Бутуниттифоқ Қоракўлчилик
илмий-текшириш институти профессори, Беруний номидаги Ўзбекистон ССР Давлат
мукофоти лауреати Иван Никитич Дьячков ва институт урчитиш-генетика бўлими
мудири, қишлоқ хўжалик фанлари кандидати Рафиқ Ғафурович Валиев ўртоқлар билан
мухбиримиз Нусрат Раҳматовнинг суҳбати.
РАҲМАТОВ.
Бултур “Гулистон” журнали саҳифасида ёзувчи Назир Сафаров билан журналист Шароф Убайдуллаевнинг машинада пахта
теришнинг муаммо ва нуқсонлари тўғрисидаги баҳслари босилган эди. Ҳаёт унда
кўтарилган масалалар ўринли, мантиқли ва ҳаққоний эканлигини кўрсатмоқда.
Менингча, қоракўлчилликда ҳам ана шундай баҳсталаб муаммолар, рақам ортидан
қувиш, қоғозбозлик сингари кўнгилсиз ҳоллар йўқ эмас. Сизлар билан худди шулар
ҳақида батафсил гаплашсак деган эдим.
ДЬЯЧКОВ.
Назаримда, гапни бирайўла баҳсдан бошлашимиз ўринли эмас. Таомилга кўра,
журналхонларнинг бу борадаги тасаввурларини бойитиш учун мунозарани қоракўлчиликнинг
тарихи, аҳамияти, унинг республикамиздаги ҳозирги аҳволидан бошлаш мақсадга
мувофиқ бўлар эди.
ВАЛИЕВ.
Қоракўлчилик бизда пахтачилик ёки қорамолчилик
сингари икки ярим-уч минг йиллик тарихга эга эмас. Ё картошкачилик,
балиқчилик сингари эллик-юз йиллик янги тармоқ ҳам ҳисобланмайди. Ўнинчи асрда
юртимизда бўлган араб сайёҳи Ибн Ҳавкал
аждодларимизнинг яйловларда қимматбаҳо
тери берадиган қўй боқишларини ёзиб қолдирган. Ундан кейин яшаган бухоролик
Наршахий эса бу ҳақда анчайин батафсил маълумот берган. У “Бухоро тарихи”
китобида шаҳар атрофидаги қишлоқларда тайёрланадиган жингалак гулли териларга талаб катта эканлигини ёзади. У замонларда қоракўлни араби қўй дейишаркан.
РАҲМАТОВ.
Бу қўйнинг асл ватани араб мамлакатлари, деган фикрлар ҳам йўқ эмас...
ДЬЯЧКОВ. Бу
фикр исботланмади, Зеро, у ёқларда ҳозир ҳам қоракўл қўйлар боқилмайди.
Терининг ранги асосан қора бўлганлиги учун, эҳтимол, араби дейишгандир. Унинг
номи ҳозиргача баҳсли: баъзилар бу сўз “қора гул” маъносини беради, дейишса, бошқалар
унинг ватани ҳозирги Коракўл тумани мавзеи бўлганлигига урғу беришади.
РАҲМАТОВ.
Билишимча, ҳозир қоракўлчилик билан бошқа мамлакатлар ҳам шуғулланмоқда.
Жумладан, Намибия жаҳон бозорига жуда
сифатли, йирик терилар чиқараётганлиги, дунё биржаларида унинг нархи баландлиги
ҳақида ўқиган эдим.
ВАЛИЕВ.
Қоракўл қўйлар мамлакатимиздан асримиз бошидаёқ бошқа юртларга олиб кетилган
эди. Бухорониннг йирик савдогарлари қимматбаҳо терилар билан бирга зотли
совлиқларни ҳам кўплаб сотдилар. Ўша пайтларда қоракўлчилик анчайин
ривожланаётган ва унга талаб кескин ошиб бораётган эди. Лекин кенг яйловларга
эга бўлмаган мамлакатлар қоракўл қўйларни кўпайтираолмади. Сур, нўхатгулли,
қаламгулли, қовурғагулли сингари турфа
рангларда товланувчи, қимматбаҳо тери олиш учун ўзига хос иқлимга эга бўлган саҳро яйловлари, унинг
янтоқ, шувоқ сингари ўсимликлари бўлиши
зарур. Ҳозирги пайтда қоракўлчилик билан эликка яқин мамлакат шуғулланмоқда.
Булар орасида ана шундай имкониятга эга бўлган Африка, Америка, Европа ва Осиё
қитъасига мансуб давлатлар бор. Қоракўлчилик фани билан эса жаҳонда фақат
бизнинг институтимиз шуғулланади.
РАҲМАТОВ.
Фан билан биз шуғулланишимизга қарамай, сифат кўрсатгичлари бўйича Намибия
биринчи ўринга чиққанлиги ноўнғай, албатта.
Айтишларича, европалик ва ғарблик оқсуяк хонимларнинг жакет ва палтолари
асосан Африка мамлакатлари қоракўл териларидан тайёрланаётган, ҳарбий
арбобларнинг телпаклари учун терилар ҳам бошқа юртлардан сотиб олинаётган экан.
Бизни нима бало урди?! Эҳтимол, барига СЖК сабабдир. Мен бир кекса зоотехникдан
СЖК сўзини шарҳлаб беришни сўраганимда, у кинояли қилиб: “Совлиқнинг жонига
кафан” деганди.
ДЬЯЧКОВ.
1940 йилда академик Заводовский бия қонидан сиворотка, яъни СЖК тайёрлаганда,
бу, фанда катта кашфиёт, деб тан олинганди. Тасаввур қилинг, мазкур препарат
қўлланганда, битта нормал қўзи берадиган совлик икки-учтагача туғадиган
бўлди. Планни ошириб бажариш эса бизда
ҳамиша долзарб, аниқроғи, ватанпарварлик ҳисобланган. Ҳозир бу преператга қарши
гапирган кишини талай нохушликлар кутиши мумкин. Лекин нима бўлганда ҳам
СЖКнинг оқибатлари ҳақида ўйлаб кўрадиган пайт келди. Мана, мисолларга мурожаат
этайлик. Аваллари гўштга топшириладиган қўйларнинг тирик вазни 50 килограмдан
ортиқ эди. Энди қоракўл қўчқорларни ем бериб боқсангиз ҳам вазни 40 килограммга
етмайди. Ёки қоракўл терини олинг: унинг юза сатҳи нормадаги 1200 квадрат сантиметр ўрнига, кўп ҳолларда 800 квадрат сантиметрга тушиб
қолмоқда. Энг ёмони, ўлик туғилаётган кўзилар сони йил сайин кўпайиб борябди.
Хўш, иш шу тариқа кетадиган бўлса, йигирма ўттиз йилдан кейин аҳвол қандай
бўлади.
ВАЛИЕВ. Бу
масаланинг ирсий томони, аниқ табиийликнинг бузилиши. Унинг маънавий ва
иқтисодий томонлари ҳам бор. Юзаси 900 квадрат сантиметрдан кичик бўлган терини
халқаро бозорга чиқариб бўлмайди. Бу қоракўл қўйларнинг асл ватани бўлган
юртимиз шаънига ҳам доғ. Бундай ҳажман кичик ва юпқа териларни ўзимизда ҳам
ишлатиш муаммо. Энди иқтисодий жиҳатига эътибор беринг: хўжалик давлатга нормал
қовурғагулли сур терини 33 сўмга, худди шу терининг нормадан кичигига атиги 13
сўмга сотади. Ҳатто икки тери ҳам бир тери қийматига тенг бўлолмайди.
РАҲМАТОВ. Хўш, шундай экан, нега
энди хўжалик раҳбари ҳам, чўпон ҳам СЖКни ишлатиб, мумкин қадар кўпроқ қўзи
олиш пайтида бўлади. Ҳар юз совлиқдан 200 дан ортиқ қўзи олиш шиоримизга
айланиб қолди. Айнан шундай кўрсатгичларга эришган чўпонлар қаҳрамонлик
унвонларига ҳам сазавор бўлмоқдалар. Газета саҳифаларида кўп қўзи олганларга
ҳамду сано ўқилиб, планни бажармаган чўпонлар танқид остига олинмоқда.
ДЬЯЧКОВ.
Аслида бу саволни сизга биз беришимиз керак эди. Газетачиларимиз жуда ошириб
юборишаябди. Тўғри, биз олимлар ҳам бу ҳолга кескин қарши чиқишга журъат
этолмаябмиз. Мадомики, ўзимиз биргаликда хато қилган эканмиз уни ҳамкорликда
тузатишимиз керак. Газета-журналлардада чиқиш қилишдан ташқари ҳукуматга бу
ҳолни асослаб мурожаат қилайлик. Жамоатчилик фикрини кўтарайлик...
Комментариев нет:
Отправить комментарий