– Устоз, икки ижодкорнинг суҳбати тугамас экан, буни бугун англадим. Аммо ўқувчиларимизни зериктириб қўймаслик учун суҳбатимизга шу ерда вақтинча якун ясасак. Вақтинча деяпман, сабаби, сизнинг 80 ёшлик тўйингиздан сўнг, албатта, сиз билан суҳбатимиз давом этади.
Одамлар инсон умрини фаслларга менгзашади. Болаликни баҳорга, ёшликни ёзга, кексаликни эса, кузга ўхшатишади. Табиийки, кўпчилик кузни ёқтирмайди ва кексалик ҳақида нохуш гапларни айтиб юришади. Аммо баҳорда гулдан бошқа нарса бўлмаслигини, ёзда мевалар ширага эна бошлашини, барча мевалар айнан кузда ғарқ пишишини унутиб қўядилар. Кексалик ана шундай меваси ғарқ пишган фаслга ўхшайди. Яхши қариган одам умри кузида донишмандга айланади. Кузда мевали дарахт остига сархил мевалар дув-дув тўкилгани каби донишманд кексаларимиздан дур ва жавоҳирга тенг доно фикрлар, маънили ўгитлар, олтинга тенг насиҳатлар дувиллаб тўкилади. Гап бу меваларни териб олиб, мазасини ҳис қилишда.
Инша Аллоҳ, 80
ёшлик тўйингиздан сўнг 90 га бораётган донишманд қария билан суҳбатимиз давом
этади.
– Бир неча кунлар давомида мен билан умр
мазмуни, ҳаёт қадри, адабиёт, санъат, журналистика, ижод завқи ҳақида суҳбатлар
қурганингиз учун сизга миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Умид қиламанки, бу
суҳбатларимиз ёшлар учун, келажак авлодларимиз учун, китобхон дўстларимиз учун
озгина бўлса ҳам манфаатли бўлади. Айрим қусурлар учун узр сўрайман. Ўзимни ва
ўзгаларни такрорлаб қўймадимми, деган хавотирим ҳам бор.
Охирида мен ҳам
сизга бир савол берсам майлими? Суҳбатларимиздан кўнглингиз тўлдими? Менинг
фикрларимга қўшиласизми?
– Ҳамма
фикрингизга қўшилмаган бўлсам ҳамки таъсирландим, устоз. Саволларим ҳали кўп
эди, аммо сизни чарчатиб қўйишдан чўчияпман. Суҳбатимиз ниҳоясида сизга қувноқ
руҳ тилаб қоламан! Ўша, хушчақчақ, чапани дўстингиз таъкидлаган: «Ўладиган
нодон йўқ», деган калом сизнинг ҳам шиорингизга айлансин! Сиз марафонча
югураётган йўлак равшан ва равон бўлсин! Янгамиз бахтига, фарзандларингиз,
невара, чевараларингиз бахтига, биз, шогирдларингиз ва мухлисларингиз бахтига
Аллоҳ умрингизни узун, танингизни соғ қилсин! Юз ёшингизда ҳам бизларга дуогўй
бўлиб юринг!
- Қуллуқ
Комментариев нет:
Отправить комментарий