среда, 12 августа 2020 г.

ДЕБОЧА ВА БИРИНЧИ БОБ




БУНИ  ҲАЁТ ДЕБДИЛАР ЁКИ ЎҒЛИМ УЛУҒБЕКНИНГ КУНДАЛИГИДАН



Д Е Б О Ч А


Ёш сухандоннинг илк бор экранда пайдо бўлиши ёхуд актёрнинг биринчи марта саҳнага кўтарилиши арафасидаги ҳаяжонини кузатганмисиз? Бир неча дақиқалик мулоқотнинг зоҳирий салобати босади, бояқишларни.
Менинг айни лаҳзалардаги ҳаяжоним уларникидан чандон устун. Чунки танаффуслари билан қўшиб ҳисоблаганда нақ йигирма олти йиллик меҳнатим маҳсулини илк бор ҳукмингизга ҳавола этяпман. Шу тобда сизни бир  неча сония зимдан кузатишни истардим. Тасаввуримча, китобни қўлга олиб, орқа-олдига назар ташлайсиз-у салмоқлаб кўриб, беихтиёр ўқишга тутинасиз. Кейинчи? Чалғиб кетмайсизми?! Саҳифалар қатидан ўзингиз излаган шоҳиста ва зариф сеҳрни, дарддош оғриқни топаоласизми?!
Ҳозирги китобхон ўта талабчан, зукко, дейишади. Лекин у андак серташвиш, лоқайд, худбин ҳам. Унинг ихтиёрида телевизорнинг қатор каналларидан ташқари, компьютер, қизиқарли газета, журналлар, кассеталар, улфатлар ... Бунинг устига китобхонимиз тинч, хотиржам эмас: сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, экологик муаммолар уни, оиласини четлаб ўтмайди.