«…Ҳей,
қара! Бу тупроқ вақт келди, мени ағдар, дейди. Бу, бу энди урушни қўй, менга
уруғ соч, дейди… Вақт келди, дейди… тупроқ!
«Солдат
отаси» фильмидан
Грузия! У табиат бор саховатини тўккан бой
дастурхонга ўхшайди. Унинг тупроғи минералларга бой, кафтга олсангиз, ноннинг
мағзини эслатади. Қора денгиздан кўтарилган буғ ёмғирга айланиб, уни доим
намиқиб туради. Бу замин инсонга сершарбат узум, йирик баргли чой, олтинранг лимон,
апельсин, мандарин инъом этади.
Кавказда саратонда ҳам қуёш борлиққа
олов пуркамайди. Қишда эса тупроқ умуман музламайди. Йилллик ўртача ҳароратнинг
15 даража иссиқлиги ҳам иқлимни ғоят мўътадил қилади. Бу ерда қишлоқ хўжалик
ишлари ҳам ўзгача қурилган.
Республикада Қишлоқ хўжалик министрлиги
тугатилганлигига анча вақт бўлди. Қишлоқ хўжалиги билан бевосита ва билвосита
боғлиқ корхона, муассасалар агросаноат бирлашмаси ихтиёрига ўтказилган. Колхоз
ва совхозлар ўзларининг вино заводлари, ҳунармандчилик комбинатларига эга.
Биз Грузиянинг жанубидаги ўнлаб
районларни ўз ичига олган Кахетия хўжаликларида бўлдик. Шунда РАПО ҳақида
бўлаётган қизғин баҳсларнинг устидан чиқдик. Айрим хўжалик раҳбарлари бу усулга
ўтиш ҳеч нарсани ўзгартирмаслигини очиқ-ойдин айтишса, кўпгина мутахассислар
агросаноат комплекси кучларни бирлаштиришини, планлаштиришнинг самарадорлигини
оширишини исботлашга уриндилар. Ҳар ҳолда, ким ҳақ, ким ноҳақ – буни келажак
кўрсатади. Лекин бундай баҳслар ва очиқ фикрлашувларнинг бўлиб тургани яхши!
Грузияда жами экин экиладиган ерлар бир
миллион гектарга, етар-етмас. Суғорма деҳқончилик қиладиган майдонлар беш юз
минг гектардан ошмайди.
Кахетияга кираверишда аввало токка
ўрнатилган баҳайбат ҳайкалга кўзингиз тушади. Қарийб йигирма метр баландликдаги
ток кундасига олтинранг узум бошлари осилиб ётибди. Унинг бақувват илдизлари
эса Кахетия тупроғи бағрига сингиган. Яна бироз йўл юрсангиз, қаршингиздан
Солдат отасининг ҳайкали чиқади. Ўз қўлида жон берган ўғли Годердзени сўнгги
йўлга узатаётган Махарашвили кўзларидаги мунг юрагингизни ҳаяжонга солади. Бу
ҳайкал фонида ҳам узум бошлари.
Буларнинг барида рамзий маъно бор.
Биринчидан, грузин олимлари токнинг асл ватани Кахетия деб ҳисоблашади.
Иккинчидан, бу ердаги барча районлар токчилик билан шуғулланишади.
Грузия қишлоқларида бўлган кишининг
диққатини авваламбор икки-уч қаватли ҳашамдор уйлар жалб этади. Деворсиз
ҳовлилар саранжом-саришта, ҳаммаси ям-яшил. Ҳар бир уй ўзига хос архитектурага
эга бўлиб, у тошдан қурилган.
Телави район партия комитетининг секретари
Дали Абашидзе рус тилида анча қийналиб гапирса ҳамки, экономика ва ижтимоий
масалалар билан чуқур танишлиги билиниб турарди. У бизни район газетасининг
редактори Отари Хуцишвили билан таништиргач:
– Ҳозир ҳамкасбларингиз сизларни колхозга
олиб боради, – деди, – колхоз ҳаёти
билан ҳам танишасизлар, хонадонларда меҳмон бўласизлар.
«Саниори» колхозининг бригада бошлиғи
Северян Гаганашвили Ўзбекистондан эканлигимизни эшитиб, жуда қувониб кетди. У
Самарқанд ва Бухорони кўришни орзу қилар экан. Бригадир бизни лутф билан
ичкарига таклиф этди.
– Биз меҳмонни энг аввал маранга олиб
кирамиз, – деди уй эгаси, ертўла томон йўл оларкан.
Маран – вино сақланадиган ва дегустация
қилиб кўриладиган жой. Бу тахминан ўттиз-қирқ квадрат метр келадиган, вино ҳиди
уфуриб турган, сал зах ва нимқоронғу хона эди. Лекин вино бочкалари негадир
кўринмасди. Маълум бўлишича, грузинлар катта кўзаларни ерга кўмиб, винони
ўшаларга солиб қўйишаркан. Ихчам кўзачаларни беш йиллик, ўн йиллик винолар
сақланаётган ўша ҳумларга ботириб ола бошлашди. «Сизларни кутиб ўтирган
болаларингизнинг соғлиғи учун!», «Дўстлигимиз боқийлиги учун», «Эзгулик учун».
Қадаҳлар шўх жаранглади.
Бир вақтлар бизнинг ота-боболаримиз ҳам
қўлбола мусалласлар тайёрлашарди. Меҳмонларни шу мусаллас билан сийлашарди. Нега
бу анъанани унутиб қўйдик? Йўқ, бизга бунақа ҳашамдор маранлар керак эмас. Аммо
Умар Хайём таърифлаган «майи ноб» керак! Кўп жойларда уни араққа
алмаштирганимиз тўғримикан? Ҳозир ҳатто узумчилик билан шуғулланадиган
хўжаликларда ҳам мусаллас тайёрламай қўйишди. Тўй-маъракаларда эса
дастурхоннинг устида арақ қалашиб кетади.
Майли, мавзудан чиқиб кетмайлик.
Кайфимиз ошиб қолмасдан аввал иккинчи қаватга кўтарилайлик. Маранда узоқ ўтириб
қолиш яхши эмас.
Иккинчи қаватда ошхона, болалар хонаси.
Биз болалар хонасида таниш бешикни кўриб, қувониб кетдик. Грузинлар ҳам
гўдакларини бешикка белашаркан. Бешик ҳашамдор, безакларга бой. Учинчи қаватда
эса кенг меҳмонхона, ёнида хобоналар. Уй бекаси аллақачон столни дид билан
безаб қўйган экан. Ҳадемай, оила аъзолари: аёллар, болалар киришиб, биз билан
ўтиришди. Болакайлар одоб билан бизга савол беришарди. Тошкент шаҳридаги
мактаблар, Газли зилзиласи ва ҳоказолар қизиқтиради уларни.
Биз саволларга баҳоли қудрат жавоб
қайтариш билан бирга, ўзимиз ҳам грузин деҳқонининг ҳаёти билан қизиқамиз.
«Саниори» колхози ҳаммаси бўлиб минг
гектар майдонга эга экан. Шундан 600 гектари токзор. Хўжалик ҳар гектар ердан
80 центнер атрофида ҳосил олар, узумнинг ҳар бир килограммини давлатга эллик
тийиндан сотар экан.
Ўсмирлардан бири Грузия узуми жаҳонга
машҳур эканлигини, унинг қандлилик даражаси 18 процентга етишини фахр билан
такрорлади. У бизнинг узумларда қандлилик даражаси 23 процент эканлигини ва шундай
ширин неъматнинг харид нархи атиги ўттиз тийинлигини билмас экан. Ўсмир билмаса
майли, лекин буни бизнинг мутахассисларимиз билсалар, масалани тегишли жойларга
жиддийроқ қилиб қўйсалар ёмон бўлмас эди.
Кахетияликлар қишда токни кўммайдилар,
ёмғир кам бўлган йиллардагина суғорадилар. Тежалган ҳаражатнинг каттагина қисми
ҳам колхозчиларнинг иш ҳақига қўшилади.
Албатта, бу ерда ёппасига қурилган
ҳашамдор уйлар фақат ана шу даромад эвазига бўлган десак, бир томонламаликка
йўл қўйган бўламиз. Бу ўлкада томорқалардан ҳам жуда яхши фойдаланишади. Кахетиядаги
колхоз ва совхозларда томорқа 25-40 сотих. Энг муҳими, РАПО томорқачилар
фаолиятини ҳам эътибордан четда қолдирмас экан.
Республика агросаноат бирлашмаси жамоат
ташкилотлари билан шахсий хўжаликлар орасида жуда яхши муносабат ўрнатишга
эришган. Абаш, Самтред, Гардибон районларида бунинг учун кооперациялар
тузилган. Бу районларда йил бошидаёқ шахсий хўжалик эгалари билан шартномалар
тузилади. Кооперация техника, ўғит ажратишни ўз зиммасига олади, томорқачи эса
ҳосилни қабул пунктига топширади.
Статистика бошқармаси томорқаларга
сарфланган ҳаражатлар ва ҳосилни тўла ҳисобга олиб боради. Жумладан, ўтган йили
Кахетиянинг аксарият районларида томорқалардаги токларнинг ҳар гектаридан 150
центнердан узум олинган. (Эътибор беряпсизми, колхозлардагидан қарийб икки
баравар кўп). Энг муҳими, томорқалардан чиққан ана шу ҳосил ҳам колхоз планига
кираркан. Ибратли тажриба. Шунинг учун ҳам хўжалик раҳбарлари томорқаларни
эътибордан четда қолдирмасликка ҳаракат қиладилар.
Грузияда бизга ўхшаб янги ерлар
ўзлаштириш имкониятлари йўқ ҳисоби. Деҳқончилик қилиш мумкин бўлган майдонлар
ҳар томонлама чегараланган. Аммо шунга қарамай, томорқа масаласига бағрикенглик
билан қараганликлари бизга маъқул бўлди.
Ўзбекистон Компартияси Марказий
Комитетининг XVI пленумида ўринли танқид қилинганидек, бизнинг
республикамизда қишлоқ хўжалигига раҳбарлик анча тарқоқлашиб кетган.
Хўжаликларнинг планлари республика агросаноат бирлашмаси, республика Қишлоқ
хўжалик министрлиги, колхозлар кенгаши ва бошқа бир талай жойларда кўрилади,
муҳокама қилинади. Айрим районларимизда турли министрлик ва бошқармаларга
қарашли хўжаликлар бўлиб, бу нарса бошқаришни анча мураккаблаштиради. Грузияда
эса мазкур министрлик ва бошқармаларнинг ҳаммаси республика агросаноат
бирлашмасига бўйсунади. Бирлашма ҳатто катта шаҳарлараги консерва заводлари,
чой фабрикаларига ҳам раҳбарлик қилади.
Аниқроқ тасаввурга эга бўлиш учун
республика агросаноат бошқармасига қарашли «Грузптицепром» фаолияти билан
танишдик.
Грузияда паррандачилик фабрикалари
бизнинг республикага қараганда икки баравар оз бўлишига қарамай, аксарият
озиқ-овқат магазинларида товуқ гўшти, ундан қилинган паштет, тухум мавжуд.
Фабрикалар ҳар йили киши бошига 300 донадан кўпроқ тухум ишлаб чиқаради.
Хуллас, бирлашма ҳар йили аҳолига 20 минг тонна гўшт етказиб беряпти. Булар
бари қишлоқ хўжалигини саноатлаштириш ва унга тўғри раҳбарлик қилиш шарофати,
албатта.
Биз юқорида «Саниори» колхози ҳақида
гапирдик. Бу колхоз ўтган йили тўрт миллион сўм даромад қилган. Атиги минг
гектар майдондан шунча даромад қилиш катта гап. Колхозчиларнинг ойлик маоши 244
сўмга етган. Бу фақат жамоат хўжалигидан. Агар бунга шахсий хўжаликлардан
олинадиган даромад қўшилса, 400-500 сўмга бориб қолади.
Чой, цитрус етиштирадиган колхозлар
экономикасига ҳам ҳавас қилса арзийди. Чой баргининг килограммини 90 тийиндан,
мандаринни эса 85 тийиндан сотишаркан. Айрим кишилар томорқасида 30 тоннагача
мандарин етиштиришини айтишди.
Биз Кахетиядаги айрим колхозларда
бўлганимизда чорвачилик билан ҳам қизиқдик. Улар ҳар бир сигирдан соғиб
оладиган сут, гўштга топшириладиган молнинг вазни масалаларида биздан анча
орқада туришаркан. Қорамоллар наслини зотлаштиришга ҳали киришилган эмас.
– Бизда маҳаллий сигирлар фақат шахсий
хўжаликларда қолди, колхоз совхозларда асосан Европадан келган зотли қорамоллар
боқиляпти, – дедик бироз мақтаниб.
– Биз эса ўйлаб кўрамиз, – дейишди улар.
– Сути озроқ бўлса ҳамки, ўзимизнинг жайдари сигирлар маъқулроқ. Ҳадеганда
касалланавермайди, нима берсангиз еяверади. Яна сутининг ёғлилик даражаси беш
процентга боради.
Грузинлар меҳмонга кўпроқ қадимий
обидаларни кўрсатишни яхши кўришаркан. Дарҳақиқат, бу ердаги қадимий обидаларнинг
сон-саноғи йўқ. Улар бир биридан қадимий ва ҳашамдор. Лекин биз ҳозирги Грузия
билан ҳам танишишга улгурдик. Биргина район марказида (Телави шаҳри) педагогика
ва политехника институти, қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва
электрлаштириш техникуми, хореография билим юрти, С.Оржоникидзе номидаги драма
театри ишлаб турибди.
Бу ўринда тағин бир таклифни ўртага
ташламоқчимиз. Грузия билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик мақтанадиган
даражада эмас. Грузиядаги деҳқонлар, мутахассислар, хўжалик раҳбарлари
республикамиз қишлоқ хўжалиги ҳақида тузукроқ тасаввурга ҳам эга эмас. Бизнинг
мутахассисларимиз ҳам бу соҳада мақтаниша олмайди. Ваҳоланки, ҳар икки томонда
ҳам ўрганадиган ва жорий этадиган тажрибалар анчагина. Улар биздан қишлоқ
хўжалигини механизациялаштириш, янги ерлар очиш, каналлар қазишни, биз эса ўз
навбатида РАПО ишларини ташкил этиш, ободончилик ва энг муҳими, халқ ҳаётини
фаровонлаштириш масалаларини ўрганишимиз керакка ўхшайди.
Кахетия! Жозибаларга лиммо-лим ўлга.
Гўзал
Кахетия, мовийранг маскан,
Узумзор
боғлару тоғлар диёри.
Оғушингни
мангу ихтиёр этган
Табиатнингг
сира сўнмас баҳори.
Қуйгин,
гуржи дўстим, қўлбола майдан,
Биродарлик
учун ичайлик бир пас.
Омон
бўлсин бизга бахт берган Ватан,
Шу
ажиб тайғудан майли бўлсак маст!
Носир
МУҲАММАД,
Нусрат
РАҲМАТОВ,
«Ўзбекистон
адабиёти ва санъати».
1984
й., 3 август
Комментариев нет:
Отправить комментарий