среда, 21 ноября 2018 г.

Мен мухбирман. ИККИНЧИ ҚИСМ


ИККИНЧИ ҚИСМ

БИРИНЧИ БОБ

МЕН КАШФ ЭТГАН БУХОРО

     Американи Колумб очган дейишади. Аслида эса уни ҳар бир турист ўзича кашф этади.
     Дарҳақиқат, энг катта кашфиётчилар сайёҳлар, альпинистлар эмас, журналистлар, ёзувчилар, олимлардир. Мен Шарқни  Бобур ("Бобурнома"), Доғистонни Расул Ҳамзатов ("Доғистоним"), Англияни Даниэл Гранин ("Йўл бошловчига ёднома") кашф этган, дегим келади.
     Бухорони эса минг йиллар муқаддам Наршахий ("Торихи Бухоро") кашф этган. Ундан олдин ҳам, кейин ҳам бу борада "Наршахий панжасига панжа урадиган" киши топилмади.
         1974 йили "Қишлоқ ҳақиқати" газетасининг Самарқанд, Бухоро вилоятлари бўйича мухбири бўлдим ва каминани бу юрт ҳақидаги қораламаларим Наршахийнинг муқаддас публицистикаси олдида жуда ожиз, хира, тарқоқдир.
     Бухоролик шоир Тошпўлат Аҳмад билан аввалроқ дўстлашиб қолгандик. Шунинг учун уни топиш, раҳбарларга биргаликда кириш маъқул, деб ўйладим. У ишлайдиган - Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг идораси Бухоро арки билан қадимий бозор оралиғидаги пастаккина, кўримсиз хоначада экан. Суриштира-суриштира бу ерга келдим-у, унинг қадимий боғдоди эшигига осилган каттакон бурама қулфни кўриб, ҳафсалам пир бўлди. Танаввул қилиб олгач, тўрт қатор ҳазил шеър ёзиб, уни таниш эшикка ёпиштириб кетишга аҳд қилдим.

Бухорода илҳомларим урди-ю қулф,
Туюқ ёздим, сарлавҳасин қўйдим мен "Қулф".
Кўрсатай, деб, сўнг Союзга олиб борсам,
Эшигида турар эди калладай қулф.

     Жиндай елим сўраш учун дуч келган идоралардан бирига кирдим. Бу - қадимий мадрасанинг бузилмай қолган ҳужраси эди. Ичкари киришим билан, диққатимни, аввало, унинг зўр дид ва ҳафсала  билан майда гулли ганчкорлик қилинган, морпеч нақшлар чиқарилган қадимий, бетакрор гумбаз ва деворлари тортди.
         Ҳамма санъатлар тин олганда, архитектура тилга киради, деган нақлни эшитганмисиз? Бу мўъжаз санъат атрофдаги шовқин-сўронларга қарамай тин олмайди - алланималар ҳақида завқ-шавқ билан ҳикоя қилаверади.  Ўтовга ўхшаган бу бурчаксиз хонада тўрт киши жиддий қиёфага кириб, алланималарни ёзишар, чўт қоқишарди. Одамлар ҳар гал кириб-чиққанда, қадимий эшик инграгандай бўларди.
    - Кечирасиз, озгина елим керак эди, - дедим ўнг томонда ўтирган  кишига, қаршисидаги елимга имлаб.
     Жавобан у менга бошдан-оёқ аллақандай киноя билан ажабсиниб нигоҳ ташлади. Дафъатан хушёр тортиб, мен ҳам суҳбатдошимга жиддийроқ эътибор бердим: у олтмишларга кирган, ўттизинчи йилларнинг раҳбарларига ўхшаб галифешим, хром этик кийиб олганди. Рафтори анчайин кибор бу одам мазкур идоранинг бошлиғи эканлиги сезилиб турарди.
    - Аввало ассалом алайкум, - деди у одобсиз болага дуч келгандай масхараомуз.
    - Кечирасиз, саломалайкум, - дедим дилгиргина. 
     Боя ҳаёлим обидага кетиб, саломлашиш ёдимдан чиққан экан, шекилли, қаттиқ ҳижолат чекдим. Атрофдагилар ҳам қовоқларини очмасдан, лабларининг бир чеккаси билан кулишди, аниқроғи, юзларига табассум суртишди.
     - Клейди нима қилалла, - сўради бошлиқ Бухоро лаҳжасида, мижғовлик ила.
     - Мана буни ёпиштирмоқчи эдим.
     - Қани, бир кўрайлик.
      Ноилож қоғозни узатдим. У ҳафсала билан кўзойнагини тақди, сўнг синчиклаб ўқишга киришди. Негадир "Союз" деган сўзнинг остига чизди
    - Буни қандоқ тушуниш керак, - сўради у газетанинг инжиқ котибларига ўхшаб.
    - Ёзувчилар Союзи яъни уюшмаси вилоят бўлими.
    - Шундоқ деб ёзинг!
    - Вазн бузилади.
    - Иби, - деди у кулиб, - о маъночи? Бундан арзу додимга қулоқ соладиган банда йўқ, деган гап чиқади-ку.
    - ....
    - Манг!
    - Елим!
    - Йўғ. Бир гап чиқса, клейни қаердан олгансан, дейишади. Ғавғога  тобим йўғ!
     Мен баттар ҳижолат чекдим. Лекин ҳаётда анчайин зада бўлган бу оқсуяк амалдорни ҳам тушуниш керак эди. Шеъримни олдиму, ташқарига шошилдим. Кўчанинг нарёғига ўтиб, яҳудий этикдўзга эҳтиром билан салом бердим ва бир томчигина елим сўрадим. У жавобан, топшириқлар
тобора ошаётганини, идора материал бермай қўйганини гапирди.  Майда пул чиқариб, нуқул пақир тангалар солинган консерва банкасига солдим. У вазиятни ўзгартирди.
    - Бу - чармники, - деди  кирланиб кетган  шишани узатар экан, - чунонам маҳкам ушлайдики...
     Қоғозга тўрт томчи томиздим-у, қотиб қолишидан чўчиб, таниш эшик томон югурдим. Етиб келсам, аллақачон кимдир қулфга эшагини боғлаб кетибди. Яқинлашиб боргандим, жонивор тепмоқчи бўлиб шайланди. Ноўнғай бўлиб, атрофга алангладим. Қоровул чол мийиғида кулиб, мени кузатиб турарди.
    - Бунинг эгаси қани? - сўрадим шошиб.
    - Бозорга тушдила.
    - Йўқ, идоранинг эгасини сўраяпман.
    - Ҳа, шоири калон Шофиркон кетганла.
    - Бошқалар-чи?
    - У киши келмаса, жонишинлари қаросини кўрсатмайди. Ҳай бу балала  карахт.          
    - Шоири калоннинг мошинаси борми - сўрадим.
   - Мошин қаерда? Этикдуз жуҳуддан қарз олиб юради.
     Отахон бир лаҳза тин олди. Сўнг ўзи ҳам шоиртабиат эканлигини намойиш қилмоқчи бўлдими ёки шунчаки илҳоми келдими, ҳайтовур Рудакийдан ғазал ҳиргойи қилди:
                                    
                            Ёди ёри  меҳрибон ояд ҳаме,
                            Бўйи жўйи Мўлиён ояд ҳаме...

     У билан алламаҳалгача суҳбатлашиб қолдик. Отахон амир вақтида ҳам қоровул бўлган экан. Ўша пайтда ана шу хоначада ўндан ортиқ сарой шоирлари амирга ҳамду-сано айтишаркан. Амир шоири калонга файтун ва бир канизакни инъом этган экан. Ҳозир бўлса...
     Шундай қилиб шеър ёзилган қоғозни эшикка ёпиштириб бўлмади.
     Биринчи кечани Кўкалдош мадрасасида ўтказдим. Меҳмонхона танқислиги учун қадимий обиданинг ҳужраларига темир кроватлар қўйиб, ётоққа мослаштиришган экан. Жуда қўпол қилиб ўтказилган электр симлари,  қувурлар ва замонавий коммуникациянинг бошқа воситалари гўзал нақшлар устига чапланган бўёққа ўхшарди. Шунчалик ҳам дидсизлик бўлиши мумкинми?! Эҳ! Бунинг устига ҳужрада меҳмон бўлганларнинг аксарияти ғишт, кошин, ганжлар устига ўз номларини муҳрлаб қўйганликлари жуда ғашимни келтирди. Дилимдаги бу нохуш ҳис эрталабгача ҳасадга айланди, шекилли, жўнаб кетиш олдидан мен ҳам бир ғиштга номимни ёзиб қўйдим.
     Муҳтарам китобхон! Булар бари етмишинчи йиллардаги ҳолат эканлигини ҳисобга олишингизни сўрардим.
     Мустақиллигимиз эълон қилингандан сўнг талай меҳмонхоналар қурилди, қадимий обидаларни тиклашга эътибор оширилди.




   
ИККИНЧИ   БОБ

ТАШНА САҲРО

     Журналист Ҳамид  Мўминов гапга чечанлиги, камтарлиги, дилкашлиги билан менга ёқиб тушди. У аксарият Бухороликлар сингари
ўзбек ва тожик тилларида бурро гапирар, такаллуф, таомилни ўрнига қўярди.
    - Истасангиз, Томдига олиб бораман, - деди у, - чорвадорлар ҳаётини  кўрасиз.
    - Яқинми?
    - Тўрт юзлар бор.
     Йўқ, мени йўл ваҳимаси босган эмасди, балки вилоят сарҳадларининг беқиёслигидан ҳайратга тушган эдим.
    - Биргина Томдининг ўзи Арманистон, Гуржистондан катта, - деди у фахр билан.
     Қизилқумни ўқдек кесиб ўтган магистрал йўлнинг икки томони оппоқ қор эди. Устини қор қоплаган саксовуллар жунжикиб ўтирган йўловчиларни эслатишарди.
     Биз кечгача йўл юрдик. Бир бор машинамиз йўлдан ҳам чиқиб кетди. Учовлашиб зўрға чиқардик.
    - Ҳар қалай сиз бор экансиз, - кўнглимни кўтарди шофёр, - икки киши бўлсак, чиқара олмасдик. Бу бийдай жойда ёрдам берадиган одам ҳам топилмайди.
     Ниҳоят йўл ёқасида замонавий бино кўринди.
    - Мана шу хўжалик ҳақида ёзганингиз маъқул - кўрсатгичлари яхши, -
дейишди.  
     Идорагача бўлган йўл қордан тозаланмаганди. Шерикларимни ортиқча ташвишга қўймаслик учун йўл бошидаёқ машинадан тушиб, улар билан ҳайрлашдим.
     Идорада бошбухдан ўзга ҳеч ким йўқ экан. Катта хона ўртасидаги бочкадан ясалган печда саксовул ёнаётган бўлишига қарамай, у пўстинга ўралган, тулки терисидан қилинган телпагини бостириб кийиб олганди. Ҳисобчи мен билан совуқ кўришди.
    - Тошкентдан келдим, - дедим уни ҳушёр торттириш илинжида. Мухбирман - "Қишлоқ ҳақиқати"да ишлайман. У пинагина ҳам бузмади.
    - Китабшанг борба? - сўради ниҳоят, шубҳа билан.
         Мен яхши тушунмадим. Ҳисобчи таржима қилди.
    - Удостоверениянг борба?
     Менда мандат йўқ эди. Газета янги ташкил этилганлиги учун уни тайёрлашга улгуришмаганди. Бунинг устига каминани вилоятлараро  мухбир қилиб олишди-ю, шошилинч шу ёққа жўнатишди. Бу ҳолатни унга ётиғи билан тушунтирмоқчи бўлдим.
    - Борабер, ширағим,  - деди суҳбатдошим жавобан совуққина қилиб.
    - Қаёққа?
    - Таскентга!
     Журналист мандати. Мен вилоят газетасида етти йил ишлаб, уни бирор бор ёнимда қўймагандим. У ҳар дақиқада дилга қувват, ишонч эди. Лекин бу йиллар давомида бирор киши уни суриштирганини эслолмайман. "Мен мухбирман", дейишим билан, ҳамма жойда иззатимни жойига қўйишарди. Бугун эса... Дилимни ногаҳоний ғашлик босди. Негадир, бу кеч қаерда тунашимни уйлаб, хўрлигим келди.
    - Менга директорни топиб берсангиз, - дедим ниҳоят, ҳамон бепарво ўтирган ҳисобчига, - у билан гаплашишим керак.
     У имиллаб директорнинг уйига телефон қилди, мен ҳақимда ҳисобот берди.
     Директор зум ўтмай етиб келди. Ҳарқалай у дилкаш, хушфеъл экан.
    - Мени "сиз" дема, - деди машинага ўтирарканмиз, аммо бари бир уни "сен" дейишга тилим бормади. Эртаси биз чўпонлар ҳузурига борадиган бўлдик.
    - Энг яқин қудуқ, - қирқ километр, - деди суҳбатдошим, - чеккадагилари икки юз километр нарида.
     Маълумки, Қизилқумда сув асосан қудуқлардан олинади. Қўйлар ана шу сув манъбалари яқинида боқилади. Шунинг учун чўпон-чўлиқлар яшайдиган, мол боқиладиган ҳудудларни қудуқ, дейишади.
     Эртасига биз барханлар орасидаги илонизи йўлларидан ўтиб, икки бор меҳнат қаҳрамони Жабай Балимановнинг ўғли Жақсилиқ Балиманов ўтовига етиб келганимизда, у ветврачни излаб кетган экан. Маълум бўлишича, кечаси отарга бўри оралаб, бир талай қўй-қўзини бўғизлаб кетибди. Шуни расмийлаштириш учун ветврач зарур бўлибди.
    - Ҳозир бунақа актни қабул қилишмайди, - деди директор, - қўйни бўри еганига ишонишмайди. Газеталарда: бўри - фойдали, деб ёзишаяпти, - деди директор.
     Жақсилиқнинг ёрдамчиси билан хотини бунга жавобан нобуд бўлган қўйларни кўрсатишди, мадад сўрашди. Директор чинакамига надомат чекди: у ёрдам беришга ожиз эди.  Шунга қарамай, аёл меҳрибон маомаласини ўзгартирмади, ҳалиги йигитга қўй сўйишни тайинлаб, ўзи қозонга уннай бошлади.
     Менинг ҳаёлимни эса икки мулоҳаза банд қилганди.
     Биринчидан, ТВ ва талай газеталарда бу йиртқични муҳофаза қилиш керак, деб ёзаётганлардан бири - менинг ўзим эдим. Яқин кунларда босилаётган "Сиз табиатни севасизми?" деган китобчамда ҳам бўри касалванд ва нимжон молларни еб, санитарлик вазифасини бажаради, деб ёзгандим. Бугун эса бўри инсонга бўрилигича  қолганини кўриб надомат  чекдим. Бўғизлаб кетилганлар орасида қўзичоқлар ҳам, катта  қўчқорлар ҳам бор эди. Баднафс ҳайвон ҳақида ўйлаб қолдим. Иккинчидан, қўйчивонларнинг аёллари ҳаёлимни банд қилишганди.  Айрим нозик, тантиқ, жиззаки хотинлар ҳаётда шундай саботли, матонатли аёллар борлигини билиши, улардан жилла бўлда ибрат олишини ўйлардим. Ўзингиз тасаввур қилинг: атроф қор, бўрон. Қўни-қўшни йўқ. Ёлғиз қудуқ, ўтов, қўй. Булар дард чекканда, докторга мурожаат қилолмайди, кўнгил тўсаб магазинга чиқишолмайди, яқин кишисига дил тугунини очолмайди. У қўй боқади, бола тарбиялайди, нон ёпади, кир ювади, овқат пиширади, меҳмонга қарайди. У совуқдан, иссиқдан, ҳадсиз-ҳудудсиз юмушлардан, ногаҳоний бўрилардан шикоят қилиш ортиқча  эканлигини яхши билади.
     Қизилқум саратони ҳам қаттол! Ҳуркак барханлар кўчиб, йўллар ўтовларни босади, қуёш қовуради; қорақурт, ўқилон соя излаб ўзини ўтовга уради. Ташна саҳро қутиради. Тошқин дарёлар, шовуллаган боғлар фақат сароб бўлиб кўринади буларга!
     Ҳайкал ўрнатса арзийди, бундай аёлларга!
     Томди ҳақида ёзган мақолаларимда шулар тўғрисида қалам тебратгандим.


 
                              УЧИНЧИ  БОБ

                                ҲАЁТ  ЯХШИ!

     Нурободдаги менирал сувли шифохонада даволанаётганимда қўшни палатада Дагар ота Очилов ётганини айтиб қолишди.
     Дагар Очилов! Бир вақтлар бу ном газеталарнинг биринчи саҳифаларида жаранглаб турарди. Вилоятга ташриф буюрадиган энг мўътабар меҳмонларни ана шу зот раҳбар бўлган хўжаликка олиб борардилар. Олтмишинчи йилларнинг бошидаёқ бу колхозда йирик маданият уйи, замонавий меҳмонхона, спорт иншоотлари қурилган эди.
     Дагар Очилов ногаҳонда ишдан олинди, иши терговга оширилди. Начора. Пахта сотиб олинганлиги, кўзбўямачиликка йўл қўйилганлиги очилиб қолди. Хизматлар эса гуноҳларга қалқон бўлолмайди. Одамлар ҳам бирор йилгача раис ҳақида ваҳимали гапларни тарқатиб юрдилар-у, кейин барини унутиб юбордилар.
     Ана шу одам девордармиён қўшни эканлигини эшитдим-у, у билан гаплашгим келаверди.
         Кечқурун эшигини тақиллатдим.
     Кўз ўнгингизга олтмиш-етмиш ёшлардаги синчков, серзарда одамни келтиринг-а. Салом-алик жараёнида у менга бир сидра назар ташлаб чиқди. Шу тикилишдаёқ, сурат ва сийратим ҳақида етарлича ҳулосага келиб қўйганди. Қўшни палатадан эканлигим, шунчаки ҳол-аҳвол сўрагани кирганимни айтгач, унинг нигоҳидаги таранглик ўрнини эминлик эгаллади. Аксар беморлар сингари дардидан шикоят қила кетди.
    - Иккала оёқ ҳам ишламай қўйди, ука. Раислик пайтида ҳаммани қойил қиламиз, деб хирмонда ётиб, радикулитни ошириб олган эдик. Кейин Каттақўрғон турмасига ташлашди, манглайи қоралар: ўша ерда дард оёққа урди.
         Мухбирлигимни эшитиб, Дагар отанинг муомаласида андак кинояга мойиллик пайдо бўлди.
    - Раислик пайтимда газетачилардан, ёзувчилардан жўраларим кўп эди. Қайтганимга анча бўлиб қолди-ю, йўқлай дейишмайди. Ҳа, майли... ев қишлоғимизга келиб кетибди. Аввал вилоятга келганда ҳам  мени кўрмай кетмасди.
     Биз бир лаҳза жимидик. Мен айрим ҳамкасбларимнинг садоқатсизлиги, субутсизлигидан ўкиниб турганимда, суҳбатдошим гапни бошқа ўзанга бурди. Шифохонанинг икки гектар ери бекор ётганини ачиниш билан гапира кетди.
    - Менга қолса, бирорта деҳқонни топардим-у, оғайни, шу ернинг умри беҳуда ўтмасин, нима эксанг - эк! Ярмини бизга берасан, деярдим, Йўқ демасди!
     Эртаси кечга яқин ҳамшира мени Дагар ота йўқлаётганини айтиб қолди.
    - Ука, кечаги гапга аччиғингиз келганга ўхшайди,- деди у анча очиқ чеҳра билан, - кирмадингиз, гаплар кўп эди.
     Мен ўзимни оқлашга ҳаракат қилмоқчи бўлгандим, у сўзимни илиб кетди.
    - Ижодкорлар орасида яхши одамлар жуда кўп, - мана Назир ака Сафаров билан Бобоқул ака Имомов (Самарқандлик журналист) ҳолимдан ҳабар олиб кетишди. Энди, дўстлардан гиналайди-да одам! Мен
умуман ёзувчи, журналист халқини яхши кўраман. Раислигимда вилоятдан
келган вакилларни қўйиб, ўшаларни қабул қилардим, улар билан ўзим да-
ла айланардим...
     Дагар ота мен билан очилиб, бақамти гаплашадиган, ҳеч нимани
яширмайдиган бўлди.
    - Эй ука, арзимас пахта деб шунча озор тортдим-а. Одамлар тўқиб бичишди. Аслида мен пахта сотиб олганим йўқ: заводда ортиқча пахта тўпланиб қолган экан, раҳбарларимизнинг қистови билан шуни ҳисобимизга ўтказдик, холос. Москвадан келган манглайи қора терговчилар пашшадан фил ясашди: қимматга тушди. Ўзимни ҳам майиб қилдим, колхозни ҳам.
     Тан олиш керак: одамларнинг энг катта хатоси - ўз хатосини бот-бот такрорлаб туришида. Токи сабоқ чиқаришни билмас эканмиз, бирор нимарсага  эришишимиз мушкул.
     Суҳбатдошимнинг гапига катта надоматлар яширин эди. Дарҳақиқат,
хўжалик ҳам "майиб" бўлганди. Дагар Очиловдан кейин тўрт-беш киши-
ни раис қилиб қўйишган, аммо иқтисод пастлаб кетаверган.
    - Энг ёмони,- давом этди у,-ўша гап кўпларга сабоқ бўлмади. Ҳозир айрим раҳбарлар кўзбўямачилик,ошириб ёзишга мойил бўлиб қолаяпти-
лар. Оқибатдан чўчишмаяпти. Мен уларнинг майиб бўлиб қолишдан қўр-
қаман.
     Шу ўринда жилла чекиниш қилсам, каминадан ранжимассиз, деб ўйлайман. Отахоннинг ана шу хавотирона гапида икки-уч йил ўтиб, машъум "ўзбеклар иши" бошланди. Иштихондан ҳам юзлаб кишилар қамоқхоналарга ташландилар.                                                      
     Биз ҳар куни шу тариқа суҳбат қурадган бўлдик. Иқтисод, алмашлаб
экиш, раҳбарлик тактикаси ва стратегияси масалаларида у кишининг ҳаётий қарашлари муқаррар ва устивор эди.
     Шифохонадан чиқандан кейин бирор йил ўтгач, Иштихон туманидаги
«8-март» жамоа хўжалигига отахонни излаб бордим.Таомилга  кўра аввал идорага кириб, раҳбарлар билан учрашишга тўғри келди. Маълум бўлишича, колхозчилар Зоир Зиёдов деган йигирма беш яшар йигитчани
яқинда раис қилиб кўтаришган экан. Ёш раис билан тез суҳбатга кири-
шиб кетдик, сўнг у идорани, болалар боғчасини кўрсатди.
         Ўшанда болалар боғчаси қаршисидаги аттракцион диқатимни тортди. Худди шаҳар хиёбонларидаги сингари чархпалак ўрнатилган бўлиб, унинг яқиндагина ишга туширилганлиги билиниб турарди. Гарчанд, у болаларга мўлжаланган бўлсада, раиснинг илтифотини ерда қолдирмадим, иккаламиз миниб бир неча бор давра айландик.
     Дагар ота ҳақида гапирганимда, раис негадир хаёлга толиб қолди,ке- йин ўзи боролмаслигини айтиб, узр сўради, бошқа кишини шерик қилиб
юборди.
     Отахоннинг ҳовлиси анча чеккада экан. Ҳовли саҳни кенггина бўлиб, ҳар қадамда саранжом-саришталик кўзга ташланарди. Бирор қарич ер бекор қолдирилмаган, ҳатто дарахтларнинг ости юмшатилиб, уруғ қадалганди. Чеккароқда асалари қутилари, товуқ катаклари... Хуллас, бу даргоҳда қаттиққўл, доно, ҳисобдон одамнинг нафаси сезилиб турарди.
         Дагар ота мени кўриб беҳад қувонди. Дастурхон ёздирди.
         - Раисимиз билан учрашдингизми, - сўради Дагар ота бир пиёла чойдан кейин.
         - Ҳа, у менга маъқул бўлди, - ҳақиқатни яширмадим.
         - Колхозни ҳам айлантиргандир?
         - Айрим жойларини...
         - Ҳалиги чархпалакка миндирдими?
         Унинг саволидаги ўзига хос нозик кинояни туйиб , андак ночор аҳволга тушганимни Дагар ота синчковлик билан фаҳмлади.
         - Зарари йўқ, - деди далдакор рухда, - дунёнинг ишлари шунақа - чархпалакка ўхшайди.  Биз катталар ҳам болалардай гап. Лекин нафсиламбирини айтганда, мен раисликдан кетгандан бери колхозда қурилган бирдан-бир нарса - мана шу чархпалак, ука. Бошқа бирорта даҳмаза тикланган эмас.
         - Раис ёш бўлса ҳам зуккога ўхшайди, режалари катта, - дедим анча сукунатдан кейин.
         - Зоир - менинг жияним бўлади. Лекин олдимга келишдан қўрқади,
- тилим захар, ука, тилим. Одамларнинг хатосини хаспўшлаб ўтиришни ёмон кўраман!   
         У ёш раиснинг аллақандай ношудликларини назарда тутаётганини фаҳмлаш қийин эмасди, аммо буни ошкор этишни лозим топмади.
         - Сиз циркда ҳайвонларни ўйнатадиганни кўрганмисиз, - давом этди у бир оздан кейин, - унинг бир қўлида қамчи, бир қўлида қанд бўлади. Айтганини қилса, сийлайди, бош тортса, қарсиллатиб солади. Зоирнинг қўлида қамчи йўқ, ука. Одамларни нуқул қанд билан ишлатаман, дейди. Гўдак!
         Кейин отахон ўз режалари ҳақида гапира кетди. Оёғи андак тузалиши билан дарёвотдан боғ қилиш ниятида экан. Боғнинг лойиҳасини ҳам тузиб  қўйибди. Ёнидан бир варақ қоғоз чиқариб, тушунтиришга киришди.
         - Мана бу қаторга ўзимизнинг Кулола деган нокимизни жойлаштираман, бу ерга шотут, Наманганнинг олмаси...
         Лекин, надоматлар бўлсинким, бу комил инсон эзгу орзуларига эришолмади - кўп ўтмай оламдан кўз юмди.
         Таъзияга борганимда, Зоир ҳам ўша ерда экан. Бир оздан кейин биз дала айландик.
         Қишлоқлар оралаб ўтар эканмиз, диққатимни айрим дарвозалар олдига тўкиб қўйилган беда уюмлари тортди. КИР-1,5 агрегати билан майдаланиб янчилган бу озуқани кўриб, ёдимга Дагар отанинг қамчи ҳақидаги рамзий ўхшатмаси тушди. "Демак, раис интизомни бўшаштириб юборган, тракторчилар бедафурушликни авж олдиришган", ўйладим ўзимча. Йўқ, ундай эмас экан. Раис бошқача изоҳ берди.
         - Шу йилдан бошлаб одамларнинг молларига беда бера бошладик.
         - Бепулми?
         - Жуда арзон нархда.
         Қишлоқ хўжалиги билан андак таниш кишига шу ҳақиқат аёнки, чорва озуқаси деярли ҳамма жойда танқис. Шахсий, ёрдамчи хўжалик нари турсин, жамоа чорваси ҳам тўйиб беда емайди. У пайтларда эса вазият янада  танг эди. Ёш раис бунга қандай қилиб эришганини ўйлай бошладим.
         - Бизга алмашлаб экишни жорий эт, дейишади, - давом этди суҳбатдошим,- аммо пахта майдонларини қисқартирмай бунга эришиш қийин. Пахтани озгина камайтирсангиз, юқорига чақиришади. Биз бўлсак, таваккал қилдик:  бедазорларни кенгайтирдик. Каттакон кўпчилик орасида мени: "Янги чиққан Дагар Очилов" деб, заҳрини сочди. Индамадим. Унга гап қайтариб бўладими?  Мана, энди қозон ҳам мой, чўмич ҳам.
         - Яхши, - дейман қувониб, - лекин раҳматли Дагар ота сизнинг раҳбарлик тактикангизга анча шубҳа билан қарагандилар.
         - Тўғри, аммо афсуски, у киши ана шунинг стратегиясини кўрмай кетдилар. Дагар ота олтмишинчи-етмишинчи йилларнинг раиси эдилар, мен бўлсам, шу куннинг...
         - Ҳозир қамчи керак эмас, демоқчимисиз?
         У беғубор кулди.
         Ўша йўлбарс ўйнатувчининг маҳоратини ўзим ҳам кузатганман. Аввало шунақа таққослаш - ғалати. Ҳозирги раҳбар дрессировкачи эмас, мураббий бўлиши лозим. Йўлбарс ўйнатувчи қамчи билан жониворни эмас, ерни уриб, пўписа қилади. Қандни эса аямайди!
         Бизда ёмон раҳбарнинг ҳам, яхши раҳбарнинг ҳам бир жойда муқим  ишлаб қолиши қийин. Нолойиқ раҳбар ишдан олинади, истеъдодлиси эса табиийки, кўтарилиб кетади. Зоир Зиёдов кўтарилиб кетди. Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси, Қишлоқ хўжалик вазирлиги ва ҳоказо.
     Фақат етмишинчи ва саксонинчи йилларнинг раҳбарлари ҳақида гапириш билан кифояланмоқчи эмасман.
     Мустақиллигимиз эълон қилингандан кейин ҳам бу хўжаликда бўлишга тўғри келди. Аммо бу гал мухбир сифатида эмас, тўйга меҳмон бўлиб боргандим.
         Мазкур ширкат хўжалиги (эндиликда шундай номланади) да ёш раисни кўриб, анграйиб қолганимни тасаввур қилолмайсиз. Унинг андак арабларга ўхшаб кетадиган қиёфаси, қадам ташлашлари, бор манераси (таъбир жоиз бўлса) Дагар отанинг қўйиб қўйган ўзгинаси эди.
         - Бу киши янги раисимиз - Дагаров - дейишди.
         Таниш, қадрдон фамилияни эшитгач, дафъатан: "Дагар отанинг ўғли эмасмикин", деган хаёлга бордим. Дарҳақиқат, шундай экан.
         Янги раис билан бир неча дақиқа (блокнотсиз) гаплашдик. Ҳа, энди у янги давр раҳбари эди: бу йигитчанинг рафтори аввалгиларга ўхшамас, ҳатто кўпчилигимизга унчалик ўтиришавермайдиган, радикалроқ эди.
         - Лениннинг ибратли шиори бўлган, - давом этади у, - "Ер - деҳқонга, завод-фабрикалар - ишчиларга, халққа - тинчлик!"  Аслида ҳам инсонга кўп дахмаза керак эмас, севган иши билан осойишталик бўлса... Лекин шўролар даврида буларнинг бирортаси ҳам амалга ошмади.
         - Хўш, эндиликдачи, - тергаб қўяман.
         - Биз ўзгача шиорни ўртага ташладик: "Ер эгасини топсин!" Лекин эгасини тополмай турибди: талай амалдорлар бунга тўғаноқ бўлишаябди.
         - Бош муаммо шуми?
         - Пахтанинг харид нархини андак кўтариш керак. Деҳқон ҳақ олсин. Отам айтардилар: "Деҳқонга - ҳақ, ерга ўғит берсанг, ҳосилнинг чегараси бўлмайди" деб. Дарҳақиқат, қолганлари - иккинчи даражали. Шу икки омил муҳайё этилса, раис ҳам, ҳоким ҳам унча керак бўлмай қолади.
        
                                     *    *    *
         Дарвоқе, икки омил.
         Бу гапни эшитиб, ногаҳонда ёдимга бухоролик Хўжаев (Раис бобо) тушди.
         Отахон аслида Бухоро шаҳрига туташ Хўжаён қишлоғидан. Ватан урушидан олдинги нотинч йилларда Файзула Хўжаев туҳматга учрагач айрим калтабин кишилар фамилияси Хўжаев бўлганларни ҳам шубҳа ва таъқиб остига оладилар. Шунда раис бобо бир кечада она қишлоғини тарк этиб Мирзачўлга келиб қолади. У паст-баландни биладиган, ҳисобдон, зукко киши бўлгани учун аввал бригадир, сўнг ҳосилот шўро, кейин раисликка сайлашади.
         Уруш бошланади. Ўшанда ҳам раис тадбир билан иш юритиб, кол-
хознинг шуҳратини улуғлайди. Эркаклар фронтга кетиб, далада асосан
хотин-халаж қолганига қарамай, колхоз байроқдор бўлиб қолаверади. Раис фронтга кўплаб ғалла, мева жўнатиш билан бирга одамларга ҳам анча-мунча буғдой тақсимлашни канда қилмайди.
         Шуларнинг эвазига бўлса керак, колхозга эскигина юк машинаси-"политурка" беришади. Аммо, ҳадеганда, уни ҳайдайдиган шофёр топилавермайди. Шунда раис шаҳарга тушиб, Вася деган озғин, сарғиш йигитни эргаштириб келади.
         -Бугундан этиборан — Вася колхозимизнинг шофёри, - дейди, - уни ҳеч ким ранжитмаслиги керак!
         Васянинг ўзи ҳам бағоят хушфеъл, камтарин, меҳнаткаш йигит чиқиб қолади. Қишлоқ болаларининг пешонасидан ихлос билан ўпишни,
аёллар, кексаларнинг ҳожатини чиқаришни одат қилади, шоввоз. Икки
бортига "Пахтаобод" колхози деб ёзилган машина районда ҳам кўпчиликка таниш, қадрдон бўлиб қолади Раис унинг кабинасига ўтириб олиб, илғорларни бот-бот сайрга олиб чиқади.
         Аммо шўрлик раисни Бухорода таъқиб этган машъум қисмат бу ерга ҳам етиб келади. Вася, аслида немис эканлиги, унинг ҳақиқий номи Вайслиги аён бўлиб қолади. Бу нохуш гапдан Пахтаобод сесканиб тушади. Шу дақиқадан эътиборан, одамлар машинага йўламай қўядилар: Васяга бўлган илиқ меҳр ўрнини беҳудуд нафрат эгаллайди.
         Шофёр зудлик билан жуфтакни ростлайди-куя, аммо қишлоқда раис ҳақида ҳам нохуш гап оралаб қолади: "Хўжаев немисларга сотилган экан, ўзи ҳам "халқ душмани" бўлган эмиш".
         Одамлар раисдан ўзларини олиб қочадиган,  унга ёвқараш қилиб ўтадиган бўлиб қоладилар. НКВД деган қаттол идора Хўжаевнинг ижтимоий келиб чиқиши билан қизиқиб қолади.
         Ногаҳоний қора булутлардан сесканган раис колхоз муҳрини қоровулга топшириб, бир кечада Пахтаободдан ғойиб бўлади. Шунда: "Хўжаев немислар томонга ўтиб кетибди", деган машъум шов-шув оралаб юради. Бир неча ойгача Пахтаободликлар уни нафрат билан ғийбат қилиб юрадилар.
         Орадан икки-уч йил ўтгач, ҳамқишлоқлар уни ўзгача оҳанг билан эслайбошлайдилар: "Хўжаев жуда меҳрибон одам эди", "Колхозчининг бошини силарди". "Бирор кишининг бурнини қонатмасди".
         Бунақа илиқ гаплар шунинг учун авж оладики, биринчидан, Хўжаев ўз қишлоғида бригадир эканлиги аён бўлиб қолади, иккинчидан, ундан сўнг раис бўлиб келган киши кадрларни зудлик билан алмаштиради, айрим бегуноҳ кишиларни қувғин остига олади.  Колхоз режани бажаролмай, одамлар анча қашшоқлашиб, ҳатто уруш йиллари оладиган буғдой, оқжўхори сингари улушларидан маҳрум бўлиб қоладилар. Иккинчи йили аҳвол ундан ҳам хароб бўлади.
         Раисни янгилашдан ўзга илож топишолмайди.
         Янги раис ҳам атиги бир йил ишлайди. Қишлоқдаги бир енгилоёқ аёл билан дон олишиб қолгани аён бўлгач, ўзи жуфтакни ростлаб қўяқолади.
         Колхозчилар ўзларига муносиб раис излаб юрган кунларнинг бирида қишлоққа тасодифан Хўжаев  кириб келади. Одамлар уни бағоят хушфеъллик ва хурсандчилик билан  пешвоз оладилар.
         Аён бўлишича, раис ҳақиқатдан ҳам она қишлоғига қайтиб кетган экан. Бориши билан жону ҳолига қўймай бригадир қилиб тайинлашибди. Кўп ўтмай, раисликка ҳам лозим кўришибди. Тадбиркор эмасми - хўжаликни тез кўтарибди. Пахта, ғалла плани ошиғи билан бажарилибди.Шунда катта бир йиғилишда раисга сўз бериб, ана шу ютуқларнинг омиллари ҳақида гапиришни сўрашибди: "Бу ерда ҳеч қанақа сир йўқ, дебди раис, ерга нури бериб, одамларга ҳақ тўласанг, ҳар қандай хўжаликни юксалтириш мумкин. Қолган ҳамма омиллар иккинчи даражали".
         Йиғилишдан  кейин кутилмаганда НКВД бошлиғи  уни кабинетига олиб кирибди: "Сиз ерга нури солиш билан, одамларга ҳақ тўлашдан бошқа ҳамма факторлар иккинчи даражали, дедингиз. Ўртоқ Сталиннинг  раҳбарлик сиёсатини ҳам... Бизга тушунтириш хати ёзиб беринг!"
         Нақ ўн йилга қаматиб юборишибди, шўрликни!
         Эй, Оллоҳу азим-уш-шон!
         Ўзинг асра биз -бандаларингни - қатағондан, истибдодан, зулмдан!
         Зеро, сендан ўзга сиғинадиган маъбудамиз йўқ бизнинг!
         Мавлоно Румий ёзадилар:

                   Бишнав аз най чун ҳикоят мекунад,
                   Аз жудойиҳо шикоят мекунад.
                   Яъни:
                   Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
                   Айрилиқлардан шикоят айлагай.

         Биз не-не ашраф боболаримиз, оталаримиздан жудо бўлдик!
         Не-не маънавий қудратларимизни хоку туроб қилдик.
         Ўзинг кечир, ҳидоят эт!
         Зотан сен мағфират этувчи буюк зотсан!
        

ТЎРТИНЧИ БОБ

МУҲИТИНГИЗ  МЎЪТАДИЛМИ?

         Таҳририятдаги муҳит - бўлажак журналист, ёзувчи учун ибрат мактаби. Маънавий муҳитнинг мўътадил бўлиши эса кўп жиҳатдан кексаларнинг донолиги, ёшларнинг андишалигига боғлиқ. Зеро бу инсоний
фазилатлар бир-бири билан узвийдир. Доно мўйсафидлар бўлмаган жойда серандиша ёшлар ҳам бўлмайди!
         Бир идорада шундай нохуш хол юз берганига гувоҳман. Кекса муҳаррир билан унинг навқирон ўринбосари орасидан қора мушук ўтиб қолади. Уларнинг ҳар бири "позицияни мустаҳкамлаш" учун атрофга одам тўплайди ва шу тариқа гуруҳбозлик пайдо бўлади. Шуниси қизиқки, кекса муҳарир теграсида ёшлар, навқирон ўринбосар атрофига кексалар жипс бўлиб оладилар. Кучлар деярли тенг бўлгани учун вазият кун сайин таранглашиб бораверади. Рақиблар муҳаррирга - "хоин", ўринбосарга - "айғоқ" деб лақаб қўйишади. Мажлисда гуруҳ вакиллари алоҳида томонда ўтиришади ва шерикларидан бирор кишини андак танқид қилишса, жанжал бошланади.
         Бир куни ўринбосарнинг ҳамфикрлари муҳарирнинг анча нозик хатосини "кашф этишади". Қарашса, унинг мақолалари бундан беш-олти  йил илгари ёзилганларининг айнан ўзи. Фақат рақамлар, фактлар ўзгартирилган, холос. Қувониб кетишади. Махсумча лақабли ҳаннот ҳалигиларни тўплаб "юқорига" жўнайди. Нуфузли идоралардан бирининг раҳбари уни қабул қилади ҳам. Махсумча увада газеталарни унинг столи устига ёйиб, масалани тушунтиради, бундай одамни зудлик билан йўқотишни таъкидлайди. Ҳалиги раҳбар қараса, масала унчалик ҳалигидек эмас.
         - Сиз иш пайтида нега ўз ўрнингизда эмассиз, - сўрайди Махсумчадан.
         - Мен - бюллетендаман, - жавоб беради у, - мана - ҳужжат!
         Бошлиқ айбдорларга нисбатан, албатта, чора кўрилишини айтиб, уни чиқариб юборади. Махсумча қайтиб келса, аллақачон унга бюллетен берган врачни ишдан бўшатиб қўйишибди.
         Энди муҳаррир томон қарши хужумни кучайтиради. Улар Махсумчанинг хотинини қўлга олишади: эри бевафолигини, нуқул бошқа аёллар билан юришини сабот билан миясига сингдиришади. Аёл бунга ишониб. эрининг устидан шикоят ёзади.
         Шу хужжат асосида уни ишдан ҳайдайдилар.
         Ўринбосарнинг одамлари бундан ҳам кучлироқ авантюра ҳозирлайдилар: босмахонанинг пиёниста ишчиларидан бирини қўлга олиб, муҳаррирнинг тўртинчи саҳифадаги ҳақиқий исму шарифи ўрнига, унинг лақабини тиқиштиришни  бўйнига қўйишади.
         Бу ҳақда муҳаррирнинг ўзи ҳаяжон билан гапиргани ёдимда.
         - Туш кўрсам, биринчи бетда Гитлернинг сурати чиқаётганмиш: қўлида байроғи - бомбардимончи самолётларга  йўл кўрсатиб турибди. Чўчиб кетдим, кўнглимга ғулғула  тушди. Соатга қарасам, ярим тун. Уйдагиларни безовта қилмай кийиндиму, дилгиргина босмахонага йўл олдим. Газета босишга тайёр экан. Йўқ, биринчи бетда ўзим кўрган энтомологнинг сурати: у далага химиявий модда сепаётган самолётга байроқ кўтариб, йўл кўрсатаяпти, Иккинчи, учинчи бетда ҳам қалтис гап йўқ. Тўртинчи бетда ҳам ҳаммаси жойида  эди. Ногаҳонда фамилиямга қарасам, "Хоин", деб ёзиб қўйишибди. Дод, деб юбордим! 
         Бунга ўхшаш кўнгилсиз ҳолатлар айрим идораларда  бот-бот учраб туради.
         Ана шу нохушликка ёшлар ва кексалар зиддияти,  деб қараш бир томонламалик бўлур эди. Менинг кузатишимча, муҳаррирнинг ўз ўрнига номуносиблиги, журналист меҳнатини қадрламаслиги, бунинг устига, айрим раҳбар ходимларга ортиқча ишончи муҳитнинг бузилишига олиб келар экан. Худди шундай пайтда ундан қобилиятлироқ кадрнинг пайдо бўлиши ёки етилиб чиқиши бу курашни авж олдираркан. Кураш эса қурбонсиз бўлмаган. Бундай ҳол журналистнинг, газетанинг обрўсини тушириш билан бирга, кўплаб ёшларни маънавий майиб қилади.
         Гуруҳбозлик жамиятга жуда қимматга тушади.
         Қон босим, инфаркт...
         Зотан, бусиз ҳам ишимиз осон эмас!      
                         
БЕШИНЧИ  БОБ

ҚАБРИСТОН ҚАШҚИРИНИНГ
ҚИСМАТИ

          Самарқанддаги 1-болалар поликлиникасининг врачи Муяссар Ҳасановага Меҳнат Қаҳрамони унвони берилиши муносабати билан интервью олганим ёдимда. Суҳбат давомида оилавий аҳволи билан ҳам қизиқдим.
         - Бир ўғил, икки қизим бор, - деди у, - турмуш ўртоғимни...
         Опа уёғини айтмади: унинг узилиб қолган маҳзун каломида аллақандай армон-дард борлигини туйдим. Қайсарона қизиқувчанлик билан саволда давом этдим.
         - У киши?...
         - У кишини нобуд қилишди: Ражаб Ҳасанов деб эшитганмисиз? Фельетончи эди.
         Иккаламиз ҳам жимиб қолдик. Аёл бир ёстиққа бош қўйган умр йўлдоши, у билан ўтказган ширин лаҳзалари, серҳаловат орзулари ва ногаҳоний аччиқ қисмат ҳақида ўйларди, мен эса, нотаниш ҳамкасбимнинг тақдири, етим қолган болаларини кўз ўнгимга келтирардим.
         Сукунатни опа бузди.
         - Танқидий мақола ёзмайсизми, сўради дилгир, шикаста оҳангда.
         - Баъзан...
         - Ёзманг!
         Гап орасида Ражаб Ҳасанов вилоят газетасининг Навоийдаги  муҳбири бўлганини, рус ва ўзбек тилларида ёзишни, бир неча йил муқаддам шундай фожеа рўй берганини билиб олдим.
         Худди шу ўринда, йиллар давомида такомиллашган ва ўзимга маъқул бўлган бир одатим ҳақида гапирмоқчиман. Қаерга борсам, аввало таҳририятга киришга кўникиб қолганман. Ҳарҳолда ҳамкасблар кишини тез тушунишади, ёзмоқчи бўлган объектингиз, учрашмоқчи бўлган кишингиз тўғрисида тасаввур беришади, кўмакларини аяшмайди!
         Туман газетасининг муҳаррири ҳам юмушларини қўйиб, навқирон шаҳрини томоша қилдирди, колхозга олиб борди. Кечқурун уйида меҳмон қилди.
         Суҳбатдошим Ражаб Ҳасанов ҳақида ҳам холисанилло гапирди. Маълум бўлишича, у жуда ҳалол, ростгўй мухбир бўлган экан. Фельетонлари вилоят, республика миқёсидаги газета, журналларда босилар, бу ашраф қаламкаш билан ҳисоблашишаркан.
         - Нопок амалдорлар, порахур маъмурлар, жоҳил бандалар билан курашишда у чарчаш, иккиланиш нималигини билмасди, - деди суҳбатдошим.
         Ўлими тафсилотига келганда эса бу одам ҳам аниқ хулосага эга эмасди. Унинг айтишича, "Тез ёрдам" мухбирни марказга кираверишда мотоциклнинг аравачаси остидан олган. У шифохонада жон берган. Бир бор хушига келиб ҳам, ҳеч нима демаган.
         Мотоциклчи - савдо ходими А.Абдуллаев ўз тушунтириш хатида кечга яқин Ражаб Ҳасановни бекатда учратиб, ёнига миндирганини, йўлда эса мотоцикл молга урилиб, аравача узилиб кетганини ёзади.
         Балки шундайдир.
         Балки бундаймасдир. Уни аввал ўлдириб, шунақа пухта сценарий ўйлаб топишгандир? Ахир, мухбирга тиш қайраб юрганлар орасида  казо-казолар, корчаллонлар, ҳатто рецидивистлар ҳам оз эмас эди-ку!
         Жумладан, қишлоқ ўқитувчиси Аминжон Исканов билан боғлиқ масалани олайлик. У хўжалик раҳбарларининг беғамликлари, қинғирликларини, ошириб ёзишларини ёзавергани учун тазйиққа учрайди. Нопок одамлар ундан ўч олишмоқчи бўладилар. Ёш муҳбирни зиёфатга чақириб, маст қилишади. Кетишда чўнтагига пул суқишади.
         Бу - мухбирларни қўлга туширишнинг жуда жўн усули. Лекин Ражаб Ҳасановдан таълим олган Аминжон пулни итқитиб юборади. Тағин тузоқ қўйишади. Кўчада сигир етаклаб бораётган ўрта ёшлардаги киши мухбирга илтимос қилиб қолади.
         - Укажон, шу сигирни ушлаб туринг, бозорга олиб бораётгандим, эшикни қулфлаш эсимдан чиқибди - мен каллаварамни.
         Табиийки, Аминжон рад этмайди. Ярим соатлар шу алпозда тургач, бир неча киши югуриб келиб, Аминжонни дўппослайди, шўрликни сигир ўғрисига чиқаришади. Ўша ернинг ўзида акт тузилади, тушунтириш хатлари олинади, гувоҳлар имзо чекадилар.
         Суд Аминжонни уч йил муддатда озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқаради.
         Инсон тақдирига шундай пала-партиш ёндашиш мумкинми, ахир?! Агар Ражаб Ҳасанов аралашмаса, ёш мухбир бир умр маънавий майиб бўлиб қолиши ҳеч гап эмас эди.
         У масалани обдон ўрганади. Милиция тополмаган ҳалиги сигирни тутқазиб кетган киши билан учрашиб, суҳбатни магнитофонга ёзиб олади. Сигирнинг эгаси ва бошқа гувоҳлар билан гаплашади. "Суиқасд" деб аталган фельетон шу фактлар асосида  ёзилади ва у катта шов-шувларга сабаб бўлади. Кейин иш тескари тус олади: мухбирни озод қилиб, туҳматчиларни жиноий жавобгарликка тортишади. Участка милиционери, туман ички ишлар бошқармасининг бошлиғи, судья ишдан четлаштирилади, прокурорга ҳайфсан эълон қилинади.
         Журналистнинг саботи, синчковлиги туфайли адолат тантана қилади: аламзадалар  тиш қайраб қоладилар.
         Мен Аминжон Исканов билан ҳам гаплашдим. У алоҳида урғу билан ибратли гап гапирди:
         - Ражаб ака - устозим эдилар. "Мухбир ўзини эҳтиёт қилиши шарт", дегандилар, аммо ўзларини эҳтиёт қилолмадилар. Йигитга ўлим йўқ, ўзини тиққа урар, дейишади. Қайтмас одам эди, тутганини қўймасди!
         Адолатли баҳо. Ражаб Ҳасанов билан боғлиқ бўлган мана бу ҳодиса ҳам фикримизнинг далили бўла олади.
                                   *     *      *

         Шаҳар яқинидаги қишлоқлардан бирида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳодиса рўй беради. Мухтор муаллим деган киши тунда уйига кайфи ошиб келади-ю, эрталаб уйғонавермайди. Фарзандлари кириб қарашса, дадалари аллақачон бандаликни бажо келтириб қўйибди. Қий-чув солишади: одамлар тўпланадилар, ажабланадилар, надоматлар чекадилар. Начора - бандалик. Марҳумни иззат обрў билан дафн этадилар.
         Эртаси қишлоқда нохуш гап тарқалади. Гўёки, Мухтор муаллимни унинг қўшниси заҳарлаб ўлдирган эмиш. Ўша куни улар бирга ўтириб, арақ ичишганини кўрганлар ҳам бор эмиш. Гумонлар, тахминлар, ғийбатлар...  Қишлоқ жойларида булар ростдан кўра тезроқ тарқалади.
         Аслида улар бирга улғайган, ўрта мактаб, сўнг университетни биргаликда битирган дўстлар бўлишади. Тўрт йилча муқаддам Мухтор муаллим мактабдан оладиган маошига қаноат қилмай, газ идорасига ишга ўтиб кетади. Бу ерда газ баллонларини қимматроқ сотиб, машина харид қилади, данғиллама иморат қурдиради. Худди ана шу пайтда икки дўст орасида зиддият пайдо бўлади. Бунга кўпроқ Мухтор муаллим, аниқроғи унинг зоҳирий зармастлиги сабаб бўлади. Муаллим янги иморат  деворини қўшниси томон ўтказиб юборади: у норозилик билдиради. Мухтор муалим ҳам ҳарислик қилиб тураверади. Кичик зиддият катта жиддиятга айланади - улар бир бирларининг устларидан шикоят ёзадилар.
         Ўлчаб кўришса, ўртадаги ер икковларига ҳам алоқасиз экан. Колхоз раҳбарлари ана шу торгина оралиққа тут кўчати ўтқазишни лозим топишади. Текшир-текшир жараёнида Мухтор муаллимнинг айрим иллатлари очилади ва табиийки ишдан четлаштирилади.
         Вақт ўтиши билан собиқ дўстлар ўз қилмишларидан кўпроқ хижолат чекиб, дарз кетган дўстликни тиклаш пайига тушадилар. Ўша куни ҳам худди шу мақсадда ўтириб, дўстона қадах уриштирган бўлишади. Лекин оқибат бунақа бўлиб қолади.
         Шундай қилиб, Мухтор муаллимнинг ўғиллари гумон ва шубҳаларга эрк бериб, маъмурий идораларга шикоят қилишади. Милиция ва судмедэкспертиза қабрни қайта очишга қарор қилади. Лекин қабр бошида тўпланган гувоҳлар кутилмаган қабохатга дуч келадилар. Қарашса, кимдир кафанни пичоқ билан тилка-пора қилиб, марҳумнинг тилло тишларини суғуриб кетибди.
         Ким у ярамас, олчоқ?
         Тошбўрон қилиш керак ғалчани!!! Шунақа ҳам иблислик бўладими, ахир?!
         Милицияга, райкомга ҳабар берадилар. Эртаси марказдан исковуч ит олиб келишади. Бу нохуш ҳангомани кўриш учун бутун қишлоқ қабристонга чиқади. Исковуч ит ҳидни олиб, қабристон чеккасидаги гўрковнинг уйи томон йўл олади. Унинг кўпригидан ўтиб, катта дарахт остига тин олади ва чўнқайганича уни кузатиб турган оломонга қараб нохуш ва ночор ғингшийверади.
         Марҳумнинг фарзандлари гўрковнинг гирибонидан оладилар: Милиция уни олиб кетади. Гарчанд уйидан бирор далил-ашё топилмаса ҳамки, бояқишни қистовга олишади.
         Орадан бирор ой ўтгач, шаҳарга туташ қишлоқ қабристонида ҳам ҳудди шундай ҳол юз беради: савдо ходимининг қабрини очиб, унинг остки ва устки жағларидаги олтин тишларини олиб кетишади. Жиноятчи шубҳага ўрин қолдирмай қабрни ёпиб кетган бўлса-да, омонатлиги учун у чўкиб, сир очилади. Исковуч ит бу гал қишлоқ домласининг деразаси олдига бориб тўхтайди.
         - Йўқ, - дейди шунда Ражаб Ҳасанов, - инсон тақдирини итга боғлаб қўймайлик! Бу кабиҳликни тажрибали, маккор одам қилаяпти. У узоқда эмас.
         Унинг маслаҳати билан милиция аввал шундай ишга қўл ўрган кишилар билан қизиқади. Текширишлар натижасида Узоқ Шарқда яшовчи Борис.Б деган киши бундан саккиз йил муқаддам шу иш бўйича қамоққа олингани ва муддатини ўтаб чиқиб кетгани маълум бўлади.

                              *     *     *

         Борис Б. нинг қамоққа олиниши тафсилоти ҳам ғалати. У яшайдиган шаҳарда бир ҳарбий кишининг Олга деган ягона фарзандини ток уради. Балоғат ёшига етган қизларидан ажралган ота-она қаттиқ қайғурадилар, аччиқ қисматларига тан бериб, Олгани тупроққа топширишади.
         Ўша куни тунда уларнинг эшиги беўхшов тақиллайди.                                     - Ойижон, очинг, мен Олгаман, - дейди у ва ҳўнграб йиғлаб юборади. Ота-она ҳам дийдаларини тийолмай, фарёд соладилар.
         Бунақа ногаҳоний учрашув, беҳудуд шодлик, сарҳадсиз ҳаяжонни тасаввур қилиш осон эмас. Қўни-қўшнилар, қавмлар тўпланадилар.
         - Нега мени тириклай гўрга тиқдиларинг, дадажон, - надомат билан йиғлайди у.
         - Ахир сен, ахир сен... - тили танглайига ёпишади отасининг ҳам.
         Қизни ток ургандан кейин доктор уни кўрган, юраги уришдан тўхтаганини маълум қилиб, моргга элтишни тайинлаган экан. Лекин ота-она анчайин саросималаниб, уни шу куниёқ тупроққа топширадилар.
         Ҳаммаси афсонага ўхшайди.
         Қўлимга АҚШлик тадқиқотчи Раймонд Мудининг ақл бовар қилмайдиган "Ҳаётдан кейинги ҳаёт" китоби тушмагунча, бу жараённи идрок этишга қувваи ҳофизам ожизлик қилганди. Олим юздан ортиқ кишининг клиник ўлимини кузатган. Уларнинг айримлари бир неча дақиқадан кейиноқ, гоҳилари уч-тўрт соатдан сўнг қайта дунёга келган кишилар Р.Мудининг китобида у дунёга бориб келган яъни Азроилнинг рўйхатидан ўчирилган кишилар билан суҳбатлар ҳам эълон қилинган. Шуниси ғалатики, уларнинг жавоблари Олганикига жуда мос келади.
         - Мен ногоҳ енгил тортиб, муаллақ ҳолда учабошладим. Пастда - жасадим олдида онам жон қақшаб йиғларди, докторнинг "тақдир экан, қизларинг жон берибди, сизларга сабру тоқат тилайман", деган гапини, онамнинг ўкириб йиғлашини эшитдим, аммо гапиролмадим. Сўнг қоронғу бир бўшлиққа қараб учиб кетаётган эдим. Назаримда кимдир "черковга борамиз", дегандай бўлди. Сўнг тишим оғриди. Дод деб юбордим. Уйғонсам, ҳалиги жойда ётибман. Тобутни, қабрни, ким очганини билмайман. Йиғладим, дод солдим...
         Қабрни ким, нима учун очгани эса қарийб бир йилгача жумбоқ бўлиб қолаверди.
         Қабр фақат табибларнинг ҳатосини эмас, бошқаларнинг ҳам қилмишларини яшириши мумкин. У магазин ёки омбор эмас, деярли қайта очилмайди.
         Лекин бу мунаввар оламда ҳамма гап нисбий ва яна нисбий. Қабрлар ҳам гоҳ-гоҳ очилиб турар экан. Яна бир қабрнинг очилиши билан боғлиқ бўлган воқеа эса ундан ҳам ғалатироқ, аниқроғи, чўпчакка ўхшаб кетади.
         Деновлик Тожиев Пицундадаги курортда Узоқ Шарқдан келган Сергей Есин деган юрист билан ҳамхона бўлиб қолади. Гарчанд дастлабки кунларда улар андак бегонасираб, гаплари қовушмай турган бўлишса ҳамки, кейин апоқ-чапоқ бўлиб кетишади.
         Бир куни Есин совғалар дўконидан ёғоч қошиқ сотиб олади ва сотувчи қайтимига лоторея таклиф қилади. "Олинг, "Волга" чиқади", дейди айёрона такаллуф билан. "Биз икки кишимиз, "Волга"ни тақсимлаб бўлмайди", ҳазиллашади Есин. (Эътибор берганмисиз, одамлар курорт-санаторияларда ҳазилга мойил бўлиб қоладилар). "Биз бир одаммиз, - дейди Тожиев, - сизга чиққан ютуқ - меники ҳам".  "Йўқ, дўстлик ҳисоб- китобни хуш кўради, - дейди Есин, - нимаики чиқадиган бўлса, ярми сизники". У лоторея номерини ёзиб, шеригига тутқазади, ўзини бўлса тўрт буклаб, кўкрак  чунтагига суқиб қўяди.
         Ором ва ҳаловатга тўла муддат тугайди. Улар хайрлашадилар.
         Бир кун Тожиев нима иш биландир омонат кассасига киради-ю, ютуқлар тиражига кўзи тушади. Ҳалиги номер билан солиштириб қараса, лоп этиб "Москвич" чиқиб турибди. Қайта-қайта тикилиб, туйғулари алдамаётганига ишонч ҳосил қилгач, Есинга телеграмма юбормоқчи бўлади. Кейин, ҳайтовур, қувончданми ёки ютуқнинг ярмига умидворликданми ўзи Узоқ Шарққа равона бўлади.
         Тожиевга қора либос кийган, ғамзада аёл пешвоз чиқади ва эри ўтган ҳафта вафот этганини айтиб, надоматлар чекади, сизиб чиққан кўз ёшларини оқсуякларга хос киборлик ва назокат ила артиб олади. Меҳмон ҳам ўкиниб кетади. Бир пиёла чойдан кейин эса у, беихтиёр лоторея воқеасини ҳикоя қилиб беради. Аёл қизиқиб тинглайди.
         - Афсуски, - дейди у Сергейга ўша кастюмини кийгизиб дафн этгандик.
         Улар дафатан сукут сақлашади. Лекин икковларининг ҳам дилларини ҳирс деган ёввойи мушук тимдалайверади, тимдалайверади. Биринчи бўлиб аёл ўзини ошкор этади.
         - Балки қабристон қоровули билан келишиб, қабрни очиш керакдир.
         - Бундан участка милиционерини ҳам хабардор қилишга тўғри  келар, - қўшилади Тожиев.
         Эртаси тўртовлон қабрни очишса, Сергей Есин ички кийимда ётибди: костюмини, ягона олтин тишини қайси бир олчоқ ўмаришга улгуриб қўйибди. Табиийки, улар жуда дарғазаб бўлишади.
         Милиция ўғрининг изидан тушади. Қарангки, ҳафта ўтмай  калаванинг учи ҳам топилади: комиссион магазиндан таниш костюмни топишади. Омадни кўринг-ки, ҳатто лоторея билети ҳам жойида экан. Аёл эрининг сўзини ерда қолдирмай, Тожиевни ҳам рози қилади. Милиция костюмни дўконга топширган кишини кечқурун уйидан қўлга олади: у гўрковнинг ўғли Борис Б. бўлиб чиқади. Тергов пайтида у бошқа марҳумларни ҳам тунагани, жумладан Олганинг қабрини ҳам очганини бўйнига олади, табиийки, қабристон қашқирини қаматиб юборишади. У қайтиб келгач, усталик билан номи, адресини ўзгартириб юради. Шунинг учун бўлса керак, унинг дарагини топишолмайди. Ниҳоят, Бориснинг узоқ бир қариндоши  Навоий шаҳрида яшаши аниқланади.
         Милиция барча эҳтиёт чораларини кўриб, бир ҳафта давомида ўша одамнинг уйини пойлайди. Аммо Борисдан дарак бўлмайди. Кейин ҳалиги қариндошникига кириб, ётиғи билан суҳбатлашишади.
         - Борис бундан тўрт-беш ой олдин меҳмон бўлиб келган эди, - тан олади у.
         Демак...
         - Ҳозир қаерда бўлиши мумкин?
         - Билмайман, ишга кирмоқчи эди у.
         Суҳбат чоғида Борис нималар билан қизиққанини суриштиришади.     - Ҳамма нарса билан: ўзбекларнинг урф-одатлари, чўпонларнинг ҳаёти, ҳатто мурдашувларнинг қиладиган ишларигача.
         Ҳарқалай калаванинг йўқолган учи тағин топилгандай бўлади. У шу атрофда. Топиш керак!
         Тун қароқчисининг сурати кўпайтирилиб, тарқатилади, жиноят қидирув бўлими ҳамма жойни элакдан ўтказа бошлайди. Шубҳага олинган кишилар, жумладан Борис мулоқотда бўлиши  эҳтимол қилинган мурдашувлар сўроқ қилинади. Аммо ойлар ўтса ҳамки, қашқирдан дарак топилмайди.
         Тасодифни қарангки, бир куни Ражаб Ҳасанов саҳрога - чўпон Баурбаевнинг ўтовига келганда, ғалати учрашув бўлади. Мухбир интервю олади, чой ичади. Қайтишда эса машинаси ҳадеганда ўт олавермайди. Шунда чўпон ўғлига Юрани чақириб келишни тайинлайди.
         - Юра деганингиз ким, - сўрайди Ҳасанов.
         Чўпон тилидан бол томгандай бўлиб, уни мақтаб кетади.
         - Ёрдамчим. Ўзи жуда меҳнаткаш, қўлидан келмайдиган иш йўқ. Шаҳардан ўз оёғи билан келиб қолди. Бизнинг қозоқ болалар нуқул шаҳарга қараб қочаяпти. Бу бўлса...
         - Келганига кўп бўлдими?
         - Олти ойдан ошди.
         Шу орада чўпоннинг ўғли қўрадан ёлғиз келади. Баурбаевнинг ўзи уни чақиришга бораётганда, журналист ҳам эргашади. Қараса, Юра дегани суратдаги Борис Б. нинг айнан ўзи. Лекин Ражаб Ҳасанов заррача сир бой бермайди. Жиноятчи билан эски танишлардек қуюқ кўришиб, ёрдам беришини илтимос қилади. Юра-Борис Б. дарҳол карбюраторни очиб, қумини тозалай бошлайди. Мухбир уни беихтиёр гапга тутади.
         - Қалай, Юра, чўпонлик маъқул касбми?
         - Ёмон эмас, - дейди у ҳам ўзига хос босиқлик билан,- аммо чўпонликдан журналистлик тузук. Қизилқумда қўй боқиш - машаққат!
         - Нега бўлмаса бу касбни танладингиз?
         - Бирор йил ишлайин, кейин кетаман.
         - Мен сизлар тўғриларингда очерк ёзмоқчи бўляпману, сиз...
         - Бунинг кераги йўқ, - эътироз билдиради у, - муаммолар кўп, шулар ҳақида ёзинг!
         - Масалан?
         - Масалан, чўпонлардан милтиқни тортиб олишди. Энди у бечора бўрини ҳам отолмайди. Бўрини-я! Бу қандай гап?
         - Тўғри, қашқир атрофингда ҳаммани қон қақшатиб юрса-ю, сен отолмасанг - қийин. Бу масала билан, албатта, шуғулланаман.
         - Агар ёзсангиз, тағин бир долзарб муаммо бор, - давом этади у, -ветеринария институтининг олимлари чўпон итларини отиб ташлаш ҳақида тавсия чиқаришди. Бу - ғирт нодонлик! Ит касаллик тарқатармиш!
         - Бундан ҳабарим йўқ, - тўғрисини тан олади журналист.
         - Начора матбуотимиз ҳаётдан орқада, - дейди Борис Б. -калондимоғлик  билан ва чўнтагидан институт тарқатган методик қўлланмани чиқариб,  мухбирга узатади.
         - Эҳтимол тағин муаммолар бордир?
         Муҳтарам ўқувчим! Мен бу диалогларни тўқиб чиқарганим йўқ, уни Ражаб аканинг архивидан олдим. Ҳамкасбим ўзининг "Марҳумларни тунаб", деб сарлавҳа қўйилган, аммо негадир босилмаган фельетонида бу ҳақда батафсил қалам юритган.
         Улар шу тариқа узоқ суҳбат қурадилар. Борис Б. моторни ўт олдириб бергач, қуюққина хайрлашишади.
         Ражаб Ҳасанов шиддат билан милицияга етиб келади, бу ерда зудлик билан оператив гуруҳ ташкил этилади: икки милиционер жиноятчини тутиб келиш учун эллик километр ичкаридаги Баурбаев ўтовига йўл оладилар. Лекин афсусларким, икки соатдан кейин улар қуруқ қайтиб келишади. Чунки Борис Б. аллақачон жуфтакни ростлаб қолган экан.
         Милициямиз ҳақида гап кетганда, биз анчайин баландпарвоз гапдан нарига ўтмай қоламиз. Уларга жўмард, довюрак деган сифатларни тиқиштираверамиз. Тўғри, улар орасида ана шундай жасур кишилар оз эмас. Аммо ландавур, лапашанг милиционерларимиз борлигин ҳам тан олишимиз керак.
         Ҳалиги икки милиционар шунча вақтни йўқотиб, орқага қайтиш ўрнига, тревога кўтариб, жиноятчининг изига тушиши  керак эди. Уларнинг бу лакаловликлари, табиийки, мухбирни тутақтириб юборади.
         - Погонларингни юлиб ташлаш керак,- дейди у жаҳлини босолмай, - милиционерлик нари турсин гўлахликка ҳам ярамайсизлар!
         Улар ҳам жаҳлга минишади: жиноятчи нари қолиб, журналистнинг устидан акт тузишади. Ражаб Ҳасанов шошилинч юқорироққа сим қоқиб, масаланинг моҳиятини тушунтиради. Бу гал саҳрога бир неча бригада чиқади.
         Қизилқум - сарҳадсиз саҳро! Беҳисоб барханлар орасидан маккор жиноятчини топиш осон эмас. Лекин тасодифни қарангки, ҳалиги икки милиционер Баурбаев ўтовидан қирқ километр юқорида Борис Б. ни кўриб қолишади ва УАЗИК билан унинг олдини тўсишади. Иккала милиционер югуриб тушишлари билан Борис Б. кутилмаганда уларга тўппонча ўқталади: шўрлик милиционерлар қўл кўтаришга мажбур бўладилар. Жиноятчи уларнинг қуролларини олади, негадир погонларини ҳам юлиб ташлайди. Сўнг эса шошмай, саросималанмай, уларнинг машинасига минади-ю, жуфтакни ростлаб қолади.
         Орадан тағин уч соат ўтгандан кейингина ҳамма постларга милиция машинасидаги жиноятчини қўлга олиш ҳақида кўрсатма берилади.
         Аммо Борис Б. аллақачон бошқача йўл тутган бўлади: у магистрал кўчага чиқиб, Қорақалпоғистонга трактор ортиб кетаётган машинани тўхтатади, шофёр билан алланималарни гаплашади. Ҳайдовчи кабинага кириши билан эса кузовга чиқиб, трактор кабинасига ётиб олади.
         У ДАН нинг ҳамма постларидан хавф-хатарсиз ўтиб кетади.
         Лекин бир жасур милиционер уни қўлга туширади.
         Шундай қилиб, инсоннинг табаррук хотирасини оёқости қиладиган маккор йиртқич, журналистнинг синчковлиги туфайли қўлга олинади. Судда Борис Б. айбларини бўйнига олади.
         - Энг катта айбим, - дейди у сўнгги сўзида,- ўшанда ярамас мухбирни  бир чеккага чиқариб, пешанасидан дарча очмаганим бўлди. То тирик эканман,...
         Ражаб Ҳасановнинг домангирлари орасида савдо ҳодимлари ҳам анчагина эди. Шунинг учун ҳам унинг ўлими  минг бир гумону тахминларга сабаб бўлганди.
         Мен медицина ва техника экспертизалари билан ҳам танишиб чиқдим. Уларда ҳам мотоциклнинг аварияга дучор бўлиши тафсилотлари такрорланганди, холос. Мотоциклчини жиноий жавобгарликка ҳам тортишибди, лекин кўнглимнинг бир бурчагида аллақандай мавҳум ғашлик ҳамон менга тинчлик бермайди. Балки...
         Билмадим, билмадим!
         Ҳарҳолда Ражаб Ҳасанов ўзини эҳтиёт қилиши керак эди!
         Бундай кишилар - публицистикамизнинг олтин хазинаси!
         Бизнинг ҳар биримиз фаол курашиш билан бирга ўзимизни бало-қазолардан сақлашни билишимиз шарт!


ОЛТИНЧИ  БОБ

БЎРИ!

         Москвадан чиқадиган "Журналист" журналининг 1977 йил февраль сонида мақолам босилди. Бу - марказий матбуотда илк бор чиқишим эди. У бўрига муносабат масаласига бағишланган эди.
         Бўри!
         Ўн ёшда эдим ўшанда. Ургут туманидаги Ўкрач қишлоғининг бир чеккасида яшардик. Ярим тунда занжирбанд итимиз силкиниб, ҳура бошлади. Сўнг деразамизнинг шундайгина остидан ваҳшиёна увлаш янгради: ит жимиди. Дадам ишда бўлгани учун жуда ҳам қўрқиб кетдик. Ваҳима билан деразадан ташқарига кўз ташладиму, кулранг йиртқични кўрдим. У ёлғиз эмасди.
         Ит жимигани учун бўрилар уни ғажиб ташлади, деб ўйлагандик. Аммо эрталаб йиртқич бирорта тирик мавжудодга зарофат етказмаганини кўриб, ҳам ажабландик, ҳам қувондик.
         Орадан икки йилча ўтгач, эрта боҳорда мактабга бораётиб, бўрилар галасига дуч келдим.
         Қишлоғимиз билан мактаб оралиғида Санглоқ деган дарё бўларди. Баҳор фасли тошиб оқарди. Дарёдан бир амаллаб ўтдим-у, туман орасида йилтираб турган қорачиқларни кўрдим. Уларни чўпон итлари, деб ўйлагандим.
         Мен бўрилар қуршовида қолгандим, лекин йиртқичлар мени гўё илғамагандай  бепарво эдилар. Бу ҳол дилимга қувват ато этди, юрагимни ҳовучлаб, қадамимни тезлатдим. Бўрилар эътиборини тортмаслик учун алламаҳалгача бир маромда қадам ташладиму, сўнг ваҳима билан қочдим.
         Яқиндагина республика радиосининг мухбири Облоқул Усмонқулов билан - Пайариқдан келаётиб, шундайгина йўл бошида бўрини учратиб қолдик. Юз метрча нарида унинг шериги кутиб турарди. Машинани тўхтатишимиз билан у ҳамроҳи томон югуриб кетди. Кейин улар туман орасида эриб кетдилар.
         Учала ҳолда ҳам улар зарофат етказишмади.
         Бўри ҳақида ўқиган энг ҳаяжонли китобим - Америкалик табиатшунос-ёзувчи Д.Пимлоттнинг "Инсон - бўрига бўри" деган асари бўлди. Д.Пимлотт бир неча йил  бўрилар орасида яшаб, уларнинг хулқ-атворини чуқур ўрганганди. Бу китоб шунинг учун ҳам ҳаяжонли эдики, муаллиф масалага бир йўла мутахассис ва ёзувчи нигоҳи билан қарай билганди. Китобни ўқиган кишининг жониворга беихтиёр раҳми келарди. Инсон қўлига милтиқ олиб, энг аввал бўрига ўқталгани, ҳозир бу кураш такомиллашгани: химия ва авиация ҳам жониворни қиришга сафарбар қилинганини автор зўр ачиниш билан қайд этганди. У ўз кузатишларига таяниб, бўрилар йўқотилган жойларда ёввойи итлар кўпайганлиги, улар хўжаликка бўридан кўп зарар етказганлинини аниқ фактлар билан исботлаганди.
         Бўрини ҳимоя қилиш зарур, деган хулосага келишимнинг сабаблари энди сизга аён бўлгандир. Газеталарда бўри отилгани ҳақида ҳабарни ўқиб қолганимда қахрим келарди. Шунинг учун ҳам етмишинчи йилларнинг бошларида бўридан хислатлар излаб, газета журналларда чиқиш қила бошладим. Ғайриқонуний милтиқларни тортиб олиш, бўрини отган овчиларни рағбатлантирмаслик тарафдори эдим. Илк бор Томдидаги Балиманов номидаги совхозда бўрилар бўғизлаган  қўйларга дуч келиб надоматлар чекканимни ёзгандим. Кейин бўри ёриб кетган отлар, "Қизил китоб"га кирган нодир жониворларни кўрдим. Худди ўша пайтларда ғайриқонуний милтиқлар тортиб олина бошлаган, матбуотда мендан бошқа кишилар ҳам бу кулранг жониворни "Қизил китоб"га киритишни таклиф қилаётган пайтлар эди. Бўри бизнинг бу марҳаматимиздан жуда тез фойдаланди: у шаҳар атрофидаги қишлоқларда қўй-қўзиларни бемалол бўғизлаб кетадиган, Самарқанд шаҳрининг қишлоққа туташ маҳаллаларида девордан ошиб тушадиган бўлди. Буниси ҳам майли, ўша йили бўри кўп болали онани нобуд қилди.
         Воқеа шундай содир бўлганди. Аёл ишдан қайтиб, даҳлизда қамалиб қолган бўрини кўради. Қараса, ичкари эшик қия очиқ. У ерда -  болалар...
         Она меҳри. Сарҳадсиз уммон у. Аёл жонини гаровга қўйиб, ўзини ичкари эшикка уради. Бўри ҳам ўзини ҳимоя қилиш учун бўлса керак, аёлга ташланади ва уни тилка пора қилади. Одамлар тўпланишади, аммо бўрини отиш учун милтиқ топишолмайди. Ниҳоят уни тириклай қўлга оладилар.
         Шулардан кейин: бўри - инсонга бўри экан, деган анчайин қатъий қарорга келдим. Таҳририятга ана шу иккиланишларим ва сўнгги хулосам ҳақида ёзгандим.
         Журналдан келган жавоб (уни ҳозиргача эҳтиётлаб юрибман) мени қувонтирди. Бўлим мудири мақолам уларга маъқул бўлганини, "икки фикр" рубрикаси остида беришга мўлжаллашаётганини - мактубим билан забардаст публицист ёзувчиси Василий Песков танишиб чиққанини ва у мен билан баҳсга чиқмоқчи эканлигини қайд этганди.
         Шундай нуфузли публицист билан баҳслашиш шарафли, албатта. Аммо у менинг фикрларимга қарши улароқ нималар дейишини тасаввур қилолмасдим. Назаримда, бу борадаги қарашларимиз муштарак эди. Василий Песков дастлаб айрим мамлакатларда бўриларни муҳофаза қилиш  тажрибасини ёзди, кейинчалик эса телевидениеда  бўрининг хўжаликка етказадиган зарарига урғу берадиган бўлди.
         Лекин журналда В.Песков эмас, Фанлар Академиясининг "Ҳайвонот дунёсини тартибга солиш ва муҳофаза қилиш" илмий совети раисининг ўринбосари, профессор Дмитрий Бибиков билан баҳсимиз босилди. Олим бу муҳим масалага менга ўхшаб вилоят ёки республика доирасида эмас, балки жаҳон миқёсида сўз юритганди. У кўплаб газета-журналлар мисолида биз масалага анчайин бир томонлама қараётганимизни танқид қилиб, бўрипарварлар ҳам, уларнинг рақиблари ҳам ноҳақ эканлигини очиб берганди. Бўрига муносабат масаласида ўша жойнинг индувидуал шароитига қараб иш тутишни, яъни йиртқич хўжаликка зарар етказса, курашиш, акс ҳолда, бунга зарурат йўқлигини таъкидлаганди олим. Скандинавия, Италия, Испания, Польша, Болгария, Чехословаки, АҚШ ва Ғарбий Европа мамлакатларида бу ҳайвонни отиш ман қилинганини, бизнинг мамлакатимизда 50 мингдан ортиқ бўри борлигини мен билмасдим ҳам.
         - Бўри ҳақида ҳукм чиқариш осон, - деб ёзганди Д.Бибиков, - аммо оқибатини унутмайлик!
         Назаримда у ҳақ эди!
         Тўғри, ҳозир газета-журналлар бу ҳақда деярли ёзишмаяпти. Аммо "бўри" мавзуси эътибордан соқит қилинмаган ҳам. Бу мавзуга қайтилади. Шунда менинг андишаларим ҳам кимларгадир асқотади, деб умид қиламан.

                         ЕТТИНЧИ  БОБ

                             ҚОРА  ГУЛ

         Бир учрашувимизда муҳтарам адибимиз Асқад Мухтордан "Шогирдларингиз ким?" деб сўрашди. Мен ҳушёр тортдим: Асқад ака шогирларини санаса, менинг ҳам номимни тилга олади, деган илинж пайдо бўлди дилимда.  Аммо у киши эшитилар-эшитилмас қилиб: "Буни уларнинг ўзлари айтишсин", деди.
         Мадомики шундай экан, Асқад аканинг энг зарур лаҳзаларда берган мадади, маслаҳати ҳусусида гапирмай ўтиш ноўриндир. Республика матбуотида босилган илк мақолам ва ҳикоям, кейинчалик Тошкентга ишга келишим у киши билан боғлиқ. Бу ҳақда сўз кетганда дўстим Машраб Бобоевнинг Асқад акага бағишлаб ёзган "Устозлик ҳақида", деган шеъри беихтиёр ёдимга тушади.

Бахтингдир устозинг қўлини олсанг,
Лекин устозни ҳам танлаб ололсанг,
Устознинг қиммати, менимча, шулким -
Узоқми, яқинми - уни туёлсанг.

Майлига, орангиз бўлса йироқ,
У сенга ҳар куни бермаса сабоқ.
Лекин унинг номин эшитганинг чоқ
Юракда орзиқиш ҳис этаолсанг.

Гарчи ойлаб, йиллаб сени кўрмасин,
Пешонангни силаб, ҳолинг сўрмасин.
Йўқ-йўриқ кўрсатиб, тергаб турмасин,
Унинг нигоҳини сезиб туролсанг.

Устоз дейилганда нима кўринар?
Мукаммал инсону мукаммал ҳунар.
Унга, ҳунарига дуч келганда гар
Ўзинг ҳунарингдан бир оз уялсанг.

Устозлар турлидир - рўйи шахсият:
Кимда шакл бору кимда моҳият.
 Сенга ният бўлар ундаги ният
Устозга муносиб шогирд бўлолсанг.

         Ўшанда Тошкентга келиб, "Гулистон" журнали редакциясига кирганимда, Асқад ака қоракўлчилик илмий-текшириш институти олимлари билан СЖК препаратига қарши суҳбат уюштиришимни сўради.
         Самарқандга қайтиб, бу таклифни институт профессори, Беруний номидаги давлат мукофоти лауреати Иван Дьячков ва бўлим мудири Рафиқ Валиевга  айтиб кўрдим. Улар дарҳол кўниб қўя қолишмади. Масаланинг қалтислигидан истиҳолага бориб қолишди. СЖК жуда оммавий эди ўшанда: газеталар икки юздан ошириб қўзи олган чўпонларни кўкка кўтариб мақташаётганди - йиллик ва истиқбол режалари СЖК препаратини қўллаш шарти билан тузиларди.
         Лекин олимлар бунинг оқибатини биздан чуқурроқ ҳис қилган экан: Шунинг учун бўлса керак, модомики журнал босадиган бўлса, бу ҳақда очиқроқ сўз юритишга рози бўлдилар.

                                       *    *    *

         "Гулистон" журналининг 1978 йил май сонида босилган мана шу баҳсли диалогдан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этмоқчиман.
         ...Р.ВАЛИЕВ. Қоракўл қўйлар асримиз бошида ўлкамиздан бошқа жойларга олиб кетилган эди. Айниқса, Октябрь инқилоби арафасида Бухоронинг йирик савдогарлари қимматбаҳо тери билан бирга зотли совлиқларни ҳам кўплаб сотдилар. Қоракўлчилик анча ривожланган ўша даврларда унга талаб ҳам катта эди, албатта. Лекин яйловларга эга бўлмаган мамлакатлар бу қўйларни кўпайтиришолмади. Қоракўл учун сарҳадсиз яйловлар, унинг янтоқ, шувоқ сингари дағал ўтлари керак эди. Ҳозир қоракўлчилик билан элликдан ортиқ мамлакат шуғулланаяпти. Булар орасида Африка, Америка, Европа ва Осиё қитъаларига мансуб юртларда бор. Қоракўлчилик фани билан эса, асосан биз шуғулланаяпмиз. Институтимиз жаҳон аҳамиятига эга. Шунинг учун ҳам чет эллик меҳмонлар тарихий обидалар сайридан кейин институтимизга келишади, фондимиздаги қаламгулли, қовурғагулли, нўхатгулли териларни ҳайрат билан томоша қилишади, уларнинг рангидаги қадимий гумбазлар, миноралар аксини кўргандай бўлишади. Кейин бизлардан тавсиялар, қўлланмалар сўрашади.
         Н.РАҲМАТОВ. Лекин сифат масаласида...
         И.ДЬЯЧКОВ. Сифат масаласида Намибия биринчи ўринга чиқиш арафасида турибди. Афғонистон ҳам...
         Н.РАҲМАТОВ. Иван Никитич, балки бу СЖК билан боғлиқ ҳолдир?
         И.ДЬЯЧКОВ. Биздан бошқа бирорта мамлакатда СЖК қўлланилмайди ва менимча, тўғри йўл бу.
         Н.РАҲМАТОВ. Демак сиз ҳам бу препаратнинг тарафдори эмассиз, шундайми?
         И.ДЬЯЧКОВ. Мени ноўнғай вазиятга қўймаслигингизни  сўрардим. Ҳозирча СЖК га хўжасизларча амал қилишга қаршиман.
         Н.РАҲМАТОВ. Мен бир кекса зотехникдан СЖК сўзини шарҳлаб беришни сўраганимда, "совлиқнинг жонига кафан" деганди.
         Р.ВАЛИЕВ. Академик М.Заводовский 1940 йилда буғоз бия қонидан СЖК тайёрлаганди, бу фанда катта инқилоб деб ҳисобланганди. Энди эса ана шу зардоб қоракўлчилигимиз шуҳратини хавф остига қўйиб турибди.
         И.ДЬЯЧКОВ. Мана, мисол: авваллари гўштга топшириладиган қўйнинг тирик вазни эллик килодан ошиб кетарди. Ҳозир улар боқувга қўйилганда ҳам қирқ килограммдан ошмайди. Ёки қоракўл терини олинг: унинг юза сатҳи нормадаги 1200 ўрнига 900 квадрат сантиметрни  ташкил этяпти. Энг ёмони, ўлик туғилаётган қўзилар кўпаймоқда. Хўш, иш шу тариқа кетса, йигирма-ўттиз йилларда қўйлар қуёнга айланиб қолмайдими?!
         Р.ВАЛИЕВ. Бу - масаланинг ирсий томони. Унинг маънавий, иқтисодий томонлари ҳам йўқ эмас. Юза сатҳи 900 квадрат сантиметрдан кичик терини ҳалқаро бозорга чиқариш ноқулай: бу қоракўл қўйларнинг асл ватани бўлган юртимиз шаънига ҳам тўғри келмайди. Бундай териларни ўзимизда ишлатиш ҳам муаммо. Чунки улар кичик, чидамсиз.
         Н.РАҲМАТОВ. Ахир, бу ташвишли ҳол ҳақида аввало сизлар қаттиқроқ гапиришларингиз керак эмасми?
         Р.ВАЛИЕВ. Чунки сиз - журналист дўстларимиз икки юздан ошириб қўзи олган чўпонларни чунонам аюҳаннос солиб мақтаяпсизларки, натижада бизнинг овозимиз эшитилмай қолаяпти. Бир ҳақиқатга эътибор беринг, сўнгги йилларда  республикамизда қоракўл қўйлар сони беш миллиондан ошмай қолди. Хўш, қани ўша эгиз туғаётган совлиқларнинг қўзилари?...

         Бу суҳбат босилгандан кейин олимлар ҳам, ўзим ҳам хавотирда юрдим.  Ҳарҳолда... Кейин билсам, олимларни чақириб роса сиқувга олишибди. Менга эса, ҳарқалай, индашмади.
         Фақат шуни таъкидлаб ўтишим керакки, мустақиллигимиз эълон қилингач, махсус қарор билан бу препарат тақиқланди!








                         САККИЗИНЧИ  БОБ

                     ОГОҲ  БЎЛИНГ:  ҚАЛЛОБЛАР!

         Бағоят дилкаш, хокисор, садоқатли бир адашим бор. Фақат исмигина эмас, фамилиямиз, ишимиз, туғилган туманимиз, оилавий аҳволимиз ҳам бир хил.  Ҳатто ташқи қиёфамиз ҳам анчайин ўхшаш. Иккаламиз ҳам қишлоқ хўжалик институтини битирдик. Фақат мен агрофакни, у киши зоофакни.
         Ана шу афрўзона муштаракликлар сабабли бўлса керак, иккаламизни бот-бот фарқлолмай, адаштириб ҳам юборишади. Ва адашим менинг мухбирлигимдан гоҳида манфаат кўриб қолса, баъзан изтироб ҳам чекади.
         - Учинчи курсда ўқирдим, ўшанда, - ҳикоя қилади у, - сиёсий иқтисод фанидан жавоб беролмай қолдим. Домла бағоят қаттиққул эди - "икки" қўйиш учун дафтарчамни очди-ю, авзойи ўзгарди. "Шундай яхши мақолаларни ёзасиз-у, иқтисодни билмайсиз-а" деди ўкинч билан. У сиз ёзган мақолалар назарда тутганди, албатта. Кейин бир йўла "тўрт" қўйиб берди.                              
         СЖК ҳақида баҳс босилганда, қоракўлчилик илмий-текшириш институти олимлари қаттиқ огоҳлантирилдилар. Ўша кунлар Самарқандга саркотиб бўлиб келган Владимир Қодиров ходимлардан ногахонда: "Нусрат Раҳматов (мени) қаерда ишлайди" деб сўраб қолади. "Қишлоқ хўжалик бошқармасида" (адашимни) дейишади улар. "Шу йигитни бўрдоқичилик базасига директор қилиб тайинлаш ҳақида фармойиш тайёрланглар, чорвачиликни чуқур тушунаркан", дейди у киши.
         Нусрат Раҳмат (адашим) хозир ҳам Самарқандга кираверишда Чўпонота бўрдоқичилик базасининг бошлиғи.
         - "Огоҳ бўлинг, қаллоблар", деган мақолангизнинг бош қаҳрамони мени болта билан чопиб ташламоқчи бўлди, - деди бир куни адашим.
         Йўғ-ей, - кўз ўнгимга лоп этиб, нуқул ойболта кўтариб юрадиган пакана, серзарда лўли келди.
         - Хонамда ўтирган эдим, эшикни зарб билан очиб кириб келди, - давом этди у, - қўлидаги болтани кўрдим-у мақолани эсладим - юрагим шувуллаб кетди. Аммо тонмадим, ишонасизми - тонмадим! Бўш ҳам келмадим.
         "Одоб деган нарса борми - эшик очиқ бўлса ҳам сўраб кириш керак! Дарҳол чиқинг, бу ердан - менинг ишим кўп!" дедим.
         "Менинг ҳам ишим кўп", деди у бамайлихотир ва рўпарамга ўтириб олди.
         Тортмамда ногаҳонда касалланиб қолган молларни ҳалоллайдиган қассоби пичоқ бор эди. Ўшани олдим-у, тантанавор стол устига қўйдим. Нописанд ҳолда ўз ишларимни қилавердим.
         "Хўш?" - сўрадим, ўзимни босиб олгандан кейин.
          "Мени танидингми?" - саволимга савол қайтарди сен-сенлаб.
         "Сени нега қамашмади?" - сўрадим.
         "Нега қамашсин?!. Ҳали бирорта ярамас муҳбирни чопиб ташлашга улгурганим йўқ-ку!"
         - ...
         "Мақолангга неча пул беришди?"
         "Бу хусуда ҳар бир ялангоёққа ҳисобот бермайман!" овозимни жилла кўтардим.
         "Биламан, кўпи билан эллик-олтмиш сўм садақа қилишган! Ўзимга айтсанг, минг, икки минг ташлаворардим".
         "Лўлининг садақасига зор эмасман, дедим, мен билан бу оҳангда гаплашадиган бўлсанг...."
         Номер теришга тушган эдим, у оҳангини ўзгартирди.
         Милицияни қўй, гапимга қулоқ сол, ногаҳонда бояги пўписа ўрнига илтижога ўхшаш овозда давом этди у. Мени прокурор ҳам, милиционер ҳам, ўт ўчириш машинаси ҳам ҳеч нимарса қилолмаганди! Сен насибамни қирқдинг: газетанг раислар қўлида қалқон бўлиб қолди... Баски, тирикчилигимни монелик қилган экансан, устингдан ёзаман. Шахсан Горбачёвга ...  Мошинанг, иморатларинг... Менку боронани бўяб, пул топаяпман, сен бўлсанг...
         Дарҳақиқат, ёзди! Текширишди ҳам. Албатта камчиликларни топиб, уришишди ҳам!

                                *    *    *

         Ана шу кириш сўзидан кейин лўлиларнинг  қаллоб  бригадаси ҳақида сўзласам ўринли бўлар.
         Кузнинг фарахбахш оқшомларидан бирида колхоз идораси олдига
техник ва маънавий жиҳатдан эскириб кетган "Москвич" машинаси келиб
тўхтайди. Ундан молдаванча кийинган, ўрта ёшлардаги икки киши туша-ди. Меҳмонларнинг паканароғи такаллуф билан раисни суриштиради.
         -Биз "Селхозтехника" устахонасиданмиз,- ўзини таништиради меҳ-монлар сардори, -  бригадамиз ёлланиб ишлайди. Хўжаликлар техникасини ремонт қилиб берамиз, запас қисмларни ҳам ўзимиз топамиз.
         Раис қувониб кетади.
         Қувонмай бўладими?
         Хўжаликларнинг раислари, инженерлари, механиклари арзимас под-
шибник, стартёр, аккумлятор учун ойлаб овора бўлишлари кимга аён эмас?! Раис қулай имкониятни қўлдан чиқармаслик пайида тушади, меҳ-монларни бир пиёла чойга таклиф этади.
         -Расмиятчилик учун бизни кечиринг,- дейди ҳалиги пакана, -биз айтганингизни қилиб берамиз,-фақат мана бу шартномага қўл қўйиб бер-
сангиз... Бухгалтер, ревизор дегандай инжиқликлар бор.
         У оппоқ шартнома бланкасини  раиснинг олдига суради. Раис ҳеч иккиланмай имзо чекади.
         Эртаси колхознинг трактор паркига  талай бегона одамлар чодир қурадилар. Эркаклари чапдастлик билан бороналарга  гудрон суйкашни, аёллари эса хонама хона юриб, фол очишни бошлаб юборадилар. Уч кундан кейин хотин-халаж ҳалиги пакана раҳбарлигида раиснинг кабинетига бостириб киришади. Сардор бир қўлида болтача, иккинчи қўлида шартномани тутганича, раисга пўписа қилади.
         - Биз ишни тугатдик, хўжайин, пулни берсангиз, - бизни қўшни районда кутишаяпти.
         - Қанақа пулни?
         - Шартномада ёзилиб, икки томон имзо чеккан беш минг сўлкавойни.
         (Муҳтарам китобхон! Беш минг сўм дегани ўша пайтларда беш минг долларга тенг эканлигини ҳисобга олишингизни сўрардим.)
         - Бир тийин ҳам тўламайман! - дейди раис, - биринчидан, қилган ишларинг сариқ чақага ҳам арзимайди, иккинчидан, мен имзо чеккан қоғозга ҳеч вақо ёзилмаганди, учинчидан, ваъда қилинган запас қисмлар қани?
         - Биринчидан, ремонт сифати иш пайтида санаб кўрилади, иккинчидан. оқ қоғозга имзо чекманг, хўжайин, учинчидан, шартномада запас қисм олиб келинади, деб ёзилмаган. Мана, ўқинг кўринг! Қонун биз томонда!
         Раис барибир кўнмайди. Бошқалар ҳам аралашадилар, жанжал бошланади. Райком, прокуратура, милицияга телефон қилишади.
          Прокурор оломонни тартибга чақирмоқчи бўлиб турганда, шаллақи хотинлардан бири чинқириб йиғлаётган боласини унга тутқазди. Бола худди ўргатиб қўйилгандай, ўша заҳоти прокурорнинг кийимини ҳул қилади.
         - Сен қанақа қонун ҳимоячисисан, - дейди ҳалиги аёл боласини олиш ўрнига прокурорга пешхезлик қилиб, - бу золим раисдан ҳақимизни ундириб бермайсанми?!.   
         Милиция бошлиғини ундан ҳам баттар аҳволга туширишади: у ҳожатхонага кириши билан устидан қулф солиб, калитни яширишади.
         - Пулни чўзмасаларинг, бундан ҳам баттар маломатларга гирифтор қиламиз, - дейди сардор.
         Узоқ маслаҳатлардан кейин колхоз раҳбарларига солиқ солинади. Зўрға уч минг сўм йиғишади.
         - Йўқ, дейди, - пакана яна икки мингни чўзмасаларинг, бугун кечаси колхознинг молхоналари, ем-хашаги ёниб кетади.
         Маслаҳатлашиб, ногаҳоний меҳмонларга мукофот фондидан тағин икки минг сўм беришади. Сардор пулни санаб олади-ю, ялтоқланиб илтимос қилади.
         - Энди бизни қўшни хўжаликка олиб борсаларинг: кеча шартнома тузиб келган эдик.
         Бу хўжалик сардорининг ҳикоя қилишича, улар бу ерда жилла бошқача йўл тутишган. Ҳалиги икки киши келиб, Молдавияда трактор - ремонт заводи тугатилаётгани, ундаги станоклар, ускуналар арзон нархда сотилаётганини айтишади. Тўрт минг сўмга шартнома тузилади. Тағин юқоридаги ҳол такрорланади. Қаллоблар пулни санаб олгач, Оқдарёга олиб боришни сўрашади.
         Ниҳоят масалага вилоят прокуратураси, ички ишлар бошқармаси аралашиб, талончи тўдани қўшни Қашқадарёга "камандировка" қилиш маъқул деб топишади. Бу гапни эшитиб, сардор қаҳ-қаҳ отади.
         - Қашқадарёликлар бизни ҳурмат-иззат билан кузатиб қўйишганига йигирма кун ҳам бўлгани йўқ. "Икарус" билан олиб келишганди. Тағин сўппайиб бораверамизми? Юз керак!
         - Ундай бўлса, мусобақадош Бухоро вилоятига борасизлар, - дейишади.
         - Раислари қанақа? Жумардми ёки бир тийин устида жириллаб турадиган харисларми?
         - Ҳаммаси валламат, - айниб қолишидан чўчишади, - биз ҳам "Икарус", топиб берамиз.
         Орадан кўп ўтмай уларни Бухорода учратиб қолдим. Аслида бу туманга даромади катта, аммо қурилишлари ночор бирор хўжаликни танқид қилгани келгандим. Райкомдагилар "Бақоевнинг колхозига борасиз", дейишди.
         Колхоз раиси илк бор менда нохуш таассурот уйғотганини яширмаслигим керак.  "УАЗИК" маркали машинанинг олдида сигарет чекиб ўтирган, семиз киши билан кўришиб, ўзимни таништираётган эдим, у ҳижолатомуз сўзимни бўлди.
         - Раис мен эмас, шофёрман. Раис бобо - ана!
         У нариги эшик олдида турган ориқ, кўримсиз, кийимлари ғижимланиб кетган, ва ўзи ҳам ғижимлангандай тажанг кишини кўрсатди. Ўзимни таништирганимдан кейин ҳам унинг юзида қилт этган илиқроқ ифода кўрмадим.
         - Идорада ўтириб туринг, трактор паркига бориб келай, кейин гаплашамиз, - деди у.
         - Балки мен ҳам борарман, - дедим ишимни тезроқ тугатиб, жўнаб кетишни ўйлаб.
         - Майли.
         У билан трактор паркига кирдим-у , бороналарни бўяётган таниш оломонни кўрдим.
         - Булар ким? - сўрадим раисдан.
         - Ремонтчилар, циганлар бўлиши керак.
         - Шартнома тузганмисиз?
         - Ҳа.
         - Демак, қўлга тушибсиз!
         У мийиғида кулди.
         - Мен элликка кирдим, - деди аллақандай ишонч билан, - савдода, милицияда ишлаганман, ҳали ҳеч ким мени лақиллатган эмас. Насиб бўлса, бундан кейин ҳам қўлга туширолмайди. Бунақалар билан аввал ҳам шартнома тузганман. Мени айрим раислар Циганков дейишади. Чунки бунақаларга хўжаликнинг бир тийин ҳақини бермаслигимни билишади.Айримлар ана шунақа қаланғи-қасанғиларни бизнинг ҳудудга тушириб кетишади. Кўтара ғирромлик. Майли, дейман, булар билан ҳам шартномани икки нусхада кўчириб, биттасини сейфимга солиб қўйибман. Улар йигирмата боронани ремонт қилиб, атрофни тозалаб беришади, мен беш юз кило тарвуз билан, юз кило картошка бераман. Эртага ишни тугатишади.
         Мен индамадим. Ҳаётда нималар бўлмайди? Менинг кузатишимча, паканалар ўз ишига пухта бўлади. Кўрамиз: икки паканадан қайбири ғолиб чиқаркан?
         Кечаси алламаҳалгача Бақоев билан гаплашиб ётдик. Унинг уддабуронлиги, донолиги, тадбиркорлигига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилганимни тан олишим керак.
         - Мени районда унчалик ёқтиришмайди, - деди ўкинч аралаш, - баджаҳл мухбирлар, ревизорларни бизга юборишади. Ҳайтовур сиз ҳам мақтагани келмаган бўлсангиз керак.
         - Қурилишингизни танқид қилмоқчиман. Лоақал тузукроқ идора ҳам йўқ экан.
         - Данғиллама идора керак эмас, шуниси бўлади, - деди у ҳам совуққонлик билан.
         - Замонавий посёлка ҳам йўқ.
         - Посёлка масаласида менинг фикрим шунақа: халққа пулни бериш керак - ўзи қуриб олсин. Фақат материал топишга ёрдамлашайлик! Қурилиш ташкилотлари тиклаётган уйларнинг бирортаси менга маъқул эмас! Улар сифатсиз, қиммат. Кўтара ғирромлик.
         Бу ерда одамлардан гўшт солиғи олинмас экан. Раисни бир бор ишдан олишмоқчи бўлишибди, аммо колхозчилар ҳисобот мажлисида тўполон қилиб юборишибди.
         Эрталаб раис билан дарёвот томон бориб келдигу, идора олдида серғалаён оломонни кўрдик. Чап қўлида ойболта тутган, соч-соқоли ўсган киши уларнинг орасидан яккакифт бўлиб чиқди:
         - Биз кетамиз, раис, ҳақимизни беринг!
         - Омборга боринглар, тарвуз билан картошкани тайёрлаб қўйишибди, - деди Бақоев жуда беғамлик билан.
         - Йигирмата қўйчи?
         - Қанақа қўй?
         Сардор бармоғини шартномага ниқтаб кўрсатди. Дарҳақиқат унда: "Колхоз выделяет 20 баран", деб ёзилганди. Раис шартномани юлқиб олмоқчи бўлганди, пакана чапдастлик қилди.
         - Йўқ, раис, ғирромлик кетмайди! Бунақасини кўп кўрганмиз! Биласизми, мен нега ойболта олиб юраман? Ўзимни ҳимоя қилиш учун.Ҳаққимизни бермагани учун бир раисни чопиб ташлаганман! Ҳеч нима дейишмади, чунки қонун биз томонди эди. Албатта, сиз унақа алдам-қалдамлардан эмассиз: тезроқ ҳисоб китоб қилсак, иккаламизга ҳам яхши бўлади. Бизни Хоразмда кутишаяпти, уларни интизор қилиб қўймайлик.
         - Баранмас, у борона! Ремонт учун йигирмата борона ажратилади, деб ёзилган, - тутақиб кетди раис.
         - Қўй билан боронанинг фарқига бормайдиган нодонлар эмасмиз, - бўш келмади сардор, - Сейфингизни очиб қаранг.
         Дарҳақиқат, иккала нусҳада ҳам "о" ҳарфлари "а" бўлиб кетганди.
         - Ҳа, баран экан, - деди раис вазиятни ўзгартириб, - ҳозир йигирмата қўй олиб келишади, жунини олиб, ремонт қилиб берасизлар. Чунки шартномада шундай деб ёзилган.
         - Йўқ , раис, биз билан ўйнашма, - сен-сенлашга ўтди пакана, - яхшиликча пулни бермасанг, аёлларга имлаб юбораман: бу хумпарлар жуда беандиша.
         - Андишасизликка мен улардан қолишмайман, - деди раис ҳам муштлашишга шайлангандай, - сенга ўхшаганларни кўпини кўрганман. Одамлар тер тўкиб топган пулни дуч келган қаланғи-қасанғига бериб юборадиган лакаловлардан эмасман. Бу - кўтара ғирромлик!
         Жанжал авжига чиқди: улар раисни исканжага ола бошладилар. Бир аёл Бақоевнинг гирибонидан тутиши билан, раис чекингандай бўлди.
         - Тўхтанглар! - деди шашти бўшашиб, - дарҳақиқат, сизларни қуруқ жўнатишим инсофдан эмас. Мен ҳозир...
         У даврадан якка кифт бўлиб чиқди. Машинасига миниб, шошилинч қаёққадир йўл олди. Кўплар, шу жумладан ўзим ҳам уни қочиб қолди, деб ўйлагандим. Зум ўтмай ўт ўчириш машинаси (колхоз яқинда харид қилган экан) пайдо бўлди ва рулда ўтирган Бақоевни кўрдим. Машина тўхтади, унинг "пистолет" деб аталадиган сув сепиш мосламаси лўлилар томон тўғриланди ва ҳалигиларга сув сепа бошлади. Сардорнинг қўлидаги болтаси учиб кетди, энгашиб олмоқчи бўлган эди, раис зарбани унга тўғрилади: у йиқилди ва ўрнидан туриб қочди. Орқасидан бошқалари ҳам тум-тарақай бўлишди.
         Улар қайтиб келишмади.
         "Огоҳ бўлинг: қаллоблар!" деган мақолада ана шулар ҳақида ёзилганди.
         У хўжалик раҳбарларини чинакамига хушёр торттирганди!


ТЎҚҚИЗИНЧИ  БОБ

З И Л З И Л А

         Кечагидай ёдимда: эрталаб нонуштадан кейин дастурхонни йиғиштираётганимизда, ер силкиниб қолди: аввал секин, кейин қаттиқроқ... Онам одатдагдек, ваҳима билан ташқари чиқишимизни буюрдилар ва дуо ўқидилар.
         Биз улгуролмадик. Пақирдаги сув чайқалиб, тўкилди, токчадаги чинни идишлар шарақлаб кетди. Сўнг бари жимиди.
         Ярим қулочлик мўримиз қулаб кетганини ҳисобга олмаганда, зарар кўрмагандик. Мен беихтиёр эпицентрни ўйлай бошладим.
         Қаерда экан у?
         Аҳвол нечук экан у ерларда?
         Одамлар нобуд бўлишмадими?!
         Оммавий ахборотнинг энг ҳозиржавоб воситалари деб аталмиш телевидение ва радио куни билан бу хусусда лом-лим демади. Сухандонлар аллақандай бригада хашак тайёрлаш режасини ошириб адо этганини, қайсиям хорижий мамлакатда автобус тракторга урилганини, ҳайвонот боғида йўлбарс болалаганини гапиришар, аммо минглаб кишилар интиқ бўлган ахборотни орқага суришар, бунинг учун каттанинг розилигини кутишарди.
         Начора, шўролар даври эди: оммавий-ахборот воситаларининг бари фақат "катта"нинг қош-қовоғига қараб иш тутарди.
         Матбуот жиловланган ҳар қандай жамиятда эса миш-мишлар авж олиш билан бирга, одамлар чет эл радиостанциялари тўлқинлари орасидан керакли ахборотни тутиш илинжида бўладилар.
         Эпицентр Бухорода эканлигини сартарошдан эшитдим. У қадимий шаҳарда ер ёрилиб, кўп кишиларни қаърига тортганини, ота-онасиз қолган болаларни эрта-индин олиб келишларини ҳаяжон ва ачиниш билан гапирди. Гарчанд, бу гапларни чет эл радиосидан эшитганини айтиб, қасам ичса ҳамки, унчалик ишонқирамадим. Зотан сартарош халқининг гапига лаққа тушиб кетавериш меровликдан бошқа нарса эмас. Аммо бу эзма ва сертакаллуф яҳудий айтган гапларининг лоақал ярми чин бўлса ҳамки, катта фалокат рўй бергани аниқ эди.
         Эртасига "Время" эпицентр Бухоро яқинидаги Газли посёлкасида эканлигини, у ерда силкиниш қуввати 8,5 баллга етганини эълон қилди. Аммо бу қисқа ахборот билан қаноатланиб бўлмасди. Одатда бундай маълумотларнинг сўнгида "қурбонлар йўқ", деган жумлани ҳам қўшиб қўйишарди. Сухандон бу гапларни четлаб ўтгани, шубҳаларимни чандон оширди.
         Ниҳоят, йўлга отландим. Автобус оз эди. Автобекат ходими лоқайдгина қилиб, машиналар Бухородан болаларни олиб келгани жўнатилганини гапирди - дилим нохуш бўлиб кетди. Наҳотки... Дуч келган биринчи машинага илашиб, эпицентр томон йўл олдим.
         Мўрилар, мўрилар... Улар томнинг усти билан битта бўлиб ётарди. Ғалати: нега илк зарба бу шўрликларга тегдийкин? Дарвоқе бунда ҳеч қанақа жумбоқ йўқ! Мўрилар суянчиққа эга эмас. Шунинг учун улар илк силкинишдаёқ, мувозанатни йўқотиб қўйишади. Ўз-ўзидан савол туғилади: эпицентрдан уч юз километр беридаги мўрилар шу куйга тушган бўлса, марказдаги эллик метрли минораларнинг ҳоли не кечдийкин? Ахир уларнинг ҳам таянч нуқтаси йўқ-ку!
         Қизилтепадан ўтгандан кейин уфқларга интиқлик билан боқиб, ўша ашраф Вобкент минорасига илҳақ бўлабошладим. 
         Вобкент минораси! Сиз бу обиданинг ёнига бориб, соатлаб томоша қилмагунингизча, унинг улуғвор ва нафис салобатини ҳис қилишингиз қийин. Минора XII асрда Бурҳониддин Абдулазиз деган бадавлат киши томонидан қурдирилган. Дунёнинг бошқа бирор қадамжойида унинг қиёсини учратолмайсиз. Мезанаси (юқори қисми) ҳавода муаллақ тургандай. Бунинг сабаби шуки, обиданинг бели нисбатан хипча, мезана эса катта дид билан ишланган, аниқ симметрияли назоратгоҳ.
         Вобкент минораси асрлар давомида Ипак йўлидаги карвонлар учун маёқ вазифасини ўтаб келган. Адашган кема маёқни излагандай, Вобкент минорасига  интиқ бўлганлигимнинг сабаби энди сизга равшан бўлгандир.
         Ниҳоят, у одатдагидек бор салобати, виқорли қомати билан кўз ўнгимда намоён бўлди. Мен энтикиб кетдим: унинг атрофида айланиб, алламаҳалгача ҳудудсиз меҳр билан тикилиб қолдим.
         Бир ривоятда ҳикоя қилинишича, ана шу минорани қураётган уста иш яримлаб қолганда, ногаҳонда ғойиб бўлибди. Шоҳнинг буйруғи билан ҳамма жойни ағдар тўнтар қилишибди, аммо дарагини топишолмабди. Орадан нақ бир йил ўтгач, устанинг ўзи келиб шаҳаншоҳнинг оёғига йиқилибди.
         - Бир қошиқ қонимдан кечинг, олампаноҳ, - илтижо қилибди у, - минора бардошли бўлсин деб шундай йўл тутдим. Чунки бир йил орасида ғиштлар бир-бирига тағин ҳам жипслашади, ўтиришади.
         Шоҳ мулоҳаза қилиб кўрибди-ю, ишни давом эттиришни буюрибди.
         Саккиз юз йил давомида бу адл қомат минора ана шунақа  силкинишлардан қанчасига  гувоҳ бўлганлиги менга қоронғу. Минорадан юз метрча нарида тикланган, бугун-эрта очилиши зарур бўлган икки қаватли райком биноси қулаб тушибди-ю, (нақадар ноўнғайлик) миноранинг бирор ғиштига  ҳам зарофат етмабди-я!
         Бухорода яна бир салобатли архитектура ёдгорлиги бор. Уни Минораи Калон дейишади. XI арсда тикланган бу обиданинг мезанасидан бир қулочи қулаб тушибди. Шуниси ғалатики, мезанадан тушган ғиштларда лотин ҳарфида битилган "БХЗ" деган ёзув бор экан.
         Нега энди лотин алифбосида ?
         "БХЗ" дегани нимаси?
         Бу - Бухоро ғишт заводи , дегани бўлиб, ўша пайтда орфографик ҳато қилишган: "Ғ" ўрнига "Х" ёзишган. Маълум бўлишича, иккинчи жаҳон урушидан сал илгарироқ миноранинг учки қисми таъмирланган экан...
         Минораи Калоннинг устига чиқиб, дурбин билан  қарасангиз, Газли вишкалари ундов белгиларига ўхшаб кетади.
         Газли.
         Ҳуркак барханлар, букчайиб қолган саксовуллар орасидаги маскан. Шаҳарга кираверишда, энг аввало, салобатли она ҳайкалига кўзингиз тушади. Боласини кўтарганича, меҳмонга пешвоз чиқиб турган мағрур аёл. Ўшанда унинг "бола"си қўлидан учиб кетган, ўзи букчайиб қолганди. Уч қаватли маъмурий бинонинг олди шундайгина кўчиб тушган, стол, стуллар, машинкалар мунғайиб тургандай... Сейсмологлар ибораси билан айтганда, шаҳарда қурбонлар бор эди, аммо ер ёрилиб, одамларни ютиб юборгани нақ уйдирма бўлиб чиқди.
         Бундай лаҳзаларда табиий куч, офаткор қудрат ҳақида ўйлаб қоласан киши. Ўзга планеталар сирини очиб, оёғимиз остидаги асрордан беҳабар қолганимиз нохуш, албатта. Куч беқиёс ваҳимали эди. Лекин одамлар тушкунликка берилмагандилар. Ёзги театрнинг уч томонидаги девори қулаб кетган, фақат бир ёғи ёнбош бўлиб қолганди. Киномеханик ана шу деворга парда илиб қисқа метражли грузин фильмларини намойиш этар, томошабинлар қаҳқаҳаси фильм қаҳрамонлари кулгусига жўр бўларди. Палаткаларда бўр билан турфа ёзувлар қайд этилганди: "Сартарошхона", "ЗАГС бўлими".
         Газ компрессори - шаҳардаги асосий обьект. Унинг ўзи ҳам улкан газ балонига ўхшаб кетади. Бу ерда ёқилғи тўпланади ва катта босим билан керакли томонга ҳайдалади. Замин бағрига суқилган ўнлаб қувурлар табиий бойликни ҳўплаб ва тўплаб Европага ҳайдайди. Тўғри, бизда ҳали кўп жойлар газлаштирилмаган. Аммо, газ ўтказилади.
         Унинг заҳиралари тугаб қолмас, деб умид қиламан.
         Газ запасларини олиш билан зилзила орасидаги боғланиш борми? Олимлар, мутахассислар бу борада аниқ бир гап айтишмади.
         Газлидан сўнг Тошкент, Назарбек, Қайроққум зилзилаларининг ҳам гувоҳи бўлдим.
         Қуръони Каримда: "Сенгагина ибодат қиламиз, Сендангина мадад сўраймиз", деган табаррук оят бор.
         Мен ҳам ҳар гал Оллоҳга илтижолар қилдим, мағфират қилишни сўрадим.


ЎНИНЧИ БОБ

ЭЪЛОН  ҚИЛИНМАГАН ҲУКМ

         Икки интервалда ёзилган бу мактуб нақ уч бетдан иборат бўлиб, уни таҳририятчи Самарқанд шаҳрининг Жўгихона маҳалласида яшовчи лўли аёл йўллаганди. Аниқроғи, хатни ана шу аёл номидан бошқа киши - анчайин илҳом, ҳаяжон билан ёзгани сезилиб турарди. Бу одам аёлнинг сардафтарини эринмай варақлаган , барча манфий, мусбат қирралари билан қоғозга туширганди.
         Хат қўлдан-қўлга ўтди. Аёлнинг тақдири, дарҳақиқат, аёнчли эди. Ижозатингиз билан ана шу мактубни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.

                                   *    *    *

         Бундан йигирма беш йиллар муқаддам бизни меҳнатга жалб этиш ҳақида ҳукумат қарори чиқди: лўлиларни колхоз-совхозларга, завод фабрикаларга  жойлаштиришга киришишди. Кўп жойларда  лўлилар бригадаси, цехи ташкил топди. Оқсоқолларимиз бу ислоҳотга зид эдилар, албатта. "Оллоҳ бизни тиланчилик, фолбинлик учун яратган, кимдан-ким бунга шак келтирса, мусибатга гирифтор бўлиши муқаррар", дейишарди улар. Эрим билан алламаҳалгача иккиланиб юрдигу, кейин ишга киришга қарор қилдик. Бизни ғишт заводига жойлаштиришди.
         Мен бир татар аёлга шогирд бўлдим. Бажарадиган юмушим ҳам анчайин жун эди - бир меъёрда айланадиган сербар тасма устидаги ғиштларни олиб, махсус аравачага жойлаштирардим. Тасманинг у бошида улкан мослама бўлиб, ундан қоришиб чиққан лойни пўлат симлар бир текисда кесар, ғиштга айлантирарди. Эримни ўша ердаги устага шогирд қилиб қўйишди.
         Ўшанда ток бўлмай, алламаҳалгача бекор ўтириб қолдик.  Жилла ҳаялликдан кейин моторлар гуруллаб ишлаб кетди-ю, ҳаммамиз иш жойимизга қараб югурдик. Бир маҳал кафтимдаги қонни кўриб, чўчиб кетдим. Бирор нарса тилиб кетгандир, деб ўйлагандим. Қарасам, қон ғиштдан сизаётган экан. Лойни бўлаклаган эдим, орасидан бировнинг бош бармоғи чиқди. Дилим жуда нохуш бўлиб кетди. Уни кўриб, ёнимдаги татар аёл овози борича бақириб юборди. Машиналар зудлик билан тўхтатилди.
         Мен учун оғир мусибат руй берганини бир неча дақиқадан кейин фаҳмладим. Боя ток бўлмаганда, эрим лой қориштирадиган мосламанинг ичига кириб, уни тозалаётган экан. Ногаҳонда мотор ҳаракатга келиб, унинг вужудини ғиштга айлантириб юборибди.
         Ўшанда икки ўғлимиз бор эди. Каттаси - Мардонқул тўрт, кичиги - Майдонқул икки ёшга тўлганди. Мен қора қисматимни қарғаб, зор-зор йиғладим.
         Мусибат чекавериб, бармоқларим ўз-ўзидан чангакка айланиб қоладиган бўлди. Заводдагилар мени шифохонага жойлаштиришди, болаларимга ҳам ёнимдан жой қилиб беришди.
         Врачимиз Абдурасулов хушқомат, қаттиққўл, серзарда одам эди. Клиникада ҳамма ундан ҳайиқиб турар, хотини ҳам ўзи билан ишларди. Улар мен билан дафъатан шубҳали тарзда  иноқ бўлиб қолдилар. Аёл ҳар куни ҳолимдан хабар оладиган, ноз-неъмат, кийим-кечак келтирадиган бўлди. Аммо ана шу зоҳирий иноқлик, меҳрибончиликнинг туб моҳияти менга аён эмасди. Бир куни аёл мен билан бақамти  гаплашиб, ҳеч нимадан камчилиги йўқлиги, тақдир фақат тирноқдан қисганини надомат, дил тўла дард билан гапирди. Бу зорланиш ва дил изҳорининг сабабларини  ҳам фаҳмламаган эканман: у болаларимдан бирига умидвор экан.
         Илтижо қилиб, ялинишига қарамай, рози бўлмадим.
         - Мен фарзандларимни кўрмасам - туролмайман, - дедим унга ўзимнинг ҳам раҳмим келиб.
         - Нега кўрмас экансиз, - ҳайратланган бўлди аёл, - истаган пайтингизда уйимизга келиб, кетаверасиз! Эшигимиз ҳамиша очиқ! Ҳоҳласангиз, бизникида яшашингиз ҳам мумкин.
         Мен индамадим. Бир оздан кейин Абдурасулов кириб, менга "синглим" деб мурожаат қилди ва хотинининг илтимосини такрорлади. Сўнг фаррошлар, ҳамширалар ҳам мени алқаб-аврашга киришдилар, жигаргўшамни истаган пайтимда кўришим, ҳатто олиб кетишим мумкинлигини таъкидлайверишди улар ҳам.      
         Шундай қилиб,  минг бир андиша билан Майдонқулни  (у бир майдонда дунёга келганди) уларнинг ихтиёрига топшириб, йиғлай-йиғлай кулбамга қайтдим. Бирор хафтадан кейин Мардонқул укасини кўргиси келаётганини айтиб зорланди. Уни ўзим ҳам қумсаб қолгандим.
         Майдонқул батамом ўзгача либосларда - ораста эди. У менинг қучоғимга отилган бўлса ҳамки, янги ота-онасига кўпроқ мойил бўлиб қолганди. Умрида кўрмаган либослар, ўйинчоқлар, ширинликлар болани сеҳрлаб қўйганди. Буниси ҳам майли: - улар Майдонқулнинг номини ҳам ўзгартиришибди - не-не умидларда Умид деб аташибди.Буларнинг барига тоқат қилса бўларди, аммо аёлнинг нохуш ва сирли муносабати, ундаги руҳий ўзгариш дилимни ғаш қилди.
         Мардонқулни эргаштириб, Ургут қишлоқларига жўнадим. Аммо ёзда тағин бир мусибат рўй берди: Мардонқул бир кўлмак сувда чўмилиб чиқди-ю, касалланиб қолди, ҳарорати бехос кўтарилиб, алаҳлашга киришди. Мен жон ваҳимасида унинг қайноқ пешонасига  латта ҳўллаб босардим: "Бибижон, ёнаяпман", деб зорланарди у нуқул. Одамлар зудлик билан докторга олиб боришимни  маслаҳат беришди. Лекин мен унамадим: шифокор аҳлидан кўнглим совиб бўлган эди.
         Мардонқул ўз қўлимда жон берди.
         Эҳ, оғир эди буларнинг бари! Бу ёруғ олам мен учун зим-зиё тунга айланди. Лекин инсон тушкунлик ботқоғига батамом ботиб қолмас экан, дилда тағин умидбахш туйғулар куртак отаркан. Дилимда ширин орзулар мақсадга айланди. Мен ёлғиз эмасман: Майдонқулим бор! Улар боламни қайтариб беришмаса ҳамки, меҳрим тошиб кетганда, бағримга босишимга дийдоридан тўйишимга  монелик қилишмас...
         Илк бор ноумид бўлиб қайтдим: Абдурасуловлар аллақаёққа кўчиб кетишибди. Қўни-қўшнилар аниқ бир гап айтишолмади. Улар мен бахтиқародан изларини йўқотишни  ният қилишгани сезилиб турарди. Оила кўч-кўлонни кўтариб, Тошкентга равона бўлганини эса бирор ойдан кейин билиб олдим.
         Абдурасулов бу ерда медицина  институтининг бир шифохонасида ишларкан. Тошкентга келиб, талай сарсонлик-саргардонликни  бошдан кечиришга тўғри келди. Тасаввур қилинг: тузукроқ тил билмаган, умри қишлоқ сўқмоқларида ўтган аёл катта ва гавжум шаҳарда бегонадан ҳам бегонароқ эмасчми?!  Лекин фарзандимни бағримга босиш орзуси буларнинг баридан қудратли эди.
         Докторнинг уйи шаҳар чеккасида экан. Эҳ, онанинг бундай дақиқаларда ҳудудсиз ҳаяжонини ҳамма ҳам ҳис этолмаса керак. Мен уй   атрофида соядек айланардим, аммо иккинчи қаватдаги эшикни тақиллатишга журъатим сира ҳам етмасди.
         Майдонқулни илк бор ўша ердаги болалар боғчасида учратиб қолдим. Бепарвогина қум ўйнаб ўтирган экан. Боламни кўриб, вужудимда ажиб бир титроқ пайдо бўлди.
         - Майдонқул, болагинам! - хитоб қилдим унга қараб.
         У ўгирилди-ю, унчалик эътибор бермади.
         - Умиджон, - илтижо қилдим бу гал унинг янги номи ёдимга тушиб.                              
         Майдонқул мен томон интилиб, бир икки қадам ташлади, сўнг иккиланиб қолди - зоҳирий андишалар этагидан тутиб қолди унинг! Сабрим чидамай, ичкарига отилдим. Жигар гўшамни бағримга босиб, юзи-кўзи аралаш, ўпавердим. Болалар, тарбиячилар менга жуда ҳам қизиқсиниб қараётганларини туйгач, уни бағримдан бўшатдим.
         Эртаси, ҳам индини ҳам келдим. Ўғлимнинг жингалак сочлари, қоп-қора кўзларига боқиб тўймасдим. Менинг бу девонавор ҳолатим тарбиячиларни қизиқтирмай қолмади, албатта. Улар бу ҳақда Абдурасуловнинг хотинига хабар беришибди. Аёлнинг ранги-қути учиб, тарбиячиларни роса уришибди, кейин болани олиб кетибди. Шундай қилиб не-не азоблар билан топган пушти камаримдан бўлган болагинамнинг изларини тағин йўқотиб қўйдим. Ҳафта-ўн кун ўтказиб, уни атрофдаги болалар боғчаларидан излашга киришдим. Дараги бўлавермагач, докторнинг уйи атрофида арвоҳдек айланиб юравердим, юравердим.
         Кейин билсам, менинг шарпамдан сесканган оила  бу шаҳардан ҳам
аллақачон кўчиб кетган экан.
          Шундан кейин нақ етти йил изладим уларнинг изларини. Бормаган манзилгоҳим қолмади ҳисоб, аммо сувга тушган тошдек бедарак эдилар улар.
         Боламни топиш учун тағин тасодиф ёрдам берди. Ғам-ғўссадан бўлса керак, бармоқларим чангакка айланадиган, чуқур нафас ололмайдиган холатга тушгандим. Дардимни бир лўли аёлга гапириб берганимда, у туманларида ишловчи Абдурасулов деган врач бунақа касалликни осонлик билан даволашини айтиб қолди.
         Таниш фамилияни эшитиб, сесканиб тушдим.
         - Ўша Абдурасуловнинг ўғли ҳам борми? - сўрадим ҳаёлларим паришон бўлиб.
         Аммо суҳбатдошим бу ҳақда ҳеч нима билмас экан. Шундай бўлса ҳамки умидлар ила яратганга илтижолар қилиб, тағин йўлга тушдим. Бундай лаҳзаларда қўрқув, ҳаяжон кишини аллақандай довдир қилиб қўяркан. Марказга бормасданоқ, юрагимни ваҳм босди. Назаримда ҳозир ўғлим қаршимдан чиқадигандай  ёки унинг ўгай онаси ногаҳонда гирибонимдан оладигандай бўлиб, соямдан сесканиб қолдим. Бекатга келиб, машинадан тушишга ҳам журъат этолмаганман. Шофёр жеркиб бергандан кейингина тушдим-у, тўғри келган томонга қараб кетавердим. Қаршимда чиққан биринчи кишига фол очишимни айтган эдим, у кулиб юборди.
         - Фолбин керак эмас-у, сут соғувчи керак, - деди.
         Маълум бўлишича, у колхоз раиси экан. Раис мени фермага ишга олиб кетди.
         Янги манзилгоҳга ҳам обдон жойлашиб олгач, сеҳрли остонани дараклашга тушдим.
         Инсон эса излаганини кўп ҳолларда топган. Илк бор Абдурасуловнинг ўзини кўрдим. "Тез ёрдам" уни аллақаёққа шошилинч олиб кетди. Энди ортимга қайтмоқчи бўлаётганимда, эшик ғийқиллаб очилди-ю, портфел кўтарган бола чиқди: бу менинг жигаргўшам эди. Вужудимга ширин бир туйғу қуйилди, бахтдан энтикиб кетдим. У эса одатдагидек бепарво эди. "Болам, тўхта!" - хитоб қилдим. Майдонқул мени танимади. Шунга қарамай, уни бағримга босиб юзлари, кўзларидан ўпавердим. Сўнг портфелини кўтариб олдим ва иккимиз мактаб томон равона бўлдик. Бундай сархуш дақиқанинг таърифига сўз ожиз. Мен бу йўл жуда-жуда олис бўлишини орзу қилардим нуқул. "Мени танимадингми? Мен оназоринг бўламан" - дедим унинг дилида меҳр уйғотиш илинжида. Лекин бола ишонқирамади. Мен такрорлашдан чўчидим. Чунки суҳбатимиз узилиб қолиши мен учун оғир эди.
         Эртаси ҳам, индини ҳам уни мактабга кузатиб қўйдим. Аммо бу сармаст кунлар узоқ давом этмади. "Энди келманг, ойим сизни милицияга ушлаб бермоқчи", деди у бир куни. "Айтиб қўйдингми?" - сўрадим надомат билан. "Ойим қурут билан ёнғоқни қаердан олганимни суриштириб қолди", деди у гуноҳкорона, кейин сиз берганингизни айтиб қўйдим. Вужудимни нохуш рутубат қоплади. Гапим бўғзимга тиқилиб қолди.
         Кечқурун сигир соғаётганимда, икки безбет милиционер келиб, хужжатларимни суриштиришди. Кейин мени мотоцикл кажавасига миндириб, олиб кетишди. Бир оздан кейин Абдурасуловнинг хотини ҳам кириб келди. Ранги-қути учиб кетган дилгир аёл, ғазабга миниб жаврар, мени бола ўғриси эканлигимни айтиб, ўзича исботлашга уринарди. "У аввалҳам боламни ўғирлаб кетмоқчим бўлганди. Ҳужжатларини қаттиқ текшириш керак!" Сўнг терговчига бир варақ қоғоз узатиб, қўшиб қўйди: "Айтганингиздай қилиб, бор гапни ёздим! Боламни ҳам олиб келганман - ўзидан сўрашингиз мумкин".
         Мен тўҳматдан, қамоқдан эмас, қамалиб кетсам, ўғлимни кўролмай, оламдан ноумид ўтаман, деган ваҳимадан чўчирдим. Терговчи яна алланималарни ёзиб олгач, болани олиб киришни сўради.
         Майдонқул бугун ўзгача либосда эди, катталарнинг кўнгилсиз машмашалари унга ҳам юққан, дилгир, хомуш қилиб қўйганди. "Хўш, Умидвой, - гап бошлади терговчи, - бу аёл сенга нима деди? Бир бошдан гапир-чи".
         У индамади. Аёл ҳарчанд истаса ва қистаса ҳамки, туҳматдан тилини тийди. Эҳтимолки, хужайраларида оқаётган менинг қоним бунга монелик қилгандир. Эҳтимолки...
         Терговчи ажабланди. Кейин уларга жавоб бериб, мени қамаб қўйди. Меҳрибон раисимиз жанжал кўтармаганда, бу машмаша нима билан тугаши ўзимга ҳам қоронғи эди. У: "Колхознинг илғор соғувчиси асоссиз қамаб қўйганлар билан юқорида гаплашаман!". деб дағдаға қилгандан кейин, милиционер иккиланиб қолди. Сўнг мени қаттиқ огоҳлантирган бўлди. Раис бўлса ҳамон жаҳлидан тушмас, милиционерларни жоҳилликда айблар, хижолат чекиб, мендан узр сўрарди.
         Шундан кейин оила тағин бир кечада ғойиб бўлди. Дастлаб умидимни узган эдим. Аммо йиллар ўтиб, ўғлимни беҳудуд дард билан қумсайдиган бўлдим. "Ё, Жамшед" дея тағин йўлга чиқишга тўғри келди. Эҳ, не не шаҳар-у қишлоқларда бўлмадим, дейсиз. Мен хонадонларга кириб, чинакам тиламчилик, фолбинлик қилсам ҳамки, зоҳирон жисму-жонимни, нури дийдамни излаётганимдан дардсиз оломон бехабар эди! Ниҳоят, топдим. Қарангки, ўзимизнинг Самарқандда яшаётган экану, мен... нотавон, бадбахт....
         Ўғлимни эндиликда фақат узоқдан туриб кузатардим: у катта бўлиб қолганди. Ҳатто тўйини ҳам девор тирқишидан томоша қилганман. Эҳ, менинг энг бахтли дақиқаларимдан эди у! Кейин келиним билан бирга  чиқишадиган бўлишди. Келин бизнинг лўли қизларга ўхшар, юзида зебо холи бор эди.
         Назаримда, бу дунёда ёш келин билан куёвнинг бир-бирига хушомадлар қилиб, эҳтиромлар кўрсатиб юришидан, кўра жозибалироқ ҳеч нимарса бўлмаса керак!
         Эҳ, гўзал эди!
         Бир кун келиним ёлғиз чиқди ва бекатга қараб йўл олди. Мен ҳам дилгирлик ила унинг ортидан эргашдим. Бекатда ҳеч ким йўқ эди.  У машина кута бошлади. Ҳаяжонимни жиловлаб, унга яқинлашдим ва гапга тутдим... "Келинжон, кўзларингда бир сиру асрорни кўриб турибман! Йўқ, демасанг, бахту тахтингдан, холу иқболингдан фол очардим. Менга бир тийининг даркор эмас! Қўлларингни берсанг, бўлгани: кафтингга қараб, барини айтиб бераман", дедим одатдагидек. У унамади, аксинча ноўнғай бўлди. Мен тағин илтижо қилавергач, атрофга ҳавотирона аланглаб олди-ю, оппоқ, беғубор қўлини чўзди. Унинг назокатли бармоқлари қўпол ҳовучимда  озор топмаслиги учун авайлаб ушладим. Эҳтимол, ўғлим туни билан ана шу бармоқларни эъзозлаб ушлаган, лабларига босгандир! Келин қўлини чиқариб олишидан чўчиб, чечанлик билан гапда давом этдим: ажойиб даргоҳга келин бўлиб тушгани, бу хонадондаги одамлар жуда хушчақчақлиги, улар орасида жингалак сочли йигит ҳаммадан ҳам ажойиблигини "каромат" қила кетдим. Бир йилдан кейин қўлида сочлари жингалак чақалоқ бўлишини, болакай лўлиларга ўхшаб қизиққон келишини айтдим - у қаҳ-қаҳ отиб кулди.
         Лаънати автобус келиб қолди-ю, суҳбатимиз узилди, лекин "тасодифий" учрашувларимиз барҳам топмади. Гап орасида мен ундан, албатта, ўғлимнинг сиҳатини суриштирдим.
         Бу гал ҳақиқатдан ҳам тасодифан учрашиб қолдик.
         Улар бирга эдилар. Ўзимни бир чеккага олишга улгуролмай қолдим. Келин қувониб, ўғлимни туртди: Майдонқулим мен томон ўгирилди ва чўчиб кетди. Бу музофотда пайдо бўлишим, оилалари учун талай дилсиёҳликлар олиб келишини яхши биларди у.
         Ўғлим андак саросималаниб турди, сўнг ғазаб билан мен томон ўгирилди. Милицияга ушлаб берса керак, деб ўйладим, аммо ундай қилмади. Жуда яқинимга келиб, паст ва қатъий овозда гап бошлади.
         "Мени тинч қўйинг! Тинч қўйинг! Охирги марта айтаяпман! Ё ўзимни..."
         Дадаси ҳам жаҳлга минганда , шунақа қилиб, муштларини тугиб олар, лаблари енгил қалтирайверарди. У ўша шашт билан ортига бурилиб, жўнаб кетди.
         Бу гапга уч-тўрт йил бўлиб қолди. Энди уларнинг ортидан соядай эргашолмайман. Қўрқаман. Бунинг устига соғлиғим ҳам жойида эмас. Эшитишимча, ўғлим фарзанд кўрганмиш. Болакайнинг сочлари жингалак дейишади. Афсуски, набирамни бағримга босишдан маҳрумман!
         Ҳурматли таҳририят! Сизлар газеталарда ҳақиқат, диёнат, эминлик ҳақида ёзасизлар. Наҳотки, шу тушунчалар ҳаётда бор бўлса?! Мен бунга ишонмай қўйганман! Мана шу Абдурасулов билан унинг хотинини олинг. Оқ-қоранинг фаҳмига борадиган, ўқимишли кишилар. Улар ҳаннотлик ила фарзандимни олишди. Мен йигирма беш йил давомида уларнинг ортидан арвоҳдай изғидим! Не-не азобу уқубатларга гирифтор бўлдим. Абдурасуловлардан бирор нарса  таъма қилган эмасман. Улар бўлишса, мени оналик меҳримдан маҳрум қилиш учун ҳамма чорани аниқроғи, макру ҳийлани ишга солишди.
         Баъзан ўйлаб-ўйлаб, шу бахтимдан ҳам мамнун бўлардим. Чунки маҳалламизда ўғли бедарак кетган оналар ҳам бор. Мен ўғлимни кўришим, овозини эшитишим мумкин эди. Лекин одамлар бағрларини андак кенг қилишса, бундан ҳам бахтли бўлишим аниқ эди!.."

                                  *      *      *

         Хатлар бўлимининг мудираси аёллар ҳуқуқини қаттиқ туриб ҳимоя қиладиган, бу йўлда аёвсиз курашдан тоймайдиган опалардан эди. У мактубни зудлик билан эълон қилиш керак, деб туриб олди. Икки-ўч кун давомида фактларни ҳам текширди. Ўзгалар ҳам бу мақола шов-шувларга сабаб бўлишини каромат қилишга киришдилар.
         Лекин муҳаррир эълон қилишдан олдин уни Абдурасуловлар оиласига ўқитиб кўриш керак, деган фикрда эди.
         Хуллас, кейин менга аён бўлишича, Абдурасуловларни редактор хонасига чақириб, хат билан тиништиришибди. Ҳаммадан ҳам Умид қаттиқ ҳаяжонга тушибди. Докторнинг хотини алланималар деб жаврашга киришган экан, Абдурасулов хотинини жеркиб бериб, ўз хулосасини айтибди.
         - Ҳозир Умиднинг ўзи бориб, онасини олиб келади: қасам ичаман - сизларнинг гувоҳликларингда баримиз у кишидан кечирим сўраймизу, уйимизга олиб кетамиз! Уй жойимиз ҳам, меҳримиз ҳам етади. Худо хақи!
         - Ҳа, - дебди хатлар бўлимининг мудираси, инсон шу дунёнинг ўзидаёқ Худо ва виждон олдида жавоб бериши керак! Гуноҳларингни эса фақат шу йўл билан ювишларинг мумкин...
         Мен ҳамон кўча-кўйларда  лўли аёлларни учратиб қолсам, беихтиёр Майдонқулнинг онасини эслайман.
         Бундай лаҳзаларда тағин бир нарсани - матбуот қудратини хаёлдан кечираман. Терговчи, суд, тарғиботу ташвиқот Абдурасуловлар оиласини бу қадар танг аҳволда қолдиролмасди. Матбуотнинг ҳали эълон қилинмаган ҳукми бу мураккаб ва чигал муаммони осонлик билан, ўнғай ҳал қилди.