среда, 14 сентября 2016 г.

Публицистикамиз асосчиси



Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 126 йиллиги
Маҳмудхўжа Беҳбудий фақат жадидлар ҳаракатининг раҳнамоси ёки драматургиямиз асосчиси бўлиб қолмай публицистикамизнинг ҳам ўзига мос яловбардоридир. Унинг ХХ аср бошида турли газеталарга, кейинроқ эса ўзи ташкил этган «Самарқанд» рўзномаси, «Ойна» журналида ёзган талай публицистик мақолалари ҳозир ҳам ўз актуаллигини йўқотмаганлиги диққатга сазовордир.
Профессор Бегали Қосимовнинг саъй-ҳаракати билан бу мақолаларнинг бир қисми ҳазратнинг 1997 йили «Маънавият» нашриётида чоп этилган «Танланган асарлари»да эълон қилинди. Аммо булар денгиздан томчи. Чунки Беҳбудий ёзган мақолалар сони 500 га яқин деган маълумотлар бор.
Самарқанддаги Ўзбекистон халқлари тарихи ва маданияти музейининг қўлёзмалар бўлимида «Ойна» журналининг аксар сонлари билан танишиш мумкин. 1913 йилдан бошлаб ҳар ҳафтада чоп этилган бу журнал асосан араб имлосида ўзбек ва тожик тилларида нашр этилган. Шу билан бирга кирилл имлосида рус тилида ҳам эълонлар, рекламалар берилган. Бу сонда Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон ҳақида катта публицисти мақола билан чиқиш қилган. Мазкур мақолада Туркистоннинг фақат географик ўрни, ер ости бойликлари ҳақида гапириб қолмай, унинг юксалтириш муаммоларига эътибор бериган.
Шу сонда чоп этилган «Икки эмас, тўрт тил керак» деган мақолада эса аҳли Туркистон туркий, форсий, арабий ва русий тилларни билиши зарурлиги мисоллар билан асослаб берилган.
Публицист сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудий жуда серқамров ва салоҳиятлидир. Муаллиф қайси мавзуга қўл урмасин – у тарихий обидалар хусусидами, ортиқча урф-одатлар ҳақидами, ўқиш, ўқитиш муаммосими, катта жонсўзлик, чуқур таҳлилнинг гувоҳи бўласиз.
Журналнинг бир неча сонларида Беҳбудийнинг «Саёҳат хотиралари» эълон қилинган бўлиб, Самарқанддан Маккаи Мукаррамагача бўлган бир неча ойлик йўл таассуротлари жуда мароқли тарзда ёзилган. Ҳазрат  Марв, Боку, Кисловодскдан ўтиб, Қора денгиз орқали Истамбулга боради. Бу ерда бир неча кун бўлгач, Арабистонга йўл олади. Йўл азоблари, одамлар, урф-одатлар ҳақида муаллиф батафсил қалам тебратади ҳамда ибратли хулосалар чиқаради.
Бу асар кўп жиҳатлари билан «Бобурнома»ни ёдга солади. Уни ўқир экансиз, яқин тарихимиздаги ҳолатимиз, табиатими манзаралари, кўз ўнгингиздан кино ленталаридай ўтади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий бош муҳаррир бўлган «Самарқанд» газетаси ва «Ойна» журнали ўша йиллари Туркистондан ташқари Россия, Озарбайжон, Эрон ва Туркияга ҳам тарқалган. Беҳбудий ўз мақолаларида мустақиллик ва мухторият масаласига бот-бот мурожаат қилиб туради.
Аслида Беҳбудий сиёсий руҳдаги мавзуларга анча эрта қўл урганди. Эътибор беринг: 1904 йили В.Ленин «Бир қадам олға, икки қадам орқага» асарини эълон қилиб, пролетар диктатурасини тиклаш, большевиклар партиясининг халқчиллигини таъминлашга урғу берган бўлса, унинг замондоши Беҳбудий «Хуршид» газетасида Уляновга қарши ўлароқ «иштирокини оммавий», яъни большевиклар партияси мусулмон учун зарарли» деб ёзади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий публицистикасида инсонни комилликка даъват қилиш ҳам бош мавзулардан биридир. «Тўй-маърака ҳам қилинсун, аммо ҳозиргидек исроф этмасдан қилинсун. Ва мумкин қадар кичик қилинсун. Ва ортиқча пул ила болаларни мусулмон ва руси яхши ўқитилсун. Тўй-ю маъракага сарф қилинатурғон оқчани эски мадрача ва мозору масжид ҳамда мактабларни шикаст-рехтларига сарф қилинсун…»
Юз йил оша бу масаланинг актуал бўлиб қолганлигига ҳайратланасан киши.
Беҳбудий публицистикасида бундай нуқталар оз эмас. Зеро ҳазратни ўрганиш, ибрат олиш шунинг учун ҳам ҳамиша долзарбдир.
Нусрат РАҲМАТ,
Самарқанд.


Комментариев нет:

Отправить комментарий