Буғдой! Бу тиллоранг мўъжизада қанча
қуёш нури, замин ҳарорати, деҳқон меҳнати мужассамлашганини ўлчаш қийин. Табиат буғдой бошоғини жуда мукаммал қилиб яратган. Ҳар
бир дон алоҳида либосга ўралган, улар тартиб билан, симметрик ҳолда жойлашган,
паррандаларга ем бўлмаслик учун найзасимон қилтиқлар билан таъминланган.
Инсон қўлига иш қуроли тутгандан кейин
биринчи бўлиб буғдойни маданийлаштирган бўлса ажаб эмас. Бунга неча аср
бўлганини ҳеч ким айтолмайди. Археологлар топган далил-ашёларга қараганда,
ироқликлар олти минг йил муқаддам ҳам ғаллачилик билан шуғулланишган экан. Йўқ,
буни буғдой дунёга келган сана деб билмаслик керак.
Нон – табаррук неъмат. У бугун
миллиардлаб одамнинг насибаси. Бир килограмм буғдой нони 2000 калория қувватга
эга. Унинг таркибида ҳужайра ҳаётининг муҳим омили бўлган оқсил, углекислоталар
бор.
Мамлакатимиз ғалла етиштириш бўйича
жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олганига анча вақт бўлди. Айни пайтда
буғдойзорларимизнинг умумий майдони 70 миллион гектарга етган. Ер юзида ҳаммаси
бўлиб, 200 миллион гектар майдонга буғдой экилишини ҳисобга оладиган бўлсак, бу
рақам салмоғи янада аниқроқ намоён бўлади.
Фақат гектарлар эмас, буғдой навлари ҳам
йил сайин кўпайиб боряпти. Селекционерлар тобора серҳосил бардошли, сифатли
навларни вужудга келтиришмоқда. Буғдой селекцияси ғоятда мураккаб. Уни
дурагайлаш учун суткалаб кузатиш ва бошоқ гулга кирган дақиқада хужжи
микрохирургдек эҳтиёткорлик билан иш тутишга тўғри келади. Ботаникадан йироқроқ
бўлган кишиларга бошоқнинг гулга кириши ғайритабиий бўлиб туюлиши мумкин. Аммо
бунга сира ажабланмаслик керак. Буғдой ҳам бошқа ўсимликлар сингари гуллайди,
чангланади. Селекционер худди ана шу дақиқада унинг оталиқ чангдонларини юлиб
ташлаши, оналикни эса ўзи танлаган навнинг уруғлиги билан дурагайлаши керак.
Бундай пайтда унинг ёнида лаборантлар бўлиши, пинцет, пахта, ҳимоя мосламалари
узатиб туришлари зарур. Чунки селекция нозиктаъбликни хуш кўради. Минглаб
бошоқларни худди шу алпозда чатиштириб чиқиш талаб этилади.
Лекин биз бугун тилга олмоқчи бўлган
селекционер аёл бу мураккаб жараёнларнинг бирортасини амалга оширган эмас.
Зотан, у, генетика ва селекция қонунларидан бехабар эди. Буғдойни дурагайлашни
хаёлига ҳам келтиролмасди. Унга тасодиф ёрдам берди.
Аммо тасодифларнинг ҳам қонуниятлари
борлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Архимед ҳажмнинг сиғими тўғрисида қонунни,
Ньютон эса ернинг тортиш қуввати тўғрисидаги кашфиётни тасодифан яратганлиги
ҳеч кимга сир эмас. Бу қонунларни улар топишмаганда ҳам бошқа биров кашф этиши
муқаррар эди. Чунки диалектик тараққиёт шуни тақозо этарди.
У Бойсуннинг Дўнгача деган ёнбағрида
буғдой ўраётганди ўшанда. Ногаҳонда бир туп бошоқ унинг диққатини тортди. Бу
бошоқ теварак-атрофдагиларга қараганда анча салмоқли эди. Аёл бошоқни авайлаб
рўмолининг учига тугиб қўйди.
Агар у ўша бошоққа эътибор бермаганда,
ўриб ғарамга босганда биз катта хазинани қўлдан берган бўлардик. Шундай
қилмаганда номи тарихда қолмас ва
бугун биз уни мадҳ этиб ёдномалар ёзмаган бўлардик.
Ана шу бир лаҳзалик эътибор, синчковлик
оддий ўроқчи аёлга боқийлик бахш этди.
Йўқ, бу ҳали кашфиёт ҳам, боқийлик ҳам
эмасди. Шунчаки тасодиф, аниқроғи, муқаддима эди, холос. Уни умрбоқийликка
айлантириш учун ҳали қунт-сабот, меҳнату изланиш талаб этиларди.
Бирор гиёҳда дафъатан ўзгача сифатлар
пайдо бўлишини селекционерлар мутация дейишади. Мутацияга кўпроқ тасодифлар
сабаб бўлади. Балки бу буғдой уруғи аллақандай тасдифлар билан ўзга қитъалардан
келиб қолгандир.
Бирорта парранда сабабли шу Бойсун
ёнбағирларига тушган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Балки, шамол аллақандай
кучли навнинг оталик чангларини учириб келгандир ва маҳаллий нав билан
дурагайлашиб қолгандир.
Албатта, ўроқчи аёлни мутация қонунлари
қизиқтирмасди. Унга салкам бир қарич келадиган ана шу бошоқ, аниқроғи, унинг
зурриёди керак эди. Аёл бошоқни кафтига олиб эзди: донлари қирмизи, йирик,
мағзи тўқ…
Ўроқчи аёлнинг ўша лаҳзадаги ҳолати
бизга маълум эмас, албатта. Лекин у ақиқ топган каби қувонган, ҳаяжонланган
бўлиши табиий. Балки, бундай ҳам бўлмагандир. Зотан, гап бунда эмас.
1934 йилнинг қайноқ ёзи эди ўшанда.
Орадан эллик йил ўтгач, биз унинг ички кечинмалари ҳақида баҳслашишимизнинг ўзи
ортиқча. Лекин аёлнинг дилида жуда эзгу бир ният пайдо бўлганлиги, яъни ана шу
уруғни авлодлар учун кўпайтириш орзуси куртак ёзганлиги аниқ. Акс ҳолда
ногаҳонда топган мўъжизасини эъзозламас, баҳоргача эҳтиёт қилиб сақламасди ҳам.
Инсон насл учун, зурриёт учун курашади. Табиатнинг яшаш учун кураш қонуни
шуни тақозо этади. Бунинг учун аёллар кўпроқ масъул бўладилар. Улар фақат
ўзларининггина эмас, фарзандлари, невара-чевараларининг ҳам ризқи бут бўлишини
ўйлайдилар.
Томорқанинг дастурхондек парчасига сочилган буғдойнинг номи ҳам, тақдири
ҳам қоронғу эди. У гўдакка ўхшаб меҳрга, парваришга муҳтож эди. Аёл ҳам оналик
меҳрини қўшиб, уни вояга етказа бошлади. Йўқ, у янги нав яратиб, шуҳрат
қозониш, мукофот олишни хаёлига ҳам келтирган эмас. У фақат учқундан аланга
яратиш – бир ҳовуч донни бир бир неча ботмонга
етказишни ният қилганди, холос.
Уруғ мўлжалдагидан кўпроқ ҳосил берди.
Аёл уруғликни яна эҳтиёт билан сақлади. Келаси йилги ҳосилдан эса қўни-қўшниларга
ҳам улашди.
Орадан уч-тўрт йил ўтиб, тоғ бағридаги
Мачай қишлоғида кўп томорқаларга ўша қирмизи дон экиладиган бўлди. Колхознинг
номини «Қаҳрамон» дердилар ўшанда. Янги нав томорқалардан ошиб ўтиб колхознинг
сарҳадсиз адирларида ҳам барқ ура бошлади.
Айрим участкаларда у гектар ҳисобига олтмиш центнердан ҳосил берди.
Олтмиш центнер! Ана шу кўрсаткич
хусусида озгина мушоҳада юритсак ортиқчалик қилмас. Ҳозир мамлакатимизда ҳар
гектар ғаллазордан ўрта ҳисобда 17-18 центнердан ҳосил олинади. Ғаллачилик мактаби
ҳисобланган Краснодар ўлкасида буғдой ҳосилдорлиги 33 центнерни ташкил этади.
Шундай қилиб, «Қаҳрамон» колхозчи
ҳосилдорлик бўйича рекорд кўрсаткичга
эришадиган бўлди. Бу ердаги аллақандай сирли нав ҳақидаги шов-шувлар район ва
областдагиларни ҳам чинакамига қизиқтириб қолди.
Район бош агрономи Очил Саидов янги нав
хусусиятларини ўрганиб, у ҳақда юқори ташкилотларга хабар беради. Мачайдаги
янги буғдой нави Йўлдош ота Охунбобоевни ҳам чинакамига қизиқтириб қолади. У
кишининг ташаббуси билан бу нав тезда Ўзбекистон бўйлаб районлаштирилади. Унга
«Муслимка» деб ном беришади.
Биз таърифлаган аёл Муслима Бегимова,
юқорида айтганимиздек, шуҳрат ва мукофотни хаёлига келтирмаган бўлса-да, 1937
йили «Ғалла устаси» Фахрий ёрлиғи, орадан кўп ўтмай Меҳнат Қизил Байроқ
орденига сазовор бўлади. Янги нав учун пул мукофоти олади.
Аслида навлар ҳам одамларга ўхшайдилар.
Улар ҳам дунёга келадилар, кексаядилар, ишдан чиқадилар.
Муслима опа вафотидан кейин (1955)
«Муслимка» ожизланиб қолади, касалликларга кўп чалинади ва ўрнини бошқа
навларга бўшатиб беради.
Ҳозир ҳам бу нав ғаллачилик
селекциясининг олтин фонди ҳисобланади. Унинг уруғи махсус жойларда сақланади,
тажриба участкаларида синаб кўрилади.
«Муслимка» сафдан чиқиб турибди, холос.
У – ўлган эмас!
Муслима опа ҳам!
Комментариев нет:
Отправить комментарий