понедельник, 27 февраля 2023 г.

ШИКОР

 

Табиат қўйнига кимдир милтиқ билан, кимдир фотоаппарат билан овга чиқади. Аммо қалам билан шикор қилиш ҳам мароқли экан. Турли вақтлар блокнотимга туширган «ўлжа»ларимни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сиз ҳўкизлар, мушуклар, хўрозлар ва ҳатто чумолиларнинг ҳам бир-бири билан жиққамушт бўлиб уришганини кўп марта кўргансиз, албатта. Ҳа, уларнинг ҳам чегара низолари, озуқа ва зурриёт жанжаллари йўқ эмас. Начора, тириклик…
Лекин бирор ҳайвон, қуш ёки ҳашарот шу курашда ўз наслидан бўлган рақибини зинҳор ўлдирмайди. Ожизи маълум бўлиши ва чекиниши билан кураш ҳам, низолар ҳам, кеклар ҳам барҳам топади.
Табиат шундай гуманистик инстинкт бахш этган уларга!
***

Ота-боболаримиз азалдан ўз фарзандларини "бўталоғим", "қўзичоғим", "лочиним", арслоним… деб эркалашган. Жониворларни севсин, бераҳм, бешафқат бўлиб ўсмасин, деб шундай қилишган бўлса ажаб эмас.
***
Табиат ҳамиша танти эмас. Бутун умри давомида бол ташийдиган ишчи арига атиги бир ой, умр бўйи ари урчитишдан бўлак иш қилмайдиган эркак арига бир йил умр берган.
***
Мен отнинг йиғлаганини кўрганман…
Араб отига ўхшаш бағоят хушбичим, гўзал қорабайр эди у. Пойгада ҳаммадан олдинда, уфқларни кўзлаб учиб кетаётган пайтда оёғи қандайдир чуқурга кириб йиқилди. Биз етиб борганимизда, унинг қоп-қора кўзларидан ёш сизарди. Ҳар замонда киприкларини қисиб қўяр ва кўз ёшлари шашқатор бўлиб оқарди. Атрофга боқиши ҳам мунгли, аламли эди…
Жуда-жуда ачиниб кетганман ўшанда.

среда, 22 февраля 2023 г.

 

БЕҲБУДИЙ ЁҚҚАН ЧИРОҚ

(Таниш ҳофизнинг илтимосига кўра ёзилди)

 

Бўлмайлик нурдан йироқ,

Қўлингни бер, жон ўртоқ

Уфққа чорлар бизни

Беҳбудий ёққан чироқ!

Беҳбудий ёққан чироқ!

 

Туркистоним, бўл ўйғоқ,

Рақиб қўймасин тузоқ

Йўлларингни ёритсин,

Беҳбудий ёққан чироқ!

Беҳбудий ёққан чироқ!

 

Жадид боболар ҳар чоқ

Руҳингиз бўлсин чақмоқ

Нусрат учун равшан нур

Беҳбудий ёққан чироқ!

Беҳбудий ёққан чироқ! 

        Нусрат РАҲМАТ

21  02 2023