понедельник, 18 декабря 2023 г.

 

ЗЕРИКАРЛИ ҲИКОЯЛАР. ФАҚАТ ХЎРОЗ ҲАҚИДАМАС


"Буни ҳаёт дебдилар ёки ўғлим Улуғбекнинг кундалиги" туркумидан


Ўзбек тили ва адабиёти фанидан конспект дафтаримни варақлаб, завқовар саҳифаларни топишингиз амри маҳол. Грамматиканинг чигал қоидалари, жўн диктантлар, турфа мавзулардаги баён ҳамда иншолар... Исҳоқхононинг анчайин талабчан муаллим эканлигини таъкидлаб ўтишим керак. Масалан, Артур бир амаллаб диктант қораласа, қувониб «беш» қўядию, мен нисбатан мураккаб мақолаларни таржима қилганимда ҳам бу баҳони кўзи қиймагандай бўлиб тураверади. Аммо бундан заррача ўкинмайман, баръакс ҳазил аралаш хасислигига шаъма қилиб, айтганини дафтарга тушириб келавераман.
– Агар, – деди бир куни очилиб, – бирорта парранда ёки жониворнинг ҳаётини кузатиб, дафтарга тушириб келсангиз, чўнтагимда олиб юрган ягона «беш»¬ни сизга тақдим этардим.

Мен баҳога унчалик қизиққаним йўқ, аммо вазифа қизиқарли бўлиб туюлди. Зоологиядан фенологик назорат ўтказиб, қалдирғочнинг ин қуриш жараёнини кузатгандим. Нар ва мода қалдирғоч соатига неча бор лой ташиди-ю уни қай тариқа ёпиштириб кетганини қоғозга туширгандим. Аввалига ана шу жараённи жилла кенгайтириб, чуқурлаштириб, домлага тақдим этмоқччи бўлдим. Кейин фикримдан қайтдим – шундай самимий одамга нисбатан алдам-қалдам иш тутгим келмади. Кейин эса ўйлаб-ўйлаб ҳамқишлоғимиз Рофе амакининг даканча лақабли бахтиқаро хўрозининг қаламга оладиган бўлдим.
Мазкур воқеани дафтарга туширишдан олдин уни бор бутунлиги билан ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Аввало шуни ёдовар қилиб қўйишим жоизки, бу саргузашт фақат хўроз ҳақидамас. Шунинг учун гапни унинг соҳиби – Рофе амакидан бошлаганим ўринли.

воскресенье, 3 декабря 2023 г.

 

ЭНГ АШАДДИЙ КАЛЛАКЕСАР




Чикатило!
Бу совуқ фамилия ҳойнаҳой қулоғингизга чалинган чиқар 1991 -1992 йиллар давомида ана шу хунхўр ҳақида ёзмаган газета–журналлар кам
қолди. Туғри, ахборотлаар бир–биридан фарқ қилар: рўзномалардан бири Чикатило йигирмадан
ортик қиз–жувонни зўрлаб, кейин чавақлаб таш- лаганини ёзса, ўзгаси анна шу рақамни ошириш
ёки қуюқроқ ранг бериш пайида бўларди. Жиноят
тафсилотлари ҳам шунақа: хақиқат билан афсона ўртасидаги чизиқни ҳамиша ҳам илғаб бўлмасди.

Боиси: ҳали тергов тугамаган, ҳукм ўқилмаган эди.
Тергов бир йил давом этди. Суд Чикатилони
отиб ўлдириш ҳақида ҳукм чиқарди. Орадан бир
йил ўтгач – 1993 йилда ҳукм ижро этилди.
Нақ 53 ( эллик уч ) қиз ё аёлни зўрлаган ва
сўйган бу аблаҳни отиб ташлашгани тўғри бўлиб-ди дегандим ўзим ҳам аввал. Кейин эса тергов
жараёнларини ўқиб, отилган одамлар тақдирини ўрганиб, фикримдан қайтдим. Ўлим жазоси бир умрлик қамоқ жазоси билан алмаштирилиши зарур

суббота, 2 декабря 2023 г.

 

ОҚ КАЛАМУШЛАР


Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     

   У эркаклар томон  кетди; кабинанинг орқа эшигини хавотирона очишим билан димоғимга дилкаш атир ҳиди гуп этиб урилди;  обдон дазмолланган, доғ тегмаган оппоқ сурп тўшалган ўриндиққа ийманибгина жойлашдик.
- Бу олифта нима иш буюраркан?- қизиқди Барно.   -Пулини ҳам келишмадик…
- Яхши одамга ўхшайди - хафа қилмас,- дедим зоҳирий умид билан.
Машина рулини  шаҳар томон буриб, хўжайин масалага равшанлик киритабошлади.
- Сизлар билан келишмадик-ку,  неча пулдан олаябсизлар?            
- Ихтиёр ўзингизда,- дедим,  сахий одамга ўхшайсиз.  Фақат соат олтига жавоб берсангиз бўлгани: бола-чақа, дегандай, кечки овқат тайёрлаш керак.

 

ГУЛГИР



 
  
  Сўзангарон маҳалласида яшайдиган бу гулгир ( тожикча – томоқдан олувчи) ҳақида кўп эшитгандим, унинг авлодлари ҳам шу касб билан шуғулланишганини билардим. Ҳар гал набираларимнинг томоғи оғриб, меъдаси бузилса, келинларим ўша аёлникига йўл олишарди. Қайтиб келишганда, бола анча тетиклашганига гувоҳ  бўлардим. Лекин шунга қарамай, бу аллақандай алдам-қалдамдай бўлиб туюлар, болаларни яхшиси, докторга элтиш зарур деб тайинлардим. Улар эса бош силкиб маъқуллаган бўлишар, аммо ўз билганларидан қолишмасди.

  Бир куни томоқ, қулоқ ва бурун бўйича анча таниқли олимнинг фикри билан қизиқдим.
   “ У гулгир эмас, пулгир, деди, анчайин тутақиб, мана қаранг, давом этди олим, қизилўнгач акс этган плакатни кўрсатиб, томоқ йўли силлиқ. Хўш, унда қандай қилиб овқат қолади. Тағин: нега ўзбек, тожик боласининг томоғига овқат  тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади. Бари савияга, дунёқарашга боғлиқ”.
  Ҳа, олим мени анчайин ишонтирди, аммо пинҳоний шубҳам ҳам сақланиб  қолган эди. Шунинг учун, кунлардан бирида, зоҳирий андишалар билан гулгирнинг уйига йўл олдим. Бу ерда йигирма чоғли оналар ва бувилар жигаргўшаларини овутиш билан овора эдилар. Болакайларнинг аксарияти инжиқлик қилар; зеро бемор боланинг рафтори сизга ҳам бегона эмасдир. Қаторнинг анчайин олдига ўтиб, боласини кўтариб турган келинчакка эски танишлардек, тожикчалаб сўз қотдим.
 “Нима бўлди, бу йигитчага? Қани менга берингчи”...
  Аёл кўзимдаги хайрихоҳликни кўриб, болани  узатди. Бошқалар, каминани шу келинчакнинг одами, деб ўйлашди шекилли, эътибор беришмади.
“ Уч кун аввал нўхатнинг пўчоғини олдириб кетган эдим, тағин бир гап бўлганга ўхшайди...” Бир бор олса, ўрни из бўлиб қолади, деб эшитгандим”,  жим ўтирмадим. У елка қисди.
   Суҳбатимизга  ўрта ёшлардаги аёл аралашди. “Бу – нотўғри”.  “Сиз қаердан биласиз?” сўрадим  унинг суҳбатга аралашганидан мамнун бўлиб. “Мен ўзим, докторман” қисқа қилди у. “Ундай бўлса нега ўзбек билан тожик боласининг томоғига тиқилади-ю, русникидан ўтиб кетади”,  суҳбатга ҳалиги олимнинг давосини суқдим. “Улар докторга олиб боришади ва тузулгунча уч-тўрт кун вақт ўтади. Бизда бу анъана минг йиллардан бери бор.  Билишимча, боланинг ютиш қуввати суст;  шу сабаб унинг томоғига овқат эмасу, ҳар хил пўчоқлар қолади ва ачиб, микроблар медага ўтади, натижада боланинг ичи кетади”.
   Биз анча олдинладик ва гулгирга  яқинлашдик. У одмигина кийинган, ўрта ёшлардаги аёл эди. Бемор боланинг оғзини очдириб қарар, ташқарисидан ҳам пайпаслаб кўрар ва чапдастлик билан кўрсатгич бармоғини унинг буғзига тиқарди. Тўғри, у ҳар гал қўлини совунлаб ювар, тоза сочиқда артарди, аммо шунга қарамай, бу юмуш менга жўн ва санитария талабларига зид бўлиб туюлди. “Болага олма берганмидингиз, сўради бир аёлдан, ва у маъқуллаб бош силкигач давом этди: мана, пўчоғи қолибди, бундан кейин артиб беринг”.
   Бир маҳал ўрта ёшлардаги аёлнинг ориқлаб кетган, касалванд қизалоғинини ( балки набирасидир) кўздан кечиргач, “Бунинг томоғига ҳеч нарса қолмаган,  духтурга олиб боринг”, деди. “Сизга духтурнинг ўзи юборди, деди мени ҳайратга солиб у, бир ҳафтадан бери ҳеч нарса емайди, кечаси билан йиғлаб чиқади”.  “Каттароқ духтурга кўрсатинг”
   Шу пайт гулгирнинг кўзи менга тушди ва аллақандай шубҳа, гумон аралаш, қайтадан синчиклаб тикилди. Кейин, кутилмаганда, тўпланганларга қараб: “Эртага келинглар, бугун қабул қилолмайман”,  деди.  Бу – нохуш ҳол эди. Аёллар  норози оҳангда илтижо қилишга тушдилар. Гулгир менга тағин бир бор сирли нигоҳларини тикиб,  имо-ишора қилди, шекилли, улар сиру-синоатни тубига етиб,  менга бўлган муносабатларини кескин ўзгартиришди. Ҳамсуҳбатим иддао билан, шоша пиша боласини қўлимдан олди.
  Бу ердан тезрок кетишим кераклигини ўзим ҳам ҳис этдим ва курашда мағлуб бўлган ноумид полвондай орқага қайтдим.
   Аёлларнинг пичирлашлари қулоғимга чалиниб турарди. “Милиса” Не мухбир” Налукчи”
   У гулгирми, пулгирми ҳозиргача аниқ тўхтамга келганим йўқ.