Пайшанба бирла жума ўтди. Аввал худога шукроналар ўқуб, бундоқ фароғатдан бенасиб қилмагайсан, ямон ҳамроҳ, ҳамхона офати жондур, андин ўзинг сақла, дедим, аммо билурсизларким, бандаси беқаноатдур, ношукурдир. Уч шаби рўз кечган эрди зиқ бўлдим, дилим косаси ҳасратга тўлди. Тағин тангрига илтижо этдим: «Москов шаҳринда забони узилган гунгга, қулоғи қирқилган карга айлантириб қўйма. Ғариблик бирла мусофирлик азоби устихондан ўтди. Бир сўфитабиат ҳамроҳ юборким, ул мўмин бирла адолат, диёнат ва охират ҳақинда суҳбатлар қурайлик». Иншооллоҳ, оҳу-зорим осмону фалакка етди чоғи, эшик нозиктаъблик бирла тақиллади. Бирор заифа келдиму, номаҳрамлик бўлмасун деб, яктагимни елкамга олдим. Магар заифа бўлса, қандоқ муомила қилурман, деб андишаларга бордим, то ҳаттоки шайтони лаин каминани ножоиз йўлларга бошламоқ пайида ҳам бўлди, лек гуноҳга юз ўгурмасликка қарор айлаб эшик очдим. Остонада денглар, эмди қиличдай хушқомат бир йигит турур эрди. Эҳтиром сақлаб: «Ассалому алайкум, устози муҳтарам», деди. Ўзга осмон тагинда она каломни эшитмоқ – бисёр ҳузурбахш ҳамда серҳаловат эрди; дилим завқ олиб, қарочуғимда ёш айланди. «Ваалайкум ассалом!» дедим фақир ҳам қироат бирла. Ногаҳоний шогирд қучоқ очиб, каминани бағрига босди. Дедики: «Сиз муҳтарам зотни фалон йилдан бери билурман ва эҳтиромим бисёрдур. Зеро, сизни кўрмоқликдан сарбаланд-у сарафроздурман!» Бисёр ва боз бисёр мамнунлик топдим. Ана дейман заковат; боз тағи орифлик бирла маъруфлик! Анинг ўзи бисёр эмин, суханронлиги шоҳис¬та эрди. Мисоли юз йиллик қадрдондек апоқ-чапоқ бўлдик. «Мани Шарқий деюрлар, давом берди шогирдим, заковатпешалик бирла, тўлуғ номим – Шарқий ибн Ота Араб Бухорий». «Бундоқ бўлса, асли Бухорои шарифдандурсиз?», савол айладим. «Бале, деди, зукко ва аълофаҳм устозларнинг садағаси кетсанг арзир».
Гапдан гап чиқиб, шу нарсалар аён бўлдики, (магар деганлари чин бўлса) падари бузруквори араб, модари муҳтарамайин тожик, ўзи бўлса ўзбек экан. Тағи дедики; «Етти тилни билурман, уч забонда шеър битурман». Бир маҳал денглар, Қуръони шарифдан шундоқ сураъ қироат қилдики, тукларимга жон кирди. Ҳай, ҳай, дедим сани тарбия қилгоннинг падарига раҳмат! Бухорои шарифда ҳам, Тошкану Московда ҳам уйи бор эмиш. Ўзи олими бозарба, шоири зукко (гапини шеър қилиб айтади) экан. «Эй шогирди камолрас, дедим, андак андеша тутиб, магарким уй учта бўлса, хотун ҳам...» «Эй устози пурҳавас, деди бош эгиб, бир қошуқ қонимдан кечинг, эмди, вақтида шундоқ гуноҳ қилганмиз». Фатво бердимки, бу шариатда раводур, хижолат тортмоқ чикора?! Гуфтигўйимиз авжига чиқди. Аён бўлдиким, казо-казо зотлар ва пешволар бирла ҳамнишин-у ҳамроз бўлган экан. Жайхун бирла Сайхун аролиғинда ани билмайдурғон киши чиқмоғи амри маҳол эмиш. Шарқий фақат ўзини улуғламай бот-бот каминани ҳам сифатлар, ҳамду сано ўқурди. Бу ҳолдан сарафроз ўлмоқни ҳам, ҳижолат чекмоқни ҳам билмасдим. Ҳа, тиллотабиат эрди бу одам. Чунони бамисли Искандар хуррак тортмас, шаробни оғзига олмас; Дерсу Узаладек сержоғ-у бефаҳм эмасди. Гапини етти ўлчаб гапирар, иззат-одобни жойига қўйиб қўярди.
Устозу шогирд то нисфишаб суҳбат қурдик. Бевафо умрнинг бебақо ташвишлари, пул топмоқ, рўзғор тебратмоқ хусусинда ҳасрату надоматлар бўлди. Шар¬қий– Саъдий, Ҳофиздан байтлар, рубоийлар ўқуб, нопок амалдорларга нафрат ўқирди. Аён бўлдиким, ҳақиқатгўйлиги сабаб, бисёр мусибатлар чеккан экан. Зукколик ила миллат хусусинда жонсўзликлар қилар, ғайридинларга нописандлик кўрсатарди. Нопок эркаклар, қаллоб шогирдлардан андоқ нафратландики, ҳадди йўқ.
Вақти саҳар шаҳарга йўл олдим. Вақти шом кулбамга ихтиёр этсам, шогирд шеър бирла пешвоз чиқди.
Эй устоди меҳрдор,
Шарқий сизга интизор!
Дедимки: «Зукко ҳамда ҳозиржавоб шогирднинг садағаси кетсанг. Бундоқ жаннати одам бирла ҳамхонаю ҳамсуҳбат бўлмоқ...» у суханимни кесиб, давом берди: «... савобларга тўлмоқ». Зуд ўтмай, ул садоқатманд шогирд чой келтурди ва камина ҳаловатдан ийиб кетдим. «Мулло Шарқий, дедим, сизни каминага худонинг ўзи юборди; баръакс дилхуну дилранж бўлур эрдим. Экки банда ҳамхона бўлди – ман қон қақшадим. Деди: «Сизга озор етказган нонкўрга худо жазо берсун! Неки хизматларингиз бордур каминаи камтарин камарбастадур!» Жавоб айладим: «Шу каломнинг ўзи кифоя ва андин сарафрозман.»
Бадазон хушчақчақлик қилдик. Шеърхонлик, латифгўйлик бўлди. Бир маҳал савол айладимки: «Эй шогирди баркамол, хотун учта деган эрдингиз, бала-чақачи?» «Бала -бор-у, чақа йўқ, чақа бор-у ақча йўқ», суханбозлик қилди у. Эй дедим, офарин сандай зуккога. Шарқий бўлса шакаргуфторликда давом этарди:
Устоз отадан улуғ,
Дили шафқатга тўлуғ.
Шарқий шудир ҳақ йўли –
Табаррук устоз пули!
Во баччағар, дедим ичимда, бу нимага шаъмаю ишора қилди? Ё шаҳри мусофирда камхарж бўлиб, пулга зориқиб қолдими?! Боз андак танаффус ўтказиб, савол айладим: «Эй шогирд, пул дегани қўлнинг киридур ва ул бебақо-ю бесамардур. Магарким, бесармоядурсан – ранж тортма!» Деди: «Аълофаҳм устозларнинг қурбони бўлсанг арзир.» Жомадонимни шартта очдим-у, бойламадан фалон сўмни олиб, қўлига тутқаздим. Дили равшан тортиб, кифригига нам олди. Қўлимни ўпмоққа харчанд азм қилди – имкон бермадим. «Устози бузруквор, ушбу саховатингиз ўн бўлиб қайтгай», деди.
Айни шом маҳали фалаки бебақонинг кечмишлари борасинда гуфтигўй қилиб турган эдикки, эшиб очилиб, остонада экки жонона юз кўрсатди. Ушбу жувонларни таъриф этадурғон бўлсам, уларнинг ҳар бири бир парипайкарга баробар эканлигини таърифлаб ўтмоқ ҳам қарз, ҳам фарздур. Ана ҳақиқ лаблар-у, ана хипча беллар! Яноқларнинг гулгунлиги, чеҳраларнинг беғуборлиги, кўкракларнинг баркамоллигини бирма-бир таъриф этадурғон бўлсам, гуноҳга ботишдан чўчурман. Вой сани... Кўзларнинг хуморлиги, гилосранг лабларнинг ташналигини кўруб, хаёл қилдимки, бу ҳам оллоҳнинг бир инояти ва биз бегуноҳ бандаларга кўрсатган кароматидур.
Алар ўзларини ичкари олиб, Шарқий бирла гарму жўшон кўришдилар, ҳолпурсликлар, шакаргуфторликлар қилдилар. Англадимки, қўҳна ўйношлардур. Бадазон икковлон Шарқийни силаб-сийпашга, ялаб-ясқашга киришдилар. Камина бу ножоиз ҳолдан андак ҳижолат тортиб, каловланиб, бо дағи эсанкираб қолганимни гарданига олмоғим жоиздур. Бир замон алар мандан тариқча ҳам тап тортмай, бир-бирларига андак бешарм-у беҳаё гапларни айтишга киришдиларки, фақир бисёр дилтанглик тортдим. Жувонларнинг серишваси шогирдимга савол айлаб қолди. «Шарқий, бу амаки кимдур?» Илло унинг сўроғидан: «Нечун бу бефаҳм чиқиб кетмайдур», деган сўроқни ўқудим. Ҳамхонам хориж тилинда бепарво жавоб айлади: «This is mai costrate negvо. ( Менинг бичилган малайим) Тушунмаган бўлсам ҳамки ани хотирга олдим. Беҳаё заифалардан бири нимлуч бўлғоч, тоб беролмай, ташқари равона бўлдим. Фикр қилдимки, Искандар бирла Дерсу Узала бу бетавқиф шогирддан чандон устун эрдилар. Қайтиб кулбамга кирмоққа юзим чидамади ва шаби дароз совуқ кўчаларда дарбадар бўлиб юрдим. Эй Карими қудратнок шу ситаминг ҳам бор эрдими, деб зор-зор, чун абри навбаҳор йиғлаб, илтижо этгоним бутурур.
Не гуноҳлар қилган эрдим, эй тангрим,
Кўча-куйда бани сарсон қилдинг-о.
Устихондан ўтди Москов савуғи
Мусофирни зору гирён қилдинг-о!
Садо бергил умматингга Муҳаммад,
Ман – фақирни мисли хазон этдинг-о,
Зор қақшарман эмди билсанг то саҳар
Қақшатдинг-у, тағи ҳайрон этдинг-о!
Саҳарда ҳам уйимга кирмай, сабоқхона томон йўл олдим. Лекин дилим беҳад ғаш эрди, кўзимни уйқу босарди. Шарқийнинг бундоқ беандишалигидан надоматлар тортдим. Бир маҳал луғат варақлаб, ҳалиги суханни таржима қилсам, шуноқа гап. Жоним халқумимга тиқилди. Вой сен ҳаромининг ҳамширангни... дедим. Санақа бетамиз шогирдни ҳиқилдоғингдан буғиб, тавба-тазарру қилдирмасам, номимини башқа қўюрман!
Жаҳлга миниб, хонамга келсам, бу ноодами нокас хайр-хушни ҳам насия қилиб, думини тугиб қолибди. Вой сен ипирисқининг башарангга аёғим! Лаҳатга кўндаланг бўлгур! Шайтони лаинга берган пулим садқаи саркуя, жомадонимдан ҳам талай заруратларни ўмарибди, падарлаънат! Қайдин ҳам топурман эмди – бу жўгибаччани?!
Ҳа майли, бош ёрилса, қалпоқ тагида дерлар. Тани-жон соғдур-бунинг ўзи давлатдур! Бу ҳол сабоқ бўлур ва бадазон хушёрлик қилурман.
Шу бирла номам охир!
Қўл қўйдум: Калвак ибн Махсум.
Комментариев нет:
Отправить комментарий