суббота, 3 декабря 2022 г.

НОХУШ ХАЁЛЛАР

 


Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.
Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.

Беморликлардан бошлайдиган бўлсак, қарийб йигирма йилдан бери  хафақон (гипертония, қон босими) билан яккама-якка курашиб келаётганимни, аммо кўпга бормай бой беришимни айтиб ўтишим керак. Бир бор йиқилдим ҳам, аммо шифокорлар, рингдаги ҳакам:  «енгил накаут», деганига ўхшаб, микроинфаркт бўлганимни айтишди ва ўрнимдан турғизиб  қўйишди. Менга ўхшаш бадбахт, заҳар чолга нариги дунё ҳам зор эмас экан, деган тўхтамга келдим ўшанда. Дилозордан Худо безор, деганлари, эҳтимол шу бўлса.
Докторлар, табиб-у экстрасенсларни ҳурмат қиламан, албатта, аммо йигирма йилдан бери уларнинг бари менга, шунчаки ён босадиган мухлис ёки ҳангоматалаб томошабин ролини бажариб келишди.  Рингдаги боксчига: «бўшашма», «ўнг қўлингни ишга сол»,  «йиқит», деб бақиришади-ку… Шунга ўхшаш.
 Ҳар йили кардиология шифохонасига  ётиб ҳам чиқаман ва доим ман-ман деган докторларгина эмас, фан ҳам касаллик сабаблари, уни даволаш усулларидан бехабар, деган тўхтамга келаман. Мени даволайдиган доктор шу мавзуда диссертация ёқлаганди. Аммо раҳматлини айнан инфаркт олиб кетганлиги бунга мисол бўлар, деб ўйлайман.
Бошқа дардларим ҳам бор ва бунга табиий бир ҳол деб қарайман. Менинг ёшимдагиларга табиат ҳам, жамият ҳам нуқул чап қўлини чўзишини биламан. Аммо бошқа оғриқларим ҳақида гапиришни истамайман!  Одамларга аввал нон керак, кейин ҳангома, деб эшитганман. «Зангори экран» ва «сариқ матбуот»дан моргдаги  мурдалар, лаблари бўсага ташна  фоҳишалар, эр деган нарсани қўлқопдай янгилаб турадиган юлдузлар ҳаёти; ҳақиқат ёки афсоналигини фарқлаб бўлмайдиган ўйдирмаларни кўриб, ўқиб, ўшаларга  мойил бўлиб қолган бугунги авлод учун менинг касаллиг-у, ҳасратларим бегона ва зерикарлидир.
Бирор йилга етмай, бу ёруғ оламни тарк этаман, деган фикр шууримга канадай ўрнашиб олган. Борингки, бир-икки йил ортиқча яшаганда ҳам вужудимдаги дардлар, руҳиятимдаги дилғашликлар, виждоним олдидаги оғриқлардан холи бўлмаслигини биламан. Мадомики шундай экан, вақтида кетган маъқул. Инсон ўлгандан кейин гул, дарахт, руҳ сифатида намоён бўлади, деган гапларга киноя билан қарайман. Лекин тақрибан юз йиллардан кейин қайта кўз очиб, бир бор бўлса ҳам ҳаётни жуда-жуда кўргим келади.
Бир танишимнинг юпқагина китобидан шундай нақлни ўқиган эдим ва у хотирамда михланиб қолганди: «Ўн - қўй, йигирма - бўри, ўттиз - арслон, қирқ - қилич, эллик - пахта, олтмиш - ахта, етмиш - тахта». Айрим давраларда бунга норозилик билдиришади:  «Ахир, саксон, тўқсонга кирганлар анча-ку»! Шунда ўзимдан андак қўшиб қўяман:  «Ҳа майли, етмиш - нўхта, саксон - тахта».
Саксонга кирмаслигимни биламан.  Авлодимиздан фақат дадам мендан атиги бир неча ой кўпроқ рўзгузаронлик қилдилар.  Менинг ёшимда у киши техникумда ботаникадан дарс берардилар. Биз етмиш беш йиллик юбилейларини нишонлаш ташвишига тушдик ўшанда. У пайтлар обкомда бўлим мудири эдим ва ўзимга яраша мавқеим бор эди. Тўйхона одамга тўлиб кетди. Ўртани олиб борувчи такаллуф билан: «Энди муҳтарам юбиляримиз тўрдан − ўз ўринларини эгаллашларини сўраймиз», деди. Креслога бир неча қадам қолганда, дадам аввал нохуш тебранди, сўнг юзтубан йиқилиб, типирчилаб қолди. Шу ерга келганда, қон босими ошиб кетади, деб ҳеч ким ўйламаганди. Бундай нохушликни душманимга ҳам раво кўрмас эдим. Ҳеч гапдан бехабар меҳмонлар ҳамон гул кўтариб келишарди. Бу гулдасталарни кейин унинг тобути, қабри устига қўйдик.
Мен олтмиш ва етмиш ёшга тўлганимда юбилей ўтказишдан ўзимни тийдим.  Йўқ, ўша лаҳзада бандачиликни бажо келтириб қўйишдан чўчиганим йўқ. Сен тўрда сўлжайиб ўтирсанг-у, одамлар  чиқиб, ҳуда-беҳудага сифатлайверса, ёлғон-яшиқларни қўшиб мақтайверса, алланечук бўлиб кетасан киши.
Шу ўринда, онамни ҳам  инфаркт олиб кетганини айтиб ўтсам ортиқчалик қилмас. Тафсилотига қулоқ тутинг. Бир ҳафта бурун қўшнининг ҳовлисига ўт кетган эди. Ҳеч нарсаси қолмай ёнди ўзи ҳам. Сабаби: келини дазмол босиб, симни токдан узмай, бозорга кетиб қолгани бўлган. Дарвоза қулфлоғлиғи сабаб, ўтни вақтида  ўчириш қийинлашган.
Ойим ҳам дазмол босиб бўлгач, бозорга жўнабди ва етиб боргандан сўнг: «Симни узиш ёдимдан чиқибди», деган хаёлга борибди; бозор-ўчарини кейинга қолдириб, такси билан,  орқага қайтибди. Узоқдан қараб, тутун йўқлигидан дили анча таскин топган бўлсада, уйга отилиб кирибди. Қараса, симни токдан узиб, дазмолни  бир чеккага олиб қўйган экан. Шунга қарамай, остонада йиқилиб…
Кира ҳақини ундиришга улгурмаган таксичи ичкарига кирса, онамиз бандаликни бажо келтириб қўйган эканлар. Табиийки, одамларни чақирибди… 
Ер билан осмон оралиғи бўм-бўш бўлмайди. Менинг ҳам ҳаётим фақат касалликлар, таъзиялар,  ўлим ҳақидаги вос-вослардан иборат эмас. Мен ростгўй, чидамли, адолат тарафида бўладиган кишиман. Ўзбек  тилида равон гапираман, ёзаман. Шунингдек, руслар,  тожиклар билан  она тилларида суҳбат қурганимда ўзбеклигимдан шубҳаланиб қолишади. Байналмилалчиман. Хонадонимда  яҳудийлар, чукчилар ёки бошқа миллат вакиллари ҳақида латифа айтишга бирор киши журъат этолмайди. Катта келиним - тожик, набирам - Темур  билан русча гаплашаман.
Етмишдан ошган бўлишимга қарамай бекор турмайман: унча-мунча йигитчалардан сифатли ва  кўпроқ иш бажариб қўяман. Ҳар бир эркак оз-оздан  деҳқон, дурадгор, монтёр, сантехник бўлиши зарур, деб биламан ва уйимда бу юмушларнинг барини ўзим уддалайман.
Олтмиш ёшга кирган кунимоқ ( ўшанда обкомда ишлардим) ариза ёзиб, нафақага чиқдим. Аммо ҳозиргача чақириб, таржима, таҳрир ишларида ёрдам беришимни сўраб қолишади.
Бир неча йилдан бери газетада ишлайман. Ўшанда нуронийлар жамғармасида ишлайдиган дўстим: «Йўлингиз устида газета идораси бор - малол келмаса, шу хатни  бериб қўйсангиз», деди. Айтган  кишисига ҳалиги омонатни тутқазган эдим, у очиб кўрди-ю, надомат билан 
- Бу русча экан-ку, ким таржима қилади?- деди ёқинқирамай.
- Мен таржима қиламан,- дедим ва зум ўтмай ўзбекчага ағдариб бердим. Йигитча ажабланиб кўз ташлаб чиқди, кетмай туришимни сўраб, бошлиқнинг хонасига кириб кетди. Сўнг  чиқиб, хўжайин мени кўрмоқчи бўлаётганлигини айтди.
- Биз таржимон излаб юргандик - ҳамкорликда ишласак нима қилади,- деди у салом-аликдан кейин.
Мен: «Бир оёғим гўрнинг лабида турган чолман-ку»,  дейишим керак эди. Аммо, асли газетачи бўлганим, бугунги  матбуотнинг томирини топиб, юрак уришини билишга  бўлган қизиқишим монелик қилиб қолди.
   - Бўпти,- дедим ва  ҳеч қандай шартни ўртага қўймай, ишни бошлаб юбордим.
Тарихнинг такрорланишини қарангки, бундан нақ эллик йил аввал ҳам айнан шундай ҳол рўй берган эди. У пайтлар тарих факултетининг кечки бўлимида ўқирдим. Декан ўринбосари қўлимга конверт тутқазиб, редакцияга элтиб беришимни тайинлаб қолди. Айтилган кишига топшириб, орқага қайтаман, деганимда:  
- Бу русча экан-ку, ким таржима қилади?- деб қолди.
- Мен таржима қиламан,- дедим ва бир оз қийналиб бўлса ҳамки, ўзбекчалаштириб бердим.
Ўрта мактабда русча ўқиганим сабаб, тилни  яхши ўзлаштиргандим. Аммо  университетга ўзбек гуруҳига илиниб қолгандим. Фақат бу эмас: дадам билан ҳар хил ҳужжатлар, лекцияларни ўзбекчалаштириб, кўзим пишиб қолганди. Хуллас, ҳалиги амаки ажабланиб турди-ю, бош муҳаррирнинг хонасига кириб кетди. Кейин мени  таклиф этди. Бу одам қаерда ўқишим, ишлашимни суриштиргач:
- Биз таржимон излаб юргандик, бирга ишласак нима қилади?- деди.
Фаолиятимни газетачиликдан бошлаб, шу касб билан якунлаётганим ғалати тасодиф, албатта. Батафсилроқ  айтадиган бўлсам, олти йил орасида таржимонликдан  муҳарир ўринбосари вазифасигача кўтарилгандим. Кейин обкомга ишга олишди. Ўн бир йил давомида учта саркотиб билан ишладим. Тўртинчисига унчалик ёқинқирамадим, шекилли, тағин ўз ўрнимга қайтаришди. Бешинчиси тағин мени чақириб олди.
Ана шу саркотиблар, улардан кейин келган ҳокимлар ҳақида китоб ҳам қоралаган эдим, аммо уни нашриётга олиб боришга юрагим зириллайди. Аксар саркотибларнинг хотинвозлиги, қўшиб ёзишга мойиллиги; улардан кейин келган ҳоким ва ҳокимчаларнинг эса, бунга қўшимча: кўчмас мулкни босиб қолиши, одамларни беҳаё  гаплар билан ҳақорат қилиши, ҳатто  мушт тушириб қолиши; қавмларини ёғли ишга жойлаштиришга  зўр беришларини эълон қилиб, балога қолишдан чўчишлари ва менга турфа баҳоналарни рўкач қилишларини кўз ўнгимга келтираман. У ерда ҳам палаги пишмаган, ғўрлар ишлашади-да.
   Ҳозир ишлаётганим  нодавлат нашр бўлиб, ундаги ёшларнинг аксари набирам қатори. Улар содда, беғубор, аммо саводлари ҳаминқадар. Бирор муаллиф: «фалон қишлоққа коинотдан меҳмон келибди» деса, ишонишади ва дарҳол эълон қилиб юборишади.  Буларнинг савияси эллик йил илгариги  ҳамкасбларидан баланд бўлмаганлиги дилимга ўтиришмайди. Мадомики, ёшлар савиясида ўзгариш  бўлмаган экан, бошқа соҳалардан тараққиёт излаб ўтиришнинг ўзи ортиқчадир. 

* * *
Бугунги  матбуотдан  кўнглим тўлмайди.  Одамлар «қизил» ва «сариқ»қа ажратадиган давлат ҳамда нодавлат  матбуотни кўздан кечирадиган бўлсак, биринчисида, бошдан-оёқ чучмал ҳамду санога, баландпарвоз сарлавҳаларга, ноўрин чақириқларга дуч келасиз. Давр муаммолари, адолатли танқид, инсон изтироблари, демократик интилишлар улар учун бегонадай. Ҳамон шўролар давридагидек, суд, прокуратура, милиция ходимлари, турфа амалдорларнинг фидойилиги, ҳалоллигини мадҳ этишади ва бунга ишонгинг келмайди. Шунингдек, йўлларнинг равонлигини, деҳқоннинг фаровон ҳаёти, янги қурилишларни мақташади ва сиз нимадандир қониқмайсиз, надомат чекасиз. Шунинг учун бўлса керак, уларнинг тиражи жуда оз. «Қизил» газеталарга мажбурий тарзда обуна қилдиришларини кўриб, «ёмоннинг бир қилиғи ортиқ» деган мақолни эслашдан бошқа иложингиз қолмайди. Булар ҳам етмагандай, мазкур нашрларда нописандлик, калондимоғлик оҳанглари манаман деб туради.
Телевизордаги каналлар орасидан, кўп ҳолларда, денгиз ости ҳаёти, ҳайвонот оламига бағишланган кўрсатувларни, бокс мусобақаларини топиб оламан.  Уларнинг ҳаёт тарзида носамимийлик, ясамалик йўқ; табиийлик, журъат ва жасорат бор! Чунки ана шу мароқли томошада сценарий муаллифи, режиссёр, актёр қатнашмайди.
Аслини олганда, бу дунёда ҳамма нарса нисбий. «Давлат газеталари» деганимиз турли партиялар, вазирликларга қарашли. Аммо ўша партиялар, вазирликлар давлатга тобелигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ибора мантиқли эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.
Нодавлат газеталар ижтимоий ҳаётга имкон қадар аралашмайдилар, олди-қочди гаплар билан чекланадилар,  кўчирмачилик қиладилар; бор куч тиражни ошириш ва кўпроқ пул топишга сафарбар этилади. Аммо улар ҳам аллақандай пинҳоний кучдан хавотир тортиб турадилар. Давлатга қарашли матбуот раҳбарлари ўриндиқларидан, нодавлатлари эса маблағларидан жудо бўлиб қолишдан ўлгудай қўрқишади чамаси. Цензура йўқотилиб,  ўрнига уч бошли илон пайдо бўлганга ўхшайди. Бу - муассис, муҳарир ва оддий редактор.  Айрим  жойларда эксперт гуруҳи ҳам борки, у  эркин сўз, ошкораликнинг ашаддий душмани ролини бажаради. Шу газеталарга ишониб яшайдиган одамларга ачиниб кетаман гоҳида.
   Жуда ошириб юборган бўлсам, узр. Булар бари шахсий фикрлар, албатта.  Шукрки, Конституция шахсий фикримни айтиш 
ҳуқуқини берган.  Матбуот, айнан Конституция ва қонунлар талаби  даражасида эркин бўлиши тарафдориман, холос. Айнан ана шу нарса етишмай қолаётгандай бўлади гоҳида.
Газетамизда босилган асалари ҳақидаги мақолада:  «Асаларининг подшоси ўта қатиққўл ва золим»… деган ибора ўтган экан. Бош хўжайин, яъни «генералний директор» деб аталадиган муассис (уни «катта» дейишади. Бу ерда амалдорлар кўп: бошлиқ ўринбосарлари, катта муҳаррир, ижодий гуруҳ раҳбари ва ҳакозо)  жамоани  йиғиб, роса уришди; бу жумладан  ғаразли мазмун излашлари мумкинлигини уқдирди. Аммо гапнинг туб моҳиятини кўплар фаҳмлолмай қолди.
Бизнинг замонамизда… 
Умуман, ўтмишни улуғлаб, бугундан қусур излаш ёки бунинг аксини қилиш - менинг табиатимга зид. Ўтмишнинг ҳам, бугуннинг ҳам ўзига яраша ютуғ-у қусурлари  бўлган ва бўлиб туради.  Шунчалик тараққий этган АҚШда ҳам одамлар норози бўлиб кўчага чиқишади-ку. Чунки кишининг талаб ва эҳтиёжлари замон тараққиётидан олдинлаб кетади ва у нималардандир қониқмай қолади. Бир ҳисобда шуниси маъқул: батамом  шукронага ўтиб олган киши курашмай қўйиши мумкин. Қусурлар учун нуқул ҳукуматни айблаш ҳам бир ёқламаликдир. Барининг илдизини ўзимизнинг чўлтоқ дунёбинлигимиздан излашга тўғри келади. Ёши ўтган сари компромисс бўлабормаган, халқ сайлаган президентни, ҳукуматни ҳурмат қилмаган кишини нормал одам деб ҳисобламайман. Бу ҳам менинг шахсий  фикрим, албатта.
Тараққиётни ҳам кўрабилиш керак. Мен яшайдиган мана шу жойлар ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида колхознинг ери эди, помидор экишарди. Ҳозир - шаҳар: истаган  жойингизга олиб борадиган машиналар, ҳоҳлаган  матоингизни топиб берадиган дўконлар, спорт иншоотлари…Аммо шуларнинг барига қарамай, йўлларнинг бузуқлиги, қишда газ босимининг пасайиб кетиши, ҳар қадамда уюлиб ётган чиқиндилар асабингизни бузади. Айниқса,  чет мамлакатга борсангиз, бу тафовутлар янада равшанлашади.
Бугунги газетачиларга қайтадиган бўлсак, уларнинг компютерда чаққон ишлашларига, Интернет орқали жаҳон билан тиллашишларига тан бермоқ керак. Аммо  умумий  савия оқсоқ.  Улар ўзбек тилини  яхши билишмайди; изланувчанлик, курашчанлик, бардош, тағин алланималар етишмайди, рус тилини ўрганишга саъй-ҳаракат қилишмайди.  Редакцияни «таҳририят» дейишади, аммо, масалан, бизнинг жамоада  таҳрир  қиладиган бирор киши йўқ. Бир саҳифада «таассурот» сўзи уч хилда ёзилса ҳам парволарига келмайди. Бақамти ўтириб, ўргатмоқчи бўлсангиз, одоб юзасидан қулоқ тутиб туришади, аммо нигоҳларидан: «Чол, бошимни қотирмай, ишингни қилавер», деган дашномни уқиб оласиз ва хунобингиз ошади.
Матбуот зиёлиларнинг энг пешқадамларини бой бериб бўлди: уларни аллақачон Россия  оммавий-ахборот воситалари илиб кетди. Бундай йўқотиш, таассуфки, жадал давом этаябди.           
Бугунги матбуотда ишлайдиган ёшларга, рости гапки, ачиниб кетаман. Иш бошлаганида беғубор, содда, солиҳ  йигит-қизлар нохуш муҳит сабаб бўлиб, қўрқоқ, ўз фикрига эга бўлмаган писмиқ, мунофиқ, гоҳида таъмагирга айланиб қолади. Бу ёшлар, масалан, доктор, ветврач, боғбон, асаларичига ўхшаш  касбни танлашганда, ўзлари, оилалари ва жамиятга кўпроқ фойда келтиришарди, деган даққоқ хулосага келиб қўйганман. Тағин: жамиятда қонунларга қараб эмас, бошлиқларнинг қош-қовоғига қараб иш юритишар экан, тараққиёт, устиворлик, демократия ҳақида сўз юритиш хомхаёл бўлур эди.
Нодавлат телевидение  директори хонасида  ўтирган эдик. Телефон жиринглади.  Суҳбатдошим ўрнидан туриб, қуюқ сўрашишиданоқ, ҳоким безовта қилаётганини  сездим. Унинг бўрига дуч келган қуён ҳолатига тушиши мени изтиробга солди.
- Нега нонга навбатда турганларни кўрсатдиларинг?- дағдағага ўтди ҳоким.
Директор ўзини оқлашга тушди: мухбирни айблади. – Бу ёққа келинг,- деди ҳоким тўнглик билан ва дастакни  қўйди. Директор зудлик билан йўлга отланди. Афсус: бу телевидение энди одамларнинг нонга навбат кутиб турганларини сира кўрсатмайди. Энг аввалло ҳоким нодавлат телевидение унга ҳисобот бермаслигини, мабодо қаердадир нон танқис экан, матбуот бонг уриши зарурлигини англаши, қадрлаши керак эди.
У ҳам, директор ҳам буни билишади, албатта.  Аммо начора: кишан бўлса, қул топилар экан-да. Шоирнинг: «Кишан кийма, бўйин эгма - ки сен ҳам ҳур тўгилғонсен», деган мисралари  ёдимга тушиб, хунобим ошди ўшанда.   
Уйимда ҳам асабимни эговлаб турадиган ҳолатлар оз эмас. Қон босимим бот-бот ошиб туришини айтган эдим. Докторлар бундан ташқари остеохандроз деган диагноз ҳам қўйишган. Суякларим қақшайди, уйқум келмайди. Эрталаб енгил тортиб турмайман, баръакс, оғриқдан асабий бўлиб уйғонаман, ўрнимдан турмай, лоҳас бўлиб ётаман. Хотиним киради. У гапни нимадан бошлаб, нима билан тугатишини тахминлайман ва ҳар гал айтганимдай бўлиб чиқади. Аввал соғлигим ҳақида қайғуради, массажга бормай қуйганим учун дашном беради, аллақандай янги дорилар чиққанини гапиргач, уларнинг нархи қимматлигидан нолиган бўлади. Шунингдек, аллақандай сўхтаси совуқлар гўшт билан сариёғни  қиммат сотишаётганини айтиб, уларни лаънатлайди. Кейин  музлатгич бўшаб қолганлиги, Клара (ўгай қизим)билан Мирзокарим(кичик ўғлим)га  бир неча бор тайинлаган бўлишига қарамай,  ўзларини карликка солишаётганидан шикоят қилади. 
- Чойга чиқақолинг,- дейди охирида эшик томон равона бўлар экан.
Ҳар куним, деярли шу тариқа бошланади. Авваллари ўрнимдан тургач, бадантарбия қилардим, югурардим ва бундан енгил тортардим. Бора-бора: «Бундан не фойда: кўпга бормай ўламан-ку», деган  хаёл халақит берабошлади. Назаримда, инсон ҳар қандай ёшда ҳам нохуш хотиралар, юракни сиқувчи ўйларни енгиши, оптимистик  кайфиятда яшаши керак. «Барибир ўламан-ку» деган шумшук хаёл миянггга жойлашиб олдими - қўл-оёғинг боғланади, ўлиминг тезлашади. Ана шундан шум фикр вируси ёшроқ кишининг миясига кириб олса, Худо урди деяверинг. Омадсизлик устига омадсизлик келаверади.
Хуллас, мен аввал танометрни олиб, унинг тасмасини тирсагимдан юқорига ўрайман, қон босимимни ўлчайман: агар унинг юқори шкаласи бир юзу олтмишдан, пасткиси тўқсондан баланд бўлмаса, жилла хотиржам бўламан ва шунга қарамай, янги чиққан таблеткалардан бир-иккитасини ютиб юбораман.  Сўнг, карамшўрва, зира ва бошқа неъматларнинг омухта ҳиди ўрнашиб қолган ошхонага кириб, ўз ўрнимни эгаллайман. Дастурхонда сариёғ, тухум, мураббо ва бошқа егуликлар бўлади. Гоҳида мен учун қон босимини оширмайдиган гуручли, карамли ёки творогли енгил овқат тайёрлаб қўйишади. Кўп ҳолларда, тушликда ва кечқурун менга алоҳида қозон илишади. 
- Фериде ўқишига кетдими?- сўрайман, гарчанд буни билсам ҳам.
Хотиним бош тебратиб, маъқуллайди.  - Йўлкира бердингизми?- саволда давом этаман.
- Ҳа.
- Клара ҳали ётган бўлса керак…
- Биласиз-ку,- дейди унга бўлган нохуш муносабатини яширолмай ва қўшиб қўяди: - Ўғлингиз билан келинингиз ҳам нонушта қилиб кетишди. Ёки шунга ўхшаш гапларни айтади.
Иккаламиз чой ичишга киришамиз.

* * *
Бу - менинг иккинчи аёлим. Биринчиси,   полеартрит касаллигига учраб, бундан чамаси ўн беш йиллар муқаддам бандачиликни бажо келтирганди. Қўл ва оёқ бўғинлари шишиб, бармоқлари қийшайиб қолди, шўрликнинг. Кўп азоб чекди. Ундан икки ўғил (Мирзоанвар, Мирзокарим) ва бир қиз (Майсара) кўргандик. Минг таассуфки, фарзандлар роҳатини кўрмай кетди, бояқиш.  
Вафотидан икки йиллар ўтгач, қизим билан унинг қайнотаси шу аёлни топишди. Эри жарроҳ столида ўлган ва бир қиз билан қолган экан. Қизимизнинг номи ҳақида гап кетганда, биздай тақлидчи халқ  оламда йўқлигини айтгиси келади кишининг. Аёлимиз телевизорда «Чолиқуши» сериали қаҳрамони Феридени кўриб, унга ҳаваси келган  ва қизига шу номни танлаган экан.
Фериде чет тиллар институтида ўқийди. Тиришқоқ, кўнгли  тоза, одобли қиз. Унинг харажатлари учун пул бераман, ижтимоий фанлардан қийналиб қолганда, дарсларини тайёрлашда кўмаклашаман. Қийналганини эса кўзлари қизарганидан ва менга аллақандай умидворлик билан кўз ташлашидан фаҳмлаб оламан. Инглиз тилини ўрганаётган қизалоқнинг нозик миясига фалсафа, социология сингари фанларни  тиқиштиришларининг сабабини билолмай хунобим ошади.  Умуман бугунги студентга раҳми келади кишининг. Уларни ойлаб пахта теримига олиб чиқишади, кўча тозалатишади, ва буларнинг барини, мунофиқона тарзда ватанпарварлик дейишади. Домлалар ёзган маза-матрасиз китобларни мажбурлаб сотишлари, гоҳида пора талаб қилишалари аблаҳликнинг ўзгинасидир. Уйда фақат Фериде ҳамда Клара билан гаплашишни хуш кўраман. Улар нимаси биландир бир-бирларига  муштаракдай бўлиб туюлади.
Хотиним, дастлаб жуда камгап, тортинчоқ эди. Ҳозир кўп гапиради, айниқса харажатлар, қимматчилик ҳақида сўз очилганда, уни тўхтатиш қийин бўлади. Ҳар гал иш ҳақи, маошлар миқдорининг ошириш ҳақида фармон чиққанда қувонмайди, аксинча ўксиб кетади. Энди гўшт, сариёғ, тухум неча пулга қиммат бўлишини каромат қилади. Ва таассуфки, у ҳақ бўлиб чиқади. Шуниси ғалатики, аввалги хотиним ҳам бора-бора шунақа бўлиб қолганди. Эҳтимол, бунга муҳит, турмуш тарзимизнинг ўзи сабабчидир?! Бунисига чидаса бўлади. Аммо бу аёлнинг Кларани, гоҳида ўғилларим, қудаларимни ғийбат қилишга мойиллиги дилимга ўтиришмайди.
Ўғилларим ва қизим хусусида кейин, ўрни келганда, батафсил тўхталаман. Аввал Клара ҳақида гапиргим келаябди.

* * *
Обкомда ишлаганимда, болалар уйида тарбияланган ҳамкасб, дўстим бор эди. Интизомли, виждонли йигит эди. Рус қизига уйланди, фарзанд кўрди. «Жигули» машинаси янги чиққан пайтлар эди ўшанда. У машина харид қилди ва биринчи ҳафтадаёқ тажрибасизлик оқибатида автоҳалокатга дуч келди. Аниқроғи, тоғ ёнбағрида бошқаришни йўқотиб,  машина йўлдан чиқиб, ағанаб кетганди. Хотини ўша ерда  нобуд бўлган экан, шифохонага етиб борганимда ўзи тирик эди. «Ичим эзилиб кетган,- деди.  - Қизимга эҳтиёт бўл». 
Эртаси уни тупроққа топширдик. 
Хайриятки, қизалоқ (Клара) жиддий зарар кўрмаган экан. Ҳеч гапдан бехабар норасидани шифохонадан тўғри уйимга олиб келдим ва  қизим Майсара (Мая) иккаласига бир хонани ажратиб бердим. У рус мактабининг учинчи синфида ўқирди. Ёлғизланиб қолмасин деб, Майсарани ҳам шу синфга ўтказдик.
Ўрта мактабни (яхши ва аъло баҳоларда) битиришгач, ҳужжатларини медицина институтига топширишди. Ректорга кириб, бор гапни айтдим, илтимос қилдим. Шу сабаб бўлдими ёки омадлари чопдими - иккаласини ҳам қабул қилишди.

* * *
Нонушта қилиб олганимдан кейин,  чўнтагимдаги телефон музика чалиб қолади. Бу - қизим  Майсара ( уни Мая дейишга кўникиб қолганман) эканлигини тахминлайман. У зоҳирий хавотирлик билан соғлигимни суриштиради, қон босимим нечада эканлиги, ётишдан олдин қанақа таблеткалар ютганим билан қизиқади.
Бир қўшиқда: «Ўғил керакдир йигитга», деб хиргойи қилишгани, ҳайтовур қулоғингизга чалинган бўлса керак?  Аслида, аввал қиз керак, деган хулосага келиб қўйганман. Мая телефон қилиш билан қаноатланмайди: кунора келиб, хабар олади. У икки юзимдан ўпганда, помада изларини артатуриб, дилимда: «бу дунёда ёлғиз эмасман», деган умидбахш фикр ўтади. Мая билан Клара энг оғир пайтларда ёнимда бўлганлигини эслайман. Шулардан бирини гапириб бермоқчиман.
Нафақага чиққандан кейин бир муддат университетда ижтимоий фанлардан дарс берганман.  Ўшанда  дам олиш кунлари  қизларим, набираларимни музқаймоққа олиб чиқадиган одатим бор эди. Истироҳат боғининг йўлагидан ўтиб бораётганимизда ва ҳеч кутилмаганда, кимдир орқамдан келиб буйним, елкам аралаш мушт туширди. Қаттиқ зарбдан юзтубан бўлиб йиқилдим. Бу ҳам етмагандек, икки киши аёвсиз дўппослашди: кўзинг, юзинг демай тепкилашди, нокаслар. Қизларим дод солгунча, ёрдамга келишганди, уларни ҳам тепиб юборишди ва кўз очиб-юмгунча аллақаёққа гумдон бўлишди.
Одамлар тўпланишди ва мени шифохонага олиб кетишди. Рентген  оёғимнинг болдир суяги дарз кетганини,  буйин умуртқаси қаттиқ лат еганини кўрсатди. Зудлик билан гипслаб, оёғимни кўтариб  қўйишди. Тер, қон, йод ва бошқа нохушликларнинг ҳиди бетон деворларига сингиб кетган; беморлар туни билан инграб, дод солиб ётадиган палатада қарийб бир ой дўзах азобларига юзма-юз бўлдим.
Эй, Худо дейман, қизларим, набираларим  кўз ўнгида мени шу куйга солгунча жонимни олсанг бўлмасмиди? Умрим бино бўлиб, бировнинг хотинига ола қарамаган, ҳеч кимнинг ҳақига  хиёнат қилмаган, ҳар қандай корибаддан узоқ юрган бўлсам, бу не кўргилик, не жазо? Ким бўлди у иблис, олчоқлар?
Ўша куниёқ милиционер келиб кимдан гумоним борлигини суриштирди. Ҳеч кимни кўз  ўнгимга келтиролмадим. Лекин бора-бора айрим гумонлар пайдо бўлди.
Мен дарс берадиган курсда, ўқишга ўз машинасида келадиган, саводсиз, аммо нописанд бойваччалар ҳам бор эди. Зеро уларга билим эмас, диплом керак эди. Аслида улар учун дипломни  сотиб олиш муаммо эмасди, аммо, университетда ўқиябди ёки уни битирди, деган гапнинг ҳам аҳамияти бор экан-да..
Уларнинг жиғига тегишни, имтиҳондан йиқитишни хуш кўрардим.  Ҳалиги ярамас безориларни шулар ёллаган бўлиши мумкин, деб ўйладим. Гумонимни ҳамкасб дўстимга айтгандим, у қўшилмади.
- Биринчидан, сиз баҳо қўймасангиз ҳам, улар ўқишни битириб, диплом олишларини билишади. Чунки бойваччаларнинг ортида декан, ректор ва казо-казолар туришибди. Иккинчидан, сиздан ҳам қатиққўл домлалар анчагина: дўппослаш зарур бўлса, аввал ўшаларга жазо беришарди, деди.
Иккинчи гумоним. Ўша пайтларда (ХХ асрнинг   саксонинчи-тўқсонинчи йиллари оралиғи) ошкоралик жумраклари жилла очилганди ва шаҳримизда турли партиялар, ҳаракатлар гуруҳи пайдо бўлганди. Улардан бирининг йиғилишларига иштирок этардим. Бу норасмий уюшманинг рамзи водопровод жумраги эди. Жумракни бурайдиган ҳалқа устига «қонунлар» деб ёзилганди. Бунинг маъносини кейин фаҳмлаганман. «Агар жумрак катта очилса, сув ҳаммаёқни ювиб кетади, батамом беркитилса, қурийди,- дейишди. Ошкоралик ва демократия ҳам шунга ўхшаш. Уни фақат қонунлар билан нормага солиб туриш талаб этилади». Бу йигитчалар сиёсатдан, ҳаётдан  олисроқда эдилар. Сўз талашиб, демократияни талаб қилишса ҳамки, унинг туб моҳиятига етишга қувваи ҳофизалари ожизлик қиларди. Ёдимда: бир йиғилишда сўзга чиққан ўрта ёшдаги домла: «Бизнинг халқимиз бир умр амирлар, хонларга буйсиниб келган. Демак, биз ҳали кўп йиллар бир қўлида қамчи, иккинчи қўлида қанд тутган раҳбарга мойил бўлиб қоламиз», деди. Залдагилар бақиришди: «Ҳов, биз айиқ эмасмиз - йўқол минбардан!  Шуларнинг барига қарамай бу яхши бошланиш эди.  «Сен сиёсат билан шуғулланмасанг, сиёсат сен билан, албатта, шуғулланади», таъкидларди гуруҳ раҳбари ҳар бир йиғилишда, аъзоларини фаолликка чорларкан. Назаримда, у ҳақ эди: ҳақиқат, айнан ана шундай баҳс-мунозараларда юз кўрсатарди, ёшларнинг онги чархланарди.
 Улар газета чиқармоқчи бўлишди: ўзимни четга олмай, газетачи сифатида  маслаҳатлар бердим.
Назаримда, уларнинг сиёсий рақиблари ёки идора  мени  гуруҳ раҳнамоси деб ўйлаган ва  жазолаган бўлиши мумкиндай эди. Аммо яқинларим бу фикрга ҳам қўшилишмади: «Аввалоси, улар бундай пасткашликка борадиганлардан эмас, иккинчидан, жазолаш керак бўлса, сизнимас,  гуруҳ лидерларини дўппослашарди», дейишди.
Шундай қилиб, бирор тўхтамга келолмадим. Лекин, «сиёсатнинг мен билан шуғуллангани шу эмасмикин» деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Етмиш тўрт йил яшаб, англаган ҳақиқатим шу бўлдики,  ёшинг ўтгандан кейин ўзинг тобе бўлган ҳукуматнинг жиғига тегиш ботирлик эмас, телбалик экан. Ўйнашмагин арбоб билан, дейишади. Ҳукумат эса катта нуфузга эга бўлган қўли узун арбоблар йиғиндисидир. Маслаҳат берганим учунгина  мени шу куйга солишган  экан  (тахминим тўғри бўлса) инсонни ҳар балога  гирифтор қилиш улар учун тирноқ олишдек жўн иш.
Орадан йиллар ўтган бўлишига қарамай, ўша нохуш воқеани эсласам, хўрлигим келади. Душманингни ҳам бола-чақаси олдида бу куйга солмасин, дейман. Ҳаво совуса,   зарб  еган оёғим, бўйним қақшаб, аламли кўнгилсизликни ёдимга солаверади.
Кексаликнинг аломатлари нималарда кўринади?  Фақат касалликлар, жисмоний ожизликлар, нохуш хаёллардагина эмас, фикрни жамлаб ололмаслик, бир гапни бошлаб бошқа томонга ўтлаб кетиш, зарур пайтда керакли сўзни унутиш, хотиранинг бот-бот панд бериши ва ҳакозоларда.
Эрталабки нонушта, қизларим ҳақида сўз бошлаб, бошқа тафсилотларга ўтиб кетганим учун узр сўрайман.
 Ўшанда, шифохонада ётганимда,  Майсара билан Клара навбатчилик қилишарди. Оғриқдан азият чексам, овутишар, далда беришарди, егулигимни вақтида патнисда олиб келишарди. «Ҳожатингизни мана бу идишга қилинг», деб ташқарига чиқиб туришарди. Тўғри, ўғилларим, бошқа қавмлар ҳам хабар олиб туришди, аммо  қизларимнинг эминлиги, ашрафлиги, меҳрибонлигига тенг келадиганини кўрмадим.  
 Раҳматли хотиним: «Қизларимизни яқин жойга чиқаришимиз керак: кексайганда хабар олиб туришади», деганда нақадар узоқни кўрганлигини ўйлаб қоламан гоҳида.
 Обкомда ишлаганимда, Абдужаббор деган фан кандидатини (марксистик атеизмдан диссертация ёқлаган экан) ходим қилиб беришди. Саводи ҳаминқадар бўлса ҳамки, илтифот ва тавозени ўрнига қўядиганлардан эди. Кейин кўтарилиб кетди ва Маяга совчи юборди. Ўғли институтда ўқирди ўшанда. Энг муҳими, қўшни маҳаллада туришарди. Биз рози бўлдик.
Клара иккаласини бир кунда тўй қилиш ниятим бор эди - бу мақсадга ҳам эришдим. Шаҳар чеккасидаги қишлоқда яшайдиган - милиционер йигитчага кўнгил қўйган экан, бунисига ҳам фотиҳа бердик.
Ўшанда қизларим оппоқ либос кийиб, саломга келишганда, ўзимни йўқотиб қўйганман, аниқроғи, кўз ёшларимни кўрсатишдан чўчиганман.  Маяни қучоқлаб пешонасидан ўпганимда дийдаларимни тийолдим, аммо Кларага келганда… Сабаби: бу мағрур ва ҳамияти баланд қиз биринчи бор: «дадажон» деб бағримга ташланди. У одатда, ота-онаси тирик пайтидагидек, «Ваҳоб Кабирович», деб мурожаат қилар, камдан-кам ҳоллардагина юрагини очарди.
  Тан оламан: одамёқмасман. Биров билан валақлаб ўтиргандан кўра ширин хаёллар суриш, китоб варақлаш, аввал айтганимдек, телевизордан жониворлар ҳаёти, бокс мусобақаларини томоша қилиш мароқли деб биламан.
Аммо қудалар билан бўладиган муносабатда батамом ўзгариб кетишимни тан олмоғим керак: бировга гап бермайдиган сержағ, ҳазилкаш, гоҳида бачкана кишига айланиб қоламан.
Тўйдан кейин, қизларимнинг иккаласи ҳам бир хил хатога йўл қўяди, деб ўйламагандим. Ўзлари, эрларига тегишли кирни ювиб, қолганларни нарига суриб қуйишган экан: оилада зоҳирий норозилик пайдо бўлибди. Рўзғордаги  арзимас зиддият катта жиддиятларга сабаб бўлишини билганим сабаб, уларни чақириб, роса уришдим.
Бу орада, собиқ атеист қудамиз ҳажга бориб келди;   соқол қўйиб, салла ўради, «Ҳожи ака», деб мурожаат қилишимизни истаб қолди. Бундай пайтда, табиийки, оиладагилар ҳам художўйлик томон юз ўгириши, кўникиши зарур бўлиб қолади. Мая эса русча ўқиган эди: хавотирим ошиб, у билан учрашганда, мусулмончилик таомилларини бажариш зарурлиги ҳақида гапирадиган бўлдим, ва шукрки, саъй-ҳаракатларим беҳуда кетмади: қизим мослашди.
Кларанинг ҳаётида эса бошқа - анча жиддий муаммо юзага келди. Гарчанд бу қудамиз уйида мол боқса, қишда уйларида газ бўлмаса, ҳаммом қуришмаган бўлишса-да, Клара заррача нолимай, барига чидади. Аммо йил ўтмай, милиционер бошқаси билан юрармиш, деган гап чиқиб қолди, Қизим, гарчанд сир бермаса ҳамки, бу ҳолдан изтироб чекаётганини паришонхотирлиги, камгап, одамови бўлиб қолганидан сезардим. Масалани жилла бўлса ҳам тафтиш қилиш ўрнига, бу гаплар кўтара туҳматлигини таъкидлардим.  Иккинчи йили  Клара қўлидаги ўғилчаси билан қайтиб келди. Табиийки, уларни яраштиришга, қизимни қайтариб юборишга ҳаракат қилдим.
 - Онагинам,- дедим,- билсанг, оилани тутиб турадиган куч муҳаббат эмас, тоқат ва кўникмадир. Одамларнинг фисқу-фасодларига ишонма! 
- Ваҳоб Кабирович, ўйнашининг чақалоғини туғруқхонадан олиб чиққанини ўз кўзим билан кўрдим,- деди ва ўпкаси тўлиб, йиғлаб юборди. Овутмоқчи бўлгандим, алами чандон ошиб кетди - мени қучоқлаб, андуҳларини тўкиб солабошлади:
- Дадажон! Нега ўшанда мен ҳам улар билан  ўлиб кетмадим?!
Бояқишнинг  менга «дадажон» деб мурожаат этиши, шу оғир дақиқаларда марҳум отаси билан ойисини эслаб қолгани сабаб ўзимнинг ҳам шафқат томирчаларим жадал тепиб кетди. У давом этарди: - Нима гуноҳим бор эди? Нима гуноҳим? Ҳаммасига чидадим, ҳаммасига! У бетамиз сволоч учун нималар қилмадим?! Азобларимни сиздан ҳам, одамлардан ҳам яшириб юрдим. Шуми оқибат?!
У дилини дарддан фориғ  этгунча йиғлаб олди, сўнг мени  виждоним билан яккама-якка қолдириб, чиқиб кетди.
Бир бор уни дадаси автоҳалокатга йўл қўйган ёнбағирга олиб борганим ёдимда. Клара барини эсласа ҳамки, мудҳиш воқеани тилга олишга мурғак туйғулари бардош беролмаслигидан хавотир тортиб, атрофдаги гиёҳлар, жониворлар ҳақида кераксиз саволлар ёғдирган, мени ҳам, ўзини ҳам чалғитганди. Бу гал эса унинг дардлари беҳудуд эканлигини ҳис этиш қийин эмасди.
 Бу гапга йигирма йилдан ошди. Унинг ўғли, яъни набирам Темур ҳозир экономика факултетида ўқийди.  Иқтидорли бола. У билан гаплашишни  хуш кўраман. Дона-дона қилиб, мантиқли гапиради. Аммо йигирма йилдан бери виждоним эзилади: нега бундай қўпол хатога йўл қўйдим - шўрлик Кларанинг оиласида нохуш гаплар, ғурбатлар бошланганда бормадим, куёвни уришиб, йўлдан қайтармадим, қудалар билан  бақамти ўтириб гаплашмадим. Дўстим ўлими олдидан қизининг тақдирини менга ишониб топширганди. Мен ношуд  эса ота эмас, томошабин ролини бажардим. Бу гуноҳимни кечиролмайман! 
Гуноҳ - келажакда пистирмада туриб, нақ юрагингни мўлжаллайдиган овчига айланишини ҳисобга олмаганимдан ўкинаман.
Мадомики, қизларим ҳақида анчайин батафсил гапирган эканман, ўғилларим тўғрисида мухтасарроқ  ҳикоя қилмасам, адолатдан бўлмас.  Худо менга икки ўғил берганини айтган эдим. Каттаси Мирзоанвар - муаллим. Хотини ҳам мактабда ишлайди. Бир ўғил, бир қизлари бор. Микрорайонда, икки хонали уйда яшашади. Эр-хотиннинг топгани рўзғорга учма-уч етади, аммо ҳеч қачон нолишмайди. Ҳар гал мактабга  алоқадор кишилар билан суҳбатлашганимда, бугунги муаллимнинг аҳволи хароб экан, деган хулосага келаман. Педагогнинг аксар вақти болаларга таълим беришдан кўра, аллақандай хужжатларни тўлдириш, болаларни дала ишлари, мактаб таъмири, кўча супуртиришга сарфланиши нохушдир. Бунинг устига шўрликларни «қизил матбуот»га мажбурий обуна қилишлари, аллақандай таъмагирларга пора беришга вазият яратишгани аянчли ҳолдир. Бундай пайтда, беихтиёр ҳазрат Беҳбудийнинг ўлимдан олдин айтгани ёдимга тушади: «Маориф йўлида ишлайдургон муаллимларнинг бошини силангизлар! Ўртадан нифоқни кўтарингиз! Туркистон болаларини илмсиз қўймангизлар»! Буюк маърифатпарвар ана шу гапни ўтган асрнинг ўн тўққизинчи йили айтган эди. Шунча йил ўтиб, бу борада силжиш бўлмаганлиги хунобимни оширади.
Иккинчи ўғлим милиционер эди. Хотини даштдаги чекка қишлоқдан. Улар Тошкентдан қайтишда, поездда танишиб қолишган. Фарзандлари бор.  Келин аллақандай драма тўгарагига қатнашади, монологлар айтади, шеър ёзади, деб эшитганман, аммо кўрганим йўқ, зеро, кўришга хушим ҳам йўқ.
Икки йилча муқаддам ўғлимиз вазифасидан воз кечиб, ўзини ишбилармонликка урди: ширин кулчалар, булочкалар пиширадиган цех очди. Қимматбаҳо ускуналар харид қилди, одамларни  ишга олди. Бу ҳолдан, зоҳиран қувондим, албатта. Иши ўнгидан келиб, машина олди, хотинини тилла тақинчоқларга кўмди. Кўрмаганнинг кўргани қурсин, деганларидек, келин талай корибадлар чиқарди. Аввал Клара билан жанжаллашди, уни «ўрис» деб камситди. Миллий ғурур билан миллий маҳдудлик, миллатчиликни бир-биридан атайин фарқламайдиган хунук одат пайдо қилди. Эҳтимол, бу иллат унда аввалроқ  бўлгандир ва эндиликда тилло занжирлар оғирлик қилаётгандир, деб ўйлаб қолардим гоҳида. Бора-бора ҳар замонда бир келадиган онасини ҳам хушламайдиган бўлди, аниқроғи, аёлнинг катта рўмоли, оёғидаги эски калишидан ор қиладиган қосирликларга йўл қўйди. 
Аммо кўп ўтмай, Мирзокарим қандай тез бойиган бўлса, шу суратда камбағаллашиб борди. Машина, зебу-зийнатлар сотилди, қарзлар кўпайди. Маълум бўлишича, шаҳардаги нон комбинати ҳам худди шундай кулча, булочкалар чиқариб, нархини ҳийла арзон қилган ва оқибатда ўғлим инқирозга учраган, яъни банкрот бўлган экан. Карл Маркснинг «Капитал»идан, биз бугун бозор иқтисоди, деб атайдиган капиталистик тузумни фош қилиб, катта корхоналар кичикларини бешафқат «еб» юборишини ўқиган эдим, аммо унга гувоҳ бўлишни хаёлимга келтирмагандим. 
Ҳозир ўғлим хотини билан Кореяга ишга кетиш ташвишида юрибди. «Отам кекса, касалванд; ўлиб қолса таъзияга етиб келолмайман-ку», деган фикр калласига келмаётганлиги бир жиҳатдан, мени ўкинтирса ҳамки, хонадонимда дилсиёликларга сабаб бўлган келиннинг башарасини кўрмайман, деган юпанч қувонтиради.
Ўғилларим билан оралик масофа сақлайман. Уларни яхши кўрсам ҳамки, буни сездирмаслик ҳаракатида бўламан;  зоҳиран назорат қиламан, аммо ўзимни лоқайд, бепарво қилиб кўрсатаман. Масалан қизларим: «дадажон»  деб мурожаат этса, ички бир қониқиш сезаман, аммо ўғилларим шундай деса, бу  ялтоқланиш бўлиб туюлади. Уларни деярли урушмайман, аммо алланималарнидир кесатиб, пичинг қилишдан ўзимни тиёлмайман. Мирзокарим: «Кореяга кетаябман: биринчи маошимдан сизга нима юборай», деди, жилла сохтакорлик билан.  «Хотинингни актёр деб эшитган эдим, сен ҳам яхши рол ўйнар экансан», дедим жавобан.  
Нонуштадан кейин Кларанинг эшигини секин тақиллатаман. У диванда ялпайиб ўтирганича, Россия телевидениесидан аллақандай кўрсатувни томоша қилаётган бўлади. Мени кўриб, қувонади, ўрнидан туради. Атрофда тартибсизлик: сочилган газеталар, тўкилган шпилкаларни кўраман, калламга: булар бари руҳнинг тушкунлигидан ёки кўнгилда аллақандай пинҳоний ниятлар пайдо бўлганидан далолат, деган фикр келади. Шундай бўлсада, уни тергаб қўяман:
- Уёқ-буёғингга қараб ўтирсанг бўлмайдими?
У индамайди. – “Нега чойга  чиқмадинг”,- дейман бунинг сабабини билсам ва  қандай жавоб қайтаришини тахминласам ҳам.
- Ўзингиз биласиз: келинингиз билан хотинингизни ёқтирмайман,- дейди у ва қўшиб қўяди: - уларнинг ҳам мени кўришга кўзлари йўқ.
Аёл зоти ҳақида ўйлаб қоламан. Уларнинг бири иккинчисидан топиши муқаррар бўлган хатолар ва  шу асосда авжига чиқадиган  ғийбатларнинг нохуш оқибатларини хаёлимдан ўтказаман. Кейин кераксиз нарсалар ҳақида гаплашамиз, насиҳатлар қилган бўламан ва хайрлашиб, чиқиб кетаман.                                     
Ишга боришда Регистон майдонидан ўтаман. Эсимни таниганимдан буён бу обидаларни таъмирлашади, аммо охирига етказишолмайди. Бир замонлар ичкари томонга оғиб кетган, филхартум симлар билан боғлаб қўйилган минорани, унинг тикланганини эслайман, аммо на минора ва на гумбаз  дилимга завқ бермайди. Айниқса, катта-кичик меҳмонлар келадиган бўлишса, бу ердаги йўлларни беркитишиб, милиционерлар одамларни йўлатмай қўйганини кўрсам, қон босимим муқаррар ошади. Бирор мамлакат сардори ташриф буюрадиган бўлса, автомобил йўлларигина  эмас, тратуарлар ҳам бир кун олдин ёпилади. Бундай пайтда кўплар қатори айланма йўлдан ўтаман ва кўп ҳоларда чарчаб қоламан. 
Баҳор пайти эди. Эрталаб борсам, йўллар тағин берк.
- Клинтон келаябди,- деди таниш милиционер.
Аммо ўша куни АҚШ президенти ташриф буюрмагани аён бўлди. Эртаси ҳам беркитишди. «Клинтоннинг ўзи эмас, хотини келармиш», дейишди бу гал. Фақат тушдан кейин Клинтоннинг ўйнаши келиб кетгани аён бўлди.
Шундан буён йўлни тўсишса, милиционерга ҳазил аралаш пичинг қиламан: «Клинтоннинг ўйнаши келаятими»? У кулиб қўяқолади.
Йўл-йўлакай ўзбек, рус, инглиз, тожик тилларида; кириллица ва лотин имлосида ёзилган шиорлар, вивескалар,  рекламаларга кўз югуртираман. Бу ёзувлардаги имловий хатоларни аввал кўрганман ва уларни тузатишгандир, деган илинжим ҳар гал оқланмай қолаверади. Шунда овоз чиқариб, ўзимни койийман: «Ваҳоб, сен кўзгуга боқсанг ҳам, аввал ундаги доғни кўрасан!» «Хўш, дейман жавобан,- бу ёзувлар шаҳримнинг кўзгуси-ку - улар тоза бўлиши керак эмасми?» Ўз-ўзимга гапираётганимдан хижолат тортиб, ён-атрофга кўз ташлаб қўяман.
Бу  майдондан ўтгандан кейин ўтириб, нафасимни ростлаб оламан. Уёғи - яқин. Мен идорага етиб келганимда, қоровул билан фаррошдан бошқа ҳеч ким бўлмайди. Улар билан яхши муомалада бўламан ва хонамда ўтириб, таҳрир қилишни бошлайман; шу билан бирга хом-хатала тайёрланган ёки шубҳали материалларни муҳаррирларга қайтараман. Ишхонада раҳбарлардан чўчишмаса ҳамки, мендан ҳайиқиб туришади. Бир неча кун давомида  ёзган  ёки тайёрлаган ҳикоя, мақоласининг устига қизил ручка билан чизиб,  қайтариб беришим, улар учун жуда ноўнғай ҳол, албатта! Лекин нафсиламбирини айтганда, уларнинг  мендан чўчиб туриши  дилимга зоҳирий қониқиш, қувват ато этади.
Аслида  таржимон бўлиб иш бошлаганимни айтган эдим.  Бир куни чопдан чиққан газетани ҳаммалари кўкка  кўтариб мақташаётганда, ғашим келди: биттасини олиб, дуч келган саҳифани очсам, галстук таққан  ҳабашнинг сурати тескари бўлиб кетган экан. Тагхатни ўқисам, диктатура кучайган Африкадаги бир мамлакатнинг шоири бўлиб, ўша юртнинг мадҳиясини ёзган экан. Қаердадир бир нигилистик фикрни ўқиган эдим: “...мадҳия ўртача шеър бўлиб, уни истеъдодсиз ёки шу куйга тушиб қолган маддоҳ шоирлар ёзади” деб. Зеро “мадҳия” билан “маддоҳ” сўзларининг ўзаги ҳам бир.
Хуллас, саҳифаларда имловий хатолар, такрор сўзлар, мантиқсиз иборалар кўп эди. Бир гапда «билан» сўзи уч бор такрорланган, «нозима» «лозима» шаклида ёзилган, «янги қўшнилар» ибораси «ҳанги қўшнилар» бўлиб кетганди.  Муҳаммад пайғамбарнинг таржимаи ҳолида хатолар бор эди, Бертельс билан Бартольд фаолияти чалкаштириб юборилганди. Қизил ручка билан барини тузатиб, «катта»га олиб кирдим. У синчиклаб ўқиди-ю, тутақиб кетди. Зудлик билан муҳарирр-у- мусаҳҳиҳларни чақириб роса тузлади. Сўнг олдимга тушиб илтимос қилди.
- Ваҳоб Кабирович, раҳмат сизга! Энди газета босилишидан олдин ўзингиз ўқиб бермасангиз бўлмайди. Бу жўжахўрозларда савод йўқ! Бир кунмас, бир кун шарманда қилишади. Хизматингизни ҳисобга оламиз…
Шундан буён таҳрир қиламан. Гоҳида ташқаридагиларнинг: «чол чизиб ташлаябди», деган дардли шикоятлари қулоғимга чалинса ҳамки парво қилмайман.
Каттагина хонада бир ўзим ўтираман. Дастлаб бир тожик йигит билан ҳамхона бўлгандим. У компютер олдидан жилмас, камгап эди. Айрим енгил кинояларимни ҳисобга олмаганда, жумладан, «га» билан «да» қўшимчаларини аралаштириб юбораётганини шаъма қилганимни айтмаганда, у билан  яхши муомалада бўлдим. Аммо  ҳафта ўтмай, бошқа хонага кўчадиган, аниқроғи,  Муталлибхон деган ўрта ёшлардаги, художуй киши билан ўрин алмаштирадиган бўлди. Назаримда, ана шу енгил кинояларим кўп ўтмай аччиқ кесатиқларга, заҳарли зардаларга айланишини чамалади у. Кейинроқ менга аён бўлишича, иккаласи шартлашган - аввалги ҳамхонам: «чол билан бир хонада ишлаб бўлмайди» деганда, Муталлибхон: «керак бўлса мен шайтон билан ҳам тил топишаман» деб гариллаган экан. Компютерчи қизларни гапга солгам эдим, улар бўяб-бежаб бўлса ҳамки, анча батафсил гапириб беришди. «Отахон Худони танимагани учун шунақа бадбахт, бағритош бўлиб қолган. Бунга унинг ўзи эмас, шўролар тузуми айбдор. Бир ойда ипакдек юмшоқ қилиб қўяман, керак бўлса, мачитга  ҳам олиб бораман», деган экан, ўпкавой.
Муталлибхон деган ҳамкасбимизга баҳо берадиган бўлсак, Худо унга ҳусн, қомат, тавозе, эҳтиромдан қарашганини тан олишимизга тўғри келади. Чўққи соқоли, бўлиқ ва силлиқ мўйлови тўладан келган, оппоқ чеҳрасига ярашиқ; оқ дўпписи, яктаги қоматига монанд. Муталлибхоннинг суҳбати ҳам ширин: у бўлган жойда ҳамкасблар атрофида тўпланишади; латифалар, қизиқ воқеаларни айтиб, уларни кулдиришни ёқтиради. Ўзи ҳам қаҳ-қаҳ отиб, қаттиқ кулади.
У ишга «Нексия»да келади, раҳбарларни миндириб, аллақаёқларга олиб боради. Биринчи куниёқ менга ҳам шундай беминнат хизматини таклиф қилгани ёдимда:
- Отахон, уйингизга олиб бориб қўяй.
Бирор кишидан маънавий ёки моддий жиҳатдан қарздор бўлиб яшаш табиатимга зидлиги сабаб рад этгандим.  Муталлибхон имом-хатиблар, турли тоифадаги мударрислар, уламолар билан суҳбатлар уюштиради; азиз жойлар, авлиёлар ҳақида мақола ёзади. Уни яхши кўришади.
Аммо мен биринчи кунданоқ уни хушламай қўйдим. Ишхонада намоз ўқиши, бундан олдин эса таҳорат учун намойишкорона офтоба кўтариб ўтиши, сулоласи Хожа Аҳрори валига бориб тақалишини таъкидлаб туриши - коммунистик мафкура қон-қонига сингиб кетган мендек, собиқ атеист учун ёт ва нохуш эди, қонимни қайнатарди. Бундай тоифаларнинг жиғига тегиш, иштаҳасини бўғишни яхши кўрардим ва бу юмушни маҳорат билан уддалардим. Аммо, Муталлибхон ҳам мени тарк этса, бошқа   ҳамхона келмаслигидан, бадном бўлиб қолишдан андишага борардим.  Лекин унинг чала мулла ва чала журналистлиги сабру тоқатимни жунбушга келтирарди.
Бир вақтлар ёш демократлар  йиғилишларида иштирок этганимни айтган эдим. Ўшанда бир ашраф аспирант айтган гап ёдимда михланиб қолганди. «Жамиятимиз учун энг хавфлиси чала мулла ва чала олимлар. Саводлари ҳаминқадар бўлгани сабаб улар ёлғонни ёзишади. Ҳар қандай оқим ёки ғояга эргашиб кетаверишади, корибадлар қилишади. Агар матбуот уларни тиғ остига олмаса, бу бедаволар журналистларни оёқ остига олиши аниқ»!
Мулла ёки художўй сифатида Муталлибхоннинг билими жуда ғўр. У ислом дини ва унинг тарихини билмайди. Ислом мазҳаблари, арконлари ҳақида тасаввури чўлтоқ бўлгани сабаб, хато ёзади. Кичик келиним миллий ғурур билан миллий маҳдудликни  фарқламаганидек, бу дин билан хурофотни аралаштириб юборади. Эҳтимол, иккаласи ҳам атайин шундай қилар? Чунки сутсиз сигир сузағон келади. Муталлибхонннинг журналистлик маҳорати ҳам хомакроқ. У тиниш белгиларни ўрнига қуйолмайди,  таҳрир  қўлидан келмайди, қаратқич келишиги билан тушум келишигининг фарқига бормайди, ёзган нарсаларининг алангаси ҳам, тутуни ҳам бўлмайди.
У дастлабки кунларданоқ хонага ҳадислар, диний китоблар кўтариб келди ва менга ҳар гал, уларда ундай деб ёзилган, бундай деб ёзилган, дейдиган бўлди.
- Бу китобларга ишонмайман, чунки сийқаси чиққан, варсоқи гаплари кўп,- дедим бир куни, бетакаллуфлик, ношоисталик билан. Ана шу жавобим бориб турган  шаккоклик бўлиб туюлди ва киши жаллодга қандай қараса, менга ҳам шундай тикилиб, насиҳат қилишга ўтди.  Ўрнимдан туриб, иддао билан:
- Хато қилибмиз! Гумроҳлик биздан ўтибди,- дедим, овозимни кўтариб. 
Қўлимда қизил рангли ручкам бўлмаганда, муқарар: «Сиз, худобехабар болшевиксиз»! деган бўларди. Аммо…
Бир куни ишдан қайтаётганимда, дарвозахонада таниш, нотаниш кишиларга гап бераётган экан. Ўзини  хўжалар авлодидан эканлигини  такрорлаётганини эшитиб, Машрабнинг икки қатор шеърини ўқиб юбордим:
    Саидсан, хўжасан - зинҳор мағрури насаб ўлма,
    Агар  аслингни билсанг, қатраи оби ҳаромдурсан!
Ҳамма жимиб қолди. Муталлибхоннинг аввал пешонаси нохуш тиришди, сўнг лабининг бир чеккаси билан кинояли тиржайди. Унинг бу ҳолатидан: «Чол, барибир сасиб қўйдинг-да», деган надоматли истеҳзони уқиб олдим. Кейин ҳеч гап бўлмагандай апоқ-чапоқ бўлиб кетдик.
Орадан чамаси бирор ой ўтганди. Хонага унинг одатдаги  улфатлари кириб келишди. Жамоа орасида қаттиқ кулиш фазилат эмас, одобсизлик эканлигини Муталлибхонга олдинроқ ётиғи билан тушунтирган бўлишимга қарамай,  чукчилар ҳақида латифа айтди-ю, бор овози билан қаҳ-қаҳа отди. Дераза ойналари шарақлаб кетди. Бошқалар ҳам унга қўшилишди. Мен ўрнимдан турдим, қўлимдаги ручкани  столга уриб, уларга шундай ёвқараш қилдим-ки, барининг кайфи учиб, хонани тарк этишди.
Кек сақлайдиган одатим йўқ, Муталлибхон бўлса дили дарё одам: биз тез аҳиллашиб кетамиз. Аммо ўша танбеҳим иш бермаган экан, шекилли бу ҳол тағин такрорланиб қолди. Чидаб туролмадим: «Падарига лаънат! Падарига лаънат! Мани ҳам падаримга  лаънат!, деб бақирдим. Энсам қотиб, бошимга оғриқ кирди, зудлик билан сумкамдан бир жуфт аделфан олиб, ютиб юбордим. Шу-шу  ҳамхонамнинг қаттиқ кулгуси эшитилмайдиган бўлди.
Бу гал у телефонда шанғи овозда кўпроқ гапириб қўйди, унчалик зарур бўлмаган тафсилотларни ҳам ҳикоя қилди. Асабим бузилиб, бир-икки бор ёвқараш қилсам ҳам гуфтигўни тугатмади. Ниҳоят, дастакни жойига қўйди ва узр сўраган бўлди.
- Кечирасиз, район билан гаплашдим.
Мен стулни кўтариб, дераза остига қўйдим, ромни шошмай очдим.
- Акаси, овозингиз баланд экан, шуни устига чиқиб гапирсангиз ҳам эшитишаркан,- деб заҳарханда қилдим.
Орадан қанча вақт ўтганини эслолмайман. Ўша куни ҳамхонамнинг  қаламига мансуб «Муқаддас қадамжо» деган мақоласини қўлига  қайтариб беришга мажбур бўлдим.
- Ҳазрати Довуд ҳақида яхши маълумотга эга эмассиз. Бу одамнинг биз томонга келиб, ғорда яшаши, тош устида намоз ўқиши ва унда излари қолганлиги қумурсқага ҳам озор бермаганлиги ҳақидаги гаплар на тарихий ҳақиқатга, на мантиққа тўғри келмайди. Довуд намоз ўқимаган, чунки у яҳудий эди. Намоз ўқиган кишининг тизза излари тошда қолмайди. У подшо эди ва бу ердаги ғорга келиб ётмасди. Беозор бўлиши ҳам мумкин эмас: чунки  эрамиздан олдин ўзи вужудга келтирган Исроил-Иудей мамлакати атрофидаги юртларни босиб олган, минглаб одамларни ўлдирганди,- дедим.
- Бу мақолани имом-хатибимизнинг маслаҳатлари билан ёздим, асосий фактларни ўша кишидан олганман, «катта»нинг ҳам хабари бор,- обрўмандлар номини қалқон қилмоқчи бўлди ва негадир, башарасига садақа сўраган гадойдай аянчли тус берди.
- Сизни тергамоқчи эмасман,- дедим,- аммо  касбу коримизга иснод келтириш яхши эмас! Инсоф билан айтганда, ўша имом-хатибингиз ҳам чаламулла. Чаламуллалар эса қонга ташна оқимга ҳам, шайтонга ҳам ишониши мумкин, аммо ҳақиқат овозига ишонишмайди!
У сукут сақлади.
Бу даргоҳда жазоловчи ҳам, жабрдийда ҳам ўзим эдим. Шунинг учун бўлса керак, кўп ўтмай, Муталлибхон гаровни бой берди; бошқа хонага кўчди. Ўксиб кетдим: бирор йилга бормай, бу оламни тарк этсам, ўрнимга Муталлибхон келиб ўтириши ва улфатларини йиғиб, корибадларимни гапириши, қиёфамга кириб, рол ўйнашини тасаввур қилиш жуда кўнгилсиз  эди.

* * *
Етмиш тўртга тўлган куним андак ясаниб, ишга барвақтроқ келдим. Ҳамма билан дилкаш муносабатда бўлишим кераклигни дилга тугиб олдим. Туғилган кунлар, байрамларни муносиб нишонлашарди. Аммо тушгача хонамга ит ҳам кирмади. Одамлар мен нотавоннинг заҳар сўзларим, аччиқ кинояларим, ноўрин пичингларимдан безиб қолишганини ҳис этиб, надоматлар чекиб турганимда, эшик очилиб, аввал бир даста гул кўринди. Мен чўчиб кетдим.
- Йўқотинг! Йўқотинг, гулни!- деб бақирдим.
Ҳалиги киши ичкарига ҳам кирмай,  қўрқув аралаш ажабланиб чиқиб кетди. Мени эса ногаҳоний акса тутди. Чўнтагимдан дори (диазолин) олиб, ютиб юбордим.  
Гап шундаки, беш йилдан бери гул чангидан аллергия пайдо қилганман. Одамлар баҳорни кутишади, муаттар гулларни тўйиб-тўйиб ҳидлашади. Менинг бу бедаво дардим нақ баҳорда бошланади: гулни кўрсам, бомбага кўзим тушгандай, сесканиб кетаман. Чунки ўша заҳотиёқ аксириш, кўздан ёш оқиши бошланади ва тўхтовсиз давом этади. Дори-дармон дегани ҳам дарҳол кучини кўрсатақолмайди. Шу баробаринда қон босимим ҳам кўтарилади ва ўлим ваҳимасида қоламан. Қачондир гул ҳидлаб ёки гулзор ёнидан ўтаётиб ўламан, деган хавотир юрагимни сиқади.
Қон босимим баландлиги, бир бор инфаркт бўлганим, суякларимни остеохандроз қақшатиши,  сиёсий безорилар томонидан зарб топган оёқ ва бўйним совуқда оғриши, уйқусизлигим ва ниҳоят нохуш хаёллар мени доим исканжасига олишини айтган эдим. Энди инсоф билан айтингчи: гул чангидан аллергия бўлиш камина учун ортиқча эмасми?!
Балки мендек дилозорга бу ҳам камдир?
Аллергия ҳақида гап кетганда, тағин бир ғалати гапни айтгим келади. Шўрлик Муталлиб ҳам шу касаликка чалиниб қолди. Йўқ, гул чангидан, чинордан, ёки бошқа матодан эмас, мендан, ҳа менинг башарамдан аллергия бўлди. Йўлак-пўлакда  кўзи тушиб қолса, ногаҳонда йўтали тутар ва кўзидан шашқатор ёш оқарди;  мени кўрганда, кўзини юмиб оладиган ёки юзини ночор ўгирадиган одат чиқарди. Унинг бу ҳолатидан, ҳатто компютерчи қизлар ҳам куладиган бўлиб қолишди.
Табиийки, идора бўлгандан кейин йиғилишлар ҳам ўтказилиб турилади. Бошлиқ аввал сокин гап бошласа ҳамки, кейин тутақади, уришади. Гап орасида: «ҳамма мақола, ҳикоя, шеърларни Ваҳоб Кабирович кўрсинлар», дейди. Аммо, гоҳида  мендан четлатиб чиқариб юборишади ёки чарчаганимда, уларнинг бир қисмини ўқиёлмай қоламан. Йиғилиш охирлаб қолганда, «катта» тағин менга мурожаат қилади:
- Ваҳоб Кабирович, сўзга чиқасизми?
Мен кўп ҳолларда рад этаман, аммо гоҳида қўл кўтаришга тўғри келади. Сокинлик билан сўз бошлайман: ҳазил аралаш гаплар қиламан. 
- Мен бошлиқларнинг шу газетага боғлаб қўйган итиман; мазза қилиб балиқ еяётганингизда томоғингизга тиқиладиган қилтаноқман,- дейман. Йиғилганлар хавотирона ишшайиб қўйишади. Кейин газетанинг сўнгги сонини қўлга олиб, давом этаман: - Бу соннинг биринчи саҳифасида ҳам, охиргисида ҳам эстрада артистининг сурати берилибди.  Ичкари саҳифада шуларнинг бири  билан суҳбат ёритилибди,  куёв билан тушган фотоси ҳам бор экан. Аён бўлишича, бу - бешинчи эри экан…
Ана шу ўринда, мушоҳада қилиб кўришлари учун чуқурроқ пауза қиламан. Кейин давом эттираман: - Бу гал ойимтилла бола-чақали ишбилармонга тегибди. Газетамиз ўша фарзандларнинг қўлига тегса,  қай аҳволга тушишларини тасаввур қиласизларми? Буниси садқаи сар! Ҳозир гулдек қизларимиз эстрада хонандаларидан ибрат оладиган, уларга тақлид қиладиган бўлибди. Модомики шундай экан, бу безбет, бузуқ аёлнинг ( шу ерга келганда, жаҳлга миниб, овозимни кўтараман)  бировнинг оиласини вайрон қилиб, бешинчи эрга текканини ёзишдан муддао нима? Падарига лаънат! Падарига лаънат! Менинг ҳам падаримга лаънат!
Ана шу ўринда бошлиқ ҳам ўзини идора этолмай қолади.
- Ким тайёрлаган?
Менга дастлаб ҳамхона бўлган тожик йигитча қўрқа-писа ўрнидан туради. - Мажлисдан кейин қолинг!- таҳдид қилади «катта».
Мен давом этаман:
- «Янги зиёратгоҳлар» деган мақола босилган экан. Муаллифи ёзилмаган. Бу ерда ҳикоя қилинишича, туманларда янгидан-янги авлиёларнинг қадамжолари топилиб, зиёратгоҳга айлантирилаётган эмиш. Суратда одамлар ана шу мозорларга қўй етаклаб келаётгани кўрсатилган. «Булар бари мустақиллик шарофати», дейилибди.
Тағин, одамларга қараб сукут сақлайман. - Биродарлар, ишончим комилки, булар бари ўша ердаги  корчаллон, ҳийлагарларнинг  тузоғидан бошқа нарса эмас! Айтинглар: чаламуллалар биз журналистларни оёғи остига олгани шу эмасми?! Ўз халқини хурофот ва бидъатга даъват этадиган матбуот келажакнинг душмани эмасми?!
Шу ерга келганда тағин ўзимни тутолмай қоламан.
   - Падарига лаънат! Падарига лаънат! Менинг ҳам падаримга лаънат!
   Шу пайт энсам қотиб келаётганини сезаман, бошим оғриб, қон босимим бирдан ошганидан далолат беради, қулларим қалтираб, чўнтагимидан бир жуфт аделфан оламан. Кимдир кичик чинни бокалчада сув беради: мен дорини ютиб юбораман.  - Кечирасизлар,- дейман ва ўтираман.
   - Материал кимники?- тағин таҳдид билан  савол беради бошлиқ.
  Бу гал  Муталлибхон қўрқа-писа ўрнидан туради. Кўзи ногаҳонда менга тушган чамаси, аллергияси тутиб, йўталар, акса урар, кўзидан ёш оқар, юзининг ранги қочганди. Мўйлови шалвираб қолган ва лаб-лунжини пастга тортиб тургандай хунук эди. Аввалги Муталлибхондан ҳеч вақо қолмаганини кўриб, унга ачинаман ва зоҳирий қониқиш туяман. Каминани ипакдек юмшатишга бел боғлаган ўпкавойга бу ҳам кам деб ҳисоблайман!  Мени бағритош, десангиз ҳам ихтиёр ўзингизда!
Бир пайтлар телевизорда ҳабаш билан оқ танли боксчининг жангини томоша қилгандим. Қора танлиси чемпион экан ва мусобақа бошланишидан олдин бокс уч-тўрт раундда тугашини, рақибини замбилда кўтариб кетишларини каромат қилди: аниқроғи, гариллаб қўйди. Иккинчи раунддаёқ ўзининг қовоғи ёрилди. Учинчисида  эса узала тушиб  йиқилди. Миллион-миллион томошабинларнинг кўз ўнгида чўзилиб ётганини кўриб, сан нотавон, лакаловга бу ҳам кам, деганим ёдимга тушди. Каминани ипакдек юмшатмоқчи бўлганнинг афтода аҳволи ҳабаш билан оқ танли боксчилар жангини ёдга солади.
Хуллас, аввалгидек, минбад сўзга чиқмасликка аҳд қилиб, йиғилганларга кўз югуртираман: улар нигоҳларини  олиб қочишади. «Ўлиб қолсам, буларнинг бари қувонса керак», деб ўйлайман ўзимча.
Орадан икки кун ўтгандан кейингина тожик йигит билан Муталлибхон ишдан кетганини эшитаман. Гуноҳларим яна ошгани - пистирмада туриб, нақ юрагимни мўлжалга оладиган овчи тағин кўпайганини ўйлаб, надомат чекаман, тафсилотини сўрашга эса юрагим бетламайди. «Мени кўрмаса, Муталлибхон аллергиядан тезроқ қутилади», деган юпанч гуноҳларимни жилла енгиллаштирадигандай бўлиб туюлади. Мабодо, уларнинг бирортаси келиб: «Сен ярамассан!» деса, «Мен айтганингдан ҳам баттарроқман»,  дейишни кўнглимга тугиб қўяман. Кейинроқ эса, компютерчи қизлардан, ҳалигиларнинг: «Ё биз ишлайлик  ё Кабиров» деган шартни кўндаланг қилиб қўйгани, бошлиқ  эса: «Яхши боринглар – сизларга жавоб» деворганини эшитиб, алланечук бўлиб кетаман.

* * *
Гоҳида ишхонамга Клара кириб келади. У одатдагидек, оқ кофта ва узун юпка кийиб олган бўлади.  Кўксини адл кўтариб, майда қадамлар ташлаб келаётганини  кўрсам, кўз ўнгимда сузиб юрган оққуш гавдаланади ва дилим ҳаприқади. Қизим тўғри хонамга кириб келади, аввал икки юзимдан ўпади.  Албатта, соғлигим билан қизиқади, қон босимимнинг юқори ва пастки шкаласини сўрайди.  Хотиржам бўлиши учун андак пасайтириб айтаман.  Кейин ўтириб олиб, гапга киришиб кетади.
У мушоҳадали, ақлли, эмин, аммо менга бўлган муносабатда ҳамон болалигича қолган: гапларининг бири боғдан бўлса, бири тоғдан бўлади; бир-бирига боғланмаган, қурама саволлар бераверади. Жилмайиб қулоқ солиб тураман
- Бу ерга эстрада юлдузлари ҳам келиб турадими?- сўрайди
- Келади, онагинам.
- Ёзувчилар-чи?
- Келишади,- дейман ва ташқарида аллаким билан гаплашиб турган пакана  ёзувчини кўрсатаман. У деразадан ўша томонга қараб, ҳафсаласи пир бўлиб кетади.
- Бўйи паст-ку…
- Паст, онагинам,- жавоб бераман ва ёзувчи билан яқинда содир  бўлган воқеани эслайман.
Ҳикоясини редактор қайтарган экан, норози бўлиб, «катта»га кирибди. У эса масалага равшанлик киритиш учун варақнинг бир бурчагига: «тов. Кабирову!» деб ёзиб, менга жўнатибди. Ҳикояда  имловий хатолардан ташқари, ғализ жумлалар, мантиққа тўғри келмайдиган, ҳаётда ҳеч қачон содир бўлмайдиган воқеалар лак-лак эди. Қизил ручка билан тузатдим, зарда билан ундов, сўроқ белгилари қўйдим-у, охирида жаҳл билан: «Худо қаламни ҳам бўйга қараб бераркан-да», деб ёздим.
У бир неча ойгача мен билан саломлашмай юрди. Кейин ярашиб олдик.
Клара саволда давом этади:
- Генералний директорнинг пули жуда кўпми?
- Кўп бўлса керак.
- Қаердан олган бунча пулни?
- Бунисига ақлим қосир, онагинам.
   Гуфтигуйимиз шу тариқа алламаҳалгача  давом этади. Сўнг компютерчи қизларнинг олдига йўл олади. Улар билан роса суҳбат қургач, тағин хонамга киради.
- Мабодо, бу ердагиларни  хафа қилиб қўйманг,- огоҳлантирган бўлади. Ахир, сиз ишлаган пайт бошқа эди, ҳозир бошқа замон.
Кимдир мендан жилла нолиганини сезаман ва надомат чекаман.
Клара тағин оққушга ўхшаб чиқиб кетади.  
Мен, одатда, тушгача ҳам ишламайман. Гоҳида қудам     (Майсаранинг қайнотаси)га телефон қиламан. Бундай пайтда серилтифот, ширинзабон, сўзамол бўлиб кетаман.
- Ҳожи ака, яхшимисиз, сизни соғиндик,- дейман, тилёғламалик билан.
У ҳам қудаларга хос мулозаматлар кўрсатган, каминани сифатлаган бўлади ва тезроқ етиб келишимни сўрайди.  Кўпинча таксига миниб жўнайман. Қудам билан жуда қуюқ кўришамиз: алламаҳалгача тўрни кўрсатиб, «қани ўзлари, қани ўзлари», деяверамиз.  Кейин, ҳеч зарурати бўлмаган ҳолда, бир-биримизнинг кийимимиздаги чангларни қоққан, тугмаларни ушлаб кўрган бўламиз. Унинг юзига қараб: «бу галварс хотини билан ётганда, лаънати соқоли  халақит бермасмикин», деб ( инсон хаёлидан кўра эркинроқ нарса борми дунёда) ўйлайман. Унга ҳеч қанақа қочирим, кесатишлар қилмайман: қизим, набираларимнинг хушу хурсандлиги,  бир томондан, шу художўйга боғлиқлигини ёддан чиқармайман! Жигаргўшаларимни кўриб, дилимда илиқ умидлар ниш ургандай бўлади.
Гоҳида қудам ёшим ўтиб кетаётганлигини ёдовар қилади ва бу билан мачитга қатнайдиган вақтим келганлигига шаъма қилади. Бу вазиятда ҳазил ва сўз ўйини билан чиқиб кетаман.
- Мачитга борардим, аммо дўконлардан офтоба тополмаяпман.

 Кечки овқатдан кейин хонамга, кутилмаганда Клара кириб келди. Бу гал ортиқча саволлар бермагани, юзидаги ташвиш аломатларига қараб, аллақандай жиддий гапи борлигини фаҳмлаб олдим. Иккаламиз ҳам жимиб қолдик.
- Ваҳоб Кабирович, каллангиздан ҳалиги...( у ўзбекча ибора тополмай қолади) нежелательный фикрни чиқариб ташласангиз, бир муҳим гап айтардим.
«Бир йилга етмай ўламан», деган фикримни назарда тутаётганлигини фаҳмлаб, маъқул маъносида бош силкиб қўйдим. - Битта шеър бор эди-я: Россия ҳақида; болалигимизда ёддан айтиб берардингиз,- давом этди у.
Ҳеч нарсани эслолмаганимни билдириш учун елка қисдим. Клара ёдимга солди:
      Россия, Россия азамат ўлка.
      Эй осмон сингари бепоён ватан…
Бу билан нима демоқчи эканлигини фаҳмлолмай, анграйиб туравердим.
- Биласизми,  мен сизни Россияга олиб кетаман! Жойни гаплашиб қўйдим, ўзим билан Тимурчикка  иш топиб берадиган бўлишди.
Табиийки, томдан тараша тушгандай бу таклиф дилимга сира ўтиришмади. Бир оёғи гўрнинг лабида турган мендек афтодаҳолнинг  кўниши,  ўта нодонлик бўлур эди, аммо ногаҳонда энг яқин кишимдан ажралиб қолиш ваҳимаси дилимни ўртантирди.
- Бу фикрингдан қайт,- дедим, шунга қарамай илтижо оҳангида. 
- Менга қаранг, менга қаранг, нима қиласиз бу ерда? Сизни яхши кўришмайди: уйингизда ҳам, ишхонангизда ҳам. Чунки булар интеллегент эмас! Мен сизни кафтимда кўтариб юраман… Йўқ деманг, йўқ деманг,-  кўндиришга астойдил ундарди у.
Алламаҳалгача жимиб қолдик, сўнг нигоҳларимиз тўқнашганда, мен унинг қарори қатъийлигини, ўз навбатида Клара ҳам мени кўндириб бўлмаслигини баббаравар фаҳмладик.
  Бирор ҳафтадан кейин қавмлар билан Клара ҳамда Темурни кузатгани  аэропортга чиқдик. У дилимга далда берар, ҳар куни телефон қилиб туришини такрорлар, аммо булар ҳувиллаб қолаётган дилимга  дармон бўлолмасди.      «Ўлимим олдидан уни кўролмай қоламан», деб ўкинардим; кейин  келиб, сочларини ёйганча, ўпкаси тўлиб йиғлаши кўз ўнгимга гавдаланар, айни пайтда унга шакаргуфторликлар қилгим келаётган бўлсада, нима дейишни билмай талмовсирардим.
 Хайрлашув олдидан, у негадир, аввал Феридени қучоқлади ва дийдаларини тиёлмай ундан илтимос қилди.
- Сен дадамга эҳтиёт бўл! Бу киши жуда яхши одам!
Шу тобда ундан: «дадамга» деган каломни эшитиб, нимадандир таскин топгандай, қониққандай бўлдим. Қизим (эҳтимол, сўнгги бордир) мени бағрига босди.
   Ҳадемай, у ўғли билан, худди оққушга ўхшаб, самолёт томон юриб кетди.
Самолёт кўздан ғойиб бўлгунча, унинг ортидан кўз тикиб қолдим.
                                                                                      
                                                                                    2007

Комментариев нет:

Отправить комментарий