пятница, 23 июля 2021 г.

 

                        АСАРЛАРИМДАН ИҚТИБОСЛАР


Муаллимлар орасида фронтдан ярадор бўлиб келганлар ҳам анчагина эди. Устозимиз Абдураҳмон аканинг ҳам бир оёғини снаряд юлиб кетган бўлса керак, ёғоч оёқда юрарди. Юрганда оёғи ҳазин ғижирлагандай бўларди. “Сўроқ бўлгиси деса, ўроқни эсла, ундов белгиси деганда, оёғимни эсла,” деярди.. Йиллар ўтиб, ана шу ундов белгисига айланган мажруҳ оёқ мени урушга қарши курашга даъват этабошлади ”Ундов белгиси” деган туркум шеърлар ёзгандим.


Ёғоч оёқ ғичирлайди, ғичирлаб ҳазин-

Одамларга баён этар, серҳасрат арзин:

«Мен садақайрағоч эдим бир замон,

Она ергинамнинг чайир ўғлони.

Чорак аср аввал кесиб беомон,

Кесилган оёққа улашди мани.

Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо

Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.

Чорак асрдирки, менга муаммо:

Мажруҳ этар нечун, одамни-одам?

 “Таржимаи ҳол”

                                         

 *  *  *

«Муҳаббат ва садоқат шунчаки китобий гаплар эмас. «Муҳаббат – бир-бирига етишгунча оловланиб, сўнг сўниб қоладиган туйғу», деган экан бир файласуф. Дастлаб бу афоризм менга жуда ёқиб тушганди, кейин эса ҳаётда бунинг аксини кўп кўрдим: тўйгача бир-бирини танимаган, кейин эса мажнунона севиб, суяниб қолган, борлиғини бир-бирига бахшида этган талай эр-хотинларни учратдим; уларга ҳавасим келди.

Эй фарзанд! Чироққа лампамой, ниҳолга сув, қушга дон керак бўлганидай, муҳаббат ҳам маънавий ва моддий рағбат талаб қилишини унутма.

Ахир, фақат эҳтирослар билан яшаб бўлмайди-ку! Яхши кўрадиган кишингнинг кўнглини топиш воситаларини ўзинг ўйла, балки бир даста гул, эҳтимол, ярашиқ либос ёхуд андак ҳамду сано, табассум...

Зеро, шоир айтганидек:

 

Инсонга жуда кўп нарса керакмас,

Уйда уни кимдир кутиб турса бас!

 

Қизим! Бизнинг гоҳ турғун, гоҳ сершиддат замонамизда келин билан куёвнинг ажралиб кетиши бот-бот рўй бериб турадиган нохуш ҳол, бунинг сабаблари бисёр, лекин энг аввалгиси, оила деб аталадиган муқаддас уюшмани сақлаб қолиш учун курашмаслик, унга беписанд қарашдир. Агар билсанг, бева бўлиб қолиш, фарзандлар дунёга келган бўлса, уларни тирик етим қолдириш гуноҳи азим.

Қисматнинг бўёқлари оз эмас: биров қайнона-қайнотаси билан келишмайди, бошқа бир келин пулсизлик ва уйсизликка қарши бош кўтаради, яна бир бебахтнинг эри гиёҳвандликка, ичкиликка ёки қиморбозликка берилади. Сен қизим, бундай ногаҳоний зарбаларга ҳамиша тайёр бўл, ҳар қандай иллатнинг ғовлаб кетишига йўл қўймай, унинг олдини олишни ўрган. Қайнона ёки қайнотангдан ҳасрат қилишдан олдин бир ҳақиқатни ақл тарозусига солиб кўр: улар ўзга бир даврда яшашди. Мадомики шундай экан, йиллар орасидаги фарқ нуқтаи назарлар орасидаги тафовутдир.

Оила фақат шаҳвоний зарурат учун қурилмайди!»

                                                 “Фарзандга ўгитлар”

 

 

 

 

 

 

          

-         Паспортингизни ҳам беринг, уни бизда қолдириш керак эди, нега олиб юрибсиз?

 У дафтарчанинг «Ванна» деб ёзилган саҳифасига «Ежедневно»,(ҳар куни) деб қайд қилди, сўнг, беихтиёр паспортни варақлади. Ўша хотиржамлик билан тортмасидан Бободўстовникини ҳам олиб очди ва  ногаҳонда безовталикка тушган шоирага юзланди:  

-         Сиз бошқа киши билан загсдан ўтгансиз: бу одам билан бир хонада ётишларинг мумкин эмас!

Шоиранинг ранги-қути учиб кетди. Тутила-тутила, пала-партиш гапиракетди. Бу гапларда илтижо-ю,  пўписа, шаъма-ю, шаддодлик аралаш-қуралаш бўлиб кетганди.

-         Шомилжон, мени шарманда қилманг! Ўтинаман. Чечен халқини яхши кўраман. Толстой билан Пушкин ҳам уларни улуғлаган. Баримиз мусулмонмиз… Индамай қўяқолинг!

- Мусулмон бўлганимиз учун ҳам  мумкин эмас!

-         Мени ўзингиз массаж қиласиз, деб ўйлагандим…- 

-         Хотинимдан бошқа аёлга қўл тегизмайман, деб қасам ичганман - гуноҳ қилишдан  қўрқаман. - 

-         Менинг учун бир бор гуноҳ қилсангиз - қилибсизда.

- Гуноҳ - келажакда пистирмада туриб, юрагингни нишонга оладиган овчига айланишини биламан! Так-что…

-         Шомилжон, оиламни бузманг…

-         Оилангиз?- у суҳбатдошига савол назари билан боқди.        

-         Болам бор, ахир! Эрим…

-         Хўш?

- У - хирург, аммо ўлгур, ишдан бошқасини ўйламайди.

 - Сизни, болани деб  ишласа керакда…

-         Ичади ҳам…

«Жарроҳлар билан бўёқчиларни қон ва бўёқ ҳиди ичишга ундайди», демоқчи бўлди-ю, аммо  лозим топмади.

  Ҳуррият суҳбатдошининг юзида қилт этган шафқат ифодасини кўрмагач,  пўписага ўтди.

-         Бободўстов сизни фелъетон қилса яхши бўлмайди-ку.

-Ундай қилолмайди - эрингиз хабардор бўлишидан қўрқади. Сиз бошқа хонага ўтишингиз ёки  номус қилаётган бўлсангиз, кетишингиз керак! Так-что…

 - Бободўстовчи?

 - У мантиқни мададга чақирсин!

Кечки овқатга «келин» билан «куёв» чиқмади. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди, деганларидек, шериклар ҳам тезда тафсилотлардан хабардор бўлишди ва ғалати ҳолга тушишди.

 

                                                  “Санаторияда”

 

                         *  *  *


«Русалка» майда қадамлар ташлаб, биз томон яқинлашиши билан, баримиз жимидик ва менга бир нигоҳ ташласайди, деган мавҳум туйғу, интиқлик билан зимдан  кузатдик. Орамизда  бир неча қадам қолганда, унинг юқори лабида қора холи борлигини ва у ҳуснига бағоят ярашганини сезиб қолдим. Атрофга бир зум фарангча машҳур «Shanel» атрининг ҳиди тарқалди ва бундан сархуш бўлдик. Табиат «Сув париси»ни нуқсонсиз қилиб яратганди. У биз томонга ўзгача, жуда ёқимтой табассум қилгандай бўлди.Унинг табассумида мамнунлик, ташвиш, ҳижолатдан кўра кўпроқ изтироб кўрдим; Толстой “Тирилиш” романида яратган Наташа Маслова образини учратгандай эдим. Ундаги изтироб қалбимга кўчди.  Бу куйдирмажонга шунча латофат ва зеболик бахш этган табиат, шум тақдирни ҳам қўшиб берганидан надоматлар чекдим. Мендек бир чолнинг эҳтиросларини жунбушга келтирган экан, йигитчаларнинг аҳволи нечук бўлишини тасаввур қилиш қийин эмасди. Сув париси
 сал нарироқда уни кутиб турган «Каптива»га миниб, кўздан ғойиб бўлди.

– Фариштам, қўлингни бер, мен сени шу бадбўй ботқоқдан чиқариб қўяй! – дедим ғойибона. – Барига сен эмас, бизэркаклар айбдормиз! Ахир, қиличдай бир йигитнинг нозанин ёри бўлишинг мумкин эдику! Лаънат, барига!

                                                                         “Марафонча югуриш”

(Тўлиқ матнларни блогим мундарижасидан изланг)

 

вторник, 20 июля 2021 г.

 

x  »Нохуш хаёллар», «Фожиа», «Омадсизлик», «Гўрков”, “Оқ каламушлар” сингари ҳикояларим инглиз тилига таржима қилинган. Уларни туркчага ҳам ағдаришяпти.

 Фурсатингиз бўлса, ўқирсиз.

 Мундарижадаги “Беш ҳикоя”дан изланг.

 

 

Бир вақтлар шеърлар ҳам ёзгандим...

Давоми мундарижадаги “Шеърият” бўлимида

 

 

“ТАҚДИМОТ” КИТОБИДАН

(2011 йилда чоп этилган)

 

ЕР ВА ОДАМЛАР

 

-Ким юзинг қуёшга бурди, она-Ер,

Ким сенга мангулик берди, она-Ер

Ва илк бор кўз ёшинг артганлар кимлар?

-Одамлар!

-Ким у сени боқиб, бахтини топган,

Ким у табаррук, деб тупроғинг ўпган.

Содиқ тақдирдошинг-қуёшинг кимлар?

-Одамлар!

-Айтгин, ким аҳволинг аянч этмоқчи,

Нуроний онани топтаб кетмоқчи

Ва дўзах этмоқчи бағрингни кимлар?

-Одамлар!

-Она-Ер, наҳотки йўқ халоскоринг,

Наҳот кул бўлади гулдек рухсоринг,

Айт, ажал олдини тўсолур кимлар?

-Одамлар!

 

ЁҒОЧ ОЁҚ

 

Ёғоч оёқ ғичирлайди,

Ғичирлаб хазин-

Одамларга баён этар,

Серҳасрат арзин:

“Мен садақайрағоч эдим бир замон

Она ергинамнинг чайир ўғлони.

Чорак аср аввал кесиб беомон,

Кесилган оёққа улашди мани.

Чорак аср мадад бўлдим-у, аммо,

Оёқ бўлолмадим, бўлолмайман ҳам.

Чорак асрдирки, менга муаммо:

Мажруҳ этар нечун, одамни-одам!?”

 

ОНА-ЕР

 

Агар гуноҳ қилса одамлар,

Ларзага кирармиш она-Ер.

Тупроққа қон тўкилган дамлар.

Сесканиб  кетармиш  она-Ер.

Тириклар тинчланинг, бағримда ётган

Марҳумларнинг бузманг ҳаловатин, деб

Безовта бўлармиш она-Ер,

Илтижо қилармиш она-Ер…

             

АФСОНА

 

Ривоят қилурлар: ўтган бир замон,

 Ўлимга буюрмиш ўз навкарин хон;

 Навкарнинг ҳамқишлоқ дўсти ўша он,

 Хонга таъзим қилиб, дебди: “Эй, султон,

 Уни озод эту мени эт қурбон;       

Унинг онаси бор, қон ютмасин, қон!”

 

Шоҳ мардлик олдида бошин эгибди,

Икки навкарни ҳам озод этибди.

 

ХИЁНАТ

 

Ногоҳ болта ботди чинор жисмига,

У дардли ингради, тўкди аччиқ ёш.

Ажаб, саботининг йўқ эди чеки,

Худди метин эди ундаги бардош?!

 

Болта сопин таниб, чекканди қайғу,

Ахир, ўз шохидан бўлган эди у.                        

четверг, 15 июля 2021 г.

БУНИ ҲАЁТ ДЕБДИЛАР

Ниҳоят, бугун – 1970 йилнинг 1-июнь куни, нақ туш маҳали дунёга келдим. Қани, ҳаёт деганларини ҳам бир кўрайлик-чи, қанақа бўларкан?! Илк бор ҳис этганим, вужудимдаги зирқироқ оғриқ ва мен ҳали кўникмаган совуқ муҳит эди. Овозим борича чинқириб йиғлай бошладим. Кимдир мени даст кўтариб олди ва илиққина сувда чўмилтирди. Фарёдимга эса ҳамон қулоқ солишмасди. – Уч ярим кило, – деди мени тарозига қўйган ҳамшира шеригига. Аслида мен сал кам тўрт кило эдим. Кўра-била туриб, тарозидан уриб қолишди-я! Дунёга келганим заҳоти оғриқ, совуқ ва қаллобликка дуч келаман, деб ўйламагандим. Бундай пайтда йиғламай куласанми киши?! – Намунча бақиради бу, – деди жавобан доя опа жеркиганнамо қилиб, – истасанг шу... – Буни ҳаёт дебдилар – чидаш керак, – давом этди иккинчиси. Сўнг мени оппоқ чойшабга ўрашди. Мазза қилиб ухладим. Уйғонсам, бир талай чақалоқлар орасида ётибман. Уларни сизга таништирардим-у аммо номларини билмайманда. Зотан номларини бу нодон чурвақаларнинг ўзлари ҳам билишмайди. Чунки уларга ҳали ном қўйилган эмасда! Менинг исмим ҳам баҳслироқ. Уйимиздагилар ҳануз бир тўхтамга келолмай ҳалак. Агар ҳақиқатдан ҳам ўғил бўлиб туғилсам, бувим Иброҳим бўлишимни, дадам Зарафшон, ойим Улуғбек деб аталишимни исташади. Менга эса барибир. Ажабо! Ёнимдаги қизалоқ нега чинқириб йиғлаяпти экан-а? Йиғлоқи. Бу ёнимдагиси ҳам бошлади... Демак мен ҳам кўпчиликдан четда қолмаслигим керак! Ҳаммамиз жўр бўлиб йиғлаётган эдик, доя опалар келишди-ю, бизни кўп кишилик аравачаларга юклашди. Сўнг номерларимизга қараб, ойимизга улашиб чиқишди... Бемажолгина бўлиб ётган ойим мени авайлаб бағрига босди. Энтикиб кетди, қувончдан бўлса керак, кўзларига ёш олди. Мен мазза қилиб сут ичдим. Она сути. Бу ҳароратли неъмат илк бор бўм-бўш ичакларим, ҳувиллаб ётган ошқозонимни тўлдирди. Назаримда олам мунаввар бўлиб кетди. Яна ухладим. * * * * * * Асарнинг тўлиқ матнини мундарижадан изланг

среда, 14 июля 2021 г.

КАЛВАК МАХСУМ НОМАЛАРИ

Блогимдаги «Калвак махсум номалари» қиссасига эътиборингизни қаратиш ниятида унинг бир бобини қайта эълон қилдим НОМА № 1 Бисмиллоҳи-р раҳмони-р раҳим! Ушбу номаи безабонни узоқ Москов шаҳринда мусофирчилик ситамин тортиб турғон Абу Найнов ибн Махсум ва дағи Калваки Самарқандийдан деб биладурсизлар. Каминани инчунин, Калвак Махсуми Маҳалла деб ҳам атайдурлар. Боиси Самарқанд илкиндаги деҳамиз Маҳалла аталур ва хусусан шаҳарликлар мардумларимизни андак афанди, анди билиб, латифа тўқумоқни хуш кўрурлар. Боз: каминаи камтаринни Калвак Махсуми П ҳам деюрлар. Боиси Абдулло Қодирий ҳазратлари бино этган Калвакдан нақ юз йил сана ўтуб дунё кўрганман ва бузурглар ҳар шунча ўтуб дунёга келурлари башорат этилғондур. Аллоҳу таолога ва боз Муҳаммад ибн Алайҳиссаломга минг қатла шукроналарким, аларнинг муборак паноҳларида сиҳат-саломат рўзгургонлик қилиб юрибдурман. Илло, ҳеч нарсадан зориқиш йўқдур; яккаю ягона муҳтожлик гўдаклар ва қавмларнинг дийдорларидур. Зеро, машойихлар (аларнинг руҳини ўзи боқий қилгай) инчунин демишларким, мусофир бўлмасанг, мусулмон бўлмағайсан! Москов сафариндан муддао хусусинда сухан бўлғонда буни ёдовар қилмоҳим фарзки, якчанд жиянлар, қавмлар, хешбачча-ю ҳамсоялар Уруссиянинг бу шаҳринда рўзгурзонлик қилур эрдилар ва алардан хабар олмоқ нияти устувор бўлғон эрди. Ва инчунин, имкон бўлса юмуш топиб, андак ақча ишламоқ иштиёқи ҳам мавжуд бўлғонини яширмоғим чикора. Қисса кўтоҳ, эмди Москов шаҳрин таърифу тавсиф этадурғон ўлсам, анинг бисёр серғалва ҳамда нотинчлигини битмоғим ҳам қарз, ҳам фарздур. Уруссия шаҳарлари арасинда қўҳандур; урусмачитлар (алар черков деюрлар) кунжак-кунжакдан жой олғон бўлиб, савобталаб бандалар ижобат истаб, зўр бериб чўқинурлар, магарким ғайридиндурлар, бисёр хокисор, мўъмин; мурчага озор етказмаслар. Шаҳр кесиб наҳр ўтур – отини Москов река деюрлар, чиллада ҳам яхбаста эмасдур: ичинда оҳанин қайиқлар сузур. Магарам тирамоҳ бўлса ҳамки, қаттол савуқ эрдики, ман қоғозга битмай, сизлар ўқуманглар. Шабу рўз изғирин эсар, қор ёғар, локинда чапдаст фаррошлар пешма-пеш бартараф этур эрдилар. Савуқдан бандаси дилхун бўлиб, озор кўрур; танкўчадаги жаниворлар ғужанак тортиб кетур ва Ўзбакистон афтобининг қадри чунон ўтурки, ҳеч нимарсага баробар йўқдур. Дарахтларини қаламга оладурғон бўлсам – эман, арча, акас, қарағай; паррандалари – чумчуқ, зоғ, қарға, қаро кабутар. Кўчалари бефайзроқ, мардумлари мудом саросар, фикр қилурсанки, боре банда тижорат бирла банд. Кўча-кўй, дўконлар бандалар бирла тирбанд. Бозорларда сотадурғонлар ўзбеклар, тожиклар, озорилар бисёр. Шаҳарда одам бисёр. Хаёл қилурсанки, замин ёрилган-у, бандалар юзага чиққан. Тупроқ тагинда ҳам равон йўллар бордурки, аларни, метро, деюрлар. Кўрмушнинг кавогидай чор тарафга лахмча қилиб кавлаб кетаверганки, поёни бесарҳаддур. Яқо тутиб, ё навзанбиллоҳ, демоқдин ўзга имкон топмагайсан. Локинда миршаблари ноодам. Қалпоқ кийганни кўрган заҳоти тутуб, ақча таъма қилур. Алқисса, хобгоҳим хусусинда экки оғиз калом. Ул шаҳар илкиндаги ғарибгина мусофирхона бўлиб, мисли кафтархона, бандаи мўъминлр кириб-чиқиб ётурлр. Каминаи камтаринни еттинчи қаватга чиқориб, катакдек уйчани лозим кўрдилар. «Пажалиста» деди, хизматчи хотун калит тутқозиб. Ман ҳам хушодоблик таомилини бузмай «спасиба» дедим: бисёр сарафроз ўлди. Хобгоҳга экки каравот қўйилган бўлиб, (авахтага ўхшаб) таҳоратхона-ю, ҳожатхона ҳам ушбу катакдадур. Пастга назар солсам, одамлар бамисоли мўрча – зир-зир югурурлар. Эртаси бадаз нонушта, бисмиллоҳ, деб жиянимиз Қўчқорбойга сим қоқдим. “Ким бу” савол айлади тўнг авоз бирла. “ Ман радной тағонг Калвак Махсумдурман”, жавоб қилдим. “Иби, тағо сиҳат борсизми. Масковдасизми?” “Ҳа шундоқ” Бадазон қаёндалигимни батафсил сўради ва даме ўтмай пайдо бўлди. Эмди бу бала хусусинда сухан қиладурғон ўлсам, анинг гапга бисёр устолигини, қадду қомати ҳам зеболигини айтмоғим ҳам қарз ҳам фарздур. Московда ўқуб, шу жойда қолғон эрди. Деҳамизда хотун, бала-чақаси бор. Маҳалламизда бир иморат бунёд этдики, арифи он қадардур. Йилига бир бориб, халққа тўй, зиёфат қилиб берадур. Боз: Московни ихтиёр қилган балаларни қанати тагига оладур. Локинда бунча ақчани қандоқ топадур – бизга жумбоқ. Қисса кўтоҳ, жиян даме кечмай пайдо ўлди. Биз гарму-жўшон пурсу-пос қилдик. Балалик вақтиндаги бебошликларини ёдовар этдим ва биз хандон кулдук. Бадазон ятоғимни кўруб, дедики, “Тағо, бу жойга ётмоғингиз ножоиз, ўйга кетурмиз”. Пастга тушдук ва анинг чорчархаси бирла қибла тамон равона бўлдук. Шаҳардан чиқиб, анинг илкиндаги дарахтзорлар аралаб ҳам йўл босдук. Бир маҳал рўпарамиздан мисли қасри Жамшед иморат пайдо ўлди. Ҳукуздак экки ҳабаш дарбон бизни кўруб аввол таъзим бажо қилди ва бадазон эшик очди. Мармар ва чиннидан қурулган ўйлар бисёр боҳашам эрди. Роҳба-роҳ малайлар бизга таъзим бажо этур эрдилар. Меҳмонхонада якчанд урус қизлар хизмат қилур эрдилар ва дастархонга қўйулган ноз-неъматлар беҳисоб эрди. Вақти гапзанон билдимки, бу мулк-у қаср бир бевазанга тобе эркан. “Хуш, жиян андоқ бўлса, сан бу даргоҳда не юмуш қилурсан? Қаравул ёинки боғбонга ўхшамайсан.” “Эй тағо буни сўраманг”. “Гапур, ман буни билмоқ учун келдим”, андак авоз кўтардим. “Жиянингиз ору асалнинг эркаги”, жавоб айлади у. Водариғо, аён ўлдики, бу баланинг ялғузгина юмуши ўша бевазан бирла ётмоқ экан. Мани ямон кўрганим – зинокор. Ҳар қандоқ зинокор дўзах алавида ёниши китобда битилғон. Шу боис жаҳлга миндим. “ Иби, иби, о бизнинг зоту зурёддан ҳолигиси бирла пул топадурғон ҳанги чиқмаган эрди-ку!” “Тағо, пул топмоқ уётми”, савол айлади. “Мани тағо дема! Сандак жияндан воз кечдим!” Шу гапни айтдим-у, этак қоқиб, чиқиб кетдим. Вақти шом хобгоҳимни ихтиёр этиб, бисмиллоҳ, дея остона ҳатласам, не кўз била кўрайки ҳамсоя каравотда бир муғулбашара, ҳирстабиат, махлуқсуроб одам нимлуч бўлиб ётибдур. Бефаҳмликни кўрунгки, на салом бор-у на алик. Э санга одоб ўргатганнинг зорини... Ҳамширағар! Гирдидан нари ўтдим, бери ўтдим – мисли мурда садо бермайди денг. Бадазон дедимки, кел шу занғарни бир гапга солай – не дарди бордур? «Как дела?» дедим ҳолпурслик ила. У шукрона изҳор қилди, экки кунлик юмуш бирла сафари Москов ихтиёр этганини аён айлади. Исми-шарифи Александр аталмоғини айтгач, Искандар деб атамоққа ижозат сўрадим. Бетавфиқ рози ўлди.. Аммо-лекин, бу алвастисуроб шундоқам хурраккаш чиқдики, то саҳар мижжа урган бўлсам, харна бўлай! Во, ҳиқилдоғинг кесилгур! Во авозинг ўчгур! Сизларга ялғон, худога чин – зорағарнинг хуррагидан хона ларзага кирар эрди. Нохуш овози аввал ҳирсга, бад ҳўкизга, палангга менгзар, аларга тақлид қилур эрди. Хурракашликни шу тариқа авж пардага кўтариб, бадазон тўп отқондек, «пақ-пақ» қилур эрди. Ўаромининг авози бир фурсат сўнар ва дилим таскину фароғат топар эрди. Локинда бу шодлигим кўпга бормас, дақиқа кечмай, ул бетафқиф боз садо берур эрди. Вақти саҳар ул барзангига дедимки, бу қандоқ ҳамхоналик бўлдики, шаби дароз каминага озор етказдинг?! Хижолат чекди дедики: Фақирни авф эт! Боз дедики, пишакдек жимгина ётур эрдим, валекин бунинг учун бир қултум оби зам-зам. яъни майи нобзарурдир. «Жавоб айладимки, “Айтганингни пайдо қилурман, каминани уйқудан бенасиб қилмасликка онт ич». Ҳаромибачча бу суханни эшитиб, бо мисли қўйган калла кулди, бадазон бисёр қасамхўрлик қилди. Рўзи дароз шаҳр кедим ва вақти шом бир ҳишша май харид қилиб, хонамга қайтдим. Ани кўруб, ғайридиннинг кўзи ўйнаб кетди. Қўлларимни ўпди, аёғимга йиқилди. Бир пиёла тўлдуриб, айтдимки: «Буни заҳру маҳрингга ичгин-у, ўлукдек бўлиб ёт!» Боз қасамхўрлик қилиб, дедики: «Санга озор етказсам, ичгоним ичимга кетсун!» Мисли ташна туя бир қултум қилди-ю, айтдики; «Сан ҳам андак «попробуй». Жавоб бердимки: «Тоат-ибодатимни бир пул қилма!» «Андоқ бўлса, деди, тағин бир мисқол тўк, ман ётурман». Бажо келтурдим. Бадазон зум кечмай савол бердиким: «Ты меня уважаеш?» Бу ҳирсбашара, нокасни ҳурмат этмоқ фақир учун ҳўкизга илтифот кўрсатмоққа борабардур. Валек муросаи мадора дегонларидек, бош кўтармай: «Иззат қилурман», дедим. «Ундоқ бўлса, бамисли меҳрибон ҳамтабақлар ўпишурмиз», деди. Айтдимки: «Эй Искандари девона, нари кетки, жаҳлим тез, муштумим бозарбадур». «Майли, деди, истасанг ман ғарибни ур, аёқинг тагига ол, локинда бир пиёла гулобингни дариғ тутма». Ҳай, сан баднафснинг жиғилдонинг тешилсун. Боз бир пиёла узотдим. Фурсат кечмай, ўзи ҳам ором олмай ва каминага ҳам ҳаловат бермай, мисли маймун қилиқлар қилиб, тархашлик кўрсатди. «Во сани ҳолангни... дедим жаҳлга миниб, маюс ўтурмасанг, башарангга солурман сан гарданшикастанинг!» Бадазон ул бефаҳм сукут қилди, бечораҳол бўлуб кўзига ёш олди. Бунга ҳам тоқати бардош бермай, дилхун бўлиб йиғламоққа киришди. Ўзум ҳам бисёр ноўнғайлик чекдим. Худои таоло дилимға раҳму шафқат солиб, савол бердимки; «Эй ҳамхонаи ғариб, нечун дилхунсан?» Жавоб бердики: «Дарди дилим беҳаду беҳудуддир!» Дедим: «Изҳори дил қил – енгил тортурсан». «Дедики: «Сардафтаримни кўзламоқ бўлсанг, май узот. Дигар йўл йўқдур». Узоқ мулоҳаза қилдим ва садқаи сар қилиб, бир пиёла май узотдим. «Локинда, дедим, эмди каминани саргардон қиладурғон ўлсанг, онаизорингни Учқўрғондан кўрсатурман!» Ичди, бетавфиқ! Энди десанглар, бу нокаснинг нохуш қилиқларини бирма-бир тасвир этмоққа қаламим ҳам номус қилур. Девона мисол қаҳ-қаҳ отур, овоз қўйиб ашўла айтур ва зум ўтмай кўз ёши тўкиб қолур эрди. Парво қилмадим, дедимки: «Баттар бўл, баччағар!» Бад дедики: «Эй ҳамхонаи саховатпеша, бир қулоч чилвирму, арқонму топилурму?» Дедим: «Ушбу буюмларга не ҳожат?» Жавоб айладики: «Ўзимни осурман – токи бу дунёи бақаламўннинг беҳад азобларидан фориғ ўлай!» Дедим: «Девона бўлма! Иншооллоҳ, тириклик шукрини қил». «Йўқ, ман, тирик мурдаман, надомат чекди, занғар, бундоқ ночор рўзгурзонлик этмоқдин кўра савуқ гўрда ётмоқ устундир!» Ул десам, бул деди, бул десам, ул. «Ихтиёр ба дасти Бахтиёр, деди бир муддат фурсат кечгандан сўнг, магарким арқонни дариғ тутсанг, ўзимни тиризадан отурман!» Дилимга ўт тушди, фикр айладимки, бу ... фурўш бир кори-хол қилса, маломатга қолмагайманму?! Қавму қариндоши, хешу-ақрабоси, гўдаклари бордур – қақшаб қолмасунлар. «Искандарқул, дедим, ҳишшадаги манабу сабилнинг юқини ютгил-у, хоби ғафлатга кет!» Мурдор ичди, локинда хомуш бўлмади. То саҳар ҳар на балолар деди, қилиқлар қилди. «Эй карами олам, дейман, дард чекиб ўзумча, бундоқ азобларинг ҳам бор эрдими-у?!» Саҳар чоғи падарлаънат ҳушёр тортди. Гина қилиб, дедимки: «Мани дилранж айладинг». Бош эгиб, айтдики: «Извини, земляк!» Бадазон паноҳи худо қилдик.