суббота, 3 апреля 2021 г.

9. Донолар дейдилар

 – Устоз, инсон ёши саксонга борганида ўз-ўзидан доно гапларни айта бошлайди, ҳазиллашиб айтган гапи ҳам биз афоризм дейдиган ибратли сўзга айланиб кетаверади. Кейинги пайтларда кузатаяпман, интернетдаги саҳифангизда ана шундай ибратли сўзларингиз, афоризмлар ҳам эълон қилаяпсиз. Аллоҳ баракасини берсин!

 

– Ҳа, баъзан ана шунақа донишмандона фикрлар ҳам бу кекса бошга келиб қолади. Ўзимга маъқулларини саҳифаларимга жойлаб қўяман. Айримларга ёқади, шекилли, кўпроқ шунақа иборалар ёзишимни сўрашади. «Қайднома» номи остида тўплаб, нашр қилдириш ниятим ҳам бор эди. Аммо, ўзим ва ўзгаларни такрорлаб қўйишдан чўчидим.

 

– Ўқувчиларимизга ана шундай афоризмларингиздан айримларини тақдим қилсангиз!

– Марҳамат!

 

«Қайднома»дан

 

Одамларни тушуниш қийин. Уларнинг аксари оғма ва беқарор. Қишлоқ ёшлари шаҳарга интилишади-ю, бир азобда ўрнашиб олгач, қолган умрларини шаҳар ва шаҳарликларни ёмонлаш, ғийбат қилиш билан ўтказишади. Ёки кексаликни олинг. Ҳамма ҳам мўйсафид ёшларга етишни орзу қилади. Унга етиб олгандан сўнг, кексаликни лаънатлашади. Ўзлари танлаган касбу корни, сайлаган депутат ҳамда ҳукуматни ҳам ёмонлашгани ёмонлашган.

 

* * *

 

Ташвиш сени ташвишга солмагунча сен ташвишни ташвишга солма!

 

* * *

 

 Сен, болам, табиий фанларнинг иқтидорли олими бўлишинг мумкин. Модомики шундай экан, сиёсатга меҳр қўйишинг, зоҳиран амалга интилишинг ғалат. Сенинг ўрнинг парламент ва ҳайъатлар эмас, лаборатория ҳамда тажриба далаларидир.

 

* * *

 

 Даҳоларни даҳо қилган меҳнат ва истеъдоддир.Улар ҳар қандай шароит ва вазиятда ҳам иштиёқ билан ишлаган, ишлаган, ишлаган.

 

* * *

 

Фараз ва фантазияни хомхаёлдан фарқ қилмоқ керак. Энг улуғ кашфиётлар шулардан бошланган. Фаразўлжанинг изига тушган овчини эслатади. Уёғи эса унинг жасурлиги, сабр-тоқатига боғлиқ!

 

* * *

 

Ижодкор учун ёш мутлақ нисбий кўрсатгич. Қирқ ёшда қариб қолган ёки худди шу санада иш бошлаб, донг таратган ижодкорларни биламиз.

Сўнгги нафасигача ўзини навқирон ҳисоблаган кишига ҳавас қилса арзийди.

 

* * *

 

Ҳар ернинг тулкисини ўша ернинг тозиси билан овлаш керак, дейишади. Мабодо, ўша тозилар ҳам тулкига айланган бўлса-чи?

 

* * *

 

Мухбирлар билан мулоқотда бўлишга ошиқаверма. Улар сен туфайли ўзларини тарғиб қилишга мойил бўлишлари мумкин.

 

* * *

 

Оиланг, авлодинг ва миллатингни ўзинг эмас, ўзгалар таърифласин!

 

* * *

 

Қора сигир оқ сут, қора товуқ оқ тухум беради.

Ўзи қора бўлмай қора ишлар қиладиган сут эмизувчини биласизми?

 

* * *

 

Ғам ема, азизим, ғам ема!

Йўқ, ғам мени еяпти.

 

* * *

 

Йўқ! Уч-тўрт ёки ўн йилда ҳаммаси яхши бўлиб кетмайди. Чунки, ҳар қандай шароитда ҳам бизнинг талаб-эҳтиёжларимиз давр тараққиётидан олдинда туради.

 

* * *

 

Минбарларга бот-бот кўтарилиб, мажлис аҳлини ўз қарашларига давъат этадиган кишини тез юрадиган соатга ўхшатардим. Одамларга эса, тўғри юрадиган соат керак!

 

* * *

 

Сен менинг асаримда нималар йўқлигини гапирма. Унда сен айтганлардан ташқари Гиппократ қасамёди, Гагарин парвози каби масалалар ҳам йўқ. Чунки, булар менинг асаримга керак эмас! Сен асарда нималар борлигини гапир!

 

* * *

 

Халқ адашмайди, у ҳамиша ҳақ, дема. Ахир халқ ҳам сен билан мендай кишилар гуруҳидан иборат бўлса, у кўп адашади, ноҳақликлар қилади.

 

* * *

 

Айрим одамлар кўзгуга боққанда, аввало, ундаги доғни кўрадилар.

 

* * *

 

Ўрта Осиё халқларининг барида «дўст» ва «душман» сўзи ёнма-ён келади.

 

* * *

 

Одамларнинг сен билан ҳисоблашишларини ҳис қилиб туриш – мароқли.

 

* * *

 

 

Қарол билан қиролнинг фарқи битта ҳарф.

 

* * *

 

Театрга одамлар бормай қўйишди. Эҳтимол тўғри қилишар. Оила даврасида ўтиши керак бўлган шомнинг энг шавқли дақиқаларини ёт муҳитда ўтказиш, эҳтимол, унчалик зарур эмасдир.

 

* * *

 

Унинг теледастурдан ўзга нарса ўқиганини эслолмайман.

 

* * *

 

Диогеннинг бочка ичида яшаганини пеш қилаверма. Ҳарқалай, ўша бочка ичидаги шароит бетон уйдагидан ёмон бўлмаса керак?!

 

* * *

 

Сен бузилдинг! Биз, катталарни кечир, ўсмир!

 

* * *

 

Виждоннинг ўтмаслашиб қолишига тириклик тарзи ва нопок дўстлар сабаб бўлади.

 

* * *

 

Икки киши жанжаллашса, айб ақллисида, икки миллат жанжаллашса айб зиёлисида!

 

                                           *  *  *

Кексайганда ТВга чиқишга бало борми? Одамлар ёш ва гўзал чеҳраларни кўргилари келади. Маслаҳату насиҳатларинг ҳам зарур эмас. Ўтган йиллар давомида ҳамма гапларингни айтиб бўлгансан!

 

 

Комментариев нет:

Отправить комментарий