пятница, 20 сентября 2019 г.

ШИКОР

Табиат қўйнига кимдир милтиқ билан, кимдир фотоаппарат билан овга чиқади. Аммо қалам билан шикор қилиш ҳам мароқли экан. Турли вақтлар блокнотимга туширган «ўлжа»ларимни диққатингизга ҳавола қилмоқчиман.
Сиз ҳўкизлар, мушуклар, хўрозлар ва ҳатто чумолиларнинг ҳам бир-бири билан жиққамушт бўлиб уришганини кўп марта кўргансиз, албатта. Ҳа, уларнинг ҳам чегара низолари, озуқа ва зурриёт жанжаллари йўқ эмас. Начора, тириклик…
Лекин бирор ҳайвон, қуш ёки ҳашарот шу курашда ўз наслидан бўлган рақибини зинҳор ўлдирмайди. Ожизи маълум бўлиши ва чекиниши билан кураш ҳам, низолар ҳам, кеклар ҳам барҳам топади.
Табиат шундай гуманистик инстинкт бахш этган уларга!
***

Ота-боболаримиз азалдан ўз фарзандларини "бўталоғим", "қўзичоғим", "лочиним", арслоним… деб эркалашган. Жониворларни севсин, бераҳм, бешафқат бўлиб ўсмасин, деб шундай қилишган бўлса ажаб эмас.

АЙИҚ ЭРГАШТИРГАН АМАКИ




- Дарё ёқалаб юрамиз,- деди хўжайин.
 Айиқ одатдагидек, индамади. Сукут эса   аломати ризо эди.
Машиналар оқими бир зум  тин  олмайдиган шоҳкўча ёқалаб юраётган йўлларини ўзгартиришди: дарё соҳилига ўтиб олиб, юқорига ўрлашди. Бу - ноўнғай, машаққатли эди: қаршидан бот-бот ботқоқликлар, тўқайлар чиқар ва уларнинг  енгиб ёки четлаб ўтишга тўғри келарди. Соҳилда егуликлар топиларди - чаканда, ёввойи олча, олма…Гоҳида рўпараларидан деҳқон чайлалари чиқиб қолар, уларни нон, қовун ва бошқа егуликлар билан  сийлашарди. Айиқ эса турли  илдизпоялар, парранда тухумлари, жониворлар билан  нафсини қондирарди.
Хўжайиндан мудом нон ҳиди келиб турарди ( у белига нон боғлаб олганди). Сахий, хушфеъл эди хўжайин: бот-бот белбоғини ечиб, ўртага ёяр ва улар нонни сувга ботириб ейишарди.