суббота, 24 декабря 2022 г.

БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН С ЎНГ

 

. БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ


  Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.

    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
         Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда  тутасизми,  ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
         Ҳамма нарса вақтдан қўрқади,  дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.

суббота, 3 декабря 2022 г.

НОХУШ ХАЁЛЛАР

 


Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.
Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.

четверг, 1 декабря 2022 г.

"МЕН РЕДАКЦИЯДАНМАН" китобидан

 


МАУГЛИ

         Вилоят газетасида чоп этилган илк мақоламнинг тафсилоти ғалати бўлган: агрономия куллиётининг иккинчи курсида ўқирдим. Тупроқшу-нослик фанидан дарсга кирган аспирант кулнинг, ҳа, одий ростмона кул-нинг бебаҳо ўғитлигини, унинг таркибидаги калций моддаси ҳосил тугун-чаларини сақлаб қолишини айтди.  Мен учун бу янгилик эди: ундан бош-қаларни ҳам ҳабардор қилгим келди ва қўлимга қалам олдим. Иккаламиз-нинг фамилиямизни кўриб, аспирант қувонди, сўнг мақолага кафедра му-дирининг ҳам исм-шарифини тиркашни таклиф этди.

         Орадан ўн кунлар чамаси ўтар-ўтмас, мақола босилиб чиқди: унда сарлавҳа ҳам, рақамлар ҳам жойида эди-ю , менинг фамилиям кўринмас-ди - фақатгина доцент билан аспирантнинг имзоси қолганди.

         Ҳамкурсларимга бу мақолани мен ёзганимни айтиб, мақтанган эдим, улар каминани меровликда айблашди. Шундан кейин тахририятга бориб, бунинг сабабини билишга қарор қилдим. Аммо газетанинг бўлим мудири бу ҳаракатимни беандишаликка йўйди.
         - Энди доцент билан аспирантнинг имзоси турганда, студент...га бало борми", демоқчи бўлди-ю, уёғини айтмай қўйақолди.
         Бу воқеага кўп йиллар бўлди, лекин ҳамон газеталарда қўш имзо кўрсам, илк мақоламни эслайман, имзоси пастда турган  муаллифга хай-рихоҳ, бўламан, азиятни асосан ўша чеканини (агар ундан пастдагиси олиб ташланмаган бўлса) ҳис этаман.
         Курсдошларимнинг маломатларидан қутулиш учун ёзавердим, ёза-вердим. Таҳририятдан эса бир хил қолипдаги жавоб келаверди, келаверди.
         "Газета расмий материаллар билан банд бўлгани учун ундан фойда-лана олмадик!"
         Ўша пайтлар ана шу баҳонага ҳам ишонганман! (Афсуски, ҳозир муаллифга умуман жавоб қайтармай қўйишди). Ниҳоят, бир аёл  канди-датлик диссертациясини ёқлаганини ёзиб юборгандим, эълон қилишди. Аммо бунинг ҳам иллати чиқиб қолди: ҳалиги аёлга "ветеринария фанла-ри кандидати", деган даража берилган экан. Менинг айбим билан "қиш-лоқ хўжалик фанлари кандидати" бўлиб кетибди. Шундай қилиб, газета-нинг эндигина қия очилган эшиги тағин  ёпилди.
         Бир куни таҳририятдан хат олдим. У батамом ҳидояткорона оҳангда ёзилган эди.