среда, 14 сентября 2016 г.

ЯНГИ АДАБИЁТ ЭҲТИЁЖИ



     Шукур ака, саломатмисиз?
    “Сайланма”нинг биринчи жилди муборак бўлсин!
    Аслини олганда, сизни ўзга бир ашрафлигингиз билан табриклашим жоиз эди. Ўн олти йил мобайнида китоб чиқармаган бўлсангиз ҳам, зиналари анчайин баланд шоҳсупадан жилла пастга тушмаганингиз учун қўлингизни қисмоқчи эдим.
  “Сайланма”ни кўздан кечирган киши Абдулла Қаҳҳордан кейин ҳикоя жанри  имкониятларини бир қадар кўтарганингизга имон келтиради. Шахсан ўзим, бир вақтлар йўқотиб қўйган қадрдон нарсаларимни топиб олгандай бўлдим. “Нотаниш одам”, “Ҳаёт абадий”,  “Жарга учган одам”,  “Укки сайраябди”,  “Арпали қишлоғида”,  ”Кекса ғижжакчи”...нақадар сеҳрли қўшиқлар. Бойсундаги тоғлар, даралар, энг муҳими, ўз оламига мансуб одамлар кино лентасидагидай кўз ўнгингизда намоён бўлади. Фақатгина уларни эмас, ўзимнинг ҳам ўша пайтлардаги мастона ҳолатимни зоҳиран эсладим.
   Бизнинг авлод вакиллари (бугунги олтмишвойлар) адабиётга суронли ва забардаст одимлар билан кириб келишганди. Абдулла Орипов, Рауф Парфи, раҳматли Машраб Бобоев шеър ўқишганда, кўзларидан ўт чақнагандай бўларди; Сизнинг, Ўткир Ҳошимов, Учқун Назаровларнинг ҳикояларини ўқиганда, уйқумиз учиб кетарди.
   Нақадар яхши кўрардик, сизларни! Зеро, ҳозир ҳам жуда қадрлаймиз.
   Китобни ўқиб, аввал идрокламаган жараёнларни ҳам илғагандай бўлдим. Жумладан, олтмишинчи йилларда қушларни отиб юрган “мен” (“Кўнгил”) етмишинчи йилларга келиб, милтиқ тутганларнинг рақибларига (“Жарга учган одам”) айланади. Бу - тадрижий жараён; жамиятда ва онгимизда содир бўлган ўзгаришлар инъикосидир.
  Хемингуэйга ўхшаб диалоглар воситасида инсон манзараларини яратиш, Чеховга ўхшаб ҳаётнинг бир парчасини акс эттириш билан китобхонни ҳаяжонга солишнинг номи истеъдод бўлса керак. “Энг гўзал нарса ҳаётдир”, деган эди Белинский. Шунинг учун ҳам ҳаётни бўямай, бежамай кўрсатган қалам соҳибларининг қўли ҳамиша баланд бўлиб келган.
   Лекин, буларнинг барига қарамай...
   Қаламим учида турган гапларни, китоб баҳонасида қоғозга туширишдан аввал, андак мавзудан чекинишга ижозат этинг.
   “ЎзАС”даги суҳбатингизда (2004 йил, 13 феврал сони) бир қатор адабий танқидчиларимизнинг номларини тилга олиб, уларни фаолиятсизликда айблайсиз. Лекин, айтингчи, кучли адабиёт бўлмаган жойда адабий танқидчининг фаолияти  ривож топиши мумкинми?! Ахир, Пушкин, Гоголлар янги адабиёт яратишмаганда, Белинскийлар ташриф буюрармиди?!
   “Озод ака Шарафиддинов батамом   публицист бўлиб олдилар”, дейсиз. Инсоф билан айтганда, ўзларининг беўхшов шляпаларини ҳам (буниси ҳазил) фақат интервюларда кўрадиган бўлганмиз. (Эҳтимол адашаётгандирман – пойтахтдан узоқда яшаётганим сабаб, бундан бехабардирман). Аммо мен  англаган  ҳақиқат шуки, ҳозир кўпчилик, айниқса, биз тенгилар асарларини қайта нашр эттириш, сайланмалар чиқариш билан банд. Ҳомийга бош эгиш оғир ботса, китобингизни сотиб олишмаса ҳам майли.
  Ўзи, олтмиш – ғалати ёш экан. Бу сананинг нари берисида, истайсанми йўқми бот-бот ўлим ҳақида ўйлаб қоларкансан. Мерос қолдиришга саросималаниш ҳам, эҳтимол, шу туйғу билан вобаста бўлса...
  ТВдаги йигитча: “ Мен китоб ўқимайман, компьютер  билан дўстлашганман”,  деса жаҳлга минасиз ( суҳбатингизни назарда тутаябман). Бунинг боиси менга аён: адабиёт дегани сиз учун - мезон. Аммо ўша йигитчага ҳам қойил қолмоқ керак: мунофиқлик қилмай, тан олибди; дангал, жўмард экан. Сиз атрофингиздаги шоир ва ёзувчиларни зоҳиран синов қилиб кўринг- а, уларнинг аксари китоб ўқишни аллақачон йиғиштириб қўйишган. Фақат, ўзларини бу борада анчайин сипо тутишади, холос. Начора, китобхон билан ёзувчининг  лойини бир жойдан оларканда.
   Лекин мен китоб харид қилмай қўйган зиёлилардан ҳам, сиз айтган йигитча ёки мутолаадан  йироқлашган қаламкашлардан ҳам хафа бўлмай қўйганман. Бунинг илдизини бошқа ёқда кўргандай бўлаябман. Менимча, янги даврда одамларда ...ЯНГИ БИР АДАБИЁТга эҳтиёж пайдо бўлиб қолди.
   Йўқ. Адабиёт эскирган эмас, унинг жанрлари, услуби, шакли ва алланималари ўз вазифасини бажариб бўлди, назаримда. Бир замонлар Пушкин  рус адабиётини осмон қадар кўтаргандай ёки Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирийлар адабиётимизни батамом янги ўзанга солиб юборишгандай жадидона тўлқин керак!
  Хўш, ким бошлаб беради  уни? Қаерда у - йўлчи юлдузимиз?
   Табиийки, бу менинг қўлимдан келмайди.
  Сизнинг қўлингиздан келадими, йўқми - бир нимарса дейишим қийин.. 
    Мен юқорида тенгдошларимга анчайин маҳзунроқ баҳо бериб қўйганга ўхшайман. Аслида, ҳаётда ҳар қандай ёшда ҳам ўлкан мақсадлар билан яшаган кишиларгагина  омад бот-бот ўнг қўлини чўзиб қоларкан.
  Бир уннаб кўрмайсизми а?
   Бизнинг авлодда, бундан ташқари, тағин бир имкон  бор: бу истеъдодли ёшларни  қанотимиз остига олиб, янги адабиёт яратишга даъват этиш, аниқроғи тарбиялашдир. Иложини топиб, аллақачонлар бозор иқтисоди шароитига мос адабиёт вужудга келган АҚШ, Франция, Буюк Британия сингари мамлакатларга ўқишга, малака оширишга юбориш ҳам адабий орзуларимизнинг ижобат бўлишига йўл очиб бермасмикин?! Бу борада “йилт” этган чўғни авайлаб, эъзозлашишимизга тўғри келади.
   Дарвоқе, янги адабиёт. Унинг сохти-сумбати қанақа бўлиши керак? Туман орасидаги ёғдудай бўлиб кўринади у менга. Назаримда, сюжети кескин, драматизмга бой, анчайин детективнамо; балки бугунги курашлар, изтиробларнинг янгича талқинидир, ҳужжатлидир, фош этувчидир. Албатта, ўқилиши осон: одамлар лифтда ҳам, эскалаторда ҳам қўлдан қўймайдиган...(Ваҳоланки, бугунги китобхонни ҳайратга  солиш жўн иш эмас).
   Бундай асарга қўйиладиган талаб ҳам ўзгача бўлиши табиий. У катта тиражда босилиши ва бир неча ой давомида сотилиши, нашриёт ҳамда муаллифга тузуккина даромад келтириши керак бўлади. Ҳа, эндиликда китоб ҳам ( бу фикрим қаттиқ ботмасин) бизнесга айланиши лозимга ўхшаб қолди.
   Узр, бироз чалғиб кетдим; “Сайланма”нгиз ҳақида гапираётган эдим. Афсуски, уни  аввалгидай талашиб-тортишиб ўқишмаябди. Сотилиши ҳам сустроқ: Самарқанддаги марказий китоб дўконига 50 дона келтиришган  экан, ойида 3-4 та китоб харид қилинаётганлигини айтишди. Бундан ўксимаслк керак: казо-казоларнинг китоблари ҳам ҳижолатдан сарғайиб ётибди. Бунинг сабабларини эса юқорида айтгандай бўлдим.
   Тағин: қўлёзмани анчайин саросималаниб топширганга ўхшайсиз. Бир-ярим хатоларни муҳариру мусаҳҳиҳлар тузатишади деб ўйлаган бўлсангиз керак. Аммо улар сизнинг умидингизда бўлиб, анчайин қусурларга йўл қўйишибди. Менинг хомчўтимча, ҳар уч саҳифада битта хато чиқиб, ҳафсалангизни пир қилаверади. Иккилансангиз: 5, 6, 102, 105, 128, 217, 244 бетларни ўқиб кўринг. Ҳатто, укки билан какку (надоматлар бўлғайким, бу икки парранда тури ҳам йўқолиб кетиш арафасида турибди) бошқа-бошқа қуш эканлигини  (222 бет) ҳисобга олишмаган ва бу ҳол ҳикоянинг мазмунини пучга чиқарган.
   Кичик хатолар ислоҳ қилинмаган жойда эса катта нарсалардан муъжиза кутишмайди. Қолган жилдларда бундай  ҳатоларнинг такрорланишига йўл қўймаслигингиз керак..
   Шукур ака! Мактубимнинг охирида, эътиборингизни тағин янги адабиёт эҳтиёжига қаратмоқчиман. Биз мустақилликка эришдик. Тараққиётнинг бу босқичи ҳамма жабҳаларда ислоҳотлар ўтказишни тақозо этади. Шундай бўлаябди ҳам. Биз бу курашдан четда турсак, халқ назаридан четда қолмаймизми?!
   Илтимос, бугунги адабиёт ҳақида мулоҳазаларингизни билдиринг. Сиз адабий муҳитнинг марказидасиз: танқидчи, ёзувчи, шоирларни ҳам даъват этинг, жим туришмасин!
    Қадрдан газетамизда шу мавзуда мунозара бошланса, нур устига нур бўларди.
   Сизга эҳтиром ила 
 Нусрат РАҲМАТ
 Самарқанд

Комментариев нет:

Отправить комментарий