Тонг маҳали олмазордан бойқуш ноласи
эшитилди. Ёш боланинг ўксиб-ўксиб йиғлашини эслатарди у. Кампирлар дарғазаб
бўлиб қўлга ҳасса олдилар. Бувиларининг авзойини кўрган болалар бойқушни қувлаб
кетишди. Бойқуш бошқа ҳовлига бориб қўнди. Эндигина сайрай бошлаган эди ҳамки,
ҳовли эгаси милтиқ кўтариб чиқди. Таҳқирланган бойқуш зўрға қочиб қолди.
Қушлар орасида ҳаммадан ҳам бойқуш
ҳақида афсона кўп. Бу афсоналарнинг баъзиларини яна бир бор эслатиб ўтишни
маъқул топдик.
…Бой ёки унинг ўғли қаергаки манзил
қилса, ўша ерни қуритармиш. Бойқуш ҳам худди шундай эмиш. Шунинг учун уни
бойқуш ёки бойўғли, дейишармиш…
…Бойқуш Азроилнинг элчиси эмиш. Азроил
кимнинг жонини олмоқчи бўлма, аввал бойқушга билдирармиш. Бойқуш эса бу нохуш
хабарни тонгдаёқ жони олинувчи кишининг ҳовлисига маълум қилармиш. Қайси
ҳовлида бойқуш сайраса, ўша ерда мотам бўлармиш…
…Бойқушга худо: «Ё қирқ йил умр кўру
ҳаётинг азоб-уқубатда, туҳмат ва таҳқирда ўтсин ёки бир йил яшаю, фароғатда кун
кўр», дебди. Бойқуш: «Бу дўзах каби дунёда бир йил яшашнинг ўзи кифоя.
Фақатгина марҳаматингдан ҳар куни нонуштамга бир чумчуқ ато этсанг, харобаларни
кўпайтирсанг бас», дебди. Бойқуш бир йил умр кўрармиш. Айни нонушта пайти бир
чумчуқ унинг олдига учиб келармиш…
Бу афсоналарнинг бари бойқушнинг
мажозига қараб тўқилган бўлса ажаб эмас. Аммо бойқушнинг жисми ва яшаш шароити
билан танишган кишининг бечора қушга раҳми келиб кетиши турган гап.
Рус табиатшуноси В.И.Осмоловский 1.227
та бойқушнинг ҳаёт тарзини ўрганган. Бу кузатишлар бойқушнинг одамга нафли
эканлигини исбот қилади. Энг аввало, бойқушнинг бир йил умр кўриши ёлғон. У
40-50 йилгача яшайди. Умри давомида сичқон, кўрсичқон, каламуш, юмронқозиқ,
калтакесак ва турли қишлоқ хўжалик зараркунандалари билан озиқланади. У дон
емайди. Бу қуш ейдиган озуқанинг 98 фоизи инсонга зарар келтирувчи
кемирувчилардир. Биргина сичқонни олинг. У инсонга ўнга яқин юқумли
касалликларни тарқатади. Қанчадан-қанча қишолоқ хўжалик маҳсулотларига зарар
етказади. Юмронқозиқлар эса ҳар йили тонналаб ғаллани инларига ташиб кетишади.
Бойқуш каламуш, юмронқозиқ каби
зараркунандалардан анча ожиз бўлса-да, жуда тадбиркор ва эҳтиёткор ҳисобланади.
У ўлжасини бақувват панжалари билан маҳкам тутиб, ўзидан нарироқ тутган ҳолда
унинг кўзини ўйиб олади. Маълумки, бу зараркунандаларнинг бари кечаси овга
чиқади. Демак, бойқуш ҳам кечаси овга чиқишга мужбур бўлади.
Бойқуш бургут, қирғий, калхат каби
йиртқич қуш ҳисобланади. У оч қолган пайтларида чумчуқ ва беданани ҳам тутиб
ейиши рост. Аммо бундай ҳол сийрак учрайди. Бойқуш кўп ҳолларда ўлжасини
ўлдириб, инга ташиб келади ва кундуз кунлари инидан чиқмай, у билан озиқланади.
Унинг нима сабабдан харобаларни ёқтириши
энди сизга маълум бўлгандир. Чунки унинг сичқон, каламуш, калтакесак сингари
ўлжалари вайроналарда кўп бўлади-да. У кўпинча ана шу вайроналарда, дарё
соҳилларида, жарликларда ин қўяди. Инини жуда маҳорат билан ясаб, унинг ичига
майин жун тўшайди. Ҳар йили 4-6 тагача тухум қўяди. Тухумини 25-30 кунда очиб
чиқади. Болаларини узоқ вақтгача гўшт билан боқади.
Бойқушнинг кўриш ва эшитиш аъзолари жуда
яхши ривожланган. У кечаси ҳам анча узоқ масофадаги ўлжаси ёки душманини кўра
олади, шарпасини эшитади. Бундай хислат бошқа қушларда йўқ. Бойқуш турган жойда
бўйнини 270 даражагача бура олади, яъни орқасидаги нарсаларни ҳам бемалол
кўради.
Бойўғлининг кўпгина хислатлари ҳалигача
фанга сир бўлиб келяпти. Жумладан, у бир йўла икки кўзи билан икки томонга
қарай олади. Қушлар, ҳашаротлар, сувда яшовчилар, ҳайвонлар орасида бундай
хислатга эга бўлган жондор йўқ. У ер бағирлаб жуда енгил ҳам тез учади. Аммо
учиб кетаётганида ҳеч қандай товуш чиқармайди. Унинг товушини овозни
кучайтирувчи асбоблар билан ҳам сезиб олиш анча қийин. Олимлар бойқушнинг бу
хислатини ўрганиб, ишлаб чиқаришга жорий этиш лозим, демоқдалар. Бойқушнинг бу
хислати унинг ўзига жуда қўл келади. Чунки ҳужумга ташланганини унинг ўлжалари,
ҳатто ғоят сезгир сичқон ҳам сезмай қолади.
Ҳар бир бойқуш оиласининг икки-учтагача
ини бўлади. Улар баъзан бу уйда, баъзан эса бошқа бир уйда кун кечиришади.
Инини ғоят тоза сақлайди. Қишда бошқа қушларга ўхшаб иссиқ ўлкаларга учиб
кетмайди.
Инсоннинг энг яқин дўсти бўлган бу қуш
Америкада, Ўрта Осиёда ва Европанинг баъзи ерларида учрайди, холос.
Бойқушнинг душманлари ҳам борми? Ҳа,
бор. Булар: бургут, ёввойи мушук ва… одамлар. Ҳа, кўпгина одамлар уни кўришлари
билан тошбўрон қилишади. Кўпинча эса, отиб ташлашади. Ахир, одамлар мусича,
чумчуқ, қарға, зағча каби донхўр қушларни эъзозлашади-ку! Ваҳоланки, бойқуш бу
паррандалардан беш-ўн баравар фойдалидир.
Бечора бойқуш шунинг учун ҳам
йиғлармикин?
Нусрат
РАҲМАТОВ.
«Гулистон».
3.1969
й.
Комментариев нет:
Отправить комментарий