайин Самарқандга бориб, Ориповга учрашдим.
У докторлик диссертациясини ёқлаш
ташвишида юрган экан. Шунга қарамай алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик Боғ ҳақида
сўраганимда у надомат билан бош
тебратди.
- Мустақиллик эълон қилингандан
кейин саркотибни ишдан олишди, раис ҳам
нафақага чиқиб қутулди. Мен янги раҳбарларга кириб, боғни илмий-текшириш
институти ҳисобига ўтказишни таклиф қилгандим - рози бўлишганди. Лойиҳа - смета
хужжатларини ҳам тайёрлагандик. Янги келган ҳоким бу ерда санатория қуришга қарор
қилибди.
- Санатория бўлса, ёмонмасдир -
дарахтлар кесилмайди.
- Аввал ўзим ҳам шундай хулосага келиб,
қувонгандим, аммо ҳар қандай қурилиш бўлган жойда дарахтга қирон келар экан, -
фикримга қўшилмади у, - асосий корпус учун қарийб бир гектар жойни
текислашибди...
У негадир қишлоқдошларини лаънатлади,
марҳум дадасини хотирга олди.
Халқ селекционерлари ва улар яратган
навлар ҳақида китоб ёзиш ниятида эканлигимни эшитгач, Ориф бобонинг турли
жойларда яшайдиган дўстларини тилга олди.
Мен Тошкентлик Собир Шарипов, Карим
Юсупов, Самарқандлик Шариф Муҳиддинов ва бошқа ашраф отахонлар, комил
инсонларнинг манзилгоҳларини блокнотимга қайд қилиб, уларни излашга тушдим.
Уларнинг айримларинигина эътиборингизга
ҳавола этмоқчиман.
1987 йилда «Меҳнат» нашриёти томонидан
чоп этилган "Селекция мўъжизаси" деган китобчам ана шу жаннати
отахонларимизга бағишланган.
ОЛТИНЧИ БОБ
НОК ҲАҚИДА
ИНТЕРВЬЮ
Табиат нокни йирик томчига ўхшатиб
яратган. Ҳадемай узилиб тушадиган шарбат томчисига.
Йўқ, табиат нокни юракга ўхшатиб
яратган. Заҳматкаш боғбоннинг уриб турган, соғлом юрагига!
Қанақа ташбеҳлар изламайди киши, қандай
қиёслар ўйлаб топмайди?! Аслида томчи қаерда-ю, юрак қаёқда?! Буларнинг
ўхшашлиги ҳам йўқ ҳисоби.
Ёввойи нок билан
маданийлаштирилганининг муштараклиги кам. Ёввойи нок томчидан ҳийла йирик, аччиқ;
ҳақиқий нок сершира, тиллоранг, шафақранг...
Миттигина тахир мевани ана шундай бебаҳо
мўжизага айлантириш учун инсон минг, балки ўн минг йиллар давомида изланган.
Табаррук номлари қайдномаларда муҳрланмаган меҳнаткаш боғбонлар азал-азалдан
йирик, сершарбат мева берадиган дарахтларни танлаб кўпайтириб борганлар. Биз
бугун оғизда эриб кетадиган нашватилар, баҳоргача сақланадиган нокларни
биламиз. Улар бизнинг дастурхонимизни безаши учун бир неча авлодлар ўз
умрларини бахшида этганлар.
Ҳозир Республикамизда нокнинг 50 дан
кўпроқ нави бор. (Чет элдан келтирилганлари бундан мустасно). Ана шу навларнинг
бештасини мен ҳикоя қилмоқчи бўлган селекционар яратган, тўрттасини йўқолиб
кетиш арафасида тиклаган.
"Ўзбек Совет
энциклопедияси"нинг 8 жилди, 145 саҳифасида республикамизда кенг тарқалган,
жаҳон миқёсидаги кўрикларда энг юқори баҳо олган навлардан тўққизтасининг
рангли расми эълон қилинган. (Илтимос, очиб қаранг) Булардан учтасини менинг қаҳрамоним
вужудга келтирган, биттасини эса қайта тиклаган.
Ана шу ажойиб инсон билан таништирб қўйишни
Ўзбекистон селекция марказининг маъсул ходимидан илтимос қилганимда, у мийиғида
кулиб қўйди.
- Интервью олишингиз қийин бўлади, - у
одамнинг қулоғи оғир, асаби ҳам тарангроқ...
Мен бу идорада бўлганимда кўпгина селекционерларни асабий ҳолда
учратганман. Улар ўз навларининг тезроқ районлаштирилишини талаб қилишади.
Марказнинг эса талаблари бешафқат: биринчидан, янги нав ўзининг бор хислатлари
билан аввалгилардан устун бўлмоғи, тажриба майдонларида бир неча йил давомида
синаб кўрилмоғи керак.
- Селекционерлар ҳақида ёзиш жуда қийин,
- деди муддаомни эшитгач, қаҳрамоним - Собир ака дуппа-дурустдан, - чунки нав
яратишнинг ўзи - машаққат. - Сиз генетикани биласизми? Мендельни эшитганмисиз? Ҳа,
майли мени Ҳамза Ҳакимзода ўқитган. У айтгандики...
Мен суҳбатдошимни бир лаҳза тўхтатишга
мажбур бўлдим. Чунки унинг гапларини мушоҳада қилиб кўришим, қоғозга туширишга
улгуришим керак эди. Салкам саксонга кирган, бунинг устига аранг эшитадиган
киши билан мулоқотда бўлиш ўзига хос тактика ва таомил талаб қиларди. Ётиғи
билан,бақамтироқ гаплашишимизни сўрадим.
- Ҳамза бизни бепул ўқитган эди. Ўн
тўртинчи йили. Қўқонда Ҳожибек гузарида. Янгича мактаб ташкил этганди.
Парталари, доскалари бор эди. Бепул-а, бепул...
Селекционер ҳам Ҳамзага ўхшайди. Ёнидан ҳаражат қилиб, нав яратади. Мен
кўп ўйлайман-у, тагига етолмайман: жадидлар нечун бепул мактаб очишди? Назаримда,
халқни саводли қилмасдан жамиятни ўзгартириб бўлмаслигига ишонч ҳосил қилишганди.
Мен яратган навлар бунинг олдида ҳеч нима...
У бир лаҳза тин олди. Бу - суҳбат
тизгинини қўлга олишим учун ўнғай лаҳза эди. Гапни селекцияга бурдим.
- Америкада Клапп деган фабрикант
яшаган, - давом этди у, - Қурғур жа-а бой бўлган. Шу одам тасодифан нокнинг
янги навини яратган.
- Тасодифан, дедингизми? Қандай...
- Баъзан тасодиф бўлади. Масалан, бирор
қуш дейлик, Африкада нокнинг уруғини ейди, кейин бошқа юртга учиб бориб, уни
ташлайди. Ёки шамол кучли навнинг оталигини учириб келади-ю, табиий дурагайлаш
рўй беради. Буларни бизнинг тилимизда мутация дейишади. Сиз Муслимка деган буғдойни
биласизми?
- Йўқ.
- Эҳ, яхши эмас. 1934 йили бойсунлик
Муслима Бегимова деган аёл ғаллазордан бошоғи бир қарич келадиган буғдой топиб
олади. Кейин томорқасига экади. Уруғ мўлжалдагидан мўл ҳосил беради. Аёл келаси
йил қўни-қўшниларга ҳам ана шу уруғдан саховат қилади. Кейин колхоз далаларига ҳам
шундан экадиган бўлишади. Бир-икки йилдан кейин хўжалик рекорд ҳосил ола
бошлайди. Бу ердаги сирли нав ҳақида Йўлдош ота Охунбобоевга хабар берадилар.
Ота навни Ўзбекистон бўйлаб районлаштиради.
- Тушунарли.
- Клапп дегани ҳам шунақа тасодиф билан
топади. Кейин нокни ўз номи билан "Любимец Клаппа" деб қўяди.
Эшитганмисиз? Ҳозир Ўзбекистонда кўп экилади. Селекционерлар ўша пайтда миллион
доллар тўлаймиз, деганда ҳам Клапп уни сотмаган. Навни сотиб бўлмайди-да!
- Ҳамзанинг мактабини битиргандан кейин
нима иш қилгансиз? - сўрадим, мавзуни мақсадга яқинлаштириш илинжида.
- Кўп жойларда ишлаганман. 1922 йили
Озорбайжонга муаллимлар тайёрлайдиган билим юртига ўқишга жўнатишди. Собир Раҳимов,
Комил Ёрматов, бирга бордик. Улар бошқа мактабга киришди. Мен Мақсуд Шайхзода
билан бир гуруҳга тушиб қолдим. Кейин муаллим бўлдим, раҳбарлик қилдим.
Ишонасизми, уруш йиллари бутун Белоруссияни пиёда босиб ўтганман. Эҳ, машаққат
эди. Ғалабадан кейин ўзимни селекцияга бағишладим. Муддаойимни Шредер
институтининг ўша пайтдаги директори Тўлаган ака Ҳамидовга айтгандим, у қўллаб-қувватлади.
Ажойиб одам эди! У киши менга институт ҳисобидан велосипед олиб берди.
Немисларники...
Мен суҳбатдошимни мавзуга қайтариш
йўлларини ўйлай бошладим. У луқма ташлади.
- Сиз бошқа нарсаларни ўйлаяпсиз!
Биласизми: у пайтлар ҳеч кимда велосипед йўқ эди. Одамлар ҳайратланиб томоша қилишарди.
Ўша велосипед билан қишлоқма-қишлоқ кезиб, йўқолиб кетаётган навларни
излаганман. Кулола деган нав бор. Сиз уни билмайсиз! Кўпчилигимиз навларни яхши
билмаймиз! Мевасини келаси йил май ойигача сақлаш мумкин. Шуни бир деҳқоннинг ҳовлисидан
топганман. Кейин кўпайтирдим. Ҳозир ҳамма жойда бор! Бебаҳо неъмат!
"Тарихи Таборий" деган китоб бор. Минг йил илгари ёзилган. Шуни ўқисам,
"Дилафрўз" деган навни таърифлаган экан. Кейин уни ҳам изладим. Олти
ой деганда бир жарликдан топдим. Сўнг қишки
нашватини ахтардим. Бир ярим қолганини ҳам уруш йиллари одамлар ёқиб юборишган
экан. Уруш - навларга қирон келтирадиган офат! Чунки одамлар бола-чақани сақлаб
қолиш учун дарахтларни кесишга мажбур бўладилар. -
Энди ўзингиз яратган навлар ҳақида гапиринг, - тағин сўзини кесишга тўғри келди
унинг.
- Нав яратиш ҳам китоб ёзишдай гап,
дедим-ку! Ўн йиллаб ишлайсиз. Ҳар йили юзта кўчатдан икки-учтасини танлаб
оласиз. Қолганлари брак қилинади. Баъзан яхши нав яратиб, уни тасдиқдан
ўтказолмайсиз. Эҳ, машаққат! Сизларда ҳам баъзан яхшиси қолиб, ёмон китоб чиқиб
кетади-ку...
- Сиз яратган навларнинг тақдири ҳам
шунақа бўлганми?
У тин олди. Жавобан шкафдаги
"Помология Узбекистана" китобини олиб, менга узатди. Унинг нокларга
бағишланган боби Собир ака яратган "Салом" навидан бошланганди.
- Чиллаки нашвати билан ёзги нашвати
гулларини дурагайлаб яратганман, - давом этди у, - бу - биринчи нав. Ҳар қандай
эзгу ишни саломдан бошлаган яхши!
Китобда "Салом" навининг
таърифи берилган: "Ҳар бир меваси 240 грамм тош босади, сершарбат.
Дарахтнинг бўйи олти метрдан ошмайди - компакт. Танаси калта 90
сантиметр".
У "Салом"дан кейин
"Саригўзал"ни яратган экан. Бу нав Франциядан келтирилган "Бере
Анжер" билан ёзги нашватини дурагайлаб яратилибди.
- Ундан кейин "Пахтакор"ни
яратдим. Қирқ кишидан иборат комиссия бу навга беш балл баҳо берди. Эрфуртда
ўтказилган халқаро кўргазмада олтин медаль билан тақдирланди. Кейин
"Элсари"...
- Нега номини "Элсари" қўйдингиз,
- сўрайман.
- Ўз номимга қўяйми?! Мен фабрикант
эмасман! Камтарлик ҳам керак! Усмон Юсуповга айтдимки...
- Кечирасиз, бир лаҳза... "Элсари" деганнинг мазмуни қандай?
- Тасдиқдан ўтсин, эл сари тарқалсин,
деган ниятда шунақа ном қўйдим.
- Қандай яратилди?
- Етти йилда!
- Йўқ, қандай яратилди, деяпман?
Дурагайлабми, танлабми ёки тасодифанми?
- Тасодиф? Менинг ишимда тасодиф
бўлмайди. Меҳнат бўлади, машаққат
бўлади! Европа навлари билан ўзимизникини дурагайлаганман. Дарахт
пакана: тўрт метрдан ошмайди. Ҳар бир нок уч юз грамм тош босади. Дегустацион
комиссия беш балл берди. Оғизда эриб кетади ўзиям.
- Районлаштирилдими?
- Расмий жиҳатдан районлаштирилмасдан
тарқалиб кетди.
Мева - табиатнинг ва халқ
селекционерининг инсонга инъом этган бебаҳо неъмати. Ҳа, бу ибора сизга эриш
туюлмасин. Юқорида таъкидлаганимиздек, томчидай мевани юракдай мўъжизага
айлантирган ўша халқ селекционеридир!
Бугун биз дастурхонимизни ана шу
неъматсиз тасаввур ҳам этолмаймиз.
Биз мева таркибидаги витаминлар,
фойдали кислоталар, глюкозалар ҳақида кўп гапирамиз. Нокнинг хужайраларида
бундан фарқли ўлароқ биологик актив моддалар ҳам анчагина.
Аммо шуларнинг барига қарамай
дастурхонимизда нок сероб эмас. Бозорларда эса унинг нархи фалон сўм. Ҳолбуки
республикамизда нокзорларни кенгайтириш
мумкин бўлган минг гектарлаб ёнбағирлар, ташландиқ ерлар бор. Бунинг устига
ажойиб навлар.
Заҳматкаш ҳамюртинг яратган неъмат
бугун миллионлаб кишиларнинг насибасига айлангани ва ундан бир неча асрлардан
кейинги авлодлар ҳам баҳраманд бўлишини ўйласанг, дилинг беихтиёр ғурурга
тўлади!
ЕТТИНЧИ БОБ
ИРСИЯТ: МЎЖИЗА ВА ЖУМБОҚЛАР
1860 йилда Чехославакиянинг Брно шаҳридаги
мактабда физика ва табиатшуносликдан дарс берадиган ўқитувчи Грегор Мендел
монастир боғида шундай тажриба ўтказади. У кафтдаккина ерни тирнаб, бир қаторга
сирти силлиқ, иккинчисига сирти ғадир-будир нўхат экади. Уларни яхши
парваришлайди ва гуллаш пайтида бир-бири билан чатиштиради. Натижада дуккакдаги
нўхатларнинг бир қисми отасига, қолгани онасига тортади. Муаллим уларни яна
экиб чатиштиради. Яна, яна. Етти йилгача.
Кўриниб турибдики, бу тажрибада ҳеч қанақа
мўъжиза ёки синоат йўқ. Биз ҳам табиийки, отамиз, онамиз, тоғамизга ўхшаймиз.
Ибн Сино ўнлаб касалликлар хусусида қалам тебратиб, улар авлодан-авлодга ўтишини
Менделдан саккиз аср муқаддам ёзиб қолдирган. Аммо Менделнинг буюк хизмати
шундаки, у биринчи бўлиб, ҳар бир мавжудод таркибида ирсий белгиларни олиб
ўтадиган аллақандай модда борлигини башорат қилади. У нўхатларни аниқ системага
солиб, ота-она хислатлари ва иллатлари қайси авлодда такрорланишини ҳам ёзади.
Олимлар унинг устидан куладилар. Кейин
Мендель бу хусусда гапиришга журъат этолмайди.
Ўқитувчи вафотидан нақ 35 йил ўтгач,
Европанинг уч мамлакатида уч олим бир-бирларидан ва Мендел ихтиросидан бехабар ҳолда
уни қайтадан кашф этадилар. Олимлар ўзаро ихтиро талашиб турганда, бу гапларни
Мендел анча илгари ёзиб кетгани аён бўлиб қолади. Шундай қилиб, ҳалиги жумбоқ
моддага ген деб ном берилади. Генетика (ирсият) фани шу тариқа дунёга келади.
Фараз қилайлик, қора қўчқор ва қора
совлиқдан оппоқ қўзича пайдо бўлди. Бир қарашда бу - ирсият қонунларига зиддай.
Ахир, уларнинг авлоди қора бўлиши керак эди-ку!
Мендел системасига кўз югуртирсангиз, ҳалиги қўзининг еттинчи
авлодигача, аллақандай "бобокалони" оқ бўлганига ишонч ҳосил қиласиз.
Эътибор берганмисиз, ҳозир врачлар
касаллик варақасини тўлдира туриб: "Отангиз қанақа касалликка чалинган,
онангиз, авлодингизчи", деб сўрашади. Бу бизга гоҳида эриш туюлади. Фараз қилайлик,
сиз қанд (диабет) касалига гирифтор бўлсангиз врачлар бунинг илдизини наслу
насабингиздан излашади. Кейин ишингизнинг характери, овқатланиш режимини
сўрашади.
Қариндошга қиз бериш - нохуш ҳол ҳисобланади.
Чунки бундай пайтда генларнинг курашувчанлик қобилияти сусаяди, иллатлар авж олади,
оқибатда, болалар касалманд, нимжон, гоҳида мажруҳ бўлиб қолишади.
Америкаликлар Мендел қонуниятига
асосланиб, маккажўхорини гибридлаш, яъни мутлақо бегона нав билан чатиштириш
усулини қўллашади ҳамда рекорд ҳосил олишади. Бу фанда катта кашфиёт эди.
Эндиликда ўсимликларни гибридлаш ҳамма жойда тарқалаяпти. Ўсимлик ўз-ўзидан
чангланган сари камҳосил, бебардош бўлиб бораверади.
Инсоннинг ирсий касалликлари ҳақида гап
кетганда, зинҳор шошма-шошарликка йўл қўймаслик керак. Ҳатто туғма
касалликларнинг ҳаммаси ҳам наслий бўлмаслиги мумкин. Фараз қилайлик, бола туғилганда
баданида оқ доғ бор эди ёки бу касаллик кейинроқ пайдо бўлди. Ана шу иллат
модда алмашинувининг бузилиши, қон-томирлари, асаб ришталарининг касалланишидан
ҳам пайдо бўлади.
Эндиликда генетик врачлар бундай
саволларнинг барига батафсил жавоб қайтарадилар.
Шуниси ҳайратлики, халқ селекционерлари
Мендел таълимотидан бехабар бўлсалар ҳамки, азал-азалдан унга риоя қилганлар.
Яна шуниси ажабланарлики, уларнинг ҳам тақдири ўша муаллимнинг қисматига жуда
ўхшаб кетади.
1953 йилда Ўрта Чирчиқ районидаги Карл
Маркс номли колхоз агрономи Карим Юсупов колхоз даласининг бир қаторига
Россиядан келтирилган "Чударенко" навли, иккинчи қаторига эса маҳаллий
шароитимизга мослашган помидор кўчати ўтқазади. Улар гулга кириши билан
Чударенконинг оталик гулларини олиб (бичиб) қўшни нав оналигига юқтиради. Бу
шунчаки жўн иш эмас. Масалан, оталик уруғлари олинган гулни шамол ёки асалари
чанглаб қўймаслиги учун оналик органлари беркитиб қўйилиши, кейин лупа билан кузатиб
борилиши шарт. Биттани эмас, минглаб гулларни шундай қилишга тўғри келади. Ана
шу гуллардан бир ёки иккитасигина бошқача ҳосил берса - бас! Ҳақиқий кураш
шундан кейин бошланади. Янги нав яратиш учун йиллаб энг яхши уруғни танлаш,
экиш талаб этилади.
Карим ака сабот билан ишлайди.
Бугун бозорларга кирсангиз, (қайси
вазифада ишлашингиздан қатий назар, бозорга кириб туришингизни маслаҳат
берардим) одамлар энг аввал Юсупов помидорини суриштиришаётганига ишонч ҳосил қиласиз.
Чунки у йирик, сермағз, мазали! Нархи икки баравар қиммат бўлса ҳамки, ўшандан ҳарид
қилишади.
Лекин агрономнинг бу хизмати ҳозиргача
етарли қадрланган эмас.
- Шундан кейин мени илмий-текшириш
институтига ишга таклиф этишди, - дейди Карим ака.
- Қайси институтга? - сўраймиз.
- Бунисини айтмай қўяқолай. Лекин бориб
хато қилган эканман. Маҳаллий нав билан Болгариядан келтирилган
"София-4" помидорини дурагайлаб, ҳар бири ҳандалакдай келадиган
помидор яратмоқчи эдим. Аммо олимлар билан ишлолмадим.
"Олимлар билан ишлолмадим".
Биласизми бир талай олимларимиз Карим ака яратган Юсупов помидорини эътироф
этишгани йўқ. У расмий жиҳатдан тасдиқланмай тарқалиб кетган. "Карим
аканинг фенологик кузатишлари, оналик ва оталик линиялари ҳақида ҳужжатлари йўқ",
дейишаяпти.
Ҳа, йўқ! Бир вақтлар ҳусайни узумини
яратган соҳибкор, жавпазак ўригини вужудга келтирган боғбон, девзира гуручи,
мирзон сабзиси, кўккалапўш қовунини яратган деҳқонлар ҳам ( минг афсуски, биз
уларнинг номларини билмаймиз) фенологик кузатишлар олиб боришмаган. Лекин ана
шу азаматлар яратган неъмат асрлар оша дастурхонимиз кўрки бўлиб келаяпти.
Бугунги халқ селекционерларини одамлар
таниши, келажак авлод ҳам уларнинг номларини билиши зарур!
Уларга нисбатан нописанд бўлишимиз
инсофдан эмас!
САККИЗИНЧИ БОБ
УРУШ!
Муқаддимада
шундай деган эдим:
"Идрок этганим, бир ҳақиқат шу
бўлдики, тарихнинг қайбир босқичида бу фоний дунёга келишинг - омадинг ёки ютқазиб
қўйишинг экан. Мен Иккинчи Жаҳон урушининг баравж кунларида туғилдим ва
яратганнинг иноятига қарангки, юртимда ҳар ўн-ўн беш йилда такрорланиб
турадиган таҳликали хунрезликлар 1945 йилга келиб батамом барҳам топди".
Мен урушда иштирок этмадим, аммо она
тили, математикадан дарсга кирган қўлтиқаёқли муаллимларнинг ўз фанлари қолиб
кетиб, нуқул жанггоҳлардан ҳикоя қилишларига, кейинчалик эса афғондан келган
темир тобутлар устида оналарнинг қон қақшаганига гувоҳ бўлдим.
Ўз-ўзимдан иқтибос келтиришимнинг боиси шундаки, мен қишлоқ хўжалиги, табиат муҳофазаси
ёки селекция мавзуси билан билан чекланганим йўқ. Ижтимоий мавзуларда,
жумладан, урушга қарши ҳам талай чиқишлар
қилганман.
Эрнест Хемингуэй ёзади: "Урушни
ёмон одамлар бошлайдилар, аммо унда яхши одамлар қурбон бўладилар".
Менинг фалсафам: "Урушни ёмон
одамлар бошлайди, унга қарши публицистика бош кўтаради".
Муҳтарам китобхон! Сиздан илтимос, шу
мавзудаги иккита шеър ва битта ҳикоямни ўқиб чиқинг.
Сарфлаган вақтингизга ачинмайсиз.
Ер ва
одамлар
- Ким юзинг қуёшга бурди, она-Ер,
Ким сенга мангулик берди, она-Ер
Ва илк бор кўз ёшинг артганлар
кимлар?
- Одамлар!
- Ким у сени боқиб, бахтини топган,
Ким у табаррук, деб тупроғинг
ўпган.
Содиқ тақдирдошинг-қуёшинг кимлар?
- Одамлар!
- Айтгин, ким аҳволинг аянч этмоқчи,
Нуроний онани топтаб кетмоқчи
Ва дўзах этмоқчи бағрингни кимлар?
- Одамлар!
- Она-Ер, наҳотки йўқ халоскоринг,
Наҳот кул бўлади гулдек рухсоринг,
Айт, ажал олдини тўсолур кимлар?
- Одамлар!
ЁҒОЧ ОЁҚ
Ёғоч оёқ ғичирлайди,
Ғичирлаб хазин -
Одамларга баён этар,
Серҳасрат арзин:
"Мен садақайрағоч эдим бир
замон
Она ергинамнинг чайир ўғлони.
Чорак аср аввал кесиб беомон,
Кесилган оёққа улашди мани.
Чорак аср мадад бўдим-у, аммо,
Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.
Чорак асрдирки, менга муаммо:
Мажруҳ этар нечун,
одамни-одам!?"
НОМАЪЛУМ РАССОМ
Ғалатида ўзи: одамлар бой бўлишни
исташади, аммо бойларни ёқтиришмайди.
Маҳалладошлари уни ҳам хушламайдилар.
Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл
жихозлари нопок йўл билан келаётгани устига феъл-атвор ҳам ҳалигидақа...
Шунга қарамай унинг олдига келиб туришади,
илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга
кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров
машина ололмай ҳалак. Бунақа юмушларга унинг суяги йўқ: танишларин ишга
солади, урушда "қон тўкканини"
пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.
Шаҳарга туташ колхознинг бригадири
унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари
ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу
одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон ҳам олиб беради.
Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса,
бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан
фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман.
Бу даргоҳга ижара излаб келганим
кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болахонадаги уй бўшлигини,
хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва
бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга
хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.
- Ургутданман, - дедим, сўнг қўшиб қўйдим:
- Юрфакда ўқийман.
- Ҳа,
тузук, - деди у чиройи очилиб, - ургутликлар закунчи келади ўзи.
Шу билан гапимиз тугади. Иккаламиз ҳам
жимиб қолдик.
- Майли, - деди, у ниҳоят, - аммо маст бўлинса, аёл-паёл
олиб келинса хафалашиб қоламиз.
Кўчиб келганимнинг биринчи ҳафтаси
эди. Кечқурун хонамга кириб
кетаётганимда, хивичдан тўқилган креслода ялпайиб ўтирган хўжайин мени чойга
таклиф қилиб қолди. Унинг рўпарасидан жой олдим-у, ногаҳонда нигоҳим кўкрагига
чизилган катта расмга тушди. Табиатан баданида турфа ёзувлар ва расмлар бўлган
кишиларни ёқтирмасдим. Нохуш бўлдим. Хўжайин ҳол-аҳвол сўраган бўлиб, чой
узатди. Унинг кайфияти яхши эди. Ўзимни мумкин қадар бепарво тутишга уриниб,
унинг кўкрагига тағин зоҳирий назар ташладим. Балоғат ёшидаги қизнинг жуда зўр ҳафсала
ва дид билан чизилган расми эди у. Қиз бошини осиёлик жувонларга хос танғиб
олган бўлса-да, қирра бурни ва яна алланималари европача эди. Кўкраги жуда бўлиқ,
сийнабанди осмонранг. Кўкрагининг ярми хўжайиннинг майкаси остида қолганди.
Аммо, синчиклаб қаралса, тўр остидаги унинг бор вужудини кўриш мумкин эди.
Назаримда, у ҳозиргина чўмилишдан чиққандай, устига енгилгина мато ташлаб
олганди. Қизнинг боши негадир бир оз хам қилиб чизилганди, табассумида
билинар-билинмас ғуссами, истеҳзоми яширинганди.
- Ўқиш қачон тамом бўлади? - ногаҳонда
сўраб қолди хўжайин.
- Яна бир йил бор.
- Яхши! Кейин ҳаёт тузук бўлиб кетади. Ҳозир
судья-ю терговчиларнинг пичоғи мой устида.
У Ургутда бадавлат одамлар кўплигини
айтиб, Гена деган серпул кишини суриштириб қолди. Танимаслигимни билгач,
афсусланди.
- Жуда ҳам уддабарро одам. Бир вақтлар
Москвадаги ресторанда директорлик қилган. Бундай одамларни таниб қўйиш керак!
Унинг ўгитларини тинглаган киши бўлиб,
тағин расмга назар ташладим. Ҳар қалай бу ўлкан санъаткорнинг иши эди. Расм
учун чап сийнанинг усти яъни юрак атрофи танлангани бежиз эмасди. Юрак тепганда
қизнинг узун киприклари, бўлик, оппоқ кўкси тебраниб кетар ва бу ғайритабиий ҳол
кишини беихтийр ҳаяжонга соларди. Бу соҳибжамолнинг нозик бармоқлари ҳам шу қадар
оппоқ ва нафосатли эдики, таърифига сўз ожизлик қиларди.
Хўжайин қўзғалди, негадир деканимизнинг
фамилиясини суриштириб қолди. Мен чўчиб тушдим ва жавоб бердим.
- Танийман, - деди у, - агар бирор иш
чиқиб қолса, менга айтилсин, ёрдам бераман!
У ҳомуза тортиб, хонасига кириб кетди.
Бетакрор сиймо эса хаёлимга кўчди ва михланиб қолди.
Эртаси хўжайин кеч келди. Унинг кайфи
баланд эди. Бека саросималаниб унга сув тайёрлади.
- Биласанми, хотинлар нима учун
яратилган? - лаблари тамнашиб, хотинига савол берарди у .
- Биламан, биламан - эркакларнинг
эрмаги учун, - ҳазил тариқасида, ҳадик билан жавоб қайтарарди хотини.
Аёл эрини уйига олиб кирди. Хўжайин
кимнидир болохонадор қилиб сўкди. Кейин жимлик чўкди.
Бир ҳафтагача унинг майкачан чиқишини
кутиб юрдим. Якшанба куни эндигина креслодан жой олганда, ҳалиги таниш бригадир
келиб қолди. У расмга мутлақо эътибор бермай, нуқул илтимос қиларди.
- Фақат помидор қолди. Икки кун турса,
бари эзилиб кетади. Борамизу келамиз.
Улар чиқиб кетишди ва тушдан кейин
ширакайф бўлиб қайтишди. Ток остида жой ҳозирлагач, қимтинибгина пастга тушдим.
- Қани, студент, би-ир чой ичайлик.
Мен ичкаридан у-бу олиб чиқдим. Сўнг
столнинг бир чеккасидан омонатгина жой олиб, ташна нигоҳларимни қадрдон расмга
тикдим. Ҳавонинг иссиғидан бўлса керак, қизнинг яноқларида реза-реза тер
ялтирарди. Инсон қиёфаси акс этган жамики полотнолар, портретлар, ҳайкаллардан
фарқли ўлароқ, бу расм жонли эди: у қизарар, терлар, гоҳида чимирилар, табассум
қилган бўларди.
Бригадир нуқул бу йил ҳосил баракали
бўлганини бошлиғи уни таърифлаганини такрорларди. Хўжайин эзма суҳбатдошининг
гапига шунчаки одоб юзасидан қулоқ солгандай бўлса-да, аслида батамом бошқа
нарсаларни ўйлаётганини англаш қийин эмасди. Нафисламбирини айтганда, учаламиз ҳам
роль ижро этаётган актёрларга ўхшаб кетардик шу тобда.
- Топширишни ўйламанг, - далда берган
бўлди хўжайин, - биз бор эканмиз, ҳосилингиз
ерда қолмайди.
Суҳбат қовушавермагани учун бўлса керак, бригадир узр сўраб, кетишга
шайланди. Уни дарвозагача кузатиб қўйдик. Хўжайин креслодан жой олиб, хотинини
чақирди.
- Қарзни обкелдими, ана у? - қўшни
томон имлади.
- Йўқ! Кейинроқ берар, хотинини
Москвага олиб кетди. Бу ерда даволаб бўлмасмиш...
- Нодон! Ризқи бут бўлса, нима фарқи
бор?!
Аёл мендан ҳижолат бўлди. Мавзуни
усталик билан бошқа томонга бурди.
Ўғлингиз аттестатини олибди... Билим
юртига борсам майлими, деяпти...
- Йўқ, - деди у кескин, - ё юрфакка ёки
савдо соҳасига боради. Мана шу болалар, - у мен томон имлади, - қишлоқдан келиб
ўқияпти-ку.
Шундан кейин орадан ўн кунлар чамаси вақт
ўтди. Менинг ширин умидларим, орзиқиб кутишларим сароб бўлиб қолаверди.
Бу орада бека мени жуда қадрлайдиган
бўлиб қолди. Ўша куни унинг маслаҳати билан маҳаллага тўйга боргандим. Хизмат қилиб
юрганимда хўжайин келиб қолди. Уч-тўрт баковул унга пешвоз чиқиб тўрдан жой
кўрсатишди. Сўнг алоҳида дастурхон ёзиб, ноз-неъмат келтиришди. Хўжайин бу ерда
ҳам ўзига хос виқор, нописандлик билан ўтирди. Маҳалла комитетининг раиси билан
қадаҳ уруштирди, кимгадир зарда қилди. У чиқиб кетиши билан одамлар ғийбатга
тушиб кетдилар.
- Маст бўлди, муттаҳам!
- Бу зулукни одам қилиб юрган - ўша хотини. Бўлмаса аллақачон балои азимга
дучор бўларди.
Уларни гапидан шу нарса аёни бўлдики,
бека - хўжайиннинг учинчи хотини экан. Биринчиси, узоқ йил кутган бўлишига қарамай,
хўжайин ўша ёқдан хотин олиб келибди. Кейин иккаласи муроса қилмагани учун
жавобларини бериб юборибди.
- Бари бир маҳаллага шунақа одам керак, ғийбатни якунлашди улар, - ёрдами
тегиб туради.
Тўйдан келсам, хўжайин креслода
майкачан ўтирган экан. Жуда қувониб кетдим.
- Хўш, студент, ишлар жойидами, тўйга
борилдими?
- Ҳа.
- Кўрилдими, бари менга думини
ликиллатади. Лекин қўлларидан келса бир кун қўймайди, бу нокаслар!
Таниш расмга кўзим тушиб, юрагим
гупиллаб ура бошлади. Унинг нигоҳларида бу гал ўта жоҳил одамнинг қўлига тушиб қолган
бокира аёлнинг изтиробларини кўргандай бўлдим.
Эҳ, гўзал, гўзал эди у.
Шундан кейин ҳам ҳар гал унинг
янгидан-янги қирраларини кашф этардим. Мен у қизни интиқлик, ташналик билан қумсардим,
негадир пешоналарини силагим, далда бергим келарди. Хўжайин эса аксига олиб,
кўпинча халат кийиб чиқар ва менинг ташна нигоҳларим интиққина мунғайиб қолаверарди.
Ўша куни маҳалладан бир киши илтимос
билан кириб келди.
- Шу укамиз касал бўлиб қолган денг.
Духтурга борсак, жой йўқ, дейди...
Хўжайин креслога ястаниб ўтириб олди,
хотини телефон аппаратини олдига келтириб қўйди. У кимларгадир телефон қилиб, ҳалиги
одамнинг ҳожатини чиқарди. Сўнг сўради:
- Қаерларда ишлаяпсиз?
- Ўша - аввалги жойда.
- Аввалги жой қаер эди?
- Паррандачилик фабрикаси.
- Дарвоқе, товуқлар семириб юрибдими?
- Семириб юрибди.
- Нима, эшитиш бор-у, кўриш йўқми?
У бугуноқ етказишга сўз берди. Хўжайин қувонди
ва негадир намойишкорона халатини ечиб кўкрагини очди.
- Мана, студент...
Мен хижолат тортдим. Хўжайин расмни ёқтириб
қолганимни билмайди, деб ўйлагандим-да.
- Билганман, студент, билганман шу расм
ёқиб қолганини.
Мени ногаҳоний хижолатдан чиқариш учун
бўлса керак, у қадаҳларга коньяк қуйди, биринчи менга узатди.
- Ҳеч ичолмайман! Ичмаганман!
- Олинсин, студент, расмнинг тарихини
айтиб бераман!.
Мен қадаҳни олдим.
- Бу расм - Польшадан ёдгорлик.
Концлагердан.
Қизиқишим ошиб, унга яқинлашдим. У ҳам
эътиборимни жамлаб олишим учун бир лаҳза сукут сақлаб давом этди.
- Бир рассом билан бирга тушиб қолгандик.
Жуда мўмин-қобил одам эди. Бизнинг тақдиримиз маълум эмасди. Ўзимизникилар яқинлашиб
келаётган пайтлар эди ўшанда.
"Дўстим, - деди бир куни ўша
рассом жуда илтижо билан, - ўттиз йилдан бери хаёлимда бир сиймони олиб
юрибман. Йўқ дема, шуни сенинг кўкрагингга чизай. Кўксинг жуда кенг, беғубор
экан".
"Расм чизишга бало борми, - дедим нохуш, - эрта-индин ўладиганга
ўхшаб турибмиз-у...."
"Йўқ, биз ўлмаймиз, - деди у ишонч
билан, - бу расм сенга асқотади. Ишонавер!"
Мен чалқанча ётдим. У анча уннади. Қалам
билан чизиб, игнани қора рангга ботириб санчиб чиқди. Бир ҳафтадан кейин бизни
отишга олиб чиқишди. Аблаҳ фашистлар баримизни қатор қилиб қўйишди. Бир маҳал
мўъжиза рўй берди. Сафнинг олдидан ўтиб кетаётган офицер, атайин орқага қайтиб,
кўкрагимдаги расмга суқланиб тикилиб қолди. Сўнг шерикларини ҳам чақирди. Улар
алламаҳалгача чулдираб муҳокама қилишди. Кейин офицер мени сафдан чиқариб
юборди.
- Қолганларни-чи? - шошиб сўрадим.
- Отиб ташлашди, - деди у совуққина қилиб.
- Рассомни ҳамми?
- Ҳа!
- Афсус! Номини сўрамаганмидингиз?
- Ёдимдан чиқиб кетган, - деди у лоқайдгина,
- кейин ўша офицер расмни яхши кўриб қолди. Мени Германияга олиб кетмоқчи
бўлганди, аммо бизникилар бостириб келиб, иложи бўлмади. Кейин ўпкам шамоллаб
госпиталда ётдим. Врачим ҳам шу расмни яхши кўриб қолса бўладими. Кейин билсам,
тузалганимдан кейин ҳам жавоб бермай юрган экан. Бир ҳамшира билан соз бўлиб қолдик.
Ўшани олиб, қайдасан Самарқанд деб йўлга тушдим. Бу ерда кундошлар келишолмади.
Иккаласидан ҳам воз кечиб, бу аёлимга уйланганман.
Хўжайин тин олди. Менинг кўз ўнгимда
ўлимга маҳкум этилган истеъдодли рассом, мана бу галварсни бир неча йил кутиб,
орзулари саробга айланган аёл, яна алланималар гавдаланди. Хўжайин давом
эттирди:
- Бир куни ҳаммомда бир чол шу расмни ёқтириб
қолди. Рассом экан. "Рухсат бер, пешанасидан бир ўпай", деб ялинди.
Жеркиб солдим.
У қаршисидаги қадаҳни тўлдирди. Менинг
рюмкамни ҳам зўрлаб тутқазди.
- Давай, студент, ичамиз!
- Майли.
- Давай!
- Нуқул яхши одамларга қирон келтирган
урушга қирон келиши учун!
Кейин хонамга шошилдим. Ҳаёт-мамот
жангида қатнашган хўжайин, уни эзгуликка чорлаган рассом ва яна аллакимлар кўз
ўнгимда худди кино лентасидай пайдар-пай ва бот-бот ўтиб турди. Йиғлаганимни
кўришмасин деб, эшикни ичкаридан илгаклаб қўйдим.
ЎЗ-ЎЗИМДАН
ИНТЕРВЬЮ ЁКИ
СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА.
Қирқ йил
давомида қўлда блокнот билан турфа тоифа, миллат ва ёшдаги кишилар билан мулоқотда
бўлдим; дунёқарашлари, эътиқодлари бир-бирини инкор этадиганларнинг мулоҳазаларини
ўзимча синтезладим.
Бугун
олтмиш ёш арафасида эса биринчи бор ўзимни саволга тутишга жазм қилдим.
* *
*
-
Азроилга чап бериб, олтмишинчи бекатга етиб келибсиз, буёғига ҳам Оллоҳ сиздан
нусрати ҳамда раҳматини аямасин!
- Ҳеҳ, ғалати
сўз ўйини.
- Ҳарҳолда
ижодкор учун олтмиш - кучга, тажрибага тўлган, айни ижод қиладиган палла.
- Бу,
азизим, юбилей тантанасида қўлда микрофон тутиб айтиладиган тавозе ва такаллуф,
ўрисчасига айтганда - комплимент. Аслида ёзувчи ҳам, журналист ҳам ўз вақтида
нафақага чиққани маъқул. Намоз - вақтида фарз.
- Балки
тўғридир! Ўттизга яқин юпқа-қалин
китоблар чоп эттирдингиз.
- Лекин
булардан икки-учтасигина қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Аслида озроқ ва созроқ ёзсам
бўларкан.
- Бунинг
устига одамлар борган сари кам китоб ўқишябди.
- Ўзим
ўтказган тадқиқотларга суянадиган бўлсам, бугун китоб ўқийдиганлар асосан ТВ
кўриш имкони бўлмаган кишилар, шу жумладан, ёлғизлар, кексалар, беморлар,
туристлар, асаларичилар, қоровуллар... Аммо зиёлилар, ҳатто ёзувчиларнинг
ўзлари ҳам кам ўқишябди. Ваҳоланки инсоният тараққиётининг (ижтимоий ва иқтисодий)
локомотиви (таъбир жоиз бўлса) зиёлилар бўлиб келишган.
-
Адабиёт ўлади, демоқчимасмисиз?
-
Бир-бирига зид бўлган икки ҳолатни кузатганмисиз? Биринчиси, "Адабиёт
ўладими", деган серхавотир сўроқ. Иккинчиси, ҳар бир муаллифнинг "Мен
зўр асар ёздим" деган ишончи, гоҳида мақтанчоқлиги. Мен буларнинг
иккаласига ҳам истеҳзо билан қарайман. Адабиёт ҳам ўлмайди, зўр асар ҳам ёзилмаябди.
- Газета
билан студентлик пайтимдан бошлаб дўст тутинганман, дегандингиз...
- Газета
билан илк бор етти ёшимда, яъни 1948 йилдан эътиборан иноқ бўлганман. Шунда биз
Ургутнинг Қўзичи деган қишлоғида яшардик. Бир куни мактабмиз директори бизни ҳовлига
тўплади. "ҳамма диққат қилсин: бизни газетада мақташган" деди у ва ўқишга
киришди.
«Доҳиймиз
Иосиф Виссарионович Сталиннинг чексиз ғамхўрлиги туфайли Ургут районида
автомашиналар сони учтага етди: "Қизил Шарқ" колхози ҳам "политурка" машинасига эга бўлди.
Буюк доҳиймиз,
саркардамиз Иосиф Виссарионович Сталин кўрсатмаларига амал қилаётган шофёр
Жумаев Раҳмат колхоз раиси билан ҳам, колхозчилар билан ҳам яхши муомала қилмоқда.
Машинага илғор колхозчилар миндирилмоқда».
Жумаев
Раҳмат - менинг дадам эдилар.
-
Айтингчи бирор нимарсадан хавотир тортиб яшайсизми?
- Рак,
инфаркт, автомобил ҳалокатидан! Фарзандларим, набираларимга бирор кори ҳол бўлишидан.
- Ёлғон
гапирганмисиз?
-
Гапирмаганман, десам ёлғон бўлади. Ёлғон эзгуликка хизмат қилса гапириш мумкин.
Чин бўлса-ю, ҳеч ким ишонмаса ёки унга тайёр бўлишмаса, ўйлаб кўриш керак.
Мансури Ҳаллож: "Анал ҳақ" яъни "Мен ҳақман", дегани учун териси
шилинганини бот-бот кўз ўнгимга келтирадиган бўлганман!
- Тан
оласизми, йўқми - сиз шўролар даврининг мухбирисиз. Бугунги ижодкорнинг,
табиийки, рафтори бўлакча. Газеталар,
ТВ, радио моҳиятан дигаргун, жадиддурлар.
- Бундай
максимализм ноўрин. Аксар оммавий-ахборот воситалари-миз ўз фаолиятларини айнан
ўша - ўзлари инкор этаётган даврда бошлаганди. Улар устивор анъаналарга содиқ қолиб,
мустақиллигимизга камарбаста бўлишди.
- Суҳбатимиз
якунида "Мен журналистман" деган китобингиз ҳақида гапирсангиз.
Кузгуга
боқиб, аввал ундаги доққа эътиборни оширадиганлар бор. Китобнинг биринчи
нашридан кейин каминани андишасизликка айблаганлар ҳам бўлди. Булар, асосан ўзларини
таниб қолган бандалар эдилар. Гоголдан истеҳзо билан: «Кимнинг устидан
кулаяпсиз» деб сўрашганда, такаллуф билан: «Ўз устимдан, чироғим, ўз устимдан»,
деган экан. Мен ҳам шуни такрорлаган бўлур эдим.
Зеро
руслар беҳудага: осмон гумбирламаса, мужик чўқинмайди, дейишмайдида.
Китобнинг
бош қисмида: «Афсуски, ҳозир муаллифларга умуман жавоб йўлламай қўйишди», деб ёзгандим.
Аммо бу – надоматимнинг бир қисми эди, холос. Таҳририят ва нашриётлар қонуний қалам
пули тўлашни ҳам йиғиштириб қўйишди. Қўлингиздаги китобнинг биринчи нашри
гонорарига янги «Жигули» ҳарид қилган эдим. Иккинчисига…
Китобни
«Мен журналистман» деб атаганим бежиз эмас. Мен ёзувчи эмас, Ёзувчилар
уюшмасига аъзо бўлган мухбир, журналистман. Ёзувчи деганда, Робиндранат Тагор,
Лев Толстой, Абдулла Қодирий, Садриддин Айний сингари даҳоларни назарда тутишга
кўникиб қолганман.
- Бу
асар мухбир учун қўлланма ҳам эмас, уни менинг сардафтарим деб ўйламоқ ҳам
хато. Асар одамларни эзгуликка, эврилишга, эминликка даъват этса бўлгани.
Насиб
бўлса, ноумид қолмасман!
Ва тағин
– ўтинчим ҳам бор – ушбу китобни ўқиб, энг яқин елкадошингизга туҳфа
этишингизни жуда-жуда истар эдим!
Остонангизга
осойишталик берсин!