среда, 14 сентября 2016 г.

“Буни ҳаёт дебдилар”



             (Нусрат Раҳматга мактуб)

Дўстим Нусратилла!
Улуғбек Тошкентга келган экан, уйга кириб, юборган китобларингизни ташлаб кетибди. Икки оғиз хат ҳам ёзиб юборган экансиз. Улуғбекнинг келганини эшитиб, китобларни олиб, хатингизни ўқиб, ўзингизни кўргандай хурсанд бўлиб кетдим.
«Лоақал хат ёзишиб турайлик», дебсиз. Энди, дўстим, хат ёзиш ҳам ёшликнинг иши экан-да! (Ҳозирги ёшлар бир-бири билан хат ёзишадими ёки улар ҳам бизга ўхшаб, телефонга ўтиб олганми, рост гап, билмайман). Лекин, бу гапингиз ҳам қандайдир таънадай туюлиб, ҳам далда бўлиб, суюкли газетамиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» орқали ёйили-иб мактуб ёзишга жазм қилдим. Унда ўрни билан айрим саволларингизга ҳам жавоб бераман.

Улуғбекнинг ташрифидаги мени энг қувонтирган нарса – бериб юборган китобларингиз бўлди. «Буни ҳаёт дебдилар»нику, илгари ҳам кўп ўқиганман (номини яхши ўзгартирибсиз: илгари «Буни ҳаёт дейдилар» эди, «дейдилар», «дебдилар» бўлибди. Ана шу – битта ҳарф ўзгарганининг ўзи уни янада табиийлаштирибди). Лекин янги китобларингиз – «Ўгитнома», «Афсоналар ва қушлар», «Анатомия дафтари», «Я из редакции» (бу асарнинг ўзбекча нашри ўз вақтида қай даражада машҳур бўлиб кетган эди!)… Кўпчилик нолишни асосий машғулот қилиб олган ҳозирги пайтда ишлаш, шунча китоб ёзиш, энг муҳими, уларни нашр эттириш осон иш эмас. Бунинг учун ҳам истеъдод, ҳам некбинлик, ҳам меҳнаткашлик, ҳам тадбиркорлик иқтидори керак. Сизда шуларнинг барчаси мужассам эканига қувонмай бўладими!
Дастлабки танишган пайтимиз эсимга тушади. Олтмишинчи йилларнинг ўрталари. Мен Самарқандда туппа-тузук раҳбарлик лавозимини ташлаб кетиб (қазисан – қартасан – охир наслингга тортасан» экан, отам раҳматлик ҳам ўз вақтида инқилоб туфайли Бухорои шарифдаги мадрасадан қайтиб келган бошқа дўстлари сингари, шўравий раҳбар бўлмай, оддийгина кун кечирган), бирон-бир иш тополмай юрган кезларим. Вилоят газетасининг маданият бўлими мудири, шоир марҳум Суръат Орипов атрофида ўралашиб юраман. Ўша пайтда сиз, Абулфайз Баратов билан танишганман. Сиз қишлоқ хўжалиги институтини тугатаётган экансиз, Абулфайз университетда сиртдан ўқиркан. Газета муҳаррири сиз билан Абулфайзни бўлимга ишга олди, менга эса корректорликни таклиф қилди. Бу менинг иззат-нафсимга тегди, албатта (ёшлик, институтни Тошкентда тугатишнинг, республика матбуотида шеърлар чиқиб турганининг ҳавоси ҳам бор-да)! «Маҳаллийчилик қиляпти, – деб ҳам ўйлаганман ўшанда муҳаррир ҳақида. – Агрономни олди, университетда сиртдан ўқиётганини олди-ю, мени номи республикада унча-мунча танилиб қолган одамни олмади»…
Тез орада шунга ҳам амин бўлдимки, муҳаррир маҳаллийчилик ҳам қилмаган, янглишмаган ҳам экан. Буни сиз ҳам, Абулфайз ҳам газетадаги ишларингиз, эълон қилган мақолаларингиз билан исботлагансизлар.
Муҳаррир мени ишга олмаганининг сабаби, эҳтимол, шеър ёзганимдадир.
Ҳозир муҳаррирлар шоирларга қандай қарашини билмайман, лекин ўша пайтда уларнинг шоирларга муносабати… мулойим қилиб айтганда… унчалик эмас эди. Шеър ёзган одам мақола ёзишни билмайди, деган ақида мавжуд бўлиб, кўпчилик унга ишонарди. Иш сўраб борган жойларимда ўзимга ҳам: «Шеър ёзар экансиз, яхши, лекин мақола ёзолмармикансиз?» деган саволлар беришган. Бир муҳаррир азбаройи ачинганидан ишга олмоқчи бўлган. «Лекин бирон ой «Совет Ўзбекистони»ни ўқинг, кейин келарсиз», деган…
Чалғиб кетдим, шекилли…
Хуллас, ўша пайтлар эсимга тушди-да… Ҳозир-ку, билмайман, ўша пайтда Самарқандда яхшигина адабий гуруҳ бор эди. Сиз Абулфайз, Зиёдулла Нурматов, Абдумурод Исматов, Исо Абдураҳмон, Асад Дилмурод, раҳматлик Самижон Салимов… Барчамиз раҳматлик Суръат Орипов атрофида дам эдик…
Сиз газетада жуда фаол ишлашингиздан ташқари, ўша пайтдаёқ ҳикоялар ёза бошлаган эдингиз, чамамда. Касбингиз агрономлик бўлгани учун, ҳикояларингиз ҳам бошқача, уларда табиат унсурлари кўпроқ, мана шу жиҳати билан ўзига хос, ёқимли эди.
Кейинчалик вилоят газетасига «сиғмай» қолдингиз. Яъни, газета имкониятлари салоҳиятингизга торлик қилиб қолди. «Қишлоқ ҳақиқати»нинг Самарқанд, Навоий, Бухоро вилоятлари мухбири бўлиб ишлаш табиатингиз (ўтроқлик сизга буткул ёт эди-да!) ҳам, ижодий салоҳиятингизга ҳам жуда мос тушди. Мана шу даврда кўрган-кечирганларингиз, танишган одамларингиз ҳозир ҳам қандайдир даражада ижодингизда ўз аксини топаётган бўлса ажаб эмас.
Кейин ҳатто Самарқандга ҳам «сиғмай» қолиб, Тошкентга «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига ишга келдингиз. Эҳтимол, Тошкентда кечган йилларингиз, атоқли санъаткор Асқад Мухтор, бошқа етук адиблар билан бевосита мулоқотлар ҳаётингизнинг энг муҳим босқичи бўлиб қолгандир.
Сиз Тошкентда яшаган кезларни ҳам улкан мамнуният, ҳам орзиқиш билан эслайман. Сиз Зангиота тумани марказида турардингиз. Сайди Умиров, Маматқул Ҳазратқулов, Зиёдулла Нурматов, Асад Дилмурод, Ўрол Ўтаев… Хуллас, кўпчилик сизларникига борардик. Уйда бирпас ўтириб, сизнинг қошиқлар коллекциянгизни (тўғрисини айтсам, агар тақдим этилса, бу коллекция Гиннес китобидан ўрин олиши ҳеч гап эмас!) кўриб, ўн грамм отиб олганингиздан кейинги ичакузди ҳангомаларингизни (яна тўғрисини айтсам, юморга унчалик бой бўлмагандай таассурот қолдирадиган, бунинг устига, шаробга ҳуши йўқ одамнинг ўн грамм (кўп эмас!) отгандан кейин шунақа очилиб-яйраб, анча вақт мобайнида даврани оғзига қаратиб ўтиришини сиздан бошқа одам мисолида кўрмаганман) мириқиб эшитиб бўлгандан кейин далага чиқиб кетиб, ўзимиз «шахматхўрлик» қилардик, болалар, аёллар ўз «юмуш»и билан банд бўларди.
Менимча, сизнинг энг муҳим ютуғингиз шундаки, салоҳиятингиз йирик романлар ёзиш дарадасида бўлса-да, сиз асосан ўзингиз кўрган-кечирган воқеа-ҳодисаларни қоғозга туширасиз. Уларнинг барчаси ниҳоятда табиийлиги, ҳаётийлиги, ниҳоятда қизиқарли, айни пайтда жуда ибратли бўлгани учун ўқувчи меҳрини қозонади. Бу ўринда сизнинг жаҳонгашталигингиз (республика миқёсида бўлса-да), турфа одамлар билан учрашганингиз жуда асқотган бўлса керак, деган тахминни айтиб ўтишни лозим топаман.
Мен бундан йигирма йиллардан ортиқроқ бурун ўқиганим – корейс чол ҳақидаги «Хонбобо» деган, ака-укалар саргузаштлари, ҳайвонлар, жониворлар ҳақидаги ҳикояларингизни ҳозир ҳам мамнуният билан эслайман. «Мен редакцияданман» қиссасидаги раҳбар Қодиров билан журналист Ҳасанов кишида улкан бир эҳтиром, фарзанди тирик бўла туриб, унинг дийдоридан маҳрум лўли аёл – ачиниш, суратчи журналист Узоқжонов эса, истеҳзоли табассум уйғотади. «Буни ҳаёт дебдилар»даги жуда кўпчилик: тақдир кўчаларида адашиб юрган Роман билан ҳақиқий аёл, унинг гўзаллиги тимсоли бўлган Янгапошшо, ҳалол ва тўғрилиги учун яхши кўрмасликнинг иложи йўқ. Гап уларнинг барчаси тўла ижобий қаҳрамонлиги ёки аксинчалигида эмас, самимийлигида. Ўзингиздаги самимийлик яхшими-ёмонми – барча қаҳрамонларингизга кўчгани учун улар ниҳоятда жонли чиққан. Жонли одам қай ҳолда бўлмасин, барибир, киши эътиборини тортмай қолмайди.
«Буни ҳаёт дебдилар»нинг «Ўгитнома» китобида келтирилган устоз Асқад Мухтор билан мулоқотларингиздан намуналар асар салмоғини жуда ошириб юборган. Асқад Мухтор яқиндан билмаган кишилар бу суҳбат намуналаридан кўп нарса олиши шубҳасиз.
Бу гапларни ўқиб, оғзингизнинг таноби қочаётган бўлса, энди жиндай ҳушёр торттираман. «Ўгитнома»да фарзандларга насиҳат қила туриб, ўзингизни фош қилиб қўйганингизни биласизми? Эсламаяпсизми? Мана, қулоқ солинг: «Бу қомусий ўгитларга бирор фикр қўшиш мушкул, – дейсиз бир жойда тарихдан мисол келтириб. Кейин давом этасиз. – Фақат шуни айтиб ўтишни истардимки, ўринбосарнинг кексароғи, шофёр билан котибанинг ёшроғи афзал»… Бу нима деганингиз? Рухсора китобларингизни ўқимайди шекилли? Сизларнинг иноқ, аҳилликларингизга, ўрталарингиздаги меҳр-муаббатга ҳавас қилиб юрардик. Рухсора бу гапни ўқиганидан кейин нима бўлишини томоша қилаверамиз-да энди! Эҳтимол, ўзингизни оқлаш учун унга китобдаги: «Биламан, маслаҳатларим ҳаммабоп эмас», деган гапни рўкач қиларсиз. Аммо, ишончим комилки, Рухсора олий маълумотли педагог, ниҳоятда зукко аёл бўлгани учун, гапларингизга: «Бу чўпчакни бошқаларга бирор айтинг, ҳар ким ўз бошидан кечирган нарсани ёзади!
Бу гапларни ҳазил, деб қутилиб кетаман, деб ҳам хом хаёл қилманг. Қутилиб бўпсиз! Бошқа китобларингиздан, ҳатто «Анатомия дастури-ю, «Афсоналар ва қушлар»дан ҳам шундай мисоллар топиб қўйганманки! Уларни ўзим борганда Рухсорага шахсан кўрсатаман.
Мана, «лоақал хат ёзишиб турайлик», деган таъна аралаш илтимосингизга жавоб!
Дарвоқе, хатга қайтайлик. Чунки, китобларингиз, улардан олинган таассурот ва келиб чиқадиган оқибатлар ҳақида гапирадиган бўлсам, ишни йиғиштириб қўйиб, ёстиқдай китоб ёзишга ўтиришимга тўғри келади.
«Янгиликларни батафсилроқ ёзинг, – дебсиз. – Дўстлар яхшими? Адабиёт оламида нима гаплар? ТВда кўринмай қолдингиз?»
Янгиликлар… Янгиликлар кўп. Уларни батафсил баён қилиш қийин. Худога шукр, юрт тинч, ҳаёт давом этяпти, тўйлар бўлиб турибди. Насиб этса, каминада ҳам бу йил тўй қилиш нияти бор.
Дўстлар… Дўстлар ҳам, Худога шукр, яхши… Афсуски, кейинги пайтда анчагина устозлар, дўстлардан айрилганимиздан хабарингиз бор. Начора, Аллоҳнинг иродаси экан…
Адабиёт оламидаги гаплардан ҳам ўзингиз яхши хабардорсиз. Мустақиллик даврида адабиёт майдонига кириб келган ва кириб келаётган ёшларга шундай ҳавас қиламанки!..
ТВда кўринмай қолганим… Ўзимни назарда тутяпсизми, «Кўнгил кўчаларим»ними – унча тушунмадим. Ҳар ҳолда, ўзимга кўзингиз учиб тургани йўқ, видеофильмни сўраётган бўлсангиз керак? Агар шундай бўлса, саволингизга ҳозир Тошкентда оммалашган бир пайров билан жавоб бера қоламан.
– «Домла», «Кўнгил кўчалари»да, «Тартиб» йўқ-ку? – дебди бир киши.
– «Меҳробдан чаён» чиқиб қолди-да, – деб жавоб берибди унга шериги…
Тўғрисини айтадиган бўлсам, видеофильм устида иш давом этаяпти. Унинг бир бўлакчасини ўтган йили Хожа Исмоил Бухорий масжидида суратга олиб келдик. Самарқанд манзараларини ҳам суратга олдик. «Самарқанд» деган қўшиқ ҳам ёзиб қўйдим. Анвар Ғаниев ҳозир бошқа қўшиқлар қатори, уни ҳам тасмага тушириш билан банд. Худо хоҳласа, яқин орада эфирга чиқиб қолармиз…
Ана шунақа гаплар, дўстим.
Хонадонингиз файзи, сизнинг мана шундай китоблар ёзиб, Нусрат Раҳмат бўлиб юришингизда жуда катта меҳнати сингган Рухсорага, ҳаётларингизнинг мазмуни – Улуғбек, Маҳинбону, Дилафрўз, ака Миза билан ака Ферузга, барча дўстларга салом дегайсиз.
Андаккина сирингиз очилган бўлса, ўзингиздан кўринг!
Буни ҳаёт дебдилар!
Машраб БОБОЕВ.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати»
1998 й., 28 май.


Комментариев нет:

Отправить комментарий