(ЗАРАФШОН ДАРЁСИНИНГ ЭКОЛОГИК ҲОЛАТИ ИЖОДКОРЛАР ВА
МУТАСАДДИЛАР НИГОҲИДА)
Публицист-ёзувчи Нусрат Раҳматнинг «ЎзАС»нинг 13 февраль сонида эълон
қилинган «Экология долзарб эмасми?» сарлавҳали мақоласи газетхонларимизда катта
қизиқиш уйғотди. Аслида ҳам она табиатимиз экологиясига доир долзарб муаммолар
ўзини шу юрт фарзанди деб ҳисоблаган ҳар бир кишини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Зеро, Зарафшон дарёси сувларининг мусаффолигини сақлаб қолиш бугунги кунда
муҳим ҳаётий заруратга айланди. Бу ҳол барчани ташвишлантириши табиий. Шу
сабабли самарқандлик ижодкорлар ва мутахассислар иштирокида дарё соҳиллари
бўйлаб рейдлар ўтказиш, аҳоли орасида экология тарғиботини кучайтириш ва ғоят
долзарб бўлган ана шу масалага раиятнинг эътиборини жалб этиш мақсадида кичик
ижодий гуруҳ тузишга қарор қилдик.
Унга раҳбарлик қилишни ёзувчи Нусрат Раҳматдан сўрадик. Ижодий гуруҳ
аъзолари, дарё соҳиллари бўйлаб илк сафарни ҳам амалга оширишга улгурдилар. Улар
дарё ўзанлари, тозалаш иншоотлари, шунингдек, тегишли ташкилотларда бўлдилар.
Бугун экологиямиз жонкуярлари ва мутасаддиларнинг илк суҳбатини
эътиборингизга ҳавола этаяпмиз. Айни чоғда, азиз газетхон, Сизни ҳам она
табиатимиз мусаффолигини сақлаш учун эзгу курашга даъват этамиз. Зарафшон
дарёси ва умуман она табиатимизни эъзозлаш, унинг мусаффолигини сақлаш юзасидан
қандай ташаббус кўрсатган бўлур эдингиз? Ишонинг, бу борада аҳли қалам катта
кучга эга. Сизнинг публицистик мақолангиз ёки телеочеркингиз кимгадир дакки
бўлар, шеърингиз аллакимнинг юрагига шафқат солар…
Бугун мубоҳаса иштирокчилари – Соҳиб ИСАМБОЕВ (Самарқанд вилоят
Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари), Санъат
МУҲАММАДИЕВ (биология фанлари доктори, профессор), Нусрат РАҲМАТ –
публицист-ёзувчи.
Н.РАҲМАТ. Америкалик файласуф Стойкосс барча ижтимоий ислоҳотларни, шу жумладан,
экологик жараённи тўрт босқичга бўлгани ёдимда. Биринчиси – гап ҳам йўқ, иш
ҳам; иккинчиси – гап бор-у, иш йўқ; учинчиси – гап бор, иш ҳам бор; ва ниҳоят,
тўртинчиси – гап тугади, иш бошланди. Биз, назаримда, экология масаласида кўп
вақтдан буён иккинчи босқичда депсиниб қолдик. Кўп гапирамиз – баҳс-мунозара,
мажлису анжуманлар ўтказамиз, ишдан эса дарак йўқ. Аслида табиат муҳофазаси
шундай нозик ва долзарб соҳаки, у шалдироқ гапларни камроқ гапириб, кўпроқ
ишлашни тақозо этади. Акс ҳолда, кўплаб
бебаҳо бойликларимизни қўлган чиқариб қўямиз.
С.ИСАМБОЕВ. Нусрат ака! Илтимос, ошириб юбормайлик. Ўзингиз ёзган эдингиз: «Ошириб
юборилган сифат – хушомадга, танқид – ҳақоратга, дори – заҳарга, меҳр – қаҳрга,
ҳазил – зилга айланади», деб. Сизни ҳурмат қиламан, ёдингизда бўлса,
иккаламизни бир кунда суҳбатдан ўтказиб, Табиатни муҳофаза қилиш давлат
қўмитасига ишга қабул қилишган эди. Кечирасиз-у, кечаги ўша «Экология долзарб
эмасми?» деган мақолангизда ҳам андак бўрттирилган ўринлар бор, чамамда…
Н.Р. Масалан…
С.И. «Самарқанд
ва Каттақўрғон шаҳарлари ўз тўкиндилари… яна алламбалоларни Зарафшон дарёсига
оқизадилар», дебсиз. Шунингдек, қўмитамиз ходимларини ҳам беғам, бепарволикда
айблабсиз.
С.МУҲАММАДИЕВ. Бир дақиқа. Кечирасизлар,
мубоҳасани даҳанаки жанг билан бошлашимиз одобдан эмас. Агар истаку хоҳишлар
бўлса, мавзуни андак ибтидодан, яъни табиат яратган бебаҳо неъмат – сувдан
бошласак. Биласизлар: Ер юзининг тўртдан уч қисми сув билан қопланган бўлса ҳамки, ичимлик сув шунинг атиги икки фоизини ташкил
этади. Ҳа, истеъмолга ярайдиган, чучук сув – фақат шу. Халқаро ташкилотларнинг
маълумотларига таянадиган бўлсак, ҳозирнинг ўзида ер юзида 500 миллион кишига
обиҳаёт етишмайди ва бу миқдор йил сайин ошиб боряпти. Минг қатла шукрларким,
биз бундан мустасномиз. Аммо олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деган нақлнинг
бот-бот амал қилиб туриши таассуфли ҳол, албатта. Мана бу рақамга эътибор
беринг: кўпчилик мамлакатларда ҳар бир киши бир кеча-кундузда 200 литр атрофида
сув сарфлайди. Ичишдан ташқари ювиниш, кир ювиш дегандай. Аммо бизнинг
республикада ана шу миқдор 300 литр атрофида бўлиб қолаяпти. Ҳар бир фуқаро сув
манбаларини муҳофаза қилишдан олдин уни тежаб-тергашни ҳам билиши шарт. Чунки
бу иккала тадбир бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир.
Н.Р.
Домла,
бевосита Зарафшон дарёси ҳақида гаплашайлик.
С.М.
Республикамих
сув манбаларининг 80 фоизи қўшни мамлакатлар ҳудудидан бошланади. Шу жумладан,
Зарафшон дарёси ҳам Тожикистондаги тоғлардан бошланиб, сўнг ирмоқлар қўшилиб
вужудга келади. Дарё жуда қадимий тарихга эга. Турли даврларда уни Политимет,
Номиқ, Руди Чарх, Водий ул Суғд, Наҳри Бухоро, Дарёи Кўҳак номлари билан
аташган. XVIII асрдан кейин Зарафшон, яъни зар сочувчи дарё деб
аташган.
Н.Р.
XXI асрга келиб Заҳарафшон, яъни сувлари заҳарланган
дарё бўлиб қолмайдими?
С.М.
Йўқ,
ундай бўлмайди. Боя ўзингиз айтган америкалик олимнинг назарияси амал қилади:
одамлар ўз хатоларини чуқурроқ ҳис этадилар ва истаймизми, йўқми, уни ислоҳ
қилишга, тузатишга киришадилар. Яъни, гап тугаб, иш авж олиб кетади. Бу –
тарихий зарурат, ижтимоий қонуниятдир. Лекин Зарафшон маъжозий маънодаги эмас,
тўғридан-тўғри, муболағасиз ҳам олтин сочувчи дарёдир. Дарё оқимининг икки
нуқтасида, аниқроғи, анчайин бош қисми – Панжакентда ва қуйиси Қизилқумда ҳам
бугун йирик олтин конлари мавжуд. Ана шу олтин зарраларини дарё асрлар давомида
юқори ўзанлардан оқизиб келган ва бебаҳо қатламни юзага келтирган. Ўзбекистон
ва Тожикистон республикаларининг иқтисоди учун бу олтин конларининг аҳамиятини
гапириб ўтириш ортиқча. Дунёдаги бирорта дарё ҳавзаси бунчалик кўп олтин
заҳирасига эга эмас.
Н.Р.
Бундан
ўн беш йилча муқаддам дарёнинг юқори ўзанида – Масчоҳ томонда унутилмас ҳолнинг
гувоҳи бўлгандим. Бир мўйсафид сувга кириб, эчки терисидан қилинган пўстакларни
авайлаб олиб чиқарди. Бизни кўриб, отахон саросималанди, ўтиб кетишимизни
кутиб, соҳилга чиқиб ўтирди. Кейин, менга айтишларича, у сув остига бостириб
қўйган терини олиб чиқиб қуёшда қуритаркан. Сўнг унда ўтиришиб қолган қум ва
олтин зарраларини қоқиб оларкан. Аллақандай корчалонлар келиб, уни қимматгина
сотиб олишаркан. У ёғи энди аён: маълум технологияни қўллаб, тиллони ажратиб
олишган. Демак, дарёнинг юқори қисмида ҳам бу бойлик сероб.
С.М.
Биз
экологиядан геологияга ўтиб кетдик. Аслида, дарёнинг энг улкан бойлиги унинг
олтини эмас, балки ундан-да минг чандон қиммат бўлган суви – Н2О
сидадир. Эътибор бергандирсизлар, Американинг «Спирит» марсеходи ҳам бу қизил
планетадан, энг аввал, сув ёки унинг қолдиғини излашга киришди. Чунки сув
бўлсагина кислород бўлади, ҳаёт бўлади ва қачонлардир ер юзида сув қолмаганда
инсон ана шу эҳтиёт манзилга ўтиши учун имкон яратилади. Демакки, Зарафшон
дарёси бўлмаганда, воҳамизда ҳаёт бўлмасди. Дарё туфайли бунёд этилаётган
ғалла, мева ва бошқа ноз-неъматлар ҳақида гапириш ортиқча, албатта. Худди
шунинг учун ҳам жонажон дарёмизни эъзозлашимиз зарур.
Узунлиги тақрибан 750 километрга
чўзилган бу дарё Қизилқумга сингиб кетишдан олдин тағин бир муҳим вазифани
бажаради – у Навоий ГРЭСи иншоотларини мунтазам совутиб туради. Демак, дарёсиз
ана шу ҳудудда нурнинг мўл-кўллигини таъминлаш ҳам амримаҳол эди.
С.И.
Мен
домланинг бояги оптимистик фикрларини
давом эттириб, қўшимча қилмоқчи эдим. Бир замонлар Европадаги Сена, Рейн
дарёлари ҳам худди Зарафшонимиздай ифлосланган эди. Мазкур дарёлар сувининг
таркибидаги зарарли органик ва ғайриорганик моддалар беш-ўн мартагача ошганини
ёзишарди. Аҳвол шу тариқа давом этса, кўпгина шаҳар ва мамлакатларда ҳаёт издан
чиқишини хавотирланиб таъкидлашарди. Кейин нима бўлди? Бутун жамоатчилик оёққа
қалқди. Сувни тоза тутиш уларнинг мафкурасига айланди ва бугун мазкур дарёлар
зилолдан зилолдир. Начора, бизда ҳали экологик дунёқараш ва экологик маданият
анчайин ночор. Аммо шунга қарамай, гап ҳам бўлаяпти, иш ҳам. Бундан ўн йил
илгариги ҳолатни бугунгига таққосласангиз, бунга ўзингиз ҳам ишонч ҳосил
қиласиз. Зарафшон дарёсининг қуйи қисмида азот аммонийлари, нитратлар, нефть
қолдиқлари миқдори 1,5-2 бараварга камайди.
Бунга осонликча эришилгани йўқ, албатта.
2001 йлнинг октябрида Республика Вазирлар Маҳкамаси «Зарафшон дарёси ҳавзасида
экология ва санитария-эпидемиология вазифатини яхшилаш тўғрисида» махсус қарор
қабул қилди. Ҳукуматимизнинг ана шу муҳим ҳужжатига кўра, дарёнинг ҳар икки
томонидан эллик метр масофагача хўжалик юмушларини амалга ошириш, қурилишлар
олиб бориш ман қилинади. Бундан ташқари, тағи 350 метр масофа муҳофаза
чегараси, деб эълон қилинди. Демак, шунча жон табиий ҳолда сақаниши лозим, бу
ерга ҳатто чигит қадаш ҳам мумкин эмас. Эҳ-ҳе, қанчадан-қанча дачалар,
қурилишлар, гаражлар олиб ташланди. Ҳозир ҳам бу машаққатли кураш давом
этаяпти. Авваллари бизнинг рухсатимизсиз дарё соҳилида чорвачилик фермалари,
кичик корхоналар ташкил этишарди. Энди эса ҳеч кимнинг хадди сиғмайди бунга.
Н.Р.
Соҳиб
Сайфиевич! Ҳозир кўгина раҳбарларга микрофон тутсангиз ёки минбарга таклиф этиб
қолсангиз, шундай силлиқ ҳисобот беришадики, олам гулистон экан-ку, деб ўйлаб
қоласиз. Сизнинг ҳам монологингиз бундан мустасно эмас. Аниқ қилиб айтинг-чи,
ўтган йили дарё сувлари мусаффолигига раҳна солаётган қайси ташкилотлардан,
кимлардан, қанча жарима ундирилди. Сувни ифлословчи қандай корхоналар иши
тўхтатиб қўйилди?
С.И.
Мен
қўлимдаги ҳужжатлар тили билан гапира қолай. Мана, масалан, ўтган йили жами
бўлиб корхона ва хўжаликлардан 304 миллион сўмлик жарима ундирилган. Агар
туманлар бўйича айтадиган бўлсак…
Н.Р.
Йўқ,
буниси зарур эмас. Корхона ва хўжаликлардан жарима ундириш жуда мақбул усул,
деб ҳисобламайман. Тараққий этган мамлакатларда айнан айбдор кишилардан, яъни
раҳбарлар ўз чўнтагидан тўлайди бу жаримани. Мол аччиғи эса – жон аччиғидир.
Танг олинг, ўзгариш ва ислоҳотлар жуда оз. Бугунги рейдимиз буни тағин бир бор
исботлади. Тўғри, Самарқанд шаҳри канализациясининг оқава сувлари андак
тозаланадиган бўлибди: панжара, тиндиргичлар ўрнатилибди. Аммо, инсоф билан
айтганда, бу – чала тозалаш. Каттақўрғон, Оқтош шаҳарларида эса канализация
сувлари сал бўлса-да тозаланмай дарёга оқизилмоқда. Бу – густоҳлик, бу –
гумроҳлик! Аввал айтганимдек, бу – қабоҳат! Бу – жиноят!
С.И.
Тан
оламиз, шу икки тозалаш ингооти ёмон ишлаяпти.
Н.Р.
Мутлақо
ишламаяпти! Кундан-кун баттар! Уларнинг бошлиқлари ким?
С.И.
Каттақўрғонда
– Эгамберди Мустафоқулов, Оқтошда – Илҳом Эрматов масъул.
Н.Р.
Нега
уларни судга бермайсизлар. Ё тилларингиз қисиқми? Ундай бўлса, тан олинглар –
ўзим судлашиб кўраман!
С.И.
Илтимос,
қизишманг. Судлашиш нажот йўли эмас. Уларнинг ўрнига келган киши ҳам жаннат
қилиб юборолмайди. Кўрдик, барини. Ёлғиз раҳбарнинг қўлидан нима ҳам келарди?!
Бу ишни тартибга солиш учун катта маблағ керак. Оч балодан – қоч бало, деб
қўйибди. Бу масаланинг бир томони. Иккинчидан, кенг жамоатчиликнинг сувга,
табиатга бўлган муносабатини ўзгартирмай бирор нарсага эришиш қийин. Бу эса
кўпроқ сизларга боғлиқ… Умуман, бу занжирнинг халқалари кўп ва уларнинг бари
мустаҳкамланиши лозим.
Н.Р.
Майли,
эҳтимол сизни ҳам тушуниш керакдир. Аммо ичимлик сувини, насибамизни
булғаётганларга қонунларимиз кучини кўрсатадиган пайт келмадими?! Гап, ахир,
Зарафшон ҳақида, миллионларнинг нону насибаси бўлган миллий бойлик ҳақида
кетяпти-ку! Болакайларимизнинг турфа хасталиклари шундан эмасми? Жисму жони
қақшаб кетадида одамнинг! Гоҳида изтироб чекиб, кимгадир қаттиқроқ гапириб ҳам
қолар экансан…
С.М.
Биз
нуқул канализация сувлари, тозалаш иншоотлари ҳақида баҳсу мунозара қилиб,
Зарафшонга қуйиладиган ариқларни ёддан чиқариб қўяяпмиз. Аслида, ариқлар
заминнинг артериал қон томирлари ҳисобланади. Ер остидаги зилол сувлар ана шу
ариқлар ҳисобига тўлиб туради, улар ўзига хос микроиқлим яратадилар,
атроф-муҳитни яхшиликка буркайдилар. Дарёларни ҳам тўлдириб турадиган восита
ҳам шу ирмоқ-ариқлар ҳисобланади.
Шаҳримиздан оқиб ўтувчи Сиёб, Обимаҳшар,
Чашма сингари ариқлар (ирмоқлар) неча асрлардан буён ўз сувларини Зарафшонга
қуядилар. Аммо надоматлар бўлғайким, сўнгги йилларда бу ариқларнинг яқинига
йўлаш мушкул бўлиб қолди – улардан қўланса ҳид келади. Ёдимда – олтмишинчи
йилларнинг бошигача шаҳарда катта-катта ҳовузлар бўларди. Аҳоли асосан ана шу
ҳовузлардан сув ичарди. Уларга эса мен номларини тилга олган ариқлардан зилол
сув оқиб келарди. Энди-чи? Энди ундай зилол сув қаёқда дейсиз! Экологик
маданиятимиз кўтарилиш ўрнига пастга тушиб кетганлиги ачинарли ҳол, албатта.
Биргина Чашма ариғини олайлик. У сувни шаҳарга кираверишдаги Хўжаи Рўшнои булоғидан олади. Мазкур булоқ эса қадим-қадимдан
азиз жой ҳисобланган ва ҳозир ҳам эрталаблари бу шифобахш сувни ичиш учун
одамлар навбатда турадилар. Лекин, афсуски, кўп эмас, беш юз метр оқиб ўтгандан
кейин у нефтга ўхшаб қорайиб кетади. Ҳайрон бўлиб қоламан: бу орада завод,
фабрика бўлмаса…
С.И.
Лекин
маҳаллалар бор, домла. Одамлар мағзавани ҳам, тўкиндини ҳам виждонлари қилт
этмай ана шу ариққа ағдаришади. «Ҳай, ипирисқи – Худодан қўрқ, дегинг келади
гоҳида уларга. Ахир, Ватан дегани фақат сенинг ҳовлинг эмас-ку!» Маҳалла
оқсоқоллари, санэпидстанциялар ва бутун жамоатчилик бундайларга қарши курашиш
бошлаши керак. Шунингдек, маблағ топиш, канализация қуришни ҳам ёддан
чиқармаслик керак.
Н.Р.
Мен
эътиборингизни тағин ер ости сувларига қаратмоқчи эдим. Фақат ўтган асрнинг
ўрталарига келиб, ер ости сувларида зарарли моддалар, бактерия, микроб,
вируслар кўпайди. Биз келажак авлодга заҳарланган ва зарарланган
насиба қолдираётганимиз кечирилмас ҳолдир. Худонинг ўзи кечирсин!
С.М.
Дарҳақиқат,
табиатни муҳофаза қилиш қўмиталари, санитария-эпидемиология идораси ва бошқа
ташкилотларга ишониб, қўл қовуштириб ўтирмаслигимиз керак. Бетакрор
табиатимизни, шу жумладан, ичадиган сувимизни, она Зарафшонимизнинг мусаффоллигини
бус-бутунича сақлаб қолиш, юртбошимиз
айтганларидек, ўзимиздан келажак авлодларга обод ва озод Ватанни қолдирмоқ учун
ҳаммамиз баб-баравар ёнишимиз, жон куйдиришимиз керак. Сен ёнмасанг, мен
ёнмасам, ким ёнади?! Одамларни уйғотиш, экологик маданиятни кўтариш учун
ҳамжамият ва якдил бўлиб курашиш пайти келди. Бунинг учун биз бир ёндан…
С.И.
Биз
бир ёндан…
Н.Р.
Биз
бир ёндан отланишимиз шарт.
Фармон Тошев суҳбатлашди
Комментариев нет:
Отправить комментарий