пятница, 10 ноября 2017 г.

МЕН ОНЛАЙН ЁЗУВЧИСИМАН



                                   МЕН ОНЛАЙН ЁЗУВЧИСИМАН
    Айни пайтда адабий сайтлар ва блогим (шахсий сайтим)да икки романим, тўрт қиссам, ўн беш ҳикоям, юзга яқин мақолаларим бор. Уларни ҳар куни ўн етти мамлакатдан, тўрт юз атрофида кишилар кириб ўқишмоқда. Ўзбекистондан кейин АҚШ, Россияда ўқувчиларим кўпроқ.
      Мақтанчоқлик қилаётганим йўқ. Интернетда ҳамма нарса ҳисоб-китобли. Блогим (nusratrahmat.blogspot.com)га кирсангиз, мазкур рақамларни анчайин камайтириб кўрсатганимга ишонч ҳосил қиласиз.

среда, 27 сентября 2017 г.

ОҚ КАЛАМУШЛАР

                                                       Мардикор жувоннинг кундалиги
   
Қирмизи рангли (бунақасини биринчи бор кўришим) «Neхia» ҳайдовчиси кабинадан тушиши билан,  бу ердаги таомилга кўра, бошқалар қатори Барно иккаламиз  унга яқинлашдик, юзимизга табассум суртган бўлдик. Қирқ ёшлар чамасидаги, бўйчан, кўринишидан анчайин пухта, дилкаш бу одам нигоҳи билан бизни бир сидра пайпаслаб чиқди-ю, менга қараб, эски танишлардек яқинлашди.     
- Машинага мин,- деди ярим буйруқ оҳангида «Nexia»си томон имларкан. - Сенбоп иш бор.
- Вой, биз икки киши,- дедим, Барно томон ишора қилиб.
- Бўбди, иккаланг ҳам мин,- деди,  иккита эркак мардикор ҳам олиб келаман.     
   У эркаклар томон  кетди; кабинанинг орқа эшигини хавотирона очишим билан димоғимга дилкаш атир ҳиди гуп этиб урилди;  обдон дазмолланган, доғ тегмаган оппоқ сурп тўшалган ўриндиққа ийманибгина жойлашдик.
- Бу олифта нима иш буюраркан?- қизиқди Барно.   -Пулини ҳам келишмадик…
- Яхши одамга ўхшайди - хафа қилмас,- дедим зоҳирий умид билан.
Машина рулини  шаҳар томон буриб, хўжайин масалага равшанлик киритабошлади.
- Сизлар билан келишмадик-ку,  неча пулдан олаябсизлар?            
- Ихтиёр ўзингизда,- дедим,  сахий одамга ўхшайсиз.  Фақат соат олтига жавоб берсангиз бўлгани: бола-чақа, дегандай, кечки овқат тайёрлаш керак.

ГЎРКОВ


Унинг номи ёдда қоладиган, болохонадор - Ашуралиохун. Орқаворотдан гўрков дейишади; тенгдошлари орасида Ашурали, Ашур, Аши  дейдиганлар ҳам анчагина.
Отасининг оти Муҳаммадалиохун бўлган. Шунчаки, Охун, ёки гўрков  дейишган.
  Аслида, охун деганда, ўқимишли, зиёли кишилар назарда тутилади. Лекин, кўрган-билганларнинг гувоҳлик беришича, отаси, ҳатто имзо чеколмайдиган саводсиз, итоаткор, бир оз баджаҳл, жоҳилроқ киши бўлган; жаҳли чиққанда,  зуғум билан бош бармоғини икки бармоғи орасидан чиқариб кўрсатадиган хунук  одатини умрининг охиригача ташламаган.
  - Отам кўз ўнгимизда онамни дўппослаб қоларди,- дейди Ашуралиохун, бу ҳақда гап кетганда,- укам иккаламиз зириллаб турардик,  нима қилишни билмай, жуда ўсал бўлардик.  Феъли ғалати эди: биров арақ узатса, қўлини қайтармасди; кайфи ошганда гўрковлиги билан мақтанар, Худонинг назари тушган касб, деб гарилларди. Биров манзират қилмаса, ойлаб оғзига олмас, унутиб юборар, ичганларни лаънатлаб қоларди.  Бирорта художўй мачитга таклиф қилса, эргашиб кетаверар, бошқа вақт қабристондан чиқмасди.
Майли, отасини қўятуриб, ўзига таъриф берайлик.  Ўттиз ёшларнинг нари-берисидаги бўйчан-у  ўйчан, раҳмдил-у содда; сочини мудом қиртишлатиб, дўппини бостириб кийиб  юрадиган, қўнғиз мўйловчаси ўзига ярашган, юзи  чўзинчоқ, озода, қирғийбурни ҳийла катта бўйдоқ йигитни кўз ўнгингизга келтира оласизми? Бунга қўшимча қилиб, дона-дона, қисқа қилиб, кесиб гапириш, бирор юмушни бошлашдан олдин қўлларини бир-бирига ишқаб, кулиб қўйиш одати борлигини ҳам айтиб ўтишимиз ортиқчалик қилмас.

ОМАДСИЗЛИК

Жуғрофий, иқтисодий ва ҳатто, табиий нуқтаи назардан қаралганда ҳам, тақдир жағалвойликларга ўнг қўлини чўзган, дейиш мумкин бўлади. Юқори томон - тоғ, бир тегирмонча сув қишин-ёзин шарқираб ётади. (Баҳорда қутуриб, йўл, кўприкларни вайрон қилиши нохушроқ, албатта). Бу ёғи шаҳарга ҳам яқин. Қишлоқдан бирор чақирим пастдан эса икки  вилоятни бир-бирига боғлайдиган шоҳкўча ўтади.
Шуларни ҳисобга олиб, жағалвойликларни тоғ ҳам, шаҳар ҳам боқади, дейишга асосимиз бор. Шўролар даврида қишлоқ гоҳида ўрмон хўжалигига, гоҳида колхоз ҳисобига ўтиб турган бўлса ҳамки, тирикчилик тарзи қўшнилардан фарқ қилмаган ҳолда, ички бир қонуният асосида кечди. Бу йиллар давомида қишлоқ ёнбағирликдан, анча пастга тушди, уй ва ҳовлилар сатҳи кенгайди, томлар шиферланди, хуллас,  цивилизация деган «меҳмон» дарвозаларни таққиллатмай қолмади-ки, буларни санаб ўтириш ортиқчадир.
Қишлоқ аҳлини узоқ йиллар давомида тоғ боққан -  молларини ёнбағирларда ўтлатишган, қишлик озуқани ҳам тоғдан ўриб олишган. Фақат шу эмас: баҳорда ревоч, лола; ёз бўйи тоғрайҳон, бўзноч, бўйимодарон, маврак сингари доривор гиёҳлар йиғишган; кузда  писта, бех, тоғпиёз деганларидай…
Йилдан-йилга  бу неъматлар камайиб кетаётганлиги сабаб, ҳозир аксар ёшлар шаҳардаги корхоналарга, мардикор бозорига боришади; катта йўл бўйидаги ошхоналарда ишлашади; Қозоғистон, Россиядан нон топиб келаётганлар ҳам анчагина.

ФОЖИА


Миршариф Хўжаевга бағишланади

1
Сиз айрим аёлларнинг бор заҳри-заққуми, нафрат ва ғазаби мужассамлашган, гоҳида теша тегмаган қарғишларига эътибор берган, аниқроғи,  мағзини чаққан, пича таҳлил қилганмисиз? Тадқиқотчилар аҳоли орасида юриб,  халқ қўшиқ, лапар, удумларини ёзиб олишганидек,  қарғишларни ҳам тўплашса, ёмон бўлмасди, деб ўйлайман гоҳида.
   Бувим (ойимнинг онаси) дадамни бот-бот, ҳар гал янги ибора, ташбеҳлар билан қилган дуойибадларини эшитиб, шундай хулосага келганман. Уларнинг аксари ёдимда михланиб қолган.  
«Ҳа, оғзи-бурнингдан қон келсин, лаҳатга кўндаланг бўлгур - сан таги паст, кўрнамак!»
«Уйингга ўт тушсин-у, тил тортмай ўл: мурдашў ўлигингни ювишдан ҳазар қилсин, тобутингни кўтарадиган одам бўлмасин!»
Баъзан замонга мослаштириб қўядиган одатлари ҳам йўқ эмас: «Апараста пайтида жонинг узилсин! Моргдагилар адашиб, қавмларингга аёлнинг жасадини бериб юборсин!»
 Дадамни, илк бор, мактабга борган йилим таниганман.  Дарсдан чиққанимизда, эшик олдида бир амаки баримизга синчиклаб тикилаётганлиги, аниқроғи, кимнидир излаётганини сезиб қолдик. Унинг  нимадандир ҳадиксираганча, жовдираган, аммо, битмас-туганмас меҳрга тўлган нигоҳлари, бўйчан қомати,  жуда танишдек эди.  Бир маҳал у киши тўғри менинг олдимга келди.
- Сан, Суннатулломисан?- сўради хавотир аралаш табассум қилиб..

НОХУШ ХАЁЛЛАР

Етмиш ёшдан ошган (аниқроғи, етмиш тўртга кирган) қотма, бўйчан, сийрак сочлари оқарган, тишларининг ясамалиги сезилиб турадиган, юрганда андак энкайиб, эҳтиёткорлик билан қадам ташлайдиган, нигоҳлари хиралашган,  кўзойнаги остидан сал анқайиб қарайдиган, кўринишда сокин, хотиржам бўлса-да, салга асабийлашиб, серзарда бўладиган, касалванд, жиззаки чолни  кўз олдингизга келтира оласизми? 
Ана шу одам, менман.
Ваҳоб Кабирович Кабиров, дейишади каминани.
Менинг ёшимдагилар, одатда, қачонлардир қилган амаллари билан мақтаниш, ўзларини минбар ва ҳайъатга уриш, ҳукуматга ҳуда-беҳуда ҳамду сано ўқиш, тобут бошида нутқ сўзлаш; хотиралар, гоҳида шеър  ёзишга мойил бўлишади. Булар бари менинг табиатимга зид. Худо сақласин! Ҳатто газетачиларнинг «бахтли кексалик», «нуроний отахонлар» сингари ибораларига киноя ва писхандлик билан қарайман; назаримда, булар бари жуда шалдироқ, носамимий тўқималар бўлиб туюлади. Илоҳим адашган бўлайин-у, етмишдан кейин русларнинг «Старость не радость» деган нақли мазмун, моҳияти билан ҳамманинг эшигини нохуш тақиллатаверади. Ҳатто баҳор тароватидан, мусиқанинг сеҳрли оҳангидан, нозанин  чеҳралардан лаззатланишингга  касалликлар, нохуш хотиралар, ўлим ҳақидаги дилингни сиёҳ  қиладиган ногаҳоний фикрлар ва бошқа  ожизликлар халақит бераверади.

3 ҚИСМ: НОМА № 9. НОМА № 10

НОМА № 9

Ҳар ўн икки ойда келар бир таноб,
Ўзгаларга роҳат-у, менга азоб...
дейдилар мавлоно Муқимий,
Ҳозир, яъни 2011 йилнинг декабр ойида мен шу аҳволдаман,
Назаримда, ўзгалар ўзига тинч, мен эса азобдаман.
Йўқ, ҳеч қанақа танобчи ёки солиқчидан озор чекканим ҳам йўқ.
Гап шундаки, тадбиркорлик ва умуман тирикчилик масаласида қатор
муаммолар билан юзма-юз бўлиб турибман.
Ўтган йиллар давомида табиий газ танқислигига аста-аста
кўникаборган эдик. Уч йилдан буён газ фақат ёзда берилар, қишда эса
ўтин, кўмир ёқишга мослашган эдик. Бу йилга келиб, ёзда ҳам газ
бўлмади.
Бунисига чидаса бўлади. Электр таъминоти масаласи ҳам оқсаб
қолди. Худо буни ҳам қисди. Эндиликда электр лампаларимиз
эрталаб уч, кечқурун уч соат ёнади. Тирикчилигимиз, яъни
бизнесимиз омили бўлган инкубатор учун эса доимий ток керак. Акс
ҳолда, тухумлар палағда бўлиб қолаверади.

3 ҚИСМ: НОМА № 7. НОМА № 8

НОМА № 7

Мусофир бўлмаган, мусулмон бўлмас, дейишади. Жамила
иккаламиз бир йилча мусофирлик жабридан ҳам бенасиб
қолмаганмиз. У кунларни эсласам: “Вой, бечора жоним,” дегим
келади. Дарҳақиқат, машаққатли йиллар эди.
Бизда янги рўзғор соҳибларини “наврўзғор” дейишади. Бу ёшлар,
катталар мададига, айниқса, камбағалроқ бўлса, моддий жиҳатдан
қўллаб-қувватлашга жуда муҳтож бўлишади. Ҳарҳолда, Жамила
иккаламиз жуда ҳам зориққанмиз ўшанда.
Саховатпеша кишилар, энг аввало ана шундай наврўзғорларга
мадад қўлини чўзишса, жуда эзгу иш бўларди ва улар бу яхшиликни
бир умр ёдларидан чиқаришмайди. Бу борада ўзим Кенгисбай деган
қозоқ чолдан бир умр миннатдорман ва ундан ибрат олиб, кейинчалик
бир неча наврўзғорларга бепул жўжа берганман.

3 ҚИСМ: НОМА № 5. НОМА № 6

НОМА № 5

Телевизоримиз бузилиб қолди ва уни устага элтиб бердим.
“Зангори қути”га жуда ҳам ўрганиб қолган эканмиз, кечқурунлари не
юмуш билан банд бўлишни билмай, гарангсиб қолдик. Шунда,
беихтиёр китоб ўқишга киришдик.
Гагарин кўчасидаги вет дорихона ҳақида гапиргандим. Бир неча
йилдан бери улардан омихта ем ва дори-дармон оламан. Дорихона
бошлиғи (Улуғбек деган йигит) “Жўжаларни парвариш қилиш” деган
китобча берган эди. Жамила шу китобни топиб, ўқишга киришди.
Мен эса ўғилларим совға этган “Маҳмудхўжа Беҳбудий” деган
китобни қўлга олдим.
Энди иштиёқ билан ўқига киришган заҳотим, Жамила
диққатимни бўлди.
- Хўжайин, бу бройлер жўжаларнинг еми бошқача бўларкан-ку!
Мана бу ерга ёзиб қўйибди. Тағин, бу жўжаларнинг светини кечаси
ўчирмаслик керак, деб ёзишибди. Сиз бўлсангиз...
- Майли, кейин ҳал қиламиз...
- Йўқ, ҳозир Улуғбекка телефон қилиб, аниқлик киритинг, деди
якравлик ила. Кейин эсдан чиқиб кетади.

3 ҚИСМ: НОМА № 3. НОМА № 4

НОМА № 3

Жамила биқин оғриғидан бот-бот шикоят қилгани боис, уни
машинага миндириб, докторга олиб бордим. “Ўтхалта шамоллаганга
ўхшайди”, деди хотинимни обдон текшириб кўрган врач. Уч-тўрт кун
ётсин, отдай қилиб юборамиз.”
Бу шифохонани “вниик” дейишади. Гап шундаки, шўролар
замонида Бутуниттифоқ қоракўлчилик илмий-тадқиқот институти шу
тўрт қаватли бинода жойлашганди. ( ВНИИК – Всесоюзный научно-
исследовательский институт каракулеводство). Мустақиллик эълон
қилингандан кейин олимлар бир муддат маошсиз қолиб, бу ерга
келмай қўйдилар ва шаҳардаги эски биноларига қатнайбошладилар. У
пайт туманимиз ҳокимаси Раҳима Ҳакимова деган, тутганини
қўймайдиган, уддабурро аёл эди. Депутатлик мавқеидан фойдаланиб,
Тошкентдаги казо-казолар рухсати билан бинони туман тасарруфига
ўтказди ва марказий шифохонага айлантирди.
Бу – ҳокиманинг энг катта ва эзгу хизмати эди! Опанинг бўшалиб
кетганига кўп йил бўлди. Аммо одамлар унинг айнан шу хизматини
бот-бот эътироф этиб турадилар.

3 ҚИСМ: НОМА № 1. НОМА № 2

УЧИНЧИ ҚИСМ


Асарни янги қисмдан бошлашимга холис бир китобхоннинг
фикри туртки бўлганлигини таъкидлашим зарур. У мазкур
“номалардан” мамнунлиги ва эътирофларини таъкидлагач, каминани
ўзбек адабий тили қоидаларинига кўпроқ риоя қилишга чорлагандай
бўлди.
Аслида, Абдулла Қодирий қаҳрамонларини тирилтириш ва уни ўз
забонида, яъни эски ўзбек тилида сўзлатишда бир қусур бўлмаса
керак. Аммо фикрлаб кўрсам, қадимий тил кўпроқ сатира ва юмор
талабларига жавоб берадигандай.
Менинг қораламаларим эса тобора жиддий тус олаябди ва бундан
кейин (бошимни кундага қўйиб бўлса ҳамки) публицистик руҳни
кучайтириш, аниқ шахслар, бўлиб ўтган воқеалар, расмий
рақамлардан фойдаланиш ниятидаман. Жиддий масалани ёритиш
учун эса жиддий ва устивор забон керак.
   Бу асар Мустақилликнинг дастлабки йилларида ёзилганлигини ва мазкур қийинчиликлар табиий бир ҳол эканлигини ҳисобга олишингизни ҳам сўраб қоламан.

2 ҚИСМ: НОМА № 11. НОМА № 12

НОМА № 11

Вақти нонушта эрди, жуфти ҳалолимиз Жамила каминага зоҳирий
истеҳзо ва ёширин сарафрозлик ила нигоҳ ташлаб, тагмаънолик ила
сўроқ айлади: “Дадаси, эрта - ўнинчи август, қаноқа кун?”
Завжамизнинг одати шуноқа, ногаҳоний сўроқ бирла каминани
гангитмоқ, ҳижолат этмоқни хуш кўрадур. Балалардан бирортасининг
туғилган куни бўлса лозим, деб фикр қилдим, аммо бир сухан
деёлмай, лаллайиб турдим. “Махсумзодасиз, давом берди аёлимиз,
андак зарда бирла. Доим фаромуш қиладурсиз. Эрта тўйимиз бўлган
кунга йигирма беш йил тўладур.” “Эй жонидан...”дедим, меҳр ва
пушмонлик ила жилла саросима бўлуб, сан тилло заифасан,
фариштасан!” Ачош қилиб олмоқ истадим-у, ўғуллардан андешага
бориб, ўзумни тутдим.
Зарур саналарни ёдда тутмоқ, аларни нишон этмоқни, аввол-
азалдан Жамила ўз гарданига олгани боис, камина анинг умедида
бепарво бўлганман. “Эмди бундоқ қиладурмиз, давом берди
завжамиз, сиз мана бу рўйхатни олиб, бозор боринг, ушбу
неъматларни муҳайё қилинг. Бегоҳи ҳам ифтор қиладурмиз, ҳам
юбилей. Рўзғор даврасида. Ман бориб келинни келтирурман,” деди
ишонч бирла.

2 ҚИСМ: НОМА № 9. НОМА № 10

НОМА № 9

Хотирингиз панд бермаса, деган эрдимки, қисмат деган шумшук
кўргулук вужудингга бигизини бот-бот суқиб олмоқни хуш кўрадур.
Гоҳида ноарзанда яънеким заррадай хушбахтлик ато этиб, эвазига
катта дилсияҳликка рўбарў этадур.
Начора: ҳар нимарса учун жавоб бермоқ керак – тоҳатто
ногаҳоний сархушликлар учун ҳам.
Якшанба дачада экинларни суғорар маҳалим эшик очилиб, Мария
апа кириб келди ва бадазон кўзойнак тоққан, бисёр озода либос
кийган, хуштакаллуф, аммо зоҳиран ҳуркак мардак намоён бўлди. Бу
одам Фидел Арабов бўлғонин бозуд фаҳмладим. Алар камина бирла
қўл бериб кўрушдилар. Бадаз ҳолпурслик, эр-хотун гул-у, экинлар
аралаб, гулгаштлик қилиб юрдилар ва иншоллоҳ, мамнунлиқ
топдилар. Бу ҳолдин камина ҳам бисёр сархушлик топдим, аларга
эҳтиромлар намоён этиб, ўтуруб ҳордиқ чиқармоқлари ниятинда жой
тайёр қилдим, алма, олболу тердим, қисса кўтоҳ дилларини топмоқ
ташвишига тушдум.

2 ҚИСМ: НОМА № 7. НОМА № 8

НОМА № 7

Бадаз намози аср, ногаҳон хотиримга Мурод муаллим намоён
ўлди ва якчанд сана ўтуб, ул хокисор, ҳақгўй банда бирла рўбарў
бўлмағонимдан надомат тортдим. Боиси, ул мардак кундуз мактаб
қатнаб ва бадазон қаравуллик қилгани боис деҳага кам келур эрди.
Кел-ей, Калвак, шу инсонни бир зиёрат эт, кўнглуни кўтар, деган аҳд
бирла эмдиликда “дача” деб аталадурғон Шўро бобонинг боғи тамон
равона ўлдум.
Бу фоний дунёнинг ишлари ғалат. Мурод муаллим адолат,
ҳақиқат ва кори савоб ниятинда амалдорлар эшигига сарғаядур,
юқорига шикоятлар ёзадур. Қисса кўтоҳ, шу мардум, шу юрт, деб жон
сўзон қиладур. Аммо бечорани “ёзувчи” деб маломат қилурлар.
Таажжубки, нопок бандалар ҳам, амалдорлар ҳам анга нафрат нигоҳи
бирла қарайдурлар. Тоҳаттоки жоҳил, қалоқ бандалар ҳам бунинг
моҳиятига етмай, муаллимни ғийбат қиладурлар.

2 ҚИСМ: НОМА № 5. НОМА № 6

НОМА № 5

“Хоҳиш этсаларинг, эртага тоққа сайрга борадурмиз”, деди
Найимбек. Тархашлик этмадик ва авволи шаб ноз-неъмат
тараддудини кўрдук. Саҳармардон офтоб шўъла кўрсатмай, боре
рўзғор жамулжам ўлуб, “Matis”имизга ўтурдук ва қаёндасан, Тахти
Қароча давони, деб йўлга тушдук.
Қирларнинг ёнбоши фасоҳат-у, жозибаси бирла кишига
дилхушлик бахш этур эрди. Кўча лаб-лаби дарё ўрлагани боис
тамошодан кўзунг ва дилинг беҳад ҳаловат топур, завқинг чандон
ошур эрди.
Якчанд кент-у, деҳалар арқага қолди ва чорчархамиз тоғ йўлидан
зўр бериб, баландга чиқмоқни бошлади. Ёнбағирларда шумтол, арча,
эман дарахтлари зич эрдилар ва алар хушрўй ва хушқоматлиги бирла
дилга хуррамлик ато этур эрдилар.

2 ҚИСМ: НОМА № 3. НОМА № 4

НОМА № 3

Муродбахш чаҳоршанба, бади нонушта аёлим бирла ўғлумни
чорлаб, дедимки: “Худо каминага, ол, қулим деб, ғойибдан фалон
доллар бериб турибдур. Кўкидан. Машварат этайлук: бул сармояни не
муддаолар учун харж этурмиз? Бисёр ва бисёр зарур бўлғон
харажотларни гапурунглар.” Алар таомилни бузмай, одоб ила, андак
сукут қилдилар. Бадазон заифамиз тоқати тоб бермади. “Қиз ўлгур
бўй етиб турибдур, бир бисот олмадук. Эмдиликда қимматбаҳо мебел
элтурлар, тилло ҳалқа, зебигардон талаб қилурлар. Мани ваҳима
босур ва бисёр дилтанг бўлурман, гоҳида ўйқум қочур...” “Тузук,
тузук”, анинг суханини кесмоқдан дигар иложим йўқ эрди. Боиси:
жоғи бир очилса, беркитмоқ бисёр мушкул кечиши каминага
аёндур.”Магарам ҳоли барвақт бўлса ҳам, сан учун бир ҳавуч кўкча
ажратурман. Қолганига семон, ғишт олурмиз. Найимбекка иморатни
бошлайдурмиз”.
“Даркор йўқ, инкор қилди найнавимиз боз, ман Янгиариққа
бормасман. Қачан бўлмасун, Шўро бобонинг боғидан замин
олурман.”

2 ҚИСМ: НОМА № 1. НОМА № 2

НОМА № 1

Яратган эгамга ҳазорон ва ҳазорон шукрларким, Ватандаман ва
инчунин, ўз гўшанг қадри-у қиймати мусофирлик ситамин тортиб,
соғинчи ошгон бандага зоҳиран бисёр ва бисён аёндур.
Машойихларнинг: ўз ўйим – ўлан тўшагим, демиш ибораларини
дилдан такрор ва такрор идрок этурсан. “Ватандан ўзга ёр ўлмас”,
деган қўшуқни хиргойи қилмоқни хуш кўрадурсан.
Экки ҳафтадурки, набирам бағримда, фарзандлар паҳлуйимда,
Жамила бонум атрофимда. Хеш-ақраболар, ҳамсоялар бот-бот
ҳолпурслик қилурлар ва бу ҳолдин беҳад сарафроз ўлурман.
Аввало, ўйимдаги дигаргунликдар хусусинда сухан юрутай.
Арадан ўтғон олти ой мобайнида Московдан рўзғор харжи ниятинда
уч минг доллар юборғон эканман ва Жамила бир тангасини ҳам харж
қилмай сақлабдур. Ана санга заифаи доно! “Аз савдогари Ҳиндустон,
сарфагари сари оштон хуб аст” яъне ким, Ҳиндистон савдогаридан,
ўчоқ бошида исрофга йўл қўймайдурғон заифа баланддур, дейдилар
машойихлар ва аларнинг садақаси кетсанг арзир.

1 ҚИСМ: НОМА № 19. НОМА № 20

НОМА № 19

Ногоҳ киссамдаги тилифон соз чолди. “Тағо, деди шинос авоз,
сиҳатмисиз? Жиянингизман, Қўчқорман”. Биз пурси-пос қилдук. “Бир
кўрушайлук, гап бор”, таклиф қилди у. “Тузук бўлур эрди”, жавоб
айладим. “Ётоқдасизми?” “Йўқ, башқа жойда?” “ Қаёнда?” “Хитой
горадок тамонда”, жавоб қилдим ва хавотирим чандон ошди. Бу
тамонларда нима юмуш бирла юрганимни сўраса, қандоқ жавоб
этурман”, деб хаёл қилдим. Хусусан, Марямнинг ўйида, ул заифа
бирла боҳамро рўзгурзонлик қилишимни фаҳмлаб қолишидан бисёр
қўрқар эрдим. Шукурки, жиян савол бермади. “Сиз метро яқинида
турунг, ман етиб борурман”, деди у.
Борғонимда, жиян ташриф этиб, каминаға интизор бўлуб турғон
экан. Анинг чорчархасидан жой олдим ва тоғо-жиян шиддат бирла
қибла тамон равона бўлдук.

1 ҚИСМ: НОМА № 17. НОМА № 18

НОМА № 17

Москов шаҳринда мусофир бўлғон ҳамватанларни рўйхатга
олмоқ илинжи бирла якчанд масофа йўл ўтуб, мадорим андак қочди
ва Марямхоннинг таваллоси бирла кечани анинг ўйида ўтказдим.
Тонг отиб, вақти нонушта ул маҳваши меҳрибоним деди: “Акои
Калвак, токай бундоқ ўғрунча кириб-чиқиб юрурсиз? Хоҳиш изҳор
қилсангиз, тўрт-беш наздик бародарларни чорлаб, эр-хотунлигимизни
ошкор этиб қўйсак. Билурман: вақту-соати келиб, мандан воз кечиб
кетурсиз. Шу боис, никоҳ рўйхатидан ўтмоқ зарур йўқ, локинда
мачитдан мулло чорлаб, қубба ўқитмоқ жоиздур. Боз: кулбаи
камтаринимга кўчиб келурсиз ва хобгоҳга ақча бермоқ ташвишдан
батамом холи бўлурсиз. Ладнами”? “Ладна, дедим, саркашлик этмай,
якчанд сана фикр юрутуб олғоч, аммо билмоқ истайманки, кимларни
чорлайдурмиз?” “Рўбарўда турадурғон ҳамсоямиз - бобой бирла
кампирни, боз хизмат жойимдан бир-экки заифани, дағи ўзум
ўқитадурғон якчанд баланинг волидасини, қисса кўтоҳ, ўн бошга
етар-етмас. Хоҳишингиз бор ўлса, бир-ярим наздик
бародарларингизни айтурсиз?” “Зинҳор, рад қилдим, бу гап
Маҳаллага етиб борса, шармандаи-шармисор бўлурман”. “Ихтиёр – ба
дасти Бахтиёр, давом берди ул, агар малол топмасангиз, бугун бозор
ва дўкон тушиб, лозим неъматларни келтирурсиз. Мана бу - ақчаси.”
“Даркори йўқ, рад қилдим, маблағ ўзумда бор”.

1 ҚИСМ: НОМА № 15. НОМА № 16

НОМА № 15

Рўзи якшанба раста кезиб, хотунга ваъда этғоним атир уполар, бо
ин жумла зебу зийнатларнинг нархи баландларидан якчандини харид
қилдим. Инчунин, балаларга ҳам бисёр нозуктаъблик ила сайлаб-
сайлаб либослар олдим.
Чиқиб равона бўлар маҳалим, ногоҳ ўша сочлари аппоқ, локинда
башараси ҳабашга қиёс бўладурғон фолбин заифани кўрдум. У
каминани танимади, локинда дағе келиб савол қилдики: “Сан ўзбек
ёки тожик?” Дедимки: “Фолбин бўлсанг, ўзунг топ”. Деди: “Гап бунда
йўқ. Аларни ажратмоқ бисёр мушкул кечур. Магарам, қўл берсанг,
бахту тахтингдан фол очур эрдим”. Жавоб қилдим: “Бир карра очуб
эрдинг, рост чиқмади”. Андак қаҳрга миниб деди: “Сан тўҳмат
қиладурсан, мани айтғоним зинҳор ва зинҳор дурўғ чиқмас”. Бад
бўлғон ҳангомани гапуриб бердим, яъне, ул айтғон заифа илло
ташриф этғонини, локинда каминага меҳр бермай, боз узлатга
чекинғонини баёни арз қилдим. “Айб ўзунгда, забон керак эрдики, ул
нозанинни қўлга киритсанг. Сабр қил”. Фолбин халтасини бир муддат
тит-патит қилиб, хат чиқорди. Дедики: “ Ман Худонинг иродаси
бирла иссиқ-савуқ ҳам қиладурман. Бул қағозни анинг киссасига сол
ёинки, бирор буюми арасига қўй”. “Манга керак йўқ, инкор қилдим.
Йигирма беш йил ўтди, завжаи меҳрубонимга хиёнат этмадим,
иншооло бундан сўнг ҳам зинога йўл бериб, гунаҳкор ўлмасман”.

1 ҚИСМ: НОМА № 13. НОМА № 14

НОМА № 13

Оинаи жаҳонда безори ялтирбошлар ( алар скинхед деюрлар)
хусусинда тамошо бошланди ва бу яввойилар ҳақинда тасаввур пайдо
қилмоқ илинжи бирла диққат жамлаб, бошдан-аёқ кўрдум.
Аввол мардумлар ва мошинлар бисёр бўлғон бир бекатни намоён
қилдилар. Боре одам ўз зиндалиги, ташвиши бирла банд эрди. Бир
маҳал ва ногоҳ, сочи поку билан қиртиш қилиб олинган йигирма
чоғли ўсмир бала пайдо ўлди. Алар калтак, пичоқ тутган ва хунхўр
кўзлари алақ-жалақ эрди. Фурсат ўтмай, ҳа йўқ, бе йўқ, безори
баччалар халойиққа ташландилар. Рўбарў бўлғонни бераҳмлик,
бешавқатлик ила урур эрдиларки, айтғулик йўқдур. Ночор қолған
мардум бақирар, мададга чорлар ё чор тарафга гурезон эрди. Даме
ўтмай, қонга ташна бу олчоқлар ба мисли туман тарқалдилар, яъне
қочиб қолдилар. Бад “тез ёрдам” ва инчунин, якчанд миршаб келди...
Хай, бу бир нохуш манзарани кўрдум. Ул поёнига етмай, оинаи
жаҳонда етимхонани намоён қилдилар. Мажлисгоҳга шумтакаларни
тўпладилар ва аларни олими бозарба, шоири зукко, хонандаи хушавоз
бирла шинос қилдилар. Бу зоти олийлар балалар бирла учрашмоқ,
аларни хушнуд этмоқ умедида ташриф қилғонларини айтдилар.

1 ҚИСМ: НОМА № 11. НОМА № 12

НОМА № 11

Рўзи шанбе дўконлар аралаб борур эрдим, деволда Кличконинг
суратига кўзум тушди. Камина бу ажимжусса полвонни Қиличбек
атайдурман ва ўзумга бисёр дўст-у рафиқ билурман.
Анинг рўбарўсинда ҳўкуздак бир ҳабашнинг ҳам акси муҳайё
эрди. Хатни ўқудум. Якшанба Московда аларнинг жанги бўлмоғини
битган эрдилар.
Неча санаки, тилвизордан Қиличбек жангини кўруб келурман. Бу
азамат ҳар сафар жангга чиқса, дилим завқ-у шавққа тўлур ва
Яратгандан анга фатҳ-у зафарлар тилар эрдим. Солба сол орзу
қилардимки, анинг ўзуни ҳам кўрсам, илож бўлса кўрушсам, деб.
Бо ин боис зудлик бирла тамошогоҳга равона ўлдим. Аммо
дедиларки, чипта тамом бўлди, бугун отлиққа ҳам йўқдур. Олиб-
сотарларни дарак қилдим. Валек...