Публицист-ёзувчининг
таъна ва тазаррулари
Елкадошим, фикрдошим, азиз китобхон! Сен билан
бақамти туриб, гаплашиб олишга аҳд қилдим. Менинг монологимни зоҳирий
илтижолар, ботиний илтимослар ўрнида қабул эт! Ёз бўйи тер тўкиб меҳнат қилган,
баракалигина ҳосил етиштирган, кўзда не-не умидлар, ҳаяжонлар ила бозорга олиб
чиққан, аммо шундай сархил неъматларни сотолмай, уйига қайтариб келган деҳқонни
кўз ўнгингга келтира оласанми? Орзу-истаклари ногаҳон саробга айланган бу
шўрлик хотини, бола-чақалари кўзига ҳам тик боқолмай қолади бундай пайтда…
Билсанг, мен ҳам айни пайтда бозори касод бўлган ана шу ғамзада деҳқон
ҳолатидаман. Чунки не-не машаққатларда қоғоз тирнаб ёзган ва гоҳида ғурурим, руҳимни
поймол этиб чиқарган китобларимни харид қилмай қўйдинг. Китоб дўконига йиллаб
йўламаслигинг менга садоқатсизлигингдан ўзга нарса эмас!
Мен айбни баъзи ташкилотларга тақадим:
жумладан, айрим соҳаларга маблағ ажратиб, китоб нашри, ёзувчининг қалам пули
эътибордан четда қолаётганини танқид қилдим. Ёзувчи Ватан байроғини баландроқ
кўтариши мумкинлигига урғу бердим.
Зеро, шундай қилинганида ҳам сен китобни
олиб ўқимасанг, бундан не наф?! Бусиз ҳам нашриётларнинг айвонлари китобга
тўлиб кетган-ку!
Иллатни китоб дўконларининг
хусусийлаштирилишига ҳам тўнкаб кўрдим. Аммо инсоф билан айтганда, ўша даҳмаза
дўконни сотиб олган тадбиркор ҳам нима қилсин?
Унинг ўрнига сен ёки мен бўлганимизда
ҳам пашша қўриқлаб ўтиргандан кўра, бозоргирроқ мато келтириб сотардик-да!
Имлонинг ўзгаргани ишни чалкаштиргандир,
деган андиша-ю гумонларим мени чалғитди. Лотин имлосида чоп этилган қатор
китобларни ўқиб-ўрганиш нари турсин, уларни болакайларингга ҳам олиб бермадинг.
Ота-оналар китоб ўқимайдиган даргоҳда эса болалар ҳам айнан шунақа бўлиб вояга
етиши сени жилла бўлса-да ташвишга солмагани ачинарли. Тағин ТВ билан бўган
рақобатда биз – қаламкашлар анчайин ютқаздик: ўқувчиларимизни ўша зангори қути
тортиб олди, деб телеарбобларга иддао ҳам қилганман. Аммо ТВ анча тараққий
этган пешқадам юртларда китоб дўконлари аввалгидай гавжумлигини, раият
самолётда, лифтда, ҳатто метро эскалаторида ҳам китобни қўлидан қўймаганини
кўриб, тағин адашганимга имон келтирдим. Модомики, шундай экан, демак, айб
сенда! Орамиздаги садоқатнинг сустлашганида!
Аслида сенга таъна тошларини отишдан
олдин ўзимга боқишим, иллатларимни хаспўшламай, гарданга олишим лозим эди.
Мен кўпи билан 5000 нусха китоб
чиқараман. Шу ҳам икки-уч йиллаб харидорларини кутиб ётади.
Ана шу озгина китоб қай тариқа рўёбга
чиққанини кўпинча сир тутаман: боиси, хижоолат чекаман, ор қиламан.
Кабутарни қирғий қувганида, инидан
тескарига қараб қочади – душман уясидан воқиф бўлишини истамайди. Уйидан
жанжаллашиб чиққан эр (ёки хотин) юзига табассум суртиб, тиржайибгина юради – у
ҳам хонадонидаги асрорни яширади.
Мен сендан яширмайман, токи юрагингдаги
карахт ҳужайралар жунбушга келсин. Неча-неча тунларни бедор ўтказиб, қоғозга
туширган қораламаларимни аввал компьютерчига олиб бораман. Уни рози қилиб,
оппоқ қоғозга кўчиртираман. Кейин юрак ҳовучлаб, нашриёт директорининг эшигини
қоқаман. У тавозелар ила кутиб олади ва албатта, нашриётнинг иқтисодиё
аҳволидан нолиб қўяди. Қўлёзмани варақлаб кўргач эса фалон миллион сўмни тилга
олади. Мен аввал сесканиб тушаман, кейин ўксийман – бусиз ҳам рўзғорим
ночорлигини хаёлдан ўтказаман. Орадан маълум вақт ўтиб, дилимда илиқ умидлар
ниш уради: китобни сотсам, ҳеч бўлмаганда, таннархи чиқар, деб хомчўт қиламан.
Шундай қилиб, уйдагилар, биродарлар, ўзига тўқроқ қариндошларга минг бир
истиҳола билан мавҳум аргемунтларимни баён этаман.
Улар ҳам бола-чақа насибасини тийиб,
маблағнинг бир қисмини топиб беришади.
Абдулла Қодирийни тилга оламан. «Ўткан
кунлар», “Меҳробдан чаён» китобларини қайта-қайта ўқийман.
Мен ТВ экранлари. газета-журнал
саҳифаларидан анчайин хушчақчақ бўлиб
боқсам ҳамки, ҳақиқий аҳволим анча ночор.
Янги тузум келди, аммо мен ношуд янги
адабиёт яратолмадим.
Халқнинг ҳақиқий аҳволини
ёритолмаганимни ҳам таъна қиларсан, эҳтимол? Достоевский ёки Солженицинни мисол
қилиб кўрсатарсан? Начора, мен Достоевский ҳам, Солженицин ҳам эмасман! Кел,
якровлик қилмай, ҳар бир халқнинг ёзувчиси ҳам ўзига, аниқроғи, китобхонга
муносиб бўлишини эътироф этайлик. Олифтагарчилик чикора: ўша икки даҳонинг
китобларини ўзбекчалаштириб, дўконга чиқаришганида ҳам харид қилмаслигингни
биламан.
Одатда, китобим босмадан чиққач, унга
жимжимадор дастхатлар ёзиб, ёзувчи, шоир, танқидчи дўстларимга тарқатаман,
уларга сиҳатлик, эминлик; ашрафликлар тилайман; андак ҳамду сано қўшиб,
ўпкасини қитиқлаб қўяман. Билсанг, бунинг тагида «галварс, ўқиб, ютуғимни
эътироф эт», деган зардали ўтинч ётади. Ҳар гал учрашганда эса оғзини
пойлайман. У баттол эса ҳамкасблар ғийбатидан нарига ўтмай, фақат ҳамкасбларинигина
эмас, кеча ва бугунни, аёл ва эркакни… Эҳ, сен айрим даврадаги ғийбатларни
эшитганингда эди. Шундай оригинал ташбеҳлар топишади, ҳақиқат билан афсонанинг
чегарасини чамалолмай қоласан.
Ўзим ўтказган микротадқиқотдан огоҳ этай
сени. Ҳозир ёзувчи, шоирдан кўра қоровул, асаларичи, геолог, шифохонадаги бемор
кўпроқ китоб ўқир экан. Бинобарин, харидорлар ҳам ана шу тоифадаги кишилар.
Кел, энди гапни мухтасар қилиб, муддаога
ўтай. Бугун уйга қайтишингда бир қути сигарета пулига – болангга, бир шиша ароқ
пулига – ўзингга китоб харид қил!
Имоним
комилки, у хонадонингга нури мунаввар олиб киради ва буни ҳис қилмай иложинг
йўқ!
Ватандошим, дўстим, жигарим! Қўлингни
бер, Худо ҳаққи, мен сени, оилангни эзгуликларга эш қиламан!
Комментариев нет:
Отправить комментарий