суббота, 27 июня 2026 г.

ОГОҲ БЎЛИНГ, МИНА МАЙДОНИ!

          

          Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларига келиб, мамлакатимизда иқтисодий аҳвол анча оғирлашиб қолди. Яшаш, нон топиш ваҳимаси пайдо бўлди. Оиламизда  хавотир ошиб,Тошкентдан Самарқандга кўчиб келдик: бу ерда томарқа бор эди, асалари боқиб ҳам ризқ топса бўларди.

   Мен асалари қутиларини кўпинча Ургут, Бахмал тоғлари пойига олиб борардим. Тоғлар тепасига мина қуйилган бўлиб,подачилар, чўпонлар молларни бу хавфли ҳудудга киритишмасди. Асалари эса минадан чўчимай, нектар таширди. Мол ораламагани боис ўт-ўлан ҳам, гул ҳам сероб эди.

  Ургутнинг Қатағон деган қишлоғида чегарачи ҳарбийларнинг штаби бўларди. Ундаги аскарлар чегараларни жангарилар, нашапурушлардан ҳимоя қилиш учун навбатчилик қилишпрди.

   Мен улар билан суҳбатлашишни хуш кўрардим.

Номаълум рассом


Маҳалладошлар уни унчалик хушлашмайди. Деярли ҳар йили янгиланиб туриладиган машиналар, данғиллама иморатдаги чет эл жиҳозлари нопок йўл билан келаётганини ҳамма билади. Шунга қарамай унинг олдига келиб туришади, илтифот кўрсатишади. Ахир, кимнинг ташвиши йўқ? Бировга ғишт, бошқа бировга кўмир зарур бўлиб қолади. Кимнингдир ўғлини судда ҳимоя қилиш керак, яна биров машина ололмай ҳалак. Бунақа юмушларга унинг суяги йўқ: танишларини ишга солади, урушда “қон тўкканини” пеш қилади, булар ҳам иш бермаса тегишли жойларга ёзади.
Шаҳарга туташ колхознинг бригадири унинг уйига ёз давомида мева, сабзавот жўнатиб туради. Авжи пишиқчилик даврлари ўзи ҳам келади, маҳсулотни топширолмай овора бўлаётганидан нолийди. Шунда бу одам унинг мушкулини осон қилади, гоҳида алоҳида вагон олиб беради.
Киборларга хос нописандлигини жиним ёқтирмаса, бунинг устига суҳбатимиз унча қовушмаса ҳамки, унинг қаршисида ўтириб, мешчан фалсафасига қулоқ тутишга мажбурман. Бу даргоҳга ижара излаб келганим кечагидай ёдимда. Менга пешвоз чиққан хушбичим бека болохонадаги уй бўшлигини, хўжайин эса кечқурун келишини айтди. Ўша куни қоронғи тушмасдан етиб келдим ва бу одам билан танишиб қолдим. Ёдимда: хўжайин менга худди бозордаги харидорларга хос синчковлик билан разм солди-ю, қаерданлигимни суриштириб қолди.

ОҚ КАЛАМУШЛАР


Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     

ГЎРКОВ

Унинг номи ёдда қоладиган, болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида Ашурали, Ашур, Аши дейдиганлар ҳам анчагина.

Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков дейишган.
Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган; жаҳли чиққанда, зуғум билан бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук одатини умрининг охиригача ташламаган.
- Отам кўз ўнгимизда онамни дўппослаб қоларди,- дейди Ашуралиохун, бу ҳақда гап кетганда,- укам иккаламиз зириллаб турардик, нима қилишни билмай, жуда ўсал бўлардик. Феъли ғалати эди: биров арақ узатса, қўлини қайтармасди; кайфи ошганда гўрковлиги билан мақтанар, Худонинг назари тушган касб, деб гарилларди. Биров манзират қилмаса, ойлаб оғзига олмас, унутиб юборар, ичганларни лаънатлаб қоларди. Бирорта художўй мачитга таклиф қилса, эргашиб кетаверар, бошқа вақт қабристондан чиқмасди.

ФАҚАТ ХЎРОЗ ҲАҚИДАМАС


Фақат хўроз ҳақидамас
Ўғлим Улуғбекнинг кундалигидан



Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлабзавқовар саҳифаларни топишингиз амри маҳолГрамматиканинг чигал қоидалари, жўн диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»­ни сизга тақдим этардим.

НОМАЪЛУМ ОДАМ МОНОЛОГИ


                                                          1    
  Кўз ўнгингизга  қирқ  ёшнинг нари-берисидаги, анча одми кийинган, ўрта бўй,  ўйчан, андак асабий ва зумроқ   эркакни келтираоласизми?
    Ана шу одам,  менман.  Исм-шарифим билан қизиқмай қўяқолинг. Уни айтишга хоҳишим йўқ. Ўзим ҳам жамиятдаги  ўртача одам бўлсам керак-ки,  ҳозиргача қўним топганим йўқ. Дастлаб  судяга шогирд бўлдим,   кейин  уч йил Москвада ишлаб келдим, аниқроғи, мардикорлик қилдим,  сўнг  Самарқандга  қайтиб,  киракашлик билан банд бўлдим.
    Ҳозир уйимда интернет-клуб ва компьютер курси очганман. Маҳалламиз болаларига турли томошалар кўрсатаман, кейин компьютерда ишлашдан сабоқ бераман. Клуб − пулли,  курслар эса бепул.
    Менга ўхшаб,  узлатга чекинган кишиларнинг  улфатлари, дўстлари ҳам кам бўлади. Агар Самандар акани ҳисобга олмаса, бақамти ўтириб гаплашадиган танишим  йўқ ҳисоби.

САНАТОРИЯДА

 



 Туркистон тизма тоғларига туташ Обигарм қишлоғидан икки чақиримча баландликдаги  оромгоҳга баҳо берадиган бўлсак, унинг мўъжазлиги, оддий, ҳатто жўнлигини тан олишимиз керак бўлади. Бошқа шаҳар, юртлардаги дам олиш уйлари, курорт, санаторияларда бўлганлар бу ерга келиб, бурунларини жийиришлари ҳеч гап эмас.
Одам бўйичалик девор калладай-калладай келадиган тошлардан лойсиз, цементсиз тикланган ва омонатдай, ҳадемай қулаб тушадигандай таассурот қолдиради. Дарвоза хивичдан ясалган, аниқроғи, унинг ички қисми саватдай қилиб тўқилган. Атрофи тут хивичидан доиралар, ўртада қаҳваранг новдадан (эҳтимол, гилос ёки олхўриникидир) юракнинг беўхшов шакли акс эттирилган.  Бу кимлар учундир қадимий ҳунармандчиликни ёдга солса, бошқа бировлар учун бориб турган одмилик ёки ночорлик бўлиб туюлиши табиий.       

ОМАДСИЗЛИК

 


Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.
Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

БОЯҚИШ МУАЛЛИМ ЁКИ ЭРТАКДАН СЎНГ


  Ҳозирги китобхон анчайин инжиқ, нозиктаъб – у руҳиятга боғлиқ тафсилотларни, табиат тарҳлари чизилган саҳифаларни хушламайди; киноя ёки муаммолар моҳиятига етиш учун бош қотиришни эп кўравермайди. Лекин ҳақиқат ёки чўпчаклигини  фарқлаб бўлмайдиган воқеалар; охир-оқибат, гуёки, адолат зам-зама қиладиган, ўз ибораси билан айтганда: “қизиқ” олди-қочдилар бўлса, шунда ҳам аввал “чўқилаб кўриб”, дилига ўтиришса ўқийди, бўлмаса, телевизор тугмачаларини бирма-бир босиб (ахир, унинг ихтиёрида талай каналлар; бунга компьютер ҳам келиб қўшилди) юборади ва шўрлик ёзувчи не-не умидларда битган қораламалар қўли осилиб, ноумид  бўлиб қолаверади.
         Начора, ёзувчи ҳам бунга қасдма-қасд ўлароқ, ногаҳоний илмоқлар, янги-янги ноанъанавий шакллар, шунингдек, ғаройиб ўйдирмалар, юмор билан йўғрилган эртакнамо ечимлар ўйлаб топишга мажбур бўлади.

    Менинг ушбу қораламам ҳам шулар жумласидандир. Ундан ғоявий хато изламаслигингизни ёки  жилла бўлса ҳам шаккокликка йўймаслигингизни сўрайман.
         Ижозатингиз билан илк ҳикоямни афсонадан бошламоқчиман. Юқорида публицистик жанрга нописанд бўлмаслигингизни сўраган эдик. Афсона ва ривоятлар эса ундан ҳам қадрлидир. Энг қадимги юнон ва форс эртакларини оласизми,”Минг бир кеча”ни назарда  тутасизми,  ўзимизнинг “Гўрўғли”, “Алпомиш”ни айтасизми, бари-бари дастлаб жўнгина бўлиб туюладиган ривоятлардир.
         Ҳамма нарса вақтдан қўрқади,  дейишади. Назаримда вақт ҳам афсона ва ривоятлардан чўчиса керак, чунки улар Азроилга қасдма-қасд яшайверади, яшайверади.

ИБЛИС КУЛБАСИ ЁКИ ОБИЙ

 





"БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ Ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" романидан


Бу машъум уй ҳақида аввал ёзганман.
«Концлагер товуқлари» бобидаги мана бу мисраларни хотирласангиз кифоя.
«1975 йили вилоятнинг мафкура ишлари бўйича котиби ўз ўйнаши билан шу ердаги меҳмонхонага норасмий яъни хуфёна ташриф буюради. Албатта, туни билан кайфу сафо, ҳалиги ишлар... Эрталаб улар чиқаверишмагач, қоровул хавотирланиб, эшикни тақиллатади. Садо бўлмагач, раҳбарларга хабар етказади. Улар ҳам ошиқ-маъшуқларни уйғотолмагач, эшикнинг ошиқ-маъшуқини бузишади. Кириб қарашса, бахтиқаро ўйнашлар ваннада Одам Ато билан Момо Ўаво кийгизиб юборган либосда бандаликни бажо келтириб қўйишибди».
Албатта, шов-шув, текшир-текшир, дегандай. Терговчилар бу юмуш билан уюшган, тажрибали мафия (етмишинчи йилларда-я!) шуғулланганини тахминлашади. Уларнинг фикрича, ўша гуруҳ қурбонини кузатиб юради; ваннага кирган заҳоти ташқаридан туриб, қувурга электр токи тегизади.