среда, 14 сентября 2016 г.

Биз бирга ишлаганмиз



Олтмишинчи йилларнинг охири, етмишинчи йилларнинг бошида ҳамкорликда ишлаган биродарларимиздан айримларини хотирлашга жазм қилдик. Худо уларнинг охиратларини пурнур қилсин.

Ҳожиқурбон Ҳамидзода

Муҳтарам газетхон! Шоҳи Зинда қабристонига кириб, ўн-ўн беш қадам йўл босишингиз билан ўнг томонда мўъжазгина мис бюстга кўзингиз тушади. Нигоҳлари тийран, табиатан сарбаланд бўлган бу йигит Ҳожиқурбон Ҳамидзодадир. Бу доно одамнинг номига кўча, кутубхона қўйилган. Ўлимидан кейин «Ёш гвардия» нашриёти томонидан чоп этилган «Қалб хотираси» китоби кўпларнинг ардоқли ёдгорлигига айланган.
1937 йилнинг илк баҳорида дунёга келган ва худди баҳордек тез ўтиб кетган бу одамнинг номи кўҳна Самарқандда яшаб ижод этган талай алломалар билан бир қаторда туради.


Бу инсон ҳақида гап кетганида ундаги салоҳият ва журъатга урғу бергиси келади кишининг. Уч (ўзбек, тожик, рус) тилда равон ёзиш, нутқ сўзлаш учун энг аввало интеллектуал салоҳият керак кишига. Биз умримиз давоми бир тилни ҳам мукаммал ўрганолмаганимизни ҳисобга оладиган бўлсак, тафовут тағин ҳам равшанлашади.
«Ленинский путь» газетасининг ўша пайтлардаги бош муҳаррири Лек Корсунский ўта нописанд, калондимоғ одам эди. Боиси, у вилоят компартияси саркотибининг нутқи ва мақолаларини ёзиб берарди. Л.Корсунский саркотиб билан сансанлаб гаплашарди, шаҳар ижрокоми раҳбарларини кабинетига чақириб, иш буюрарди.
Бир куни у таҳририятимиз котибиятига кирди-ю, иқтисодий ислоҳот ҳақидаги мақолага кўзи тушди. Нималарнидир суриштиргач, бу мақолани саҳифадан олиб қўйишимизни буюрди. Шунда биринчи бўлиб Ҳожиқурбон Ҳамидзода бош кўтарди: «Йўқ, у ўз газетасига муҳаррирлик қилсин, биз унга бўйсунмаймиз!». Қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири Қудратилла Мизомов ҳам уни қўллади. «Бу ерга бурнини суқишига йўл қўймаймиз». Аммо кечга яқин обкомдан телефон бўлди. «Иқтисодий ислоҳот ҳақидаги мақолани берманглар! Биз саркотиб номидаги гапираяпмиз!».
Биз бўйсунишга мажбур бўлдик. Орадан бирор ой ўтиб, Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимининг йиллик ҳисоботи бўлди. Йиғилишда сўз олган Ҳамидзода ҳеч иккиланмай Корсунскийни «дўппослай кетди».
– Кто он? – ўрнидан туриб кетди Корсунский. – Бу саволда аллақандай таҳдид, пўписа ва иддаолар мужассам эди. Йиғилишга раислик қилаётган Раҳматжон Акрамов фахр билан жавоб қайтарди:
– Бу ажойиб публицистимиз Ҳожиқурбон Ҳамидзода!
Корсунский тадбиркор яҳудий эди. У Ҳамидзодага қарши курашмади, баръакс у билан яқинлашиб олди.
Тағин бир эпизод. Етмишинчи йилларнинг ўрталарида вилоятимизга Владимир Қодиров раҳбар бўлиб келди. Бу одам ҳали иш бошламасданоқ унинг адолатпешалиги, ҳақиқатпарварлиги ҳақида афсоналар кўпайиб кетди. Ҳа, бу одамни ҳозиргача эҳтиром ила эслашади.
Ўша пайтларда Ҳ.Ҳамидзода обкомда инструктор бўлиб ишларди. Матбуот конференциясида у кутилмаганда Қодировни танқид қилиб қолди.
– Самарқандда талай ўзгаришлар бўлаётганини тан оламиз, – деди у. – Аммо трамвайнинг йўқотилиши – катта хато. Бу шаҳарнинг ар бир тоши, биноси қатори трамвай ҳам тарихий экспонатдир.
Гап шундаки, В.Қодиров негадир трамвай ўрнига автобус маршрутини йўлга қўйишга қарор қилганди.
Самарқандга келганидан бери ҳеч бир эътироз эшитмаган В.Қодиров алланечук бўлди, сўнг залга мурожаат қилди:
– Бу масала анчайин баҳс-мунозараларга сабаб бўляпти. Хўш, сизлар нима дейсизлар?
Эҳ, одамлар, одамлар!
– Трамвай керак эмас, – дея жўр бўлишди улар.
Афсус, кўп ўтмай Самарқанд Ҳамидзодасиз, Қодировсиз ва трамвайсиз қолди.


Қудратилла Мизомов
Бу киши асли хатирчилик. «Ленин йўли» таҳририятига ишга келгунча анча тажриба ва салоҳиятга эга эди. Қатор туман газеталарига муҳаррирлик қилиб, олий партия мактабини тугагач, вилоят газетаси таҳририятига таклиф этилганди.
Қудратилла Мизомов билан хўжалик раҳбарлари, саркотиблар ҳисоблашишарди – унинг ўткир фельетонларидан чўчишарди.
Тан олиш керак, ўша пайтларда таҳририятда муҳит яхши эмасди – жамоанинг бир гуруҳ аъзоси иккига бўлиниб олиб, бир-бирининг асабларини эговлаб юришарди.
– Биз, – деди бир куни йиғилишда Қудратилла ака, – бошқаларга ибрат бўлмас эканмиз, ёзганларимизга ишонмай қўйишади.
Бу одамни билганлар қаҳри ҳам, меҳри ҳам баланд эди, дейишади. У хушчақчақ давраларда қаҳ-қаҳ отиб кулишни, одамларга кайфият улашишнинг кифтини келтирарди. Шу билан бирна ноҳақлик, нописандликка қарши кескин курашарди.
Бундан нақ ўттиз йил муқаддам, яъни газетанинг эллик йиллиги муносабати билан чоп этилган «Зарварақ» альманахида Қудратилла ака шундай деб ёзади:
«Бугун бизда катта тўй. Бундай пайтда ҳар бир журналист ўзи босиб ўтган йўлга беихтиёр назар ташлайди, устоз, шогирдларни, бирга ишлаган ҳамкабсларини хотирга олади. Зотан ҳеч ким онадан журналист бўлиб туғилмайди. Бунда кимнингдир меҳрибон қўли, таъсири бўлади. Шу жиҳатдан олганда шахсан мен учун Малик Наврўзов, Файзулла Нуруллаев, Салим Каримов, Мажид Ашуров сингари таниқли журналистлар устозлик қилишганини фахр билан эслаб юраман».
Сиз бир ҳолатга эътибор берганмисиз. Телевиденида уруш, ёнғин ёки сув тошқини сингари ҳалокатли ҳолатларни кўрсатишганида, одамлар ўша жойдан жон олиб қочишади. Аммо журналист бунинг акси ўлароқ аппарати ёки блокнотини олиб, айнан ўша ҳалокат ёқасига қараб югуради. Кўп ҳолларда уни гаровга олишади ёки ўлдиришади.
Зотан бусиз ҳам журналист кўп яшай олмайди. Асабларнинг доимий таранглиги, ноҳақликлар, адолатсизликлар унинг жонига зомин бўлади. Фақат ногаҳоний ўқлар, ҳалокатларгина эмас, қон босими, қанд касаллиги, бод сингари балолар ҳам жонига чангал солади.
Қудратилла ака қон босими оқибатида ҳаётдан эрта кўз юмди. У кишидан фақат яхши мақолаларгина эмас, ақлли фарзандлар, набиралар ҳам қолишди.

Очил Тўйчиев
Ўша йиллари вилоятга йирик иқтисодчи олим Саид Усмонов раҳбарлик қиларди. Бу одам катта иқтисодий ислоҳотларга қўл урди. Самарқандда хўжалик ҳисоби, ижарага ер олиш, рентабеллик учун кураш ўша йиллари бошланганди. Колхозларда иқтисодий бурчаклар ташкил этилди. Шу жумладан, таҳририятда ҳам иқтисод бўлими очишга қарор қилинди. Бу бўлимга Очил Тўйчиевни мудир қилиб қўйишди.
Очил Тўйчиев ноҳақликка чидаб туролмасди. Унинг мақолаларида иқтисодий таҳлил билан бирга адолатсизликларга қарши қудратли сўз бўларди.
Ҳар бир масала хусусида ётиғи билан гапиришни, «Мантиқни мададга чақирайлик» деган иборани такрорлашни хуш кўрарди. Биргина мисол. Бир куни таҳририятга, СССР География жамиятининг аъзоси бўлган олим «Қоратоғли маугли» деб номланган сенсацияли мақола олиб келди. Унда баён этилишича, Форишдаги Қоратоғ қишлоғида яшовчи Жиян деган бола ўз-ўзидан йўқолиб қолибди. Уни роса излаб, топишолмабди. Орадан икки йил ўтгач, уни бўрилар яшайдиган ғордан тутиб олишибди.
Мақолага Жияннинг сурати ҳам илова қилинганди. Сурат ҳам унинг ғайритабиийлигидан далолат берарди. Ана шу мақолани газетага бераётганимизда ногаҳонда Очил Тўйчиев қарши чиқиб қолди.
Аммо мақола чоп этилди. У шов-шувларга сабаб бўлди.  Тезда русчага таржима қилинди. Газеталар, радио, телевидение… дегандай. Самарқандда шу масалада матбуот конференцияси ўтказиладиган, фильм суратга олинадиган бўлди.
«Журналист» журнали кейин буларнинг барини фельетон қилди. «Қишда ўттиз даражагача совуқ бўладиган Форишда бола кун кўриши мумкинми, – деб ёзганди журнал, – ахир, бу ер Ҳиндистон эмас-ку».
Маълум бўлишича, болада «сал етишмас» экан, тоғаси уни жиннихонага жойлаштириб, кўрган-билганга «Жиян йўқолиб қолди» деб юрган экан. Бизнинг олим ҳам шунга лаққа тушиб қолган, албатта.
Очил Тўйчиев оламдан эрта ўтиб кетди.
Унинг умр йўлдоши Кубарро Маннонова ўқитувчилик қилиб, болаларини яхши тарбиялади, ўқитди. Бугун улар Очил Тўйчиевнинг чироғини ёқиб ўтиришибди. Бугина эмас, Очил Тўйчиев ажойиб педагог бўлган. Унинг ўқувчилари орасида олимлар, доно зиёлилар ҳам анчагина.
Бобоқул ИМОМОВ,
Нусрат РАҲМАТ.
«Зарафшон» газетаси.
1997 й., 28 март.

Комментариев нет:

Отправить комментарий