суббота, 3 апреля 2021 г.

7. Миллатчилик - фожиа

 – Устоз, Самарқанд - кўп миллатли шаҳар. Вилоятда ҳам турли миллат вакиллари яшайдилар. Ташқаридан қараганда, тинч ва сокин кўринган денгизнинг тагида пўртаналар яширин бўлганидек, самарқандимизни кўп миллатли деб доим мақтаниб гапирганимиз билан баъзан миллатлар ўртасида мухолифлик сезилиб қолади. Давраларда амал, мансаб, лавозим, ҳатто бозорлар, ҳудудлар кимга тегишли экани ҳақида гап-сўзлар урчийди. Албатта, бу жуда қалтис мавзу. Ҳамма билади ва ҳеч ким бу мавзуда ёзмайди. Сиз, тожиксиз, аммо биз, ўзбек қаламкашларига устозсиз. Сизда миллатчилик йўқ ва мудом бизни ҳам бу иллатдан узоқ бўлишга чорлайсиз. Аммо айнан шу иллат туфайли озор чекканларингизни ҳам унута олмайсиз...

 

– Тан олмоғим керак, каминани умр давомида ташвишга солиб келган нарса, миллий масала, аниқроғи, ўзбек ва тожик муносабатлари бўлиб келди. Ўзимнинг миллатим тожик (паспортимда ҳам шундай қайд этилган). Аммо ўзбек журналисти, адибиман. Демак, камина ҳар иккала миллатга ҳам садоқатли бўлишим, бу борада тариқча мунофиқлик қилмаслигим шарт! Айрим нотаниш давраларга қўшилмай тураман. Бу ерда бирор миллатчи ўзбек ёки тожикни камситиб қўйишидан хавотир тортаман. Иттифоқ даврида Тожикистон ёзувчилар уюшмасига кирганим ёдимда. Ўзбекистонлик тожик эканлигимни эшитиб қувонишди, аммо ўзбек тилида ёзишимни айтгач, муносабатлари кескин ўзгарди, нохуш гаплар гапиришди. Мен у ерга қайтиб бормайдиган бўлдим. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ёки унинг Дўрмондаги боғига ҳам бормайман. Бу давраларда нафақат тожик миллатини, шу жумладан, қирғиз, рус, қозоқларни ҳам камситиш пайида бўлишади. Фақатгина ўзбекнинг буюк миллат эканлигини таъкидлаб туришни ёқлашади. Бу миллатларнинг тарихи ҳақида гап кетганда, ҳар ким ўзича этнограф олим бўлиб кетади, тарихий, илмий хулосалар нарига улоқтирилади. Бартольд, Бертельс, Толстов сингари жаҳон тан олган олимларга нисбатан нописандлик қилишади.Эндиликда бу касаллик facebook да ҳам юз кўрсатмоқда

Аслида, миллий масалада ҳеч қачон ҳам ҳаммабоп ҳақиқат бўлмаган. Авваллари, шаклланиб улгурмаган зиёлилар миллатчи бўлишади, деб ўйлардим. Аммо анчайин номдор ёзувчи ва олимлар ҳам миллий маҳдудликка берилишларига гувоҳ бўлдим. Миллий ғурури миллий маҳдудликка айланган киши эса ўзгаларга нисбатан бўрига айланишларига қайта-қайта гувоҳ бўлдим.

 Тўғри, миллатнинг яхши хислатлари, анъаналарини санаб ўтиш керак, аммо буни бошқаларни камситиш ҳисобига қилсанг, мардликдан бўлмас. Бунга Кавказорти республикаларида бўлиб ўтган хунрезликларни мисол қилиб кўрсатиш ўринли бўлар эди. Грузияда бўлганимда айрим гуржиларнинг осетинларга нисбатан ўта нописанд муносабатларини кўриб, ранжигандим. Ниҳоят, осетинлар ҳам анойи эмаслигини кўрсатишди: ҳақ ҳуқуқларини талаб қилишди. Қон тўкилди ва улар Россияга қўшилишди.

Биламан, фикримга қўшилмайсиз, аммо мен Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига қўшилиш тарафдориман. Бу иқтисодий аҳволимизнигина эмас, миллий муносабатларимиз, қарашларимизни ҳам янгилаш имконини беради. Биз истаймизми, йўқми, жаҳон Евроосия иттифоқидан ўрнак олаверади. Зеро, булар бари алоҳида мавзу...

 Иттифоқ даврида Болтиқбўйи руспубликалари бўйлаб саёҳатда бўлгандим. Уларнинг ўзаро эҳтиромларига ҳавасим келганди. Бу миллатлар биринчилардан бўлиб мустақиллик манифестини эълон қилишди ва Иттифоқдан ажралиб чиқишди. Шуниси эътиборлики, мустақил бўлгач ҳам чегараларни беркитишмади, аввалгидай дўстликни сақлаб қолишди. Марказий Осиё республикаларида эса мустақилликдан кейин уруш ҳолати юзага келди.

 Тарих томон бурилсангиз, туркий қавмлар азал-азалдан бир-бирлари билан келишмай яшаганларини кўрасиз. «Ўтган кунлар»ни ўқинг, адиб туркийларнинг адоватларидан куйиниб кетганини тасвирлайди. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ, Месхети турклари, қирғизлар билан бўлган хунрезликларни эслашнинг ўзи кифоя. Аммо тарихда ўзбек билан тожик бир-бирига мушт ўқталмаган. Тожикистонда тожиклар ўзаро қон тўкишди, юз минглаб кишилар қурбон бўлдилар. Аммо, шукурки, бу ерда ҳам ўзбек - тожик муносабатига дарз кетмади. Мадомики, тарихнинг энг қалтис лаҳзаларида буюклар руҳи қўллаган экан, келажакдан хавотир тортмаслик мумкин. Мен Тожикистондаги вазиятдан қаттиқ хавотирга тушганим рост. У ерда ўзбекларга қарши қўл кўтаришса, унинг акс-садоси бизга етиб келиши ҳеч гап эмасди.              

 

                                              *  *  *

 

 

– Устоз, суҳбатимиз қизиб, бошқа мавзуларга ўтиб кетдик. Сиз билан тушкун кайфиятда ёзган «Сарҳисоб»ингиз ҳақида суҳбатлашаётган эдик. Сиз юқори жағингиздаги шишни врачлар рак деб тахмин қилишгани ҳақида айтаётган эдингиз. Охири нима билан тугади?

 

– Ҳа, у мавзудан анча чалғиб кетибмиз. Хуллас, самарқандлик докторларнинг хулосаси дудмал бўлганлиги сабаб, Тошкентга қараб йўл олдим. Июл ойининг ҳаво ҳарорати 40 даражадан баланд бўлган кунларида Тошкентдаги «Республика онкология илмий маркази» деб номланадиган даргоҳда, у ёки бу врач эшиги олдида соатлаб навбат кутиб туришга тўғри келди. Ниҳоят, доктор милкимдан олинган биопсияни морфология бўлимига жўнатди. Бу ерда рак касалигининг ўнлаб турлари ҳақидаги йириклаштирилган фотоларни кузатиб, унга аниқ ташхис қўйиш, яъни хавфли ўсма билан хавфсизини фарқлаш анчайин малака талаб қилар экан, деган хулосага келдим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам бу дардни енгиш муаммо бўлиб қолаётгандир. Зеро, ташхис қўйишнинг ўзи шунчалик қийин бўлгандан кейин, даволаш ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Хуллас, анчайин оворагарчиликлардан сўнг текширув натижаларини ЛОР бўлимига юборишди.

 – Сиз яшайсиз, бу хавфсиз ўсма экан, – деди врач анчайин лоқайд ва совуққонлик билан.

Мен ҳам дафъатан қувонмадим.

– Режаларимни ўзгартириб юбордингиз, – деб қўя қолдим.

Ўзимни руҳан, нари борса бир йиллик рўзгурзонликка тайёрлаб улгурганимни у тушунмади ҳам.

– Хулосани бир парча қоғозга ёзиб бера оласизми? – илтимос қилдим.

У индамай қоғозга алланималарни ёзиб, қўлимга тутқазди. Мен миннатдорчилик билдириб, ташқарига чиқдим. Шифохона ҳовлисидаги муъжазгина чойхонага бориб, чой буюрдим. Каравотга қулай ўрнашиб олиб, ўзбек тилида «Маълумотнома» деб ёзилган хулосага кўз югуртирдим.

«Ўзбек тилида» деган иборага урғу беришимнинг боиси шундаки, медицинага оид ҳужжатлар, шу жумладан, маълумотнома ва касаллик тарихи нуқул рус тилида ёзиларди. Бунинг устига ундаги ибораларнинг ярми лотинча бўлгани ва докторларнинг бадхатликлари боис тишим ўтмай, кўп хуноб бўлганман.

Майли, гапни шу ерда чала қолдириб, ҳужжатнинг ўзбекча ёзилганлигидан қувонишим сабаблари ҳақида гапирай. Шахсан мен рус тилини бурро билмаслигим оқибатида кўп бор камситилганман. Ҳозирги «Шарқ» матбаа концерни ҳисобхонасида нуқул рус аёллари ишларди. Республика газеталари таҳририятларида ишлаганимда у ерга кириб туришга мажбур эдим. Ҳисобчи хотинлар талаффузимизни калондимоғлик ва буюкмиллатчилик оҳанги билан мазах қилишарди. Аэропорт, автобус кассаларига яқинлашишдан олдин нима дейишимни қайта-қайта машқ қилиб олардим. Институтда ўқиганимда, бир рус яҳудийси имтиҳон пайтлари рўйи-рост «ненавижу этих узбеков», дер ва биз баримиз бошимизни хам қилиб турардик. Айтинг, бу кишининг ўз юртида мусофир бўлиши эмасми?!

 Тағин бир мисол: 1983 йили Шароф Рашидов вафот этганда, мен «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ишлардим. Бош муҳаррир Одил Ёқубов дарҳол гулчамбар тайёрлатиб, уч-тўрт киши билан олиб боришимни тайинлади. Скверда (ҳозирги Амир Темур майдони) шу юмушга ихтисослашган дўкон бор эди. Гулчамбарнинг қора матосига тушириш учун «Шароф Рашидовга «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси коллективидан» деган ёзувни қолдириб, икки соатлардан кейин келганимда, буюртма тайёр бўлган экан. Бу ерда, «Тошкент оқшоми»да ишлайдиган ва худди шундай ташвиш билан юрган ҳамкасбимни учратиб қолдим. У менга тегишли гулчамбарга кўз югуртирди-ю, «Ие, ўзбекча ёздирибсиз-ку?» деди. «Нима, мумкин эмасми?» сўрадим. «Мумкиндир...» деди у чайналиб. Мен хавотир аралаш атрофдаги гулчамбарларга кўз югуртирдим. Ҳаммаси рус тилида битилганди.

Видолашув Халқлар дўстлиги  саройида ўтказилаётган эди. У ерга яқинлашиб борган сари, кўзим олазараклик билан одамлар кўтариб бораётган гулчамбарларда бўлди. Ўзбек тилида ёзилган лоақал бирорта гулчамбарни кўрарман, деган умидларим эса ҳар гал саробга айланиб қоларди. Баланд қилиб ўрнатилган тобутга яқинлашиб боришимиз билан, бир сипойи ёзувларни енгилгина ўқиб ўтказаётганлигига гувоҳ бўлдим, дилимда нохуш хавотирлик ўйғонди. «Ўзбекча ёздириб қўйибсиз-ку?» деди у надомат ва нописандлик билан ва қўшиб қўйди: «Чеккароқда туринг, бошқалар ўтишсин, кейин қўйиб юбораман». 

Биз (ўзбек тили иккимиз) ўксибгина ўтирдик. Бир неча дақиқадан сўнг у бизга чиндан ҳам «яхшилик қилиб», ўтказиб юборди. Марҳумнинг пойи гулчамбарларга тўлиб кетган эди. Мен бўш жой тополмадим ва қўрқа-писа, русча ёзилган бир гулчамбар устига қўйдим. Дафъатан енгил тортиб, ташналик билан, тағин ўзбекча ёзилган гулчамбар изладим, аммо учратолмадим. Кўзимга ёш келди: Худо ҳақи, ўшанда катта минбарларда йиғилиш аввалида бир оғиз «Ассалому алайкум», дея олган ва бир умр русча маъруза қилиб ўтган Шароф Рашидовга ҳам, она тилимизга ҳам ачинган эдим.

Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги йиғилишда мухолифат раиси: «Ўзбек тилига давлат тили статуси берилиши шарт!» деди ва кўп ўтмай, шундай шиор кўтариб, кўчага чиқишга даъват этди.

 Мен ҳам, кўплар қатори, шундай шиорни кўтариб чиққаним билан ҳозиргача ичимдан фахрланиб қўяман.

Бу пайтга келиб, Болтиқбўйи ва Кавказорти Республикаларида шундай ҳаракат бошланган, айримларида Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинган эди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида эса, биз биринчи бўлиб шундай қонунни қабул қилдик. 

Узр, мавзудан чекиниб кетдим. Хуллас ўзбек тилида ёзилган маълумотномани ҳижжалаб ўқишга киришдим:

Маълумотнома № 8075

Рахматов Нусратилло 1941 шул ҳақидаким у РОИМ поликлиникасида 14 07 15 дан 16 07 15 гача амбулатор текширувидан ўтди. Комплекс гистологик хулоса № 18996 19000б. Гигант ҳужайрали этулис. Юқори жағ алвеоляр қисми этулиси. Тавсия хирургик даво.

 Врач Шукуров З.М

 Рус тилида ёзилган хулосаларни тушунмай, бот-бот хуноб бўлганлигимни ёзган эдим. Ҳарчанд уринсам-да, ўзбек тилида ёзилганининг ҳам мазмунини чақолмади . Энг муҳими, унда мен не-не уқубатлар чекиб, кутганим: «Бу бемор рак эмас экан», деган жавоб йўқ эди. Шунинг учун уни, ўзимча, ўзбек тилига, аниқроғи оммабоп ва тушунарли забонга ағдардим.

«Бу банданинг айрим қилиқлари Худога хуш келганлиги боис, умри номаълум муддатда узайтирилсин!

Буйруқни оққа кўчирувчи врач Шукуров З.М.

«Номаълум муддат»... Қизиқ, у қанчага чўзиларкин?! Балки ўн йилдир, ундан кўпроқдир ё озроқдир... Ўн йилдан сўнг эса саксон тўртга кираман. Ундан ортиғи зарур ҳам эмас. «Дард ёмони қариликдир, ёронлар», деган Махтумқули. Яшайлик-чи, кўраверамиз.


 

Комментариев нет:

Отправить комментарий